Саналар
13.11.2019
Баннер
«Унутмайлик ва бошқа ҳеч қачон қайтарилишига йўл қўймайлик»
PDF Босма E-mail

«Унутмайлик ва бошқа ҳеч қачон қайтарилишига йўл қўймайлик»

Болалигимдан тарих билан қизиқаман. Аммо Ўзбекистоннинг 19- ва 20-аср бошларидаги тарихини яхши билмайман. Нега десангиз у вақтлар тарихини ўқисам юрагим қон бўлиб кетади, қийналиб кетаман… Шунинг учун ўша вақт воқеалари устида изланишлар олиб бораётган мутахасисларга қойил қоламан, барака топишисин! Улардан миннатдор бўлайлик, меҳнатлари қадрини билайлик!

1938 йилнинг октябрь ойида рўй берган даҳшатли воқеларидан олинадиган асосий ибратланиш саволлари:

«Нима учун халқимиз устидан бошқалар шундай иш қилишди?» эмас балки «Нима учун халқимиз бунга йўл қўйди?» ва «Қандай йўл тутишимиз керак-ки, бу нарсалар кичикроқ кўринишда бўлса ҳам қайтарилмасин?» бўлиши керак.

Рўй берган воқеаларни том маънода «геноцид» деб атаб бўлмаса-да халқнинг энг зиёли, сара, интеллектуал қатламини қириш орқали миллат руҳини юлиб олингандек бўлди. Ва натижада аҳолида эркин, озод фикрлаш хусусиятлари йўқ қилинди, тоталитар онг, қўрқув руҳияти, қуллик кўникмалари мустҳакам ўрнатилди…

Биз, балки хали ҳам шу жиноятлар асоратини сақлаб қолгандирмиз? Тозаланиб олиш вақти келмадими?

Мен бу ишларда ўзга миллатни умумий равишда айблашликка қаршиман, чунки большевиклар репрессияларни ҳар бир совет иттифоқи республикаларида оммавий олиб борди.

Большевиклар прогрессив ва озодбахш ғоялари билан жуда катта аҳоли қисмини ортларидан эргаштира олдилар. Шу билан бирга большевиклар ўз мафкура ва тизимларини жорий қилишда энг мудҳиш ишлардан жирканмай фойдаландилар. Оқибатда «мақсад воситаларни оқлайди» деб, ўзларининг адолат қадриятлари четда қолиб, фасод воситалари қулига айланишди.

Бу ҳам бизга ибрат. Қанчалик эрксевар, ҳақиқатпарвар бўлмайлик ишларимизда тўғрилик, ҳалоллик ўлчовларидан воз кечамаслигимиз керак. Асосий мезон тор сиёсий манфаатлар эмас адолат ва раҳмдиллик бўлиши даркор.

Яна бир ибрат: оддий одамлардаги ҳасад, кўролмаслик, иғвогарлик, калтафаҳмлик каби камчиликларига сиёсий тус ва сиёсий куч берилса улар тўфонни бузиб ўтадиган сел каби катта талофатларни келтириб чиқарар экан.

Бизда, халқимизда шу иллатлар борлигини эътироф этиб, улардан покланишга интилиш, тубан ғаризаларимизни тия олишни ўрганишимиз зарур! Бунинг учун ҳам 38 йил октябрь, ундан олдин ва кейин содир бўлган қатағонларни, қатлларни ёд этиб туриш керак бўлади.

Бундан бошқа кўп ибратлар олиш мумкиндир. Аммо ёд этиш фақатгина ибрат учун эмас балки бу инсоний бурчни адо этиш ҳам. Ўтмиш хотираси бу – ўтган аждодлар билан маънавий боғлиқликни ҳис қилиш дегани. Бошқа жонзотлардан шу нарса билан ҳам фарқ қилсак керак.

Мен дўстларимга «Унутмайлик ва бошқа ҳеч қачон қайтарилишига йўл қўймайлик» деб мурожаат қиламан.

Муаллиф: Jamshid Muslimov

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин