Саналар
28.03.2024
Баннер
Ҳазрат Фотиманинг вафоти
PDF Босма E-mail

Пайғамбар алайҳиссалом вафотларидан бери энди олти ой ўтган эди.
Ҳазрат Фотима хасталаниб қолди…
Ҳижратнинг ўн биринчи йили, рамазон ойининг иккинчи куни, душанба эди…
Шу пайтгача ора-сира касал бўларди, аммо бу сафаргиси уларга ўхшамади.
Яхши-ёмон кунларида уни ёлғиз қолдирмаган хўжайини яна ёнида эди.
– Болаларни олиб ташқарига чиқсангиз, яхши бўларди…
Паст овозда айтилган бу жумла ҳазрат Алининг юрагини тилкалади. Уни хафа қилмаслик учун ўзини тушунмаганликка олди. Болаларини онасига яқинлаштирди. Ҳазрат Фотима уларни бирма-бир қучиб эркалади. Сўнг ҳазрат Алига имо қилди. Юраги эзилиб, болаларини ташқарига чиқарди. Асмо бинти Умайс  билан Умму Рафиъ киришди.
– Менинг ювинишим учун сув тайёрми, онажон?
– Ҳа.
Ҳазрат Фотима Умму Рафиъни «онажон» дерди. Чунки бу аёл унга доим оналик қилиб келганди.
– Менга сув қуйиб турасизми, онажон?
– Албатта, қизим.
Ҳазрат Фотима яхшилаб ювинди, аёллар ёрдамида энг яхши либосини кийди.
– Тўшагимни хона ўртасига солинглар.
– Хўп.
Аёллар ишларни бажаришаркан, нима юз бераётганини англаб, жуда изтироб чекишарди.
– Мени ётқизинглар. Юзимни қиблага қаратинг.
– Хўп.
– Энди мени ёлғиз қолдиринг!
– Аммо…
– Илтимос.
– Аммо…
– Роббимга дуо ва илтижо қилмоқчиман.
– !..
Дуо ва илтижога шунчалар берилиб кетдики, жони қандай чиқиб кетганини ҳам билмай қолди.
Овоз чиқмай қолганидан хавотирланиб уйга кирганлар ҳазрат Фотиманинг вафот этганини кўришди.
Шум хабар бир зумда бутун Мадинага тарқалди.
Пайғамбар алайҳиссалом қизи ҳам бу ёлғон дунёни тарк этганди.
Энди йигирма саккиз ёшга кирганди…
Бир фарзанди гўдак чоғида вафот этганди.
Ортида кўзлари ёш хўжайини ва беш фарзанди қолганди.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг кенжа қизлари, ҳазрат Алининг суюмли завжаси ҳазрат Фотима вафот этганида Ҳасан саккиз, Ҳусайн етти, Умму Гулсум беш, Зайнаб уч, Руқийя икки ёшда эди. Ҳазрат Фотиманинг қабрига боқаркан, ҳазрат Алининг ёдига аёл вафотидан бироз олдин айтган гаплари тушди:
– Эй Али, вафотимдан сўнг уйланинг. Акс ҳолда, сиз ҳам, болаларим ҳам қийналиб қоласизлар. Аммо уларни ўгай она қўлида ҳам қолдиргим келмаяпти. Шу боис опам Зайнабнинг қизи Умомага уйланинг.
Гулларнинг гули бирма-бир дунёни тарк этишганди. Илоҳий тақдир шундай эди. Зотан, одамзотнинг қисмати шу эди. Бири келади, бири кетади…
Қиёматгача давом этади бу ҳол…
Аввал ҳазрат Руқийя…
Сўнг ҳазрат Зайнаб…
Ҳазрат Умму Гулсум…
Ва охирида ҳазрат Фотима…
Гулларнинг гуллари энди боқий дунёда яшаяжак эди. Ва севганларнинг кўнгилларида…
Улар гулларнинг гуллари эди.
Пайғамбар алайҳиссалом булбуллари эди.
Буни билган, кўрган англар.
Қурбон бўлсин унга жонлар.

"Гулнинг гуллари" китобидан таржима


 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин