Саналар
19.11.2017
Баннер
Мавҳ бўлган шаҳар
PDF Босма E-mail

1868 йилнинг айни тут пишиғи маҳали кекса Самарқанд қаттол душман кўланкасидан сесканиб тушди; аниқроғи, титраб кетди. Манфур ёғий аллақачон Зарафшон дарёсидан ўтган, Чўпонота ёнбағирларида чодир тиккан эди. Ҳамма қатори сокингина рўзгузаронлик қилиб келаётган аҳли Самарқанд дилига ғулғула солган ҳолда гармон чалишар, қийқириб рақсга тушишарди. Илло, кўнгилхушлик қилиш билан қон тўкиш истаги бир-бирига батамом зид, ғайри-ғайри тушунча бўлса ҳамки, бундай нохуш ҳол, таассуфки, рўй бериб бўлган эди.

Қочган ҳам худо дейди, қувган ҳам. Ўрислар гоҳ-гоҳида чўкиниб, Исо Масеҳ алайҳиссаломдан, Яратганнинг ўзидан ҳидоят, мадад сўрашар; минглаб чақирим масофаларни умид билан босиб келган, ўз иборалари билан айтганда: содиқ православларни бенасиб қолдирмаслигини илтижо қилиб сўрашар, бу серҳосил замин, илиқ дарёлар, шовуллаган боғлар ўзлариники бўлишини қўмсашар; шаҳаншоҳ ва қумондонлари, ўт очар замбараклари, чапдаст қиличбоз казаклари билан зоҳиран фахрланишарди, албатта. Шу билан бирга ҳар бир жангчида — талош қилишга рухсат бериладими, йўқми, барибир, уйга қуруқ қўл билан қайтмаслик, бирор нимарсалик бўлиб боришдек зоҳирий истак ҳам йўқ эмасди. Мусулмонлар олтин тақинчоқларга, қимматбаҳо буюмларга ўч бўлишини кўпроқ тилга олишиб, шу мавзуда эзмалик билан ҳазиллашишининг боиси ҳам мазкур ҳирснинг намоён бўлишидан ўзга нарса эмасди.

Ўрис зиёлиларининг катта бир қисми эса, инчунин, бу ердаги командирлар мазкур урушни тарихий зарурат деб билишарди, бунга ўзгаларни ҳам ишонтирмоқчи бўлишарди. Боиси: сартлар қолоқ, оми одамлар — уларга кимдир маънавият, маърифат эшигини очиши керак; бу миссияни Худо биз — русларга раво кўрган, деган тушунчада эдилар. Шу билан бирга айрим нописандларда: сартларнинг ҳозирги тариқа илмсиз бўлгани маъқул, деган мужмал менсимаслик ҳам йўқ эмасди. Самарқанд — денгизга чиқишимиздаги бир кичик бекат бўлиб қолади, деб ўйлашарди бундай тоифадагилар.

Хуллас, сабаб, мохиятини ўша замон одами ҳам, ҳозиргилар ҳам тушунавериши қийин бўлган фикрлар, муносабатлар, мақсадлар.

Йўқ, ўрис фотиҳларининг шаҳар остонасига келиб қолиши дафъатан рўй берган ёхуд кутилмаган тасодиф эмасди: Самарқанд бозорларида олтин буюмлар, қурол-аслаҳа, от-арава қимматлашиб, ҳовли-жой, рўзғор ашёлари, кийим-кечак арзонлашганига бир неча ойлар чамаси бўлганди. Буларнинг бариси эл-улуснинг анча нотинчлигидан далолат берарди.

Ўрислар йўл-йўлакай шаҳар-қишлоқларни хароб этиб келишаётганлиги, оламни даҳшатга соладиган замбараклари билан қалъалар, қадимий обидаларни хоки-туроб қилиб, қаршиларидан чиққан кишини — у болами, аёлми, чолми — аёвсиз қириб, олға силжишаётганлигидан шаҳар аҳли бохабар эди, албатта. Чунки, бу халқ турли низо-ю урушлардан жуда-жуда зада бўлиб кетган эди.

Ёғий бостириб келаётган шаҳарнинг руҳини тасаввур қилиш қийин эмас. Ўпкаси тўлиб турган қизга, болага ўхшайди у. Бундай маҳзун дамларда киндик қонинг томган тупроқ, ватан тушунчаси теранлашади; ёвга, энг аввало, унинг подшоси, қўмондонига ўлим тилашади; ор-номуси бўлган эркак қўлига қурол олади; шу билан бирга хотин-халаж, бола-чақа тақдирини хавотирона ўйлашади, уларни қутқариш ташвишида бўлишади.

Хўжаи Абду Дарун масжидининг мударриси, имом-хатиби Беҳбудхўжа чандон хавотир тортди: душман Панжакент йўлини тўсиб қўйса, хотин-халажни Бахшитепага — қайнотасиникига қочириш нияти рўёбга чиқмай қоларди.

Анча таҳликали пешин номозидан кейин у амри маъруф қилмади, ўрнига Парвардигорга илтижо этди: «Ё Халлоқи Карим! Раҳм-шафқатингни дариғ тутма! Афу эт, — биз инсонларни, ҳидоят эт. Золимларни қаҳр эт, мавҳ бўлсин зулм! Кофирлар дину диёнатимизни, азизу авлиёларимизни оёғости қилмоқчи. Ишончимизни комил эт, токи ғайридинларни тупроҚимизга оёқ бостирмайлик! Душман оёғимиз остига йиқилсин! Омин!»

Ногаҳонда Беҳбудхўжа намозхонлар ва муллаваччалар нигоҳидаги мўминлик зоҳирий интиқом билан алмашганини ҳис этди, бир неча дақиқалик каловланишдан кейин уларни беихтиёр Чўпонотага даъват этди. Одамлар йўл-йўлакай ўроқ, болта, пичоқ — хуллас, қўлига илинганини оливолдилар.

Самарқанднинг тошфарч кўчалари ҳам, тупроқ йўллари ҳам биз ҳозир «қочоқлар» деб атайдиган муслиму муслималарга тўлиб кетган эди. Қўқон араваларининг тақур-туқури, отларнинг безовта кишнаши, муйсафидларнинг нигоҳларидаги серғусса саросималик, боласини кўтариб олган аёлларнинг мунгли йиҚлашлари жуда-жуда нохуш фалокат содир бўлаётганидан далолат берарди.

Булар, беихтиёр жанубий-ғарбга қараб интилишарди. Аниқроғи, тинчлик, деб аталадиган маънавий неъмат ҳувайдо бўлган жойларни; кимдир БоҚдод ё Балхни; тағин кимдир Шаҳрисабз ёхуд Термиздаги қариндошларини ёки шунчаки, инсон инсонга тиғ кўтармайдиган тоғу тошлар қўйнини мўлжаллаб, йўлга отлангандилар. Чумоли инини сув босса, энг аввало болаларини тишида кўтариб қочганидек, булар ҳам зурриётни сақлаб қолиш инстинкти билан йўл босардилар.

Хайр, алвидо Ватан!

Сени қайтиб кўроламизми, йўқми — Худо билади.

Аммо шу билан бирга бир тоифа одамлар, гўёки шарққа отланганларга қасдма-қасд ўлароқ, тескари томон шошилардилар. Булар, асосан, йигит ёшидаги суворийлар, муллаваччалар… Муштини тугиб олган бу одамларнинг нигоҳларида қасос, интиқом ўти ёнарди. Аслида булар ҳам тинчлик учун қўлга қурол олишганди. Юрт осойишта бўлиши, аёллар, болалар мусофирликдан қайтиб келиши учун душманни йўқ қилиш талаб этиларди.

Чўпонотадаги қирларнинг ёнбағирлари одамга тўлиб кетган эди. Фақат сарбозлар эмас, турли тоифа ва ёшдаги кишилар, ҳатто аёллар ҳам бор эди бу ерда. Кимлардадир пилта милтиқ, қилич, найза ҳам кўринарди.

Олдинги қаторда Амир Музаффарнинг қуролланган сарбозлари жангга шай эдилар. Тағин нарироқда эса шаҳар ҳокими ва қозикалонига қарашли жангчилар тизилишганди. Бу азаматларни кўриб, оломоннинг дили жилла таскин топди.

Беҳбудхўжа бир амаллаб тепаликка чиқди-ю, кўзи қамашиб кетди: дарёнинг икки соҳилидаги душман сон-саноқсиз эди. Суворийлар, тўп ортилган аравалар, саф тортган отрядлар тартиб билан турарди; фармон кутишарди.

Даюслар! — дилидагиси тилига чиқди унинг.

— Эй, Оллоҳи азим, — илтижо қиларди бир муйсафид, — муте бандаларингдан лутфу-карамингни аяма! Тараҳҳум айла! Эй, нажоткори олам, эй таборак ва таоло! Бизга музаффарият ато эт! Эй, азизу-авлиёлар, ўзингиз қўлланг!

— Шумо дар кужо, — зорланарди бир аёл, — эй соҳибқирони олам?… Ҳа, бундай таҳликали лаҳзаларда Амир Темурнинг ҳам ёдга олиниши бежиз эмасди, Ахир Жаҳонгир севган шаҳарга, унинг пойтахтига ҳужум қилиш шаккоклик эмасми?! АмирТемур тириклигида шундай бўлармиди?! Ҳеч ҳам!

Ўз раиятининг осойишталигини сақлаган, уларга тинчлик ато этган юрт эгаларига Худодан раҳматлар ёҚилсин!

Дурбин билан бу ҳолатни синчков кузатаётган генерал фон Кауфман зоҳирий хавотир аралаш мамнунлигини яширмай, адьютанти — офитсер казакка юзланди.

Фома, қара, сартлар кўпайишаяпти, — деди соф рус тилида.

Кузатаяпман, Константин Петрович; уюшмаган, тарқоқдек, — деди у казак лаҳжасида ва қўшиб қўйди: — замбараклар ҳам кўринмайди.

Гарчанд озроқ ва эскироқ бўлса-да, тўплар бор эди. Адъютант бу гапни душманнинг анча ожизлигидан мамнунлигини изҳор этиш учун айтганди. Зеро, хўжасига қанақа гаплар ёқишини биларди у.

Генерал Кауфман бунгача Туркистон генерал-губернатори эди ва расмий жиҳатдан Бухоро амирлигига тобе бўлган бу шаҳарни бўйсиндиришдан олдин талайгина маълумот тўплаганди. Жумладан, шаҳар ҳокими Шерали Иноқ амирга бўйсинмай қўйганлиги, ораларида ихтилоф борлиги, қозикалон ҳам шу кайфиятда эканлигини биларди. Булар бари айни муддао эди, чунки душман ҳамиша қалъанинг омонат жойларини излайди-да.

— Аъло ҳазратлари, командирлар дилтанг бўлишаяпти, эҳтимол, команда берилар, — сўради ўринбосарларидан бири.

Генерал жавоб бермади. Унинг назарида рақиб томондан оқ байроқ кўтариб, элчи келадигандай, шаҳарни жангсиз топширишга рози бўлишадигандай эди. Бундай тахмин асоссиз эмасди: унинг тасаввурича, рус империясига қарши турадиган куч йўғлигини ҳамда тузукроқ қурол-аслаҳага эга бўлмаган армия, ёхуд чўкич, ўроқ кўтариб чиққан оломон тўпга ем бўлишдан ўзгасига ярамаслигини юрт эгалари идрок этишлари зарур, деб биларди. Ахир, ҳар қандай шароитда ҳам мантиқни мададга чақириш керак-ку!

Шу билан бирга, генерал ўзини яхши тарбия кўрган киши, деб ҳисобларди ва магар, шаҳар қаршиликсиз таслим бўлса, камроқ қон тўкиларди, деган мужмал ниятда эди. Тағин: Инжилда ёзилган — «Сенга нафрат билан қарайдиганни, ҳатто душманингни ҳам сев», деган фатводан хабардор эди; бу халқнинг ҳам урф-одатлари, диний эътиқодлари, асрий обидаларини эътирофу эҳтиром қилишимиз зарур, деган унчалик қатъий бўлмаган ботиний фикрдан узоқ эмасди.

— Аъло ҳазратлари, талошга рухсат берилар, — сўраб қолди кимдир, — солдатлар анча йўлни босиб келишди…

— Йўқ, — кескин жавоб берди Кауфман, — шаънимизга доғ туширманглар! Қадрларингни ғани тутинглар!

Эртаси ҳам оқ байроқ кўтарган элчидан дарак бўлмади, бильакс, жангчилар ва оломоннинг сони ва Қазабғазаби ошиб борарди.

«Майли, ўзларидан кўришсин; мадомики, сулҳга унашмас экан, рус замбаракларининг қудратини кўриб қўйишсин», надомат ила кўнглидан ўтказди у. Надомат чекканининг боиси тағин шундаки, унинг зоҳирий тактикасига кўра, бу шаҳар таслим бўлса, навбатда турган Қўқон хонлиги, Хоразм давлатидагилар ҳам ўйлаб кўришарди — Самарқандликлардан ибрат олишарди.

Ҳадемай, бир неча чақиримга чўзилган тўплар олдида ҳаракатлар тезлашди; кўп ўтмай, сарҳадлар оша команда янгради:

— Огонь! Огонь! Огонь!

Замбараклар нилидан бирин-кетин, аввал оппоқ тутун чиқар, сўнг қарсиллаган овоз қулоқни қоматга келтирарди; ловуллаб ёнаётган ўқлар дуч келган жойни хоку туробга айлантирарди.

Жавобан, аввал амир жангчилари тўп, милтиқларини ишга солдилар, сўнг шаҳар ҳокимига қарашли кучлар душманни мўлжалга ола бошладилар.

Уруш бошланди!

Уруш! Инсоният бунёд бўлибдики, уни қоралайди. Лекин барибир, одамлар бир-бирларининг қонларини тўкаверадилар. Ўрислар — ўз иборалари билан айтганда: сартлар ёки мусулмонларни ўлдириш учун бир неча минг чақирим масофани отда ёки пиёда босиб келганликлари боисини тушуниш, изоҳлаш мушкул.

Уруш! Нима у? Очкўзликми, табиий эҳтиёжми, тарихий заруратми? Эҳтимол, моҳиятан, биз — баримиз тарих қўлидаги қуролдирмиз ва унинг йўриғидан чиқолмаганимиз учун жанг қилармиз?!

Йўқ, йўқ, менимча, бу энг аввало, маърифат ва жаҳолатнинг тўқнашуви — аниқроғи, чап елкадаги юк (жаҳолат) вазнининг нисбатан ошиб кетиши оқибатидир.

Жаъми динлар одам ўлдиришни қоралашади, аммо черковда чўкиниб олган насроний ҳам, масжидда саждага бош қўйган мусулмон ҳам қон тўкишдан ўзини тиёлмайди. Адолатсизлик устига — адолатсизлик: арзимас жиноятга қўл урган киши қамоққа тушади, аммо урушни бошлаб, минглаб кишиларнинг ўлимига, ногирон, ватангадо бўлишига сабабчи жиноятчи кўпинча тарихда қолади.

Ҳа, майли… Нима бўлса ҳамки, урушни ҳеч қачон яхши одамлар бошламаган!

Зум ўтмай қиличларини ўйнатиб, казаклар ҳам етиб келишди. Фронт чизиғидан (таъбир жоиз бўлса) ўтган рус жангчиларининг бир қисми ўнг қанотдаги сарбозлар билан қиличбозликни бошлаб юборди, оломон устига от солганлари эса, ночор одамларнинг бошлари, қўлларини худди полиздаги карамни чопиб олаётгандай кесиб ташлай бошлади. Атрофни отларнинг безовта кишнаши, ўқ ва шамшир овозлари, ярадорларнинг фарёди қоплади; чанг ва тўзон аралашмаси нафасларни бўға бошлади. Оломон нима қилишини, қаёққа қочишини ҳам билмай қолди.

Беҳбудхўжа беихтиёр орқага чекина туриб, узала тушиб ётган отни кўрди. Унинг ичак-човоғи чиқиб ётар, илтижоли инграрди. Ахир, Беҳбудхўжа энг аввало, мударрис яъни муаллим эди: у фақат болаларнигина эмас жониворларни ҳам яхши кўрарди. Урушнинг бу илк қурбони ўрисларга тегишли эканлигини унинг ғайриоддий эгаридан билди. Шу қисматни деб минг чақирим масофа босганлигидан надомат чекди.

Буниси ҳолва экан: сал нарироқда беҳуш ётган кишини таниб қолди у — ўз ҳамкасби — қўшни масжидда ишлайдиган мударрис бўлиб, бағоят мўмин, ҳалол одам эди. Замбарак ўқими, ногаҳоний қиличми бир оёғини тиззасидан батамом узиб ташлаганди. Узилган оёқ нарироқда турар, ундан ҳамон қон сизарди. Беҳбудхўжа ёрдам бериш илинжида ўша томонга интилган эди, аммо қўй подасига ўхшаб, бу даҳшатдан қочаётган оломон уни анча нарига суриб кетди. Бояги чанг, тўзон, тутун ҳидига қон ҳиди ҳам қўшилиб, нафаси қисилди ва ўзини бир чеккага оламан, деб инсон хуни қалқиб турган бир чуқурликда мурдалар айқашиб ётганини кўрди.

Кўп ўтмай, бу мудҳишликларнинг бари уни карахт бир ҳолатга туширди: энди Беҳбудхўжа атрофдаги воқеаларни кўрар, эшитар аммо нима бўлаётганини обдон идрок этолмай қолганди. Зеро, қон кечган кишининг девонавор ҳолатини тасаввур қилиб кўриш унча жўн иш эмас. Назарида Азроилнинг нохуш нигоҳи унга бот-бот қадалаётгандай ва бу табиийдай, аҳамиятсиздай эди. Негадир чекингиси ҳам келмас, ҳаётнинг мазмуни пучга айлангандай эди. Кимдир «Тақсир, қочинг!» деди (талабалардан бирортаси бўлса керак). Ҳалиги овоз унинг ўзи билан келган талаба ва намозхонларни ёдига солди: нима бўлди экан шўрликларга?

Беҳбудхўжа боши оққан томонга кетавериб, Чўпонотага туташ бўлган Работиғозиён қишлоғига келиб қолди. Бу ерда кўпгина уйлар ёнар, аммо ҳеч ким ўчирай, демасди. Одамлар қочардилар — уй-жойдан, молу-мулкдан ҳам зарур бўлган тинчлик томонга — шарққа шошардилар.

Уруш тақдири кечгача ҳал бўлди.

Амир Музаффар ўз лашкарлари билан Бухоро йўлини олди. «Самарқандликлар яхшиликларимни билишмади, ўйларди ўзича, энди жазоларини тортишсин, қадримга боришсин! Мен Бухорои шарифимни ҳимоя қиламан — душманни Зирабулоқдан нарига йўлатмайман!»

Кауфман кутган ташриф эртасига амалга ошди: шаҳар ҳокими ва қозикалонидан элчи келди. Номада қон тўкишнинг ҳожати йўғлиги баён этилиб, анча нисбий шартлар ҳам қўйилганди. Жумладан, Самарқандда азиз-авлиёлар кўплиги — шунинг учун шаҳарга киришда отдан тушиб, пиёда юриш кераклиги; шундай қилинганда, бу юрт аҳли рус халқининг буюк подшоси Александр ҳазрат олийларига ҳамда уларнинг ботир саркардаси Константин Петрович Кауфман жанобларига садоқатли бўлиб қолиши узундан-узоқ, анчайин ғализ, кўтара носамимий тарзда ёзилганди.

Генерал мийиғида кулди. Таржимонга истеҳзо билан буюрди.

— Элчига тушунтир ва ёзиб бер — биз сулҳга розимиз! Аммо бизнинг ҳам шартларимиз бор: Ҳоким билан қозикалон бизни рус таомилига кўра нон, туз билан пешвоз олиши керак. Чунки бу юртга яхши ният билан келганмиз. Подшоҳ ҳазратлари сартларга маърифат ва тинчлик ато этишга бел боғлаганлар. Мактаблар, касалхоналар очамиз, бу тупроққа бирорта душманни йўлатмаймиз ва ҳоказо.

Шундан кейин ҳам сиёсатнинг ғирром ўйинига ишонмасангиз, ихтиёр — ўзингизда. Маърифат ва тинчлик каби буюк маънавий неъматлар номидан жиноят қилиш мунофиқлик, жаҳолатдан ўзга нарса эмас! Зеро, бу неъматлар замбаракларга ортиб келинмайди!

Хўжаи Хизир масжиди олдида душман нон ва туз билан пешвоз олинганига Беҳбудхўжанинг ўзи гувоҳ бўлди.

— Мусулмонлар, қаранглар, — мурожаат этди қозикалон аввал туркий сўнг форсийда, — Кауфман (у шундай талаффуз қилди) ҳазратларининг бир елкаларида Хўжаи Хизир, иккинчи елкаларида Қусам ибн Аббос руҳи; демак, бу — Худонинг хоҳиши!

Биз сиёсатни ғирромлик, деймиз. Агар дин ҳам сиёсатлашса, алдам-қалдамга айланиб қолади. Шунинг учун кўпгина мамлакатларнинг конститутсияларида дин сиёсатдан айри эканлиги алоҳида таъкидланади. Инсоният сиёсатлашган дин анархияга олиб келганига бот-бот гувоҳ бўлган.

Аммо Беҳбудхўжа батамом ўзига келолмагани учун бу гапларнинг моҳиятига унча эътибор бераолмади, мушоҳада қилолмади. Фақат ўрисларнинг байроғидаги икки бошли бургут ва уларнинг беўхшов тилларини кўрди. Тилини ўйнатаётган икки бошли илонга ўхшаб кетди назарида. Унинг бир боши Хўжаи Хизир, иккинчиси эса Қусам ибн Аббос ётган Шоҳизиндага қараб тургандай эди.

Кўп ўтмай Темурбек қурдирган ҳашаматли арк дарвозасига ҳам байроқ ўрнатилди. Бургутнинг бир боши ҳақиқатдан ҳам Бўстонсаройга, иккинчиси Кўксаройга қараб турарди.

Байроқ дегани эса шунчаки ёғочга илинтирилган латта эмас — у — зафар ва тобелик, Қурур ва ўксиклик ва яна алланималардан дарак берадиган рамз ҳам.

Эҳ, таҳқирланган Ватан!

Эҳ, топталган қадрият!

Қайдасиз: Спитаменлар, Темур Маликлар, Сарбадорлар!!!

Ўрисларнинг мазкур зафту зафари ҳақида ўша давр зиёлилари ҳам, бугунги сиёсатчи-ю тарихчилар ҳам турфа фикр-мулоҳазаларни айтишади ва табиийки, бундай мубоҳасалар келажакда ҳам давом этади. Агар Амир Музаффар билан Шерали Иноқ бўлишганда ёхуд Бухоро амирлиги билан Қўқон, Хива хонликлари кучларини бирлаштирганда, ё душманга қарши Сирдарё бўйларида жанг олиб борилганда, бу ҳол рўй бермасди, дейишади. Бир гуруҳ равшан фикрлар (ҳа, айнан улар) қозикалон билан ҳоким ортиқча қон тўкмаслик учун тўғри йўлни тутишди, деган фикрларидан қайтишмайди. Тағин бир гуруҳ зиёлилар: душманга қарши сўнгги дамгача курашиш зарур эканлигини таъкидлашдан чарчашмайди. Ким билсин, кичик балиқлар ҳамиша катталарига ем бўлганидек, Россия ўз атрофидаги юртларни бирлаштириши тарихий зарурат эди, деган фикрлар ҳам йўқ эмас.

Ўзи шундай бўлади: у ёки бу тарихий жараёнга, ижтимоий воқеликка баҳо беришда, кўп ҳолларда, шахсий манфаатлар назарда тутилади. Аммо тарих ва тақдир дейиладиган барҳақ бир қудрат борки, уни инкор этиб бўлмайди!

Яшириб нима қилдик: бир замонлар бизнинг саркардаларимиз ҳам ўзга юртлар, шаҳарларни худди шу тариқа мавҳ этишмаганми, бегуноҳ бандаларнинг қонини тўкишмаганми, ўша юрт бойликларини ташиб келишмаганми, фотиҳлик қилишмаганми?! Зеро, жамики қилмишлар учун, ҳатто ногаҳоний шуҳрат, зафар учун ҳам у дунёдагина эмас, шу ернинг ўзидаёқ жавоб беришга тўғри келади. Отаси оламдан ўтса, ўғли унинг қарзини тўлаши шарт қилиб қўйилгани сингари ўтган авлодлар учун фарзандларнинг товон тўлагани шу эмасми?!

Боболаримиз инкор этган салтанатни бешафқат тарих ва тақдир инкор этгани, эҳтимол шудир!

Буни тан олиш учун майда манфаатлардан андак устун бўлишимиз талаб этилади.

Агар инкорни инкор этиш қонуниятига таянадиган бўлсак, бу оламда бошланган ҳамма нарса: кун, тун, ой, йил, аср; тузум, салтанат, тугашига иқрор бўлсак, қачонлардир рус империяси ҳам барбод бўлишига ишонмоҚимиз лозим эди.

Хўш, бунга ҳамма ҳамиша ишониб яшадикми?!

Йўқ, аслида менинг ҳам хулосаларим нисбий. «Илдизига қара», дейди Арасту. Мен буни ўзгача талқин этардим: ҳар қандай ижтимоий воқеликнинг сабабигагина эмас, сабабининг сабабига қараш тақозо этилади. Бунга эса менинг қувваи ҳофизам қосирлик қилади. Чунки бу илдизлар жуда чуқурликда.

Душман мавҳ этган шаҳар ор-номуси топталган қизга ўхшайди, деб ёзгандик.

1868 йилнинг савр ойида Самарқанд шу куйга тушди.

Асаларичиликда: оилани кучайтириш, деган ибора бор. Бирор уяда подшоҳ нобуд бўлса, ношуд чиқса, ёхуд кексайиб, раҳнамолик қуввати сусайса, асаларичи уни кучлироқ оила билан бирлаштиради. Аммо бу осон кечмайди. Асаларичи қатор тадбирларни кўришига қарамай, жанжал бошланади: икки томондан ҳам анча-мунча ари нобуд бўлади. Бундай пайтда ожиз оилада тирик қолганлар олдида уч йўл бўлади: ўлиш, оиладан чиқиб кетиш ёки янги подшоҳга хизмат қилиш.

Самарқандликлар ҳам шу ҳолатда қолдилар. Кимдир қурбон бўлди, келгиндиларга қараб, юзига табассум суртди, талай кишилар эса бошқа юртларга бош олиб кетдилар. Беҳбудхўжа тўртинчи йўлни танлади — узоқроқ қишлоққа, аниқроғи, Бахшитепага бориб яшашни афзал билди. Бобокалони Хўжа Аҳмад Яссавийнинг: «Ватанидан ажралган — ҳамма нарсасидан жудо бўлади», деган насиҳатини отасидан бир неча бор эшитганди.

Беҳбудхўжанинг бу қарорини эшитиб, Ҳайдар девкор ҳам унга эргашадиган бўлди.

— Сиз билан бораман: дастурхонингиздан ушоқ териб, тирикчилик қиламан, — деди у хокисорлик билан.

— Майли, — деди Беҳбудхўжа — ёнимда бўлсанг, елкангга бош қўйиш мумкин.

Ҳайдар девкор деганимиз аслида шаҳарга туташ Бадал қишлоғидан. Унинг отаси масжиднинг намозхонларидан эди.

— Тақсир, — деди у бир куни намоздан олдин, — арзим бор: бизнинг авлоддан ҳам бирорта хат-саводли киши чиқса дегандим… Дадам болалигидан мударрисга олиб борган эдилар, аммо уруш бошланиб кетди: бесавод бўлиб қолдим. Шунинг учун ўғлимни олиб келдим: гўшти — сизники, суяги — бизники. Аммо, лекин зеҳни жуда тез.

Миқтигина бола келиб, таъзим бажо келтирди.

— Бунинг оти Ҳайдар девкор, — деди отаси.

Аммо у зеҳнли бўлиб чиқмади. Болага ўтин ёриш, ер ағдаришни буюрсангиз, завқ-шавқ билан ишларди-ю, имло ўрганишга келганда… Ҳар ҳолда, у завқли, одобли эди. Аммо тасодифни қаранг-ки тақдири отасиникига менгзаб кетди: саводи чиқмай, уруш бошланди.

Бахшитепаликлар Дарёвот деб атайдиган бу қияликлар дарёга яқин бўлса ҳамки, сувдан бенасиб эди. Бунинг устига қайроққум мўллигидан кетмон уриб бўлмасди. Беҳбудхўжа Ҳайдар девкор билан ана шу қаровсиз заминда боғ қилишга киришдилар.

Вақт — буюк ҳакамгина эмас, доно ҳаким ҳам. Фурсат ўтиши билан бошқа зиёлилар сингари Беҳбудхўжанинг дилидаги яралар ҳам бирин кетин бита бошлади. Ўшанда, гарчанд Самарқандга қайтиб келмаслик — кофирлар юзини кўрмасликка аҳд қилган бўлса-да, бундай қилолмади. Ёмини, Тошканди маҳалласидаги қавмлар, дўстлар дийдори тортди уни. Ҳар гал шаҳарга тушганда рўй бераётган ўзгаришлар билан ҳам қизиқди у. Урушда кўплаб яхши одамларнинг нобуд бўлганлиги ёки ватанни тарк этганлиги, Амир Темур аркининг, аниқроғи Кўксарой билан Бўстонсаройнинг вайрон этилганлиги изтиробли дард эди. Аммо дилафрўз муждалар ҳам йўқ эмасди. Самарқандда тузем мактаблари очиб, жумладан мусулмон болаларини ҳам ўқитишаётганлиги, уларга жаҳоний фанлардан ҳам сабоқ берилаётганлиги қувончли эди. Шунингдек, шифохоналар, кутубхоналар очишаётганлиги, шаҳарга забардаст олимлар, муаллимлар келишаётганлиги ҳар қандай равшан фикрли кишини мамнун этарди.

Тўғри, уларнинг янги шаҳарда фоҳишахона очишгани ҳақида ҳам гап-сўз юрарди. Аммо начора…

Беҳбудхўжа боғда қолиб кетмади — Дарёвотдаги юмушларни Ҳайдар девкорга юклаб, Дорами масжидида мударрис бўлди. Болакайларга аввалгидек «Ҳафтияк», «Чоркитоб», «Қуръони Карим»дан сабоқ беришга киришди.

Ўрислар босқинидан нақ етти йил ўтиб, Дарёвотдаги ниҳоллар ҳосилга кирган йили Худо Беҳбудхўжага ўғил берди.

Унга Маҳмудхўжа деб ном бердилар.

Бола ашраф, диловар эди! Тийран кўзларида закийлик нури мунаввар эди унинг. Чақалоқнинг қулоғига азон айтган ота, яратганга шундай илтижо қилди.

«Эй Тангри таоло! Сен мағфиратингни дариғ тутмайдиган меҳрибонимизсан! Афу эт бизни, ҳидоят эт! Ер юзида сулҳ ва силоҳи умуми ато айла! Бу гўдакни бобокалонимиз ҳазрат Аҳмад Яссавий руҳлари бир умр қўлласин! Уни ногаҳоний туҳматлардан асра! Ўғлимиз улғайиб, ҳақ сўз билан одамларни маърифат ва нажот йўлига чорлайдиган аллома бўлсин!»

Ёз кунларидан бирида Ҳайдар девкор болани отга миндирди. От қимирламай, жим турди. «Демак, бола қобил-мўмин бўлади», деди отаси. Кўп ўтмай, саман бир депсиниб олди-ю, олдинги оёғи билан бир маромда чизиқ торта бошлади. Бу ҳол анча давом этгандан кейин Ҳайдар девкор қувончини яширолмади.

— Маҳмудхўжа соҳиби қалам бўладиганга ўхшаябдилар.

Беҳбудхўжа ички бир қониқиш билан бош силкиди.

Бу орада талай сувлар оқиб ўтди, анча-мунча гаплар бўлди. Аммо бу гапларнинг воқеалар ривожига, аниқроғи, асаримизга алоқаси бўлмагани сабаб эътибордан соқит қилиб, қаҳрамонимиз Маҳмудхўжа ибн Беҳбудхўжанинг мўйлови эндигина сабза урган кезларда тоҚаси, нуфузли қози Муҳаммад Сиддиқ билан отаси Беҳбудхўжа ораларида бўлиб ўтган гапдан воқиф этамиз сизни.

— Муллапочча, — деди қози истиҳола, эҳтиром ила, — Маҳмудхонни ихтиёримга берсангиз — мирзо қилиб олур эдим. Бир мирзомиз бор эди, саводи тўмтоқ бўлгани устига андак таъмагир чиқиб қолди. Биласиз: бунақаси менга тўғри келмайди.

Ота тамкинлик ила сукут сақлади.

— Мирзоликни удда қилурми? Ёш...

— Ақл ёшдаму? Қуръони Каримни тушурди; туркий, форсий, арабийни шаррос билур, ўрисчага ҳам фаҳми етур. Зеҳни заковати қозиликни ҳам олиб кетадурғон. Ахир, ўрнимга жонишин ҳам тайёрламоғим керак-ку!

— Дуруст, аммо орзу этиб эдимки, ўғлим мударрис бўлса, аҳлимуслимга илму-урфон ўргатса, маърифат, адолатдан дарс берса…

— Зарур келганда мударрислик ҳам қилур — имкон яратурман. Зеро қозихона ҳам маърифат, адолат уйидир, — деди тоға иштибоҳ билан.

Шундай қилиб, ёш Маҳмудхўжа ўз фаолиятини қозихонада мирзолик қилишдан бошлаб юборди.

Ота қуръон тиловат қилиб, дуолар ила ўғлининг ишига кушойишлар тилади.

Нусрат РАҲМАТ

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин