Саналар
24.04.2024
Баннер
Халқимиз саводсиз бўлганми?
PDF Босма E-mail

Мустабид совет тузуми давридаги дарсликлар ва тарихга оид асарларда Туркистон халқининг асосий қисми саводсиз бўлган, аҳолининг бор-йўғи икки фоизигина ўқиш-ёзишни билган, деган нохолис ва ғайриилмий иддаоларга кўп дуч келинади. Масалан, рус тилшунос олими В. Наливкин “Сирдарё вилоятидаги маҳаллий мадрасалар аҳволи ҳақидаги маълумотлар”ида бундай ёзади: “1887-1888 ўқув йилида сон-саноқсиз мактаблар (!) билан бирга сон-саноқсиз саводсиз кишиларни кўрдик” (“Сведения...”, Ташкент, 1916 г. стр. 44). Дмитрий Граменитский эса “Мусулмонлар ҳаётида бошланғич мактаблар кўп бўлишига қарамай, саводли кишилар жуда кам”, деб уқтиради (“Туркестанские ведомоти”, № 30). Яна бир рус олими В. Вяткиннинг гаплари ҳам ҳамкасблариники билан бир хил: “Ибтидоий мактаблар барча қишлоқларда бор, аммо халқ қанчалик ўқимасин, барибир саводсизлигича қолаверган (?)” (“О долине Зеравшан”, газета “Самарканд”, 1904 г. № 113).
Бундай бир-бирига зид, алмойи-алжойи фикрларни совет давридаги расмий манбаларда ҳам учратиш мумкин. Ўзбекистон ССР ФА иқтисод институти 1950 йили нашр этган “Ўзбекистон. Иқтисодий таъриф” китобида: “1914 йилда Ўзбекистон ҳудудида бир неча мусулмон мактаблари (асосан диний) ва 160 та рус мактаби бўлган” деган сатрларни ўқиш мумкин. Ҳатто Катта Совет Энсиклопедиясининг Ўзбекистонга бағишланган бўлимида   (изд. 2, том 44, стр. 29) инқилобдан олдинги Туркистонда мавжуд бўлган диний мактаблар тармоғининг ниҳоятда кенг ёйилгани ҳақида лом-мим дейилмаган.
Аслидан ҳам шундаймиди? Исломнинг машҳур илм-фан ва маданият ўчоқларидан бўлган, жаҳонга ўнлаб даҳо олимларни берган юрт халқи ҳақиқатан ҳам руслар босиб олгунича ялпи саводсиз бўлганмиди? Холис тадқиқотчиларнинг (буларнинг аксарияти рус олимлари) изланишлари, “қизил мафкура”га хизмат қилмаган соф манбалар бу телба-тескари, “ҳаводан олинган” даъволарнинг ғирт асоссизлигини исботлаб турибди. Тарихий далилларга мурожаат қилинса, бунинг бутунлай аксини кўриш мумкин.

“Қомус ул-аълом”да келтирилишича, ўн тўққизинчи милодий асрда биргина Тошкентнинг Эскишаҳар қисмида 13 минг хонадон, 18 та мадраса, 60 та бошланғич мактаб (куттоб) бўлган. Петербургда чиққан “Отечественние записки” журналининг 1821 йилги сонларидан бирида “150 минг аҳоли яшаган Самарқандда қирқта, 200 минг нуфусга эга Бухорода ўттизта мадраса бўлгани” ёзилган. 1974 йили рус тилида нашр этилган “Ўзбекистон халқлари тарихи” китобида 1894 йили Туркистонда жами 6445 та мактаб ва мадраса фаолият юритгани келтирилган.
Ўн тўққизинчи асрда Русиянинг Қўқон хонлигидаги элчиси бўлган Филипп Назаров аср бошларида Қўқонда ўнлаб мадрасалар ишлаб турганини ёзади. Ҳатто амир Умархон замонида хонлик ҳудудида ўн бешта янги мадраса барпо қилинган. Ўша давр маълумотларига кўра, хонликка кирувчи Намангон шаҳрида 39 та мадраса, масжидлар қошида эса 450 дан ортиқ мактаб ва қорихоналар ишлаб турган. Мавжуд элликка яқин қорихонада юзлаб мураттаб қорилар, Қуръон ҳофизлари тайёрланган. Тадқиқотчи Н. Хаников маълумотларида эса Бухорода 103 та мактаб-мадраса ишлаб тургани, уларда беш мингга яқин илм толиблари таҳсил олгани таъкидланади (С. Соатов. “Ўзбекистон ССР тарихидан ўқув қўлланмаси”, Тошкент, “Ўқитувчи”, 1973 йил, 27-бет).

Туркистон халқларининг нечоғли саводхон бўлганини ҳатто рус олимларининг ўзлари тан олишга мажбур бўлишади: “Мусулмон мактаблари шу қадар кўпки, расман беш минг дейишади, аслида эса эҳтимол ўн мингдан ортиқдир” (ЎзССР Марказий Давлат архиви, фонд 47, “Записки Наливкина о мактабах Туркестана в 1894 г.”). 1878 йили Фарғона водийига келган академик А. Миддендорф уч ой мобайнида аҳолининг саводхонлик даражасини ўргангач, бу ердаги мусулмон аҳолининг ёппасига саводхонлиги ҳақида хулосага келади ва бу ҳолат Русиянинг халқ маорифи арбобларига катта маломат эканини ёзади (“Очерки Ферганской долини”, СПб, 1882, стр 362).
Умумий ҳолат шундай бўлгач, унда нега “халқ саводсиз эди” деган таъна-иддаолар, нохолис даъволар пайдо бўлди? Янглишишлар, хато фикрларнинг асоси, бизнингча, рус тадқиқотчилари ва уларга жўровоз бўлган айрим “олим”ларимизнинг ўтмишда улуғ давлатчиликка, катта илмий-маданий салоҳиятга эга халқни ёмонотлиқ қилиш, ўзлигидан мосуво этиш ва шу йўл билан келгинди мустамлакачиларга бўйсундириб беришдаги “фидойи”ликларидадир. Улар бу йўлда ҳар қандай ёлғондан, куракда турмайдиган “таҳлил”лардан, бир-бирига боғланмайдиган “далил”лардан бемалол фойдаланишаверади. Буни ҳатто уларнинг айрим маслакдошлари тан олиб ҳам ёзишади: “Туркистон Русияга қўшилганининг биринчи йилларида рус манбаларида ўлкадаги саводхонлик тўғрисида нотўғри фикр-маълумотлар кўп учрайди. Совет асарларида Туркистонда инқилобгача мавжуд бўлган мактаблар тармоғи ҳақидаги масала бўйича ҳақиқатга зид фикрлар келтирилади” (Кириак Бендриков. “Очерки по истории народного образование в Туркестане (1865-1924)”, Москва, 1960 г. стр. 44).

Юқоридаги тадқиқотчиларнинг бир-бирларидан ўзиб руслар келишигача бўлган таълим тизимининг ёмонотлиқ қилишлари, мактаб ва мадрасаларни битириб чиққанлар ғирт саводсизу рус-тузем мактабларида ўқиганларгина саводхон, деган фикрлашларининг асл сабаблари худди шу жойда ойдинлашади. Улар мактаб-мадрасаларни “билимсизлик ўчоқлари”, “диний таассуб макони”, “руҳий қашшоқлик манбаи” деб аташгача боришдан уялишмайди. Ваҳоланки, холис олимлар ўша даврдаги мактаб-мадрасаларнинг халқни билимли, маърифатли ва саводхон қилишда улкан хизматлар қилганини кўп ёзишади.
Туркистон ўлкасидаги таълим тизими масжидлар қошида ва маҳаллаларда очилган бошланғич мактаблар (куттоблар), Қуръони каримни ўргатадиган қорихоналар, далойилхоналар, отинбиби мактаблари ва мадрасалардада олиб борилган. Болалар одатда олти ёшидан мактабга борган. Уларга мактабда араб имлоси ўргатилган, дин асослари ва арконларидан бошланғич маълумотлар берилган. Сўнг Қуръоннинг еттидан бири “Ҳафтияк” ўқитилиб-ёдлатилган. Бундан ташқари, Исломни танитишга хизмат қилувчи ва саводхонлиги оширувчи форс-тожик тилидаги “Чор китоб” (Фаридуддин Аттор), туркийча “Ҳикматлар” (Аҳмад Яссавий), Сўфи Оллоҳёрнинг икки асари, Вафоийнинг “Равнақул Ислом” китоблари ўқитилган. Болаларга икки-уч йилда бошланғич таълим бериш шу билан охирига етган.

Мактабларнинг кейинги босқичида талабалар мураккаброқ асарларни ўрганишга ўтишган. Уларга Қуръон илми, ҳадис, дин асослари, Ислом тарихи каби фанлардан сабоқ берилган. Шу билан бирга, улар Ҳофиз Шерозий, Мирзо Бедил, Фузулий, Сўфи Оллоҳёр кабиларнинг асарлари билан ҳам яқиндан танишишган. Бундан ташқари, хоҳловчилар хаттотлик, тарих билан ҳам шуғулланишган. Мактабни битирувчилар араб, форс тилларини тушуна оладиган даражада билимга эга бўлган (Кириак Бендриков, юқоридаги асар, 36-48-бетлар).

Ўша пайтда мадрасалар хонликдаги давлат идоралари, бошқарув маҳкамалари, диний муассасалар учун турли ходимлар, мактаб-мадрасалар учун муаллим-мударрислар, ўз даврининг ижтимоий-сиёсий тузуми ва мафкурасига хизмат қилувчи мутахассислар тайёрлаб берган. Мадрасаларда таълим уч босқичда олиб борилган: аднода (қуйи босқич) дин асослари, шариат ҳақидаги бошланғич билим берилган, саводхонлик мактабга қараганда чуқурроқ ўргатилган. Авсатда (ўрта босқич) ва аълода (юқори босқич) талабаларга асосан тафсир, ҳадис, фиқҳ илмлари чуқур ўргатилган, араб тили грамматикаси (сарф ва наҳв), ақоид, мантиқ, балоғат, табиий фанлардан сабоқ берилган. Масалан, мадрасаларда ўқитилган “Мантиқ Таҳзиб” китобида қадим юнон фалсафасига Исломнинг муносабати баён этилган бўлса, “Шамсия” китобида мантиқ асослари очиб берилган. В. Наливкин ёзишича, риёзиёт (математика) ва ҳандаса (геометрия) мадрасаларда асосий фанлардан саналган. Бундан ташқари, уларда хоҳловчиларга жуғрофия, метафизика, космография, фалсафа каби фанлардан ҳам дарс ўтилган. Талабалар физика, тиббиёт, кимё, тарих каби фанларни мустақил ўрганишган.
Очиқ кўриниб турибдики, мустамлакачилар халқнинг саводхонлик даражасини белгилашда минг йиллар мобайнида шаклланган ва исломий билимлар асосига қурилган таълим тизимини бутунлай инкор қилишган ва ўзлари очган рус-тузем мактабларида таҳсил олганларнигина саводли санашган. Ваҳоланки, энг камайтириб келтирилган маълумотларда ҳам Туркистон аҳолисининг учдан икки қисми ўқиш-ёзишни биладиган даражада саводхон бўлгани қайд этилади. Демак, истилочиларнинг барча ҳужжатларида қайта-қайта таъкидланганидай, икки фоиз аҳоли рус имлосида ўқиш-ёзишни билган, десак мантиққа тўғри бўлади. Буни тадқиқотчиларнинг ўзлари бундай шарҳлашади: “Волостда 32 та мактаб бўлишига қарамай, волост бошлиғи фақат ўқий олади (яъни, рус алифбосида), маъмуриятнинг бошқа аъзолари умуман саводсиз. Ер ўлчаш ишларида гувоҳлик учун волост аҳолиси ичидан ўн битта саводхон одам топилмади” (М. Н. Вирский. “Справочная книжка Самаркандской области”, вип. 3., Самарканд, 1895 г.)

1869-1870 йиллари Русия халқ маорифи нозири Д. Толстов раҳбарлигида рус бўлмаган халқлар учун бошланғич мактаблар тармоғини кенгайтириш режасида: “мамлакатимиз ҳудудида яшаётган барча ёт миллатларга таълим беришнинг пировард мақсади, шубҳасиз, уларни руслаштириш ва рус халқи билан қўшилиб кетишини таъминлашдир”, дейилган. Бундан илҳомланган Туркистон генерал-губернатори фон Кауфман ҳарбий нозир Милютинга юборган лойиҳасида ана шу мақсадда диний таълимга асосланган мактаб-мадрасалар ўрнига рус-тузем мактаблари ташкил этиш, айниқса, Туркистондаги уч миллионли аҳолининг учдан икки қисмини ташкил этувчи кўчманчиларни Ислом таъсиридан “қутқариш” учун уларни шу мактабларга кенг жалб қилиш таклифини киритади. Иш шунга бориб етдики, бу мактаблардан рус болаларига илоҳиёт дарслари бемалол ўқитилгани ҳолда Ислом таълимотларини ўргатиш мутлақо тақиқланди (К. Бендриков, юқоридаги асар, 64-бет).
Манзарани янада ойдинлаштириш учун русларнинг генерал губернатори иштирокида маҳаллий маъмурият ишлаб чиққан “Аҳолининг маънавий-диний ҳаётини зўр эътибор билан кузатиб боришни жорий этиш Дастури”дан бир парча келтириб ўтиш ўринлидир: “Маҳаллий кишиларни қозилар тайёрланадиган мадрасаларда рус тилини ўқитишни жорий этиш тўғрисда таклиф киритишга ундаш лозим, бу ҳол мазкур ўқув юртлари эшикларини рус ўқитувчиларига “очиб бериши” баробарида, “мусулмон олимлари, мутаассиблар ва Исломнинг ҳар қандай арконлари оқиб келадиган мадрасаларда нималар қилинаётганини доимий ва ишончли равишда” кузатиб боришга имкон яратади; маҳаллий аҳолининг “рус-тузем мактабларини ва шаҳар билим юртларини тамомлаб келган болаларига фахрий фуқаролар ёки қишлоқ-овул оқсоқоллари лавозимларини эгаллаш; муайян хизматда синов муддатини ўтаганидан кейин волст мудирлари ва катта оқсоқоллар лавозимларини эгаллаш ҳуқуқларини бериш” каби муҳим имтиёзлар йўлга қўйилиши зарур”.

Бу борадаги гапнинг лўндасини Туркистонда маориф ишларининг билимдони сифатида танилган Н. Остроумов айтиб қўяқолган: “Туркистоннинг биринчи генерал-губернатори генерал-адъютант фон Кауфманнинг Туркистон ўлкасини қуриш кенг миқёсли режасига маҳаллий аҳолига ўрисча маълумот бериш ташвиши ҳам кирган эди...Ўзига ишончи катта бўлган рус маъмури Туркистон ўлкасида ҳам рус мактаблари асосида руслаштириш сиёсатини қўлдан бермасликка тиришарди” (Н. Остроумов. “Сборник Кауфмана”, Москва, 1910 г. стр. 68).

Ана шундай олисни кўзлаб бошланган сиёсатнинг меваси ўлароқ “Туркистон халқи руслар келгунича ялпи саводсиз бўлган, ўша пайтдаги юзлаб мактаб ва мадрасалар аҳолига билим бериш уёқда турсин, аксинча, одамларни жаҳолат ботқоғига ботириб ташлаган” каби бемаъни ва ёлғон сафсаталар туғилди.

Аҳмад ТУРСУН

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин