Саналар
29.03.2024
Баннер
Масжидул ҳаромнинг босиб олиниши
PDF Босма E-mail

XX асрнинг сўнги чораги “мусулмон дунёсининг уйғониши” деб ҳисобланишига барча асослар бор. Бунгача бирмунча вақт давомида устуворлик қилган миллий ва энг аввало араб социализм мафкураси деярли таназзулга юз тутди. Бироқ узоқ вақт давом этган тарихий сукунатдан сўнг ислом сиёсий тафаккури Суданда, Эронда ва қисман Покистонда ўзини намоён эта бошлади. Мазкур жараёнларга параллел равишда фаровон Саудия қироллиги сезиларли даражада кучайиб, ҳатто ўз ҳудудларидан минглаб чақиримлар нарида ҳам ўз манфаатларини баралла овоз билан билдира бошлади. Ар-Риёд ўзининг ўта анъанадор ғояларини тарқатишни қўллашга қаратилган мафкуравий платформасини оммавийлаштириб, фойдалана бошлади. Бироқ бу каби сиёсат Исломнинг энг асосий қадамжоси - муқаддас Каъба ёнида содир бўлган даҳшатли фожиага айланиб, Саудлар хонадонининг шон-шарафини кўтаришга қаратилган режаларига қарата қаттиқ зарба берди.

Масжидул-ҳаромнинг босиб олиниши ва уни француз махсус кучлари тарафидан озод қилиниши

1979 йил 20 ноябр куни Ислом оламининг муқаддас марказида дунёни ҳайратга солган ҳодиса бўлиб ўтди. Ўша куни – XV ҳижрий асрнинг биринчи куни – Жуҳайман Утайбий бошчилигида бир неча юз экстремистлар Масжидул-ҳаромга бостириб кириб, уни босиб олдилар. Масжидни озод қилишга бўлган уринишлар икки ҳафтача давом этди. Шу вақт ичида саудияликлар масжидни назоратларига олиш бўйича ўз кучлари билан бир-икки муваффақиятсиз ҳужум қилиб ҳам кўрдилар. Сўнг саудияликлар ташқаридан ёрдам бўлмаса, ўзлари бу ишни уддалай олмаслигига амин бўлишди.
Одатга кўра, Ар-Риёд энг аввало ўз диндошларига мурожаат қилишлари керак эди, масалан, покистонлик ёки урдунликларга. Чунки уларнинг мамлакатлари ўзига яраша камчиликларига қарамай, керакли ҳарбий бўлинмаларга эга эдилар. Ҳарқалай, ҳарам ҳудудига кириши ман қилинган европалик ва америкаликлардан фарқли равишда улар мусулмонлардан эди. Шунинг учун ҳам мусулмон мамлакатларининг махсус ҳарбий кучлари ҳеч қандай муаммоларсиз радикалларнинг исёнини бостириши мумкин эди.
Бироқ Саудлар урдунликлар “Исломнинг муқаддас ерлари халоскори” сифатида Ислом оламида Ар-Риёдга жиддий рақиб бўлиб кетишини яхши тушунишган. Шунинг учун ҳам ҳукумат нигоҳи бошқа тарафга, яъни Ғарб тарафига қараб боқди, чунки улар Ислом оламида Саудия мақомига раҳна солиши мумкин эмас эди.
Саудия Арабистонининг Ғарбдаги энг яқин иттифоқчиларидан бири АҚШ эди, бироқ улар яқинда шоҳ режимининг йиқилиши билан Эронда қовун тушириб қўйишган эди. Ўша вақт яъни, 1970 йилларда Франция Саудия Арабистонига қурол-аслаҳа етказиб бериш бўйича асосий шерикларига айланган эди. Бунинг устига уларнинг ҳарбий мутахассислари Саудия армиясининг махсус кучларига сабоқ бериб, уларнинг ҳарбий маҳоратларини оширишда жуда фаол эди. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, саудияликлар айнан уларни танлаб олишди ва 4 декабр куни Франциянинг махсус ҳарбий бўлинмалари Масжидул-ҳаром устидан Ар-Риёд назоратини ўрнатишга муваффақ бўлишди. Қанча зиёратчилар ҳалок бўлгани ҳақида ҳалигача бирон бир аниқ маълумот йўқ. Одамларнинг гап-сўзига сўзига қараганда, 4000 га яқин одам қурбон бўлган экан.
Экстремистлар устидан маҳкама ва уларга ўқилган ҳукм тез бўлиб ўтди. Олтмишдан ошиқ террорчилар қатл қилинди, бошқаларига эса узоқ муддатли қамоқ жазоси берилди. Орадан оз вақт ўтиб, Саудия Арабистонида Жуҳайманий гуруҳи деярли тўлиқ йўқ қилинди.

Бўлиб ўтган воқеаларга мусулмонларнинг муносабати

Маккадаги воқеаларга умматнинг муносабати ўта кескин тарзда бўлди. Лекин ўша пайтда алоқа технологиялари ҳали анча заифлиги ва Ар-Риёд ҳақиқий аҳволни беркитганлиги боис мусулмонларнинг ғазаби асосан АҚШга қаратилди. Гап шунда эдики, ҳужум бошланган куни бутун дунё бўйлаб "Америкаликлар Исломнинг муқаддас ерларини эгаллабди", деган миш-мишлар тарқалиб кетди.
Покистонда бу АҚШ элчихонаси намойишчилар томонидан ишғол қилинишига олиб келди. Бошқа давлатларда ҳам шу каби тартибсизликлар тўлқини юз берди. Бангладеш, Туркия, Ливия, Ҳиндистон каби мамлакатларда вазият беқарорлашиб, АҚШ банкларининг жойлардаги бўлимлари, элчихона ва консулхоналари, ахборот агентликлари идоралари, маданий марказлари ҳужумга тутилди.
Ўша вақтнинг ўзида, Маккада бўлаётган воқеалар асосидаги турли миш-мишлар таъсирида Саудия Арабистонининг асосан шиалар истиқомат қиладиган шарқий вилоятларида норозиликлар бошланди. Масжидул-ҳаромнинг босиб олинишини яшириб бўлмасди, чунки бўлиб ўтган воқеалар ҳақиқатдан ҳам катта аҳамиятга эга эди.

Саудия Арабистонининг сиёсатда узоқни кўра билмаслиги

УтайбийТурли гуруҳларнинг диний кайфиятдаги қўзғолонлари “Масжидул-Ҳаром”ни эгаллаб олишга бўлган интилишнинг олдини ололмаслигини билдириб қўйди. Улар узоқ йиллар давомида панарабизм, социалистлар ёки шиалар томонидан бўладиган таҳдидни кутиб яшашди. Саудияликларнинг ўзи ҳам, АҚШ томони ҳам бу ишларнинг барига Эронни айбдор ҳисоблашарди. Ар-Риёд мобода шунга ўхшаш ҳолат кузатилса ҳар қандай тажовузкор ҳатти-ҳаракатни ўз кучимиз билан бостира оламиз, деган фикрда эди. Бироқ вазият шундай тус олдики, ўта анъанадор бадавийлар Жуҳайман бошчилигида қўзғолон кўтарди. Энг қизиғи, айнан Жуҳайман қўл остидагилар ана шундай қўзғолонларни бостирувчи махсус бўлинма эди. Шуни эслатиб ўтиш жоизки, Жуҳайман Саудия Арабистони миллий гвардиясида деярли 20 йилдан буён хизмат қилиб келаётган эди.
Бундай парадоксга (соғлом ақлга зид нарсага) олиб келган асосий сабабларнинг бири, Саудия Арабистони режимининг анъанадор кучларга таяниш кераклигига ўта кучли ишончи эди. Айнан шу нарсани энг яхши ижтимоий назорат воситаси сифатида кўришаётган эди. Мамлакат учун хавфли деб кўрилган социалистлар ва уларга яқин гуруҳлар, уларнинг бир қатор исёнлари, уларга қарши курашиш учун давлат бюджетидан катта миқдорда пул ажратилиши бутун мамлакат бўйлаб консерватив кучлар ва уларга тобе бўлган ташкилотларнинг таъсир кўлами ошишига олиб келди. Ўшанда, Ар-Риёд бошлаб юборган тарғибот-ташвиқотдан кўзланган асосий мақсадлардан бири Саудлар сулоласи ва уларнинг мамлакатларини мустаҳкамлашга қаратилган эди. Бундай сиёсат, охир-оқибатда маҳаллий радикал оқимларнинг ривожланишига яхши муҳит бўлиб хизмат қилди. Кейинчалик булардан ўта анъанадор гуруҳлар оқиб чиқа бошлади.
Қайд этиш керакки, Утайбий ва Масжидул-ҳаромга босқинчилик қилган яна бир муҳим шахс бўлган Қаҳтоний кейинчалик Саудия Арабистонининг бош муфтийси бўлган Абдулазиз бин Бознинг шогирдларидан бўлган. Утайбий маълум бир вақт давлатга тегишли университетларнинг бирида дарс ҳам беришга улгурган эди. Шунинг учун ҳам Макка воқеалари, шубҳасиз, барча кучини сўнгиларга қаратган режимга катта зарба берди, яъни душман режим ўзига таянч деб билган муҳитдан чиқиши асло кутилмаган воқеа бўлди.
Масжидул-ҳаромни қўлга олган гуруҳ 60-йилларда Мадинада пайдо бўлган "Жамоат ас-Салафийя ал-Мухтасиба" (ЖСМ) радикал фракциясининг бир бўлаги ҳисобланади. ЖСМ ва унинг радикал тарафдорлари бўлган "Жухайман биродарлиги" Саудияда биринчи ультраконсервативлар ҳисобланади. Бу гуруҳлар Жухайманнинг сақланиб қолишига асосий роль ўйнашди ва улар ҳозирги кунда Саудия сиёсатида асосий куч ҳисобланади.

Консерватив изоляционизм мафкураси

Ультраконсервативлар оқими ўзларини дунёқарашлари, хоҳиш-истакларига эга. Булар: а) четдан кирувчи ташқи диний маросимлар ва урф-одатларга қаттиқ қаршилик кўрсатиш; б) ҳар қандай диний маросимлардан четда туриш; в) очиқдан-очиқ сиёсатга қаршилик, давлатга ва унинг институтларига қўшилмаслик; г) бошқача фикрга эга бўлганларни ёқтирмаслик, жанжалгача бориш ёки нафақат фикр юритиш балки фикрларни ўзгача талқин этишга ҳам қаршилик кўрсатиш. Масалан, Жухайман тарафдорларининг умумий фикрича Ислом дунёсидаги оқимлар ва мактаблар ҳамда Саудия Арабистонининг асосий диний йўналиши ҳам тозаланишга муҳтож ва йўлдан озган адашганлардир. Яна улар давлатчилик тузумини йўқ қилиш, деган фикрда бўлиб, буни Саудия паспортларини йиртиб ташлаш ва шунга ўхшаш ҳаракатлари билан намойиш этишди. Уларнинг ёпиқ тушунчалари ва фикрлари бошқа оқимлардан яққол ажралиб туради. Саудиянинг "Ас Сахва" ("Уйғониш") мухолифат форумларида ультраконсервативларга яқин бўлган гуруҳ "Ал Қоида" экстремистик гуруҳи ҳисобланади. Аммо уларни бир хил деб бўлмаса ҳам, айрим фикрлари бир-бирига мос келади. Шулардан бири улар сиёсий рақобат ёки сиёсий қараш, деган тушунчаларни рад этади. Ва кимки уларнинг дунёқараши ва фикрларига қарши бўлса ёки адашганлар ёки дин душманлари ва ҳокозалар ҳисобланишади. Ҳар бири бу айблов рўйхатини жуда узун давом эттириши мумкин. "Жамоат ас-Салафийя ал-Мухтасиба" жамоаси ўз раҳбарига ёки ижро органига эга бўлмаган гуруҳ бўлиб, бу ердаги қарорларни беш ёки олти кишидан иборат маслаҳат кенгаши қабул қилган. Аммо 70-йилларда Жухайман ибн Мухаммад ибн Сайф ал-Утайбий бу жамода йўлбошчи бўлиб олди. Жухайман ЖСМда машҳурликка, биринчи навбатда, ўз аждодларининг келиб чиқиши туфайли эришди. Гап шундаки, унинг оиласи машҳур ва энг катта бўлган Утайба қабиласидан эди. Жухайман жуда қаттиққўл консерватив одатларга эга бўлган бадавийлар оиласида улғайди. Энг қизиғи унинг исми ҳам бу экстремистик гуруҳни қаттиққўллик йўналишига мос келарди. Араб тилида "Жухайман" - қаттиққўл, қовоқли, кайфиятсиз, қўшилмаслик маъноларини англатади.

Тарихий маълумотлар

Жухайманнинг фойдасига ишлаган яна бир факт унинг оила аъзолари ихванлар ҳаракатининг фаол иштирокчилари бўлишган. Бу ҳаракат Саудия Арабистони тарихида жуда катта роль ўйнаган. Саудия ихванларини ноқиёсий биродарлик — "Ихван ал-муслимин" бирлаштириб туради. Таъкидлаб ўтиш керакки, уларнинг мусулмон биродарларга ўхшаш томони фақат номларида холос, курашиш услубларида эмас. Саудия ихванлари худди Утайба ва Мутайр каби жуда катта Неджда қабиласидан эди. Улар ўзларининг ўта диндорликлари билан ажралиб туришарди. Доим қалтис ҳаракат қилишарди. Улар жуда катта ҳарбий кучга эга бўлиб, Саудийлар давлати тузумида фаол иштирок этишди. Саудийлар улардан ўз ҳудудларини эгаллашда фойдаланишди. Жухайманнинг бобоси Сайфиддин бадавийлар билан бирга қирол Абдулазиз қўл остида кўплаб жангларда иштирок этди. Саудия давлати ташкил топгунча у доим қирол Абдулазиз қўли остида хизмат қилди. Саудийлар давлат чегаралари Буюк Британия колониялари чегарасига етгач, қирол Абдулазиз уруш ҳаракатлари ниҳоясига етганини эълон қилди. Воқеалар бундай якун топганидан ҳайрон бўлган шундай ҳам Абдулазизни Ғарб билан алоқа ўрнатиб, уларнинг янги технологияларини олиб келаётганидан ва бундан ташқари айрим бадавий раҳбарлари ўз сиёсий қарашлари билан ибн Сауднинг бекор қилган нарсаларидан норози бўлиб турган кескин қаршилик кўрсатишди. Шу сабаб қуролларни йиғиштиришдан бош тортишди. 1920 йили Утайба ва Мутайр қабилалари оқсоқоллари Султон ибн Биджад ва Файсало ад-Давиш бошчилигидаги бадавийлар қўзғолон кўтаришди. Бир неча жанглардан сўнг Сбиле жангида 1929 йилда бадавийлар қўшини тор-мор келтирилди. Бу жангда Жухайманнинг бобоси қатнашмади. Лекин отаси қўзғолончиларнинг бошлиғи Султон ибн Биджад томонида туриб жанг қилди. Жухайман ўз биродарлари орасида доим ихванларнинг жасорати ва отасининг қаҳрамонлиги ҳақида гапириб, ундан фахрланиб юрган. У сўзсиз уларнинг дунёқараши билан фикр юритар эди. Аммо ЖСМнинг кўп аъзолари бадавийлардан эмас эди. Бадавийлари эса ўша жангларда иштирок этган қабилалардан эмас эдилар. Шу сабаб ўша эски қабилаларгина саудийларни Сариқ уйига қарши бўлган, деган фикр хато бўларди. Тарихий хотираларни тиклаш Жухайман гуруҳининг режасининг бир қисмигина эди холос. Шундай қилиб ЖСМ ва Жухайман биродарлиги 1970 йилларда Саудия Арабистонида ўтказилаётган сиёсий ўзгаришларни ва мустаҳкам сиёсий жараёнларни тўғри кўра олди.

Бўлиб ўтган фожеа сабаблари

Расмий Ар Риёд Жухайманда чет эл таъсири борлигини айтиб ўтди. Улар буни кўп қўлга олинаётган экстремистларнинг келиб чиқишлари мисрлик экани билан изоҳлашди. Агар ЖСМ чет эл билан ҳамкорлик қилаётган бўлса, Покистоннинг "Ахли ал-Ҳадис" ва Мисрнинг "Ансор ас-Сунна" гуруҳлари куч ишлатмайдиган гуруҳлар ҳисобланишади. Бу эса Жухайманнинг радикаллигига ҳеч қандай ўз таъсирини ўтказмайди. Бу ҳаракатни ҳар ҳолда Саудия Арабистонининг ички муаммоси дейиш мумкин. Бошқа бир фикрга кўра Жухайман қўзғолони бу унинг гуруҳ раҳбарларини реал ҳаётдан узилиб, ўз эътиқодларига чуқур шўнғиб кетиб, қиёмат бошланишига ҳеч қандай шубҳа қолмади, деб ишонишларида. Ҳамма гап Маҳдиийнинг келиши билан боғлиқ бўлган фикрнинг Жухайманда туғилишида бўлди. Унинг бир мурожаати тўлиқ шу мавзуда ўтди. Мурожаатда Маҳдий ҳақида саҳиҳ ҳадислардан далиллар келтирилди ва бу Арабистон ярим оролида содир бўлаётган воқеалар билан боғланди. Бундан шу нарса аён бўлдики, Жухайман ва унинг атрофидагилар ўзларини ростан танланганликларига ишонишди ва улар ўзларини ҳадисда айтилган одамлар эканликларини намойиш эта бошлашди. 1978 йилнинг охирларида Жухайман тушида унинг яқин ҳамфикри ал-Кахтаний ростан "Маҳдий" экани хабарини олганини эълон қилди. Уни Маҳдий деб эълон қилинишининг асосий сабаби, у башорат қилинган белгиларнинг кўпига мос келарди. Аслида Маҳдий радикал экстемистик услубда ва қаттиққўл ультраконсерватив йўналишда бўлмаслиги ҳақидаги сўзлар эътиборга олинмади. Яна ёзилган башоратлардан бири, бу Жухайманнинг Масжидул Ҳаромга ҳужуми айнан мусурмонлар тақвими билан янги юз йилликнинг бошланишига тўғри келди. Буни Жухайман айнан шу санага мўлжаллаб амалга оширган эди. Бу Ислом дунёсида ҳар юз йилда катта олим пайдо бўлади ва у динда янгиланиш олиб киради, деган фикри билан боғлиқ бўлса керак. Асосан, бундай фикр "мужаддийлар" таълимотига тўғри келади. Шунга кўра Жухайман икки концепсияни аралаштириб, бу янги юз йиллик аль-Кахтанийни Махдий сифатида келиши билан изоҳлади. Вақт ўтиши билан уюшма раҳнамосининг ал-Кахтанийнинг Маҳдий эканлигига бўлган чуқур ишончи хато бўлиб чиқди. Айнан мана шу факт ҳам унинг режалари тезлашишига ҳам асос бўлгандир. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ўша пайтларга бориб, гуруҳ аъзолари ҳам уни танланганлигига шубҳа қила бошлашганди. Шундай бўлса ҳам улар гуруҳдан кетишни исташмасди. Чунки улар “илоҳий” Жухайманга ва унинг йўналишига қаттиқ ишонишарди. Яна улар ўша танланган деган фикрддан бошқа қолган барча фикрларни тўғри, деб ҳисоблашарди. Бундан ташқари "Жухайман биродарлиги" айнан ўша тарихий санада бундай катта кучга эга бўлиши хамманинг эътиборига тушганди.
Бу масалага бир нечта сабаблар келтириш мумкин. Масаланган бунга ўша пайтларга келиб Саудия Арабистонида ишчилар ҳақ-ҳуқуларидан маҳрум бўлишини ҳам сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. Натижада улар бой табақага қарши қўзғолон кўтаришади. Саудияда бўлаётган воқеалардан бир неча кун ўтиб, Арабистон социал ишчилар партияси раҳбари қўзғолончиларни ўз томонига чақирди. Халқ иттифоқи раҳбари эса Арабистон ярим оролига қилинган ҳужумни халқ инқилобининг бир кўриниши, деб баҳолади. У булардан мақсад давлатда эркин демократик республика тузиш эканини таъкидлаб ўтди. У яна жанглар Табукда, Мадинада, Нажранда, Наждада бўлаётганини таъкидлади ҳам. Маккадаги масжидни қўлга олганларнинг кўпчилиги камбағал ва жиноятчилар тоифасидан чиққанлар эди.
"Жухайман биродарлиги" ростан ўз сафларига эътибордан четда қолган гуруҳ аъзолари, Саудияда яшовчи муқим кўчманчилар ва келиб чиқиши чет эллик бўлган фуқароларни қўшиб олишди. Шундан келиб чиқиб Жухайманнинг давлатга йўллаган мурожаати ғалати тус олди. Экстремистлар раҳбари унда юриталаётган режим, уларнинг хоҳиш-истаклари динга ва мусурмонларга ёмонлик ҳамда коррупцияга олиб келаётганини, Қурайш қабиласидан бўлмаганларни сиёсатга аралаштириш, қурайшийларнинг мусурмонлар устидан ҳукмронлик қилиш ҳуқуқидан маҳрум этаётганини таъкидлаб ўтганди. Унинг фикрича, қурайш қабиласидан бўлмаганлар мусурмонлар устидан раҳбарлик қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши керак. Бу масалада тортишиш қийин. Уларни псевдомессианча эътиқод билан қарашлари мазҳабликкача бориб етди ва уларнинг экстремизм ҳамда терроризм услуби Жухайман ва унинг ҳамтовоқларини жиноятчига айлантирди.

Жухайман мероси

Ҳайрон қоларлиси Жухайман ҳақидаги хотиралар ҳозиргача сақланиб қолган. Айрим радикал гуруҳларда уни ҳаракатини қайта тиклаш хоҳиш-истаклари ҳам бор. 1979 йилги воқеаларнинг тасодифий гувоҳи бўлган мисрлик зиёратчи уйига қайтгунча гуруҳнинг кўпгина варақаларини олиб келган. 90-йилларга келиб, Жухайман йўналиши Саудия Арабистонининг айрим ҳудудларида қайта туғилди. Шулардан бири Ар Риёдда пайдо бўлган ёш радикаллардан ташкил топган Жухайман ғояларининг давомчиларидир. Бу ҳаракат давлатни ва унинг ўқитиш тизимини ҳалоллик ва мустаҳкам деб баҳолади. Бу Саудиядаги кўп бўлган гуруҳлар ёки доираларнинг биттаси эди холос.

Хулосалар

Чуқур таҳлил қилиб, 1979 йилда Маккада содир бўлган фожеани оддий сабаблар билан тушунтириб беришнинг иложиси йўқ. Таҳлилнинг асосийси бир томондан ЖСМ билан иккинчи томондан "Жухайман биродарлиги" гуруҳларининг фарқини ажратишдир. ЖСМга келсак унинг пайдо бўлишига 1960-70-йилларда Саудия Арабистонида уч ҳолат сабаб бўлди. Биринчиси: секин аммо ишонч билан диний қатлам томонидан консерватизмнинг ривожланиб бориши ва уларнинг давлат бошқарув тизимини сусайиб боришларини ҳис қилишлари. Иккинчиси: янги диний сиёсий муқобилга эга бўлган ғояларнинг кириб келиши. Учинчиси: сиёсий-иқтисодий таранглик. Бу тезроқ тизимни қайта кўриб чиқиш ёки қайта тиклашга ундарди. Жухайман гуруҳининг пайдо бўлишига сабаб қилиб эса шуларни айтиш мумкин: бу гуруҳ радикализмни классик услубда ривожлантириб борган. Кичик бир гуруҳ каттароқ гуруҳ билан алоқа ўрнатади ва ўртада сиёсий қарашлардаги тортишув вужудга келади. Бундай келишмовчиликларни фракция раҳабарларининг иқтисодий-сиёсий ўзгача дунёқарашга эга эканликлари билан изоҳлаш мумкин. Маккада бўлиб ўтган воқеаларнинг давлатни шарқида содир бўлган шиалар қўзғолонига алоқаси йўқ. Фақат вақтлар бир-бирига тўғри келиб қолган холос. Аммо бўлиб ўтган воқеалар Саудия Арабистони раҳбарларини дунёқарашларини ўзгартиргани аниқ. Бундан ташқари минтақада содир бўлаётган воқеалар, Эрондаги инқилоб, собиқ иттифоқнинг Афғонистонга бостириб кириши, асосийси бу воқеларнинг жуда қисқа вақт ичида содир бўлиши ҳамда ички воқеалар Саудия Арабистони раҳбарларини теранроқ фикр юритишга ундади. Яна шуни таъкидлаб айтиш керакки, Жухайман ғоялари одамлар орасида биз ўйлаётгандан анча чуқурроқ жой олган. Бундай гуруҳлар олдин ҳам бўлишган. Ҳозир ҳам Саудияда бор. Бунга Саудия раҳбарларининг ўзи имкон туғдириб бермоқда. Маккада бўлиб ўтган воқеалардан сўнг, улар шундай хулосага келишдики, диний қатламларнинг позициясини мустаҳкамлаш ва халқни тўғри назорат қилиш йўли билан бундай фожеаларнинг олдини олиш мумкин. Лекин Маккада содир бўлган воқеалар шуни кўрсатдики, бу йўл билан кафолатланган барқарор натижага эришиб бўлмайди. Агар кимгадир ўз юртида эмас, ҳатто чет элда бўлса ҳам ишонч билдирилса, бу сиёсат яна қайтиб тикланмайди, деб бўлмайди. ИШИД гуруҳи бунга очиқ-ойдин мисол бўла олади.

Muslim Politic материаллари асосида
Абу МУСЛИМ тайёрлади

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин