Герингни алдаган одам
Босма

Иккинчи жаҳон уруши тугалланишидан кўп ўтмай 7-Америка разведкасининг разведкачиси ажойиб операцияни амалга оширди. Бу операция вақтида Герман Геринг томонидан ўзлаштирилган санъат асарлари тўплами топилди. Европанинг ҳамма галереяларидан йиғилган тўплам ташландиқ коннинг йўлакларида сақланарди. У ерда 1000 дона суратлар бор эди. Халқаро экспертлар комиссияси суратларни саралаш ишларини бошлашди. Нодир асарлар орасидан 17 асрда ижод қилган улуғ голланд рассоми Вермеернинг «Исо ва гуноҳкор қиз» номли сурати ҳам топилди. Экспертлар бутун санъат ва музей оламини келажакда бўладиган ва расм санъати билан боғлиқ жуда катта можарога йўл очадилар, деб ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаганди.

Ҳаммаси ҳам эътиборга молик бўлмаган далилдан бошланди. Бошқа суратлар каби бу сурат ўмарилмаган, балки Герингнинг жосуси томонидан Голландиядан сотиб олинганди. Экспертлар гуруҳининг голланд аъзоси ғазабланди.

— Қайси голландиялик Вермеерни сотиши мумкин? Ахир Нидерландияда ҳар бир яшовчи учун бу ном муқаддас-ку. ғиролликнинг юздан ортиқ кўчалари номига қўйилган улуғ устанинг суратларининг репродукцияларини энг ғариб кулбаи вайронада ҳам учратиш мумкин. Ким бундай ишга юрак солди?

Эксперт ғазабга келтирадиган далилни аниқлашга киришди. Озгина изланишдан сўнг суратни Герингнинг жосусига Амстердамлик рассом Ханс Ван Мегреен деган кимса сотганлиги аниқланди. Ван Мегреен бой одам ҳисобланарди, бир неча даромадли уйлар, иккита кечки клуб унга қарашли эди. «Исо ва гуноҳкор қиз»ни Герингнинг жосуси сотиб олган, қолган беш сурат Гаага, Роттердам ва Амстердам музейларига тарқатилган.

Ван Мегреен суратларни қаердан олган? Италиядан сотиб олибди. Ундай бўлса, итальян фашистлардан олиб, немис миллатчиларига сотганми? Ван Мегреени дарҳол қамадилар.

Рассом уч ҳафтани қамоқда ўтказди. Полиция ундан айбни бўйнига олишни талаб этар, у бўлса жим турарди. Сўроқлар давом этаверди. Ниҳоят Ван Мегреен ўзини тутиб туролмади:

— Тентаклар! — қичқириб юборди у,- ҳеч қанақа Вермеерни сотганим йўқ. Мен немисларга ўз суратимни сотганман, ўзимникини! Уни мен ана шу қўлларим билан чизганман!

Шундан сўнг сўроқларга жавоб бера бошлади. Ван Мегреен олтита қалбаки сурат яратган, тўғрироғи, «Вермеер услуби»да чизган. Жами бўлиб булар учун саккиз миллион гулден ёки уч миллион доллар олган.

У нима учун бундай қилди? Ўки узоқ вақтлардан бери унинг ноёб истеъдодини тан олмаган эшакмижоз танқидчиларни аҳмоқ қилиш учунми? Қачонки улар қалбаки асарни кўриб, ҳайратдан чийиллай бошлардилар.

Дарҳол энг ўқимишли голланд экспертларини йиғдилар. Улар бир овоздан ҳамма суратларни ҳақиқий деб топдилар. Аммо бадиий тўгаракларда айқаш-чуйқаш фикрлар йўрғалади. Бу масала Нидерланд ҳукумати томонидан ҳам кўриб чиқилди. Ван Мегреенга яна бир марта ўзининг «Вермеер»ини яратишга имконият беришга келишиб олинди.

Рассомга деразалари панжара урилган студияни ажратишди, қаттиқ тартибдаги қоровуллар назорати остида, муҳим материаллар билан таъминланди ва иш бошланди. Ван Мегреен орқасида полициячилар турганида ишлашнинг имкони йўқ, деб норозилик билдирди, лекин улар бўлса-да, ишни давом эттираверди.

Янги «Вермеер« «Чақалоқ Исо»ни тасвир этарди. Бу ерда асл суратнинг ҳамма нишоналари бор эди — Вермеерга хос маромига етказилган техника, сариқ ва ҳаворанг бўёқларнинг жилоси «пуантилло» услубига мос мўйқалам. 17 асрга хос бўлган чизиш материали ва мўйқалам ишлатилди.

Экспертлар яна йиғилдилар. Ва яна унинг еттита иши ҳақиқий деб топилди. Ундан ташқари Ван Мегреен ўз гуноҳининг асослигини ҳам тасдиқлаб берди. Герингга сотилган суратдаги, Исонинг ўтирган стули, Ван Мегреен студиясидаги стулнинг айнан ўз нусхаси эди. Исонинг қўлларини рассом ўз қўлларидан чизган. Экспертлар тўлиқ мағлубиятга учрадилар.

Саломатлигининг ёмонлиги назарга олиниб, Ван Мегреенни бир йил қамоқ жазосига ҳукм қилдилар, аммо тахмин қилишларича, асабининг зўриққанидан унча вақт ўтмасдан Мегреен вафот этади. У бор-йўғи 58 ёшга кирган эди.

Музейлар доираларида жуда катта можаролар бошланади. Ким ҳам кафолат берарди уруш олди бўлган харидларининг ҳаммаси ҳам асл нусха деб? Санъатшунослар ҳазиллашиб ҳам қўйишарди.

— Камил Коро ижод қилган 2500 ишдан 7800 таси АҚШда бор, бундан ташқари мисол учун Рембранднинг қалбаки ишларининг фарқи асл ишларидан олти марта кўпроқ ва шунга ўхшаш.

Ван Мегреен ўз ҳолича зўр истеъдод эгаси эди, ахир у бошқа суратлардан кўчирмас, уларни ўзи ўйлаб, ўзи чизарди. Танқидчилар уларни Вермеернинг энг яхши ижод маҳсулларидан деб билардилар.

Ван Мегреен ҳаётлигида унинг ҳавоси жуда баланд бўлиб, шунинг учун танқидчиларни ўзига қарши қилиб олган ва улар уни тан олмаганлар деб билардилар. Шунинг учун танқидчиларни аҳмоқ қилиш унга кўтаринки руҳ бахш этарди. Хўш, нима учун айнан Вермеер? Нима учун Пикассо ёки Вае Дейк эмас? Голланд рассоми фақатгина назокатли эски мўйқалам соҳиби билан мусобақалашиш лозим деб ҳисобларди. Бундан ташқари, Вермеер унинг энг яхши кўрган рассоми эди.

Ван Мегрееннинг қалбаки ишларини мураккаб химик ёки рентген орқали фош қилишнинг иложи йўқ. У ҳаммасини назарга олганди — чизиш материалини (холстни) сифати ва бўёқларнинг таркибигача. Ҳозирги замондаги рассомлар каби у бўёқларни зиғир ёғида тайёрламас, унинг бўёқлари алоҳида тайёрланар ва у бир флакон бўёққа икки минг доллар тўларди. Бундан ташқари қўрғошин белила ўрнида у руҳ белиласини ишлатарди.

Рассом суратларни қалбакилашни ўзининг Италия сафарида бошлади. Худди шу ерда бўлмаган тўмламлардан харид қилиш ғояси туғилади ва сафардан Голландияга қайтганидан сўнг, Амстердамнинг энг ҳурматли ва қари экспертини топади. 80 ёшли устаси фаранг, унинг ҳамма ишларини гап-сўзсиз ҳақиқий деб топди. Экспертни Абрахам Бредиус деб атардилар.

1937 йилнинг охирида Роттердамдаги Бойман музейи суратларни рентген ва кимёвий таҳлил ёрдамида синовдан ўтказди. Ундан кейин ҳар бир сурат учун ярим миллиондан талаб этдилар. Буларнинг ҳаммаси қиролича Вилгелмина юбилейи шарафига ўтказилган кўргазмага қўйилди ва оламшумул ҳайратга соладиган воқеага айланди.

Буларнинг ҳаммаси ҳақиқий муаллифни завқлантирар, у фақат бир нарсадан куюнарди. «Эссиз, суратни Герингга сотмаслик керак экан. Мен шу ерда хато қилган эканман».


Рус тилидан Субҳон УСМОНОВ таржимаси