Саналар
28.03.2024
Баннер
"Пул емас ота" ҳақида эшитганмисиз
Муаллиф:    10.06.2014 17:02    PDF Босма E-mail

Юртимизда номлари тарихий шахсларнинг исмлари билан боғлиқ машҳур қадамжолар, масжид ва қабристонлар кўп. Жумладан, Тошкент шаҳри Ҳамза туманида жойлашган "Пул емас ота" қабристони ва масжидидир. Ушбу номни эшитган ёки бу ерга илк бор келган кишини "Пул емас ота"нинг ким бўлгани ва нима сабабдан бундай таърифланиши қизиқтириши табиий.  Қадимий  "Пул емас ота" қабристони ёнида 1992 йили барпо этилган масжид биносини кенгайтириб қуриш ҳақидаги янгиликни эшитиб, масжид ҳудудидаги жамоат аҳлининг қувончи чексиз. Биз ҳам уларнинг хурсандчиилигига шерик бўлиш мақсадида маҳалла оқсоқоли, имом-хатиб ва “Пул емас ота” ҳақида билимга эга олимларнинг фикрини ўрганишга ҳаракат қилдик.
Хайрулло Тоғаев (“Пул емас ота” масжиди имом хатиби):
“Масжидга биринчи марта келган киши унинг номи билан қизиқади. Мен уларга оғиздан-оғизга ўтиб келаётган ушбу ривоятни айтиб бераман: “Бундан беш-олти асрлар олдин ушбу ҳудуддан ўн уч киши ҳаж ибодатини бажариш учун йўлга чиқишган. Ниҳоят етти ой деганда ҳаж сафаридан бир кишигина соғ-омон уйга қайтган. Ундан қолганлар ҳақида сўрашганида, ҳаждан қайтишимизда йўлда очлик бизни қийнади. Ейишга бирон нарсамиз қолмаган. Кимсасиз биёбонда бир фил боласини учратдик. Шерикларим очликдан ўлгандан кўра, фил боласини сўйиб ейишни афзал билди. Мен эса емадим, дарахт издизларини ковлаб топиб еб жон сақладим. Орадан уч кун ўтгач, ортимиздан она фил етиб келди. Шерикларимни ўлдирди, мени қайта-қайта ҳидлаб кўрдию, зарар етқизмади. У биз сўйган филнинг онаси эди. Боласини ким еганини ҳидидан ажратар экан, деб жавоб берган эканлар. Шундан сўнг ерлик аҳоли фил боласини емай, ҳаждан соғ-омон қайтган ушбу валисифат кишининг исмини айтмай, “Фил емас ота” дея таърифлашган. У зот ҳаждан қайтганидан сўнг бир чиллахона қуриб, ибодат билан машғул бўлган. Шогирдлари шу ерда деҳқончилик қилишган. Йўловчи мусофирлар эҳтиёжига мева-сабзовот сўрашса, улардан пул олмай, шундайлигича ҳадя қилар экан. Одамлар орасида “Пил емас ота” номи билан танилган бу кишини халқ “Пул олмас ота”, деб ҳам таърифлай бошлаган. Кейинчалик халқ оғзида бу гап “Пул емас ота” бўлиб кетган”.
Биз масжидни ҳашар йўли билан қайта қурмоқчи бўлиб, раҳбариятдан рухсат сўраганимизда, ушбу ҳудуд 10-12 асрларга оид архиологик ёдгорликлар жойлашган ўрин бўлиб, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти Маданий мерос объекларини муҳафаза қилиш ва улардан фойдаланиш Давлат инспекцияси рўйхатида туради, улар билан маслаҳатлашиш зарур, дейишди. Шундан маълум, бу ер кўп йиллик тарихга эга жойдир. Ҳолбуки, ўрта асрларга оид топилмалар ҳақидаги маълумотлар кўплаб тарихчилар томонидан ёзиб қолдирилган. Бироқ мўғиллар истилоси давридаги 10-12 асрлардаги  ёдгорликлар кўпам сақланиб қолмаган, борлари ҳам қисқа, аниқ маълумотларни йўқ қилиб ташланган.  Балки бу зот ҳақидаги маълумотлар ҳам босқинчилар томонидан йўқ қилинган бўлиши мумкин.
Суюндиқ Мустафоев (тарихшунос олим):
“Пул емас ота” Тошкент шаҳридаги эътиборли зиёратгоҳлардан биридир. У ерга ҳануз ихлосманд зиёратчилар ҳатто Чимкент ва Ўш шаҳарларидан ҳам келиб туришади. Қадимшуносларнинг тадқиқотлари хулосасига кўра, бундан қарийиб беш-олти аср олдин ҳам “Пул емас ота” мавзесида одамлар яшаган, бироқ кимлар маскан тутгани номаълум. Кўплаб тарихий асарларда “Пул емас ота” деган жой номи келтирилади. Жумладан, “Тарихи жадидайи Тошканд”  асарида Юнусхўжа ўн сакизинчи аср охирларида, санжиқли, қирқ, қиёт, турк ва қанғли уруғлари ёрдамида ҳокимиятни қўлга киритгани, ғалабадан сўнг уларга шаҳар атрофидаги ерларни бўлиб бергани айтилади. Шунда Юнусхон мадрасаси Юнусхон мозорига вақф қилинган ерлардан тушган даромад ҳисобига фаолият юритиши ва мадрасанинг Алаччахон (Султон Аҳмаджон, 1485 1502 йилларда Шарқий Мўғилистон хони) муҳри босилган вақфномаси бўлгани, мозор ва мадрасанинг Салор ариғи кун чиқар томонида жойлашган  “Пул емас ота” мавзеда ҳам вақф ери  бор эди, дея қайд этилади. 1884 йилги ҳужжатларда ҳам ушбу вақф қайд этилиб, Ниёзбек волостининг Пул емас мавзеси, деб кўрсатилади. Ушбу фактларга суяниб, Пул емас ота  Юнусхонннг муридларидан бири бўлган, у ушбу вақф ерларида меҳнат қилиб, тариқат сулукини давом эттирган, дея тахмин қилувчилар ҳам йўқ эмас. Аммо “Пул емас” ота мавзеси қадимдан борлиги, у зотнинг ҳаёти ҳақидаги маълумотлар бизгача етиб келмагани олти-етти аср олдин яшаган деган тахминларни келтириб чиқаради.
Маъруфов Абдулатиф ҳожи (88 ёшли отахон):
Биз Кўкча даҳаси томондан бу ерга кўчиб келганимизда мен ёш бола эдим. Ҳар-ҳар жойда яккам-дуккам овул бор эди. Ўшанда ушбу қабристонга энди майитлар қўйила бошлаган. Раҳматли дадамлар, бу жой қадимда ҳам қабристон бўлган. Ботин бўлиб кетгач, буниси тўртинчи ё бешинчи марта қайтадан одам қўйилишидир. Бу ерлар валийларнинг қадами теккан қутлуғ жойлар, деб айтган эдилар. Ўша пайтларни эсласам, дунёнинг шунчалик тез ўтганидан дилим вайрон бўлади. Ҳозирги масжид ўрнида бир кичик хонақоҳ бўлиб, биз урушдан кейинги йиллар у ерда икки ҳайит намозларини бекиниб ўқир эдик.
Саксонинчи йилларнинг ўрталари эди. Гўрков майитни қўйиш учун қабристоннинг бир жойини ковлаганида, бир жасад чиққан. У қандай қўйилган бўлса, шундайлигича турганига биз ҳам гувоҳ бўлганмиз. Кафан тўр сетка каби ғира-шира қилиб маййитни тўсиб турарди. Тезликда қабр оғзини беркитишни маслаҳат бердик. Кейинчалик, бу ерга қачон кимлар кўмилганини суриштирганимизда, иккинчи жаҳон уруши йилларида етим болаларни тарбиялаб олган бир онанинг жасади бўлиши керак, деган тахминларга бордик. Эҳтимол шундайдир. Бироқ бу ернинг олдиндан қабристон ўрни бўлганининг бу ҳам бир тасдиғидир.
Алланазаров Абдуазим (“Умид” маҳалласи раиси):
Мен эсимни таниганимдан буён “Пул емас ота” қабристонини биламан. Раҳматли додамлар бу ерга улуғларнинг қадами теккан. “Пул емас ота” қабристони олти-етти асрлик тарихга эга, қадимий жойлар, дердилар. Ёшлигимизда кичик хонақоҳ ёнидаги кенг майдонда ҳайит намозига чиққанларим,  амакилар ширинлик тарқатишгани элас-элас ёдимда. Юртимиз истиқлолга эришгач, 1992 йили маҳалла фаоллари иштирокида Маърупов Абдулатиф ҳожи бошчилигида янги масжид барпо этилди. “Махмур”, “Умид”, “Мирзо Улуғбек” ва "Бешбола" маҳаллалари ҳудудидаги намозхонларнинг диний маросимларининг адо этилишида ушбу масжиднинг ўрни беқиёс. Масжидни қайта қуришга раҳбарият хайрихоҳ эканини эшитиб, жуд хурсанд бўлдим. Чунки кейинги пайтдарла жума ва жаноза бўлган кунлари масжид хонақоҳи намозхонларга бироз торлик қилмоқда. Айниқса, икки ҳайит байрам намозларида одамлар сиғишмасдан қабристон ичига кириб, ўтган аждодларимизнинг ҳокини оёқости қилиш ҳоллари кўп такрорланмоқда.

Абдулвоҳид Ўразов

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин