Саналар
23.04.2024
Баннер
Саудия Арабистонидаги «Бухорийлар» ва «Туркистонийлар»
PDF Босма E-mail

Мусулмонларнинг муқаддас шаҳарлари бўлган Макка ва Мадина зиёрати ислом динининг арконларидан биридир. Саудия Арабистони (1932 йилдан шу ном билан аталади) давлати ҳудудида жойлашган бу шариф шаҳарларга ҳар йили 3 миллион мусулмон ҳаж зиёрати учун боради. Мамлакат хазинасига ҳожилар ҳисобидан бир йилда 8-10 миллиард АҚШ доллари миқдорида даромад тушаяпти.
Ислом дини Арабистон ярим оролида вужудга келиб, илк бор ўша ҳудудда тарғиб қилинган бўлсада, ислом маънавияти ва  диний илмлар биз истиқомат қилаётган минтақада ўзининг юқори чўққисига кўтарилди. Имом ал-Бухорий, ат-Термизий, Абдуқодир Марғиноний, Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Баҳовуддин Нақшбандий каби улуғ инсонларнинг таълимоти ер юзидаги 120 мамлакатда яшовчи миллионлаб мусулмонлар орасида юксак ҳурматга сазовордир.

Ўтган асрларда тахтдан ағдарилган ёки ҳукмдорлик рутбасидан тушган хон ва амирлар ислом динининг фарзларидан бири бўлган Макка ва Мадина ҳажи сафарига отланганлар. Уларнинг баъзиларига ҳаж зиёрати насиб этган, баъзилари йўлдаёқ душманлари томонидан маҳв этилган, баъзилари эса, қайтишда ўзга юртларда ҳаёт билан видолашган. Улуғбек Мирзо, Комрон Мирзо, Нодирмуҳаммад, Худоёрхон кабиларнинг тарихий тақдирларини эсласак фикримиз янада ойдинлашади. Қўқон хонлигининг сўнгги ҳукмдори Худоёрхон 1877 йилда Оренбург шаҳридаги (Россия) тутқинликдан қочиб, Бухоро амирлигига ўтиб, Қобул-Бомбей-Боғдод йўналиши орқали Маккага етиб келган. Ҳаж фарзини адо этганидан сўнг, Боғдодга қайтиб бир қадар яшаган Худоёрхон Лондонда, (Англия) қиролича Виктория ҳузурида бўлиб, 12 та чет эл мамлакат вакиллари иштирокидаги кенгашда ўзининг арз-додини баён қилади. Лекин Лондон-Петербург музокаралари натижасиз тугаганидан сўнг, она юртига қайтмоқчи бўлади. «1882 йил Ҳирот шаҳри (Афғонистон) яқинидаги Каррух қишлоғида ўпка касаллигидан оғриб мусофирликда вафот этди. Ҳирот беги Қундузхон унинг ҳамёнидаги 100 тиллани ҳам олиб қўйган»(1). Ҳаж сафари насиб қилмаган ҳукмдорлар ва бадавлат туркистонликлар Макка ва Мадина шаҳрида хайрли иш қилиб ном қолдириш мақсадида бирор-бир савоб ишни бажарганлар. Бу ўринда Аштархоний ҳукмдор Имомқулихоннинг (ҳукмронлик йиллари 1611-1642 йиллар) Мадина шаҳрида чорбоғ, Маккадаги Каъбага киравериш дарвозасида олтин ва кумуш тутқичли ёғоч зина қурдирганлигини эслаш мумкин. «ХIХ аср охири ХХ аср бошларида машҳур маҳаллий саноатчи бойлардан бўлган андижонлик Миркомил Мирмўминбой ҳожи ўғлининг (1860-1919) отаси Мирнодирбой Ҳожиев вафоти олдидан 15 фарзандига меросини тақсимлаб туриб, бир ният билан 30 минг сўм ажратганини, бу маблағ ҳисобига Макка ва Мадина шаҳарларида бир мусофирхона бунёд этилишини васият қилган»(2).
Чоризм мустамлакаси даврида ҳам Туркистон ўлкаси  мусулмонлари Макка ва Мадина ҳажига бориб турган. 1880-1900 йилларда ўртача ҳисобда ҳар йили 3-5 минг сонли туркистонликлар ҳаж зиёратига борар эди.
Ҳаж зиёратига борган миллатдошларимиздан айримлари тижорат қилиш ва  бошқа сабабларга кўра Арабистонда муқим яшаб қолишган.  Баъзи ҳолларда мустамлака Туркистонига қайтмаслик мақсадида Ватан сифатида бирор-бир Шарқ мамлакати танланарди. Лекин, бу кам учрайдиган ҳолат бўлиб, Арабистонда «ўзбек диаспораси»нинг вужудга келиши Совет тузумининг ноинсоний сиёсати ва мислсиз қатағонлари билан боғлиқдир.
Совет жамиятида зиддиятларга тўла, ХХ асрнинг 20-30-йилларида ўзбек миллати вакилларидан минг-минглаб кишилар хорижий мамлакатларга, жумладан Арабистонга чиқиб кетишга мажбур бўлганлар.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Арабистонга бориб қолган ўзбеклар асосан, аввал Афғонистон ва Хитой Халқ Республикаси ҳудудида яшаганлар. Архив ҳужжатларининг маълумотича «ХХ аср 60-йилларида Саудия Арабистони ва Миср Араб Республикасида 37 минг сонли туркистонликлар яшаган»(3). Манбаларда ўзбек, тожик, туркман, қирғиз, қозоқлар биргаликда бир ном билан «туркистонликлар» деб аталади. Юртдошларимиз ўзларининг исм-шарифларига у ёки бу шаҳарларимиздан бирини қўшиб айтишган. Шунинг учун улар «Бухорий», «Фарғоний», «Андижоний», «Самарқандий», «Марғилоний», «Насафий», «Намангоний» деб ўзларини таништиришлари бежиз эмас.
Кўп ҳолларда эса ватандошларимиз Ўрта Осиёдан эканликларини билдириш мақсадида «Туркистоний», «ал-Бухорий» номларини ўз исм-шарифларидан кейин қўшиб қўядилар.
Ислом дунёсида Имом ал-Бухорийнинг мавқеи ва обрўлари шу қадар баландки, Ўзбекистондаги қайси гўшадан юртдошларимиз келиб чиқмасин, уларни «Бухорийлар» деб аташади. Саудия Арабистонида ҳам «Бухорийлар» кўпчиликдир. Аввало, ҳозирда Саудия Арабистонидаги ўзбеклар сони ҳақида бир оз мулоҳаза билдириб ўтсак. Биз учратган китоб ва мақолаларда улар ҳақида турлича маълумот берилади.
«Муборак ҳаж сафари» китобининг муаллифи Нуриллохон Ҳожи Абдуллоҳ ўғли «Саудияда 400 минг атрофида ўзбеклар яшайди»(4),-деб ёзади. Саудия Арабистони фуқароси, муҳожир ўзбек, марҳум Абдулвоҳид Ясса: «Жон кетар, ватан кетмас» мақоласида: «Бу мамлакатда 350 минг ўзбек, қозоқ, туркман ва тожиклардан иборат туркистонликлар бор»(5),-деб қайд қилади. Баъзи маълумотларда 500 минг, 700 минг ўзбеклар Саудия Арабистонида яшаши ҳақида хабар берилади.
ХХ асрнинг 1-ярмида Саудия Арабистонида ўзбек ватандошлар сони Афғонистон, Туркия, Хитой каби мамлакатларга нисбатан оз бўлганлиги тарихий ҳақиқатдир. Бироқ бу мамлакатда турмуш даражасининг кўтарилиши, «Бухорий»ларга имтиёзлар берилиб, солиқлардан дархон қилинишлари, тижорат учун қулай шарт-шароитлар яратилиши, муқаддас шаҳарлар Макка ва Мадина ҳажига борган юртдошларимиз билан дийдорлашувга эҳтиёж катталиги, мусулмончиликнинг фарзларидан бири ҳаж мақсади каби сабаблар туфайли миллатдошларимиз бу ерда кўпроқ тўпланганлар.
Саудия Арабистонидаги ўзбеклар ижтимоий аҳволлари жиҳатидан турли поғоналарга турадилар. Уларнинг аксарияти тижоратчилар бўлиб, асосан мамлакатнинг марказий шаҳарлари ҳисобланган Мадина, Макка, Тоиф, Ар-Риёд шаҳарларида яшашади.
Юртдошларимиз орасида вазирлар, генераллар, диний ва дунёвий илмларнинг билимдонлари, профессорлар ҳам бор. Ўзбек ватандошлар Мадинаи-Мунаввара шаҳрида ўзларининг ҳисобларидан «Андижон боғчаси», «Чуст такяси» деб аталадиган мусофирхоналарга асос солганлар. Бугунги кунда ҳаж сафарини ихтиёр қилган ватандошларимиз улардан баҳраманд бўлишаяпти.
Юртдошимиз Олтинхонтўра, Муҳаммад ат-Тарозий ташқи ишлар вазири, Мадинадаги «Жомъе» масчити бош мударриси бўлганлар. Фазлиддин Илоҳий эса Мадина амири Абдулмажид ибн Абдулазизнинг яқин мулозими бўлиб ишлаган. Истеъфодаги генерал Бурхониддин Марғилонийнинг таъкидлашича, Саудия Арабистони қуролли кучларида ўзбеклардан чиққан 15 генерал ва 80 га яқин офицерлар (майор ва полковниклар) хизмат қилар экан.
Афғонистондан Саудия Арабистонига кўчиб ўтган ватандошимиз Мубашширхон Солмон Косоний ўзбек тилида, араб имлосида уч жилдли «Ўрта Осиё тарихи» китобини нашр қилдирган. У ўзи истиқомат қиладиган Аҳбо шаҳридан Мадинага бориб, Абдулқодир Марғилонийнинг «Мактаби Имон» кутубхонасига қарашли матбаада тарихий китобини чоп эттирган.
Ёқубхўжа Йўлдош Маҳжурий «Тил йўриғи» китоби муаллифидир. Диний илм соҳасида Маккадаги Ум-ул Қаро университети профессори, доктор Муҳаммад Саид Ҳасан, доктор Умар Тошкандий, Абдулфаттоҳ Қори Қўқандий, Муҳаммад Ҳасан Қори, Нўъмон Тошкандий сингари арбобларнинг номи қадрланади. ХХ асрнинг 30-йилларида муҳожирликни ихтиёр қилган Абдулҳаким Халифа, Раҳматуллоҳ Туркистоний, Абдуллоҳ Туркистоний, Муҳаммад Салим, Нуриддин Маҳсум, Муҳаммад Зариф, Холид Нажмиддин, Муҳаммад Одил, Муҳаммад Юсуф, Муҳаммад Марғуб, Миён Фазл Мақсуд, Фазл Ҳамид, Абдулҳаким Бухорий каби юзлаб ватандошларимиз исм-шарифларини санаб ўтиш мумкин. Шайх Саббоқ Бухорий, Камолиддин Тошқин каби ўзбек шоирлари, Обиджон Туркистоний сингари тиббиёт ходимлари ҳам ушбу мамлакатда қўним топганлар. Собиқ «Ватан» жамияти ходими Л.Аҳмадхўжа 1990 йилда Мадинада бўлганларида: «106 ёшга тўлган, ХХ аср 30-йилларида бу мамлакатга келиб қолган Дадахон ҳожи Намангоний ва у кишининг 70 яшар ўғиллари Муҳаммад Дадахон билан мулоқотда бўлган»(6).
Имом Бухорий юбилейлари муносабати билан ўтказилган ҳалқаро илмий анжуман тантаналарида ҳам арабистонлик юртдошларимиз иштирок қилдилар.
Бу ердаги миллатдошларимиз араб имлосида ўқиб, эски ўзбек адабий тилида гапирадилар. Бу эса, Совет даврида уларни ўз Она- Ватанлари билан алоқаларига тўсқинлик қиларди, Иккинчидан, «темир қафас» бўлган, хорижлик ўзбекларга «душман», «сотқин», «ватан хоини» назари билан қараган бу тузум минг-минглаб қалбларга озор берди. Мамлакатлар орасида тўсиқ қўйиш мумкин, лекин қалбларни бир-биридан ажратиб бўлмайди.
Саудияда яшаган «Бухорий»лар ўзбекона миллий урф-одат ва анъаналаримизни ўзбек тили ва ўзликларини сақлаб қолдилар. Улар ва фарзандлари исломий тарбия асосида араб тилида таҳсил оладилар, лекин оилада ва ўзбек жамоаларида ўзбекча сўзлашадилар.
Арабистонлик юртдошимиз Халифа Исмоилий: «Аввало шуни айтиб ўтиш жоизки, Ўрта Осиёдан борганларни у ерда (Саудия Арабистонида) «Туркистоний» ёки оддийгина қилиб «Бухорий» деб аташади». Падари-бузрукворларимиз ва волидаи-меҳрибонларимиз бизларга: «Ҳеч қачон юртларингни, тилларингни унутманглар, чунки тилни унутган Ватанни унутади. Ватанни унутган эса имонни унутади»(7),- деган эди суҳбатларидан бирида. Оталар насиҳатига амал қилган юртдошларимиз бир умр Она-Ватан меҳрини туйиб яшади.
Саудия Арабистонида яшаган ватандошларимиздан бири Мўминжон Андижоний Ўзбекистонга мактуб йўллаб, хатининг охирида:
«Ғурбатда агар етса ўлим гул баданимга,
Қабримни қазиб юлса кафанимга,
Тобутим юксак ерга бир зум қўйинглар,
Шояд етишур бўйи Ватан бу жасадимға»(8).-
тўртлигини ҳам илова қилгани бежиз эмас. Мўминжон Андижоний Ойбекнинг «Навоий» романини араб имлосида қўлда кўчириб, ўз ҳисобидан кўпайтириб арабистонлик миллатдошларимизга текин тарқатганлар.

ХХ-асрнинг 20-30 йилларида Саудия Арабистонига бориб қолган ўзбекларнинг аксарияти ҳаётдан кўз юмган. Лекин ота-боболари муҳожирликни ихтиёр қилганларида асосан 4-5, 8-9 ёшларда бўлганлар ҳозирги кунда улар ҳаётини давом эттираяпти.
Саудия Арабистонида истиқомат қилаётган ўзбеклар орасида қашшоқ ва гадойлар йўқ.
Мустақиллигимиз туфайли мусулмончилик фарзларидан бири бўлган ҳаж сафарини адо этиш учун барча истовчиларга йўл очиб қўйилди. Ортда қолган йиллар давомида 32 минг ўзбек ҳаж сафарида бўлиб қайтди. Жумладан, «2002 йилда 3910 нафар Ўзбекистон фуқароси Саудия Арабистонида бўлиб, ҳожилик мартабасига эришди»(9). Кўпгина юртдошларимиз Арабистондаги ўз қавм-қариндошларини топиш бахтига муяссар бўлдилар Ўзаро борди-келди ва қуда-андачилик муносабатлари йўлга қўйилди.
Президентимиз 1992 йилнинг 11-14 апрель кунларида Саудия Арабистонига расмий ташриф билан борганларида муҳожир ўзбекларга қарата: «Армонлар доғи ювиладиган, яраланган кўнгиллар жароҳати малҳам топадиган замон келди. Энди сизлар билан, тақдир тақозоси туфайли хорижда яшаётган ватандошларимиз билан алоқаларимизни кенг ривожлантиришга ҳамма имкониятлар яратилмоқда. Энди сизлар учун ватанингизнинг жами эшиклари очиқ бўлади»(10),-деган эдилар. Бу муҳожирлик дардига малҳам бўладиган сўзларни миллатдошларимиз узоқ кутишганди. Истиқлол туфайли қўлга киритилган имконият соғинчга тўла ва ошуфта дилларни бир-бирига туташтирди.

1.    Акмал Акром. Худоёрхон қандай ўлган? «Туркистон», 1992 йил 18 февраль.
2.    Акмал Акром. Миркомилбой қандай шахс эди? «Шарқ юлдузи» 1992 йил. 5-сон, 89-бет; Хуршид Даврон. Ўз ҳукумати қолипига сиғмаган бой. Ўша жойда, 98-101- бетлар.
3.    Ўзбекистон Республикаси МДА. 2661 ф, 1 ё, 233 ҳ, 6-7 бетлар.
4.    Нуриллохон Ҳожи Абдуллахон Қўқандий «Муборак ҳаж сафари», Тошкент, «Камалак», 1991 йил 25-бет.
5.    Абдулвоҳид Ясса. Жон кетар, Ватан кетмас. «Гулистон» 1996 йил, 3 сон, 15-бет.
6.    Муаллифнинг шахсий мулоқоти материаллари, 1991 йил 15 май.
7.    «Халқ сўзи». 1992 йил 20 март.
8.    Ш.А.Ҳайитов, Н.С.Собиров, А.С.Легай. «Хориждаги ўзбеклар». Тошкент. «Фан» 1992 йил, 14-бет.
9.    Э.Болиев. Аллоҳ дилингда, қўлинг ишда бўлсин. «Халқ сўзи» 2002 йил 30 август.
10.    Тараққиёт ва ҳамкорлик йўлларида. Тошкент. «Ўзбекистон». 1993 йил 25-бет.

Шодмон Ҳайитов-БухДУ, Жаҳон тарихи кафедраси доценти, тарих фанлари номзоди.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин