Саналар
29.03.2024
Баннер
Давлат бошқаруви, қонунчилик ва ҳарбий сиёсат
Муаллиф:    09.01.2013 00:43    PDF Босма E-mail

Амир Темур ва темурийлар замони давлатчилик сиёсати, бошқарув тизимини кўриб чиқмоқчи эканмиз, давлат, давлатчилик моҳиятида муайян бир макон ва жамиятда мавжуд турли имкониятларни шу ерлик халқ манфаати йўлида юзага чиқарувчи ташкилотчилик ётганини эслатиб ўтиш ғоятда муҳимдир. Зеро, давлат асослари, давлатчилик ҳар бир жамият ва халқ «бошига бир марта битилган бўлади». Шу маънода ўзбек давлатчилиги милоддан аввалги 1-мингйилликнинг биринчи ярмидан ўз тарихини бошлаб то Амир Темур давлатимиз тепасига келгунга қддар деярли 2100 йиллик тараққиёт йўлини босиб ўтганди. Бу улкан давр ичида давлатимиз бошқарувига турли сулолалар (бугунги тилда айтганда сиёсий партиялар) келиб кетди. Уларнинг фаолияти турли замонларда, турли объектив-субъектив шарт-шароитларда турлича кечди. Биз мазкур масалага урғу бераётганимизнинг бир неча сабаби бор.

Биринчидан, биз Амир Темур давлати, Темурийлар давлати каби кенг тарқалган тушунчаларга қаршимиз. Зеро, давлатчилик асослари ягона бўлади. Демак, Амир Темур давлати эмас, ўзбек давлатчилигининг Амир Те­мур бошқарган босқичи дейилса ҳар тарафлама ҳақиқатга мос тушади.

Иккинчидан, Амир Темур давлати тушунчаси давлатчилигимизнинг ҳам унгача бўлган, ҳам ундан кейинги тараққиёт йўлини узиб қўяди (бу фикр бошқа сулолавий давлатларга ҳам тегишли, албатта). Бу ўз ўрнида, бир томондан, тарихни сохталаштирса, иккинчи томондан, давлатчилигимиз тарихидаги босқичий жараёнлар, масалан, яна ўша Амир Темур даври моҳиятини англашни қийинлаштиради. Зеро, ҳатто соф илмий нуқтаи назардан олганда ҳам мушоҳада жараёнда кузатилгандагина тўлиқланади, хулоса учун имкон яралади.

Учинчидан, биз ўзбек давлатчилиги моҳияти ва имкониятлари ҳақида қанчалик сўзламайлик, агар унинг амалий ифодасининг гувоҳи (бугунги кун нуқтаи назаридан эса қурувчиси) бўлмас эканмиз, гап-гаплигича қолаверади. Шу маънода Амир Темур даври давлатчилигимизнинг моҳияти ва имкониятлари кўламини амалда юзага чиқариб берганлиги билан ҳам ғоятда муҳимдир (албатта, ўз даври шароитида).

Шундай қилиб, Амир Темур даврига қадар ўзбек давлатчилиги 2100 йиллик тараққиёт йўлини босиб ўтган экан, шунга кўра биз биринчи хулосани қилишимиз мумкин. Амир Темур даври давлатчилик тизими муайян бир ўтмишга, анъаналар, тажрибалар, сабоқлар, қонуниятларга асосланган ҳолда ташкил қилинган. Шу ерда ақли савол туғилади: бу ўтмиш йўл қонуниятлари, тажрибалари, яъни давлатчилик асослари нималарда ўз аксини топганди ва Амир Темур давлатимизга раҳбарлик қилган йиллари уларга қандай муносабатда бўлинди? Саволни шу тариқа қўйиш ниҳоятда муҳим. Зеро, бизнинг тушунчамизда давлат арбоби, сиёсатчи салоҳияти (ва бундан келиб чиқадиган буюклиги), энг аввало, унинг давлатчилик асосларини нечоғлик теран англаб олиши ва амалда унга риоя эта билиши билан белгиланади. Бу ғоятда оғир вазифадир.

Ўзбек давлатчилигининг Амир Темур даврига қадар шаклланиб замонлар синовидан ўтган асослари қуйидагилардир:

1. Давлат ўз вазифасини бажармоғи учун, энг авва­ло, сиёсий жиҳатдан мустақил бўлиши керак.

2. Давлат ва жамият сиёсий яхлитлиги бузилмаслиги керак.

3. Давлат ва жамият муайян бир қонунлар, тартиблар, мафкура асосида бошқарилмоғи лозим.

4. Бошқарувнинг турли табақалари, йўналишлари, соҳаларини мувофиқғшнтириб турувчи маьлум бир тизим шаклланган бўлиши даркор.

5. Жамиятда ижтимоий-иқтисодий муносабатлар аҳволи (тараққиёти) давлат диққат марказида турмоғи лозим.

6. Фан ва маданият равнақи тўғрисида доимий қайғуриш давлат аҳамиятига молик қатьий сиёсат сифатида қаралмоғи лозим.

7. Ҳар бир давр шарт-шароити, тартибларига кўра давлат жамият ички тараққиёти масалаларини ташқи дунёда мавжуд омиллардан фойдаланган ҳолда ҳам ҳал этиб бориши даркор.

8. Давлат гепасида турган кучлар ўтмиш, замона ва келажакни теран тафаккур, қатъий иймон, ғоятда юксак маънавиятпарварлик ва миллатпарварлик ила англамоғи керак.

Мазкур саккиз асос қонуният сифатида шаклланган эди. У ёки бу замонда улардан фойдаланилдими ё йўқ, бу бошқа масала. Бироқ Амир Темурнинг ўзбек давлатилиги тарихида тутган буюк ўрни шундаки, у ўзининг бутун фаолияти мобайнида ана шу асосларни рўёбга чиқара олди. Яъни 150 йиллик қарамликдан сўнг давлатимиз сиёсий мустақиллигини тиклади; ўз даврида мавжуд шариат, тўро-тузуклар асосида жамият ҳаётини бошқаришни йўлга қўйди; марказлашган давлат тизимини яратдики, ўз замонаси учун бу дунё миқёсидаги тараққийпарвар воқса ҳисобланганди; иқтисодий муносабатлар (деҳқончилик, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ) ривожи учун барча ички ва ташқи шароитларни барпо этишга қаттиқ киришди; ижтимоий муносабатларни (солиқ тизими, мулкчилик, турли ижтимоий табақалар манфаатини назарга олиш ва ҳоказо) муҳим деб билди; ҳукмронлигининг дастлабки кунларидан то умрининг охиригача фан ва маданият равнақига алоҳида диққат билан қаради; ўз даври шарт-шароитига кўра ташқи сиёсатда қатъий ва фаол ҳамда мақсадга мувофиқ равишда ҳаракат қилиб, давлатни салганат мавқеига олиб чиқди; ўлкани дунёнинг энг буюк сиёсий, иқтисодий, маданий марказига айлантирди; асосида яккаҳукмронлик мазмуни ётган жамият бошқарувида биринчи раҳбар қандай бўлиши кераклигини намоён этиб кетди.

Шу билан бирга Амир Темур мазкур саккиз асосни яна бир муҳим — тўққизинчи асос билан бойитди. У ҳам бўлса, жамият ривожида барча ижтимоий табақа­лар фаолиятини назарда тутиш ва манфаатларини таъминлашдан иборатдир. Амир Темур бўйича бундай та­бақалар 12 та бўлиб, уларда жамиятнинг барча таркибий қисмлари ўрин олган. Диққатга сазовор томони шундаки, тузуклар баёнида Амир Темур табиий равишда дин ва шариатни биринчи ўринда таъкидлаган ҳолда ижтимоий табақаларга бўлган муносабатни бошқа йўналиш ва масалалардан устун қўяди. Демак, Амир Темур даврида давлатимизнинг тўққиз асоси ўз ижобий ечимини топган ва худди мана шу тўққиз асос Соҳибқирон юритган давлатчилик сиёсатининг тўққиз томонини ташкил этади.

Юқорида давлатнинг сиёсий мустақиллиш ва мамлакат яхлитлиги борасида Амир Темур олиб борган фаолият билан қисқача танишиб ўтдик. Қуйида унинг давлат бошқаруви, давлатчилик ва ҳарбий сиёсат борасидаги ҳаракатларини лўнда тарзда ёритишга уриниб кўрамиз.

Чингизийларнинг ўлкадаги ҳукмронлиги барча соҳалар тараққиётида салбий асорат қолдиргани ҳақида сўз айтдик. Давлат бошқаруви соҳаси ҳам бундан мустасно эмас. Умуман бошқа, кўчманчи шарт-шароитда шаклланган сиёсий дунёқараш ва тарбия чингизий намояндалар учун маҳаллий бошқарув анъаналарини қабул этишга йўл бермасди. Шу сабабдан ҳам аввалги даврларда кечган давлатчилик бошқарувидаги кўп асрлик тажриба ва анъаналар чингизийлар ҳукмронлиги замонида амалда ўз давомийлигини топа олмади. Агар бу давр бир ярим аср кечгани назарда тутилса, шу соҳадаги аҳвол нечоғлик оғирлашиб қолгани маълум бўлади. Амир Темурнинг ўзбек давлатчилиги олдида қилган хизматларидан бири шундаки, у 150 йиллик узоқ бир давр ўтиб, шунинг орасида одатлар, аньаналарда каттадан-катга ўзгаришлар содир бўлганига қарамай, қадимдан мавжуд бўлиб келган ўзбек давлатчилиги бошқарув тизимининг (биз ҳатто илмининг деган бўлардик) классик намуналарини қайтадан тиклай билди. Ниҳоятда мушкул бўлган бу вазифани у донолик билан ҳал эта олди.

Демак, Амир Темур даврида бошқарув икки идора: даргоҳ ва девонларга (вазирликларга) бўлинган.

Даргоҳ — энг олий давлат идораси. Унинг бошлиғи ҳам табиий равишда давлатнинг олий ҳукмдори. Амир Темур давлат тепасига келгандан сўнг чингизийлардан бўлмиш Суйурғатмишни хон, яъни олий ҳукмдор деб эълон қилгани маълум. Шу билан бирга Суйурғатмиш «сохта хон» мавқеида бўлиб, амалдаги ҳокимият Соҳибқирон ихтиёрида бўлганини ҳам биламиз. Нима учун шундай қарама - қаршилик юзага келганди, саволи туғилади. Чингизийларнинг 150 йиллик ҳукмронлиги мамлакат ҳаётида катта таъсирга эга бўлганини таъкидлаган эдик. Сиёсий муносабатлар, қарашлар, одатлар жамиятнинг энг қайноқ соҳаларидан бири сифатида янгилик ва ўзгаришларга бой бўлади. Масалан, улус бошлиғининг биёбондан қароргоҳ қуришини олайлик. Мамлакатимизда асрлар давомида давлат бошлиғининг қароргоҳи шаҳарларда қанчалик табиий бўлиб келган бўлса, чинги­зийлар даврида, аксинча, хон биёбондаги қароргоҳда туриши керак, қабилидаги ақида сиёсий муҳитга қатгиқ сингиб кетганди. Шунга ўхшаш ўзгаришлардан бир қанчаси мазкур бир ярим асрлик жараёнда ўз ўрнини топиб олганди. Гап уларнинг тўғри-нотўғрилигида эмас. Муҳими Амир Темур давлат тепасига келган пайтда улар жамият ҳаётидаги воқеликни ташкил этарди. Соҳибқирон буларни назарда тутмасдан иложи йўқ эди. Иккинчи томондан, 1370 йили мамлакатда Амир Темурдан бошқа ҳам яна бир қанча қудратли амирлар, уларни қўллаб-қувватловчи ижтимоий-сиёсий кучлар бор эди. Улар ҳам зимдан ё очиқчасига мустақил сиёсат юргизиш, ҳатто олий тахтни эгаллаш ниятида бўлганлар. Бундай шароитда Амир Темур ўзини расман хон деб эълон қилолмасди. Чунки бу рақибларга баҳона бўлиб, норозилик ва хуружларга туртки бўлиши турган гап эди. Зеро, худди шу йиллар таомилига кўра сиёсий ҳокимият чингизийлар хонадони ихтиёрида бўлиши керак эди. Учинчи томондан, Суйурғатмиш хон деб кўтарилганда ҳали амир Ҳусайн масаласи ҳал бўлмаганди, аниқроғи ҳал бўлиш арафасида эди. Амир Ҳусайн эса ўз вақтида Кобилшоҳни (1364), сўнг Одил Султонни (1365) расман хон деб эълон қилганди. Демак, Амир Темур томонидан Суйурғатмишнинг хон деб эълон қилиниши Одил Султон «хонлиги»ни, яъни амир Ҳусайн ҳукмдорлигини бекор этиш билан баробар ҳисобланарди. Хуллас, мазкур масала ўша замон воқелигидан келиб чиқиб Амир Темур ҳокимиятини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилган. Соҳибқирон учун бу пайтда муҳими ҳам аслида шу эди.

Амир Темурнинг чингизийлардан бўлмиш Қазонхоннинг қизи Сарой Мулкхонимга (1337—1408) уйланиши, яъни хон авлодига куёв (кўрагон), қариндош бўли­ши ҳам унинг сиёсий мавқеини расман бўлса ҳам мустаҳкамлашга хизмат қилган. Бундан ташқари Чиғатойхон амирларидан Қарочар барлос Амир Темур авлоди эканлиги ва у ўз вақтида Чиғатойхон улуғ амири сифатида ўлкани бошқаргани (Шомий ёзишича, гўё «Чингизхон Чиғатойни Қарочарга топширган») ҳақидаги ярим ҳақиқат, ярим афсона ҳам таомилга киритилган. Ярим ҳақиқатлиги шундаки, Чиғатойнинг Қарочар барлос номли мингбошиси бўлган. Аммо ишончли манбаларда унинг хон номзоди сифатида мамлакатни бошқаргани ҳақида сўз йўқ. Шу маънода Яздий «Зафарнома»сида келтирилган Амир Темур аждодларига оид шажара ғирт афсона ва тўқимадир. Зеро, унга кўра гўё Амир Темур уруғи Чингизхон уруғи билан амакивачча. Бу ҳеч бир ҳақиқатга тўғри келмайди ва уни исботловчи бирон-бир тарихий маълумот йўқ. Шунга қарамай баъзи бир ҳолларда Амир Темур шахси ва фаолиятини, демак, ўзбек халқи тарихи ва маданиятини камситишга уринувчилар мазкур афсонадан «унумли» фойдаланадилар, яъни Амир Темурни Чингизхон ва мўғуллар билан боғлаб кўрсатишга уринадилар.

Демак, даргоҳ бошида амалда Амир Темур турган. Мамлакат ва давлат аҳамиятидаги масалалар унинг ҳукми ва кўрсатмаси асосида ҳал этилган. Шу билан бирга даргоҳца вақти-вақти билан хос мажлислар ўтказилиб турилгани маълум. Бундай мажлисларда давлат ва мамлакат идораси, содир бўлаётган ўзгаришларга муносабат, муҳими мансаб ва вазифаларга тайинлаш каби масалалар кўриб чиқилган. Бундай тадбирлар гоятда тор доирада ўтказилиб, давлат аҳамиятига молик масалаларнинг четга аён бўлишидан ниҳоятда сақланилган. Чунончи, махсус котиб мажлис баёнини махсус дафтарга тушириб борган. Афтидан, кейинги мажлисда ана шу баён асосида илгари қабул қилинган қарорлар, турли чоралар натижалари текшириб борилган.

Амир Темурнинг даргоҳ фаолиятини бошқариш, одамлардан унумли фойдаланиш, уларни ўз атрофига тўплаш, катта-кичик тадбирларни ташкил қилиш борасида тутган йўлини «Тузуклар»даги баёнлардан яққол кўриш мумкин. Чунончи, Соҳибқирон шундай ёзганди: «Салтанат ишларининг тўққиз улуши кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улуши эса қилич билан бажо келтирилишини англадим. (Донишмандлар) демишларким, ўз ўрнида қўлланган тадбир билан кўплаб лашкарнинг қиличи ожизлик қилган ҳар қандай мамлакат дарвозасини очиб, фавж-фавж лашкарни енгиб бўлур. Тажрибамда кўрилганким, азми қатьий, тадбиркор ва хушёр, жанг кўрган, мард, шижоатли бир киши мингга тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқцир. Чунки тажрибали бир киши минглаб одамга иш буюради... Яна менинг тажрибамдан ўтмишким, гарчи ишнинг қандай якунланиши тақдир пардаси ортида яширин бўлса ҳам, ақли расо ва ҳушёр киши мулоҳазакорлик, тадбир ва кенгашга таяниши лозим. Шунинг учун Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, ҳар бир ишни қилишга киришар эканман, аввал обдон ўйлаб, (амирларим билан) кенгашдим. Маслаҳатчилар ва кенгаш аҳли йиғилганда олдимиздаги ишларнинг яхши-ёмони, фойдаю зиён томонлари, уларни қилиш-қилмасликдан сўз очиб, улардан фикр сўрар эдим. Уларнинг сўзларини эшитгач, ишнинг ҳар икки томонини мулоҳаза қилиб, фойда-зиёнларини кўнгилга келтирардим. Унинг хатарли томонларига кўпроқ эъти- бор берардим. Қайси бир ишда икки хатар мавжуд бўлса, уни бажаришдан воз кечардим ва бир хатарлик ишни ихтиёр этардим... Ишларимнинг барини кенгаш билан юритиб, уни битиришда тўғри тадбир қўллар эдим. Бир ишга киришмай туриб, ундан қутилиб чиқиш йўлларини мўлжаллаб қўяр эдим. Уни тўғри тад­бир, қатьий жазм, чинлик-чидамлик кўрсатиб, эҳтиёткорлик билан узоқни кўриб, ортини ўйлаган ҳолда охирига етказардим».

Даргоҳ фаолиятини бошқариш, унинг вазирликлар, маҳаллий ҳокимият идоралари ва умуман салтанатда кечган жараён билан боғланиб туриш ишини олий де­вон олиб борган. Даргоҳ тизимидаги бу девонга девонбеги бошчилик қилган. Олий девоннинг аҳамияти ва мавқеи шу қадар баланд бўлганки, манбаларда баъзан уни даргоҳ билан бир маънода таърифлаш ҳоллари ҳам кузатилади. Олий девонда ҳар куни тўрт вазир, яъни ижроия идораларидан бош вазир, ҳарбий вазир, мулкчилик ва солиқ ишлари вазири, молия вазири ҳозир бўлиб ўзига хос равишда ҳисобот бериб турганлар. Афтидан, бунда вазирликлар тегишли кўрсатмалар олиб турган бўлишлари керак. Сарҳад ва бошқа тобе мамлакатлар бошқаруви билан боғлиқ яна уч вазирлик ҳам девонбегига ҳисобот берганлар.

Даргоҳдаги муҳим вазифалардан бири бу — арзбегидир. Унинг хизмати даргоҳга арз-дод, шикоят билан келганлар ҳамда мамлакатда содир бўлаётган воқеаларга ўз муносабатини билдирувчиларни қабул қилишни уюштириб, тушган арзлар, шикоятлар, таклифларни олий ҳукмдорга етказиб туриш га масъулликдан иборат эди. Бундан ташқари даргоҳда адолат амири лавозими мав­жуд бўлиб, у турли ўлка ва шаҳарларда «сипоҳ ва раиййат орасида урф-одатларга оид жанжалли ишлар ҳақида» бохабар бўлиб, олий ҳукмдорга ҳисобот ва маълумот ет­казиб турган. Демак, жойлардаги аҳволдан бохабар бўлиб туришнинг икки йўлидан фойдаланилган: бири пастдан юқорига, яъни арзчилар тўғридан-тўғри даргоҳ­га мурожаат қилиш имконига эга бўлганлар, иккинчиси — махсус хизмат орқали жойлардаги вазият давлат томонидан, аниқроғи, олий ҳукмдор даргоҳи орқали текширилиб борилган. Мана шу икки йўл билан жойларда рўй бераётган адолатсизлик, таргибсизлик, давлат ва жамият манфаатига зид ишлар ҳақида рўй-рост маълумот олингач, сўнг махсус вакиллар — аминлар (яъни ишончли вакиллар) жойларга бориб воқеани ўрганиб тегишли чоралар кўрганлар. Чунончи, бирон кишига нисбатан зулм, адолатсизлик қилинган бўлинса, адолатни тиклаб ўша ер маҳаллий хазинасидан уларга тўлов ажратиб қайтганлар. Аминлар ўзлари тафтиш қилган ишлари, кўрилган чоралар ҳақида кейин ёзма ҳисобот берганлар. Аминлар вазифасига бундан ташқари тобе ерлар тўловини йиғиб келиш ҳам кирган.

Даргоҳдаги муҳим лавозимлардан яна бири бу — тавочидир. Тавочи олий фармонга кўра жойларга бориб ҳарбий юриш учун лашкар тўплаш билан шуғулланган. Бу вазифа ғоятда муҳим аҳамият касб этгани учун Шарафиддин Али Яздий муболаға билан уни олий ҳукмдордан кейинги юқори даражадаги давлат мансаби деб баҳолайди. Албатта, бундай таърифда ҳам жон бор. Зеро, лашкар тўплашни қуруқ фармон етказиш деб тушунмаслик керак. Маълумки, тобе ўлкалар, ҳукмрон сулола вакиллари, нуфузли амирларга тақсим қилиб берилган юртлар олий кўрсатма бўлганда тегишли ҳар­бий куч билан хизматга шай туришлари кўзда тутилган. Тавочилар эса худди мана шу аввал бошдан белгиланган лашкар сонининг тахт бўлиши, тайёргарлик даражаси, таъминоти кўнгилдагидек талабга жавоб бериши, кўрсатилган жойга муайян йўл билан ўз вақтида етиб бориши каби ғоятда масъулиятли тадбирларга жавобгар бўлганлар. Мазкур муаллифнинг гувоҳлик беришича, тавочилар бош тавочи, пиёда аскар тавочиси кабиларга тақсимланган. Бош тавочилар туманот (ўн минглик), ҳазоражот (минглик), садажот (юзлик) етакчиларидан! вилоят катталаридан қўшинни ўз вақтида, белгиланган сон ва сифат, таъминланганликда етказиб бериш тўғрисида тилхат олганлар. Шу билан бирга тавочи ҳарбий юриш чоғида қўшинларнинг жойлашуви, берилган буйруқларнинг ижро этилиши (масалан, душман истеҳ- комлари девори остидан лаҳм кавлаш) ҳамда тинчлик пайтларида катга қурилишларда иш тақсимлаш кабилар билан ҳам шуғулланган. Чунончи, Байлақон каналини қазишда 35—40 км масофани ҳар бир ҳарбий қисмга тақсимлаб беришга тавочилар бош бўлган.

Даргоҳда шунингдек бош ҳожиб, ҳожиблар, расмий тадбирлар бошқарувчиси ва ташкилотчилари, хазинадор, хонсолар (даргоҳда ва олий фармон билан бошқа ерларда, масалан, юришларда ўтказиладиган тўй, базмлар, катта зиёфатларда дастурхон тузатишга бош-қош бўлувчи), жибочи (қурол-аслаҳа сақловчи), қушчи (подшоҳона овлар уюштирилганда махсус ўргатилган ов қушларини олиб юрувчи ва парвариш қилувчи) ва мана шу хизматни бошқарувчи қушбеги, баковулбоши (сарой ошпазларининг бошлиғи), котиблар, битикчилар, табиблар, созандалар, ғазалхонлар, фаррошлар каби катта-кичик вазифалар, таблхона (ноғорахона), дорихона каби хизматлар бўлгани маълум.

Ижроия тизими, юқорида айтилганидек, марказда вазирликлар фаолиятида мужассамлашган. Кези келганда шуни таъкидлаш керакки, чингизийларнинг 150 йил ҳукмронлиги даврида маҳаллий бошқарув тизими анъаналари поймол қилинган бир шароитда Амир Темур биз сомонийлар, қорахонийлар, ғазнавийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар замонида шоҳиди бўлганимиз, ижроия ҳокимиятининг вазирликлар тизимини қайтадан жонлантира олди. Амир Темурнинг ўзбек давлатчилиги олдида қилган катта хизматларидан бири ҳам шунда. Яъни у бир неча асрлар давомида шаклланиб келган давлатчилигимиз ижроия тизимидаги бошқарувнинг классик шаклларини тиклай олди. Бу ниҳоятда қадрли ва тарихий хизматдир.

Энди тўғридан-тўғри вазирликларга ўтсак.

Биринчиси — мамлакат ва раиййат вазири. У мамлакатнинг муҳим ишлари, кундалик муомалалар, халқ аҳволи, вилоятларда олинадиган ҳосил, солиқлар, уларни тақсимлаш, кирим-чиқимлар, ободончилик ишла­ри, аҳоли фаровонлиги, хазина аҳволи каби муҳим юмушларга жавобгар бўлган. Мазкур масалалар юзаси- дан олий ҳукмдорга тегишли маълумот ва ҳисоботлар бериб турган. Агар мазкур вазирлик вазифасини олдинги давр ижроия тизими билан таққосласак, у ҳолда сўз бу ерда бош вазир ҳақида кетаётгани маълум бўлади.

Иккинчиси — ҳарбий вазир. У ҳарбийларнинг маоши, алоҳида хизматлари учун уларга туҳфа қилинган ер-сувлар бошқаруви (яъни назорат ва қайд этиш маъносида), қурол-аслаҳа таъминоти, ҳарбий кўрикларни тайёрлаш, жангларда ярадор бўлиб хизматга яроқсиз бўлганларга нафақа тайинлаш, истеъфога чиққан ҳарбийлар тўғрисида қайғуриш каби масалалар билан машғул бўлган.

Учинчиси — мулкчилик ва солиқ ишлари вазири. Бу вазирлик турли сабабларга кўра эгасиз қолган мол- мул кларни назоратга олиш, савдогарлардан закот ва бож олиш, мамлакат чорвалари, ўтлоқ-яйловларни бошқариш, уларнинг барчасидан тушадиган даромадларни сақлаш, мулкчиликдаги меросхўрлик тартибларини амалга ошириш (масалан, ғойиб бўлганлар, ўлганларнинг мулкини ворисга топшириш) каби вазифаларни бажарган.

Тўртинчиси — бутун салтанат ндораларининг кирим- чиқимлари, хазинадан сарф қилинаётган барча харажатлар ҳисобини олиб борувчи молия вазири.

«Темур тузуклари»да молия вазири масъулиятига тегишли диққатга сазовар бир тузук бор: «Молия вазирлари молия ишларида хиёнат қилиб (хазинадан бирон маблағни) ўзлаштириб олган бўлсалар (аввал текшириб кўрилсин). Агар ўзлаштириб олган маблағи ўзига тегишли улуфа (яъни маош — А. 3.) миқдорига тенг бўлса, мазкур маблағ унга совға — инъом ўрнида берил- син. Агар ўзлаштириб олган маблағи маошидан икки баравар ортиқ бўлса, ортиғи оладиган маошидан ушлаб қолинсин. Агар маошидан уч баравар кўп маблағ олинган бўлса, ҳаммаси (салтанат хазинасига) тортиқ сифатида олинсин».

«Темур тузуклари»да мазкур тўрт вазирликдан ташқари яна уч вазир ҳақида сўз кетиб, улар салтанат таркибидаги турли ўлка ва мамлакатларга оид молиявий муомалалар ва келадиган даромадларни бошқарганлар. Агар салтанат ҳудуди ва унга кирган сарҳадлар кўлами назарга олинса, ҳақиқатан ҳам у ерлар билан боғлиқ молия-даромад ишларини ташкил қилиш учун уч вазирлик таъсис этилишини асосли деса бўлади.

Саккизинчи вазирлик бу адлия вазирлигидир (девони мазолим). Кези келганда шуни алоҳида қайд этмоқ керакки, бу вақтда адлия, яъни суд тизими учга бўлинган эди. Адлия вазирлиги тўғридан-тўғри фуқаролар ё, манба тили билан айтганда, дунёвий ишлар билан шуғулланган. Ҳарбий суд (лашкар қозиси) эса алоҳида равишда фаолият кўрсатган. Шариат тартиблари билан эса ислом қозиси шуғулланган. Кўриб турганимиздек, бу соҳада ҳам Амир Темур даврида илгариги анъаналар давом эттирилган. Суд тизимидаги тақсимот эса бизларда бир неча асрлар муқадцам амалга ошиб келганини мазкур давр мисолида ҳам мушоҳада қилса бўлади. Қонун, ўша замон тартиблари олдида жавобгарлик барчага баробар бўлган. Масалан, Амир Темурнинг набираси Пир Муҳаммад ибн Умаршайх ўз қилмиши учун девони мазолимда қаттиқ сўроқ қилиниб, айби аниқлангач, шунга яраша жазо берилгани ва бу ҳакда шахсан Амир Темурнинг ўзи фармон бергани тарихий манбаларда ўз аксини топган.

Илгариги сулолалар даврида мавжуд бўлган вақф ишлари вазирлиги хизмати Амир Темур даврида садрлар садрига (садрлар бошлиғи) юклатилган. Гарчи вазирлик тизими маьносида тилга олинмаса-да, аммо мазкур хизмат моҳияти сақланиб қолган. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди, чунки вақф мулкчилиги сақланганди.

Шунга ўхшаш ўтган замонларда таъкидланган хабар ва почта вазирлиги шаклан тилга олинмаса-да, аммо мазмунан бу вақтда ўзининг энг юксак равнақ даражасига кўтарилганди, десак тўғри бўлади. Зеро, улкан салтанатни мақсадга мувофиқ равишда бошқариб боришда унинг турли бурчакларида содир бўлаётганлардан бохабар бўлиш, марказдан буйруқ, фармон, кўрсатмалар жўнатиш, марказга турли ҳужжат, ҳисобот ва ҳоказоларни етказиш, ташқи сиёсий-дипломатик муносабатларни пухта ва тезкор равишда йўлга қўйиш каби юмушларни катга салоҳият ва ғайрат билан амалга оширишга тўғри келарди.

Уз ўрнида бу борадаги тадбирлардан савдо-сотиқ муносабатлари нечоғлик ютишини тасаввур қилиш мум­кин. Гапнинг қисқаси, хабар ва почта хизмати аҳамиятини аввал бошданоқ яхши тушунган Амир Темур ўзи­нинг дастлабки фармонларидан бирида уни йўлга қўйиш ҳақида кўрсатма берган. Уша замон гувоҳларидан бири Испания элчиси Клавихонинг ёзишича, бутун сал­танат узра бир кунлик йўл оралиғидаги ҳар бир масканда тўхташ жойлари бино этилган бўлиб, уларда 10 тадан 200 тагача от-улов сақланган, махсус хизматчилар фаолият кўрсатган. Бу юмушларнинг бари давлат хазинасидан таъминланган. Даргоҳдан ё даргоҳ томон жойлардан, хизмат юзасидан йўлга чиққан ҳар бир шахс ё гуруҳ маз­кур жойларда тўхтаб дам олиб, отларни алмаштириб яна йўлда давом этаверган. Ҳайратга соларлик томони шундаки, улкан салтанатнинг ҳар бир бурчагидан Самар­канд томон йўналувчи йўлда шу тартиб жорий қилинган. Улар ҳатто аҳоли турмайдиган ерларда ҳам ишлаб турган. Чунончи, испаниялик элчилар Табриздан (ҳозирги Эроннинг шимоли-ғарбидан) Самарқандгача бўлган сафар чоғида бундай тартибни ўз кўзлари билан кўрганлар. Тартиб ғоятда қатьий бўлган. Масалан, мазкур хизматдан фойдаланаётганлар минган от йўлда, тўхташ жойлардан йирокда яроқсиз бўлиб қолса, йўлда учраган отлиқнинг, ким бўлишидан қатьи назар, амирми, ҳарбийми, ҳатто олий ҳукмдорнинг ўғлими, отини олиб миниб кетишга ҳақли бўлган. Бир сафар шундай ҳолатда Амир Темурнинг катта ўғлининг отидан фойдаланган эканлар. Бу борадаги тартиб ва аҳвол хусусида янада аниқроқ маълумотни Ҳофиз Абру қолдирган. Унга кўра, Самарқанддан қайси бир томонга йўлга чиқилмасин бир ой ё икки ой йўл юриладими, ҳеч ким ҳеч қачон кўчада қолмаган. Тўхташ жойлари бир йўла ҳатто 1000 кишини қабул қилиши мумкин бўлган.

Амир Темур ва умуман темурийлар даврида ташқи сиёсий-дипломатик алоқалар изчил равишда олиб борилганини биламиз. Атбатга, бунда тегишли давлат муассасаларининг роли бўлгани табиий. Бундан ташқари аср бошларида биз ташқи алоқалар, ёзишмалар буйича ижроия ташкилотлари ишлаб келганини кўрдик. Клавихонинг Самарқандда элчилар билан шуғулланувчи махсус амирлар хизмат қилгани, элчиларни кутиб олиш, кузатиш билан боғлиқ тадбирларни уюштиришга оид гувоҳликларини инобатга олиб хулоса қилиш мумкинки, ташқи алоқалар, элчилар, халқаро ёзишмалар билан шуғулланувчи хизмат бўлган. Афтидан, бу хизмат ижроия тизимида эмас, даргоҳ таркибида фаолият кўрсатган.

Хоҳ даргоҳ, хоҳ ижроия тизими бўлсин, давлат хизматлари қандай пухта ва аниқ ишлаганини Клавихонинг қуйидаги гувоҳлигидан билиб олиш мумкин. Ҳар бир маслаҳатчи, яъни йирик амалдор ўз битикчиси ва қайд дафтарига эга экан. Битикчилар ўз бошлиқлари кўрсатмасига мувофиқтурли ҳужжатлар, масалан, ёрлиқлар ёзиб тайёрларканлар, албатта, бу ҳақца қзйд дафтарига ёзиб ёрлиққа тегишли белги (рақам) қўйганлар. Кейин эса ёрлиқ йўриқчига топширилиб, у унга муҳр босган ва мазкур масалага дахлдор хизматларга юборган. Хуллас, ҳужжат яна 3—4 амалдор назоратидан ўтиб уларнинг муҳрлари босилгандан кейингина олий ҳукмдор муҳри урилган. Шундан сўнг бу ҳужжат қонун кучини олган.

Икки оғиз сўз давлат хизматчилари ҳақида. Доим бўлганидек давлат хизматига олинадиганларга катта талаблар қўиилган: улар ўқимишли, кенг билимли ва дунёқарашли, ҳалол бўлишлари керак эди. Бу борада Амир Темур ўз «Тузуклар»ида шундай ёзади: «Амр қилдимки, вазирлар тоза насллик, ақл-фаросатлик, халқ аҳволидан хабардорлик, уларга нисбатан хушмуомалалик, сабр-чидамлик ва тинчликсевар» бўлмоғи керак. Бундайларга тўрт имтиёз: ишонч, эътибор, ихтиёр ва иқтидор берилсин. Қайси вазир ғийбат гапларни айтса, уйдирма гапларга қулоқ солса, жабр-зулм қилса, ўзига ёқмаган кишиларни йўқотиш пайига тушса, наслию зоти ёмон, ҳасадчи, кина-кек сақловчи, қора кўнгилли кишиларга зинҳор вазирлик лавозими берилмасин. Бузучи, қора кўнгилли, зоти паст одам вазирлик қилса, давлату салтанат тез орада қулайди».

Маҳаллий бошқарув ҳақида сўз кетса, аввал шуни қайд этиш керакки, салтанатнинг одатда ҳукмрон сулола намояндалари ва шу хонадон таянчи бўлмиш ҳарбий-сиёсий кучлар ёрдамида идора этилишини кўп бора кўрдик. Темурийлар даври ҳам бундан мустасно эмасди. Табиий равишда Амир Темур салтанатни бошқаришда, энг аввало, ўз ўғиллари ва авлодларига суянди. Чунончи, у салтанатни бир қанча улусларга тақсимлаб, Мовароуннаҳр яхлитлигини сақлаган ҳодда бошқарди. Ҳар бир улуснинг ҳам ўзига яраша даргоҳи ва вазирлари бўлган. Аммо марказий бошқарув тизимидаги каби кенг тармоқпи бўлмай, муайян ҳудуд доирасида олий даргоҳ ва ижроия тизими олдида жавобгарлик ҳолатида фаолият кўрсатган.

Алоҳида кўрсатган хизматлари учун йирик амалдорлар, ҳарбийлар, дин пешволари ҳазда бўйсундирилган собиқ ҳукмдорларга шахсий хизмати ва шароитга муносиб равишда бирон ҳудуд (вилоят, шаҳар, туман) тортиқ (суйурғол) қилинган. Масалан, Амир Темур ўз пири саййид Баракага Андхудни тортиқ қилгани маъ­лум. Ана шундай ҳолларда, «Тузуклар»да ёзилишича, ҳар бир суйурғол қилинган вилоят ё мамлакатга иккитадан вазир тайинланган. Биринчиси — йиғиладиган солиқларни қайд этиб, аҳоли аҳволидан бохабар бўлиб туриш, иккинчиси эса йиғиладиган даромадлар қай тарзда харж қилинаётганини ҳисобга олиш, шу ерда мавжуд ҳарбий қисмларга бериладиган маош тақсимоти билан шуғулланиш кабилар билан банд бўлган. Фараз қилиш мумкинки, мазкур вазирлар орқали марказ жойлардаги молиявий, солиқ, ижтимоий ҳолат масалалари бўйича тўғридан- тўғри маълумот олиб турган. Афтидан, бу вазирлар юқорида тилга олинган марказий ижроия тизимидаги сарҳадлар бўйича уч вазирлик назорати ва ҳамкорлигида фаолият кўрсатган. Суйурғол ерларга махсус вазирларни тайинлашнинг амалий томони бўлгани шубҳасиз. Зеро, суйурғол эгалари ўзларига тор­тиқ қилинган жойлардаги аҳолидан олинадиган давлат солиқларини тўлалигича ё маълум бир улушини ўзла­рига олишлари назарда тутилган. Бу борада меъёрдан чиқиш, аҳоли норозилигига сабаб бўлувчи ишларга қўл уриш умуман салтанат қудратига путур етказиши тур­ган гап эди. Шунинг учун ҳам марказ жойларда ўз вакилларига эга бўлгани табиий.

Шаҳар, туман миқёсидаги бошлиқиар доруға, қалъа бошлиғи кутвол дейилганини эслатиб ўтиш жоиз.

Энди кўрилаётган даврда қонунчилик, жамият ва давлат бошқарувидаги қонун ва тартиблар ҳақида тўхталиб ўтсак. Темурийлар, хусусан, Амир Темур даври қонунчилигини ёритишда унинг «Тузуклар»и ғоятда қўл келади. «Бу тузуклардан, — деб ёзади муаллиф, — (келажакда) салтанат ишларини бошқаришда қўлланма сифатида фойдалангай»лар»3. Демак, «Тузуклар»ни ёзишдан мақсад жамият ва давлат бошқарувида зарур ҳисобланган қонун-қоидалар, яъни тузуклар мажмуини яратиш бўлган. Агар ундаги баъзи бир қайтаришлар, шахсий мулоҳазалар ва «лирик кечинмалар»ни олиб ташласак, ихтиёримизда ўша даврнинг асосий қонунлари (қонунчилиги) мажмуи гавдаланиши турган гап.

Умуман давлатчиликнинг ўрта асрларга хос, хусу­сан, ўзбек давлатчилиги тарихида давлат тепасида тур­ган биринчи шахсга жуда кўп нарса боғлиқ бўлганини биламиз. Ҳар бир жамият ўзига муносиб ё ўзи муносиб бўлган ҳукмдорга эга бўлади, ҳикмати ҳам худци ўша замонлардан қолган ва ўша замон воқелигини акс эттиргани шубҳасиз. Шу маънода Амир Темур даври қонунчилиги нафақаг унинг шахсияти, балки ўша жа­мият дунёқараши, одатлари, талаб ва имкониятлари кабилар билан боғлиқ бўлгани аниқ. Юқорида биз ало­ҳида гаъкидлаган давлатчилигимиз асосларига Амир Темур томонидан сингдирилган тўққизинчи асос — барча ижтимоий табақалар фаолияти ва манфаатларини назарда тутиш ўша замон қонунчилигининг бош бўғинини ташкил этган. Амир Темурнинг қуйидаги сўзларига эътибор берайлик: «Давлат устунлари ўн икки табақа ва тоифадаги кишилар билан қувватланади». Агар қайтаришларни истисно этсак, бу табақа ва тоифа куйидагилардир: сиёсатчилар, дин пешволари, ҳарбийлар, амалдорлар, зиёлилар, савдогарлар, ҳунармандлар, деҳқонлар, чорвадорлар. Кўриниб турганидек, бу ерда барча ижтимоий табақалар мужассамлашган. Гап «ҳукмрон синф» ё бирон-бир алоҳида табақа устида эмас, бутун жамият аъзолари ва улар тегишли бўлган тоифалар устида кетмокда. Мазмун эътибори билан Амир Темур мазкур 12 табақага муносабатидан сўнг қуйидагиларни ёзади: «Давлат ишларини салтанат қонун қоидаларига... тўро-тузукка таяниб... амирлар, вазирлар, сипоҳ, раиййат — ҳар бирини ўз лавозимига ва мартабасига» қараб бошқардим. Гарчи бир қараганда ҳақиқатан ҳам Амир Темур бошқаргандек туюлса-да ва бунда ҳақиқат бор, аммо шу билан бирга аслида жамият ва салтанат шариат ва тўро-тузуклар, яъни ўз даври қонунчилиги асосида бошқарилган.

Шариат деганда ўша замонларда мусулмон жамиятидаги муайян бир ахлоқий-ҳуқуқий нормалар англанмоғи керак. Зеро, «тўғри йўл» мазмунини берувчи шариат (Аш-шариа) асосида Қуръон ва сунна ётса-да, лекин у аслида фиқҳ (ҳуқуқ ва юриспруденция) учун умумий мафкуравий, диний-ахлоқий манба бўлиб хизмат қил­ган. Демак, хулоса қилиш мумкинки, жамият ҳаётининг турли соҳаларини бошқаришда қадимдан жорий бўлиб келган қонунчилик (тузукчилик) ва мусулмон қонунчилиги (фиқҳ) имкониятларидан ҳам фойдаланилган.

Албатта, бу ерда ўрта асрларга хос ва мос якка ҳукмронлик бошқарув тизимида олий ҳукмдорнинг ўрнини ҳам эсдан чиқармаслик керак. Зеро, унинг ҳар бир фармойиши амалда қонун кучини олган. Шу маънода «Тузуклар»да келтирилган «Аҳолини йўл-йўриққа солиш ва маош тайинлаш», «Раиййатдан мол-хирож олиш, мамлакатни тартибга келтириш ва кжсалтириш, унинг ободончилиги, хавфсиалигини амалга ошириш», «Сипоҳ сақлаб туриш», «Вазир тутиш» каби қатор тузуклар таҳлили эътиборга моликдир. Уларда ҳар бир алоҳида ижтимоий йўналишда доим содир бўлиб турадиган жараёнлар учун ҳуқуқий меъёрлар ўз аксини топган. Масалан, уруш пайтларида мингбошининг ҳукми юзбошига, юзбоши ҳукмининг эса ўнбошига мажбурийлиги ва бу тартиб бузилса тегишли жазо берилиши ё бўлмаса оддий аскар, ўнбоши, юзбоши, мингбошига бериладиган маошлардаги чегаралар, фарқларни оласизми, қўйингчи, ҳар бир тузукда муайян бир воқеликдаги фаолиятга адолат мезонидан туриб муносабатда бўлиш кўзга ташланиб туради. Демак, Амир Темур ўз тузукларини ишлаб чиқиб ҳаётга татбиқ қиларкан, энг аввало, бир нарсани — жамиятда мавжуд ижтимоий-иқтисодий муносабатларни қонуний асосга қўйишни мўлжал қилган. Бунда олий ҳукмдор — давлат раҳбари олдида турган масъулиятни ҳам унутмаган. Унингча, давлат раҳбари бир сўзли, ўз ишини ўзи билиб қилиши, ўзи ва атрофидагиларга адолатли бўлиши, холис, қатьийлик билан иш юритиши, фикрлар хилма-хиллигидан чўчимаслиги, қизиққон бўлмаслиги, мулоҳаза билан иш юритиши лозим.

Талаблар нафақат фуқаро ё, кўрганимиздагидек, ҳукмдорга нисбатан, балки ҳокимият идоралари олдига ҳам қўйилгани маълум. «Агар, — дейилади «Тузуклар»- да,— (хароб бўлиб ётган ерларнинг) эгаси бўлса-ю, (лекин) обод қилишга қурби етмаса, унга турли асбоблар ва керакли нарсалар берсинлар, токи ўз ерини обод қилиб олеин». Кўриниб турганидек, фуқародан бир нарсани талаб қилишдан олдин давлат унга тегишли шарт-шароит яратиб бермоғи лозимлиги қонунлаштирилган. Бу борада янада чуқурлашиб борилиб қуйидаги ҳуқуқий меъёр юзага келган: «Кимки, бирон саҳрони обод қилса, ёки кориз қурса, ё бирон боғ кўкартирса, ёки бирон-бир хароб бўлиб ётган ерни обод қилса, биринчи йили ундан ҳеч нарса олмасинлар, иккинчи йили раиййат ўз розилиги билан берганини олсинлар, учинчи йили эса (олиқ-солиқ) қонун-қоидасига мувофиқ хирож йиғилсин». Фуқаролар ҳаёти ва фаолиятини адолатли, уларнинг манфаатига мос тарзда ташкил этишда бу билан ҳам чекланилмаганлигини Амир Те­мурнинг қуйидаги фармонидан билиб олиш мумкин: «Хирожни экиндан олинган ҳосилга ва ернинг унумдорлигига» ва бошқа шарт-шароитларга қараб олсин­лар. Мазкур мисоллар ўзбек давлатчилиги ва қонунчилигининг Амир Темур давридаги мазмунини тўла ра­вишда намоён қила олади, десак хато бўлмайди. Қонунчиликда биринчи ўринда фуқаро манфаати турган. «Негаки, — дейилади «Тузуклар»да, — раиййат хонавайрон қилинса, (давлат) хазинаси камбағаллашишига олиб келади... (бу эса ўз ўрнида) салтанатнинг кучсизланишига олиб боради». Бу ҳамма замонлар учун ҳақ гап. Зеро, иқтисодий қудратга эга бўлмаган давлат доим заиф бўлади. Иқгисодий қудратни эса халқ (раиййат) яратади. Бунда адолатли қонун роли беқиёсдир. Амир Темур даҳосининг қирраларидан бири ҳам унинг маз­кур абадий ҳақиқатни англай билганлиги ва амалда намоён қила олганлиги билан ўлчанади.

Икки оғиз ҳарбий сиёсат ҳақида. Амир Темурнинг мазкур масала бобидаги дунёқарашини унинг қуйидаги сўзлари орқали билиб олиш мумкин: «Давлат ишларининг тўққиз улуши кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улуши эса қилич билан бажо келтирилишини англадим». Демак, сиёсат ва бошқарувда Амир Темур қиличга, яъни зўрликка фақат бир улушгина эъгибор ажратяпти. Унинг байроғи эса доимо сиёсат ва тадбир бўлиб келган. Шу билан бирга тарих Амир Темурни энг буюк саркардалардан деб билади. Бу ҳақиқатан ҳам шундай. Аммо бизнинг фикримизча, Амир Темурнинг ҳарбий санъат борасидаги буюклиги унинг энг асосий фазилати — буюк давлат арбоблигининг бир қиррасини ташкил этган, холос. Зеро, унинг ҳарбий сиёсати бош мақсад — қудратли давлат ва салтанат барпо этиш ишига хизмат қилган. Масаланинг бу томонига алоҳида урғу беришимизнинг сабаби бор. Чунки шу чоққача ва баъзан ҳозирда ҳам Амир Темурнинг фаолияти ҳақида сўз кетганда унинг ҳарбий саркарда, лашкарбошилигига кўпроқ эътибор берилиб, унда у қўлга киритган ҳарбий ютуқлар ҳақида сўз кетган. Бу билан унинг умри фақат урушларда ўтгандай бўлиб қолади. Ваҳоланки, Шомий, Яздий, Натанзий, Ҳофиз Абру ва бошқа тарихчилар асарларининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, Амир Темур ҳарбий тадбирлар билан тўғридан-тўғри ўрта ҳисобда йилда бир неча ойгина банд бўлган. Қолган вақг давлат ва салтанат ишларига бағишланган. Аслида эса, таъкидланганидек, ҳарбий сиёсат унинг бош мақсадининг амалдаги таркибий қисми эди, холос. Шу билан бирга катта истеъдод эгаси сифатида мазкур соҳада ҳам Амир Темур бошқалардан ажралиб турган.

Бунинг исботини биз «Тузуклар»нинг мазкур масалага оид боблари билан танишиш борасида яққол кўри- шимиз мумкин. Амир Темур лашкарида ҳар бир аскар, ҳар бир қисм фаолияти, яъни маоши, ҳарбий аслаҳалар билан таъминоти, хизмат пиллапояларидан кўтарилиб бориши, навкар билан унинг беги ўртасида хизмат муо- маласи, уруш пайтларидаш ҳарбий тактика каби барча масала ва тадбирлар олдиндан ўйланиб, муайян бир тартибга солинган эди. Бир сўз билан айтганда, Амир Темур лашкарида қатъий хизмат ва ташкилий интизом ўрнатилган, ким нима билан шуғулланиши, нимага жавоб бериши аниқ кўрсатиб қўйилган. Ҳатго икир-чикир масалалар ҳам олдиндан кўрсатилиб ўгилган. Масалан, оддий аскарнинг ҳарбий юришга тайёргарлигидаги талабларни олайлик. «Юриш вақтида оддий аскарлардан ҳар ўн саккиз киши ўзи билан бирга бир чодир, ҳар бир аскар икки от, бир камон, бир садоқ ўқдон, бир қилич, арра, бигиз, битта қоп, жуволдуз, болта, ўнта игна ва чарм халта олеин», дейилган «Тузуклар»да. Худди шунга ўхшаш баҳодирлар, ўнбошилар, юзбошилар, мингбошилар, амирлар учун зарур ҳисобланган қурол-аслаҳалар тафеилоти ҳам берилган. «Тузуклар»да амирлар, мингбошилар, юзбошилар, ўн бошилар ва бошқа ҳарбийларга маош белгилаш тартиби ҳам аниқ кўрсатилганини эсласак, шу нарса маълум бўладики, Амир Темур бўлажак ҳарбий тадбирларга, энг аввало, тинчлик шароитида, лашкарни ҳар жиҳатдан таъминлаш, у тўғрида қайғуриш орқали тайёргарлигини кўриб қўйган. Бир сўз билан айтганда, унинг лашкардан, лашкарнинг эса ундан кўнгли тўқ бўлган ҳолда жангларга киришилган. Амир Темур Жанг суратини ҳам олдиндан режалаштириб қўйгани маълум. Чунончи, у жорий қилган тартибга кўра, агар ғаним лашкари ўн икки мингдан ортиқ, лекин қирқ мингга етмаса, лашкарбошилик шаҳзодалардан бирига юклатилган. Агар ғаним қўшини қирқ мингдан ошиқ бўлса, у ҳолда Сохибқироннинг ўзи лашкарга бошчилик қилган.

Тарихий манбаларда Амир Темурнинг шахсан ўзи яккама-якка олишувлардан тоймаганлиги ҳақида ҳам маълумотлар бор. Чунончи, 1379 йили Урганч қамал қилинаётган бир пайтда у Юсуф Сўфийга юзма-юз чиқишга отланади, аммо рақиби олишувга чиқмайди. Худди шунга ўхшаш ҳол 1383 йили Сейистон юришида бўлиб ўтган. Хуллас, Амир Темурнинг мардлиги ва шахсий намунаси лашкар руҳини кўтаришда катта аҳамият касб этгани шубҳасиз.

Шароитга қараб Амир Темур лашкарнинг саф тортиши, жангга кириш тартибини ўзгартириб турган. 1391 йили Тўхтамишхонга қарши жангда илгари ҳеч кимга маълум бўлмаган янги ҳарбий тактикани қўллаган. Амир Темур тарихчиларидан Шомийнинг ёзишича, «Соҳибқирон лашкарини сафлаб етти қисмга шундайин муқаррар этдики, унинг васфи ва баёнига киши ожизлик қилади». Мазкур гувоҳликдан чиқадиган хулоса шуки, бу ғоятда мураккаб ва камёб ҳарбий тактика бўлган.

Амир Темур ҳарбий юришларни ниҳоятда пухталик ва ортиқча шов-шувсиз тайёрлашга ҳаракат қилган. Шунинг учун ҳам унинг қўшинлари ғаним учун кутилмаган вақт ва ерда пайдо бўлиб, қўққисдан ҳамла қилиб қолиши ҳеч гап эмасди. Соҳибқироннинг ҳар бир йирик ҳарбий юришдан олдин кенгаш ўтказиши одат тусига кирган. Кенгашда у барча йиғилганларнинг фикрини тинглаб, мазкур шароитда энг мақбул йўлни танлашга ҳаракат қилган.

Ибн Арабшоҳнинг гувоҳлик беришича, Амир Темур даврида ташқи разведка фаолияти ниҳоятда юксак даражада йўлга қўйилган. Мазкур хизмат вакиллари чаканафуруш, йирик савдогар, полвон, дорбоз, ҳунарманд, мунажжим, қаландар, дарвиш, денгизчи, сайёҳ, мешкобчи, этикдўз, толиб ниқоби остида турли мамлакатларда бўлиб, у ерлардаги шаҳарлар, қишлоқлар, йўллар, тоғу тошлар, сувлар, ҳар бир жойнинг аҳолиси, бошлиқтари, улуғлари, амирлари, фозиллари, шарифлари, бойу камбағаллари тўғрисида ҳар томонлама батафсил маълумотлар йиғиб, ҳагго суратлари билан Самарқандга юбориб турганлар. Бу билан ҳам чекланмай, Амир Темур ҳарбий, сиёсий муносабатларга киришаётган мамлакатлар тарихи, урф-одатларига оид асарларни синчиклаб ўрганган.

Демак, Амир Темур ҳарбий сиёсати, энг аввало, давлатни мустаҳкамлаш, хавфдан сақлашга йўналтирилган бўлиб, бу сиёсатни пухта йўлга қўйишда Соҳибқирон масаланинг иқтисодий, техникавий, илмий (мамлакатлар, шаҳарлар, йўллар, халқлар, душман лашкарлари, табиий-иқлим шароитларини ўрганиш ва ҳоказо), ташкилий томонларига катта эътибор билан қараган. Худци шу йўл уни ҳарбий санъат борасида юксакликка олиб чиққан.

Шундай қилиб, биз Амир Темур даври давлат бошқаруви, қонунчилиги, ҳарбий санъат масалаларига оид мулоҳазаларни билдирдик. Мазкур соҳаларда олиб борилган ҳаракатлар бир мақсадга: давлатни қудратли ва жамиятни иқтидорли этишга қаратилганини ёдда тутиш биз учун ғоятда муҳимдир.

Азмат Зиёнинг “Ўзбек давлатчилиги тарихи” китобидан

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин