Саналар
24.11.2017
Баннер
Тилшунос олим фожеаси
PDF Босма E-mail

Ғози Олим Юнусов — биринчи ўзбек тилшунослик профессори, таржимон, фольклоршунос, олий ўқув юртида форс ва араб, ўзбек ва рус тилларидан дарс берган мураббий ҳамда ажойиб ташкилотчи раҳбарлардан бири эди. У 1929—1930 йилларда Ленинграддаги Шарқшунослик институтида илмий ходим ва илмий котиб лавозимларида ишлаб юрган чоғидаёқ этнография ва филология фанларидан қатор тадқиқотлар олиб бориб, ўткир шарқшунос сифатида тилга тушганди. Жаҳон дунёвий фанларининг атоқли намояндалари— Н. Я, Марр, А. Н. Корш, Е. М. Малов, А. Н. Самойлич, П. М. Мелиоранский ва Е. Э. Бертельснинг тавсияси билан унга 1930 йили «профессор» деган юксак унвон берилган эди. Аммо адолат ер қаърига кўмилган даврда қатағон қилинган бу улуғ зот ҳаёти ва фаолияти ҳақида халқимиз ярим аср ошдики тузукроқ маълумотга эга эмас.
Ғози Олим Юнусов 1893 йилда Тошкент шаҳрининг Ширинқудуқ маҳалласида ишчи оиласида дунёга келди. Бошланғич таълимни биринчи босқичли мадрасада олди. Рафиқаси Валентина Ивановна Юнусова, 1925—30 йиллар оралиғида туғилган Эрк, Мира, Оскар ва Комила исмли фарзандлари даврнинг шафқатсизликларига бардош бериб, таҳқирланаётган ота дардига шерик бўлиб яшадилар.
У киши кўҳна туркий адабиётнинг ўткир билимдони эди. Ғози Олимнинг бобоси Абубакр Аҳмаджон ўғли ҳамда поччаси Бахти Ғани Илкинлар фольклоршунос, адабиётшунос, этнограф сифатида таниқли эди. Улар араб, форс, немис тилларини яхши билардилар. Ғози Олим ана шундай оила муҳитида вояга етганди. Шу сабабли у ёшликдан илм олишга меҳр қўйган эди.
Олимнинг умр йўлдоши Валентина Ивановна бизга қуйидагиларни ҳикоя қилиб берганди: — У бир ўқиган китоби ёки дрстонини бошқа такрорламас, бир йўла ёдда сақлаб қоларди. Шу туфайли уйимизга таниш-билишлари — рус, татар, немис, инглиз, ўзбек ва қозоқ олимлари тез-тез келиб турарди. Ғози ака ана шу миллат вакиллари билан ўз тилларида эркин суҳбат қурардилар. 1914 йили олий мадрасанинг тил ва мафкура факультетини битиргач, уни ахлоқ-одоб, ҳуқуқ ва дин муаммолари мутахассислигини эгаллаш учун Қоҳирага ўқишга жўнатишди. У ёққа эса фақат ўткир зеҳнли талабалар юбориларди. Ўз соҳасига. оид араб, турк, немис, инглизча китобларни аслиятда ўқиб ўрганганди.
Таҳсилни аъло баҳоларда битирган Ғози Олимга Ота Турк номидаги тақдирнома берилади ва шу ерда ўқитувчи сифатида қолдирилади. Аммо қалби ўз ватани, қариндршларини қўмсарди — бироз ишлаб, тез орада қадрдон Тошкентига қайтиб келади ва турли олий ўқув юртларида она тилидан дарс бера бошлайди.
1923 йилда у Биринчи Савдо жамияти раислигига тайинланади. 1924 йилнинг ноябрида мазкур жамият тугатилгач, у адлия халқ нозирлигида ҳуқуқ масалалари бўлимини бошқаради, қатор қонун мрддаларини ўзбек тилига таржима қилиш ва мрҳиятини оммага етказишда рлимнинг хизмати катта.
— Ҳукуматимиз бизни 1925 йили Самарқанд шаҳрига ишга жўнатди, — деб эслашда давом этган эди Валентина Ивановна. — Бу ерда у киши Халқ маорифи комиссарлигида илмий котиб лавозимида ишлади. Икки йилдан сўнг, нозирликнинг Тил ва атамашунослик қўмитасига ўтиб, илмий иш билан машғул бўлди, шогирдларига умумий тилшунослик ва сиёсатдан сабоқ бериб борди. Талабалар билан эса ўзбек тилининг товуши ва сўз маънолари бўйича, қолаверса, форс, араб ва инглиз тилларидан машғулотлар ўтказди.
Филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Собиржон Иброҳимов Ғози Олимнинг мураббийлик маҳорати ҳақида шундай деган эди:
— Мен ўзбек имлосининг илмий асослари ҳақидаги назарий маълумотларни илк бор 1929 йили Самарқанд дорилфунунида шу мўътабар домладан олганман. Бир гал Ғози Олим Педакадемияга келиб, ўзбек ёзуви лотин имлосига кўчаётгани, бу ишга Қори Ниёзов асосий мутассади қилиб белгилангани хусусидаги хабарни айтди. Бу «янгилик» амалга ошиб қолса яхши натижа бермаслигидан афсуслангандай бўлди. Устоз жумҳуриятимиз тасарруфидаги минглаб жой номлари, қабила ва элат номлари маъноларини аниқлаш асосида ўзлигимизни, тарихимизни чуқур ўрганишимиз зарурлиги ҳақида куюнчаклик билан гапирарди. Мен устоздан илмий ишда қўл келадиган тадқиқ ва таҳлил усулларини ўрганганман. Чунончи, 1929-1930 йилларда халқ шевалари ва оғзаки ижодиётини ўрганиш муаммоларига бағишланган Атамалар Қўмитаси томонидан уюштирилган илмий сафарларда уч марта иштирок этганман. Унга Ғози Олим Юнусов бошлиқ эди. Мазкур гуруҳ таркибида атоқли турколог ва шарқшунослардан Юдахин, А. К. Боровков, В. В, Решетов ҳамда истеъдодли тилшунослар — Н. Саид, Қ. Рамазон, Элбек, Т. Иброҳимовлар бор эди.
Шогирдлар томонидан айтилган бу илиқ фикрлар машҳур олимнинг инсоний қиёфасини очиб беришга яқиндан ёрдам беради. Шунинг учун хотиралар — дил сўзларини келтиришда давом этамиз:
— 1930 йили Ленинградда Н. Я. Марр номидаги Тил ва фалсафа олий илмгоҳида аспирантлик муддатини ўтаётганимда устоз билан учрашганман, — деб эслаганди таниқли тилшунос Сафо Зуфаров. — Ўшанда Ғози Олим Юнусов Шарқшунослик олий илмгоҳига илмий котиб бўлиб ишга келган зкан. У киши менга талай маслаҳатлар берди. Эсимда, Поливанов, Батманов каби катта тилшунослар ҳам Ғози оға билан мунозарага киришганда ниҳоятда эҳтиёт бўлишар, ҳар бир сўзини ўйлаб-ўйлаб гапиришарди.
Ўзбек миллий маданиятини жаҳон миқёсига кўтариб чиқиш йўлида катта илмий-амалий ишлар қилган Ғози Олим Юнусов кўплаб асарлар, ўқув қўлланмалари ёзиб қолдирган. Унинг «Юридик атамалар луғати», «Ўзбек лаҳжалари таснифида бир тажриба», «Ўзбек уруғларидан қатағонлар ва уларнинг тили», «Ўзбек тили грамматикаси» каби китоблари, «Брлалар адабиёти тўғрисида бир фикр» «Алла» тўғрисида бир-икки оғиз сўз», «Ўрта Осиё туркларининг янги алифбоси», «Ўзбек тилининг товушлари» каби илмий-услубий жиҳатдан бақувват мақолалари ҳозир ҳам ўз қимматини йўқотган эмас.
Олим табиатан миллатсевар бўлиб, ўз халқини ниҳоятда қадрларди. У зукко этнограф, синчков фольклорчи ҳам эди. 1922 йилда йирик ўзбек достони — «Алпомишини Фозил Йўлдош ўғлидан биринчи бўлиб ёзиб олган эди. Достон моҳияти, мазмуни ва нусхалари ҳақида мухтасар мақола ёзиб, уни 1923 йили «Билим ўчоғи» журналининг 2-сонида чоп эттирган. Гапнинг индаллосини айтганда, ўзбек фольклоршунослигининг пойдёвори шу улуғ зот томонидан қўйилган эди. У Ҳ. Зарифга ўхшаш истеъдодли ёш ходимларни тарбиялаган. Ғози Олимнинг «Ўзбек лаҳжалари таснифида бир тажриба» рисоласи халқимиз шевалари биринчи бор этно-лингвистик нуқтаи назардан тасниф қилингани билан муҳимдир. Унда муаллиф профессор Е. Д. Поливановнинг ўзбек шевалари таснифида йўл қўйган қатор камчиликларини кўрсатган, улар қай жиҳатдан текширилиши, тасниф қилиниши мақсадга мувофиқлигини лўнда баён этган: ўзбек лаҳжаларининг бир-биридан ўзаро фарқланувчи товуш, сўз таркиби ва маъно хусусиятларини аниқлаган.
Олим ўзбек шеваларини дастлаб уч гуруҳга: ўзбек-қипчоқ, турк-барлос ва Хива-Урганч лаҳжаларига ажратиб текширади. Бу лаҳжалар, унинг таъкидлашича, ўз навбатида икки қисмга бўлинади, биринчи қисм қирқ, жалойир-лақай, қипчоқ, гурлан, иккинчи қисм Сайрам-Чимкент, Тошкент-Ховос, Андижон-Наманган шеваларидан иборат.
Ижоди айни камолга етиб, тўлишган пайтда устознинг бошига оғир кулфат тушди — омонсиз туҳматга дучор бўлди.
— Ўттиз еттинчи йил апрель ойининг йигирма учинчи куни бўлса керак, — дея надомат билан хотирлаган эди Валентина Ивановна, — ярим кечада эшигимиз тақиллаб қолди. Икки киши таклифимизни кутмаёқ ичкарига бостириб кириб, «Биз НКВДданмиз» дейишди. Келганларнинг бири рус, иккинчиси ўзбек эди. Улардан бири уйдаги ҳужжатлардан тортиб, китоб, газета-журналларгача олиб кетажаклари тўғрисида қўпол оҳангда гап қотди. Иккинчиси эса деразага яқинлашиб, кўча томон имо қилди. Шу заҳоти яна уч киши кириб келди. Улар тинтувни бошлашди. Биз эр-хотин қимирламай турдик. Топшириқ шундай эди. Шунда Ғози Олим бўлаётган адолатсизлик, қўполликка тоқат қилолмай, русчалаб гап қотди: «Нима гуноҳ қилибман, нега бунчалар қуюшқондан чиқяпсизлар?» «Юринг, сиз билан ўша ерда гаплашамиз», дея гапни қисқа қилди НКВД ходими.
Шундай қилиб, машҳур олим замон ўзбошимчалиги, адолатсизлиги гирдобига тортилди. Пантуркист, аксилинқилобий миллатчи деган машъум атамалар ўйлаб топилиб, илму маърифатга ташна кишиларнинг пешонасига ёпиштирила бршланди.
ЎзССР Давлат хавфсизлиги қўмитаси ҳужжатгрҳида сақланаётган 4269-рақамли «Ишини кўздан кечирганимизда, рлимга тергрвчи Агабекрв ва Загврздинлар томонидан қуйидаги айблар тақилгани гуврҳи бўлдик: «Ғози Олим Юнусов аксилинқилрбий миллатчи ташкилртнинг аъзрси, Ўрта Осиё жумҳуриятларини Срвет Иттифоқидан ажратиб олиб, буржуа миллий давлатини тузишни ўз олдига вазифа қилиб қўйганлардан бири; чет эл билан алоқа боғлаш мақсадида ташкилот аъзоларини қўпорувчилик ишларига жалб этган; ташкилотга тортиш учун ёшлар орасида аксилинқилобий руҳда. иш олиб борган, аксилинқилобий тарғибот ишларини юритган».
Ғози Олимнинг ҳақиқий сийрати бир кеча-кундуз қийноқдан кейин терговчига берган жавобларида яққол намоён бўлади. Мана ундан намуналар:

— Пантуркистлар ҳаракатига қачон қўшилгансиз?
— Вят губернасининг Буби қишлоғида ўқиб юрганимда таниқли пантуркист Абдулла Буби ва Губайдулла Буби ҳамда Туркияда машҳур турк намояндалари билан ҳамфикр бўлганман. Туркияга 1909 йилда кетгандим. Сўнгра Қоҳирага жўнадим. У ерда «Азгар» олий мадрасасида ўқидим. Жаҳон уруши бошланиб қолгач, Тошкентга қайтдим? Шу даврларда пантуркистлар тарбиясини олдим. Бироқ уларнинг ташкилотига аралашмаганман.
— Бу даврда Туркияда сиз кимлар билан бирга ўқигансиз?
Туркияда Фитрат, бухоролик қушбегининг жияни Муқомиддинбек, Маъзар Бурҳоновлар бор эди; Бекжон Раҳмонов, Шоҳид Эсон Мусаев, Ҳомид Саид, Ота Хўжаев — бухоролик Аҳмаджон Махзулланинг ўғиллари мендан сўнг боришди.
— Сиз туркистонлик талабалар Истамбулда пантуркистларнинг Туркистонда қанақанги ташкилотини тузишни мақсад қилиб қўйган эдингизлар?
— Истамбулга келгач, у ерда «Турон нашри маориф» жамияти бор эканлигини билдим. Бу «Иттиҳод ва тараққий» билан боғланган бўлиб, унга Фитрат, Маъзар Бурҳонов ва Абдулазиз Қулжави бошчилик қилар экан. Мазкур жамият яна «Турк ўчоғи» жамияти билан ҳам боғлиқ экан. Ушбу жамиятлар аъзолари туркистонлик талабаларни ўқишга жойлаш бўйича Туркиянинг масъул вакиллари эканлар.
—Туркистонга қачон қайтдингиз ва қандай пантуркистик ишлар олиб бордингиз?
— 1914 йилнинг июль ойида, Туркияга яна қайтиб кетиш шарти билан келдим. Бироқ халқ таълими министрлигидаги Рифъатбой ва Азизбойлар мени Германияга ўқишга юборишга ваъда беришганди. Лекин жаҳон уруши тўсқинлик қилиб қолиб кетдим. Тошкентда Абдулла Авлоний ва Низомиддин Хўжаев билан ҳамкорликда «Турон» жамиятини туздик. Мақсадимиз пантуркизм ҳаракати асосида халққа маърифат тарқатиш эди.
— Инқилобдан сўнг қанақанги аксилинқилобий ҳаракатлар олиб бордингиз?
— 1918 йили Қўқон мухторияти таъсис съездида депутат сифатида қатнашдим. Бу ерда кадетлар ва Дутов жамияти тузумига қарши сўзладим. Улар Туркистон халқига миллий эркинлик беришни истамас эдилар. Сиёсатдаги бу ғарибликни танқид қилдим.
— Яна қанақанги аксилинқилобий ишларни амалга бширдингиз?
— Тошкентда «Турк ўчоғи» жамиятини туздим ва бошқардим. Шунингдек, ёшлардан пантуркист кадрлар тарбияладим ва «Ишчилар тўдаси» жамиятини туздим. — 1918 йилда Туркияга нима мақсадда борган эдингиз?
— Нуриддинбек Худоёрхон билан бирга Туркия партияси ва ҳукуматининг «Иттиҳод ва тараққий» жамиятидан Совет Россиясининг Туркистон бўлимига қарши кураш учун ёрдам сўраб бордик.
— Туркия арбоблари билан сизларнинг суҳбатларингиз қандай натижа берди?
— Бу ерда Туркия хавфсизлиги вазири Азизбой орқали Талъат подшоҳ билан учрашдим. У менга Саид Носир Миржалолов билан Женевага боришни таклиф этди. Бу ерда миллат бошлиғи билан Туркистонни Россиядан ажратиб олиш хусусида фикрлашиб олиш керак эди. Мен бундай сафардан бош тортдим.
Сизнинг аксилинқилобий фаолиятингизда Мусбюрода қанақанги гап-сўзлар бўлди ва у қандаи йўл-йўриқлар курсатди!
— Бизнинг аксилинқилобий фаолиятимиз Мусбюро тасдиқлаган Рисқулов маърузасида ўз аксини топган. Унда қуйидаги талаблар бор эди: «Туркистон иқтисодий, ҳарбий, молиявий ҳамда ташқи сиёсат томонидан мустақил бўлиш учун миллий чегараланишни ўтказиш — миллий мустақил бўлиш ғоялари илгари сурилган. Мусбюронинг бу хулосалари ВКП(б)нинг Турккомиссиясидаги ўзбошимча, бебош аъзолари Элиава, Фрунзе, Куйбишевва Рудзутаклар томонидан йўққа чиқарилди.
— Яширин аксилинқилобий ташкилот ва у билан тенг боғланган легал ташкилотларнинг аъзолари ҳақида маълумот бермайсизми?
— Яширин ташкилотнинг борлиги ҳақида ҳеч нима билмайман ва бор бўлса ҳам унга қатнашмаганман...»

ЎзССР Ички ишлар халқ нозирлиги Давлат хавфсизлиги қўмитасининг 3-бўлим бошлиғи лейтенант Затуранский ва шу бўлим бошлиғининг ёрдамчиси сержант Акжигитов. 1937 йил, 25 апрель».

37-йилда кўзга кўринган зиёлиларимиз туркпарастлик айби билан қамоққа олинаётганди. Туркий халқларнинг маданий бирлиги, илмий-адабий ҳамкорлиги учун яхши ниятда иш бошлаган жамиятларга ҳам сиёсий ёрлиқлар, жиноий айблар тақала бошлан-ди. Сталинча сиёсат ҳатто ўз миллати билан фахрланиш туйғусига ҳам тиш-тирноғи билан қарши турарди. Улар барча халқларни доимо мазлумликда сақлаш тарафдори эдилар.
30-йиллардаги дўзах ўтида куйиб, ярим ногирон бўлиб чиққан атоқли мураббий ва маърифатчи, марҳум Шорасул Зуннун билан 1989 йил, 21 февраль куни қилинган суҳбатдан бир лавҳа келтирамиз.
«Саволингизга ҳозирги кунда ҳам жавоб беришга қўрқаман. Чунки шу кунларда ҳам сотқин, чақимчи, иккиюзламачилар тўлиб ётибди. Ўша 1937 йилнинг июль ойлари эди. Мени изолятордан сарғишдан келган, ўрта бўйли, билаклари йўғон, кўзи кўкимтир, думалоқ бурунли Акжигитов сўроқ хонасига олиб чиқди; олдимга Боту ва Мунаввар қори ҳақида ёзилган «Миллий иттиҳод» фаолияти, унинг бошлиқ ва аъзолари хусусидаги аксилинқилобий пантуркистик иборалар изоҳланган, умрим бино бўлиб эшитмаган гаплар ёзилган «Сўроқ маълумотнома»сини қуйди. Кўз югуртирдим. Рус тилини яхши билмаганим учун анча вақт ҳижжалаб ўқишга интилдим. Сабри чидамаган ҳалиги бетоқат терговчи «тайёр ҳужжат»ни қўлимдан тортиб олиб, ўзи ўқиб берди ва имзо чекишимни талаб этди. Мен бош тортдим. Мунозара кечгача давом этди. Сўнг Фитрат билан Ғози Олим Юнусов тўғрисида саволлар бера бошлади. Мен уларни яхши танишим, баъзи масалаларда ҳамфикрлигимни айтдим. Хуллас, мақсадига эриша олмаганидан кейин ертўлага олиб тушди. У ерда елкам ва ўнг оёғим ишдан чиқди, бақувват йигитнинг зарбли муштлари, аёвсиз тепкилари Акжигитовни илҳомлантирарди. Етти кундан сўнг яна навбатдаги сўроққа чақиришди. Триғулов саволга тутди. У ҳам Акжигитов тайёрлаган «Сўроқ маълумотнома»сини имзолашга узатди. Бўйин товламоқчи бўлиб турган эдим, худди осмондан тушгандек мени калтаклаган ёвуз терговчи пайдо бўлиб қолди. У ўзини мулойим кўрсатарди. Триғуловга қараб: «Яхши бўлиб қолди, қўл қўяди», деди. У менга қараб «Тезроқ қўл қўй, бўлмаса ўзинг биласан», дегандек имо қилди. Агар такрор ертўлага тушсам, қайта соғ чиқмаслигимга ақлим етарди. Шундай қилиб, «Жавобларимни ўқиб эшиттиришди, имзо ўзимники», деган жумла тагига қўл қўйишга мажбур бўлганман».
Ҳа, худди шундай.
Атоқли ўзбек шоири Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпоннинг 1937 йил 10 августда Акжигитовга берган Ғози Олим ҳақидаги далилларида ҳам шу нарса яққол акс этган. Ва буни Чўлпоннинг «сотқинлиги» деб тушунмасликларингизни жуда-жуда истардим.
Мана, тилшунос олимга қўйилган айбнома: «Ўзбекистонда аксилинқилобий пантуркистлар ташкилотининг фаоллари ва аъзоларидан бири Ғози Олим Юнусовдир. У Туркияда ўқиган: «Турк ўчоғи» ташкилотини тузган; фаол аксилинқилобчи. У «Чиғатой гурунги» аксилинқилобий жамиятида ҳам қатнашади. Бу жамиятни 1919 йилда Фитрат тузган. Мазкур жамият пантуркизм ғояларини адабиёт орқали халққа тарғиб қилади: ташкилотга ходимлар тайёрлайди.
1920 йилда Фитрат «Тонг» ойномаси ташкил этиб, унга Элбек ва Ғози Олим Юнусовни тортган...
1928—1929 йилларда атамашунослик ва имлога бағишланган анжуманда пантуркизм ғояларини фаол ташвиқ қилишда Ғози Олим Юнусов, Боту, Фитрат, Бўлат Солиев, М. Раҳмонов, Бекжон Зокирий ва бошқалар қатнашган...»
Миллатни севиш (уларнинг таъбирича, «миллатчилик») қатағон даврида энг оғир жиноят ҳисобланарди. Ватанпарвар зиёлилар бундай «гуноҳ»ни бўйинларига ошкора олишдан қатъий бош тортганлар. Натижада хавфсизликқўмитаси терговчилари уларни аёвсиз исканжага солишар, ҳаммаслакларни бир-бирига чақимчи қилиб кўрсатардилар.
Тергов жараёнидаги узлуксиз азоблардан сўнг олим ўзининг «гуноҳи»ни «тан олиш»дан бошқа чора тополмайди, 1937 йилнинг 5 октябрида у терговчи Триғулов саволларига шундай жавоб беради:
«Мен, тилшунос профессор, ҳақиқатан ҳам миллатчилик руҳидаги китобларни ғоявий-маданий жабҳада, шунингдек тил қурилиши соҳасида ўзбек тилига ағдарганман... Мен аксилинқилобчи миллатчи ташкилотнинг раҳбарларидан бири сифатида жумҳурият фан комитети, атамаком ва бошқа илмий ташкилотлар билан (Фитрат, О, Ҳошимлар биргаликда) гуруҳнинг аксилинқилобий ишларини бошқардим...»
СССР Олий судининг сайёр Ҳарбий ҳайъати 1938 йилнинг 4 октябридаги (раис Алексеев, аъзолари — Зайцев, Болдиров, Батнер ҳамда қораловчи ёрдамчиси Шульц қатнашган) ёпиқ мажлисида профессор Ғози Олим отувга ҳукм этилди.
Кеч бўлсада, ижтимоий ҳақиқат тантана қилди. СССР Олий суди Ҳарбий ҳайъати бу адолатсиз ҳукмни бекор этиб, 1957 йилнинг 27 июнидаги 4н02—5571 рақамли ажрими билан таниқли профессор фаолиятида жиноят йўқ, деб топади ва уни тўла оқлайди.
Ўзбек халқининг атоқли тилшунос олими, таржима санъатининг моҳир устаси, туркий ва форс адабиётининг беназир тадқиқотчиси, ўзбек фольклоршунослигининг бошловчиси, катта мураббий, миллий истиқлол йўлида жонини қурбон қилган Ғози Олим Юнусовнинг порлоқ хотираси озод ўзбек эли дилида барҳаёт яшашга ҳақлидир.

Исломжон ТУРСУНОВ, Ҳайдарали УЗОҚОВ, фан номзодлари

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин