Саналар
17.11.2017
Баннер
Шумқадам канизак
PDF Босма E-mail

Қўқон хони Амир Умархон вафотидан сўнг тахтга ўтирган унинг ўғли Муҳаммад Алихон бир ишга қўл уради ва охир-оқибат ана шу иши унга ажални етаклаб келади. Етти ўлчаб бир кесадиган, оқиллик билан иш юритадиган Амир Умархон ва ҳассос шоира Нодирабегимнинг ўғли Муҳаммад Алихон ўта калтабинлик билан кўр-кўрона сиёсат юрита бошлайди.
Ўз режасини амалга ошириш учун саройнинг содиқ аъёнларини, отаси даврида кўплаб ззгу ишларга бош бўлган, амирга сидқидилдан хизмат қилган амалдорларнинг кўпчилигини ишдан четлаштиради. Қарорига бўйсунмаганларни қатл қилдиради. Бу ҳол эса сарой ичида шоҳга бўлган адоват ва хусуматнинг пайдо бўлишига асос бўлади. Қатл қилинганларнинг яқинлари, ўз мансабидан айрилган сарой уламолари ва дин пешволари Қўқон хонига қарши фитна уюштирадилар. «Қассоб амир» дея ном қозонган Бухоро амири Насруллохон учун бу айни муддао эди. Қўқон хонлиги амалдорлари томонидан юборилган, Муҳаммад Алихоннинг «қора ишлари» битилган мактуб Насруллохонга достон бўлади. Шунингдек, мактубда Муҳаммад Алихоннинг «ўз онасига уйланиб» кофир бўлганлиги ҳам қистириб ўтилганди.
Насруллохон дарҳол Қўқон хонлигига қўшин тортади. Ҳам қўшин сонининг кўплиги, ҳам тажрибали бўлганлиги боис жангда Бухоро амирининг қўли баланд келади. Қассоб амир 1942 йилда «Кофир Муҳаммад Алихон»ни, укаси Султон Маҳмудхон ва онаси Нодирабегимни қатл эттиради.
Хўш, Муҳаммад Алихоннинг гуноҳкор, кофир саналишининг сабаби нима эди?
Тарихий манбаларда ёзилишича, Умархон хонлиги даврида Подшоҳхон исмли, ҳусни жаҳонга достон бир қизни ёқтириб қолади. Подшоҳхон Фарғона бекларидан бири Маҳмудбекнинг қизи бўлган. Қизга Амир Умархоннинг ишқи тушгач, у саройга тортиқ қилинади. У амирнинг ўлимидан сал аввал ҳарамга келтирилган. Подшоҳхон ҳали ўн яшар қизалоқлик пайтидаёқ кўпчилик бекларнинг унга ишқи тушган. Қиз жуда ёш бўлганлиги боис амир Умархон ҳам балоғат ёшига етгандагина унга эгалик қилишни дилига тугиб қўяди. Бироқ амир Умархон кўп ўтмай номаълум касалликдан вафот этади. Тахтга ўн беш яшар Муҳаммад Алихон ўтиради. Подшоҳхоннинг чиройи уни ҳам ўзига ром қилади. У қандай қилиб бўлмасин бу гўзалга етишиш йўлини қидиради. Бу пайтда соҳибжамол канизакнинг таърифу тавсифи Бухорога ҳам тарқалганди.
Канизакка етишиш орзуси тинчлик бермаган Муҳаммад Алихон бу қизга отаси ҳам бефарқ бўлмаганини билса-да, нафси устунлик қилади, дин пешволаридан маслаҳат сўраб, нажот кутади. Отасининг яқинлари «Гарчи отангиз бу қизни никоҳига олмаган бўлса-да, унга уйланишни ният қилганди, шу боис Подшоҳхон сизга она қатори, уйланмоғингиз гуноҳ» деб рухсат бермайдилар. Шундан кейин Муҳаммад Алихон бу сирдан воқиф кишилардан аста-секин қутила бошлайди. Баъзиларини саройдан четлаштиради, баъзиларини қатл эттиради. Эндигина мансабга минган, амирнинг ғазабидан қўрққан амалдорлар эса «Жаннатмакон падари бузрукворингиз агарчи бул ожизага майл кўргузган эпсалар-да, онинг бирла бўлмағондурлар. Бинобарин, бу ожиза сиз жаноби олийларига машруъ бўлғай» дея фатво бериб юборадилар.
Ўз ниятига эришган Муҳаммад Алихон Подшоҳхон билан кўнгилхушликни бошлаб юборади. Аёлнинг ўзидан ўн беш ёш катталиги амирни қизиқтирмайди. У канизакнинг ҳусну жамолига мафтун бўлиб қолганди.
«Жабрланган» уламолар адоват ўтида ёниб, «онасига уйланган, кофир бўлган амир» ҳақидаги хабарни Бухоро хони Насруллохонга мактуб орқали етказадилар.
Қўқонни босиб олган «Қассоб Амир» тахтга Иброҳим парвоначини ўтқизади. Иброҳим парвоначининг жабр-зулми Бухоро амириникидан ҳам ошиб кетади. Бу зулмларга чидай олмаган Қўқон халқи кўп ўтмай қўзғолон кўтариб, Умархоннинг Таласдаги жияни Шералихонни ўзларига хон этиб сайлайдилар.
Амир Насруллохон ҳам Муҳаммад Алихоннинг «гуноҳкор» бўлишига сабабчи бўлган канизакка ошиқ бўлиб қолади. Жувонни ўзи билан Бухорога олиб кетади. Бироқ кўп ўтмай, қассоб амир ҳукмронлиги таназзулга юз тутади. Хонлар ҳаётида юз берган ўхшаш кўнгилсизликларни қаранг:
Подшоҳхон ҳарамга келтирилгач, амир Умархон номаълум касалликдан вафот этади.
Не-не машаққатлар билан унинг васлига етишган Муҳаммад Алихон Насруллохон тиғига учраб ҳалок бўлади...
Соҳибжамолни Бухорога, ўз ҳарамига олиб кетган амир Насруллохоннинг ҳукмронлиги парокандаликка юз тутади, ўзи эса сирли тарзда вафот этади.
Канизакнинг қадами етган жойда фалокат юз беришига бир неча бор гувоҳ бўлган амалдор-у беклар Падшоҳхонни «шумқадам канизак» дея эътироф этиб, қатл қилдирадилар.
Беқиёс ҳусни сабаб дилхираликлар келтирган «шумқадам канизак» гўзаллиги боис ўз бошига етади.

ДИЛРАБО тайёрлади

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин