Саналар
19.11.2017
Баннер
Туркистон мухторияти ва унинг тақдири
PDF Босма E-mail

1917 йил 27 февралда Петроградда бўлган демократик инқилоб Туркистон ўлкасига хамўз таъсирини ўтказди. Туркистонда янги жамият куртакларини шакллантириш учун ҳаракат бошланиб кетди. Туркистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида ўлка мухторияти масаласи асосий масала бўлиб қолди. Туркистонга мухторият мақомини бериш ғояси нафақат демократик зиёлилар орасида, хатто оддий одамлар ўртасида хаманча оммалашган эди. 1917 йилнинг март-апрел ойлари ўлканинг сиёсий уйғонишида бурилиш даври бўлди. Туркистон жадидлари, миллий зиёлилари ва ислом уламоларининг етакчилари бўлган Махмудхўжа Беҳбудий (1875-1919), Мунаввар Қори (1878-1931), Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев (Убайдулла Хўжаев; 1882-1938), Фитрат (1886-1938), Файзулла Хўжаев (1896-1938), Садриддин Айний (1878-1954), Мустафо Чўқай (1886-1941), Муҳаммаджон Тинишбоев (1879-1939), Шерали Лапин (1868-1919), Ахмад Закий Валидий (1890-1970), Обиджон Махмудов (1858-1936) Ўлкада янги ташкил қилинган «Шўрои Исломия» (1917 йил март), Шўрои Уламо» (1917 йил июн), «Турон» Жамиятлари ва «Турк одами Марказияти (федералистлар) фирқаси» (1917 йил июл), «Иттифоқи муслимин» (1917 йил сентябр) сиёсий партияларининг тўзилишида муҳим роль ўйнадилар. 1917 йил 7 апрелда Петрограддаги Муваққат ҳукумат қарори билан кадет Н.Н.Шчепкин раислигида Муваққат ҳукуматнинг Туркистон Комитети ташкил қилинди. Комитет таркибига 9 киши кирган бўлиб, уларнинг тўрттаси Алихон Букейхонов (1868-1937), М. Тинишбоев, Садри Максудов, А. Давлетшинлар туркий халқлар вакиллари эди. Кейинчалик Туркистон Комитетининг таркиби ўзгартирилди.
Жадидчилик 1917 йилда маърифатчилик ҳаракатидан сиёсий ҳаракат даражасига аллақачон кўтарилган эди. Ўша 1917 йилнинг ўзида тўрт марта Бутунтуркистон мусулмонлари қурултойи ўтказилди. 1917 йил 16-23 апрелда Тошкентда бўлган I қурултойда демократик Россия таркибида Туркистон Мухториятини ташкил этиш ғояси олға сурилди. Бу ғоя Туркистон халқларининг ўз миллий давлатчилигини тиклаш йўлидаги дастлабки қадами эди.
Бутунтуркистон мусулмонлари I қурултойининг охирги мажлисида Марказий раҳбар орган — Туркистон ўлка мусулмонлари Кенгаши (Краймуссовет) ташкил этилиши ҳақида қарор қабул қилинди. Уни тузишдан асосий мақсад миллий озодлик ҳаракатига ташкилий ва марказлаштирилган хусусият касб этиш учун бир-бири билан тарқоқ алоқада бўлган жамият, қўмита ва иттифоқларни бирлаштириш эди. Туркистон мусулмонлари Маркази Кенгашига Мустафо Чўқай раис, Валидий бош котиб, Мунаввар Қори, Беҳбудий, У. Хўжаев, О. Маҳмудов, Тошпулатбек Норбутабеков, Ислом Шоаҳмедов ва бошқалар аъзо қилиб сайланди Мунаввар Қори ва Садриддинхон Шарифхўжа бошчилигида Тошкент қўмитаси тузилди. Шунингдек, Беҳбудий раҳбарлигида Самарқанд ва Носирхон Тўра етакчилигида Фарғона бўлими хам ташкил топди. Марказий шуронинг органи сифатида «Нажот» (муҳаррири - Мунаввар қори), кейинчалик «Кенгаш» (мухаррири — Валидий) газеталари чиқа бошлади. Шунингдек, 1917 йилда нашр қилинган «Улуғ Туркистон», «Турон» газеталарида мухториятчилик ғояси билан суғорилган мақолалар чоп килинди. Шундай қилиб, 1917 йил баҳорида Туркистоннинг бирлиги ва яхлитлиги томон мухим қадам ташланди. Тарихда илк марта Бутунтуркистон миқёсида мусулмонлар қурултойи чақирилиб, унда туб халқларнинг мухторият томон қатъий интилиши, ўз анъаналари, урф-одатлари ва турмуш тарзини изчил туриб химоя қилиши айтилди. Бу манфаатларнинг ифодачиси бўлган Миллий марказ — Туркистон мусулмонлари Марказий Кенгаши ташкил этилди.
Афсуски, бирлашиш жараёнлари ҳар доим хам бир текис ривожланмади. Аср бошидан буён давом этаётган «жадид-қадим» низолари демократик ҳаракат сафларида парчаланиш юз беришига олиб келди. Маьлумки, 1917 йил 14 мартда Тошкентда «Шўрои Исломия» ташкил топган эди. Аксарияти жадидлардан иборат бу ташкилот аьзолари Туркистон мустақиллиги учун кураш олиб бордилар. 1917 йил июн ойида Мунаввар қори бошчилигидаги «Шурои Исломия» ташкилотидан «Шўрои Уламо» ажралиб чиқди. Шерали Лапин унинг Тошкент шуъбасига асос солди. Орадан кўп вақт ўтмай, Қўқон шаҳрида хам «Шўрои Уламо» жамияти тузилди. Лекин икки жамият ўртасида ғоявий ихтилофлар мавжуд бўлиб, улар бир-бири билан келиша олмасдилар. Чунки «Шўрои Уламо» жамияти дастурида ислом динининг анъанавий асослари бўйича иш кўришини маълум килса-да, аслида Лапин бошчилигидаги Тошкент уламочилари аввал рус монархияси, сўнгра большевизм ғоялари билан ўз ҳаракатларини мувофиқлаштиришга беҳуда уриндилар. «Шўрои Уламо» жамияти ўз мақсадлари тарғиботи учун «Ал-Изоҳ» журналини чиқара бошлади (муҳаррири - Абдумалик ҳожи Набиев) ҳар икки жамият ўртасида ғоявий кураш, хусусан, матбуот саҳифаларида авж олиб кетди. 1917 йил 10 сентябрда Тошкентда Бутунтуркистон мусулмонларининг  II қурултойи очилди. «Шўрои Исломия» ташаббуси билан чақирилган ушбу қурултой ҳокимиятни ишчи, солдат ва деҳқон депутатлари советларига беришга қарши чиқди. Ушбу қурултойда қабул қилинган резолюцияларда миллий демократия ўзи тутадиган йўлнинг муҳим асосларини биринчи марта қатъий қилиб айтди: ҳукумат демократик сиёсат юргизадиган бўлса, ана шундагина мусулмонлар бу ҳукуматда иштирок этадилар. Иккинчи қурултойда фақат Миллий марказ - Туркистон мусулмонлари Марказий Кенгаши минтақадаги туб ерли аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиши мумкин деган фикр қатьий қилиб қўйилди. 1917 йил 20 сентябрда Тошкентда бўлиб ўтган Туркистон ва Қозоғистон мусулмонларининг кўрултойи «уламочилар» билан «Шўрои исломчилар» ўртасидаги узоқ баҳсларга қарамай, ниҳоят, келишиш ва муроса йўлини топди. Қурултойда «Шўрои Исломия», «Шўрои Уламо», «Турон» ва бошқа сиёсий ташкилотларни бирлаштириш йўли билан бутун Туркистон минтақаси учун умумий бўлган «Иттифоқи муслимин»    деган    сиёсий    партия    тузишга    қарор қилинди.
Қурултой ишидаги асосий масала Туркистон ўлкасининг бўлажак сиёсий тузумини белгилаш эди. Ўша пайтда Тошкентда нашр қилинган «Улуғ Туркистон» газетасида ёзилишича, «Қурултой Мулла Муҳаммадхўжа эшон ва Мулла Сиддиқхўжа эшонларнинг бошқарув шакли ҳақидаги нутқларини тинглаб, дуо-ю ижобат ила Туркистон Мухториятини тайин этишга жазм қилди». Қурултой мухториятга «Туркистон Федератив Республикаси» деган номни қўйиб, парламент республикаси асосида тузилажак бўлғуси давлат тузумининг бош тамойил ва меъёрларини белгилаб берди.
Шу тарзда Туркистонда мухторият ҳукумати юзага келмасдан анча олдин жамиятнинг кенг қатламлари вакиллари, илғор зиёлилар бу ҳаракатда фаол қатнашиб, унинг пойдеворини яратишга замин ҳозирладилар.
1917 йил 25 октябрда (янги сана билан 7 ноябрда) қурол кучига таянган В.И. Ленин бошчилигидаги большевиклар (коммунистлар) Петроградда Муваққат ҳукуматни ағдариб ташлаб, ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллашди. Россиянинг марказида юз берган воқеаларнинг акс-садоси орадан кўп ўтмай Туркистонга хам етиб келди. 28 октябрда Тошкентнинг янги шаҳарида европалик ишчилар ва солдатлар большевикларнинг қутқуси билан қуролли тўқнашувларни бошлаб юборилди. Улар генерал Коровиченко қисмларидан устун келдилар. 1 ноябрда Коровиченко ва Мувақкат ҳукуматнинг Туркистон Комитети қамоққа олинди. Тошкентда зуравонлик йўли билан совет режими ўрнатилди.
Ҳужжатларнинг гувоҳлик беришича, 1917 йилнинг кузига келиб, ўлка шаҳарлари, вилоятлари ва уездларида аҳолининг ҳокимиятни советларга ўтишини талаб қилувчи фаол чиқишлари кузатилмаган. Аксинча, жойлардан келиб турган хабарлар ва телеграммаларда Муваққат ҳукуматни кўллаб-қувватлаш ҳақида гапирилар экан, большевиклар ва бошқа экстремистларнинг ҳокимиятни советларга бериш ҳақидаги талаблари фош этилар, мамлакат тақдирини қиладиган Таъсис Мажлисини чақириш маьқулланарди. Демак, 1917 йил ноябр ойининг бошида большевиклар фақатгина қурол кучига таянган холда Тошкент шаҳрида ҳокимиятни кўлга киритишди. Бу холни архивларда сақланиб қолган ўша даврга оид кўплаб расмий ҳужжатлар хам исботлайди. Туркистон республикаси раҳбарларидан бири кейинчалик қуйидаги фикрни эътироф этишга мажбур бўлган эди: Туркистон  бир  неча ўн  йиллар  мобайнида  чоризм мустамлакаси бўлиб келди ва бу ғоя барча ижтимоий кайфият ва муносабатларда ўзининг учмас муҳрини қолдирди. Самодержавие томонидан олиб борилган мустамлакачилик кайфияти ва сиёсати амалдорлар ва хизматчи унсурлардан ташқари ҳатто рус темирйулчиларига хам ўз таъсирини ўтказган эди. Шунинг учун тўнтаришнинг бошидаёқ, совет ҳокимиятини бу ерда фақат рус кишилари амалга оширди. Туб аҳолидан эса мустамлакачи маҳаллий ҳокимиятга алоқадор кишиларгина унда қатнашиши мумкин бўлиб, туб аҳолининг қолган қисми учун бу ғоя бегона ва тушунарсиз эди».
1917 йил 15-22 ноябрда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ўлка ишчи, солдат ва деҳқон депутатлари Советларининг III съездида 15 кишидан иборат ҳукумат—Туркистон ўлкаси Халқ Комиссарлари Совети тузилди, унда 8 ўрин сул эсерларга, 7 ўрин большевиклар билан максималистларга берилди. Бироқ ҳукумат фақат европаликлардан иборат бўлди. Туркистон ХКС раиси лавозимини касби чизмачи бўлган большевик Ф. Колесов эгаллади, ҳарбий комиссар қилиб извошчи Перфильев, бошқа комиссарлик лавозимларига хам шунга ўхшаганлар тайинландилар. Ҳукумат таркибига туб аҳоли вакилларидан битта хам вакил киритилмади. Бу тасодифий ҳол эмас эди. Туркистонда сўл инқилобий сиёсий гуруҳлар, уларнинг намояндаларидан тузилган ҳукумат, биринчи галда большевиклар моҳиятан чоризм мустамлакачилик сиёсатига амал қилдилар. Шу билан бирга октябр тунтаришидан кейин Россияда бўлгани сингари, Туркистонда хам инқилобий ақидаларга, энг аввало синфийлик тамойилларига амал қилинди. Асосий инқилобий куч — пролетариат ва камбағал деҳқонлар, аҳолининг бошқа қатламлари эса реакцион ва эксплуататор гуруҳлар деб эълон қилинди. Мулкдорлар — эксплуататорлар, эзувчилар; миллий зиёлилар, ўқимишли,   обрў-эътиборли   халқ   вакиллари   —   миллий буржуазия корчалонлари ва малайлари; ислом дини раҳнамолари — реакцион қатлам деб, уларга қарши аёвсиз кураш бошлаб юборилди.
Туркистон ўлкасидаги дастлабки совет ҳукуматининг зиддиятли таркиби минтақада европалик аҳоли ҳукмронлигини мустаҳкамлашга қаратилган эди. «Туркистондаги мустамлакачилик ҳатто совет ҳокимияти тараққиётининг бутун бир йўналишини белгилаб берди», деб кейинчалик тан олган эди Г. Сафаров.
Маҳаллий миллатларнинг сиёсий жараёнга аралаштирилмаганлиги ўлка халқларининг совет ҳокимиятига бўлган ишончсизлигини янада кучайтирди. Ҳатто Туркистондаги европалик аҳолининг демократик қатламлари ҳам большевиклар ва сул эсерларнинг бундай маккорона сиёсатига қарши чиқдилар. Ҳукумат тузишда улуғ давлатчилик шовинизми ақидаларига амал қилинганлиги янги ҳокимиятнинг сиёсий фаолиятини олдиндан белгилаб берди.
Ҳокимият большевиклар қўлига ўтиши билан ўлкада Муваққат ҳукуматнинг барча бўғинлари тугатилиб, ўрнига аввало жазо органлари ва совет бошқарув тизими ўрнатилди. Бу тасодифий ҳол бўлмасдан, большевиклар ҳукмронлиги нафақат ағдарилган синфлар, балки большевиклар билан келишмайдиган маҳаллий аҳолининг катта қисми устидан зўравонлик ўрнатилгандагина сақланиб қолиши мумкин эди. Туркистон ХКС 1917 йил 28 ноябрда ўлкада қизил гвардия бўлинмалари тузиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу бўлинмалар совет режими ва большевикларга қарши кўтарилган дастлабки стихияли чиқишларни бостиришда фаол иштирок қилди. Шу вақтнинг ўзида Бутунроссия Фавқулодда комиссия (чека) органлари ва инқилобий трибуналлар ташкил этилди. Пролетариат диктатурасининг  бу  жазо   органлари   озодлик   ва  демократияни бўғишда,   ўзгача   фикрлайдиган   кишиларни йўқ қилишда муҳим қурол бўлди ва Ватанимизнинг янги тарихида ўзининг машъум асоратларини қолдирди.
Туркистон ХКС 1917 йил охирларида ўз қарори билан «Шурои Исломия» ва бошқа маҳаллий демократик ташкилотларни тарқатиб юборди. Бу ташкилотларнинг раҳбарлари кейинчалик Туркистон Мухторияти ҳукуматига қўшилдилар, айримлари истиқлолчилик ҳаракатига ғоявий раҳнамолик қилдилар. Шуниси характерлики, «Шўрои Уламо» ташкилотининг Тошкент шуъбаси фақат 1918 йил 13 майда ёпиб қўйилди. Шундай қилиб, даставвал Россия марказида қарор топган совет режими Туркистон ўлкасида ҳам ўрнатилди. Зўравонлик ва халқларни эзишга қаратилган совет режими ўзининг илк кунларидан бошлаб Туркистондаги туб халқларга нисбатан мустамлакачилик сиёсатини юритди. Чор Россиясининг мустамлакачилик тизими совет Россияси даврида янада такомиллаштирилди. Туркистон Мухторияти ҳукумати ва унинг фаолияти сиёсий партиялар тузилиши, улар томонидан дастурий ҳужжатлар қабул қилиниши Туркистонда миллий ҳаракатнинг кенг қулоч ёйганидан далолат берар эди. Бироқ юқарида кўрсатиб ўтилганидек, Петрограддаги октябр тўнтариши оқибатида 1917 йил октябр-ноябр ойларида Туркистон ўлкасида, хусусан, Тошкент ва Қўқонда юз берган воқеалар миллий озодлик ҳаракатини бутунлай бошқа йўналишдан кетишга мажбур қилди.
1917 йил 26-28 ноябрда Қўқон шаҳрида Туркистон ўлкамусулмонларининг фавқулодда IV қурултойи бўлиб ўтди. Қурултой ишининг бутун тафсилотлари ўша давр газеталарига тарих учун муҳрлаб қўйилган.
Мустафо Чўқай қурултойни очар экан, Россия ва Туркистоннинг сиёсий ва иқтисодий аҳволи хусусида маълумот беради. Унинг айтишича, Марказда юз бераётган воқеалар, чекка ўлкаларни ва шу билан бирга Буюк миллий инқилобни қутқарув йўлларини мустақил муҳокама этувини тақозо қилар. Октябр хунрезлигини бошдан кечирган Россия ва Туркистон ўз тақдирлари ҳақида мулоҳаза юритмоқлари лозим.
Маълумки, мусулмонларнинг ушбу нуфузли қурултойи ва унда қабул қилинган қарорлар узоқ йиллар давомида миллатчилар гуруҳининг йиғинидан эълон қилинган буржуа мухторияти деб нотўғри талқин қилиб келинди. Ҳужжатлар эса ушбу холнинг бутунлай акси бўлганлигини исботлайди. Масалан, Туркистон жадидларининг отаси саналган Беҳбудий ўз маърузасида қурултойнинг Туркистон халқлари тарихида улкан ижобий, тарихий ҳодиса ва бурилиш даври эканлигини таъкидлаб, «Қурултойимиз қабул қилаётган қарорлар шунинг учун хам аҳамиятлики, унда Туркистон аҳолисининг европалик вакиллари хам иштирок этмоқдалар», дейди. Беҳбудий ва Обиджон Махмудов қурултой ҳайъатида мусулмонлар билан бир қаторда бошқа миллий гуруҳларнинг ҳам вакиллари бўлишини ёқлаб чиқди.
Туркистонни бошқариш шакли уч кун давом этган қурултойнинг диққат марказида турди. Бу масала муҳокамасида сўзга чиқганларнинг кўпчилиги Туркистоннинг мухтор республика деб эълон қилиниши ўлка аҳолисининг ижтимоий мақсадларидан келиб чиққан ва унга мос тушишини уқтирди. Мухторият ва мустақиллик эълон қилиш фикрини ҳамма кўллаб-қувватлади. Қурултойда 1917 йил 27 ноябр (янги ҳисоб билан 10 декабр) куни кечқурун қабул қилинган қарорда шундай дейилади: «Туркистонда яшаб турган турли миллатга мансуб аҳоли Россия инқилоби даъват этган халқларнинг ўз ҳуқуқларини ўзлари белгилаш хусусидаги иродасини намоён этиб, Туркистонни Федератив Россия Республикаси таркибида ҳудудий жиҳатдан мухтор деб эълон қилади, шу билан бирга мухториятнинг қарор топиш шаклларини Таъсис Мажлисига ҳавола этади». Қурултой Туркистонда яшаб турган миллий озчилик ҳуқуқларининг муттасил ҳимоя қилинишини тантанали равишда эълон қилди.
28 ноябр (янги ҳисоб билан 11 декабр) да таркиб топаётган мазкур давлатнинг номи аниқланиб, Туркистон Мухторияти, деб аталадиган бўлди. Қурултой ўша куни йиғилишда Бутунроссия Таъсис Мажлиси чақирилгунга қадар ҳокимият Туркистон Муваққат Кенгаши ва Туркистон Халқ (Миллат) Мажлиси кўлида бўлиши керак, деб қарор қабул қилди. Қурултойда Туркистон Муваққат Кенгаши аъзоларидан 8 кишидан иборат таркибда Туркистон Мухторияти ҳукумати тузилди. Ҳукуматнинг Бош вазири хамда ички ишлар вазири этиб Муҳаммаджон Тинишбоев сайланди. Ислом Султон ўғли Шоаҳмедов — Бош вазир ўринбосари, Мустафо Чуқай — ташқи ишлар вазири, Убайдулла Хўжаев - ҳарбий вазир, Хидоятбек Юргули Агаев — ер ва сув бойликлари вазири, Обиджон Махмудов — озиқ-овқат вазири, Абдурахмон Ўрозаев — ички ишлар вазирининг ўринбосари, Соломон Абрамович Герцфельд — молия вазири лавозимларини эгаллади. Ҳукумат таркибида кейинчалик айрим ўзгаришлар юз берди. Мустафо Чўқай Бош вазир лавозимини бажаришга киришди. Вазирлардан уч киши олий маълумотли ҳуқуқшунос, икки киши Ўртача малакали ҳуқуқшунос эканлиги мухторият ҳукумати аъзолари билим даражасининг нақадар юқори эканидан далолат беради.
Қурултойда 28 ноябр куни Туркистон Миллат Мажлиси очилиши тўғрисидаги қарор ҳам тасдиқланди. Миллат Мажлиси 54 нафар аъзодан иборат бўлиб, қурултой қарорига биноан «36 нафар мусулмонлар ва 18 нафар ғайри мусулмонлардан сайланадур. 36 мусулмон вакиллари Туркистоннинг 5 вилоятидан бўлиб: Фарғона — 10 нафар, Самарқанд — 5 нафар, Сирдарё — 9 нафар, Еттисув — 6 нафар, Закаспий - 2 нафар; 4 нафар эса бутун Туркистон шаҳар думалари тарафидан    тайин    бўлурлар».    18    нафар    ўрин    эса ўлканинг европалик ташкилот ва фуқароларига, жумладан, темирйўлчилар иттифоқи, ишчи ва солдат депутатлари совети, социал-демократлар, дашноқцутюн, ерлик жуҳудлар, яҳудийлар, эсерлар, украинлар, поляклар вакиллари ва бошқаларга берилиши кўзда тутилган эди. Демак, ташкил этилаётган ҳукумат таркибига турли сиёсий ва миллий гypyҳ вакилларининг қатнашуви кўзда тутилди. Демократик рухдаги миллий зиёлилар кўрултойда қабул қилинган дастурий ҳужжатларга ўзига хослиги билан ажралиб турадиган халқчил ва демократик ғояларни киритишди.
Қурултой жараёнида Туркистон Миллат Мажлиси 32 кишидан иборат қилиб сайланди. «Шўрои Уламо»нинг раҳбари Шерали Лапин Миллат Мажлиси таркибига унинг раиси сифатида киритилган бўлса хам, аммо унинг ўзи бу таклифни рад этди.
Қурултой тугагач, 1 декабрда Туркистон Мухториятининг Муваққат ҳукумати аъзолари (барча 8 киши) имзолаган махсус Мурожаатнома эълон қилинди. Ушбу Мурожаатномада Туркистондаги барча аҳоли, ирқи, миллати, дини, жинси, ёши ва сиёсий эътиқодларидан қатъий назар, якдиллик ва ҳамжиҳатликка даъват этилган эди.
Орадан кўп ўтмай Миллат Мажлиси томонидан тасдиқланган қонунлар эълон қилинди, шунингдек, янги ҳукумат мамлакат Конституциясини тайёрлаш учун таниқли ҳуқуқшуносларни жалб қилди. «Эл байроғи», «Бирлик туғи», «Свободний Туркестан», «Известия Временного Правительства Автономного Туркестана» каби ҳукумат газеталари ўзбек, қозоқ ва рус тилларида нашр қилина бошланди. Аввал чиқаётган «Улуғ Туркистон» газетаси хам ўз саҳифаларида мухторият ҳукумати фаолиятига алоҳида ўрин бера бошлади. Нашр ишларини яхшилаш учун О. Махмудовнинг босмахонаси ҳукумат ихтиёрига ўтди. Мухторият ҳукумати миллий қўшинни ташкил қилишга киришди. 1918 йил бошида бу қўшин сафларида бир мингдан ортиқ аскар бўлган. Ҳарбий вазир Убайдулла Хўжаев  иштирокида  ўтказилган  кўрик-парад  вақтида аскарлар сони 2000 кишига етган. Бундан ташқари Қўқонда тахминан шунча миршаблар бор эди. Ҳукумат иқтисодий соҳада 30 миллион сўм миқдорида ички заём чиқаришни йўлга қўйди. Чунки газеталарни нашр қилиш, мухторият қўшинларининг таъминоти ва ҳукуматнинг ички харажатлари учун маблағ зарур эди. Шунингдек, ҳукумат аъзолари очлик чангалида қолган Туркистон аҳолисига Оренбург орқали ғалла келтириш муаммосини ҳал қилиш учун хам амалий қадамлар ташлади. Туркистон Мухторияти ҳукумати қисқа муддат ичида халқ ўртасида катта эътибор қозонди. Янги ҳукумат фаолияти фақат Қўқонда ёхуд Фарғона водийсида эмас, балки бутун Туркистон минтақасида яшаётган туб ерли халқлар томонидан қизғин кўллаб-қувватланди. Фитрат, Чўлпон, Ҳамза мухторият ҳукуматини алқаб,  шеърлар битишди. Фитрат мухторият эълон қилинган 27 ноябр  тунини «Миллий Лайлатул қадримиз» деб атади. Аллома Фитратнинг бу сўзларида олам-олам маъно мужассамлашган.
Туркистон халқининг мухторият учун олиб борган курашида 1917 йил 13 декабрда бўлиб ўтган фожиали воқеалар муҳим ўрин тугади. Ўша куни Тошкентда эски шаҳар ахолиси «Мухтор Туркистон учун!» шиори остида тинч байрам намойишини ўтказди. Аммо Тошкент Советидаги большевиклар шаҳарда қуролли куч билан тартиб ўрнатишга буйруқ берадилар. Оқибатда тинч намойиш қатнашчилари пулемётдан ўққа тутилди, эски шаҳарлик 16 киши ана шу тўқнашув қурбони бўлди.
Мухтор ҳукуматнинг халқ ўртасидаги обру-эътибори ва нуфузи большевикларни ташвишга солиб қўйди. 1918 йил 19-26 январ (янги ҳисоб билан 1-8 феврал) да Тошкентда бўлган Туркистон ўлкаси ишчи, солдат ва деҳқон депутатлари Советларининг фавқулодда IV съездида мухторият масаласи асосий ўринда турди. Съезд Туркистон Мухторияти ҳукумати ва унинг аъзоларини қонундан ташқари халатда деб, ҳукумат аъзоларини қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарди. Большевиклар ўзларининг бу қабиҳ ва мудҳиш «ҳукми»ни амалга оширишга зудлик билан киришдилар.
30 январ (янги хисоб билан 12 феврал) да Туркис¬тон ХКС мухторият ҳукуматини тугатиш учун ҳарбий ҳаракатларни бошлади. Туркистон большевиклари бунинг учун қизил аскарлардан ташқари арманларнинг «Дашноқцутюн» партияси аъзоларидан тузилган қуролли тўдалардан хам кенг фойдаланди. Уларга қарши дастлабки жангда мухториятнинг миллий қўшинидан ташқари қўқонлик тинч аҳоли вакиллари хам қатнашди. Асосан болта, чўкич, таёқ кўтарган халойиқнинг сони 10000 кишига етди. Шунга қарамай, қуролсиз бу кишилар қизил аскарларнинг Қўқон шаҳрига ҳужумини уч кун давомида мардонавор қайтардилар. Шаҳар устига уч кун давомида тўплардан ёндирувчи снарядлар отилди. Мухторият қўшинининг тирик колган қисми Кичик Эргаш қўрбоши бошчилигида шаҳардан чиқиб кетди. Туркистон Мухторияти ҳукумати қизил аскарлар ва дашноқларнинг қонли ҳужумлари оқибатида ағдариб ташланди. Аммо Қўқон ва унинг атрофидаги тинч аҳолини талаш, ўлдириш авжига чиқди. Фақат Қўқоннинг ўзида уч кун давомида 10000 киши ўлдирилди. Шаҳар буткул вайронага айлантирилди. Ҳукумат бошлиғи Мустафо Чўқай шаҳарни тарк этиб, яширинишга мажбур бўлди. Вазирларнинг айримлари ҳалок бўлди. Баъзиларини большевиклар кўлга олишди.
«Улуғ Туркистон» газетаси чуқур кайғу билан хабар берганидек, «20 (эски хисоб билан 7) феврал Ҳўқанд (Қўкон) тарихининг энг даҳшатли куни эди. Арманилар айрича фаолият кўрсатганлар...». Газетадаги ушбу мақола «Қўқон ҳозир ўликлар шаҳри», деган даҳшатли ибора билан тугайди.
Ниҳоят, 1918 йил 22 (эски ҳисоб билан 9) февралда Қўқон шаҳридаги Рус-Осиё банки биносида большевиклар томонидан тайёрланган «тинчлик Шартнома» имзоланди. Туркистон Мухторияти ҳукумати атиги 72 кун умр кўрган бўлса хам, у эрксевар халқимизни миллий мустақиллик ва истиқлол учун курашга даъват этди. 1918 йилнинг эрта баҳорида аввал Фарғона водийсида, сўнгра бутун Туркистонда истиқлолчилик ҳаракати бошланди. Аммо бу даврга келиб Туркистон Мухториятини тор-мор этиб, ўлкада якка ҳукмрон бўлган, қурол ва зўравонликка таянган большевиклар минтақада советча андозадаги автономия (мухторият) ни ташкил этишга киришган эдилар.
1918    йил январ ойидаёқ большевиклар Туркистон Мухториятига қарши Туркистон автономиясини тузиш масаласини    кўтаришган эди. Бу муаммо фақат Туркистон Советларининг V съездида  (1918  йил  20 апрел - 1 май) ҳал қилинди. Съезд   Россия Совет Социалистик Федерацияси таркибида Туркистон республикаси тузиш   тўғрисида   қарор қабул қилди. Туркистон республикасининг Марказий Ижроия  Комитети   (МИК)  ва  ХКС  сайланди. Улар таркибига илк марта туб миллатларнинг вакиллари киритилди. Шунингдек, съездда саноат корхоналарини
национализация қилиш ва бошқа айрим масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди. Шундай қилиб, совет Россияси таркибида Туркистон автоном республикаси ташкил қилинди.

Профессор Р.Т.Шамсутдинов

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин