Саналар
25.06.2019
Баннер
Муҳаммад Асад
10.03.2017 15:11    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Муҳаммад Асад

Исроил тузумини тан олмайдиган ва Покистон асосчиларидан бири бўлган яҳудий руҳонийларининг авлоди намоёндаси.

Муҳаммад Асад 1900 йилда туғилган. Исломни қабул қилишидан аввал унинг исми-шарифи Леополд Вайс бўлган. У раввинларнинг қадимий уруғига муносиб бўлган. Бир неча йил давомида у бир нечта йирик Европа рўзномаларида маҳсус мухбир сифатида фаолият юритган. 1926 йилда Исломни қабул қилган. Узоқ вақт Яқин Шарқ мамлакатларида, бир қанча вақт мобайнида Саудия Арабистонида истиқомат қилган. Сўнг у Ҳиндистонга кўчади ва Покистон давлатига асос солинишида муҳим рол ўйнайди.

1947 йилда Покистон давлати эълон қилингандан сўнг ёш давлатда юқори раҳбарлик мансабларини эгаллаб келган, кейинчалик эса унинг БМТдаги вакили этиб тайинлаган. Деярли бутун умри давомида Қуръон ва араб тилини ўрганишга катта эътибор берган. У томонидан таълиф этилган Қуръон тафсири инглиз тилидаги энг яхши замонавий тафсирлардан ҳисобланади. У Исроил тузуми ва сионистликни тан олмаган.

“1922 йилда мен ватаним Австрияни тарк этиб, Европанинг етакчи рўзномаларидан бирининг  маҳсус мухбири сифатида Африка ва Осиё давлатларига жўнаб кетдим. Ўшандан бери менга деярли бутун умримни Ислом Шарқида ўтказишим тақдир қилинган экан. Аввалига мен барчасига хорижликнинг одатий назари билан, ҳудди кузатувчидек қарадим. Мен Европада билган ва кўниккан ҳаёт тарзидан умуман фарқ қилувчи  ҳаётга дуч келдим. Шундай бўлсада, менда дарҳолгина европаликларга нисбатан анчайин ҳотиржамроқ, хатто одамийроқ умумий таълимот ва ҳаёт тарзига нисбатан чуқур мухаббат уйғонди. Мен ўзим шоҳиди бўлган фарқларнинг сабабларини аниқлаш ва англашга иштиёқ туғилди ва мен мусулмонларнинг ҳатти-ҳаракатлари ва ҳаёт тарзларининг асоси бўлган уларнинг диний китоблари билан қизиқдим. У вақтларда менинг қизиқиш ва мухаббатим Ислом қучоғига ўзимни дарҳол ташлайдиган даражада кучли эмас эди. Аммо мен ўзим учун жадал ривожланувчи, жуда оз ташқи можаролар ва қарама-қаршиликлар ҳамда самимий биродарлик руҳи билан қурилган  инсон жамиятини тузишнинг янги ва кутилмаган истиқболини кашф этдим. Бир вақтнинг ўзида мен шоҳиди бўлган мусулмонларнинг ҳозирги ҳаёти воқелиги Ислом таълимотида берилган ўша ажойиб имкониятларга тўла зид келар эди. Ислом томонидан ваъда берилган тараққиёт ва ҳаракат ўрнига мен замонавий мусулмонларда танбаллик ва қолоқликни, саҳийлик ва ўзини-да қурбон қилишга тайёрлик ўрнига чегаранганлик ва енгил-елпи ҳаётга интилувчанликни кўрдим. Бундай номутаносибликдан эсанкираб қолган ва таъсирланганимдан мен бу муаммога шахсий нуқтаи назаримдан ёндашишга қарор қилдим ва ўзимни Исломдагидек тасаввур қилишга ҳаракат қилдим. Бу соф ақлий тафтиш бўлиб, у менга айтарли қисқа вақт ичида мен томонимдан аниқланган номутносибликнинг аниқ сабаби тўғрисидаги аниқ ва тўғри жавобни олишга ёрдам берди. Мен шуни англадимки, мусулмонларнинг ижтимоий ва маданий қолоқ аҳволга тушишининг яккаю ягона сабаби уларнинг Ислом таълимотига амал қилмай қўйганларида экан. Маънавий жиҳатдан Ислом ҳали йўқотилмаган бўлсада, амал аввалги қонун-қоидалардан четланиб кетилган эди ва натижада жасад руҳсиз қолган эди. Қачонлардир мусулмон оламининг мустаҳкамланишида асосий рол ўйнаган диний ўзак бугунги кунда унинг заифлашувига сабаб бўлган эди. Ислом жамияти аввал бошдан фақат диний асосга қурилган эди ва бу асоснинг заифлашуви маданий тузилмани шубҳасиз барбод этиб, муайян вазиятларда ҳатто унинг тўлиқ йўқолишига олиб келмоғи мумкин.

Ислом таълимотининг лўндалиги ва амалийлигини тушунганим сайин мусулмонлар унга амал қилмай қўйганлари масаласи мени шунча кўп қийнай бошлади. Бу саволга жавобни Либия чўлларидан Помиргача, Босфордан Араб денгизигача бўлган  жойлардаги мамлакатларда учратган кўплаб тафаккурли мусулмонлардан изладим. Бу излаш мен учун ҳаёлдан кетмайдиган ўй-ҳаёл бўлиб қолди. Ва оқибатда у Ислом оламида мени қизиқтирган барча бошқа масалаларнинг ўрнини босди. Иш шу даражага бордики, мусулмон бўлмай туриб, мен мусулмонлар билан ҳудди Исломни уларнинг бефарқлиги ва ялқовлигидан ҳимоя қилаётгандек гаплашардим. Бу ҳолат 1925 йил кузида Афғонистон тоғларида бир ёш губернатор менга: “Менга қаранг, сиз аслида мусулмонсизку, аммо ўзингиз буни тушунмаяпсиз!”, - дегунигача давом этди. 1926 йилда мен Европага қайтганимда ўзгарганим ва умуман бошқа инсонга айланганимни ва Исломни қабул қилишим мен учун мантиқий, тўғри  ва табиий қадам бўлишини  тушундим.

Шу тарзда мен мусулмон бўлдим. Тан олишим зарурки ўшандан бери ўзимга тез-тез: “Сен нега Исломни қабул қилгансан? Сени ундаги нима ўзига жалб этди?”, деб савол бераман. Рости, мени қандайдир қониқарли жавобим йўқ бу саволга. Гап мени ўзига чорлаган муайян бир таълимот устида эмас, балки яхлит бир ҳайратланарли ва ақл бовар қилмас даражадаги аниқ тузилишга эга маънавий таълимот дастури ва амалий ҳаёт тарзидадир. Ҳатто ҳозир ҳам мен унинг айни қайси жиҳати менга кўпроқ ёқишини айта олмайман. Ислом менинг назаримда гўё бинокорнинг мукаммал бир асаридек. Унинг барча қисмлари ўзаро уйғун равишда ўйланган, бир-бирини тўлдиради ва қўллаб-қувватлайди, унда ортиқча ёки етмаётган бўлак йўқ. Натижада эса - мукаммал мувозанат ва ҳамма жиҳатлар ҳисобга олинган тузилма. Ислом таълимоти ва унинг қарашларида “ҳаммаси ўринли” деган ҳис менда катта таассурот уйғотган бўлса керак. Балки бошқа ҳиссиётлар ҳам бўлгандир аммо ҳозирда уларни таҳлил қилиш мен учун мушкул. Алал оқибат, иймон – бу мухаббатнинг иши, мухаббат эса жуда кўп нарсаларни ўз ичига олади: бизнинг истакларимизни, ёлғизлигимизни, бизнинг олий мақсадларимиз ва интилишларимизни, камчиликларимиз, бизнинг кучимиз ва заифлигимизни.

 

Мен Исломни қабул қилганимдан бери у ҳақида имкон қадар кўпроқ нарса ўрганишга интилар эдим. Қуръон ва Набийимизнинг саллаллоҳу алайҳи вассаллам одатларини, Ислом тилини ва унинг тарихини  ўрганар эдим, бундан ташқари у Зот алайҳиссалом ҳақида ва у зот алайҳисаломга қарши ёзилган кўплаб нарсаларни ўргандим. Беш йилдан ортиқ Хижоз ва Наджда, асосан Мадинада яшадим, бу Набий алайҳиссалом томонидан даъват этилган ушбу дин яралган табиий муҳитни ҳис этиш учун қилинган эди. Хижоз дунёнинг кўплаб мамлакатлари мусулмонларининг учрашадиган маркази бўлгани сабабли менда ҳозирда ислом оламидаги кенг ёйилган асосий турли диний ва ижтимоий қарашларни кўриш имкони пайдо бўлди. Бу изланишлар ва солиштиришлар давомида Ислом маънавий ва ижтимоий ҳодиса сифатида инсон зоти эга бўлган энг улкан кучдир. Албатта, алоҳида шахсларнинг камчиликлари туфайли юзага келган айрим салбий жиҳатлар бундан мустасно. Шунинг учун ҳам ўша вақтдан эътиборан менинг барча қизиқиш ва ҳаракатларим Исломни қайта тирилтириш муаммосига йўналтирилди.

 

МАНБАDEYERLER.ORG

 
Сибир бухорийлари
28.04.2017 17:28    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

XIV аср оëқлаган пайтда Бухоро уламолари совуқ Сибирга йўл олишди. Нақшбандий тариқати аъзолари бўлган бухоролик сўфийлар шомонларга топинган Сибир тоторлари, ëқут, олтой, карëқ ва нанайлар ўртасида Исломни ëйишди.

Батафсил ...
 
Темур тузуклари (7)
19.01.2014 19:59    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

 

МЕНИНГ ДАРГОҲИМГА ИЛТИЖО ҚИЛИБ ПАНОҲ ИСТАБ КЕЛГАН ТУРКУ ТОЖИК, АРАБУ АЖАМ ТОИФАЛАРИДАН БЎЛГАНЛАР БОРАСИДАГИ ТУЗУК

Биринчи навбатда, мазкур тоифа ва табақалардан бўлгак саййидлар ва уламони иззат-ҳурмат қилишни, ҳар қандай истаклари бўлса дарҳол муҳайё этиб, муқаррар равишда уларнинг аҳволидаи хабардор бўлиб туришни буюрдим. Агар сипоҳийлар тоифасидан бўлсалар, хизмат ўринларини белгилаб, ҳол-аҳволларига яраша эҳтиёжлари таъминлансин. Агар касбу ҳунар за маърифат аҳлларидан бўлса, бундайларга салтанат корхоналаридан юмуш берилсин. Булардан бошқа, билагида кучи бор фақир-мискинлар эса ўз аҳволи ва касбу корига қараб иш тутсинлар. Яка шундай амр қилдим, сармояси қўлидан кетиб қолган савдогарга ўз сармоясини қайтадан тиклаб олиши учун хазинадан етарли миқдорда олтин берилсин. Деҳқонлар ва раиятдан қайси бирининг деҳқончилик қилишга қурби етмай қолган бўлса, унга экин-тикин учун зарур уруғ ва асбоб тайёрлаб берилсин. Агар фуқародан бирининг уй-иморати бузилиб, тузатишга қурби етмаса, керакли ускуналарини етказиб бериб, унга ёрдам берилсин. Ҳар тоифа ва ҳар синфдан кимки ўз ихтиёри билан сипоҳгарчилик хизматига киришни истаса, уни аскарий [хизматга] олсинлар. Асил ва шижоатли сипоҳийзода қайси тоифадан бўлмасин, унга ўрин бериб, қилган хизматига ва ишига яраша тарбият қилсинлар. Яна амр қилдимки, узоқ-яқиндан бирон киши келиб, менинг мажлисимга кирар экан, қайси тоифадан бўлса ҳам, давлатим дастурхони неъматидан уни қуруқ қайтармасинлар.

Кимники ҳузуримга киритган бўлсалар ва кўзим унга тушган бўлса, ҳолига яраша ҳурматлаб, совға-саломлар билан кузатсинлар.

Ҳар қандай одам менинг адолат девонимдан паноҳ топган экан, гуноҳи бўлса ҳам, уни кечирсинлар. Иккинчи, учинчи марта яна гуноҳ қилгудек бўлса, у ҳолда гуноҳига яраша жазоласинлар.

САЛТАНАТНИ ЎЗ ЭРКИМДА САҚЛАШ УЧУН АМАЛ ҚИЛГАН ТУЗУГИМ

Ушбу ўн икки нарсани ўзимга шиор қилиб олганлигим учун тўла мустақиллик билан салтанат тахтига ўтирдим. Ўз тажрибамдан синаб билдимки, агар қай бир подшоҳ шу ўн икки нарсага эга бўлмас экан, салтанатдан бебаҳра қолур.

Биринчидан, ўз сўзига эга бўлсин, ишини ўзи билиб қилсин, яъни раият подшосининг айтган сўзини, қилган ишини ўзи айтади, ўзи қилади, ҳеч ким бунга аралашолмайди, деб билсин. Шундай бўлгач, подшоҳ салтанат мартабасига шерик бўлгудек қилиб бировнинг гапига ва ишига эргашмасин. Гарчи яхши сўзни ҳаммадан эшитиш зарур бўлса ҳам, лекин сўзда, ишда бошқалар салтанат ишларида подшоҳга шерик, ёхуд устун бўлмасликлари шарт.

Иккинчидан, султон ҳар нарсада адолатпеша бўлсин, қошида инсофли, адолатли вазирлар сақласин, токи подшоҳ зулм қилгудек бўлса, одил вазир унинг чорасини топсин. Агарда вазир золим бўлса, кўп вақт ўтмай салтанат уйи қулайди. Чунончи, амир Ҳусайннинг золим бир вазири бор эди. У сипоҳу раиятга ҳақ-ноҳақ жарималар солар эди. Орадан кўп вақт ўтмай ўша ноинсоф вазирнинг шумлигидан амир Ҳусайннинг салтанат уйи хароб бўлди.

Учинчидан, бутун мамлакатда буйруқ-фармон бериш ишлари подшонинг ўз ихтиёрида бўлиши лозим. Подшоҳ ҳар ишда ўзи ҳукм чиқарсин, токи ҳеч ким унинг ҳукмига аралашиб, ўзгартира олмасин.

Тўртинчидан, подшоҳ ўз қарорида қатъий бўлсин, яъни ҳар қандай ишни килишга қасд қилар экан, то битирмагунича ундан қўл тортмасин.

Бешинчидан, подшоҳ ҳукми жорий этилиши даркор, яъни қандай ҳукм чиқаришидан қатъий назар, амалга ошириши керак. Бирон кимса гарчи ҳукмни зарарли деб билган бўлса ҳам, унга монелик қилолмасин. Чунончи, эшитганманки, султон Маҳмуд Ғазнавий Ғазна шаҳри майдонига катта тошни келтириб ташлашни буюрган экан. Ундан ўткинчи-кеткинчиларнинг от-уловлари ҳуркиб ўта олмай колибди. Шунда одамлар тош йўл бўйидан олиб ташланса, деб султон ҳузурига қанчалик арз-шикоят қилиб боришмасин, султон «чиқарган ҳукмимдан қайтмайман, унга хилоф бирон иш ҳам қилмаймак», деган экан.

Олтинчидан, подшолик ишларини тамоман бошқага топшириб, эркни унга бериб қўймасинким, дунё хиёнатчи хотин сингари, унинг хуштори кўпдир. Агар шундай қилар экан, ўзганинг нафси тез орада подшоҳ бўлишни тилаб, салтанат тахтини ўзи эгаллашга киришади. Чунончи, султон Маҳмудга хоинлик қилган вазирлар уни салтанат тахтидан тушириб, тахтга ўзлари эга бўлдилар. Шундай бўлгач, салтанат ишларини ишончли ва мўътабар бир неча кишига бўлиб бериш лозим. Шунда ҳар бири ўз ишига боғланиб, салтанат тахтига кўз олайтира олмайди.

Еттинчидан, салтанат ишларида ҳар кимнинг сўзини эшитсин, ҳар кимдан фикр олсин. Қайси бири фойдалироқ бўлса, уни кўнгил хазинасида сақлаб, вақтида ишлатсин.

Саккизинчидан, салтанат ишларида, сипоҳу раиятга боғлиқ масалаларда бошқаларнинг сўз ва феълига қараб амал қилмасин. Вазирлар, амирлар бирон кимса ҳақида яхши-ёмон сўз қилар эканлар, эшитсин. Лекин уни амалга оширишда бутун ҳақиқат аён бўлмагунича шошмай, мулоҳаза билан иш тутсин.

Тўққизинчиси, подшоҳ ҳайбати сипоҳу раият кўнглида шундай ўрнашган бўлиши керакки, унинг амр-фармонига ҳеч ким қаршилик қилишга журъат этолмасин; итоат ва тобеълик қилиб, исён кўтармасин.

Ўнинчиси, [подшо] нима қилса, ўз эркича қилсин, нима деса ўз сўзида қатъий турсин, чунки подшоҳларнинг ҳукм ҳурматидан бошқа баҳрамандликлари йўқдир. Хазина, лашкар, раият, салтанат — буларнинг бариси унинг ҳукми биландир.

Ўн биринчиси, салтанат ишларида, ҳукм юргизишда подшоҳ ўзини ягона билиб, ҳеч кимни ўзига салтанат шериги қилмасин.

Ўн иккинчиси, [подшоҳ] мажлис аҳлидан огоҳ ва ҳушёр бўлсинким, улар кўпинча айб ахтариб, уни ташқарига ташийдилар. Подшоҳнинг сўзидан, ишидан вазирларга, амирларга хабар бериб турадилар. Масалан, шунга ўхшаш бир воқеа менинг ўзим билан рўй берганди. Ўзимнинг хос мажлисимдаги бир қанча суҳбатдошларим вазирлар ва амирларимнинг жосуслари экан.

СИПОҲ САҚЛАБ ТУРИШ ТУЗУГИ

Амр қилдимки, қачонки асл сипоҳлардан иш кўрган, жанг-жадал билан суяги қотган ўн киши йиғилса, булардан қайси бирининг шижоати, ботирлиги ортиқроқ бўлса, қолган тўққизтасининг розилиги ва маъқуллаши билан, уни ўзларига бошчи сайлаб, отини ўнбоши деб атасинлар.

Ўн нафар ўнбоши жам бўлса, ўз ичларидан энг иш кўрган, жанг майдонларида тобланиб тажриба орттирган, баҳодирликда номи чиққан бировини амир қилиб, уни юзбоши деб номласинлар.

Агар ўн юзбоши йиғилса, амирзодалардан ақлли, шижоатли, баҳодир бир кишини амир этиб сайлаб, уни мингбоши десинлар ва амири ҳазора деб улуғласинлар.

Агар қарамларидаги бирон кимса ўлса ёки қочиб кетса, ўрнига янги кишини тайинлаш ўнбошиларнинг ихтиёрида бўлсин. Шунга ўхшаш юзбошилар ўнбошиларни, мингбошилар юзбошиларш тайин қилсин. Булардан ўлган, қочган, янги тайинланганлар бўлса сабабларини айтиб, менинг арзимга етказсинлар.

Яна амр қилдимки, чорпилчор кунларида ва салтанат ишларини бошқаришда мингбошининг ҳукми юзбошига, юзбошиники ўнбошига, ўнбоши ники [эса] қўл остидагиларга жорий этилади Агар бу тузукка қаршилик қилсалар жазога тортилсинлар. Ага чорпилчор ишларида ким камчщикка йўл қўяр экан, уни чақири ўрнига бошқани кўйсинлар.

СИПОҲГА УЛУФА БЕРИШ ТУЗУГИ

Амр қилдимки, амирлар, мингбошилар, юзбошилар, ўнбошилар ва бошқа сипоҳийларга ушбу тартибда маош берилсин; оддий сипоҳийга ўз вазифасини ўринлатиб бажариши шарти билан маоши минган отининг баҳоси бўлсин. Баҳодирларнинг маоши икки от баҳосидан тўрт отгача тайин қилинсин. Ўнбошилар маоши қўл остидаги оддий сипоҳийларидан ўн баробар ортиқ бўлсин. Юзбошилар маоши ўнбошиларга қараганда икки баробар, мингбошиларники эса юзбошиларникидан уч баробар зиёда бўлсин.

Яна ҳукм қилдимки, сипоҳийлардан қайси бири чорпилчор ишларида хатоликка йўл қўйса^маошидан ўндан бирини камайтирсинлар.

Яна буюрдимки, ўнбоши юзбошининг тасдиғи билан, юзбоши мингбошининг тасдиғи билан, мингбоши амир ул-умаронинг тасдиғи билан улуфа олсинлар.

Амир қилдимки, амир ул-умаронинг маоши ўз қўл остидагилардан ўн баробар ортиқ бўлсин. Шунга ўхшаш, девонбеги ва вазирларнинг маошлари эса; амирлар маошидан ўн баробар кўп бўлсин. Ясовуллар, чоповуллар, қалақчиларнинг маошлари ўз хизматларига яраша, мингдан ўн минг [танга] гача бўлсин.

Аҳли мажлис бўлмиш саййидлар, олимлар, фозил кишилар, ҳакимлар, табиблар, мунажжимлар, қиссахонлар, хабарчилар, тарихдонларга ўз ҳолларига қараб, суюрғол, вазифа ва маош белгиласинлар. Пиёдалар, хизматчилар, фаррошларга юздан минггача маош берсинлар.

Яна ҳукм қилдимки, амир ул-умаролар ўз маошларини девонбеги ва вазирларнинг тасдиғи билан олсинлар. Давлат томонидан бериладиган бутун маошларнинг тўлиқ маълумотларини девонбегини вазирлар аввал менга билдириб, сўнгра танҳо берсинлар.

Яна буюрдимки, сипоҳийларнинг ҳар бирига маош олиш ёрлиғи тпширилсин. Уларга берилган маблағ миқдори шу ёрлиғнинг орқасига ёзиб қўйилсин.

СИПОҲГА ТАНҲО ВА УЛУФА ТАҚСИМЛАШ ТУЗУГИ

Амр қилдимки, пиёдалар, қалақчилар, ясовуллар, чоповулларнинг бир йиллик маошларини ҳисоблаб, белгиланган маблағни девонхонага келтириб, шу ерда уларга улаштирсинлар. Булардан бошқа сипоҳийлар ва баҳодирларнинг олти ойлик маошини ҳам қисоблаб, танҳо хазинасидан олиб беришни буюрдим.

Ўнбоши, юзбошиларга маош шаҳар омонлиги хазинасидан ва подшолик мулки даромадидан нақд пул ҳисобида ёзилсин. Мингбошиларга вилоят ичидаги ерлардан тиюл берсинлар. Амирлар ва амир ул-ўмароларга эса сарҳад ерлардаги вилоятлардан бири тиюл қилиб белгилансин.

Вилоятлардан тушган даромадларни ушбу йўсинда тақсимлашни буюрдим: Вилоятлар ва мамлакатлардан олинган жами даромадни тақсимлаб, маош бериш ёрлиқларига бирига кам, бирига ортиқ қилиб ёзсинлар. Сўнг ёрлиқлар девонхонага келтирилсин. Амирлар ва мингбошилар шу ёрлиқлардан бирини чиқариб олеин. Агар ёрлиқда маошидан ортиқ [кўрсатилган] бўлса, бошқани ўзига шерик қилсин. Бордию кам бўлса, уни қўйиб бошқа ёрлиқ тортиб олсин.

Яна ҳукм қилдимки, амирлар, мингбошилар раиятдан молу жиҳот йиққанларида, хирождан ортиқча соварий, қўналға ва шилон талаб қилмасинлар.

Тиюл қилиб берилган ҳар бир мамлакатга иккитадан вазир тайинласинлар. Бири вилоятдан йиғилган молларни ёзиб, раият аҳволини текшириб турсинки, жогирдор фуқарога жабр-зулм етказиб, уларнинг ҳолини хароб этмасин. У вилоятдан йиғилган бутун мол-ашёларни кирим дафтарига ёзиши лозим. Иккинчи вазир эса, [даромаднинг] харж этилган қисмини чиқим дафтарига ёзсин ва [йиғилган моллардан] сипоҳийларнинг маошига тақсим қилсин. Қайси амирга тиюл берилар экан, уни уч йилгача ўз ҳолига қўйсинлар. Уч йил ўтгандан сўнг уни текшириб кўрсинлар. Агар мамлакат обод, раият рози экан, шу ҳолича қолдирсинлар. Агар аҳвол бунга хилоф равишда бўлса ул вилоятни холиса'га ўтказиб, уч йилгача ўша жогирдорга улуфа берилмасин.

Яна буюрдимки, хирожни раиятдан калтаклаш ва савалаш йўли билан эмас, балки огоҳлантириш, қўрқитиш ва тушунтириш йўли билан ундирсинлар. Қайси ҳоким ҳукмининг таъсири чўп ва калтаклаш таъсиридан камроқ бўлса, ундай ҳоким ҳукумат юргизишга яроқсиздир.

давоми бор

1, 2, 3, 4, 5, 6

 

Янгиланди ( 19.01.2014 20:03 )
 
Боғдоднинг қулаши - Боғдод қўлга олингандан сўнг (1-қисм)
05.12.2017 11:15    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Боғдоднинг қулаши

Муаллиф: Муҳаммад Султанов

Боғдод қўлга олингандан сўнг

1-қисм

 

Батафсил ... Янгиланди ( 05.12.2017 11:32 )
 
Махдуми Аъзам (1463/64-1542)
25.01.2014 04:20    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Мовароуннаҳрлик аллома, йирик диний ва сиёсий арбоб, Нақшбандия тариқатининг раҳнамоси ва назариётчиларидан бири Махдуми Аъзамнинг тўлиқ исми — Саййид Аҳмад Хожаги ибн Саййид Жалолиддин Косоний Даҳбедийдир. У Фарғона водийсининг Косон шаҳрида таваллуд топган. Косонийнинг отаси Қорахонийлар (840— 1212) сулоласига мансуб султонлардан Бурҳониддин Қилич (XI аср) авлодларидан бўлиб, онаси эса Косон саййидлари оилаларига мансуб эди.

Махдуми Аъзам илк таълимни Косон мактабларидан бирида олган. Сўнг Ахсикатда, Хожа Муборак мадрасасида ўқишни давом эттиради. Косонийнинг домласи Мулла Зиё ўз шогирдининг аъло даражадаги қобилиятини эътиборга олиб, унга «илм уз-зоҳир» (оддий, умумий илмлар)дан яхши таълим беради ва шу билан бирга «илм ул-ботинни чуқур ўргатади. Чунончи, ёш Аҳмад устозининг раъйига кўра таниқли сўфий шоирлардан Жалолиддин Румийнинг (1207— 1273) «Маснавий маъновий» деб номланган машҳур девонини қайта-қайта ўқиб, ундаги чуқур фалсафий фикрларни «қалб кўзлари» билан кўриб, англаб олишга ҳаракат қилади.

Мадрасани битиргач, Аҳмад Косоний Шайх Мир Саййид Алига шогирд тушади. Мир Саййид Али янги шогирдини билимини синаб кўриш учун қийин-қийин саволлар беради. Аҳмад Косоний саволларга тўлиқ жавоблар қайтаради. Шогирдининг билимидан мамнун бўлган шайх: «Энди мен сенга эмас, балки сен менга устоз бўлдинг», деган экан. Яна бир неча кундан сўнг Шайх Али шогирдига бундай деган экан: «Шош вилояти томон йўл олки, ул вилоятда замонимиз қутби Муҳаммад Қози бордур; Хожагон (Нақшбандия) тариқати корхонасининг бутун ишлари ул жавонмарднинг қўлларидадур». Мухаммад Қози (ваф. 1516) машҳур Хожа Аҳрор (1404—1490) шогирди ва ўз замонида Нақшбандия тариқатининг раҳбари эди. У Хожаги Аҳмадни шогирд қилиб олади ва тез орада ўзига халифа этиб тайинлайди. Манбаларга қараганда, Махдуми Аъзам ўша чоғларда (тах. 1491-92 йиллар) устози билан Ҳиротга сафар қилиб, у ерда таниқли аллома ва шоир Абдураҳмон Жомий билан бир неча бор учрашиб суҳбатлашади.

Олти ойлик сафардан сўнг Мовароуннаҳрга қайтгач, Махдуми Аъзам устози билан Тошкентга келади. 1503 йилда Бухоро шаҳрининг ҳокими Муҳаммад Султон (1500-1504) таклифи билан Бухорога кўчиб боради. Орадан бир оз вақт ўтгач, Махдуми Аъзам Муҳаммад Қози рухсати билан Ахсикатга қайтади ва бу ерда мустақил ваъзхонлик қилиб, Нақшбандия тариқатини тарғиб этишга астойдил киришади.
Муҳаммад Қози вафотидан сўнг, Нақшбандия тариқатининг барча мовароуннаҳрлик шайхлари Махдуми Аъзамни «пешвойи тариқат» (тариқат пешвоси) сифатида эътироф этишди. Тез орада Махдуми Аъзамнинг шуҳрати бутун Мовароуннаҳр ва унинг атрофидаги қўшни мамлакатларга ёйилди.
Айнан ўша кезларда буюк шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Бобур Махдуми Аъзамнинг эътиборини қозониш мақсадида унга Хожа Аҳрорнинг «Рисолайи волидия» асарини туркий тилга ағдариб, Ҳиндистонда битилган ўз рубоийлар девони — «Девони Бобур»га қўшиб юборади. Афтидан «Бобурнома»да бу ҳодиса асарнинг бизгача етиб келмаган (1509-1520 йиллар воқеалари зикри) қисмида тавсиф қилинган. Бироқ Мирзо Бобурнинг мазкур девонида Махдуми Аъзамга бағишланган рубоийлар ҳам учрайди:

Дар ҳавойи нафси худи мо умри зоъи кардаим,
Пеш аҳлуллоҳ аз афъали худ шармандаим.
Як назар ба мухлисони хастайи дил фармон ки, мо
Хожаги (Аҳмад) ро мондаим ва Хожагиро бандаим.

Мазмуни:

Нафсимиз ҳавасларида умримизни нобуд қилдик, Энди аҳлуллоҳ (сўфийлар) олдида қилиқларимиз
учун шарманда бўлдик. Биздай хастаи дил мухлисларингга бир назарингни ташлаки, биз Хожаги (Аҳмад)ни ташлаб кетган бўлсак-да, лек биз унинг бандаларимиз.

Ўз навбатида Махдуми Аъзам Мирзо Бобурга бағишлаб «Бобурия» рисоласини ёзиб Ҳиндистонга жўнатади.

Тахминан 1524-25 йилларда Махдуми Аъзам Кармана ва Миёнқол ҳокими Жонибек султоннинг таклифига биноан Карманага кўчиб келган эди.

Тез орада шайбоний султонларидан Убайдуллоҳхон (1504-1539), Искандархон (ваф. 1583), Балх ҳокими Кистин Қаро султон ва бошқалар Махдуми Аъзамни ўзларининг руҳий пири деб биладилар.

Махдуми Аъзамнинг илмий мероси бой бўлиб, у тасаввуф назарияси ва амалиёти, хусусан, нақшбандия таълимотини янада ривожлантириш соҳасида баракали фаолият кўрсатди. Унинг қаламига мансуб 30 дан ортиқ рисола маълум бўлиб, «Асрор ун-никоҳ» («Никоҳ сирлари»), «Ганжнома», «Рисолат ун-самъиййатун» («Самоъ рисо-ласи»), «Баёни зикр» («Зикр баёни»), «Рисола-и силсила-и Хўжагон» («Хўжагон силсиласи»), «Шарҳи ғазали Убайдий» («Убайдий ғазалига шарҳ»), «Меърож ул-ошиқин» («Ошиқлар меърожи»), «Рисола-и Нақшбандиййа», «Рисолат ун-вужудиййатун» кабилар шулар жумласидандир. У ўз асарларининг кўп қисмида уламолар, сўфий шайхлар ва давлат арбоблари орасидаги муносабатлар хусусида тўхтаб ўтган ва тариқатнинг сиёсий фаолиятига тўла асос бор эканлигини исботлаган. Хожаги ачиниб ёзганидек, у яшаётган замонда вилоят ҳокимлари шахсий манфаатларини биринчи ўринга қўйиб, ҳокимият талашиш билан банд эдилар, тинимсиз ҳарбий ҳаракатлар эса халқ аҳволини янада оғирлаштирарди. Шундай мураккаб сиёсий ва иқтисодий вазиятда Махдуми Аъзам ўз обрўйидан фойдаланиб фитнабозликка майли бўлган вилоят ҳокимларини «Улуғ Хожа Аҳрор каби иноқлик дастурхони атрофига йиғиб, бир-бирларига сулҳ қўлларини узатишга ундади».

Пайғамбаримиз: «Амирларнинг яхшиси олимларни, олимларнинг ёмони эса амирларни зиёрат қилади» ҳадисига Хожаги Косоний қуйидагича шарҳ беради. «Агар амирни зиёрат қилувчи уламо доно танбеҳлар воситаси билан давлатда адолатлик, эзгулик, фуқаролар орасида осойишталик ва барқарорлик ўрнатишни мақсад қилиб олса, бундай олим аслида мазкур (зиёрат этилган), амир эса зоъир (зиёрат этувчи) деб ҳисобланади» («Зубдат ус-соликин ва танбеҳ ус-салотин» рисоласидан).

Махдуми Аъзамнинг тасаввуф таълимотига оид фикрлари Нақшбандия назариясига асосланган. Алломанинг фикрича, Нақшбандия тариқати уч зарурий қоидага бўлинган:
1) Иҳвон (биродарлик). Яъни, тариқат аъзолари хатти-ҳаракатларида ҳамдард, ҳамнафас ва ҳам-фикр бўлишлари лозим;
2) Макон (ўрин, мавқе). Ҳар бир толиб муршидининг насиҳатларига амал қилиб, баркамолликка интилмоғи лозим ва шу жараёнда тариқат аъзолари орасида ўзига муносиб мавқе соҳиби бўлиб, ўз мартабасига лойиқ иш қилмоғи керак;
3) Замон. Агар маълум бир замоннинг халқлари ва қавмлари орасида зиддият ва ихтилофлар пайдо бўлса, булар тариқат биродарларини қарама-қаршиликларга келтирмаслиги лозимдир. Аммо Махдуми Аъзам фикрича, ушбу қоидалар қаторига яна бир муҳимини қўшмоқ даркор — Хон. Яъни, тариқат фаолиятининг самаралари халққа етиб бориши учун, сўфий тоифаларининг муршидлари амирлару султонларга яқинроқ бўлмоғи керак. Асосий мақсад бу ерда шуки, давлатда осойишталик, барқарорлик, фуқароларни ҳалол меҳнат билан тирикчилик қилишларига барча қулай шароитлар мавжуд бўлса, ундай ҳолда сўфий шайхлар давлат арбобларини қўллаб-қувватлайдилар.

Махдуми Аъзам асарларининг энг тўла мажмуаси ЎзР ФА Шарқшунослик института хазинасида сақланмоқда. Аллома фикрлари ва дунёқарашларига асосан Ғаззолий (1058—1111), Ибн Араби (1165-1240), Хожа Муҳаммад Порсо (1348—1420) ва бошқа таниқли файласуф сўфий олимларнинг асарлари таъсир қилган. Махдуми Аъзам Нақшбандия таълимоти ва умуман тасаввуф фалсафасини ўз замонига мослаштирган ҳолда янги ғоялар билан бойитди.

«Мирот ус-сафо» («Софлик ойнаси»), «Асрор ун-никоҳ» рисола-сида Ибн Арабининг «Дунё азалий (илоҳий) мавжудотнинг ойнавий акси» мавзуидаги назариясига қуйидагича шарҳ берилган: Мутлақ ва азалий мавжудотни дарвеш юрагининг кўзгусида инъикос этиши мумкин. Махдуми Аъзам эса: «Ҳар бир инсон юрагида бундай кўзгу мавжуд, аммо уни ғофиллик занги босган. Зангни йўқотиш учун инсон тариқатга киришиб, руҳий камолотга интилиши лозимдир»,— дейди.

Яна бошқа қатор рисолаларида («Одоб ус-соликин», «Одоб ус-сиддиқин») буюк аллома Нақшбандия таълимотида мурид — мур-шид муносабатлари борасида ҳам ўзига хос фикрларни илгари сурган. Унинг фикрича, шу тариқат одобу қоидаларида мурид ва шайх мунособатлари ўзаро ҳурмат-иззат асосида қурилмоғи лозим. Шу билан бир қаторда мурид (солик) Аллоҳга восил бўлиш йўлидаги тўсиқларни осонроқ енгмоқ учун ўз пирига тўла бўйсуниши керак.
Махдуми Аъзам фикрича, тариқат аъзолари халққа яқин бўлиб, унинг дардлари ва эҳтиёжларига қайғудош бўлса ҳам тариқатга, ҳам ҳалққа фойдалидир. Шу борада Махдуми Аъзам қуйидагича тушунтириш берган: «Толиб (ҳақиқат изловчи) учун унинг Аллоҳ йўлида қилган ибодатлари фақат халқ билан бўлган алоқа ва суҳбатларида самарали бўлиши мумкинким, агар ул номард бўлса, мард бўлур, мард бўлса, ширмард бўлур ва агар ширмард бўлса, фардмард (тенги йўқ мард) бўлғай» («Зубдат ус-соликин»).

Махдуми Аъзам Нақшбандия назариясига яна бошқа ислоҳотлар киритди. Жумладан, Нақшбандия шайхларидан биринчилар қаторида жаҳр зикри, самоа ва шунга ўхшаш тасаввуф маросим тартиблари шариатга хилоф эмаслигини исботлади ва ҳатто уларни маълум бир даражага етган шогирдлари орасида тадбиқ этди. Бундай ислоҳотларнинг ягона мақсади — «Нақшбандия тариқатини турк (ўзбек) ва тожиклар учун бир хил қилиб, яқинлаштиришдир». Алломанинг гапига қараганда, Хожагон тариқати «ўзида кўз кўрмаган ва қулоқ эшитмаган тариқатларни мужассамлаган ва шу сабабдан уни тариқатлар сараси ва тузи, ёхуд «силсилат уз-заҳаб» (олтин занжир) деб аташ мумкин.

Махдуми Аъзамнинг таржимаи ҳоли ва фаолияти яқин шогирдлари томонидан бир неча асарларда ёритилган. Улардан: Муҳаммад Шаҳри Сафойи ал-Котибнинг «Анис ат-толибин» («Ҳақиқат изловчиларнинг яқин дўсти»), Дўст Муҳаммад Фолизкорнинг «Танбият уз-заллин вал-музиллин» («Йўлдан адашган ва адаштирувчиларга танбеҳлар»), Дўст Муҳаммад ибн Наврўз Аҳмад ал-Кеши ал-Косо-нийнинг «Силсилат ус-содиқин ва анис ул-ошиқин» («Садоқатли-лар силсиласи ва ошиқлар дўсти») каби асарларда энг тўлиқ ва ишончли маълумотларни учратишимиз мумкин. Шу манбалар асосида тузилган Махдуми Аъзамнинг тўлдирилган таржимаи ҳоли ҳам маълумдир. 1617 йилда Абул-Бақо ибн Баҳоуддин ибн Махдуми Аъзам томонидан тузилган «Жомеъ ул-мақомат» деб номланган асар шулар жумласидандир.

Махдуми Аъзам ёзган рисолаларга махсус битилган шарҳлар кам бўлса-да, аммо бу асарларнинг тариқатнинг сўнгги ХVI-ХХ аср бошларида битилган назарий адабиётларга катта таъсири бўлган.

Нашқбандия тариқатининг таниқли назариётчиси Бадриддин Кашмирий (ваф. тах. 1620) ўзининг қатор асарлари («Раузат ар-Ризвон», «Раузат ул-жамол»)да Махдуми Аъзам рисолаларидан фойдаланган. Унинг асрдоши Нақшбандия ва Яссавия тариқатларининг буюк намояндаси, назариётчиси ва тарғиботчиси Султон Аҳмад Хазиний ал-Ҳисорий асарларида ҳам Махдуми Аъзам баён этган фикрларга кенг шарҳлар битилган. Маълумки, Хазиний 1567—68 йилларда ҳажга сафар қилиб, сўнг умрининг охиригача Усмонийлар салтанатига қарашли улкан шаҳар ва вилоятларда (Сурия, Қоҳира, Истанбул) яшаб, ўша ерларда Махдуми Аъзам ғояларини тарғиб этди.

 


6 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин