Саналар
23.03.2017
Баннер
Ватан тарихини қандай ўрганмоқ керак
PDF Босма E-mail

Аввало шуни уқтириб ўтиш лозимки, «Ўзбек адабиёти ва санъати» рўзномасининг саҳифаларида босилган ўтмиш ва ҳозирги замон тарихини ўрганиш ҳақидаги мақолалар қизғин кутиб олинди. Шубҳасиз, муаллифларнинг турли фикр-мулоҳазалари бир-бирларини тўлдиради ва бойитади. Аммо, ҳали ўз ечимини кутаётган муаммолар ва таклифлар оз эмас. Шу боисдан, мен ҳам ўз дилимдаги сўзларни баён этишни лозим кўрдим. Камина мана салкам 50 йилдирки Ўзбекистон Фан лар академиясининг Тарих институтида узлуксиз ишлаб қелмоқдаман. Тарих фанининг маркази ҳисобланган бу даргоҳда илмий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимида 20 йилдан ортиқ ишлашим ҳам кўп илмий асарлар, докторлик ва номзодлик диссертаниялар билан бевосита танишиш имконини туғдирди. Шунинг учун ҳам собиқ совет давридаги тарих фанининг ҳолати кўз ўнгимда бамисоли кинолента сингари ҳамон ўтиб турибди. Буни кенг ўқувчилар оммасига ҳавола қилиш фойдадан ҳоли эмас, деб ўйлайман.

Шуни тан олиш керакки, собиқ совет даврида тарих фани бироз бўлса-да ривожланган. Чунончи, Республиканинг олий ўқув юртларида тарих кафедралари ва куллиётлари бунёд этилиб, минглаб тарихчи мутахассислар етиштирилди. Айниқса, 1943 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси қошида Тарих институтининг ташкил этилиши муҳим воқеа ҳисобланди. Шундан кейин илмий тадқиқот ишлари ва юқори малакали олимларни тайёрлаш тобора кучайиб. борди. Қатор илмий асарлар, дарсликлар, дастурлар ва ўқув қўлланмалари чоп этилди. Хусусан, «Ўзбекистон ССР тарихи» яратилди. Шунингдек, Республикамизда жаҳон миқёсида илмий анжуманлар ўтказилди. Кўриниб турибдики, сиртдан қараганда тарих фани ривожланиб кетганга ўхшайди. Аммо, унинг моҳияти ва йўналишига назар ташланса, у вақтда кўп илмий асарлар, докторлик ва номзодлик диссертациялари чиппакка чиқиб кетади. Ҳатто, уларга сарфланган вақт ва меҳнатга ачинасан, киши. Негаки, одатда тарихий асарлар асрлар оша яшаб, моддий ва маънавий ҳаётда муҳим ўрин эгаллаган. Собиқ совет тарих фанининг умри эса шу даражада қисқа бўлдики, қизил империя ағдарилиши биланоқ «миси чиқиб», тутдай тўкилди. Бу ҳолат, айниқса, совет даври тарихига бағишланган асарларда кўзга ташланди. Тарих фанининг бундай фожеага учрашига асосий сабаб шундаки, у коммунистик партиянинг «ғоявий қурол»ига айлантирилди. Шу боисдан, ўтмиш ва ҳозирги замон тарихини ўрганишда қуйидаги хатоларга ва сохталаштиришга йўл қўйилди.

Биринчидан, маълумки, Туркистон ўлкаси умумин-соният тараққиётининг йирик ўчоқларидан бири ҳисобланади. Афсуски, бу қадимий даврларга тегишли ёзма маълумотлар ўзаро урушлар, табиий офатлар ва чет эл босқинчиларининг тажовузлари орқасида камдан-кам сақланган. Айниқса, араб халифалигининг ҳужумлари маданий меросни йўқ қилди. Бу ҳақда буюк аллома Беруний шундай ёзган эди: «712 йилда араб лашкарбошиси Қутайба ибн Муслим ўлкага бостириб кириб хоразмликларнинг ёзувини билган, уларнинг ривоятларини сақлаб қолгаи барча кишиларни, улар орасидаги барча олимларни имкони борича қувғин қилди ва қириб юборди, натижада уларнинг ўтмиши шу қадар зулмат билан чулғандики, энди биз бу ерга ислом кириб келган вақтда уларнинг тарихида бўлган воқеалар тўғрисида ҳақиқий билимга эга эмасмиз».
Шу тарзда маданий мерос ўлканинг бошқа жойларида хам ер юзидаи супуриб ташланди. Натижада, маҳаллий ёзма манбалар бизгача етиб келмади. Тўғри, суғд ва бошқа шимолий эроний тилларда ёзилган айрим ҳужжатлар мавжуд. Бироқ, улардаги маълумотлар қисқа бўлиши билан бир қаторда, уларни ўқиб, мағзини чақадиган мутахассислар деярли йўқдир.
Бир вақтлар Тарих институти М. Исҳоқовни суғд тилини ўзлаштириш учун Санкт-Петербургга юборди. У фан номзоди унвонини олиб, институтга қайтганда «ўрин йўқ» бахонаси билан ишга олинмади. Яхшиямки, қўлёзмалар институтига ишга олиниб, шароит яратиб берилди. Натижада М. Исҳоқов суғд тили бўйича фан доктори илмий даражасига эга бўлиб, ҳозир институтимизда ишламоқда. Ҳозирда қадимги даврга оид ёзма маълумотлар, асосан, юнон, лотин, хитой ва бошқа хорижий тиллардаги манбаларда сақланган. Уларсиз ўша замон тарихини тўла тасаввур этиб бўлмайди. Шунга қарамай, Тарих институтида кўрсатилган қадимий тиллар бўйича мутахассислар этиштиришга имкон берилмади. Оқибатда, ҳозирги замом тараққиётининг замини бўлмиш милоддан аввалги VII асрдан то милодий VIII асргача бўлган салкам бир ярим минг йиллик тарихий даврни ёзма манбалар асосида ўрганишга қўл урилмади. Бу тарих фанидаги катта ўпирилишдир. Тўғри, «Ўзбекистон ССР тарихи»нинг биринчи жилдида қисқа маълумотлар берилган, лекин унинг муаллифлари москвалик ва санкт-петербурглик олимлар эди.
Қадимги тарих бўйича Москвада, Санкт-Петербургда ва бошқа жойларда бир ҳатор асарлар чоп этилди. Бу жуда яхши, лекин она-Ватанимиз тарихини ўзимиз ҳам ўргансак, нур устига аъло нур бўларди.
Институтда ўрта асрлар тарихини кенг кўламда ва холис ўрганишнинг иложи бўлмади. Бу даврга эътиборни кучайтириш ва малакали олимлар тайёрлаш ҳақидаги сўровлар инобатга олинмади Асосан, совет даври тарихини ёритиш ва тарғибот қилиш вазифаси юклатилди. Бунинг натижасида икки ярим минг йиллик қадимги ва ўрта асрлар тарихи бамисоли совет даври тарихининг думи сифатида гавдалантирилди. Чунончи, у даврни ўрганиш учун «Қадимги ва ўрта асрлар тарихи». номида атиги битта бўлим, бир неча ўн йилликдан иборат совет даврига 5-6 та бўлимлар белгиланди. Бу бўлимларга институт илмий ходимларининг ўрта ҳисобда 70-80 фоизи жалб қилинди. Шунингдек, фан номзодлари ва докторларнинг кўпчилиги совет даври тарихи билан шуғулланди. Ҳатто аспирантурага ажратиладиган ўринларнинг асосий қисми шу даврга берилди. Илмий асарларни нашр этишда ҳам асосий эътибор совет даври тарихига қаратилди.
Туркистон тарихининг «қаймоғи» ҳисобланган кушонлар, турк хоқонлиги, сомонийлар, қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Темур ва темурийлар давлатлари ҳақида бирорта йирик асарлар яратилмади. Шунингдек, XVI—XIX асрнинг 60—70-йилларигача ҳукм сурган Бухоро, Хива ва Қўқон хонликлари тарихини ўрганишда хам сусткашлик бўлди.
Собиқ совет даврида тарихий шахсларни холис ўрганиш ва оммалаштиришга йўл қўйилмади. Бу ҳақда партия махфий ҳужжатининг 1947 йилдаги кўрсатмасида: «Тарих дарсларида ўтган сиёсатдонлардан ватан равнақи учун хизмат қилишгани ёки хизмат қилишга уринишгани ҳақида гапириш мумкин эмас, эътиборни фақат подшолар зулмига ва уларга қаратилган халқ курашига бурмоқ лозим бўлади», дейилган. Шу равишда, тарихий шахсларни золим, каллакесар ва умуман халқ душманлари сифатида таърифлаш одат тусига айлантирилди. Ваҳоланки, ўтмиш замонларда ўз ватанининг мустақиллиги ва тараққиёти учун курашган подшолар, зиёлилар ва халқ вакиллари оз эмас эди. Шуни унутмаслик керакки, ўтмишда тинчликни ва тараққиётни таъминлаш ҳаракатларини ёки бузғунчилик ва парокандаликни кимдир бошқарган. Ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлавермайди. Ҳатто, ўз ватанига хоинлик уюштириб, чет эл босқинчилари оёғини ялайдиган шахслар бўлганлиги ҳам маълум. Шу боис, оқни оқга, қорани қорага саралагандек, халқпарвар давлат арбобларини ва бошқа барча табақа вакилларининг қадр-қимматини ўрнига қўйиб, миллатнинг фахри сифатида гавдалантириш лозим.
Кунларнинг бирида забардаст олим И. Мўминов менга шундай деди: «Ҳамидулла, тарихий шахсларнинг фаолиятини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга, ишни Амир Темурдан бошласак яхши бўларди. Сиз ўрта аср даври мутахассислари билан суҳбатлашиб, бу масалани ҳал қилиб, менга маълум қилинг».
Аммо, аввало мутахассис олимлар ўзи бармоқ билан санарли эди, иккинчидан, борлари ҳам миллатчиликда қораланишидан қўрқиб, бу ишдан бош тортди. Шундан кейин, Иброҳим Мўминовнинг ўзи Амир Темур ҳақида иш ёзишга киришиб, уни ишончли ҳужжатлар асосида «оқлади». Бу ўша давр учун катта жасорат намунаси эди, лекин олим ҳақиқатни ёзганлиги учун қурбон бўлганлиги ҳеч кимга сир эмас. Мана, ўша вақтдан буён чорак аср ўтдики, тарихий шахслар фаолиятини ҳаққоний равишда баён этувчи ишни ёзишга ҳеч ким журъат этмади.
Мустақиллик йиллари бу муҳим масала хусусида олдиндан белгилаб қўйилган назария асосида эмас, балки манбаларни холис ўргангандан кейин хулоса чиқарилмоқда. Шунингдек, коммунистик партиянинг «идеаллаштириш», «реакцион», «клерикал-феодал», «сарой тарихчиси», «сарой шоири» ёки «сарой адабиёти» деган қораловчи ибораларини улоқтириб ташлаб, покланиш шу куннинг талабидир.
Ҳозирда бу иллатлардан холи бўлиш йўлига ўтилган бўлса-да, лекин ҳали қилинадиган ишлар жуда кўп.
Собиқ совет тарихшунослигининг энг йирик сохталаштиришларидан бири, ислом динини тараққиётнинг ва умуман, инсоният ҳаётининг душмани сифатида талқин қилинишидан иборатдир. Ҳатто дин эскилик, жаҳолат ва нодонликнииг уяси, деб қораланди.
Собиқ совет даврида динга зарба берилиши маънавий ҳаётнинг қашшоқланишига олиб келди. Ниҳоят, орзиқиб кутилган кунлар келиб, диннинг равнақ топиши учун кенг йўл очилди. Бироқ бир неча ўн йиллар мобайнида «динсиз» жамиятда суяги қотган одамлар онгига ислом асосларини сингдириш осон иш эмас. Шунинг учун ҳам динга кўр-кўрона эргашиб, мутаассибликка берилувчи кишилар топилади. Ҳозирги вақтда жаҳонда асосан конституция, парламент ва демократия тартиблари ҳукм сураётган шароитда динни «сиёсий қурол»га айлантириш ғайритабиий ҳолдир. Шу боис, тарихий ва диний асарларда ислом динининг асл моҳияти ва йўналишини моҳирона ёритиб, кенг кўламда тарғиб қилиш лозим, деб ўйлайман. Шундагина барча мусулмон фарзандларида динга онгли равишда ёндошиш ва том маънодаги эътиқод шаклланади. Бу билан мен диндорлар орасида соф эътиқодли кишилар йўқ, демоқчи эмасман. Шубҳасиз, улар оз эмас. Лекин шариат асосларини яхши ўзлаштирмаган одамлар анча-мунчани ташкил этади.
Маълумки, ўтмиш замонларда ота-боболаримиз ислом динининг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшганлар. Эндиликда тарихий анъаналарни тиклаб, араб, форс ва туркий тиллардаги манбалар заминида илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириб, Ўзбекистонни исломшунослик фанининг марказларидан бирига айлантиришнинг вақти келди. Ислом дини тарихига тааллуқли яна бир масалага диққатни жалб қилмоқчиман. Совет даврида тарихчилар, шу жумладан, мен ҳам, Муқанна бошчилигидаги қўзғолонни озодлик ҳаракати сифатида ижобий таърифлаган эдик. Ҳатто, иккинчи жаҳон уруши вақтида Муқанна озодликнинг рамзи сифатида саҳналаштирилган. Аслида эса, қўзғолон бошқача йўналишда борган. Маълумки,  еттинчи асрнинг иккинчи ярмида Туркистонда ислом дини ҳали чуқур илдиз отмаган, зардўшт (оташпарастлик) динининг таъсири қўпорилмаган эди. Ҳатто, ислом динини қабул қилган кишилар орасида иккиланувчиларнинг сони оз бўлмаган. Бунинг устига, араб халифалигининг ҳукмронлиги аҳволни оғирлаштирди. Шундай шароитда, Муқанна деган шахс халқнинг норозилигидан фойдаланмоқчи бўлиб, ўзининг ғоялари билан сиёсий майдонда пайдо бўлди. Машҳур тарихчи Наршахийнинг «Бухоро тарихи» асарида кўрсатилишича, Муқанна (Ҳошим Ибн Ҳаким) одамларни йиғиб: «Мен сизнинг ва бутун оламнинг худосиман, мен халққа ўзимни Одам (Ато) суратида, кейин Нуҳ суратида, кейин Иброҳим суратида, кейин Мусо суратида, кейин Исо суратида, кейин Муҳаммад Мустафо суратида кўрсатган зотман, энди мана ўзингиз кўриб турган суратдаман», деган.
Муқанна ислом дииини мутлақо инкор қилиб, ҳар бир вилоятга қуйидаги мазмунда нома ёзиб тарқатди: «Раҳимли ва меҳрибон Тангри номи билан саййидлар саййиди Ҳошим Ибн Ҳакимдан фалончи ўғли фалончига ҳамда худога бўлсин, ундан бошқа худо йўқ. У Одамнинг, Нуҳ, Иброҳим, Исо, Муҳаммад ва Абумуслимлариинг худосидир. Сўнгра (сўз шуки) қудрат эгалик, иззат ва ҳужжат Муқаннаникиднр. Менга имон келтиринг ва билингки, подшоҳлик менга хос, азизлик ва худолик меники ва мендан бошқа худо йўқ, кимки менга имон келтирса, жаннат ўшаники, кимки менга имои келтирмаса, дўзах уники».
Мазкур сатрлардан кўримиб турибдики, Муқанна ўз диний ғоялариии сиёсийлаштириб, подшолик тахтига даъвогар бўлган. Наршахийнинг кўрсатишича, Муқанна жодугарлик, кўзбўямачилик ва айёрликнинг пири ҳисобланиб, минглаб кишиларнинг бошини айлантирган. 776—785 йиллар мобайнида давом этган Муқанна қўзғолони вақтида минглаб кишилар ўлдирилди ва кўп жойлар вайрон қилинди. Шунингдек, қўзғолончилар томонидан кўп мусулмонлар қириб ташланди. Бундан ташқари, фожеа шундаки, Муқанна ғояларининг заминида мулкка ва хотинларга умумий эгалик қилиш ҳаракати ётган. Бу тарих ғилдирагини орқага суриш эди, холос. Шуларга қарамай, ислом динининг асл моҳиятини ва аҳамиятини ҳали яхши англамаган кишилар Муқаннага эргашиб, хонавайронликка мубтало бўлди. Хуллас, қўзғолонни озодлик ҳаракати сифатида эмас, балки ислом дини билан Муқаннанинг ғайритабиий диний ғоялари ўртасидаги кураш, деб баҳоланса ҳақиқат тўлиқ акс эттирилади.

Шуниси ачинарлики, Спитамен, Темур Малик, Жалолиддин, Маҳмуд Торобий ва Сарбадорлар бошчилигидаги чел эл босқинчиларига қарши олиб борилган умумхалқ курашларининг тарихини ёзишга қўл урилмади. Натижада, она юртимиз мустақиллиги учун жонини фидо қилган кўп минглаб кишиларнинг қадр-қиммати ўрнига қўйилмади. Бу ҳолат тарих фанидаги катта нуқсондир. Фақат сўнгги йилларда тарихий ҳақиқат тикланди: ўнлаб ҳаққоний асарлар яратилди.
Биз ўзбек халқининг жаҳон тараққиётига муносиб ҳисса қўшганлиги ҳақида кўп гапирамиз, лекин фан ва маданиятнинг юзага келиши ва ривожланиш босқичларини қамраб олган яхлит асар яратилмади.
Ҳозирда, мустақилликка эришган Ўзбекистоннинг халқаро алоқалари изчиллик билан ривожланмоқда. Шундай вазиятда уларнинг тарихий илдизлариии билиш фойдадан ҳоли эмас. Ўтмишда ҳам, ҳозирги замонда ҳам халқаро алоқалар ҳар бир мамлакат тарихининг таркибий қисми ҳисобланиб, уларсиз тарих ҳақида тўла тасаввур ҳосил қилиб бўлмайди. Хусусан, Ўзбекистоннинг Эрон, Туркия, Хитой, Ҳиндистон ва Араб мамлакатлари билан кўп асрлик сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқалари тарихини чуқур ўрганиб, йирик асарлар нашр этиш зарур, деб ҳисоблайман.

Иккинчидан, подшо Россияси ҳукмронлиги давридаги Ўзбекистон тарихини ҳам қайта ўрганиш лозим.
Коммунистик партия ҳокимиятни қўлга олгандан кейин ҳам чоризмнинг мамлакатдаги таъсирини қўпориб ташлаш учун унинг ёвузлиги ва зулмини фош қилувчи ва унга қарши кўтарилган миллий-озодлик курашларини тарғиб этишни рағбатлантирди. Натижада, 20-30-йиллардаёқ кўрсатилган масалаларга доир илмий асарлар ва мақолалар чоп этилди. Иккинчи жаҳон урушидан кейин чоризмни қоралашга эҳтиёж қолмаганлиги ҳамда партиянинг шовинистик сиёсатининг кучайиши орқасида аҳвол ўзгариб борди. Чунончи, асримизнинг 50-йилларидан бошлаб илмий ишларда «Ўрта Осиёнинг Россияга қўшиб олинишининг объектив-прогрессив аҳамиятини кўрсатиш» асосий ўринни эгаллади. Ўрта Осиёнинг Россия томонидан босиб олиниши, мустамлакачилик ва миллий зулм каби масалалар гарчанд инкор этилмаган бўлса-да, аммо умум тарзда қисқа баён этиб борилди. Шунингдек, чор ҳукуматининг ҳарбий юришлари «қўшиб олиш» сарлавҳаси остида шарҳланди. Масалан, «Ўзбекистон ССР тарихи»нинг биринчи нашрида (1947 йил) ҳарбий юришлар «урушиб олиниши» сарлавҳаси остида битилган бўлса, иккинчи, учинчи нашрларида (1957, 1967) у «қўшиб олиниш» номи билан алмаштирилди. Худди шу номда мазкур масала менинг «Тошкентнинг Россияга қўшиб олиниши» (1967) ва Н. Халфиннинг «Присоединение Средней Азии к России» (1965) китобларида ёритилди. Тўғри, айрим муаллифлар гўё туб аҳоли феодал зулмдан қутулиш учун Россияга умид боғлаганлиги ёки етарли даражада қаршилик кўрсатишни истамаганлнги ҳақидаги ўз фикрларини ўртага ташладилар. Лекин бу каби тутуриқсиз фикрлар ўз-ўзидан қолиб кетди. Ўша даврларда назорат шу даражада қаттиқ эдики, «қўшиб олиниши» ёзилиб Россиянинг босқинчилик, ёвузлик сиёсати «ниқобланмаса», босиб олинишини далолат берувчи фактларни, ҳужжатларни ўзида жо этган асарни чоп этиб, жамоатчиликка етказишга умид қилмаса ҳам бўларди.
Тарих асарларида ўзбек халқининг 1905—1907 йиллар ва кейинги инқилобий ҳаракатларда иштироки хусусида фикрлар ишончли далиллар билан исботланмаган. Амалда туб аҳоли инқилобий ғоялардан жуда йироқ бўлган. Уларнинг орасида ишчилар синфи ҳали ташкил топмай, саноат корхоналарида ишловчилар мавсумий ишчилар ҳисобланиб, асосан, улгуржи ва қора ишларни бажарганлар. Улар бир корхонада бир йил ишлаб, кейинги йили бошқа дуч келган ерда ишлаб юраверганлар. Шу боисдан ҳам Туркистон ўлкасида ишчилар асосан руслардан ташкил топган эди.
Шуни назарда тутиш керакки, чор ҳукмронлиги даврида гарчанд саноат ва деҳқончиликда ўзгаришлар сезилган бўлса-да, лекин уларнинг ҳузурини туб аҳоли эмас, чор ҳукумати ва капиталистлари кўрган.
Фан ва маданият соҳасидаги силжишларга келсак, айтиб ўтиш лозимки, улардан, асосан, рус аҳолиси баҳраманд бўлди. Чор ҳукумати туб аҳолини кириб келаётган Оврупо маданиятига яқинлаштириш у ёқда турсин, мавжуд миллий маданият илдизига болта урди. Тўғри, оврупоча маданият ўзбеклар ҳаётида баъзи бир ижобий ўзгаришларга олиб келди. Бироқ, умумхалқ сонига таққосланса кўлами жуда тор ва нафи жуда оздир. Шунинг учун мазкур давр тарихини «Ўзбекистон ва умуман, Ўрта Осиёнинг Россияга қўшилишининг объектив-прогрессив оқибатлари» нуқтаи назаридан ўрганишга барҳам; бериб, чор ҳукуматининг мустамлакачилик сиёсати ва миллий зулмини ёритиш биринчи вазифадир. Шунингдек, Туркистон ўлкасининг Россиянинг хом ашё манбаи ва тайёр маҳсулотлар бозорига айлантирилиши масаласи бўйича йирик асарлар ёзиш вақти келди. Чунки, бу масалалар XIX асрнинг иккинчи ярми—XX аср бошларидаги Ўзбекистон тарихининг ўзагини ташкил қилади. Кези келганда шуни эслатиб ўтиш лозимки, мен бу давр тарихини ўз ичига олган бўлимга 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида бошчилик қилдим. Шунинг учун ҳам бу даврда йўл қўйилган хатоларга баб-баробар дахлдорман. Шу ўринда айтиб ўтишим лозимки, Ўрта Осиёнинг подшо Россияси томонидан босиб олиниши, миллий-озодлик ҳаракатлари, Бухоро ва Хива жадидлари фаолиятига доир масалалар бўйича ўша вақтлар-даёқ айрим; тўғри фикрлар олдинга сурилган эди.

Учинчидан, собиқ совет даври тарихини очиқдан-очиқ сохталаштириш амалга оширилди. Чунончи, давлат тўнтариши ҳисобланган «Октябрь инқилоби» социалистик инқилоб сифатида нотўғри баҳоланди. Шунингдек, «Октябрь инқилоби»да маҳаллий аҳолининг иштироки ҳақидаги фикрлар асоссиздир. Аслида, у руслар ва бошқа овруполиклар томонидан амалга оширилган эди. Чунки туркистонликлар орасида юқорида қайд қилинганидек, ҳали ишчилар синфи юзага келмаган эди. Том маънодаги ишчилар синфининг бўлмаганлигини 60-йиллардаёқ таниқли олимлар А. Аъзамхўжаев ва Ш. Уразаевлар ўз асарларида тўғри кўрсатиб ўтган эдилар. Бу амалда «Октябрь инқилоби» учун ўлкада шарт-шароит етилмаганлигини кўрсатишдан иборат эди. Аммо, ҳақиқатни акс эттирган бу фикр бир гуруҳ кишиларнинг қаттиқ қаршилигига учраб А, Аъзамхўжаев ва Ш. Уразаевлар танқид ўти остига олиндилар. Ўша кезлари мен Ўзбекистон Фанлар академиясининг вице-президенти И. Мўминовга уларни ёқлаш лозимлигини айтганимда, у киши шундай деган эдилар: «Икки олим жуда нозик масалани кўтариб тўғри иш қилибдилар, мунозара қилиниб, газак олдирилса, юқори партия ташкилотлари шуғулланиб, уларнинг жабрланиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун сизлар аралашиб оловга керосин қуйманглар. Вақти келиб А. Аъзамхўжаев ва Ш. Уразаев фикрларининг ўз-ўзидан тан олинишига ишонаман». Дарҳақиқат, ҳозирда бу фикрни қўлламайдиганлар топилмаса керак.

Хуллас, тарихчи олимларнинг «Октябрь инқилоби»нинг моҳиятини холисона ўрганишларининг аҳамияти беқиёс каттадир. Бу бутун совет даври тарихининг ҳақиқий манзарасини ёритишда калит ҳисобланади. Матбуотда жадидлар фаолияти, «Қўқон мухторияти», «Босмачилар ҳаракати», «Ўрта Осиёда миллий давлат чегараланишининг ўтказилиши» ва бошқа масалалар бўйича мулоҳазалар билдирилгани учун улар ҳақида бу ерда тўхташ ортиқчадир. Аммо «социализм тузуми»нинг моҳияти хусусида тўхтаб ўтишни зарур деб биламан.
Бу сиёсат жамиятда хусусий мулкчиликни, сиёсий ва инсоний ҳуқуқларни, динни, ҳунармандчиликни, эркин савдо-сотиқни қўпориб ташлади. Шунингдек, миллий давлат йўқ қилиниб, миллий тил ва маданият камситилди. Боз устига, бутун мамлакат «темир қафас» билан ўралиб, республикамизнинг мустақил равишда халқаро майдонга чиқишига йўл берилмади. Ўзбекистон Россиянинг хом ашё манбаига ва тайёр маҳсулотлар бозорига айлантирилди. Бу ерда мисли кўрилмаган мустамлакачилик ва миллий зулм ҳукм сурди. Марказнинг тоталитар сиёсати орқасида бутун мамлакатда миллионлаб бегуноҳ кишилар ўлдирилди ёки умрлари қамоқхоналарда ва сургунда чириди. Қанчадан-қанча одамлар хавф-хатарда юрагини ҳовучлаб яшади.

Қишлоқ хўжалиги, саноат, фан ва маданият, транспорт ва халқ хўжалигининг бошқа соҳаларидаги ривожланишга келганда, шуни кўрсатиб ўтиш лозимки, улар мустамлакачилик нуқтаи назаридан ривожлантирилиб, асосан, совет империясининг қудратини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Шу боис, ўзбек халқининг асосий қисми моддий ва маънавий қашшоқликда ҳаёт кечирди. Ҳозирда кўриб турибмизки, собиқ совет давридаги ўз турмушидан мамнун бўлган айрим нуфузли табақаларнинг турмуши капиталистик мамлакатларда яшаётган оддий бир ишчи ёки хизматчиникидан жуда ҳам; паст даражада экан.
Партия одамларнинг миясини «социализм ғоялари» билан шу даражада чулғаб ташладики, «совет турмуш тарзи»га сажда қилиш одат тусига айланди. Тарихчилар ва бошқа ижтимоий фан вакиллари уни кишилик ҳаётининг фаровонлигини таъминловчи бирдан-бир афзал тузум сифатида мақтадилар. Ҳозирда «собиқ совет, турмуш тарзи»нинг фожиали оқибатининг азоби чекилмоқда.
Юқорида қўрсатилган собиқ совет даври тарихининг ҳақиқий манзарасини тасвирловчи фикрлар асосида илмий асарлар яратиш лозим, деб ҳисоблайман.

Шу кунларгача Иккинчи жаҳон урушининг тарихи бир томонлама баён этилмоқда. Шубҳасиз, ўзбек халқи фашизмни тор-мор этишга муносиб ҳисса қўшди. Бироқ коммунистик партиянинг айби билан минглаб ўзбеклар ҳалок бўлдилар. Маълумки, собиқ совет давлатининг дастлабки даврларида ўзбек ҳарбий қисмлари тузилган эди, лекин улар кейин йўқ қилинди. Агар улар урушгача сақланганда эди, ўзбекларнинг ҳарбий маҳорати такомиллашиб, талафот кўп бўлмас эди. Тўғри, кеч бўлса-да, урушнинг бошларида ўзбек ҳарбий қисмлари шошилинч равишда тузилди. Аммо, улар фронтда тарқатиб юборилди. Шу равишда бизда миллий давлат ҳам, миллий қўшин ҳам йўқ эди. Бунинг аянчли оқибатлари уруш даврида минглаб кишиларнинг қирилиб кетишига олиб келди. Чунончи, умрида қўлига қурол ушламаган ва бегона жойларга бормаган ёшлар тўсатдан сафарбар қилиниб, Россиянинг турли жойларига юборилди. Уларнинг орасида мен ва севимли шоиримиз марҳум Зоҳиджон Обидов ҳам бор эди. Биз ўрмонда икки ойча уй кийимимизда ва ёғочдан ясалган милтиқ билан машқ қилгандан сўнг тўғри фронтга жўнатилдик. Бу ерда, айниқса қишлоқ йигитларига жуда оғир бўлди. Ҳарбий машқни яхши ўзлаштирмаганлиги ва жанговарликнинг сустлиги орқасида кўп одамлар қирилиб кетди.
Кўп минглаб ёши катта ўзбеклар ҳам қирғиндан четда қолмадилар. Улардан ишчи батальонлари ташкил қилиниб, Сибирь ва Россиянинг бошқа жойларидаги санбат корхоналарида ва конларда ишлатилди. Бу ерда уларнинг талай қисми очликдан, совуқдан, оғир меҳнат ва хўрликдан ўлиб кетдилар. Сибирда госпиталда ётганимда уларнинг йиртиқ-ямоқ кийимларда, шишиб кетган ҳолда тиланчилик қилиб юрганларининг гувоҳи бўлганман.
Шунингдек, партиянинг миллий сиёсатидан норозилик, Қизил Армиядаги мусулмон фарзандларига совуқ муносабат ва бошқа сабаблар орқасида 1 миллион 600 минг туркистонликлар немислар томонидан асирликка олинди. Начора, бир мақолада Ватанимиз тарихига доир масалаларнинг ҳаммасини қамраб олишнинг иложи йўқ, лекин бу ерда яна бир масалага эътиборни жалб килмоқчиман, холос.

Коммунистик партия сиёсатининг мағзини чақаётганда унинг халқни қўрқувда, хавотирликда, муҳтожликда ва умид исканжасида қаттиқ ушлаганлигини назарда тутиш керак. Бу ерда умид тушунчасида фуқароларнинг сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан тамомила давлатга қарам бўлиши орқасида бир нарса илинжида (арзимаган бир) ойлик мукофотдан тортиб то катта-кичик мансабгача) партияга ҳамиша кўзини мўлтиллатиб ва қўлини тутиб туришга мажбур бўлганлигини англаш мумкин. Бу ҳолат партияга фуқароларни хоҳлаган мақомига солишга кенг имкониятларни туғдирди.
Умуман олганда, фақат баҳс воситасидагина фанни ривожлантириш мумкин. Шу кунларда тарих соҳасидаги хатоликлар борган сари «сув юзи»га кўпроқ қалқиб чиқмоқда. Унутмаслик лозимки, тарих ҳам жараён, ҳам бутун бир фан сифатида азалдан кишиларда миллий туйғу, ватанпарварлик, фахр на ғурур каби олий фазилатларнинг шаклланишини таъминлашда муҳим омил бўлиб келган. Буни яхши англаган коммунистик партия ўзининг мустамлакачилик сиёсати ва миллий зулмини  муҳофаза қилиш мақсадида бир неча минг йиллик ва бой ўтмиш тарихимизни ҳибсда тутди. Ўз навбатида бу маънавий жиҳатдан қашшоқланишга олиб келди.
Мустақиллик даври тарихимизни янгилади, ҳаққониятни тиклади.

Ҳамид Зиёевнинг "Тарих - ўтмиш ва келажак кўзгусида" китобидан

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин