Саналар
27.03.2024
Баннер
Қусам ибн Аббос
PDF Босма E-mail

Абу Жаъфар Қусам ибн Аббос ибн Абдулмутталиб ибн Ҳишом ал-Қурайший (розийаллоҳу анҳу) Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) амакиваччалари, у зотнинг амакилари Аббос ибн Абдулматталибнинг ўғлидир. Тахминан милодий 624 йили туғилганлар. Қусамнинг оналари Умму Фазл куняси билан машҳур бўлган Лубоба Кубро Пайғамбаримизнинг завжаи мутоҳҳараларидан мўминлар онаси Маймуна бинти Ҳориснинг синглиси эди. Умму Фазлнинг олти ўғли ҳам Ислом йўлида катта хизматлар қилган. Улар Ислом динини ёйиш учун дунё бўйлаб фатҳ қилгани таралиб кетишган эди. Қатабий айтади: “Тафсир соҳиби Абу Солиҳ бундай деб ёзган: “Ҳеч бир онанинг аббосийлардан бўлмиш Умму Фазлчалик ўғилларининг қабри таваллуд жойларидан бунчалик узоқда жойлашганини кўрмадик:  катта ўғли Фазл – Шомда (639 йил), Абдуллоҳ – Тоифда (688 йил), Убайдуллоҳ – Мадинада (705 йил), Қусам – Самарқанддаги Шоҳи Зинда мақбарасида (675 йил), Маъбад (Маъруф) – Африқода дафн этилган” (у Ҳазрати Усмон даврларида Шимолий Африқо фатҳида қатнашган эди. Олтинчи ўғли Абдураҳмоннинг вафоти юртида бўлган).
Қусам болалигидан рисолат соҳибининг тарбиясида, у зотнинг меҳрини кўриб улғайди. Бир куни Пайғамбаримиз алайҳиссалом Арафотдан қайтишларида Фазл ибн Аббосни олдиларига, Қусамни эса ортларига мингаштириб олганлари ривоят қилинади. Бошқа бир ривоятда эса бундай дейилган: “Бир куни ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уловларини минган ҳолда ўйнаб юрган бир гуруҳ бола орасига кириб бордилар. Улар орасида Аббоснинг ўғиллари Убайдуллоҳ ва Қусам ҳам бор эди. Шунда у зот одамларга: “Манавини (Убайдуллоҳни) олд томонимга ўтқазиб қўйинглар”, деган эдилар, уни олд томонларига ўтқазишди. Кейин Қусамни кўрсатиб: “Буни орт томонимга ўтқазиб қўйинглар”, деган эдилар, уни орт томонларига ўтқазишди”.
Уламоларимиз таъкидлашларича, Абду Маноф уруғи ичида беш киши тана тузилиши жиҳатидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга жуда ҳам ўхшашар эди. Ҳатто баъзи кишилар уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга адаштириб ҳам юришлари мумкин эди. Булар: 1) Абу Суфён ибн Ҳорис ибн Абдулмуттолиб – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиваччаларидан бири, у зот билан эмикдош ака-ука ҳам ҳисобланар эдилар; 2) Қусам ибн Аббос ибн Абдулмуттолиб – у киши ҳам амакивачча бўлиб, Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳунинг ўғиллари; 3) Соиб ибн Убайд ибн Абди Язийд ибн Ҳошим – имом Шофеъийнинг боболари; 4) Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг набиралари, Ҳазрати Али ва Фотима онамизнинг бош фарзанд¬лари; 5) Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу.  
Қусам тадбирли, саховатли, одамларга меҳрибон киши бўлган. У ҳар бир ишда Пайғамбар алайҳиссаломга эргашишга, у зотга ўхшашга интиларди. Айтишларича, Қусам ибн Аббос уйларидан масжидга қараб йўлга тушсалар, одамлар атрофга таралган атирнинг муаттар ҳидидан  у кишининг ўтиб кетганларини дарҳол фаҳмлашар экан. Ҳишом ибн Исом Килобийнинг ривоят қилишича, бир куни у одатига кўра Аббос хонадонига шеър ўқигани кирса, Қусамни қимматбаҳо заррин чопон кийиб турганини кўриб қолади. У назм орқали ўзининг чопон ва кўйлакка муҳтож эканини изҳор этади. Шунда Қусам ибн Аббос дарҳол заррини чопон ва унинг остидан кийган қимматбаҳо кўйлакни ечиб, Ҳишомга кийдириб юборади ва ўзи эски кийимларини кийиб олади.
Пайғамбаримиз вафот этганларида Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг у зотни дафн этиш ишларида иштирок этганлари ҳам ривоят қилинади. ндан сўнг катта мусибатга учраган Ислом уммати ўз Пайғамбарини дафн қилишга тайёргарлик кўра бошлади. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламни ювиш, кафанлаш ва ерга қўйиш керак эди. Бу ишларни у зотга энг яқин бўлган кишилар қиладиган бўлдилар. Ана шу энг яқин кишилар ичида Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ҳам бор эдилар.
Омир аш-Шаъбий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни Али, Фазл ва Усома ибн Зайдлар ювишган. Улар у зотни қабр¬га ҳам қўйишган. Фориғ бўлгандан сўнг Али: «Кишига қариндошлари валий бўлади», деган» (Абу Довуд ривоят қилган). Бошқа ривоятларда зикр қилинишича, мазкур уч кишига яна уч киши ёрдам бериб турган: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос ибн Абдулмуттолиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озод қилган қуллари Шақрон розияллоҳу анҳу ва ҳазрати Аббоснинг яна бир ўғиллари Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳу. 
Қусам ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) Али ибн Абу Толиб (карраммаллоҳу важҳаҳу) даврларида халифанинг Маккадаги омили (солиқ йиғувчиси) ҳам бўлганлар.
Халифа Муовия даврида (милодий 661-680) Ҳазрати Усмоннинг ўғиллари, Хуросон волийи Саъид ибн Усмон билан бирга ҳижрий 43 йили Мовароуннаҳрни  фатҳ этишга келганлар.  Милодий 677 йили суғдийлар шаҳарга ҳужум қилганида Ислом қўшинлари билан жанг бўлди ва шу жангда Қусам шаҳидлик мақомига эришди.  Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилинишича, Қусам ибн Аббос ярадор бўлгач, вафотлари олдидан: “Туғилган ерим вафот этаётган жойимдан қанчалар узоқ-а, Маккада туғилиб, Самарқандда вафлт этаётирман”, деган эканлар. У киши Бану Ножия қабристонидаги ғор ёнида дафн этилганлар, кейинчалик бу жойда  Султон Санжар Мозий (1118 – 1157) даврида “Қусамия” мадрасаси барпо этилган.  Қабрлари Самарқанддаги ҳозирги Шоҳизинда (Шоҳизинда – тирик шоҳ дегани) мажмуасида. Юртимиздаги ягона саҳобийнинг мақбарасидан зиёратчиларнинг кети узилмайди.
Қусам ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) дафн этилган масжид деворида шундай ёзувлар бор эди: “Саъид ибн Усмон (розияллоҳу анҳумо) ҳижрий 43 йили Хуросонга келиб, Самарқанд дарвозасига яқинлашганларида ортларидан Қусам ибн Аббос етиб келдилар. Шунда Саъид ибн Усмон Қусам ибн Аббосни отларидан тушириб, у кишига иззат-эҳтиром кўрсатдилар ва бу ташрифдан мамнун бўлдилар. Сўнг икковлон Самарқанддан ўтиб, Усрушонага қараб юришди. Сираксга етганда тўхтаб, бир неча кун туриб қолишди. Кейин Қусам ибн Аббос вафот топди. Саъид ибн Усмон ва қўшин у кишига жаноза ўқишди. Сўнг Саъид ибн Усмон Қусам ибн Аббоснинг тобутларини шаҳарга (Самарқандга) жўнатдилар”.

Аҳмад МУҲАММАД

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин