Хуросон ҳоқони Шоҳруҳ Мирзонинг 1440-1441 йилларда шароб тўкишга отлангани ҳақида
Босма

«Онҳазрат (яъни Амир Темурнинг ўғли Шоҳруҳ Мирзо) саккиз юзинчи ҳижрий йили Хуросон мамлакати салтанати тахтига тайин қилинди. Салтанат ҳаракатида бўлган гўдаклик чоғларидан то жаҳон халифалик тахтига чиқиб қарор топгани шу замонгача унинг олий истакка интилувчи ҳимматининг кўзда тутган мақсади ҳамиша ҳақ динни мустаҳкамлаш, пайғамбарлар саййиди Муҳаммад алайҳиссалом шариатини кучайтириш бўлиб келди ҳамда илоҳий фармонни ижро этишда, айниқса ман этилган ва номуносиб ишларни йўқотиш ва жиловлаб олишда ғоятда жидду жаҳд кўрстатди. Шу ҳолда муҳтасиблик олий мансабига мансуб бўлган шариф кишилар ифтихори Саййид Муртазо Саҳҳоф ва воизлар раҳбари мавлоно Абдужалил ал-Қоинийлар арзга етказдилар:
«Онҳазратнинг адолати кўмагида бутун мамлакатда мастликни мушкин хатлик оҳукўз Хитой гўзаллари кўзидан бошқа ерда кўриш душвор ва хуморликни ёрнинг шаҳло кўзидан бошқа ерда учратиш мумкин эмас бир пайтда шаҳзодалар Мирзо Муҳаммад Жўкай ва Мирзо Алоуд-Давлаларнинг хумхоналари (шаробга) тўла, уни тўкиб ташлаш уёқда турсин, у ерга етиб боришнинг ўзи ҳам беҳуда хаёлдан иборат эди. Ҳазрат Ҳоқони саъид ўз шариф вужуди билан шароб тўкишга отланди, давлат оёғини саодат узангисига қўйиб отга минди ва Дарвозайи Хушдан ташқари чиқиб, Сепалак тарафига, хумхоналар ўрнашган жойга жўнади. Бадахшон лаълию руммоний ёқутнинг рашкини келтирувчи соф шароблар билан тўлатилган хумларни ҳеч ачинишсиз тупроққа тўкдилар. Шариат юқори қўйилганидан мамлакат янгидан равнақ олди ва салтанат бу ғамхўрлик шарофати билан ўзга бир тароват топди»

Абдураззоқ Самарқандийнинг «Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн» асаридан