Саналар
20.10.2020
Баннер
Ҳусайн Бойқаронинг ўлими
04.01.2012 21:16    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Қабрни очган навкарлар ҳайратдан лол бўлиб қолишди. Улар Хуросон ҳукмдорини Ҳиротдаги ўзи қурдирган мадрасага шоҳона дафн қилиш учун муваққат қабрни очишганди. Не ажабки, мурданинг тирноқлари синиб кетган, кафан ярим ечилган, ҳамма ёқда қон доғлари қотиб қолганди. Демак, подшоҳни ҳушидан кетганда ўлди, дея тириклайин кўмгандилар. Афтидан у ҳушига келиб ўзини димиққан лаҳадда кафанланган ҳолда кўргач, бор кучи билан қабрдан чиқишга интилган. Аммо Хуросон ҳукмдори Ҳусайн Бойқарога қабрдан чиқиш насиб этмаганди.

Батафсил ...
 
Қон ҳиди
01.01.2012 10:35    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Ўн тўққизинчи асрнинг охирги чорагида Чимкентда қози бўлиб хизмат қилган Султон Аҳмад деган киши иттифоқо рус подшоҳи билан мулоқотда бўлган, дейишади. Подшоҳ қозидан юртидаги аҳволни сўраб-суриштирганида Султон Аҳмад шундай жавоб берган экан: «Нимасини сўрайсиз, эй ҳазрати олийлари, генерал Черняев ва унинг аскарлари халқимизни ўлдириб, оқизган қонининг ҳиди ҳали димоғимиздан кетиб улгурганича йўқ». (Мираҳмад Мирхолдор ўғли, «Чимкент тарихи», Чимкент, 1991 йил).

 
Бевафо бойликлар
27.12.2011 08:38    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

«Худоёрхон (Қўқон хони) ҳижрий 1292 йили шошилинч ҳолда ўттизта казакдан иборат рус отряди ҳимоясида Тошкентга кетишга мажбур бўлди… Қўқон шаҳридан Худоёрхон хотин, бола-чақаларини олиб, хизматкорлари билан олтин, кумуш, лаъл, жавоҳирлар тўла сандиқларни ортиб, Хўжанд орқали чиқиб кетди. Шаҳардан саккиз чақирим юрилгач, хон ҳамроҳларига дам беради. Шунда унинг 1000 пиёда, 2000 сипоҳи, 68 замбараги бор эди. Танаффусдан сўнг йўлга чиқилганида қанотида 500 сипоҳи қолган, бошқалари эса хонни ташлаб кетганди. Кейинроқ сандиқдаги бойликлар ҳам изсиз йўқолди» («Таснифи Ғариб» қўлёзма китоби, шахсий кутубхона).

Бухоро амири хазинасида у тахтдан кетиши олдидан қуйидаги бойликлар бўлган: 1 миллион 148 минг 380 дона Бухоро тилласи, 4 миллион 365 минг дона рус тилласи, 17 тонна 728 кило ёмби ҳолатидаги Гамбург тилласи, 45 тонна 494 кило Гамбург ёмби кумуши, 22 тоннадан зиёд рус кумуш тангалари ва жами 34 номдаги бошқа қимматбаҳо буюмлар рўйхатга олинган. Уларнинг умумий қиймати 73 миллион 252 минг сўмдан ошган. Бунга амир ва унинг оиласига тегишли 3 миллион 300 минг сўмликдан ортиқ қимматбаҳо тақинчоқлар ва инжу-марваридлар кирмаган (Бу пулларнинг қанчалигини билиш учун солиштириб кўринг: ўша пайтда бир пуд (16 кило) ун – 95 тийин, бир пуд писта – 35 тийин, шунча бодом – 70 тийин, бир бош семиз қўй 2 сўм бўлган). Ана шунча бойликнинг тақдири ҳанузгача маълум эмас  (Ҳ. Узоқов, С. Холбоев, «Бухоро амирининг олтинлари», «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1991 йил).


«Ўзбеклар иши»ни ташкил этиб амалга оширган Т. Х. Гдлян ва Н. В. Иванов каби терговчилар юқори мартабали шахслар ва уларнинг оила аъзоларидан тортиб олган, мусодара қилган бойликлар 40 миллион сўмликдан ошиқ эди. Бундан ташқари бошқа терговчилар ва ҳуқуқ органлари томонидан мусодара қилинган пул ва бойликлар 100 миллион сўмга етган эди. Ана шу миллион-миллион пуллар, олтин, заргарлик буюмлари, қимматбаҳо магнитафон, соат каби буюмлар, заём облигатсияларининг бари Москвага олиб кетилди ёки нопок терговчилар томонидан гумдон қилиниб, ўзлаштирилди (Изоҳ: тўқсонинчи йиллар бошида ВАЗ-2106 маркали «Жигули» автомобили 8 минг сўм турарди)  (В. Илюхин, «Қабоҳат ёхуд…», Тошкент, 1993 йил).

Бизнинг изоҳ: катта пул-бойлик ҳеч қачон вафо қилмаслигини билса ҳам одам боласи уни йиғиб-босаверар экан-да!

 
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 1525 йили имзолаган фармонидан
28.12.2011 14:34    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

«Башар нафси ёмонликка мойил этишдан узоқ эмас. Қуръонда дейилган: «Мен нафсимни оқламайман. Чунки нафс, агар  Парвардигорнинг Ўзи раҳм қилмаса, албатта барча ёмонликларга буюргувчидир». «Бу  Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга ато этур. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат соҳибидир». Бу сўзларни ифодалашдан ва бу гапларни баён қилишдан ғараз шуки, инсонлик тақозоси, подшоҳлар расм-русми, подшоҳлик лавозими, мансабдорлар одати бўйича шоҳдан тортиб сипоҳийгача гўзал ёшлик кунларида шариат ман қилган баъзи нарсаларга ва айрим ўйин-кулгуларга ружу қилинарди. Бир қанча вақтдан кейин пушаймонлик кунлари келиб, улар битта-битта тарк қилинар ва чин тавба билан уларга қайтиш эшиги ёпилар эди. Аммо мақсад ва матлабларнинг муҳими ва буюги бўлган ичкиликдан қайтиш тавбаси «ҳар иш ўз вақтига боғлиқ» пардаси остида беркиниб, юзини кўрсатмас эди, токи бу яхши соатда зўр ғайрат билан уруш эҳромини боғлаб, шавкатли Ислом аскарлари ёрдамида кофирларга қарши жангга киришганимизда ғайб Илҳомчиси ва ҳақиқат Жарчисидан «Иймон келтирганларга вақт келмадимики, қалбларини Аллоҳнинг зикри ила юмшатсалар» мазмуни эшитилиб, гуноҳ ва саркашлик асбобини илдизидан қўпориб ташлаб, тавба эшикларини тўлиқ жиддият билан қоқдик. Тавфиқ йўлловчиси «Кимки астойдил эшик қоқса, киради», мазмунига мувофиқ иқбол эшигини очди ва бу урушни нафсга қаршилик кўрсатишдан иборат бўлган зўр уруш билан бошлашни буюрди. Алқисса, «Эй Роббим, нафсларимизга зулм қилдик»ни ихлос тилига келтириб, «Сенинг олдингда тавба қилдим ва мен мусулмонларнинг биринчисиман», деган гапни дил лавҳига нақш қилдик. Кўнгил хазинасида махфий қолган ичкиликдан қайтиш тавбаси истагини юзага чиқардик…».

(Тарихдан маълумки, Бобур Мирзо ҳазратларининг асосий ғалабалари айни шу майни қатағон қилган фармондан сўнг қўлга киритилган. Яна тарихдан маълумки, темурий подшоҳлардан Ҳусайн Бойқаро бошқарган мамлакатни айни шу ичкилик барбод қилган, унинг ўзи мастлигида суюмли ва умидли набираси Мўмин Мирзо қатлига фармон берган).

 

 
Россия императорига мактубидан
27.12.2011 08:33    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Штабс-капитан Александр Осипович Корниловичнинг Россия императорига мактубидан: «Ўрта Осиёнинг бошқа шаҳарларига ҳам кириб бориш қулай бўлиши учун Каспий денгизининг шарқий соҳилидан Хивага йўл очиш лозим бўлади. Жаноби олийларига маълумки, адашмасам, подшоҳ Петр Биринчи 1720 йилдаёқ бу ишга экспедитсия жўнатганди. Бу юриш унинг раҳбари гвардия капитани Бековичнинг эҳтиётсизлиги ва туркманларга ҳаддан ташқари ишониб юборгани учун барбод бўлди. Уни тугаллашга кейинчалик императорнинг ўлими халал берди. Бу иш император Екатерина Иккинчи томонидан ҳам ўйланди, аммо ҳеч қандай ҳаракат бўлмади. Ниҳоят, генерал Ермолов бундан олти йил муқаддам ҳукуматга Хива хони Муҳаммад Раҳимнинг ўшанда Муравъёвни ҳибсга олганини рўкач қилиб Хивани эгаллаш ҳақидаги таклифини айтганида подшоҳимиз ўзларига хос сулҳпарварликка содиқ қолиб ва Британия ҳукуматининг Ост-Ҳинддаги мулклари соҳасида шубҳа туғдирмаслик учун бу таклифга рози бўлмадилар.
Савдо ишлари бўйича хусусий корхона тузиш бундай юришга баҳона бўлиши мумкин. Асосий мақсад эса Ўрта Осиё ўлкаларидаги аҳвол, кучлар, ўзаро муносабатлар, ишлаб чиқариш, айниқса савдо имкониятлари ҳақидаги энг аниқ маълумотларни тўплаш бўлади»

(А. О. Корнилович, «Сочинения и писъма», Москва-Ленинград, 1957 г.).

Бизнинг изоҳ: русларда «Текин пишлоқ қопқондагина бўлади», ўзбекларда эса «Бир балоси бўлмаса шудгорда қуйруқ на қилур» деган халқ мақоллари бор.

 


66 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин