Саналар
20.04.2024
Баннер
Бешигида бўғилган мухторият
28.05.2013 10:57    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

ТУРКИСТОН ЎЛКА МУСУЛМОНЛАРИНИНГ ТЎРТИНЧИ ФАВҚУЛОДДА ҚУРУЛТОЙИДА ТУРКИСТОН (ҚЎҚОН) МУХТОРИЯТИНИНГ ЭЪЛОН ҚИЛИНИШИ

Наманганлик иқтидорли тарихчи олим, тарих фанлари номзоди марҳум Йўлчи Қосимов Ўзбекистоннинг асл тарихини ёзиб, юзага чиқариш борасида кўп фидойилик кўрсатган заҳматкаш зиёлилардан эди. Унинг “Қора кўзойнак билан ёзилган тарих” китоби маҳаллий нашриётда оз нусхада нашр этилгани боис ўқувчиларнинг кенг қатламига етиб бормади. Шуни назарда тутиб, китобнинг Туркистон (“Қўқон”) мухторияти тарихига бағишланган бобини журналимиз ўқувчиларига тақдим этишга қарор қилдик.

РСФСР Миллатлар иши Халқ Комиссари И. В. Сталин ва Халқ Комиссарлар Советининг раиси В. И. Ленинларнинг имзоси билан иккита тарихий ҳужжат эълон қилинди: «Россия халқлари ҳуқуқлари Декларацияси» (1917 йил 2/15 ноябрь) ва «Россия ва Шарқнинг барча мусулмон меҳнаткашларига Мурожаатнома»си (1917 йил 3 декабрь). Ана шу Мурожаатномада, жумладан, шундай дейилган эди: «Сизнинг дин ва урф-одатларингиз, Сизнинг миллий ва маданий муассасаларингиз бундан буён эркин ва дахлсиз деб эълон қилинади. Ўз миллий турмушингизни эркинлик билан ва баҳузур тузаберингиз. Шундай қилишга ҳақлисиз. Билингизки, Сизнинг ҳуқуқингиз ҳам инқилоб ва унинг органлари бўлган Ишчи, аскар ва деҳқон депутатлари Советларининг бутун қудрати билан ҳимоя қилинади... Ўз мамлакатингизга ўзингиз хўжайин бўлмоғингиз керак. Ўз турмушингизни кўнгилдагидек ва ўз хоҳишингизга мувофиқ қилиб ўзингиз тузмоғингиз лозим. Сиз шундай қилишга ҳақлидирсиз. Чунки сизнинг тақдирингиз ўз қўлингизда...» (В. И. Ленин. Ўрта Осиё ва Қозоғистон тўғрисида. Тошкент, Ўздавнашр, 1957, 71-72-бетлар). Декларацияда эса жумладан шундай дейилган эди: «Халқ Комиссарлар Совети қарор қилади... 2. Россия халқларининг ўз тақдирларини ўзлари эркинлик билан белгилашлари ва ҳаттоки, ажралиб чиқиш ва мустақил давлат тузиш ҳуқуқини бериш. 3. Ҳамма ва ҳар қандай миллий имтиёз ва чеклашларни ва миллий-маданий имтиёз ва чеклашларни бекор қилиш» (Ўша китоб, 68-бет).

Ана шу ҳужжатлар эълон қилинган вақтда Тошкентда Ф. Колесов раҳбарлик қилаётган ҳукумат шаҳар думаларини тарқатиб юбориш ва миллий кадрларга нисбатан шовинистик сиёсатни авж олдирнш каби ўта нотўғри ва қўпол сиёсатни амалга оширмоқда эди. Иккиюзламачи большевик Ф. Колесов Туркистон ўлкаси Советларининг учинчи қурултойи номидан В. И. Ленинга, Халқ Комиссарлари Совети номига юборган телеграммасида Туркистон Халқ Комиссарлар Совети: «Сизнинг барча декретларингизни ҳаётга тадбиқ этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган», деб тилёғламалик қилган эди. Аммо минг надоматларким, бу ёлғончи ва шўролар мустамлакачиси ўз ваъдаларининг тескарисини қилди. Ва ҳатто, у ўзи имзо чеккан ҳукумат ҳужжатларида ҳам ана шу юқорида кўрсатилган марказий ҳукумат кўрсатмаларини ҳам ва лоақал, ҳужжатларнинг номини ҳам қайд қилиб ўтмади.

1917 йилнинг 26-29 ноябри кунлари Қўқон шаҳридаги «Шўройи исломия» ташкилотининг қароргоҳида Туркистон Ўлка мусулмонларининг фавқулодда тўртинчи қурултойи бўлиб ўтди. Эслатиб ўтайлик, 1917 йил ёзида бошқа сиёсий партиялар қаторида «Шўройи исломия»чилар Тошкентдан қувилган эди. Шунинг учун “Шўройи исломия” ва “Шўройи уламо” жамиятлари аъзолари Қўқон шаҳридан бошпана топган эдилар. Чунки Қўқон шаҳри собиқ хонликиинг маркази бўлиб, унда шу вақтларда 50 минг-дан ортиқ аҳоли яшар эди. Қирқ мадраса, 382 та масжид бўлиб, уларда олти мингга яқин диний хизматчи бўлган. Айни вақтда шаҳарда ўн битта йирик халқаро банклар ҳам иш кўрган (қаралсин: Шомагдиев Ш. Очерки истории гражданской войны в Ферганской долине. Ташкент, Изд-во АН УзССР, 1961, стр. 36. Қўқон тарих-ўлкашунослик музейи фонди материаллари).

Қурултой чақирилиши олдидан турли жойларга таклифномалар тарқатилган зди. Аммо бу вақтда ўлка маркази Тошкентда почта-телеграф ходимларининг иш ташлашлари давом этаётганлиги туфайли вакилларга таклифлар (мандат) қрғозлари ўз вақтида етиб бормади.

25 ноябрь куни кечқурун съезд олди ташкилий йиғилиши бўлиб ўтган. «Туркистон ахбороти» рўзномасининг хабар беришича, 1917 йил 26 ноябрь куни Ўлка Мусулмонлар Шўросининг раиси ва Қурултойни ўтказиш ташкилий ҳайъатининг аъзоси Мустафо Чўқаев қурултойни очган. Биринчи бўлиб мандат (шаҳодат) ҳайъатининг аъзоси Норбўтабековнинг қурултойга келганларнинг таркиби ва сони хусусидаги ахбороти эшитилади. Унинг ахборотига кўра, қурултойга Фарғона вилоятидан – 150 киши, Сирдарё вилоятидан – 22 киши, Самарқанд вилоятидан – 21 киши, Каспийорти (Закаспий)дан – 7 киши, Бухородан – 4 киши келганлиги маълум қилинди. Қурултойнинг охирларига бориб вакилларнинг сони 250 тага етган. Қурултойга вакиллардан ташқари «Шўройи уламо», Мусулмон аскарлар Кенгаши, Ўлка яҳудий ташкилоти, Бухоро яҳудийлари, Касаба уюшмалари ва бошқа ташкилотлардан ҳам вакиллар қатнашган.

Курултойда ҳайъат аъзолари сайлови анча мунозарали ўтган. Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳайъат аъзолари таркибига мусулмон бўлмаган (номусулмон) гуруҳларнинг вакилларидан ҳам сайлашни таклиф этди. Қўқонлик вакил А. Маҳмудовнинг таклифига биноан ўн уч ки-шидан иборат қурултой ишининг раёсати (президиуми) сайланди. Улар орасида М. Чўқаев, У. Хўжаев, Ю. Оғаев (Юрғули Оғаев), Акаев, Гернфельд (Герцфельд), А. Маҳмудов, Шоаҳмедов, Қишчинбоев, Абдул Бадин, Камол қози, Ўразаев, Тиллаев, Каримбоевлар бор эди. М. Чўқаевнинг таклифига биноан бухоролик (самарқандлик) вакил, таниқли арбоб Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам ҳайъат таркибига киритилди. Бу таклифни мажлис аҳли олқишлар билан қарши олди.

Қурултойнинг кун тартиби тасдиқланди. Кун тартибидаги масалалар орасида қуйидагилар бор эди:

1. Ўлканинг бошқарув шакли ҳақида. 2. Туркистон Мухториятини тузиш тўғрисида. 3. Туркистон Мусулмонлар Кенгашини қайта сайлаш ҳақида. 4. Туркистон Таъсис мажлисини ўтказиш. 5. Туркистоннинг «Казак қўшинлари, тоғли Кавказ ва эркин саҳройи халқлар жануби-шарқий Иттифоқига» аъзо бўлиши ҳақида. 6. Халқ милициясини тузиш. 7. Молиявий ишлар ва бошқа масалалар.

Изоҳ: 5-пунктда кўзда тутилган иттифоқ 1917 йил 20 октябрда тузилган эди. Унга кўра казак аскарлари, Кавказнинг тоғли халқлари ва чўлларнинг эркин миллатларидан ташкил топган бўлиб, Россияни халқчил федератив жумҳуриятга айлантириш мақсадида вужудга келган («Свободный Самарканд», 6.XII.1917). Шартномада Туркистонга буғдой етказиб бериш ва ва бошқа товар айрибошлаш масалалари ҳам бор эди. Бу эса Туркистонга яқинлашиб келаётган очарчиликни даф қилишда муҳим стратегик аҳамиятга эга эди.

Кун тартибига киритилган масалаларни муҳокама қилишда Туркистонни «Шарқий-жанубий иттифоққа» кириши масаласи бирмунча мунозарали бўлган. Атаман Дутовнинг вакили олиб келган шартнома лойиҳасига айрим вакиллар қарши чиқдилар. Улар тузилажак Туркистон Мухториятининг ана шу шартномага кирмаслигини ёқладилар. Шунга қарамасдан шартнома қабул килинди. («Вақт», 1917 йил 2 декабрь). Уч кун давом этган қурултойда жуда қизғин мунозара ва тортишувлар бўлган. Тошкент Шўролар ҳукуматидан вакил бўлиб келган П. Г. Полторацкий қурултойда нутқ сўзлади. У ўз нутқида тузилажак Мухториятга қарши чиқди ва қарши гапирди. Унинг нутқи қурултой қатнашчиларининг бирортасига ҳам таъсир этмади.

27 ноябрдан 28 ноябрга ўтар кечаси Туркистон Умуммусулмонлар қурултойининг қарори ўқиб эшиттирилди. Карорда, жумладан шундай дейилган эди: «Қурултой Туркистонда яшовчи миллатларнинг иродасини ифодалаб, Улуғ Русия инқилоби ваъда этган ўз тақдирини ўзи ҳал этиш негизида, Федератив демократик Русия жумҳурияти асоси узра, Туркистонни территория жиҳатдан мухторият шаклида белгилашни топширди», «Туркистонда яшовчи миллий озчилик ҳуқуқлари ҳар томонлама муҳофаза этилади».

Қурултойда давлат тузилмаси масаласи муҳокама этилиб, унда Туркистон Мухторияти деб белгилашга келишиб олинган эди. Қурултойнинг 20 ноябрь кунги мажлисида Туркистон Мухторияти эълон қилинди. Таъсис Мажлиси чақирилишига қадар бутун ҳокимиятни Туркистон Вақтли Кенгаши ва Туркистон Халқ Бошқаруви қўлида бўлади, деб қарор қилинди. Туркистон Муваққат Шўроси – Туркистон Республикасининг таркиби тузилиб, унинг аъзолигига 34 киши сайланди. Кенгаш илгари Туркистондан Бутунроссия Таъсис мажлисига юборилган вакиллар сонига қараб белгиланди.

Туркистон Мухторияти ҳукумати таркибига – миллат мажлисига 54 киши сайланди. Сайланганлардан учдан бир қисми оврўполик вакилларга ажратилди. «Ҳуррият» рўзномасинииг 1917 йил 1 ва 5 декабрь сонларида қарор матни, ҳукумат таркиби ва умуман қурултой ҳақидаги ахборот зълон қилинган.

Сайланганларнинг 36 нафари мусулмон ва 18 нафари ғайри-мусулмонлардан (оврўполилар умумий аҳолининг 7 фоизини ташкил этган) сайланган. Булар орасида мусулмонлардан М. Беҳбудий (Бухоро), У. Хўжаев, Носирхон тўра, Абдуқодирбек Қўшбегиев, И. Шоаҳмедов, Ҳ. Юрғули-Оғаев, А. Маҳмудов, Ашурхўжа, Д. Қорабеков, А. Ўразаев, М. Мирзааҳмедов (Фарғона), Муҳаммад Тинишбоев, И. Давлетшин (Еттисув), Ўроз Сардор (Туркманистон), Мустафо Чўқаев (Қозоғистон) Ш. Лапин, С. Бойсаидов, Т. Норбўтабеков, С. Миржалилов, И. Губайдуллин, К. Ҳожинов, С. Шарифхўжаев (Сирдарё), А. Абдусалимов, С. Герцфельд, А. Дербисолин, М. Оқчурин, Мансуров (Самарқанд). Л. Ширинский, F. Мусабоев, О. Шокирхонтўраев, К. Раҳмонбердиев, А. Умаров, С. Юсупов (Каспий бўйидан) ва бошқалар.

Мана шу ўн саккиз ўрин ичида социал-демократлар, дашноқцутюн (арман), эсэрлар, украин, поляк, яҳудий (маҳаллий ва оврўполи), темир йўлчилар иттифоқи каби сиёсий партиялар ва бошқа ташкилотларнинг ҳам вакиллари бор эдилар. Шунингдек, улар орасида Намангон, Андижон, Скобелев (Фарғона), Тошкент каби шаҳарлардан келган вакиллар ҳам бор эди. Оврўполиклар ичида Потеляхов, Вадьяев, Герцфильдлардан ташқари ҳукумат ичида адвокат Ненсберг, Тиц (Андижон) кабилар ҳам иштирок этдилар.

Туркистон Мухторияти Муваққат Миллат мажлисига (парламентга) танланган ана шу  ва бошқа кишилар иштирокида Туркистон Муваққат ҳукумати тасдиқланди ва у қуйидагича тузилди:

1. Муҳаммаджон Тинишбоев – ҳукумат раиси (нозир) ва Ички ишлар нозири (У «Олош Ўрда» (қозоқ) партиясининг раҳбари, Иккинчи Давлат думасининг аъзоси, Туркистон темир йўл инженерлари қўмитасининг аъзоси, касби инженер);
2. Ислом Султон Шоаҳмедов – раис ўринбосари (Умуммусулмонлар Кенгашининг аъзоси, Думадаги доимий ишончли вакил, касби адвокат);
3. Мустафо Чўқаев – Ташқи ишлар нозири (Муваққат ҳукуматнинг Туркистон Қўмитаси аъзоси, Ўлка Мусулмонлар Кенгашининг раиси, касби юрист, адвокат);
4. Убайдулла Хўжаев – Халқ милицияси ва Хавфсизлик нозири (Умумрусия Мусулмонлар Кенгаши Марказий Қўмитасининг аъзоси, касби юрист, адвокат);
5. Ҳидоятбек Юрғули-Оғаев – Ер ва сув ишлари нозири (касби агроном-олим);
6. Обиджон Маҳмудов – Озиқ-овқат ишлари нозири (Қўқон шаҳар думаси раисининг ўринбосари);
7. Соломон Герцфильд – Молия нозири;
8. А. Маҳмудов – Адлия (юстиция) нозири;
9. Чанишев (полковник) – Ҳарбий мудофаа нозири, Бош қўмондон;
10. Саидносир Миржалилов – Хазина Ишлари Нозири ва бошқалар.
(Қаралсин: «Туркестанский вестник», 1917 йил б    декабрь).

Туркистон мусулмонларининг тўртинчи фавқулодда қурултойи ўз йиғилишининг охирги босқичида, яъни 29 ноябрда Myваққат Миллат мажлиси ва Муваққат ҳукумат аъзоларининг муҳофазаси ва дахлсиздиги ҳақида қapop қабул қилди. Қарорда шундай дейилган: «Булардан ҳар бирига қарши зўравонлик бутун ўн миллионли Туркистон халқига қарши таҳқир деб билинади». Қурултой қатнашчилари болшевиклар томонидан тузилган Тошкент қизил ҳукуматининг (ҳибсга олишлари, тинтув ўтказишлари ва ҳ. з.) нотўғри ҳатти-ҳаракатларини қоралаб қарор қабул қилди ва ҳибсга олинган кишиларни озод этишни талаб қилди.

Қурултой сўнгида Бутун Туркистон фуқароларига, сиёсий партияларига, ташкилот, муассаса ва ҳаракатларга қарата уларни аҳиллик, ҳамкорлик, бирдамликка чақирувчи Мурожаат қабул қилинди. Мурожаатда жумладан шундай дейилган: «Занжирлардан бўшағон Туркистон ўз ерининг ҳокими ва ўз тарихининг яратувчисига айланадиган вақт келди!» (қаралсин: «Свободный Самарканд», 6 декабря 1917 г.).

Туркистон Республикаси Мухтор парламенти эълон қилингач, бутун мусулмонлар олами уни севинч ва кўтаринкилик руҳи билан қарши олди. Жойларда уни қўллаб-қувватлашга бағишланган митинглар, йиғилиш ва намойишлар бошланиб кетди. Бу ҳаракатлар шўровий тарихчилар ёзишганидек, норозилик кайфиятидаги чиқишлар эмас, балки унинг тескариси бўлган. Тарихий фактларга мурожаат қилайлик.

Илгари Мухторият ғояларига қарши турган рўзномалар, масалан, «Курьер», «Туркестанское слово» ва бошқалар энди ўз муносабатларини тубдан ўзгартириб, мусулмонларни ўз ҳокимиятларини ҳимоя қилишга даъват этдилар. «Свободный Самарканд» рўзномасида С. Никифоров эълон қилган мақолада: «Давримиз учун муҳим бўлган қурултой қарорлари ушбу чекка миллий ўлканинг ҳаётида янги саҳифа очилганлигини англатади», деб ёзган (қаралсин: ўша газета, 1917 йил 7 декабрь).

30 ноябрь куни Қўқонда мусулмон меҳнаткашларининг кўпминг кишилик намойиши бўлган. Унда мусулмон ҳукуматини ҳимоя қилишга қаратилган қасамёд қилинган. «Туркестанский вестник» рўзномасининг хабар беришича, Тошкентнинг Жомеъ масжидида жуда катта митинг бўлган. Унда «Нотиқлар ҳаяжон ва кўзларида ёш ила янги ҳаёт бошланиши ҳақида сўзлаганлар» (қаралсин, ўша рўзнома 1917 йил 8 декабрь). Митинг иштирокчилари Мухториятга ёрдам бериш учун жамғарма йиғишга ҳам қарор қилдилар. Митингда Мухторият ҳукумати раҳбариятининг имзоси билан эълон қилинган Мурожаат ўқиб эшиттирилганда ҳамма йиғлаган.

«Туркестанские ведомости» рўзномасида Сталин-Ленин имзолаган «Русия ва Шарқнинг мусулмон меҳнаткашларига хитобнома» эълон қилинди. Худди шу кунларда Тошкент Шўролар ҳукуматининг раҳбари Ф. Колесовнннг фармонига биноан Тошкент шаҳар думаси тарқатиб юборилди. 6 декабрь куни бундан норози бўлганларнинг Тошкентда митинги ўтказилади. Митингда Туркистон Мухториятининг Муваққат ҳукуматини қўллаб-қувватлашга қаратилган қарор қабул қилинди. Унда шундай дейилган: «Комиссар Колесовнннг шаҳар думасини тарқатиш ҳақидаги буйруғини тинглаб, йиғилиш бир овоздан мазкур ғайриқонуний буйруққа қарши қизғин эътироз билдиради. Модомики, шаҳар думаси умумий, тенг, бевосита ва махфий овоз бериш йўли билан сайланган бўлиб, Тошкент шаҳрида якка-ягона халқчил, демократик ташкилот ҳамда 300 мингли шаҳар нуфусининг хоҳиш-иродасини асл ифода эта билувчи муассасадир. Дума аъзоларига ўз ишларини давом эттириб, уларни сайлаган халқ ҳимояси ва муҳофазаси остига ўзларини топширишни белгилайдилар» (Туркестанский вестник», 8 декабря 1917 г.).

Тошкент шаҳар думасининг охирги ёпилиш йиғилишида депутат Ибнямин Ёнбоев сўз олиб шундай деган: «Ҳозирги ҳокимиятнинг (ran Колесов раҳбарлик қилаётган Кизил ҳукумат устида бораётир – Й. Қ) тан олинган демократлиги даргумон. Ушбу ҳокимият мусулмонлар номидан гапириши қип-қизил ёлғон... Мазкур ҳокимиятнинг асл кучи тўп ва пулемётлардир. Лекин биз, мусулмонлар бу кучдан қўрқмаймиз. Бизда ўзга куч мавжуддирки, бу куч руҳимиздир. Тарих ушбу сохта ҳокимиятнинг амалини қоралайдиган вақт, албатта келажак!» («Туркестанский вестник», 9 декабря 1917 г.)

Раҳмат Сизга Ибнямин бобо! Худо раҳматига олган бўлсин руҳингизни! Сиз бундан 75 йил муқаддам бугунги дориломон кунларимизга – Мустақиллик кунимизга тирик етиб кела олмадингиз. Аммо Сиз бу кунларни олдиндан кўра билгансиз. Тарих ва давр тақозоси билан бугун биз Колесов ҳукуматининг жирканч моҳияти ва мақсадини очиб ташловчи фактларга мурожаат қилиб, Сиз кўрган ва биз ҳужжатлар орқали таниш ҳокимиятнинг мусулмонларга – туб туркистонлик аҳолига нисбатан амалга оширган қора ишлари ва ниятларини ўрганишга муяссар бўлаётирмиз. Бу ҳақдаги тарихий ҳақиқатни ҳаммамиз билишимиз шарт, азиз ватандошлар!

(Давоми бор)

“Ҳилол” электрон журналидан

 
Кўнгил даъвати
19.05.2013 12:36    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Бугун шонли тарихимизга назар ташлар эканмиз, ғариб ва паришон кунлар орасида кўнглимизни тоғдек кўтарадиган замонлар аксини ҳам кўрамиз. Дунё аҳлига муаллим бўлган, бугунги замонавий илм-фаннинг таъмал тошини қўйган, соф инсоний маданият таълимотини яратган улуғларимиз, юртнинг шаъну шавкатини юксалтирган жаҳонгирлар, фотиҳлар кўз ўнгимизда бир-бир намоён бўлади. Тарих қатидаги бу нурли кунлардан кўнглимизга ғурур ва ифтихор ҳислари кўчади.
Аслида қўлга киритилган бу ютуқ ва муваффақиятларнинг бир сири бор эди. Бу — аждодларимиз ғоясининг манбаи имон эди. Улар ўзига боғланганларни ботқоқликдан тортиб чиқарадиган халоскор риштани, инсон ақли ўйлаб топган ҳар қандай ...изм-пизимлардан устун бир ҳаёт низомини тўғри топган эдилар. Бу низомнинг ҳар бир жумласида инсон ҳақлари, ватан ва миллат манфаати муҳофаза қилинганди. Бу ғоя ўчирмоқчи бўлиб пуфлаганинг сайин яна-да ловуллаб ёнадиган бир олов эди. Унда миллий ва диний, руҳий ва жисмоний, моддий ва маънавий ҳаёт изчиллик билан қамраб олинганди. Мана шу дастуриламал миллатимизни тараққиёт пиллапояларидан дунё саҳнасига олиб чикди. Бугун ҳамма жойда — Осиёда, Африкада, Европа ва Америкада ана шу тараққиётнинг нишоналарини кўришимиз мумкин. Ахир бугун Ибн Сино деса ким танимайди? Ал-Хоразмий бўлмаганда инсоният яна қанча вақт санокдан адашиб юришини бугун ҳеч ким билмайди Замахшарий бўлмаганда араблар ўзларининг грамматикасини ўзлаштиролмасликларини бот-бот тан оладилар. Аммо бир аламли жойи бор: гарчи бугунги тараққиёт дарахтининг илдизлари бизнинг заминда бўлса-да, бошқа ўлкаларда мева берди. Бунга ҳеч ким айбдор эмас, ҳаммасига ўзимиз айбдормиз. Асрлар ўтиши билан асл маслакдан узоқлашиш бошланди. Кишилар бир-бирларининг ҳақларига риоя қилмай қўйдилар. Маънавий хасталик бошланди. Жоҳиллар жасур бўла бошлади. Бу эса душманларимиз учун айни муддао эди. Улар бизни ўзимиздан ҳам яхши билишарди. Куч-қудратимиз ва маънавиятимизнинг асл манбаи уларга жуда яхши маълум эди. Шунинг учун ҳам улар даставвал эътиқодимизга ҳужум қилишди. Имонимизни заифлаштириб, бизни руҳан чўктиришга бошлади. Улар бизнинг дин ва имон атрофидаги жипслигимизни парчалашни, қудратимизни заифлаштиришни, азму шижоатимизни синдиришни, асл мақсадимиздан оғдиришни, йўлдан озиб, бекорчи нарсалар билан овунишимизни хоҳладилар. Уларнинг хоҳишлари амалга ошди. Имон заифлашди. Оммавий лоҳаслик ва лоқайдлик бошланди.
Тарихни варақлаймиз... "XIX аср ўрталарида бошланган рус истилоси пайтида нафақат аҳолиси қаршилик кўрсатган шаҳар ва қишлоқлар, балки масжид ва мадрасалар ҳам тўпга тутилди. Чор ҳокимиятидан кейин тарих саҳнасига чиқиб, ер юзининг олтидан бир қисмини идора қилган большевиклар эса шу ваҳшийликни ўзларига хос изчиллик билан давом эттириб, меъморий ҳамда диний-маърифий обидаларни вайронага айлантирдилар".
"1873 йилнинг 29 май куни босқинчиларнинг ҳарбий юришлар ва қирғинбаротлар оловида тобланган кўпсонли қўшинлари хонлик пойтахти Хива қалъасига бостириб кирди, муқаддас жойларни оёқ ости қилди, асосий зарба диний ва миллий қадриятларга қаратилди".
Ўшанда Хива қалъасига 40 дан ортиқ замбаракдан масжид-мадрасаларга, мақбара ва минораларга қарата тўп отилган. Шаҳарнинг айни кунларда ҳам кишининг ақлини шошириб қўядиган даражадаги салобатли Жума масжиди тўпга тутилаётган пайтда масжид минорасида азон овози янграётган экан. Бу — кўнгилга тажовуз эди. Зеро, асл қудрат кўнгилдадир.
Нима бўлганда ҳам бизнинг миллий маслакларимиз, орзуларимиз парчаланиб кетди. Душманлар ичимиздаги ғофиллардан унумли фойдаландилар. Уларга бири-биридан хатарли имтиёзлар беришди. Замонлар келди, бу "имтиёзли"лар миллатимиз эътиқодини бутунлай йўқотиш йўлида кўп қаҳрамонликлар кўрсатишди. "Худони кўрсат, отаман!", деб осмонга ўқ узган бадбахтлар ҳам шулар эди. "Камсомол камсомолга ҳалол", деб никоҳсиз оилалар барпо қилганлар, отасига жаноза ўқиганни сазойи қилганлар ҳам шулар эди.
Отам ҳикоя қилади: "Буғдой ўрими авжига чиққан кунлар эди. Моҳи Рамазон бошланиб қолди. Саратон иссиғи ёндираман дейди. Айни кун тиккага келган пайтда узокдан раиснинг машинаси кўринди. Комбайннинг соясида гурунглашиб ўтирган йигирма чоғлик ўримчилар бирдан хушёр тортдик. Машина рўпарамизга келиб тўхтаб, раис билан яна икки нафар шляпали нусха тушди. Келганлар билан бир-бир қўл бериб куришдик.
— Ким рўза тутган? — деди шляпалардан бири қовоғини солиб.
Раиснинг ишораси билан "ҳеч ким" деб бош ирғадик биз ўримчилар. Шунда шляпанинг иккинчиси сояда турган кўзачани олди-да, .ёнида турган шофёрга узатди.
— Қани, бошла!
Шофёр ҳаммага бир-бир сув ичира бошлади. Ичимизда тўрт-беш нафар рўзадорлар бор эди. Азбаройи қўрққанидан улар ҳам ичиб юборишди.
— Энди раисга бер! — деди шляпалардан бири.
— Раис бува, узр энди, биласиз, бу партия топшириғи!
Раиснинг ранги қув учди. Раис асли илм-маърифатли кишиларнинг зурриёди эди. Биз яхши билардик, у киши ҳеч қачон рўзани тарк қилмасди. Раиснинг қўллари титраб шофёри узатган кўзачани олди. Унинг кўзларидаги ғилт-ғилт ёшни ҳаммамиз кўриб турардик. Раис кўзачадан бир қултум сув ичди-да, индамай машинага кириб ўтирди".
Не ажабки, бу "шляпалар" ҳам ўзимизники эди. Улар ўз ичимиздан мафкуравий, эътиқодий ва маданий курашлар учун танлаб олинган қуллар эди. Аммо тарих гувоҳ: эзгуликни енгиб бўлмайди! Ўша раиснинг кўз ёшлари беҳуда кетмади. Бир аср аввал Хивадаги Жума масжидида, оловлар халқасидан чиқиб кўкка ўрлаган нидо Яратган зотга етиб борди. Муҳташам тарих зарварақларида яна нурафшон кунларимиз кўрина бошлади.
Ҳа, озодлик тасодифлар маҳсули эмас. Негаки, мўйсафид тарих саҳифасининг қайси қаторида озодлик ҳақида ёзилган бўлса, албатта унинг давомида курашлар ва қурбонлар ҳақида ҳам ёзилган. Ҳуррият ҳеч кимга, ҳеч қачон, ҳеч қаерда совға қилинган эмас.
Истиқлолга эришгач, биз яна эртанги кунимиз равнақини тикланажак тарих тимсолида кўрдик. Не тонгки, бу йўлдаги саъй-ҳаракатларимиз бугун ўз самарасини беряпти. Дунё машҳурларидан бири: "Агар ғафлатда ётган халқни уйғотмоқчи бўлсанг, даставвал унинг тарихини уйғотгин", деган эди. Бутун тарих уйғонди. Унинг чанг босган саҳифаларида боболаримиз шижоати ҳам қўшилиб уйғонди. Ана шу шижоат бугун бизнинг қалбларимизга-да, билакларимизга-да кўчяпти.
Бироқ бир ҳақиқатни унутмаслигимиз керак: ҳали уруш тугагани йўқ. Бўйсундириш шоуси ҳамон давом этмоқда. Бу "катта ўйин"нинг услублари ўзгарган, холос.
Бу шундай услубки, эндиликда бировнинг ватанига қурол кўтариб бориш шарт эмас. Чингизхондек лак-лак черик тўплаш ҳам шарт эмас. Эндиги босқинчилик шинамгина хоналарда ўтириб амалга оширилмоқда. Бутун бошли миллатларни йўқ қилиш, динидан, тарихидан, маданиятидан ажратиш, беҳуда ва бекорчи нарсалар учун миллиардлаб кредитлар ажратиш ва провардида иқтисодий қарам қилиш сингари маккор ўйинлар авжига чиқмокда.
Бу шундай услубки, улар бири-биридан жозибали шиорларни ўртага ташлайдилар. Гарчи ўзлари амал қилмасалар-да инсон ҳуқуқлари ва демократия ҳақида оғиз йиртадилар. Улар авратларини бор бўйига очиб юришни демократия, эркак билан эркакнинг никохдан ўтишини инсон ҳуқуқлари дейдилар. Ана шундай чиркин қутқу билан ўзларига маҳлиё қилмоқчи бўлишади.
Буларнинг ҳаммаси том маънода инсон қалбига тажовуздир. Инсон қалбини бўйсундириш унинг ватанини бўйсундиришдир. Ўз тарихидан, динидан, маданиятидан ажралган инсондан-да хатарлироқ қурол бўлмайди. Бугунги "ўйин"ларнинг энг ташвишли жойи ҳам шунда.
Дарвоқе, биз ҳар доим мустақиллик ҳақида гапирар эканмиз, даставвал унинг яшаш тарзимизга берган имкониятлари хусусида айтамиз. Ваҳоланки, мустақиллик манфаат эмас, мустақиллик - масъулият. Озодлик яшаш учун эҳтиёжгина эмас, балки яшашнинг ўзидир. Озодликка фақат мустақил фикр ва ақлгина эҳтиёжманд бўлади. Ҳурлик заминдаги ҳамма тушунчалардан юксакда туради. Дунёдаги муқаддасликларнинг энг аввали ҳам озодликдир. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, дунёда нимаики муқаддас бўлса, у ҳимояга муҳтож. Модомики, шу муқаддасликдан баҳраманд бўлишни истар эканмиз, уни ҳар ким ўз сўзи ва амали билан ҳимоя қилишга мажбурдир.

Алишер Назар

Янгиланди ( 19.05.2013 12:45 )
 
Буюк фотиҳ
27.03.2013 18:30    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Ҳижрий 1-асрда Ўрта Осиё ҳудудида исломий фатҳларни амалга оширган буюк ислом саркардаси Қутайба ибн Муслим ал-Боҳилий 49-ҳижрий, 669 милодий йилда Ироқда амир ва саркардалар оиласида дунёга келди. Унинг тўлиқ исми Абу Ҳафс Қутайба ибн Муслим ибн Амр ибн Ҳусойн ал-Боҳилийдир. Отаси Муслим ибн Амр Ироқ волийси Мусъаб ибн Зубайрнинг ҳамсуҳбатларидан эди.
Қутайба ёшлигидан от минишни ўрганиб, моҳир чавандоз бўлиб етишди. У болалик чоғлариданоқ қилич ва найзаларга ошно эди. Отда чопишни жуда яхши кўрарди. Бундан ташқари Қутайба болалик давридаёқ илм ўрганишга киришди ва тез фурсатда Қуръонни, фиқҳни ҳамда жанг санъатини мукаммал тарзда ўзлаштирди.
Ироқ минтақаси ўша пайтларда фитна ва инқилоблар ўчоғига айланиб қолган эди. Шунинг учун ҳам Ироққа волий бўлган ҳар бир шахс аҳолининг инқилобий имкониятларидан исломни кенг ёйишда фойдаланар эди. Шу сабабли бу диёр шарқий ўлкаларга жанговар қўшинларни юборадиган ҳарбий база ҳисобланарди.
Қутайба ҳам ўсмирлик чоғларидан бошлаб мазкур ҳарбий ҳаракатларда иштирок эта бошлади. У мазкур юришлар давомида ўзининг нақадар шижоатли жангчи эканлигини, беназир етакчилик қобилияти борлигини намойиш қилди.
Ўша кезларда Қутайба буюк саркарда Миҳлаб ибн Абу Суфранинг назарига тушиб қолди. Миҳлаб, ўз навбатида, қўмондонликни уддалай оладиган, жанг санъатини яхши эгаллаган кишиларни дарров пайқаш қобилиятига эга эди. У Қутайбанинг ҳам келажакда буюк фотиҳ ва қўмондон бўлиб етишишини англаб етди ва Мусъаб ибн Зубайрдан сўнг Ироқ волийлигига тайинланган Ҳажжож ибн Юсуф ас-Сақафийга Қутайбага алоҳида аҳамият қаратиш лозимлигини тавсия қилди. Ўз навбатида Ҳажжож ҳам паҳлавон, шижоатли ҳамда қўшинга етакчилик қила оладиган кишиларни жуда яхши кўрар эди. У Қутайбани ҳар томонлама синаб кўриш мақсадида унга бир нечта муҳим топшириқларни берди. Қутайба эса Ҳажжожнинг топшириқларини керагидан ортиқ қилиб бажариб, унинг ишончини тўлиқ оқлади.
Халифа Абдулмалик ибн Марвон даврида Ҳажжож Қутайбани аввал Рай, кейинчалик Хуросонга волий қилиб тайинлади. Хуросон у пайтларда Ироқ ўлкасининг қўл остида эди. Албатта, Қутайбанинг Хуросонга волий этиб тайинланишида Ҳажжожнинг ҳам катта ҳиссаси бор. Ҳажжож урушдан бошқа нарсани билмайдиган одам эди. Табиатида жангчилик ва қўмондонлик хислати бўлган Қутайба милодий 705 йилда Хуросонга волий бўлди.

Ҳарбий фаолиятининг бошланиши

Қутайбанинг ҳарбий фаолияти ҳижрий 86-йилда бошланди. Чунки бу пайтда Ҳажжож уни Хуросонга волий қилиб тайинлаган эди. Хуросон у пайтларда ҳали фатҳ қилинмаган эди. Хуросонга аввал Миҳлаб ибн Абу Суфра ҳижрий 78-йилдан то 86-йилгача волий бўлган эди. Ҳажжож Шарқ ўлкаларини фатҳ этиш учун Қутайбадан яхшироқ номзодни топа олмади. Шундай қилиб бу муҳим ишга Қутайба масъул этиб тайинланди.
Миҳлабнинг ўзига хос жанг санъати бор эди. Яъни, у душман қўшинига тезкорлик билан қақшатқич зарбалар берар, уларни бир лаҳза ҳам ҳужумни қайтариш мақсадида режа тузишларига ва тўпланишларига имкон қолдирмас эди. Қутайба ҳам Миҳлабнинг тактикаси бўйича ҳаракат қилди. Лекин Қутайбанинг Миҳлабдан ажралиб турадиган бир хусусияти бор эди. У бир ҳарбий амалиётни бажариш олдидан махсус режа тузиб, аниқ мақсад қўйиб, ўша мақсадни амалга оширишга бор куч ва ғайратини сафарбар этарди.

Фатҳлари

Хуросонга волий бўлган Қутайба ўз қўшинига унинг шимолига юришга буйруқ берди. Қўшин Хоразм, Сижистон каби шаҳарларни фатҳ қилди.
Шундан кейин у Самарқандга қараб юрди. Самарқандни бир неча кун қаттиқ қамал қилганидан сўнг шаҳар аҳолиси Қутайба билан катта мол эвазига сулҳ тузишга мажбур бўлди. Самарқанд аҳолиси унинг аскарлари билан қаттиқ жанг қилди. Охир оқибат енгилгач, Қутайба қўшини Бухоронинг сўнгги шаҳри бўлмиш Пойкент тарафга юрди.
Бухоро аҳолиси ўша пайтларда суғдлар деб аталар эди. Қутайба суғдлардан ҳам қўшин тўплаб, Бухорони ҳар тарафдан ўраб олди. Қутайбанинг душман тарафдан яъни, суғдлардан айғоқчилари бор эди. Бухороликлар ўзларининг ҳамшаҳарлари бўлмиш ўша айғоқчилардан кўп мол эвазига Қутайбани бу шаҳардан буриб юборишни илтимос қилдилар. Жосуслар келишувга биноан Қутайбанинг Бухорога киришига халал беришарди. Айғоқчиларнинг сотилганини сезган Қутайба уларнинг ҳаммаларини қатл қилди. Кейин қўшинини Бухорога шижоат билан киришларини қаттиқ тайинлаб, олға юришга ундади. Натижада жуда даҳшатли жанг бўлди. Бухоро фатҳ этилиб, сон-саноқсиз мол-дунё ўлжа сифатида қўлга киритилди.
Кейин қўшин Син (Хитой) тарафга қараб юрди. Син чегарасидаги шаҳарларни бирин-кетин фатҳ қилди. Фатҳ бўлган шаҳарларга жизя солиғи солди. Қашғар шаҳрини ўзининг Шарқ минтақасидаги ҳарбий базасига айлантирди. Бунгача ҳеч ким бу шаҳарга, умуман, Шарқ томонларга келмаган эди.
Шундай қилиб Мовароуннаҳрнинг барча шаҳарлари Қутайбага бўйинсунди. Қутайба бу мақсадга етиш учун 13 йил қўлидан қурол қўймай жанг қилди. Бу орада Валид ибн Абдулмалик вафот этиб, ўрнига унинг укаси Сулаймон ибн Абдулмалик халифа бўлди. Қутайба билан Сулаймоннинг ўртасида аввалдан келишмовчилик бор эди. Унинг халифа бўлганидан Қутайбанинг ғазаби келиб, унга қарши бош кўтарди. Натижада кичкина келишмовчилик катта душманликка айланди.

Қутайба ва турк қабилалари

Араблар Шарқ томонларга илк юришини бошлаган пайтда бу диёрларда асосан икки миллат: сосоний форслар ва турклар яшар эди. Мурғоб дарёси икки миллат ўртасини ажратиб турувчи чегара эди.
Форслар хулафои рошидинларнинг давридаёқ исломга кирган эди. Аммо турклар сон жиҳатидан ҳам, минтақа жиҳатижан ҳам форслардан устун эди. Ўша пайтда турк қабилаларига асосан Мовароуннаҳр турклари, Қорахитой турклари, Кавказ турклари, Болгар турклари, Мўғул турклари кирар эди. Мурғоб дарёсининг шарқидаги ва Мовароуннаҳрдаги туркларнинг исломга киришида Қутайбанинг катта ҳиссаси бор.

Сулаймонга қарши бош кўтариши ва ўлдирилиши

Юқорида айтганимиздек, Қутайба Ҳажжожнинг қўмондонларидан бири эди. Сулаймон Ҳажжожни қанчалик ёқтирмаслигини Қутайба яхши билар эди. Сулаймон халифа бўлганда, Қутайба Ҳажжожга бирор зарар етишидан қўрқди. Чунки, Валид ибн Абдулмалик ўзидан кейин халифаликни ўғлига қолдириб, укаси Сулаймонни валиаҳдликдан бўшатмоқчи бўлганда Ҳажжож Валид тарафида турган ва унинг ёнини олган эди. Шу сабабли Сулаймон Ҳажжождан бу қилмиши учун ўч олиши мумкин эди. Қутайба мана шундан қўрқди ва Сулаймонга қарши юриш бошлади.
Юришдан аввал у Сулаймонга 3 та мактуб юборди. Уларнинг биринчисида янги халифани мансаб билан муборакбод этди ва Абдулмалик билан Валидга қанчалик содиқ ва итоатгўй бўлганини, агар мансабдан четлатмаса, янги халифага ҳам шу тарзда итоатда бўлишини билдирди.
Иккинчи мактубида у ўзининг қилган фатҳлари, ажам подшоҳлари уни қанчалик ҳурмат қилишини, қадри нақадар улуғлигини, қалбларида унга нисбатан ҳурмат билан бирга қўрқув ҳам борлигини, ўзидан олдин волий бўлган Миҳлабнинг яхши ишламаганини ва агар ўша Миҳлабнинг ўғли Язид Хуросонга волий қилиб юбориладиган бўлса, у ҳам яхши иш олиб бормаслигини, уни бу мансабга ўтириб улгурмасиданоқ ағдариб ташлашини айтди.
Учинчи мактубда эса, халифани мансабдан олиб ташлашини билдирди. Бир ишончли кишининг қўлига мактубларни бериб, унга: “Биринчи мактубни олиб борганингда, Язид ҳам ўша ерда бўлса, мактубни халифага бер. Халифа мактубни ўқиб бўлиб, кейин уни Язидга узатса, халифага иккинчи мактубни бер. Агар иккинчи мактубни ҳам ўқиб бўлиб, Язидга узатса, халифага учинчи мактубни ҳам бер. Борди-ю, биринчи мактубни Язидга бермаса, унда қолган икки мактубни уларга кўрсатма, ўзингда сақлаб қўй” деб тайинлади.
Элчи бориб, биринчи мактубни халифага узатди. Халифа мактубни ўқиб бўлиб, Язидга узатди. Элчи иккинчи мактубни халифага тутқазди. Халифа уни ҳам ўқиб бўлиб, Язидга узатди. Кейин элчи учинчи мактубни халифага узатди. Халифа бу мактубни кўргач, ранги ўзгариб, ғазабланди ва Қутайбанинг элчисининг қўлидан тутиб, ўзи билан бир кеча олиб қолди. Кечаси халифа элчини чақириб, унга Қутайбанинг ўрнига Хуросон волийси қилиб тайинлашини айтди.
Бу пайтда Қутайба Сулаймонни тахтдан ағдариш учун ҳаракатни бошлаб юборган эди. Унинг атрофида халифага қарши жуда кўп сонли қўшин тўпланиб, энди юрмоқчи бўлиб турганида, аскарларидан бири бўлмиш Вакиъ ибн Ҳассон Тамимий ҳижрий 96, милодий 715 йилда Қутайбани хоинларча ўлдирди. Шу билан Қутайбанинг халифага қарши юриши бостирилди. Баъзи ривоятларда эса, Қутайба халифага қарши исён кўтармагани, балки айрим мансабпараст ҳасадгўйлар суиқасд уюштириб, Қутайбани ўлдиришгани айтилади. Унинг қабри ҳозирги Андижон вилояти, Жалолкудуқ туманидаги Қиличмозор деган мавзеда жойлашган. 
Аллоҳ таоло юртимизнинг ислом дини билан шарафланишида асосий сабабчилардан бўлган ва беназир хизматлар қилган Қутайба ибн Муслим раҳматуллоҳи алайҳни муносиб тақдирласин.

Нозимжон Ҳошимжон

 
Мирзо Улуғбек даҳрий бўлмаган!
12.04.2013 19:12    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

 Ҳамма нарсани эътиқодсизлик тарозисида тортишга ўрганиб қолинган яқин ўтмишимизда бошқа фан ва маданият арбоблари қатори улуғ ўзбек олими ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек теварагида ҳам бир-бирига хилоф, ноҳақ гап-сўзлар, ёрлиқ ёпиштиришлар кўп бўлган эди. Бугун юрт мустақил бўлди, миллий ва диний қадриятларимиз ўзимизга қайтди. Энди худосизликда ноҳақ айбланган улуғларимиз ҳақидаги асл ҳақиқатни айтиш, замонасозлик қилиб уларга ёпиштирилган айбномаларни олиб ташлаш пайти келди.
Истиқлолгача Мирзо Улуғбек номи диндан юз ўгириб, илм-фан билан шуғуллангани учун реакцион уламолар томонидан тазйиқ ва таъқибга учраган, охири ҳажга юбориш баҳонасида машҳур тасаввуф шайхи Хожа Аҳрор Валий томонидан ўлдиртириб юборилган ҳукмдор сифатида талқин қилиб келинди. Сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун биргина мисол келтирамиз: “Улуғбек шахсий ҳаётида ҳам, сиёсий фаолиятида ҳам ислом дини ақидаларига ёпишиб олган ўз отаси Шоҳрухдан тамомила бошқача йўл тутди. Шоҳрух Ҳиротда дин пешволари билан ўралашиб қолган, ҳар ҳафтанинг жума куни мунтазам равишда масжидга бориб номоз ўқиган, ман этилган базмларни қаттиқ таъқиб қилган бир шароитда Улуғбек Самарқандда олимлар ва шоирлар доирасида бўлиб, кўпинча дин ақидаларига зид иш қилар эди” (“Самарқанд тарихи”, Тошкент, “Фан”, 1971 йил, 1-жилд, 219-бет).
Бу каби тумтароқ сўзларни ёзган муҳтарам олимларимиз  яхши билишар эдики, совет босқинидан олдин бу юртнинг оддий фуқаросидан тортиб энг улуғ ҳукмдоригача Ислом динида бўлган, унинг ақидаларига бўйсуниб яшаган, ҳаётини Қуръон ва Суннат асосига қурган. Масалан, соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари ёшлик чоғида уч йилдаёқ Қуръони каримни тўлиқ ёд олган, ёд олганда ҳам ундан фиқҳий ҳукм чиқара олиш даражасида уни яхши билган. Соҳибқирон намозини канда қилмай ўқиган, рўзасини тутган, ёлғон сўзламаган, ваъдасига вафо қилган, ҳаром нарсалардан буткул юз ўгирган эди. Буни ҳатто дин душманлари ҳам тан олиб ёзишади. Темурийлардан бўлган Мирзо Улуғбек ҳақида ҳам худди шу гапларни айтиш мумкин. Буни юқоридаги китобдан келтирган иқтибосимиз ҳам тасдиқлаб турибди: художўй ва тақволи ҳукмдор Шоҳрухнинг фарзанди аржуманди эътиқодсиз ёки даҳрий бўлиши мумкин эмас!
Устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг бундан йигирма йилча олдин нашр этилган китобларидаги “Аввал ўйла, кейин сўйла” сарлаҳали мақолада шундай жумлалар бор: “Баъзи шахслар эса, аввал динсиз қилиб олиниб, сўнгра маълум чегарада ижобий сифатлар билан баҳоланар эдилар. Бундай шахслар қаторига Алишер Навоий, Ибн Сино, Фаробий, Улуғбеклар киритилган эди... Кечагина “Улуғбек Исломга бутун вужуди билан қарши бўлган, у “дин тумандек тарқалиб кетади”, деб айтгани учун золим Хожа Аҳрор бошлиқ жоҳил руҳонийлар унинг ўлимига сабаб бўлганлар” деб, “илмий ҳақиқат”ни турли восита, ҳатто бадиий асарларда тарғиб қилаётганлар бугун “Улуғбек чин мусулмон бўлган, Қуръонни яхши ёд билган, фиқҳни (Ислом қонунчилигини) аъло даражада ўзлаштирган, шунинг учун ҳам Ислом шариати ила бошқарилган мусулмон давлатга қирқ йил бошлиқ бўлган”, дейишмоқда” (“Жамият кўксига урилган заҳарли ханжар”, 51-52-бетлар).
Мовароуннаҳрнинг атоқли тарихчиларидан Мирхонднинг “Равзатус-сафо” (Покиза боғ) кўп жилдли асарининг еттинчи жилди Мирзо Улуғбек ҳукмронлигининг сўнгги даврларидан 1493 йилгача (Ҳусайн Бойқаро тарихи) бўлган воқеаларни ёритади. Ушбу китобда ҳам Мирзо Улуғбекнинг комил мусулмон бўлгани, шаръий аҳкомларни оғишмай бажаргани, диний уламоларга ҳар жиҳатдан ёрдам кўрсатгани батафсил очиб берилади.
Олимнинг болалик йиллари ҳақида гапирганда тарихчилар ёш Улуғбек ҳамиша бобоси Амир Темурнинг диққат-эътиборида бўлганини ёзишади. Темур бутун муҳаббатини ва эътиборини ана шу зийрак, илмга ташна набирасига қаратди, унибилимдон ва тажрибали мураббийлар тарбиясига топширди. Эрта хат-саводини чиқарган, Аллоҳнинг Каломини тўлиқ ёд олган болакай машҳур олим ва шоир шайх Ориф Озарийнинг тарбиясига топширилди. Улуғбек ёш бўлишига қарамай, давлат ишларига ҳам жалб қилинди, давлат кенгашлари ва қабул маросимларида ҳамиша бобоси Темурнинг чап томонида ўтирар эди. Буни Кастилия (Испания) қиролининг Самарқандга келган элчиси Рули Гонсалес де Клавихо ҳам таъкидлаб ўтган.
Абу Тоҳирхожа Самарқандийнинг “Самария” асарида Мирзо Улуғбекнинг ҳаёти ва унинг Самарқандда муҳташам мадраса ва жомеъ масжиди қурдиргани ҳақида батафсил сўз юритилади: “Улуғбек Амир Темурнинг набираси, Шоҳрух мирзонинг тўнғич ўғлидир. 796 ҳижрий, якшанба куни жумодил-аввал ойининг ўн тўққизинчисида туғилгандир. Шоҳрух мирзо отаси Амир Темур Кўрагоннинг ўлимидан беш йил кейин Ҳиротдан Самарқандга келиб, Мироншоҳнинг ўғли, ўз биродарзодаси Султон Халилни Самарқанд тахтидан тушириб, ўз ўғли Улуғбекни ўтқазди (аслида у ишқий можароларга ўралашиб қолган шоир Султон Халилга тахтни муносиб кўрмай, ўғлига топширган). Улуғбек хонлигидан ўн олти йил кейин ҳижрий 823 да мадраса солдирди (Саййид Роқим ўз китобида ушбу мадрасанинг 828 йили қурилганини ёзади). Бобур мирзонинг ривоятига кўра, Улуғбек ўз мадрасасининг жанубида “Муқаттаъ” номли бир масжид ҳам солган. Мадраса битгач, Улуғбек унга ўз даврининг улуғ олими Қозизода Румийни бош мударрисликка тайинлади, ушбу мадрасада дарс беришга мавлоно Муъиниддин Кошоний, мавлоно Али Қушчи, Саид Имомуддин, Хожа Фазлуллоҳ Абу Лайсий каби забардаст олимлар таклиф этилди. “Бобурнома”да шундай келтирилади: “Улуғбек Мирзонинг иморатларидан Самарқанд қалъасининг ичида мадраса ва хонақоҳдир. Хонақоҳнинг гумбази бисёр улкандир, оламда онча гумбаз йўқ деб нишон берурлар... Яна бу мадрасанинг жанубида бир масжид солибтур, “Масжиди Муқаттаъ” дерларким, қитъа-қитъа йиғочларни тарош қилиб, ислимий ва хитоий нақшла солибтурлар...” Хўш, Самарқанддай улкан салтанат пойтахтида мадраса ва масжид қурдиган, ўзи ҳам унда талабаларга сабоқ берган олим қандай қилиб даҳрий (худосиз) бўлиши мумкин?
Мирзо Улуғбек милодий 1448 йили Машҳадда уюштирилган бир илмий мажлисда ўша даврнинг машҳур тилшунослари Садриддин Раддос ва шайх Ориф Озарийлар билан араб тилининг фасоҳати ва балоғати борасида мунозара олиб борганининг ўзиёқ Улуғбекнинг жуда кўп исломий билимлардан яхши хабардор бўлганини кўрсатади. Атоқли муаррих Муҳаммад Ҳайдар ўзининг машҳур “Тарихи Рашидий” асарида Мирзо Улуғбекнинг даврининг етук риёзиёт ва фалакиёт олими бўлиш билан бирга йирик тарихчи бўлганини ҳам айтган. У, жумладан, шундай деб ёзади: “Мирзо Улуғбек тарихнавис донишманд эди. “Тўрт улус (тарихи)”ни ёзиб қолдирган эди”. Тадқиқотчиларнинг фикрича, “Тарихи арбаъ улус” китоби туркларнинг афсонавий ота-боболари ҳисобланган Туркхон ибн Ёфасдан то Амир Темур вафотигача тўрт улусга (Жўжи, Чиғатой, Ҳалоку ва Улуғ улуслари) қарам бўлган мамлакатларда содир бўлган воқеалар ҳақида сўз юритади.
Аслида ўша пайтда Улуғбекнинг фожиали ўлимига сабаб бўлган бир неча вазиятлар юзага келган эди. Булардан бири ва энг асосийси, Улуғбек давлат арбоби ва саркардаликдан кўра илмни афзал кўрган кўнгилчан бир ҳукмдор эди. Ўз-ўзидан равшанки, бу нарса Темур авлодлари бўлмиш жангари шаҳзодаларга ва урушсиз туролмайдиган саркардаларга ёқмас, улар хассос ва шоиртабиат Улуғбекни унча хушламас эдилар.
Темурий салтанатнинг охирги йирик вакили Шоҳрух мирзо вафотидан кейин эса ўзаро уруш ва можаролар кучайиб кетди. Шоҳрух ўзидан кейин набираси Абдуллатифни тахтга ўтқазишни истарди. Аммо подшоҳнинг хотини Гавҳаршодбегим давлат ишларига аралашиб, бошқа бир невара Алоуддавлани ҳукмдор қилмоқчи бўлди. Оқибатда салтанат тахтини эгаллаш даъвосида юрган Муҳаммад Султон, Абулқосим Бобур, Алоуддавла ва Улуғбекнинг ўғли Абдуллатиф ҳукмдорга қарши тиш қайрай бошлашди. Салтанат тахтига Шоҳрухнинг набираларидан кўра ҳақлироқ бўлган Улуғбек ўғли Абдуллатиф билан бирлашиб, Алоуддавлани Ҳиротдан қочишга мажбур этади ва Шоҳрухнинг пойтахтини эгаллайди.
Бироқ тахт илинжида ёнган Абдуллатиф Улуғбек душманларининг иғвоси билан отасига қарши исён кўтарди ва Абулқосим Бобур билан тил бириктириб отасига қарши иттифоқ тузди. Хоин Абдуллатиф азиз отасининг ҳаётига чанг солди ва унинг табиий илмларга рағбати устунлигидан норози бўлиб юрган мутаассиб руҳонийлардан “диндан чиққан” Улуғбекни ўлдириш ҳақида фатво ёздириб олди. Ваҳоланки, Улуғбек ҳокимиятни Абдуллатифга топшириб, умрининг қолган қисмини илмга бағишлаш ниятида Самарқандга бориб, ўзини ўғлига топширганини Давлатшоҳ Самарқандий ва “Тарихи Абулхайрхоний” муаллифи Масъуд ибн Усмон Кўҳистонийлар ёзиб қолдиришган.
Улуғбекнинг ўлими тафсилотлари ҳақида улуғ муаррихлардан Абдурраззоқ Самарқандий шундай ёзади: “Мирзо Абдуллатиф соҳибқирон хон (Чингизхон) юсунини кўрсатиб ҳаммага амр қилдики, хон (Абдуллатиф Чиғатой наслидан бўлган Муғлуқ исмли бир кимсани номига хон қилиб қўйган эди) олдида тиз чўкиб, “Мирзо Улуғбек менинг фалон кишимни ғайриқонуний равишда ўлдирган, унинг хунини талаб қиламан”, деб арз қилинглар”. Ана шундайлардан бири Сундус қабиласидан бўлган Аббос исмли шахс хон олдида тиз чзкиб, Улуғбекдан қачонлардир катта жиноят қилгани учун қатл қилинган отасининг хунини талаб қилди. Абдуллатифнинг кўрсатмаси билан хон Аббоснинг илтимосини қондирди ва у тунда ҳаж қилиш учун Маккага жўнаб кетган Улуғбекнинг кетидан қувиб етиб, уни Самарқанд яқинида хоинона ўлдирди. Бу фожиали воқеа, Мирхонднинг айтишига қараганда, ҳижрий 853 сана саккизинчи рамазонда содир бўлди.
Қолаверса, диний уламоларнинг жоҳил, янгиликка қарши, мутаассиб қатлами ҳам фалакшунослик ва риёзиёт каби илмларга “муккасидан кетган” Улуғбекни ёқтирмаслиги ҳам ҳақиқат эди. Ваҳоланки, диний ва дунёвий илмлар ўртасига хитой девори қуриб оладиган, суриштириб ўтирмай ҳар қандай тараққиёт янгилигини ҳаромга чиқарадиган бундай жоҳиллар Улуғбек замонидан олдин ҳам, кейин ҳам етарлича топилган. Аммо Хожа Аҳрор Валийдай улуғ мутасаввифнинг, Аллоҳнинг дўстларидан деб тан олинган кароматли шайхнинг Улуғбекнинг ўлимига ҳеч қандай алоқалари бўлмаган. Бу тарихий мудҳиш ҳатони тузатиш йўлида катта изланишлар олиб борган самарқандлик тадқиқотчи, Хожа Аҳрор Валийнинг авлодларидан Комилхон Каттаев “Хожа Аҳрор Валий ва Мирзо Улуғбек муаммолари” деган махсус рисола ёзиб, 2004 йили Самарқандда чоп эттирди. Келинг, ана шу илмий асарнинг мавзуимизга оид айрим ўринлари билан танишиб чиқайлик.
Комилхон Каттаевнинг ёзишича, “Хожа Аҳрор Валий билан Мирзо Улуғбек ораларини дастлаб академик Бартолд бошлиқ шарқшунослар бузган бўлса, кейинчалик ўзимиздан чиққан олимлар давом эттиришди. Ўзбекистон Фанлар академиясининг биринчи президенти Тошмуҳаммад Қори-Ниёзий 1951 “Астрономическая школа Улугбека” номли монографиясида ҳазрати Хожа Аҳрорни Мирзо Улуғбекнинг ўлдирилишда айблайди. Академикнинг бу фикрига ушбу сатрлар муаллифининг бобоси Каттахонхожа Даҳбедий (1868 – 1969) қарши чиққан эдилар... (Хожа Аҳрор Валий у кишига она томондан катта бобо эдилар). Каттахонхожа Эшон бу асарни Ислом динига ва маърифатга қарши янги фитна деб тушуниб, ўша заҳоти Ўзбекистон Фанлар академиясига ва унинг раҳбарига хат жўнатадилар ҳамда академик жуда катта тарихий хатога йўл қўяётганини изҳор этадилар. Буни далиллаш учун тошкентлик катта олимларни Даҳбедга таклиф этадилар”.
Рисолада ёзилишича, “Собиқ Иттифоқ тарихчилигида бу муаммони ўрганишда жуда кўп чалкашликларга йўл қўйилган. Аввало, Хожа Аҳрор ва Мирзо Улуғбек бир-бирлари билан учрашишмаган. Хожа Аҳрор халққа танилганидан кейин Самарқандга биринчи марта милодий 1450 йили келган (1427 йили оз муддатга ўқишга келган, аммо шаҳардаги мадрасаларнинг минглаб талабалари ичида ёш Убайдуллоҳнинг ҳукмдор Улуғбек билан шахсан таниш бўлиши эҳтимолдан йироқдир). Бу пайтда Мирзо Улуғбек ҳам, унинг падаркуш ўғли Абдуллатиф ҳам ҳаётда йўқ, ҳокимият Улуғбекнинг куёви ва жияни Абдуллоҳ мирзо қўлида эди. Шу далилнинг ўзи ҳазрати Хожа Аҳрорнинг Улуғбек фожиасига умуман алоқалари бўлмаганини исботлаб турибди”.
Комилхон Каттаевнинг фикрича, совет шарқшунослари ўйлаб топиб, кейин зўр бериб алангалатган бу уйдирмани ўзбек олимлари ҳам қўллаб, Хожа Аҳрорга туҳмат қилиш бобида мустамлакачиларни ҳам ортда қолдириб кетишади. Муаллиф ўз рисоласида шундай ёзади: “Русиялик А. Болдирёв, тожикистонлик Аълохон Афсадзод каби олимлар мустабид тузум даврида ҳам Хожа Аҳрор ҳақларида ҳақиқатни ёзишга ҳаракат қилишгани ҳолда баъзи юртдошларимиз бу валий зотни “тараққиёт душмани”, “Улуғбекка қарши чиққан шахс”, “реаксион дин арбоби” сифатлари билан китоблар ёзишган эди. Яна бир катта инсофсизлик шуки, айримлар Улуғбекнинг қатлини унинг расадхона қурдирганию фалакшунослик илми билан шуғулланганига боғлашади. Бу даъвода ҳам ҳеч бир асос йўқ! Динимиз, айримлар зўр бериб истаганидай, илм-фанга, тараққиётга зид эмас. Мирзо Улуғбек ҳам ҳеч қачон ғайридин бўлмаган, беш вақт намозини канда қилмаган, асарларида Ислом дини ва ақидасини ҳамоя этган зотдир. Бунинг устига мусулмон оламида Улуғбекдан олдин ҳам, кейин ҳам фалакиёт билан шуғулланилган, расадхоналар қурилган. Энг қизиғи, Хожа Аҳрор қурдирган ва Сўзангарон кўчасида жойлашган мадрасанинг деворига туташ ҳовли Улуғбекнинг энг яқин шогирди мавлоно Али Қушчига тегишли бўлган. Бу аллома устози Улуғбек вафотидан кейин яна йигирма икки йил мобайнида шу ҳовлисида тинчгина яшаб ижод қилган”.
Ўзимиздан яна шуни қўшимча қиламиз: Али Қушчининг Ислом оламида мартабаси шунчалик баланд эдики, тахт учун уруш-можароларидан тўйиб, ватанини тарк этган олим умрининг охиригача Туркиядаги Аё-София жомеъ масжиди қошидаги мадрасада бош мударрис бўлди ва Истанбулда вафот этганидан сўнг мусулмонларнинг табаррук зиёратгоҳи – Абу Айюб Ансорий қабристонида дафн этилди.
Хулласи, узоқ йиллар мобайнида Мирзо Улуғбекка ноҳақ тақилган даҳрийлик тамғасини олиб ташлаш, унинг ўлимида Хожа Аҳрор Валийдай табаррук зотни айблаш каби туҳматларга чек қўйиш пайти келди. Айрим замонасоз олимлар ёзиб келганидай Мирзо Улуғбекнинг ўлимига Ислом дини ҳам, Хожа Аҳрор Валий ҳам сабабчи эмас, балки бу фожиа ҳукмдорнинг айрим кишилар билан шахсий адовати ва тахт учун курашлар натижасидир. Бунга исбот-дадил ахтариб юришнинг ҳожати ҳам йўқ. Мирхонд, Давлатшоҳ Самарқандий, Абдурраззоқ Самарқандий, Абу Тоҳирхожа, Муҳаммад Ҳайдар, Хондамир каби инсофли тарихчиларимизнинг асарларига холис мурожаат қилинса, кифоя!

Аҳмад МУҲАММАД
"Ҳилол" электрон журналидан

 
Тошкент жадид матбуоти
24.02.2013 18:59    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

( “ТАРАҚҚИЙ”, ”ХУРШИД”, ”ТУЖЖОР” ГАЗЕТАЛАРИ МИСОЛИДА)

Мустақилликка эришганимиздан сўнг миллий меросимизга бўлган муносабат қайта тикланиб, аждодларимиз яратиб кетган бой маданий мерос янгидан ўрганилиб, бу соҳада катта ютуқлар қўлга киритилди. Жумладан, азим ва навқирон Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигини нишонлаш катта тарихий аҳамиятга эгадир.

Тошкент бутун Ўрта Осиё жадидчилик ҳаракати маркази бўлиши билан бирга, энг кўп миллий марифатчилик ғоялари билан суғорилган жадид нашрлари шу маконда чоп этилди.

Ушбу мақолада ёритиш учун “Тараққий”, ”Хуршид”, ”Тужжор”газеталарига, ундаги мақола ва материалларни таҳлил қилиш билан баён қилишга тўхталмоқчимиз.

Хусусан, Туркистонда биринчи жадид матбуот органи “Тараққий” газетаси Тошкент шаҳрида Исмоил Обидов муҳаррирлигида, 1906 йил 27 июндан этиборан чоп этила бошланган. Унинг таҳририяти Ўратепа кўчаси, 97 уйда жойлашган эди. Газета баҳоси бир йиллиги 5 сўм, олти ойлиги 2 сўм 50 тийин, уч ойлиги 1 сўм 50 тийин бўлган, бир донаси 50 тийиндан сотилган. Газета тўрт саҳифада чоп этилиб, унда эълонлар ҳам босилган.Эълонлар газетанинг биринчи саҳифасида сатрига 40 тийиндан, охирги саҳифада сатрига 20 тийиндан босилган. “Тараққий” газетасининг шиори: “Нажот: маслакда сабот, тўғриликда ижобат” деб номланган. Нашр “илмий, адабий, сиёсий, фаний, тижорий” газета бўлганлиги унинг ўзида таъкидлаб кўрсатилади.

“Тараққий” Иван Гейернинг “Тараққий-Ўрта Осиё умргузаронлиги” газетаси маблағи асосида чоп этилган. Машҳур маърифатпарвар жадид намоёндаларидан Абдулла Авлоний “Бурунги ўзбек вақтли матбуотининг тарихи” мақоласида “Тараққий” газетаси Иван Гейернинг тўхтолғон газетаси ўрнига чиқди, деса мумкиндир. Унинг обуначиларининг колган ҳаққига

“Тараққий” газетаси юборилди”, деб қайд этилди[1].

“Тараққий” газетаси фаолияти ҳақида кенг тадқиқотлар олиб борган журналистика тарихи мутахасиси, олима Назира Абдуазизова қуйидагиларни ёзади: “....гарчи нашр Иван Гейернинг маблағи ҳисобига нашр қилана бошланган бўлса ҳам, унинг ўз олдига қўйган мақсади аввалги газетадан тубдан фарқ қилган”[2]. “Тараққий”да миллий, ижтимоий-сиёсий, маданий, иқтисодий масалалар кўтарилиб, муштарийларни “мамлакат хабарлари”, ”хорижий хабарлар”, ”телеграф хабарлари”, ”Тошкент ахбори” рукнлари остида янгиликлардан воқиф этиб турган. Газета маърифат манбаларидан саналган китоб, газета учун ҳукуматнинг маблағ ажратмаётгани ва буни унинг ўзи ҳам билиб турганлигини шундай ўхшатиш билан баён этади: “ҳозирда ижтимои, калом, матбуот учун берилган харит(харажат)лар; тушак устида оғзига сув томизилиб турган оғир хастадек эканини тилсиз ва кўр табиблар ҳам тасдиқ этурлар”[3].

Мустамлакачилик тузумидан озод бўлиш ғояси ва миллатни тараққий эттириш масаласи газетанинг бош мақсадларидан эди. Шундай ғоя газетанинг 1-сонидаги “Тошкентда 14-июнь” мақоласида ҳам ўз ифодасини топади. Унда: ”Биз мусулмонларни ҳурриятга ҳақлари борми?”-деб, савол қўйиб, “ Йўқ! Қариндошлар юз маротаба йўқ”- деб жавоб беради. Сабаби маърифатсизлик, илмсизлик ҳукмрон бўлган жамият ҳеч қачон эркинликка эриша олмаслиги таъкидланади. “Тараққий”да миллий жадидларимиз аҳолидан олинадиган солиқлар, юрт ва халқ манфаати учун ишлатилмасдан, “золим ишга ва айш-ишратға” сарфлаётганлигидан зорланаётганлигини билдиради[4].

Газетанинг 1906 йил 3 сонида пивохўрлик ва ичкибозликнинг кенг тарқалиб кетилаётганлигидан хавотирли фикрлар билдирилади. Шунингдек, “Тараққий”да “фельетон” рукни остида маданий-маърифий масалалар кўтарилиб, таълим тизимини ислоҳ қилиш, замонавий фанларни ўқув дастурларига киритиш, ундан ташқари адабий-танқидий мақолалар эълон қилиб борилган. Жумладан,газетанинг 1-сонида ”Бизни жаҳолат жаҳли мураккаб” деб номланган М.Абдурашидхоновнинг мақоласи берилиб, мактаб ва мадраса дарсларига замонавий фанлар киритилишини тарғиб қилади. Газетанинг 10-сонида, шу рукнда берилган мақолада, Тошкент шаҳрининг Воскресенский маҳалласида Фотих Олдин ва Исмоил ал-Алавий мактабларга имтиҳон билан ўқувчи қабул қилганлигини, муаллим Шокир Мухторов ижобий баҳолаб чиқади.

Газета фаолияти жуда қисқа вақт давом этди, аслида нашрнинг ўз олдига қўйган қуйидаги мақсади бор эди: “Биз бир моъни сабабидан газетамиз бироз вақтгача қадимги Тараққий исми ила тасмин қилинуб нашр этилса ҳам иншоолло тез фурсатда “Шарқ” исми ила тасмих қилинур”[5]. Чор Россияси мустамлакачилик тузуми миллий ғоялар тарғиботчиси бўлган “Тараққий” газетасининг нашр этилишини бир неча ойдан сўнг тўхтатиб қўйди. Шундан сўнг ҳам жадидлар матбуот ташкил этишни янада ривожлантирди. Масалан М. Абдурашидхонов муҳаррирлигида “Хуршид” газетасини чиқарила бошланди. “Хуршид” газетаси ”- деб ёзади А. Авлоний, “1906 йили “Тараққий” тўхтолғондан кейин ўша вақтнинг ёшлари томонидан тузилган бир ширкатнинг моддий кўмаги, Мунаввар Қори Абдурашидхоновнинг масъул мухаррирлиги орқасида тош босма усул билан чиқа бошлади”[6], дейди.

“Хуршид” Тошкент шаҳрининг Занжирлик маҳалласида нашр этилиб, ҳафтада бир марта, “тезда икки уч бор чиқадурғон илмий, адабий, сиёсий, маиший, туркча (яъни, ўзбекча) ” газетадир. Бир донаси беш тийиндан сотилган. Газета саккиз саҳифада нашр этилган. Бу газета ҳам худди “Тараққий” каби биринчи саҳифада ўша куни Тошкентда бўлган муҳим хабарни эълон қилиш билан бошланиб, иккинчи бетда фельетон рукни остида мақолалар босиб чиқарган. Газетадаги “Тошкент хабари” , “Ахбори хорижи” , “Ахбори дохилия” каби рукнлар муштарийларни янгиликлардан воқиф этиб турган.

Газета булардан ташқари Туркистон халқлари олдида турган долзарб муоммаларни ечиб, мустамлакачиликдан озод бўлишга интилувчи мақолалар эълон қилади. Маданият ва маърифатни тиклаш унинг бош ғоясига айланади. “Хуршид” таъқиб остида бўлгани учун атига икки ой давомидагина фаолият олиб борди.

Юқоридаги икки газета тақдиридан кўриниб турибдики, мустамлакачилар ўзларининг сиёсатини миллат тараққиётига, маданияти ва ўзлигини англашига қарама – қарши қўяди.

Миллатпарвар фидоий жадидлар мустамлакачилик сиёсати қанчалик тахқирли ва ҳавфли бўлишига қарамай миллат дардини ўз дарди деб билди. Айниқса бу масалада жадидлар миллий матбуотни биринчи даражада ривожлантиришга катта эътибор бердилар. Бунга “Тужжор” газетасининг 1907-йил 21-августда чиқиши яққол мисолдир. Газета мухаррири Тошкентлик соховатли бойлардан бири Саидкарим Саидазимбоев бўлган.

Баҳоси бир йиллиги беш сўм, олти ойлиги уч сўм, уч ойлиги бир сўми олтмиш тийин, бир ойлиги олтмиш тийин, бир нусхаси олти тийиндан сотилган.

Эълонлар газетада аввалги саҳифада сатрига ўн олти тийиндан, охирги саҳифада ўн тийиндан босилган. У “миллий, сиёсий ва маъиший газетаи исломия” эди. Манзили Петербург кўчасидаги хусусий уйда, деб кўрсатилган.

Газетанинг биринчи сонида мухаррирнинг “Матбуот илми” мақоласида, нашр таъсис этилишига оид қуйидаги фикрларни ўқиймиз: “... ўтган йил Исмоил Обидов, Мунаввархон Абдурашидхоновлар Тараққий ва Хуршид газеталарни нашр этсалар ҳам ҳукумат хазораға мухолиф ўлғонлари сабабли газеталари тўхтатилди. Туркистон мусулмонлари бина, дин, матбуотсиз гўё тилсиз, қулоқсиз қолдилар, ман эмас кўп замонлардин бери суюклик миллатимға холис бир хизмат этмак орзусида эдим, лекин на йўл ила яхшироқ хизмат этмак ўлур мумкин деб фикр ва андиша қилмоқда эдим. Эмди билдимки, Туркистон мусулмонлари ҳеч бир нарсага ўз тилларида ёзилмиш бир газета каби мухтож эмас эканлар”[7]. Газета мухаррири С.Саидазимбоевнинг бу дарду аламларга тўла, миллат жароҳатига даҳлдор эҳтиросли сўзлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятига эга.

Ўрни келганда шуни ҳам такидлаш жоизки, жадид матбуотидан қувват олган ҳолда Ўзбекистоннинг бугунги миллий матбуоти ўз саҳифаларида жадидчилик ҳаракати тарихини кенг ёритаётганлиги бизнингча, ўта муҳим аҳамият касб этади. Иккинчи бир маънода, бу жадидлар яратган миллий матбуот жуда катта аҳамиятга эга бўлганлигидан далолатдир.

“Тужжор” газетасида “Хориж хабарлари”, “Телеграф хабарлари”, “Доҳлий хабарлари”, “Идорага мактублар”, “Идорадан жавоблар” каби рукнларда мақолалар эьлон қилинган. Муза хабарлари рукнида, газетанинг 4-сонида шундай маьлумотни беради: “1907 йил 30 августда Тошкент шаҳрида савдогарчилик мактаби очилди”.

Газетанинг 5 сонида Тошкент кўча транспорти ҳақида қуйидаги маьлумотни ёзади: “Тошкент шаҳрида юриб турғон кунги аробалариға ўтган 1902 санада жами уч милюн 277 минг, 62 нафар одам тушубдур ва ҳам ул кунги аробаларини ҳар бири ушбу 1902 йилги санада кунги соҳиблариға ондарик 9 минг сўмдан тоза ҳосил берубдурлар ”. Булардан ташқари газетада яна бир муҳим масала, вабо касалидан эҳтиёт бўлиш ҳақида, Қўқонда тижорат мактаби очилгани ҳақида, ўқув даргоҳларининг қурилиши, очилиши ва улардаги шароитлар ҳақида, ҳамда фельетон рукни остида мақолалар эьлон қилади. Жумладан 11-сонида “Газет надур” мақоласи эьлон қилиниб Бухоро амирлиги ва Хива хонлигида аҳолининг кўпчилиги газета тушунчасидан бехабарлигидан афсусланилади.

Тошкент жадид маьрифатпарварлари 1909 йилдан кейин рус чоризмининг сиёсати туфайли 1914 йилгача ҳеч қандай нашр чиқара олмайди. Юқорида санаб ўтилган матбуот нашрлари мустамлака сиртмоғи ичида ёзилган бўлса ҳам, эркин фикрлар, ҳурриятни ифода этувчи ғоялар,илм маьрифатни ва маьрифатли ёшлар билан аста секин озодлик сари қадам ташлай олишига ишонган миллий маьрифатпарварларимизнинг нақадар жасорат кўрсатганлиги ва фидойилигидан далолат бериб турибди.

Мақоламизни Президентимизнинг маьрифатпарвар ва ҳурлик тарафдорлари, Туркистон жадидлари ҳақида айтган қуйидаги фикрлари билан ниҳоясига етказамиз: “... юзлаб маьрифатпарвар, фидоий инсонларнинг ўз шахсий манфаати, ҳузур ҳаловатидин кечиб, эл улус манфати, юртимизни тараққий топдириш мақсадида амалга оширган эзгу ишлари авлодлар хотирасидан асло ўчмайди!”[8]



[1] Авлоний А. “Бурунғи ўзбек вақтли матбуотининг тарихи”.//”Туркистон” газетаси. 1924 йил 24-июнь, 295-сон.

[2] Абдуазизова Н. Туркистон матбуоти тарихи. Тошкент, 2000 й.

[3] “Тараққий” газетаси.1906 йил, 1-сон, 1-бет.

[4] Қаранг,”Тараққий”газетаси.1906 йил, 3-сон,1-бет

[5] «Тараққий» газетаси 1- сонли 4-бет..

[6] Авлоний А. “Бурунғи ўзбек вақтли матбуотининг тарихи”.//”Туркистон” газетаси. 1924 йил 24-июнь, 295-сон.

[7] Каримов И.А.Юксак маънавият енгилмас куч.Т.: 2008 й. 49-бет.

[8] O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi Toshkent- 2008, 4-bet.

 


64 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин