Мирзо Улуғбек ва унинг академияси
Босма

Дунё астрономия фани тараққиётида ўрта аср Шарқ астрономияси, жумладан, Марказий Осиё олимларининг фаолияти алоҳида ўрин тутади. Бу даврда, айниқса, Қуёш, Ой ва сайёраларнинг ҳаракат назарияси, амалий астрономиянинг вақт ва жойнинг географик координаталарини аниқлашга доир масалалари бўйича Ўрта Осиё, хусусан, ўзбек алломалари жуда бой мерос қолдирдилар. Бу даврда мусулмон мамлакатларининг юзлаб буюк мутафаккирлари астрономия, математика ва фалсафа фанлари бўйича тадқиқот ишлари билан машғул бўлдилар. Улар ичида Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Наср ал-Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Умар Хайём, Абу Маҳмуд Ҳамид ал-Хўжандий, Насируддин ат-Тусий, Маҳмуд ал-Чағминий, Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид Коший, Улуғбек каби машур сиймолар ўз ижодлари, илмий мерослари билан Марказий Осиё халқларининггина эмас, балки дунё халқларининг бойлигига айланиб, бугун жаҳоннинг барча эллари орасида ҳурмат билан тилга олинадилар.

Дастлаб халифа Маъмун замонасида (9 аср) ишга туширилган ва Ал-Хоразмий ишлаган Бағдод расадхонаси, сўнгра Умар Хайёмнинг Исфаҳондаги, Насируддин ат-Тусийнинг Мароғадаги ва Абу Маҳмуд Ҳамид ал-Хўжандийнинг расадхоналари ва, ниҳоят, булар ичида катталиги, бош астрономик асбобининг аниқлик даражаси юзасидан ҳаммасидан устун турадиган Улуғбек расадхонаси ва унинг мактабининг илмий мероси ўрта асрларда астрономиянинг фан сифатида шаклланишида муҳим бир босқични бошлаганлигини дунё олимлари тан оладилар.

Салкам етти аср давом этган Шарқ астрономиясининг жўшқин фаолияти Улуғбек ва унинг академиясининг бой илмий мероси билан якунланди. Мазкур расадхона ишга туширилганда унинг бош "телескоп"ининг аниқлик даражаси атиги бир неча ёй секундигача бориб, то оптик телескоплар ихтиро қилинган 17 асрга қадар унинг самаралари ўрта аср астрономлари учун астрономик кузатишларда эришилган рекорд натижа бўлиб хизмат қилди. Бу асбоб Қуёш, Ой ва сайёралар ҳаракат назарияларини янги босқичга кўтариш, тутилишлар назарияси ва амалий астрономиянинг асосий предметларидан бўлган вақтни ўлчаш ишларида юксак аниқликка эришиш имконини берди.

Улуғбек астрономия мактаби вакилларининг тадқиқотлари натижаси бўлган буюк мерос - "Зижи жадиди Кўрагоний"дан кейинги юз йиллар мобайнида фақат Шарқ эмас, балки Ғарб мамлакатлари кўпгина йирик расадхоналарининг олимлари дастурул-амал сифатида кенг фойдаландилар.

Расадхона қурилиши тарихи

Одатда, ўрта асрларда, ҳар бир подшоҳ саройида мунажжимлар бўлган. Мунажжимлар астрологик мақсадларда осмон жисмларини кузатиб, Ой, юлдуз ва сайёраларнинг ҳолатларини аниқ ўрганиш, шуларга кўра, сарой аъёнлари, мамлакат ҳамда подшоҳлик тақдири ҳақида "башорат" қилиш билан шуғулланганлар. Жумладан, Амир Темур саройида ҳам Мавлоно Аҳмад ва Мавлоно Абдуллоҳ каби мунажжимлар ишлагани тарихий манбалардан маълум. Шулардан саройда ҳакимлик ҳам қилган Мавлоно Аҳмад сайёраларнинг 200 йиллик ҳолатларини олдиндан белгилаб, улардан турли мақсадларда фойдаланиш учун жадваллар тайёрлаган. Бинобарин, ўрта асрларда мунажжимлар учун сайёраларнинг олдиндан ҳисобланган ҳолатлари билан кузатишдан олинган натижаларнинг мос келиши жуда муҳим аҳамият касб этган.

Шуни эътиборга олиб, 9-12 асрларда Шарқда ишга туширилган расадхоналарда олиб борилган кузатишларнинг натижалари асосида тузилган жадвалларни янгилашга эҳтиёж туғилди. Бу эса, ўз навбатида, янги, аниқ самаралар берадиган қувватли астрономик асбоблар билан жиҳозланган расадхоналар қурилишини тақозо этарди. Натижада Чингизхоннинг невараси Ҳулогухон саройининг мунажжими таниқли олим Насириддин ат-Тусий 13 асрда Озарбойжоннинг ҳозирги Табриз(Эрон) яқинидаги Мароға шаҳрида расадхона қурдирди. Кўпйиллик кузатишлар асосида Тусий янги астрономик жадваллар тайёрлади ва уни Ҳулогухонга бағишлаб, "Зижи Элхоний" деб атади. Бироқ, кўп ўтмай, яъни 14 асрнинг охирларига келиб Насириддин тузган жадвалларда келтирилган маълумотлар ҳам кузатиш натижаларидан сезиларли фарқ қила бошлагани маълум бўлди. Шу муносабат билан янада аниқ маълумотлар олиш имконини берадиган, олдингиларидан афзалроқ ва аниқроқ астрономик қурилмаларга эга бўлган расадхона бунйод этиш эҳтиёжи туғилди.

Шуларни эътиборга олиб, Улуғбекнинг отаси Шоҳрух ҳукмрон бўлган мамлакатнинг Кошон шаҳрида истиқомат қилаётган математик ва астроном Ғиёсиддин Жамшид "Зижи Хоқоний" дар такмил "Зижи Элхоний" ("Хоқон зижи" - "Зижи Элхоний"нинг такомиллаштирилгани) деган машур рисоласини битди. 1413 йили ёзиб тугалланган бу асар Улуғбекнинг отаси Шоҳрухга бағишланган эди. "Хоқон Зижи"нинг назарий қисми ва астрономик жадваллари "Зижи Элхоний"нинг бундай қисмларидан бироз фарқ қилиб, янги маълумотлар билан бойитилган эди.

Бироқ мазкур тузатишлар Қуёш, Ой ва сайёраларнинг топилган ҳолатлари аниқлигини фақат бир неча йил мобайнидагина таъминлай оларди, холос. Қуёш, Ой ва сайёраларнинг бир неча ўн йилларга доир ҳолатларини олдиндан аниқ топиш учун эса, уларнинг орбита элементларини(Қуёшнинг йиллик кўринма йўли-эклиптикага оғмалигини, уларнинг даврларини, Ой ва планеталарнинг эклиптикани кесиб ўтиш онларини, эклиптиканинг осмон экваторига оғмалигини, кузатишлар учун муҳим бўлган баҳорги тенгкунлик нуқтасининг ўрнини аниқ белгилашни ва бошқа бир қанча астрономик катталикларни) янгидан аниқлаш талаб этиларди. Бу, ўз навбатида, Қуёш, Ой ва планеталарнинг координаталарини, шу асосда ерда жойнинг географик узунлама ва кенгламаларини, Қуёш ва Ой тутилишларининг вақтларини, астрологик толеъномалар тузиш учун Ой ва сайёраларнинг ўзаро яқинлашиш ва "қўшилиш" пайтларини, юлдуз йили ва тропик йил узунликларини, йил фаслларини аниқ белгилаш учун жуда муҳим ҳисобланарди. Айнан шу масалаларни ҳал қилиш учун кузатишлар ва ўлчашларга имкон берадиган аниқлик даражаси юқори астрономик асбобни ишга тушириш, яъни янги расадхона қуриш астрономлар учун долзарб муаммо эди.

Шоҳрух мамлакати ҳудудида янги расадхона қуриш нияти ўша пайтлари математика ва астрономия соҳасида бир неча эътиборли асар ёзиб танилган кошонлик Ғиёсиддин Жамшид Кошийни анчадан буён ўртаб келарди. Шу боисдан Коший Шоҳрухга бўлган ҳурматини унга бағишлаб битган "Зиж"и орқали изҳор этиш билан чегараланмай, унга янги расадхона қуриш режаси борлигини ҳам билдирган деб тахмин қилинади. Бироқ Амир Темур вафоти муносабати билан унинг авлодлари орасида тахт учун ихтилофларнинг бошланиб кетиши, жумладан, 1415 йили Кошон ва унинг атроф вилоятларининг волийси Саид Ваққос Шоҳрухга қарши кўтарган қўзғолон унга бундай хайрли ишларни бошлашга халал берди.

Темур фармони билан 1399 йили Умаршайх ўрнига Фарғонага ҳоким этиб тайинланган унинг ўғли Искандар(Шоҳрухнинг энг катта жияни), Саид Ваққоснинг Озарбойжон томон юришидан фойдаланиб, Жамшид Кошийнинг ватани Кошонга бостириб кириб, уни забт этади. Энди Искандар ҳукмронлик қилаётган юртда қолган Жамшид Коший 1415 йилнинг қишида расадхона қуриш режаси билан Искандарга мурожаат қилади. Искандарнинг розилигини олгач, академик Бартолднинг аниқлашича, 1416 йилнинг январида Коший расадхонани жиҳозлаш учун зарур бўлган астрономик асбобларнинг баёни акс этган "Астрономик асбобларга шарҳ" ("Рисолаи дар шарҳи олати расад") рисоласини ёзиб Искандарга тақдим этади ва бу билан унинг олдига янги расадхона қуриш ҳақидаги таклифни қўяди. Бироқ Искандарнинг бевақт вафоти сабаб бўлиб, Кошийнинг режаси бу дафъа ҳам амалга ошмай қолади.

Форс тилида битилган мазкур асар 1918 йили Петроградда босилган академик В.Бартолднинг "Улуғбек ва унинг даври" асарига илова қилинган эди. 1940-йиллар бошида Кошийнинг эслатилган рисоласи шарқшунос, астроном олим Ғ. Жалолов томонидан биринчи марта таржима қилинганда расадхона учун таклиф этилаётган асбобларнинг бешинчиси Х асрда ҳамюртимиз - астроном Абу Маҳмуд Ҳамид ибн Хидр ал-Хўжандий томонидан ихтиро қилиниб, Эроннинг Рай шаҳри яқинидаги Таборак тоғи этагида қурилган ва "судси Фахрий" деб ном олган катта кузатиш асбоби бўлганлиги аниқланди ("Судс"- арабча олтидан бир, яъни айлана ёйининг 1/6 қисми - секстант дегани). Ўша даврда Хўжандийнинг расадхонаси Фахр уд-давла салтанати ҳудудида бўлиб, унинг раҳнамолигида қурилганидан асбобга "Судси Фахрий" деб ном берилган.

Улуғбек мактабининг шаклланиши

Астроном Ғ.Жалоловнинг фикрича, Коший Искандар ўлимидан кейин, яъни 1416 йилнинг ёзидаёқ Улуғбек томонидан Самарқандга таклиф этилган. Шарқшунос олимлар Б.Розенфельд билан Г.Матвиэвская эса, Коший Самарқандга 1417 йили келган деб уқтиришади. Нима бўлганда ҳам, Коший Самарқандга келгач, бу ерда расадхона қурдириш нияти борлигини Улуғбекка билдириб, унга расадхона қурилиши учун мўлжалланган ва юқорида эслатилган "Астрономик асбобларга шарҳ" рисоласини топширади. Бундай илтимоснинг сабабини тарихчи Солиҳ Закий шундай баён қилади: "Улуғбек "Зижи Элхоний"да келтирилган маълумотлар энг сўнгги кузатишлар натижалари билан мос келмаслигини Ғиёсиддин Жамшиддан кўп марта эшитганини таъкидлайди...".

Оқибатда математика ва астрономиядан катта билимга эга бўлган Улуғбек расадхона қурилишига розилик беради. Шу муносабат билан Улуғбек кўп олимларни тўплаб, 1417 йили расадхонани қуришга бағишланган мажлис ҳам чақирган. Расадхона қурилиши бўйича Улуғбекнинг замондоши тарихчи Абдураззоқ Самарқандий бу мажлис ҳақида шундай ёзади: "Мажлис бўлажак расадхонани шундай қуриш керакки, оқибатда у вақт ўтиши билан тебранмасин, силжимасин, узоқ йиллар абадий турсин. Бунинг (расадхона қуриш) учун (йиғилиш) Самарқанднинг Шимоли-Шарқидан маъқул жой кўрсатди. Уни қуриш якунлангунга қадар қуйидагилар бажарилсин: расадхона бўлажак ходимларининг билимлари такомиллаштирилсин, қўшимча жадваллар тузилсин ва зарур (кузатиш) асбобларнинг узвлари тайёрлансин...".

Бахтга қарши, Улуғбек расадхонасининг қурилган вақти ҳақида тарихий манбалардан аниқ, ҳозиргача учрайдиган баҳсларга нуқта қўядиган маълумот ҳали-ҳануз топилгани йўқ. В.Бартолд "Улуғбек ва унинг даври" асарида 1420 йил воқэалари ҳақида тарихчи Абдураззоқ айтганларидан хулоса қилиб, мадраса ва обсерваториянинг қурилиш ишлари 1420 йили якунланган деган фикрга келади. Археолог В.Шишкин расадхона қолдиқларини қазиш пайтида унинг жануб томонидан топилган учта танга ҳақида гапириб, улардан иккитасининг четида 823 ҳижрий йил(мелод бўйича 1420 йил) деган ёзув бўлганини маълум қилади. Мирхонднинг "Равзат ус-сафо"да ёзишича, расадхона биноси жадал суръатлар билан қурилганини инобатга олинса, у 1420 ёхуд 1421 йили қурилганлиги аён бўлади. Солиҳ Закийнинг "Осор ал-Боқия" асарида "Улуғбек 824 ҳижрий йили(яъни 1420 йили) қурилган расадхонага Ғиёсиддин Жамшид ва Қозизода Румийни етакчи шахслар этиб
тайинлади", - деб ёзади. "Зижи Гурагоний"нинг сўзбошисида: "Биз ёритғичларни кузатиш масаласини ҳал қилдик. Уларни Қозизода Румий ва Ғиёсиддин Жамшид ҳамкорлигида бажардик... Бунда муҳим иш("Зиж")ни ёзиш ва расмийлаштиришнинг (Ғ.Жалолов форсча "сохта ва пардохта" сўзларини шундай таржима қилиб, унга бир неча мисоллар келтиради) бошида Ғиёсиддин, кейинроқ Қозизода Румий вафот этди. Шундан сўнг ишни охиригача расмийлаштириш (Улуғбекнинг) қимматли ўғилхони Али ибн Муҳаммад Қушчи билан биргаликда амалга оширилди".

"Зижи Кўрагоний" - Улуғбек академиясидан ёдгорлик

Астроном Ғ.Жалолов собиқ иттифоқ ФА Астрономик кенгаши қошидаги астрономия тарихи бўйича комиссиянинг аъзоси сифатида 1950-йиллари Шарқ астрономияси тарихи, жумладан, Улуғбек астрономия мактаби тарихини ўрганишда қизғин қатнашиб, даврий равишда чоп этиладиган "Астрономия тарихидан тадқиқотлар" китобининг биринчи сонидаёқ "Зижи Кўрагоний"нинг шу каби бошқа бир қанча "Зиж"лардан фарқи ва афзалликларини етарлича тўла ёритган мақоласини эълон қилган эди.

Самарқанд расадхонаси тадқиқот ишларининг асосий маҳсули "Зижи Кўрагоний" сўзбоши, назарий қисм ва зиждан(жадваллардан) иборат бўлиб, жаъми 430 саҳифани эгаллайди. "Зиж"нинг жадвалларсиз матнли қисми 60 саҳифани, қолган 370 саҳифаси эса, астрономик, тригонометрик, географик ва астрологик жадвалларни ташкил қилади.

Сўзбоши атиги икки саҳифадан иборат. Унда расадхона ва "Зиж"ни тайёрлашда иштирок этган олимлар ҳақида гап боради. Назарий қисм эса тўрт бўлимдан(мақоладан) иборат бўлиб, биринчи бўлим ўша пайтда асосий тақвимлардан ҳисобланмиш - ҳижрий, Ездигирд, Жалолий (Умар Хайём лойиҳаси бўйича 11 асрда Маликшоҳ томонидан ислоҳ қилинган тақвим), хитой, уйғур ва бошқа бир қанча тақвимлар ҳамда уларнинг биридан иккинчисига ўтиш ҳақидаги ҳисоб-китобларни ўз ичига олади.

Иккинчи бўлим сферик ва амалий астрономия масалаларидан таркиб топиб, ёритгичларнинг азимутларини, Маккага томон йўналишни аниқлаш ҳамда ерда аҳоли пунктларининг географик узунлама ва кенгламаларини ҳисоблаш усулларини баён қилади. Бу ерда мазкур жадвалларнинг таркиби, уларнинг ишлатилишига доир методик кўрсатма ва маслаҳатлар берилади.

Учинчи бўлим Қуёш, Ой ва бошқа сайёраларнинг ҳаракат назариясига бағишланган. Уларнинг астрономик узунлама ва кенгламалар бўйича ўринларини аниқлаш ва у билан боғлиқ ҳодисалар, хусусан, Қуёш ва Ой тутилишлари ҳақида гап боради.

Ниҳоят, тўртинчи бўлим унча катта бўлмай, "бошқа астрономик ишлар ҳақида"ги маълумотларга, жумладан, бир неча саҳифаси астрологияга оид жадвалларга бағишланган.

Булар ичида Қуёшнинг юлдузлар фонидаги йиллик кўринма ҳаракати назарияси билан боғлиқ муҳим астрономик доимийлик-Қуёшнинг йиллик кўринма йўли текислигининг(эклиптиканинг) осмон экватори текислигига (Ер экватори текислигига параллел текислик) оғиш бурчагининг катталиги бўлиб, уни аниқлаш билан ўрта аср астрономларининг жуда катта кўпчилиги шуғулланган. Қуйида уларнинг айримларини таништириб, Улуғбек расадхонаси эришган натижа билан солиштирамиз:

Навоийнинг замондоши астроном Биржандий "Зижи Кўрагоний»га шарҳ"ида: "Фахрий секстанти ёрдамида (астрономик кузатишларни) ёй секундларигача аниқликда ўлчаш мумкин. Самарқандлик астрономлар эслатилган оғишни(эклиптиканинг осмон экваторига оғишини - М.М.) Фахрий секстанти ёрдамида ўлчадилар. Унда Қуёшнинг зенитдан узоқлиги унинг кульминацияси пайтида(яъни аниқ туш пайтида) аниқланади. Бу ёй масофани ўлчаш асосида вақт ўтиши билан мазкур оғмаликнинг катталиги ўзгариб боришини топдилар", - деб ёзади.

Биржандий яна эклиптика оғмалиги ҳақида "Астурлобга шарҳ" рисоласида шуларни баён қилади: "Эклиптиканинг оғмалиги турли даврда турлича катталикка эга бўлади... Бироқ ҳандаса илми олимларининг ичида энг билимдони Ғиёсиддин Жамшид Самарқанд расадхонасида 23о 30" 17"га тенг қийматни олишга муваффақ бўлди. Шуни эслатиш жоизки, эклиптиканинг экваторга оғиш бурчаги вақт ўтиши билан ўзгарувчи (ўрта асрларда камаювчи) характер касб этиб, Улуғбек замонаси учун аниқланган унинг қиймати 23о 30ъ 49"га тўғри келади. Бинобарин, Самарқанд олимларининг бу масалада хатоси атиги 32 ёй секундини ташкил этиб, жуда юқори аниқлик ҳисобланади.

Улуғбек расадхонасининг бош "телескопи" - секстантнинг текислиги аниқ меридиан текислиги бўйича ўрнатилиши, яъни азимути нолга тенг бўлиши зарур эди. Бу масала ўрта асрда қай даражада аниқ ҳал этилганини аниқлаш учун 1941 ва 1946 йиллари замонавий асбоблар ёрдамида ўлчаш ишлари олиб борилди. Натижада секстант ўқининг азимути(яъни Олам ўқи, зенит орқали ўтувчи осмон меридиани текислигига оғмалиги - М.М.) 7,5ъга тенг чиқди. Гарчи бу хатолик ёритғичларнинг меридиандаги баландликларининг қийматига деярли таъсир этмаса-да, бироқ туш пайтининг 30 секундгача хатолик билан аниқланишига олиб келарди.

Тошкент Астрономик обсерваториясининг директори, академик В.П.Шчеглов бу хатолик ҳақида ёзиб: "Улуғбек даврида асбоб меридиан бўйлаб аниқ ўрнатилган бўлиб, эҳтимол, беш аср давомида асбоб текислиги азимутининг ўзгариши, юз берган турли ҳодисалар(эр силкинишлари, асбобнинг чўкиши ва ҳоказо - М.М.) оқибатида қурилманинг деформацияси туфайли содир бўлган бўлиши мумкин. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Улуғбек расадхонаси секстанти учун меридиан йўналиши ўша давр учун энг юқори даражада аниқлик билан топилган Ердаги ягона ва қадимий қурилмадир".

Улуғбек мактаби олимлари расадхонанинг географик кенгламасини 39о 37ъ 28"га тенг деб топишди. Бироқ В.П.Шчеглов томонидан бу катталикнинг қийматини қайта аниқлаш мақсадида 1940-йиллари аниқ оптик қурилмалар ёрдамида кузатиш ўтказилганда, у 39о 40ъ 40"га тенг чиқди. Бошқача айтганда, ўрта асрларда Самарқанд расадхонасининг кенгламасини ўлчашда атиги 3,2ъ хатоликка йўл қўйилган экан, холос.

Араб ва форс Шарқи мамлакатлари чегарасида жойлашган кўплаб аҳоли пунктларининг географик координаталари астрономик кузатишлар асосида топилиб, "Зиж"да келтирилган халифаликдан ташқаридаги жойларнинг координаталари эса, афтидан, олдинги "Зиж"ларда келтирилган маълумотлар асосида берилган.

"Зижи Кўрагоний"нинг Қуёш, Ой ва сайёраларнинг ҳолатларига тегишли жадваллари, мингдан ортиқ бевосита кўринадиган юлдузларнинг жадвали, аксарият ҳолларда, Самарқанд расадхонаси олимларининг бевосита кузатишлари натижалари бўлиб, ўрта аср астрономиясининг энг аниқ жадвалларидан ҳисобланарди. Шу боисдан "Зижи Кўрагоний" қўлёзмаси ўрта асрда турли жойларда катта тезлик билан кўчирилиб кўпайтирила бошланди.

Бобур "Улуғбек зижи" ҳақида гапириб, асар 16 асрда дунйода энг кенг тарқалган астрономик жадваллардан бўлганлигини таъкидлайди. Айниқса, кейинги асрларда "Улуғбек зижи"га тегишли юлдузлар каталоги аниқлиги билан кўп Ғарб астрономларида катта қизиқиш уйғотди.

Эрамиздан олдинги 20 асрда 1000 дан ортиқ юлдузнинг координаталари ва равшанликларини акс эттирган юлдузлар жадвали юнон астрономи Гиппарх томонидан тузилган эди. Бу каталог кейинчалик машур мисрлик астроном Птолемей (эрамизнинг 20 асри) томонидан муайян даражада аниқлаштирилиб, юлдузлар сони 1028 тага етказилди.

Райда яшаб, ижод этган Абу Ҳусайн ибн Умар ас-Сўфий (903-998) биринчилардан бўлиб Птолемейнинг "Ал-Мажистий" китобида келтирилган 1017 юлдузнинг координаталарини аниқлаштириб, равшанликларини белгилаб, юлдуз туркумларининг ўзаро жойлашишларининг аллегорик тасвири орқали юлдузлар атласини тузди.

"Зижи Кўрагоний"нинг юлдузлар каталогида 1018 юлдуз ўрин олган бўлиб, юлдуз туркумлари бўйича Берунийнинг юлдузлар каталогидаги каби жойлаштирилган эди. Мазкур жадвал ўзбек астрономи Ғ.Жалолов томонидан яхши ўрганилган. Олимнинг маълум қилишича, мазкур "Зиж"да юлдузларнинг равшанликларини характерловчи катталикларини аниқлашда Ас-Сўфий каталогидан кенг фойдаланилган.

Астроном Ғ.Жалолов "Зиж"дан яна шу сўзларни келтиради: "Биз ўз каталогимизда келтирган юлдузларнинг ўринларини ҳижрий 841 йилнинг бошига(яъни 1-муҳаррамига, у мелодий ҳисобда 1437 йилнинг 4 июлига тўғри келади - Ғ.Ж.) нисбатан аниқладик. Бироқ уларнинг тўғри чиқишлари (уларнинг баҳорги тенгкунликнинг ўрни билан боғлиқ координатаси) 70 Қуёш йилида 1 даража (тўғри чиқиш дейилувчи координата бўйича - М.М.) олдинга кетганлигини эътиборга олиб, исталган вақт учун уларнинг ҳар бирининг ўрнини аниқ топиш мумкин".

Шунга кўра, юлдузлар тўғри чиқишининг ўзгариши билан боғлиқ бўлган ва астрономияда претсессия номи билан танилган бу ҳодисани (претсессия, бу - Ер ўқининг эклиптика ўқи атрофида 26 мингйиллик давр билан бир тўла айланиши туфайли рўй берадиган ва кичиклиги туфайли 5-10 йилда ҳам илғаш жуда қийин бўлган нозик ҳодиса) Самарқанд астрономлари яхши билибгина қолмай, жуда катта аниқлик билан топганликларини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Улар аниқлаган претсессия катталигини топиш учун 70 йилда топилган 1о га тенг силжишни 70 Қуёш йилига бўлиш зарур бўлади, яъни 1о : 70 = 3600" : 70 = 51",4 бўлади. Аслида, претсессия катталиги 50",2 тенглигини эътиборга олсак, Улуғбек мактаби олимларининг бу масалада йўл қўйган хатоси атиги 1,2" эканлиги ойдин бўлади. Бу - ўрта аср астрономияси учун жуда катта аниқлик эди.

"Улуғбек зижи" юлдузларининг жадвалини америкалик шарқшунос олим Э.Нобл ҳар томонлама ўрганилиб, Самарқанд расадхонасида астрономик узунламаси бўйича 900, кенгламаси бўйича эса 878 юлдуз ўрганилганлигини, қолган юлдузларнинг координаталари эса, Ас-Сўфий юлдузлар каталогидан узунламаси бўйича тузатиш киритиб, аниқланганини маълум қилади.

430 саҳифали "Зижи Кўрагоний"нинг атиги 5 фоизи юлдузлар жадвалини ташкил этади. Шуни айтиш жоизки, Самарқанд расадхонаси астрономларининг ўз олдиларига қўйган асосий вазифалари, кўпчилик ўйлаганидек, юлдузлар каталогини тузиш бўлмай, балки Қуёш, Ой ҳамда сайёраларни(жумладан, Уторуд, Зуҳро, Миррих, Муштарий ва Зуҳални) системали кузатиш асосида, астрономия-даги асосий доимий катталикларни - эклиптиканинг экваторга оғмалигини, йиллик протсессияни, юлдуз йилининг узунлиги ва шу каби бир қанча бошқа астрономик катталикларнинг аниқ қийматларини топиш бўлган.

"Зижи Кўрагоний" жадвалларининг қарийб 80 фоизи Қуёш, Ой ва бешта сайёрага бағишланган. Бу жадвал маълумотлари асосида "Улуғбек зижи"нинг сўнгида астрология эҳтиёжи учун зарур бўлган бир неча жадваллар келтирилган. Шу муносабат билан Навоийнинг замондоши астроном Абд ал-Али Биржандий ўзининг "Зижи Кўрагоний»га шарҳ"ида: "Астрономлар олдида эслатилган етти ёритғичнинг ҳаракатини ўрганиш, уларга тегишли асосий доимий катталикларни аниқлаш вазифаси туради. Натижавий мақсад эса, бу катталикларга таянган ҳолда, уларнинг келажакдаги ўринларини аниқлаш ва Ерда уларнинг осмондаги ўринларига боғлиқ равишда рўй берадиган ҳодисаларни олдиндан айтишдир", - деб ёзади.

Турли астрономик ҳодисалар, айниқса, Қуёш ва Ой тутилишлари вақтини олдиндан аниқлаш мақсадида мазкур тутилишлар кузатиладиган шаҳарлар, аҳоли пунктларининг узунлама ва кенгламаларини аниқлаш зарурияти туғилади. "Зижи Кўрагоний"-
да 247 шаҳар ва аҳоли пунктларининг координаталари келтирилган. Расадхона олимлари томонидан қанча шаҳарнинг географик координаталари бевосита аниқланганини айтиш қийин. Чунки "Зиж"да келтирилган шаҳарларнинг муайян қисми Насириддин ат-Тусийнинг "Зижи Элхоний"сида ҳам келтирилган.

Самарқанд академияси олимлари "Зижи Кўрагоний" жадвалларини тузишда аниқ календар сифатида ой-ҳижрий календарини танлаганлар. Ой, Қуёш ва сайёраларнинг исталган пайтдаги ўринларини топиш учун ҳисоб боши қилиб(бу хилдаги жадваллар учун танланган бундай кунни астрономлар тенгкунлик деб юритишади) ҳижрий 841 йил муҳаррам ойининг бошини, бошқача айтганда, ўша йилнинг бошланиш - янги йил кириш кунини олишган эди. Бу кун милодий ҳисобда 1437 йилнинг 4 июл(пайшанба) кунига тўғри келади. Бу даврни юлдузлар каталогининг тенгкунлиги сифатида олиниши, биринчидан, бу кун Самарқанд расадхонасида астрономик кузатишлар ўтказилган даврнинг(1420-1450 йиллар), тахминан, ўрталарига тўғри келишидан бўлса; иккинчидан, мазкур тенгкунлик, ҳижрий йил ҳисобининг кабиса йилларини белгилаш учун қабул қилинган навбатдаги 30 йиллик цциклнинг(тартибга кўра, 29-цциклнинг) бошланишига тўғри келарди. "Зиж" жадвалларида Қуёш, Ой ҳолатларининг ўзгариши ва бошқа айрим маълумотлар 841-871 йиллар(яъни тўла 30 йиллик ццикл йиллари) учун берилган бўлиб, бундай ҳол мазкур жадваллардан фойдаланишда сезиларли қулайлиги билан муҳим эди.

* * *


Ян Гевелийнинг “Астрономия даракчиси” китобида берилган гравюра (18 аср).
Астрономия илоҳаси Урания ўртада. Унинг ўнг томонида Мирзо Улуғбек, Вилгелм 4 (немис олими), Ян Гевелий. Чап томонида Птоломей, Тихо Браге (даниялик астроном), Риччи Оле (италиялик олим).

Бундан салкам олти аср муқаддам азим шаҳар - Самарқанд этагида Улуғбек ва унинг сафдошлари томонидан ишга туширилган расадхонадан Коинот қаърига ташланган назар фақат Шарқдагина эмас, балки жаҳон фани, маданиятининг "очилмаган қўриғи"ни очиш - Коинотни ўрганишга қўйилган буюк бир қадам бўлди. Шу илк қадам сабаб бўлиб Европада бирин-кетин йирик, яхши жиҳозланган расадхоналар ишга туша бошлади. Полшада Олам тузилишининг гелиоццентрик назарияси(Н. Коперник томонидан), Миланда (Италия) Коинотнинг чексизлиги ва унда Қуёш системаси - оддий бир юлдузнинг йўлдошлари билан ташкил этган системаси эканлигини ғояси (Жордано Бруно томонидан), Германияда осмон жисмларининг ҳаракат қонунларини ифодаловчи осмон механикаси (И. Кеплер томонидан), Англияда осмон жисмларининг массаларини ҳисоблаш усули (И. Ниютон томонидан) каби муҳим кашфиётлар дарёсининг вужудга келишида Самарқанд астрономлари "кўзини очган булоқ" дастлабки ирмоқ бўлиб Қуёш, Ой ва сайёраларнинг ҳаракатларини ўрганиш бўйича Улуғбек мактаби қўйган пойдевор - назарий астрономия дейилувчи махсус фаннинг шаклланишида ўзининг улкан ҳиссасини қўшди.

Оламни ўрганиш, унинг сир-асрорларидан воқиф бўлиш - инсоннинг Ер юзига келишдан мақсадини аниқлаб беришдек дунёқараш вазифасини бажариши билан муҳим ҳисобланади. У инсонни чексиз Коинотнинг бир зарраси ва миллиардлаб йиллар давом этган унинг эволюциясининг маҳсули эканлигини, у яшаган умр Коинотнинг ёши олдида атиги бир дақиқа эканлигини, ҳар бир инсоннинг "бир зумлик" ҳаётга келиши мўъжизавий бир ҳоллигини ва бу "бир зумлик" умрни пала-партиш эмас, балки буюк мақсадларга қаратиб яшаш зарурлигини, бу улуғ номга доғ туширмай яшаш лозимлигини сездириши билан беқиёс аҳамият касб этади.

Бу эса, ўз навбатида, инсонни ўз ҳаётини, бошқалар тақдири ва шахсини қадрлашга, табиатнинг нодир инъоми - ҳаётга енгил-элпи қарамасликка, буюк эзгу мақсадларни кўзлаб иш тутишга, ўз ижобий фаолияти билан унинг мазмунини бойитишга, сермазмун қилишга ундайди.

М.Мамадазимов,
профессор
“Маърифат” газетасидан олинди.