Жалолиддин Мангуберди
Муаллиф:    08.03.2010 11:58    Босма

Ассалому алайкум, азиз ватандошлар!
Қадрли меҳмонлар!
Хонимлар ва жаноблар!
Аввало, барчангизни қадимий ва муқаддас Хоразм заминида туриб, Ватан озодлиги учун жон фидо қилган буюк аждодимиз Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 йиллиги билан муборакбод этаман.
Ватанимизнинг кўпминг йиллик тарихи эл-юртимизни босқинчи, ёвуз кучлардан ҳимоя қилиш, миллатимизнинг эркинлиги ва ор-номусини асраш йўлидаги буюк воқеаларни, бу курашларда жасорат ва мардлик кўрсатган буюк шахсларнинг номларини асрлар давомида ўзининг ёрқин хотирасида сақлаб келмоқда.
Жалолиддин Мангуберди - она юрт ҳимоячиси, жасур саркарда ва давлат арбоби, халқимизнинг Спитамен, Муқанна, Нажмиддин Кубро, Амир Темур сингари тарихда ўчмас из қолдирган миллий қаҳрамонидир.
Жалолиддин Мангуберди - бор-йўғи ўттиз икки йиллик қисқа ҳаёти давомида элу юрт учун, халқ озодлиги учун сўнмас хизмат қилишга улгурган улуғ аждодимиздир.
Азиз дўстлар!
Жалолиддин Мангубердининг беқиёс жасоратини англаш учун, аввало, у яшаган тарихий давр, шу даврларнинг машаққатли ва бешафқат саҳифаларини ўзимизга тасаввур қилиб кўрайлик.
Шу пайтгача ҳеч қайси давлат, ҳеч қайси эл бас келолмаган, Хитой ва бепоён Сибирь ерларидан бошлаб бугунги Каспий ва Қора денгиз бўйларигача бўлган ўлкаларни забт этган, йўлида учраган шаҳар-қишлоқларни ёндирган, даҳшати ўзидан олдин етиб, не-не шоҳу шаҳаншоҳлар, амиру султонлар, саркардалар юрагига ваҳима солган Чингизхон лашкарининг Хоразм устига бало-қазодай ёпирилиб келаётганини кўз олдингизга келтиринг.
Бир томондан, бой-бадавлат, иккинчи томондан, пароканда бўлиб ётган юртимизнинг ўша пайтдаги аҳволини ҳам бир ўзингизга тасаввур қилиб кўринг.
Чингизхон шундай бир машъум куч эдики, дунёдаги манаман деган қанча зотлар унинг қаршисида тиз чўкиб, қуллуқ қилиб яшашга тайёр эди.
Муҳаммад Хоразмшоҳ атрофидаги кўплаб беклар ҳам ёв қўлига таслим бўлишни афзал кўрганларида, Жалолиддин бу фикрга қарши чиқиб, ўзининг беқиёс жасорати ва қатъиятини намоён этди. Шу пайтгача мағлубиятга учрамаган мўғул лашкарига қарши ўн бир йил муттасил жанг қилди. Ва ғанимларга шундай қақшатқич зарбалар бердики, ҳатто Чингизхондай маккор ва бешафқат, дунёнинг ярмини забт этган фотиҳ ҳам унга тан беришга мажбур бўлди.
Айтинглар, азиз дўстлар, ана шундай қалтис вазиятда ўзи каби фидойи, ботир инсонларни жипслаштириб, Хоразм заминини топташга шай турган ёвуз душманга қарши чиқиш учун одамда қандай журъат, қандай юрак, қандай ирода, қанчалар бақувват иймон-эътиқод бўлиши керак?
Айтинглар, бунинг учун инсонда Ватанга муҳаббат, элу юртга садоқат, фидойилик, озодликка интилиш туйғуси нечоғли юксак бўлиши керак?
Қани, айтинглар, дўстларим, қадрдонларим, олдиндан ўзининг қурбон бўлишини билатуриб, лекин Ватан учун, унинг ор-номуси, унинг тарихи ва истиқболи учун зиммасига шундай оғир қисматни олган зотларни тарихда кўп учратиш мумкинми?
Аминман, бундай шижоатли ва мард ўғлонни дунёга келтирган, вояга етказган халқ ҳар қанча ҳурмат-эҳтиромга, ҳар қанча тасанноларга муносибдир.
Ҳурматли меҳмонлар!
Қадрли дўстлар!
Султон Жалолиддин Мангуберди ўз элининг бахту саодати учун ҳаёт-мамот жангларида жон фидо этди. Лекин дунёда ҳеч қандай хайрли иш беиз кетмайди. Миллат руҳи, одамзотнинг озодлик сари интилиши абадийдир.
Орадан бир аср ўтиб, соҳибқирон Амир Темур Жалолиддин Мангуберди бошлаган озодлик курашини янги шароит ва улкан миқёсларда давом эттирди. Она юртимизни босқинчилардан халос қилиб, марказлашган қудратли давлат барпо этди.
Муҳтарам жамоат!
Жалолиддин Мангубердининг ҳаёт йўлини таҳлил қиладиган, ўша тарихий воқеаларга бугунги кун кўзи билан қараб баҳо берадиган бўлсак, улар бизни мана шундай табиий ва ибратли сабоқ-хулосалар чиқаришга ундайди.
Биринчи хулоса шуки, ҳаёт бор экан, давлат, эл-юрт бор экан, шу эркин, осуда ҳаётни кўролмайдиган, ҳасад ва фитна билан яшайдиган, зўравонлик билан ўз ҳукмронлигини ўрнатишга, халқ тинчини бузишга уринадиган ёвуз кучлар ҳамиша бўлади.
Бу - ҳаёт. Бу - ҳаётнинг аччиқ ҳақиқати. Уни ҳеч ким инкор этолмайди. Буни нафақат ўз тарихимиз ва ҳаётимизда, балки бошқа халқлар тарихи ва ҳаёти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Иккинчи хулоса шуки, ҳаёт бор экан, давлат, эл-юрт бор экан, ўзинг туғилиб ўсган, ота-боболаринг хоки ётган, эртага фарзандларинг камол топадиган тупроқнинг ҳар бир қаричини муқаддас билиб, уни ҳимоялаш, зарур бўлса, бу йўлда жон фидо этишга тайёр туриш керак.
Учинчи аччиқ хулоса шуки, ҳар қайси эл, ҳар қайси юрт четдан келадиган ёвуз офатдан кўра, ўз ичидан чиқадиган сотқин, иймонсиз, ўзининг манфаатини ҳамма нарсадан устун қўядиган, керак бўлса, энг яқин кишиларини ҳам сотадиган, ўзини ўстирган, вояга етказган Ватанига қўл кўтарадиган қабиҳ кимсалардан ниҳоятда эҳтиёт бўлиши керак. Бундай кучлар, разил шахсларнинг кибру ҳавоси, манфур мақсадлари эл-юрт тинчлиги ва тараққиётига қандай хавф-хатар эканини бугунги ҳаётимизда кўриб турибмиз.
Такроран айтаман, бу нафақат кечаги тарихимиз, балки бугунги ҳаётимиз билан ҳамоҳанг аччиқ сабоқдир.
Яна бир сабоқ шуки, эл-юрт ва давлат учун, унинг тақдири ва келажаги учун қайғурадиган, одамларнинг эзгу ниятларини ўзига олий мақсад қилиб қўйган, элим, деб, юртим деб ёниб яшайдиган, ҳар қандай вазиятда ҳам халқни бирлаштириб, турли бало-қазолардан асраш учун сафарбар эта оладиган шахсларгина тарихда ўчмас ном қолдиради. Бу - ҳақиқат.
Жалолиддин Мангуберди ана шундай мардларнинг ёрқин тимсоли ва ибратли намояндасидир.
Султон Жалолиддиннинг бизга қолдирган яна бир даъвати шуки, у барчамизни она юртимизнинг беғубор осмонини ва осуда ҳаётини қадрлашга, ўсиб келаётган, эртага бизнинг ўрнимизни эгаллайдиган, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган фарзандларимизнинг келажагини, бахт-саодатини ҳимоялашга, ёруғ истиқболга интилиб яшашга чорлайди.
Қадрли ватандошлар!
Тарихи қарийб уч минг йилга борадиган, буюк фан ва маданият ўлкаси бўлган, жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган улуғ зотлар ватани, "Авесто"дек ўлмас асар яратилган табаррук тупроқ - Хоразм замини бутун дунёга маълум ва машҳур.
Бу юрт тенгсиз алломалар, азиз-авлиёлар, подшоҳу саркардалар, ботир ва паҳлавонларни кўп кўрган. Улар орасида миллий қаҳрамонимиз Жалолиддин Мангубердининг бетакрор номи юлдуздек чарақлаб туради.
Султон Жалолиддин сиймоси нафақат Хоразм, балки бутун Ўзбекистоннинг фахру ғуруридир. У бизнинг озодлигимизга, истиқлолимизга тажовуз қилмоқчи бўлган ҳар қандай ёвуз кучга қарши тик туриб курашишга, мардона зарба беришга қодирлигимизнинг тасдиғи ва тимсолидир.
Бу баҳодир зотнинг муборак номи, унинг қаҳрамонлиги келажак авлодларга, биринчи галда сиз билан бизга, тарихий хотира олдида бошимизни мағрур тутиб яшамоғимиз учун тўла ҳуқуқ беради.
Азиз юртдошларим!
Азиз қадрдонларим!
Шу ҳаяжонли, унутилмас лаҳзаларда дунёга Мангуберди каби қаҳрамон ўғлонларни берган Хоразм элига, бутун халқимизга таъзим қиламан.
Биз бугун юртимизда Жалолиддин Мангуберди хотирасини ҳурматлаб, муаззам ёдгорлик мажмуини бунёд этдик. Кўриб турганингиздек, бу улуғвор ҳайкал тимсолида мард ва жасур саркарда, зўр ирода, беқиёс матонат соҳиби бўлган буюк инсоннинг сўнмас шижоати мужассам топган.
Бу гўзал ёдгорлик обидасини барпо этишдек хайрли ишга ҳисса қўшган муҳандис ва меъморларга, моҳир усталарга, қурувчи ва боғбонларга чин қалбимдан самимий ташаккурлар билдиришга рухсат бергайсизлар.
Бизнинг буюк аждодларимизга кўрсатаётган ҳурмат-эҳтиромимиздан, озод ва обод Ватан, фаровон жамият қуриш борасидаги эзгу ишларимиздан, жамики азиз боболаримиз қатори, Жалолиддин Мангубердининг ҳам руҳи поки шод бўлғай, иншоолло.
Ишончим комилки, уларнинг ўлмас руҳи билан чароғон хонадонларимизда бугун вояга етаётган минглаб жалолиддинлар юртимизга меҳру садоқат билан хизмат қилиб, унинг шону шуҳратини бутун дунёга тараннум этади.
Ишончим комилки, Мангубердининг беқиёс жасорати юртимиз тинчлиги, халқимиз омонлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини кўз қорачиғидек асраб келаётган довюрак аскарларимиз, эл-юрт посбонлари, жасур ўғлонларимиз сиймосида давом этаверади.
Ишончим комилки, дунёга буюк фарзандларни берган, киндик қони томган заминни, аждодларининг муқаддас мозорларини жонидан ҳам ортиқ кўрадиган, ўз ватанига бутун борлиғини бахш этишга ҳамиша тайёр турадиган, қадоқ қўллари билан тупроқдан олтин ундираётган бундай халқнинг обрў-эътибори ва ҳурмати ошаверади.
Муҳтарам юртдошлар!
Ватан ва халқ озодлиги йўлида жон фидо этган қаҳрамонларга шон-шарафлар бўлсин!
Ана шундай баҳодирларни камолга етказган она халқимиз мангу яшасин!

ЖАЛОЛИДДИН МАНГУБЕРДИ ТАВАЛЛУДИНИНГ 800 ЙИЛЛИГИГА БАўИШЛАНГАН ТАНТАНАЛИ МАРОСИМДА СЎЗЛАНГАН НУТҚ. 1999 йил 5 ноябрь