Саналар
23.08.2017
Баннер
Чингизхонни улуғлашдан мақсад нима?
PDF Босма E-mail

Сўнгги пайтлари Чингизхон шахсига нисбатан бўлган қизиқиш яна кучайди. Унинг ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини акс эттирувчи илмий, тарихий ва бадиий асарлар ёзилиб, кинофилмлар ишланди. Қатор илмий-амалий анжуманлар ўтказилиб, жуда кўп китоблар нашр этилди. Айрим мамлакатларда кафелар, ресторанлар, корхоналар, жамоатчилик марказлари унинг номи билан атала бошланди. Қозоғистон республикасида “Чингизхон” номли сигаретани ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ушбу сигаретанинг олд ва ён томонларига мана бундай сўзлар битилган: “Эти уникальные сигареты высшего качества, обладающие превосходным вкусом, сделаны из элитных сортов табака для свободных и гордых людей, живущих в Казахстане — потомков Великой империи Чингисхана, простиравшейся от Черного моря до Тихого океана”.
Тижоратни сиёсатга айлантирувчи бундай уринишлар халқлар ўртасидаги дўстлик ғояларига зарар келтиради ва умуман яхшиликка олиб бормайди.
Мўғулистон республикаси пойтахти Улан Баторда умумий қиймати ўн тўққиз миллион долларни ташкил этувчи ҳайкални тиклаш ишлари бошланиб кетган. Шу билан бирга, Мўғулистонда ва Марказий Осиёдаги айрим мамлакатларда Чингизхоннинг сунъий қабрлари тикланиб, ҳашаматли мақбаралар қурилмоқда. Мақбаралар пештоқига “Чингизхон — туркий халқлар раҳнамоси” деган шиорлар ёзиб қўйилмоқда.
Тўғри, тарихий шахслар ҳаёти, уларнинг тарих саҳнасида тутган ўрни, мавқеи ҳақида илмий мақолалар битилиши, бадиий асарлар ёзилиши, филмлар ишланиши исбот талаб этилмайдиган ҳақиқат. Демоқчимизки, ўтмиш ҳақиқатларини бузиш, уни сохта, ғайриилмий тушунчалар билан бўяб-бежаб талқин этиш тарихни сохталаштиришга олиб келади.
Бу ерда гап Чингизхон шахсини асоссиз равишда мақташ, уни кўкларга кўтариш, идеаллаштириш хусусида бормоқда.
Тарихий шахслар ҳақида бир томонлама қарашлар, ноилмий, сохта фикр юритишлар оддий ҳаваскор тарихчилар томонидан айтилса, бу ҳақда махсус сўз юритиб ўтиришнинг ҳожати бўлмас эди. Афсуски, Чингизхон шахсини ҳар қандай камчиликлардан холи саркарда, идеал давлат арбоби, туркий халқларнинг раҳнамоси, миллий-озодлик ҳаракатларининг йўлбошчиси сифатида мақтаётганлар орасида таниқли давлат ва жамоат ҳамда фан арбобларини ҳам учратамиз.
“Қирғиз давлатчилиги ва халқ эпоси “Манас” китобида Чингизхоннинг ижтимоий-сиёсий фаолияти тўғрисида батафсил сўз юритилади. Муаллифнинг фикрича, “Чингизхон босқини” деган иборани ўйлаб ишлатиш керак, негаки, “унинг босқинчилиги хусусида тўқилган романтик қарашлар шунчаки бир мифдир”.
Қозоқ олими Қалибек Дониёровнинг “Чингизхон тарихи” китобида қуйидаги сатрлар билан танишамиз. “Чингизхон, — деб ёзади у, — келиб чиқиши жиҳатидан наинки туркий, балки қозоқ ҳамдир, тўғрироғи, у қозоқ давлатининг асосчисидир”.
Шунга ўхшаш ғайриилмий фикрларни Керейхон Амонжўловнинг “Туркий халқларнинг тарихи” китобида ҳам учратиш мумкин.
Энди таниқли қозоқ ёзувчиси, “Юлдуз” журналининг бош муҳаррири Мухтор Мағауннинг “Чингизхоннинг шарофати” номли мақоласи хусусида тўхталиб ўтайлик. Мақола бошдан-оёқ Чингизхон шахсини улуғлаш, мақташ, кўкларга кўтариш руҳи билан суғорилган. “Қозоқ халқининг асл халқ сифатида сақланиб қолиши, — деб ёзади муаллиф, — Чингизхоннинг саъй-ҳаракатлари туфайли рўй берган. Агар Чингизхон қўшинлари Хоразмшоҳ қўшинларини тор-мор қилиб, мажақлаб ташламаганида, қозоқ халқи бир умр қуллик занжирида қолиб кетар эди”.
Ушбу сатрлар билан танишган ўқувчининг ҳайратдан ёқа ушламаслиги иложсиз. Негаки, муаллиф Чингизхон навкарларининг Ўтрор сингари шаҳар ва қишлоқларни ёндириб, теп-текис қилгани, бегуноҳ аёллар, болалар, қарияларни қириб битирганини билиб-билмасликка олади.
Ҳолбуки, Чингизхон етакчилигидаги шафқатсиз қўшинлар Эрон ва Ўрта Осиёдаги мингйиллик муҳташам, обод шаҳарларни вайрон қилиб, култепаларга айлантирган. Амударёга тўғон қуриб, гўзал Урганч шаҳрини сувга бостирган. Бир ҳафта давомида дарёда чақалоқлар йиғлаётган бешиклар, гўдак болалар, чоллар, кампирлар, мажруҳ касаллар оқиб турган. Марв шаҳрини Чингизхон қўшинлари ишғол қилганларида жангда ўлдирилганларни ўн уч кун давомида йиғиб олганлар.
Шу муносабат билан айтиб ўтиш лозимки, тарихий манбаларда Чингизхон халқ озодлик ҳаракатининг раҳнамоси эмаслиги, аксинча, у асоратга солган халқлар унга қарши миллий-озодлик ҳаракатларини олиб борганликлари ҳам қайд этилган. Бу ҳақда Мирзо Улуғбек, Шаҳобиддин Насавий, Ибн ал-Асир, Ибн Батута асарларида кенг ва муфассал маълумотлар берилган.
Академик А.Т.Фоменко ва тарихчи Л.Гумилев ҳам Чингизхоннинг ижобий ишлари хусусида фикр юрита туриб, унинг олий ирққа мансублиги, буюк саркарда, бағрикенг инсон эканлиги ва славянлар билан чатишиб, қон-қариндош бўлиб кетганлигини фахр билан тилга оладилар.
Савол туғилади: хўш, Чингизхоннинг ижобий ишлари нималардан иборат? Нега айрим муаллифлар нуқул унинг камчиликларини хаспўшлаш билан шуғулланадилар. Бу шунчаки шахсий қарашми ёки тор миллий манфаатлар нуқтаи назаридан айтилган енгил-елпи фикрларми?
Чингизхонни улуғловчи муаллифлар уни “халқ озодлик ҳаракатининг раҳнамоси” сифатида ҳам таъриф қилар эканлар, ўз фикрлари, қарашларини “Чингизхоннинг ҳаёт йўли”, “Олтин шажара”, “Ясо” китоблари асосида исбот қилишга уринадилар. Лекин уларнинг ҳеч бири бу китобларнинг муаллифлари кимлар бўлган, кимларнинг манфаатларига мослаб ёзилганлиги ҳақида чурқ ҳам этмайдилар. Аксинча, Чингизхон ва унинг авлодлари Темур Малик, Жалолиддин, Маҳмуд Торобий етакчилигидаги миллий-озодлик ҳаракатларини шафқатсизларча қонга ботирган.
Чингизхон истилоси ҳақида ёзилган Рашидиддиннинг “Жоме ут-таворих”, Ибн ал-Асирнинг “Тарих ал-комил”, Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи”, Абулғозининг “Шажараи турк”, Евгений Кичановнинг “Жизнь Тимучжина, думающего покорить мир” асарларида ва бошқа кўпгина китобларда мўғуллар босқини, вайрон бўлган сон-саноқсиз эллар, юртлар ҳаёти ҳаққоний тасвирланган.
Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи” асарида ёзилишича, “Рабиюлаввал ойи охирлари сана 607, мувофиқи йилон йили ул уч нафар наҳс юлдузли кофир ўттиз минг қиёматасар лашкар билан қайси шаҳарга дучор бўлмасинлар, ўша шаҳар халқини қаҳр-ғазаб билан даҳр тупроғига баробар қилдилар. Жайҳун дарёсидан ўтиб, Балхга яқинлашганларидан кейин, Хуросоннинг баъзи вилоятларини, Ироқ, Озарбойжон ва Ширвоннинг аксар шаҳарларини азоб-уқубатларга гирифтор қилдилар”. “Улар ҳеч кимни аямас эдилар, — деб ҳикоя қилади ўша қонли воқеаларнинг гувоҳи бўлган араб сайёҳи ва тарихчиси Ибн ал-Асир, — аёлларни, қарияларни, болаларни қатл этдилар. Орқада бирон шаҳарни қолдирмай, ер билан текислаб ўтар эдилар”.
Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Чингизхон қўшинларининг ҳужуми туфайли ер юзидаги бир мингдан ортиқ шаҳар аҳолиси қирилиб, ер билан яксон қилинган, суғориш тармоқлари издан чиқарилган, маданият ўчоқлари бутунлай йўқ қилинган.
Сўнгги пайтлари тарихчилар Чингизхон босқинининг кенг илмий жамоатчиликка маълум бўлмаган айрим қирраларини очишга муваффақ бўлмоқдалар.
Шу жиҳатдан Р.Раҳмоналиевнинг “Турклар салтанати” деб номланган илмий-тадқиқоти ибратлидир. Ушбу асарда кўпгина архив материаллари қатори генерал-лейтенант, профессор М.И.Иваниннинг 1842 йили Русия армия бош штабида “О военном искусстве и завоеваниях монголо-татар и среднеазиатских народов при Чингизхане” деб номланган доклади тилга олинган. Маълумки, бу доклад матни узоқ йиллар мобайнида махфий сақлаб келинган. Докладда тилга олинишича, Чингизхоннинг Ўтрорга юборган савдогарлари қалъа ҳокими Қайрхон одамлари томонидан эмас, балки, атайлаб уруш чиқариш учун мўғул айғоқчилари томонидан ўлдирилганлиги бир қанча далиллар асосида исбот этилган. Аммо бу ҳали узил-кесил тарихий ҳақиқат дегани эмас, албатта.
Хулоса сифатида шуни айтмоқчимизки, тарих ўтмиш ва келажак кўзгуси, бинобарин, уни шахсий қарашлар ёки тор миллий манфаатлар нуқтаи назаридан талқин этиш тарих илмини сохталаштиришга олиб келади.

Пирмат Шермуҳамедов,
Профессор

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин