Саналар
18.11.2017
Баннер
Хиёнат оқибатлари
PDF Босма E-mail

Алихонтўра ўғирлаб олиб чиқиб кетилиши оқибатида Совет ҳукумати Шинжонгда кўзлаган мақсадига эришолмади, чунки бу билан кутилган муросали «битим» тузиш натижасида ўлкада юзага келган келишмовчилик, нотинчлик вазиятини юмшатиш имконияти туғилмайди. Аксинча, Олтойда Усмон ботир Алихонтўрани топасанлар, деб исён кўтаради. У ердаги янги ҳукумат одамлари қўлга олиниб, қамалиш, отилишлар янгидан бошланиб кетади. Вилоят хукумат ўринларига ўзининг содиқ одамларини тайин қилиб, Усмон ботир советпараст янги хукумат вакилларини ўлкани қизиллаштириш сиёсатида айблаб, марказ Урумчига шикоят билан элчи юборади.

Хитой ҳукуматининг бу ишларга муносабати ҳам аниқ ва қатъий бўлмайди. Оғзида Усмонни қоралаган бўлиб, зимдан унга қурол-яроғ етказиб бериб туради. Чунки Чанкайши ҳукумати қизил коммунистларнинг таъсирини қаерда бўлишидан катъи назар йўқотиш учун бутун Хитой бўйлаб уриш олиб бормоқда эди. Урумчида янги тузилган бирлашма ҳукумат аъзоларининг кўпчилиги Аҳмад афанди бошлиқ уч вилоят раҳбарларини негизида совет одамлари деб биларди. Шунинг учун уларнинг таъсирини сусайтириш мақсадида уч вилоят ичида шаклланган бирликни синдиришга қаратилган ҳар қандай ҳаракатни қўллашга интиларди.

Урумчида тузилган бирлашган ҳукуматнингмаҳаллий вакиллари орасида ҳам зиддиятлар кўп эди. Қошғария вилоятларининг вакиллари Муҳаммадамин Буғро, Айсо Алиптекин ҳазрат, Маъсуд афанди бошлиқ гуруҳ радикал ҳисобланган Аҳмад афанди бошлиқ Или вакилларига ишонмас эдилар. Улар ҳам Усмон ботирдай ҳамма ишни қилаётган ўрислар: ичкари Хитойда коммунистларни гоминданчиларга қарши уриштирмоқда, уч вилоятда қизиллаштириш ишларини олиб бориш учун бунга қарши бўлган Али-хонтўрани ўртадан кўтарди, деб уларни ёқтирмас эди.
Улар:
—    Биз қизилларга жон-жаҳдимиз билан қаршимиз. Чунки улар келса биринчи навбатда динни йўқотади; ерни, мол-мулкни умумлаштиради; урф-одат, қадриятларимизни оёқости қилади; иймонли, диёнатли, халқ орасида обрўйи бор одамларни узоқтарга сургун қилади, қамайди, отади. Улардан халққа наф тегмайди, бор эркини қўлидан тортиб олиб, қул қилиб ишлатади. Шунинг учун биз уларга қарши курашамиз, деб ўз дунёқарашларини ошкора ифода этарди.
Бирлашган ҳукумат таркибида Хитой коммунистларининг ғоя ва мақсадларини қўллайдиган гуруҳ намояндалари ҳам иштирок этар эди. Уларнинг вакилларидан бири бўлган Абдукарим Аббосов — янги ҳукумат котибининг муовини, кейиги пайтларда:
-    Шинжонгдаги асосий зиддият - бу синфий зиддият. Шунинг учун Хитой коммунистлари раҳбарлигида пролетариат диктатураси ўрнатилгандагина, «эзувчи» синф йўқотилгандагина миллий, ижтимоий эркинлик, тенглик амалга ошади, — деган ташвиқотни қилар эди.
Бу гуруҳ билан Аҳмад афанди гуруҳининг кўз қарашлари деярли бир хил бўлса ҳам, лекин улар сажда қиладиган каъба бошқа-бошқа ерда эди.
Мана шундай ички зиддиятларга тўла бўлган бирлашма ҳукумат тепасида тараққийпарвар генерал Жанг Чежунг турарди. У «ягона Хитой давлати таркибида миллатлар иттифоқини мустаҳкамлаш асосида тараққиёт эшикларини очиш орқали янги Шинжонгни кўрса бўлади», деб ҳисоблар ва шу сиёсатни амалга оширишга интилар эди. Лекин унинг бу интилишлари советларнинг туб манфаатларига мос эмас эди. Улар кўпроқ уч вилоят ўлкасида Ҳокимиятни қўлга олган Аҳмад афанди бошлиқ ўз одамлари орқали демократик ўзгаришлар ниқоби остида ўз таъсирини мустаҳкамлашни, бу ердаги бойликлардан чексиз фойдаланиш имкониятини қўлга киритишни кўзлар эди. Уларнинг бу стратегик мақсадига эришиш йўлида янгидан катта ғов бўлган нарса — бу кенгайиб бораётган Усмон, Қалибек каби ботирларнинг исёни бўлиб, уларнинг асосий талабларидан бири Алихонтўрани ўз ўрнига қайтариб келтириш эди.

Кейинги пайтларда бу талабни Шарқий Турки стон мусулмонлари ҳам, Миллий армия сафидагилар ҳам гоҳ пардали, гоҳ ошкора кўринишда ўртага қўймокда эди. Бунинг ошкора кўриниши қуролли қўзғолон шаклида бўлиб, у кўпроқ қозоқ эли орасида қанот ёя бошлайди. “Қизиллаштириш” сиёсатидан безган мулкдор кишилар, савдогарлар ўз фаолиятини йиғиштириб, бу ердаги ижтимои-иқтисодий вазиятни янада кескинлаштирмокда эди.

Алихонтўра ўғирлаб олиб чиқиб кетилгандан кейин ўлкада юзага келган бу янги вазият узоқни кўзлайдиган Совет “мутахассис”лари учун у кишининг тақдирини узил-кесил ҳал қилишга имкон бермай, ўйлантириб қўйган эди.

Авваламбор Яратганнинг қудрати ва хоҳиши билан Алихонтўра бошчилигидаги Шарқий Туркистон мусулмонларининг озодлик ва мустақиллик учун олиб борган кураши шу ерда узилиб, тўхтатилади. Қолаверса, Алихонтўрадан кейин Шарқий Туркистонда юзага келган ечими йўқ халқ қўзғолиши мумкин бўлган кескин вазият сабаб бўлгани учун, у кишини тез йўқотиб ташлаш Совет КГБ сига хос ўз жиноят ва хиёнат ишларининг изини қолдирмаслик режаси амалга оширилмай, вақтинча эҳтиётлик билан уй қамоғида сақлаб туриш керак, деган қарорга келинади.

Келажакда унинг ўзидан тўғридан-тўғри фойдаланиш имконияти бўлмаса ҳам, у кишига қиёфадош, қўшоқ одамни тайёрлаш учун зарур бўлиши эҳтиёткор КГБ нинг махсус мутахассислари томонидан ҳисобга олингани эҳгимолдан холи эмас.

Ватанларидан мажбурий ҳижрат қилинганидан кейин Тангритоғ ўлкасида инқилоб қилиб ислом дини, маданияти асосида, маърифатпарвар, тараққиётга юз тутган давлат қуриб, бутун Туркистон озодлигини орзу қилган Алихонтўра тақдир тақозоси билан мустамлака зулми остида, динсизлар қўлида инграб ётган Ватанига яна зўрлик билан қайтарилади.

Аллоҳнинг тақводор мўмин бандаси Алихонтўра тақдирга тан бериб, Уҳуд ғазоти вақтида нозил бўлган: «Вала таҳину вала таҳзану ва антумул аълавна инкунтум муминин», яъни «Эй мўминлар, бўшашманглар, қайғурманглар, албатта, сизлар устундурсизлар, агар чин мўмин эрсанглар», деган Қуръон оятига ва Расулуллоҳ (с.а.в.) айтган «Ислом устун бўлур, остин бўлмас, ғолиб келур, мағлубиятда қолмас» сўзларига амал қилиб, ҳайратланарли беқиёс жасорат, қўрқмаслик намуналарини кўрсатиб, мустамлака ватанида яшай бошлайдилар.

Кейинги воқеаларнинг бориши шуни кўрсатдики, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг тақдир ёзувида у кишининг қолган умри дунёдаги энг катта динсизлик ва иймонсизликка қарши ғоявий курашга бағишланган бўлиши белгиланган экан. Бунинг ижобати Алихонтўра ёзиб қолдирган илмий асарларда ўз ифодасини топган.

Шак-шубҳасиз Аллоҳнинг қудрати, ҳиммати ва мўжизаси бўлиб, «дин халқпар учун опийум» дейилган ваҳший, даҳшатли, динсиз бир жамиятда уй хибисида яшаб туриб, «Тарихи Муҳаммадий» ва «Туркистон қайғуси» каби динсиз большевиклар шакллантирган атеистик жамиятни фош этувчи асарларни яратишга муяссар бўлади.

У киши «Тарихи Муҳаммадий» китобида ёзадилар: «Ватаним мени суймас экан, мен уни севганлигимдан, миллатим мени танимас экан, мен уни таниганлигимдан булар учун ҳар яхшиликни қилмоқчи эдим, қилолмадим. Оз бўлсаям қилмай қараб туролмадим ва ҳам келажакдаги қаҳрамон ўзбек, уйғур болаларига, балки бутун Туркистон мусулмонларига ўзимдан ёдгорлик қолдирмоқчи бўлиб она тилимда бу китобни ёздим. Бундан мақсадим, ҳақиқий ислом динини асоси билан халққа тушунтириш, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломни умматларига таништириш эди.

Ҳозирги даврда диёнат билан тараққиёт бирга яшай олмайди деган хато фикр оқиллар томонидан эмас, жаҳондаги жоҳиллар томонидан тарқалмишдир. Ҳақиқатда эса, дин покликдур. Покликка қурилган ахлоқдур. Динимизнинг асли ақлдур, қуроли илмдур. Маърифат унинг сармоясидур. Муҳаббатдин ишининг асосидур».

Ўзбек халқининг ғурур-ифтихорларидан бирига айланган улуғ бобокалонимиз соҳибқирон Амир Темурнинг “Темур тузуклари”ни таназзул йилларида таржима қилиб, халқимизни бу буюк сиймо тимсолида мудроқ уйқудан уйғотишга ҳаракат қилади. Мустабид тузум ҳукмронлик даврида инсон ҳақ-ҳуқуқпари, миллий ғурур, порлоқ маънавиятимиз, ислом маданияти ва ахлоқи мавзуларини ўз асарларида кенг ёритиб ва тарғиб қилиб, умрининг охирги қисмини ҳам озодлик ва мустақиллик учун курашиб ўтказади.

У кишининг бу даврдаги фаолияти ҳақида мустақил Ўзбекистан матбуотида кўплаб мақола ва асарлар битилган ва бу жараён ҳали ҳам давом этиб келмоқда. Алихонтўра 1976 йили феврал ойида Тошкент шаҳрида 91 ёшда бу фоний дунёдан абадият оламига юзланади.

Инсонсевар Алихонтўра Соғуний ҳаётининг охирги йиллари ҳақида марҳум укамиз Бобурхонтўра шундай ёзади:
Тошкент шаҳри, Коҳата маҳалласининг бир хароба бурчагида жойлашган кўримсиз, кичкина, аммо бағри кенг, кўнгилга яқин, баракали кулбада ўзбек халқининг буюк ўғлони Алихонтўра Соғуний бобомизнинг иймон ва қалб чўғлари билан муборак умрининг охирги дамларигача кўринишдан бир текис, осойишталикда тўртқулоқли ҳаёт қозони тинимсиз қайнар эди.

Олтин рангли зар салла жойлашган муборак бошларини баланд кўтариб дадил, собит қадам ташлаб, ҳазрати Алишер Навоийни олиб қочса, юрт-элнинг такдирига бефарқ, муросачи кишилар уялиб қарардилар, ҳаммаслак дўст-биродарлар эса ҳаяжон ва ҳайрат билан боқар эдилар.

Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг Ватан ва миллатга бўлган ҳиссиёти қанчалик диний руҳ билан суғорилганлигига қарамай, ул зот ўзини олди билан “мен яралишимдаёқ инсонпараст эдим” дейди. Нега у ўзини ҳамма учун тушунарли ва яқин бўлган инсонпарварман деб хисобламайди? Ахир, инсонпарварлик аслида гуманизм демакдир-ку! Ўйлашимизча, бунинг сабаби инсонпарварлик кўпчиликка хос бўлган ҳиссиёт бўлгани ва ўз ичига яхши-ёмон амалларни олиши ҳам мумкинлигидир. Ҳаммага маълум, инсонпарварлик ғоясини ниқоб қилиб олиб, инсоният тарихида мудҳиш, даҳшадли жиноятлар содир қилган “инсонарвар” арбоблар кам бўлган эмас. Бундай ҳолатлар мавжудлиги инсонпарварлик, дунёқараш иймондан эмас эканлигини кўрсатади.

Буни яхши билган, ўз иймон-эътиқодига содиқ, Аллоҳни севган, тақводор Алихонтўра Соғуний инсонпарварлик тушунчасидан ўзини эҳтиёт қилади ва инсонпарастлик буюк фалсафий ғояни мусулмон оламида биринчилар қаторида илгари суради.

Иймонимиз комилки, дунёнинг кўрки бўлган, Аллоҳнинг ягона ақл ва қалб эгаси бўлмиш севикли бандаси ўз парвардигори томонидан азиз ва мукаррама қилиб яратиб қўйилган бўлса-ю, унга ўз раҳмати ва марҳамати ила, ҳатто, ўзи яхши кўрган фаришталарини сажда қилдирган бўлса-ю, Аллоҳнинг солиҳ ва сиддиқ бандаси Алихонтўра нега “мен инсонпарастман” демас экан? “Параст” сўзининг форсча луғавий маъноси “севмоқ”, “яхши кўрмоқ”, “ёқтирмоқ”дир. Бу сўзнинг яна бир маъноси “сиғинмоқ”дир. “Будпараст” сўзи билан “шахсиятпараст” сўзи маъносида қанчалик катта фарқ бўлса, Алихонтўранинг инсонпарастлиги билан динпарастлиги ўртасидаги фарқшунчалик оздир.

Алихонтўра Соғуний учун бутун ер юзидаги маҳлуқот — инсон, ҳайвон ва наботот Аллоҳнинг яратган нарсалари бўлиб, уларнинг хилқати, моддаси, жисми ва руҳи мусулмондир. Кофирлик ва мушриклик балосига гирифтор бўлган бенасиб миллатлар ва элатлар устидан Алихонтўра унчалик қайғуриб кетмайди, уларни ёмонлаб фикр юргизмайди, исломга даъват этмайди. Алихонтўра фақат уларнинг такдиридан афсусланиб, озгина кулимсираб “бечоралар” деб қўяди, холос. Чунки у аминки агар Аллоҳнинг ўзи мушрикларга ўзининг охирги Расули орқали марҳамат қилиб: “Уларга айтинг, ноумид бўлмасинлар” деб хабар берган бўлсаю, Алихонтўранинг номусулмон инсонларга бўлган умидлари нақадар катта эканлигини фараз қилиш унчалик қийин бўлмаса керак. Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг бундай дунёқараши унинг буюк инсонпараст гуманистлигидан далолатдир.

* * *

Алихонтўрадан кейин Шарқий Туркистон Уч вилоят ўлкасида содир бўлган айрим воқеа ва ҳодисаларга қисқача тўхталиб ўтамиз.

Қайта қурилган Шинжонгўлка ҳукумати раиси, моҳир сиёсатчи генерал Жанг Жежунгга Совет ҳукумати томонидан ўз зиммасига олинган маҳфий вазифа «аъло» бажарилгани, яъни Шарқий Туркистон миллий мустақиллигини бошдан охиригача қатъият билан ҳимоя қилиб турган Шарқий Туркистон ислом жумҳуриятининг байроқдори, ҳукумат раиси Алихонтўра ўртадан кўтарилгани кенг сиёсий имкониятлар яратиб беради.

Агар Совет ҳукуматининг бу хиёнаткарона кирдикори бўлмаганда Уч вилоятда у киши бошчилигида ғалаба қозонган миллий озодлик инқилоби Шарқий Туркистоннинг қолган вилоятларига ҳам тез ёйилиб, шак-шубҳасиз ғалаба қозониши мумкин эканлиги аниқ эди. Шу сабабли, Марказий Хитой ҳукуматининг фавқулодда вакили бўлган ва Шинжонг ўлкасининг келажак такдирини ўз ихтиёрича ҳал қилиш ҳуқуқига эга бўлган бу генерал ўз фаолиятининг бош мақсади қилиб, Хитой давлатчилиги янги демократик Шинжонгни яратишга ҳаракат қилади.

Натижада ҳукумат томонидан қабул қилинган ўлка дастурида Хитой - Совет дўстлигини мустаҳкамлаш, халқчил сиёсатни йўлга қўйиш, миллатлар иттифоқини кучайтириш ва шу тамойиллар асосида тинчликни ўрнатиш ва сақлаш кабилар асосий вазифа деб белгиланади. Дастурда эълон қилинган ўлканингсиёсий-ижтимоий, молиявий-иқтисодий, маданий-маориф ва миллий тенглик, инсон ҳуқуқи ҳамда демократик ўзгаришлар тўғрисидаги аниқ кўрсатмалари ҳақиқатан ҳам тўлиқ ижро этилса, ўлка халқининг келажакда тараққиёт йўлига чиқиб олиши мумкинлиги кўринар эди.

Шу дастур асосида буюк Хитой давлатчилиги манфаатини кўзлаб, географик ўрни жиҳатидан хитой таъсиридан анча узоқда бўлган бу ўлкада бир қатор демократик ислоҳотлар ўтказила бошлайди. Биринчи навбатда, очиқ сайловлар ўтказилиб, вилоят ва марказий Кенгашларга халқ вакиллари сайланади. Натижада Кенгашлар аъзосининг кўпчилигини ерли миллат вакиллари ташкил қилади. Шунга мос равишда янгиланган ўлка ҳукумати таркибида ҳам ерли миллат вакиллари сони ошади.

Афсуслар бўлсинки, қатор имкониятлар юзага кела бошлаган бундай қулай вазиятда ҳукумат аъзолигига сайланган ерли миллат вакиллари ўртасида гуруҳбозлик авж олиб, ўзаро низолар кучайиб кетади. Улар жипслашиб, амалий ислоҳотлар юргизиш, халққа илм-ҳунар, маърифат эшикларини очиш ўрнига мансаб талашиб, иғво қўзғаб бошқа «йўл кўрсатувчи»ларнинг хоҳиш-идрокларини амалга оширувчиларга айланиб қолишади.

Бундан хабардор бўлган халқ орасида турли манфаатдор кучларнинг гиж-гижлашлари натижасида гўё ўз тарафдорларини ҳимоя қилаётгандай бўлиб кўплаб намойишлар, тартибсизликлар, қўзғалишлар содир бўлади. Аммо энди йўл кўрсатувчи шам-чироқсиз, турли манфаатлар қалашиб ётган қоронғи йўлдан буюк мақсад сари юриш бениҳоят оғир иш эди.

Янгича сиёсат юргазишга интилган Жанг Жежунг ерли халқнинг ҳукуматга бўлган муносабатини ижобий томонга ўзгартириш мақсадида, миллий муҳторият тамойилларига амал қилган бўлиб, бир йилдан кўпроқ вақт ўзи эгаллаб турган ҳукумат раислиги лавозимини ерли миллат вакилига топширишга қарор қилади. Бу ўринга унинг тавсиясига биноан ҳукуматнинг ўнг қаноти вакиллари намояндиларидан бўлган Маъсуд Бойқўзи афанди 1947 йили 28 май куни тантанали равишда ўлка Кенгаш аъзолари томонидан кўпчилик овоз билан сайланади ва Марказий Хитой ҳукумати уни тасдиқлайди.

Бу ўринга ҳукумат раисининг ўринбосори бўлиб ишлаб турган Аҳмад афандининг тавсия қилинмагани ўлкада кучайиб бораётган советлар таъсирини камайтиришга уриниш эди. Чунки Маъсуд Бойқўзи Собирий туркий бирлик, яъни “пантуркизм” ғоясининг йирик намояндиларидан бўлиб, советлар тузумининг ашаддий душманларидан эди. Бу ғоя эгалари оғизда туркий миллат ва халқлар озодлиги, бирлиги учун курашар эдилар.
Улар:
—    Биз туркмиз, туркий бирлик даъвосини қилишга ҳақлимиз, чунки бунинг табиий асослари мавжуд. Бу — тарих, юрт ва маданият бирлиги, умумий дин ва тил борлигидир, — деб ўз ғояларини Ватаннинг ичида ҳам, сиртида ҳам кенг тарғибот қилар эдилар.
“Пантуркист”чилар Советлар мустамлакаси бўлган Туркистон ўлкасининг тўлиқ озод ва мустақил давлат бўлишини талаб қилар эди. Раислик лавозимига ўтириши билан Маъсуд афанди бу йўналишдаги ишларга кенг йўл очиб беради. Миллий ҳисли зиёлилар журнал ва газетларда миллий тарих, маданият, тил, дин, маънавият масалаларига оид кўплаб мақолалар билан чиқа бошлайдилар.
Шу билан бирга матбуотда радикалчиларни “қизиллаштириш” сиёсатини ўлка халқига сунъий тиқиштиришда айблаб, кенг ташвиқот ишлари ҳам олиб борилади. Ўлкада Совет таъсири кучайиб бораётгани очиқ танқид қилина бошлайди.
Яна шу мажлисда уйғур, қозоқ, татарлар орасида обрў-эътибори анча юқори бўлган Бурҳон Шаҳидий Марказий Хитой ҳукумат ҳайъати аъзолигига ўлкадан номзод қилиб кўрсатилади ва тасдиқланади. Жанг Жежунг бу номзодни танлаганда у кишининг татар миллатига мансублиги туфайли муқим сиёсий майдонга эга эмаслигини ва ҳар икки гуруҳ — радикаллар билан консерваторларга бир хил муносабатда эканлигини инобатга олган бўлса керак.

Бизнингча, бунинг бош сабаби — Бурҳон афандининг ҳамиша давлат бирлиги ва бутунлиги масаласида Хитой томонга ён босиб иш кўрганидадир. Ватан туйғусига эга бўлмаган бу киши, 1949 йили хитой коммунистлари ҳокимият тепасига келиб ғарбга юриш бошлаганда Шарқий Туркистон ўлкасини иккиланмай уларнинг қўлига ўтказиб берди. Кейинчалик, “раис” бўлмиш Бурҳон Шаҳидий ўлкада Қизил Хитой сиёсатини изчиллик билан, оғишмай амалга оширган ва шу сабабли ўз мансаб курсисида узоқ ўтиришга муваффақ бўлган кишилардан бирига айланди.

Уддабурон Жанг Жежунг сиёсатидаги бундай ўзгаришлар, биринчи навбатда, у ерда иш олиб бораётган совет консулига ёқмайди. Шу пайтгача ўлкадаги муҳим ўзгаришларда консул воситачилик қилиб, маслаҳатчи бўлиб фаол иштирок этиб келган эди. Уларнинг режаси бўйича раислик лавозимига ўзларига содиқ бўлган Аҳмад афанди тайинланиши лозим эди. Бу - дунё вазияти ўзгариб турган ана шу пайтда, икки давлат муносибатлари ҳали тўлиқ шаклланмаганлиги сабабли келажакда ҳам муҳим рол ўйнаши керак эди.

Кутилмаган бу воқеадан хабар топган Урумчидаги совет виде консули Евсеев ўлка ҳукумати раисининг муовини Аҳмад афандини чақиртириб, бу масалага қарши чиқиш юзасидан унга кўрсатма ва маслаҳатлар беради. Алихонтўра қўлида ишлаб миллий ҳиссиёти анча уйғонган, Урумчига келиб буюк миллат етакчилари Исобек Алиптекин, Муҳаммадамин Буғро, Маъсуд Бойқўзи каби инсонларнинг ғоя ва интилишларини тушунган Аҳмад афанди, ипсиз боғланганлиги сабабли яна ўз хоҳиш ихтиёрига қарши совет “маслаҳатчи”ларининг айтганини бажаришга мажбур бўлади.

У Маъсуд афандилар билан биргаликда янги ҳукумат таркибида ишлаб, Шинжонг ўлкасига ваъда қилинган олий мухториятни қўлга киритиш учун курашиш ўрнига, уларни консерваторликда, Хитой ҳукуматининг мухтор вакили Жанг Жежунгни “битим”га хилоф биртарафлама иш кўраётганликда айблаб, ҳукумат таркибидан чиқади ва ўз тарафдорларини олиб, Ғулжа шаҳрига қайтиб кетади.

Хукумат аъзоларининг бу фожиали бўлиниши уйғур миллатининг ички ва ташқи душманлари Алихонтўрани сиёсий саҳнадан узоқлаштиргандан кейин эришган иккинчи катта ютуғи эди.

Бир отга мингашган бу кишилар билиб-билмай, ўзларича, отни етаклаш учун тизгин талашдилар. Лекин тизгин ўзларининг кўлида эмаслигини кўрларча билмадилар, билишни ҳам истамадилар. Натижада, биринчи галда икки душман ўз манфаатлари йўлида маҳфий тил бириктириб, Шарқий Туркистон мустақиллигини йўқ қилган бўлсалар, иккинчи галда уйғур миллати учун ваъда қилинган олий мухторият ҳам бутунлай йўқотилди.

Ўз тарафдорлари билан бирга Ғулжага қайтиб келган Аҳмаджон Қосимий “2-дом” “мутахассис”ларининг кўрсатмаларига мувофиқ зинҳор қуролли тўқнашувни мақсад қилмай, тинчлик ва демократияни ҳимоялаш масалалари атрофида халқни жипслаштириш, уч вилоятдаги вазиятни таҳлил қилиб, совет билан савдо-сотиқ ишларини жадаллаштириш, халқ ичида совет тарафдорлари ва фуқороларининг сонини зимдан паспорт тарқатиш йўли орқали кўпайтириш, ўлка ҳукумати билан келишув олиб бормаслик, ички Хитой фуқаролар уруши натижаларига тайёр туриш каби вазифа-топшириқларни бажариш билан банд бўлади.

Ўлка ҳукумати Аҳмад афанди бошлиқ гуруҳга 5-6 ой ўткандан кейин Урумчига қайтиб келишни, ўртада келиб чиққан низоларни ақл доирасида музокара қилишни ва ечимини топишни таклиф қилиб хат жўнатади. Лекин бу тараф Маъсуд афандининг ўлка раислик вазифасидан бўшатилиши талабини биринчи шарт сифатида қўядилар. Ўз “холислик” вазифасини бажараётгандек кўрсатган Совет ҳукумати вакили икки томонни “юмшатипГга ҳаракат қилгандек бўлади.

Уйғур миллатининг кейинги давр тарихига кўз ташласак, бу ўлкада юз берган ҳар бир қўзғолон ва инқилобларда ўрислар ошкора ва яширин фаолият кўрсатганини кўрамиз. Бунинг бош сабаби уларнинг ҳеч қачон уйғурларнинг мустақил бўлишига ёрдам бериш, хайрихоҳлик билдириш ниятлари эмас эди, балки Шарқий Туркистоннинг табиий ер ости ва ер усти бойликларини ўз манфаати йўлида ҳоҳлаганича талаш ва ишлатиш эди.

Ҳолбуки, бу мустабидлар уйғур халқининг мустақиллигини хоҳламасди, чунки улар мустамлака зулми остида тобе бўлган ўзбек, қозоқ, қирғиз ва бошқа қариндошларига таъсир кўрсатишига, оқибатда, улар ҳам мустақиллик даъвосини кўтариши мумкинлигига тоқат қилолмасди. Шу сабабли руслар бу ўлкани ҳар доим ўз таъсир доирасида сақлашга интилган, фақат бунинг имконияти бўлмай қолган пайтлардагина уни Хитойларга қиммат баҳода сотиб келган эди.

Япония билан уруш ва давомли ички қонли курашлар натижасида холдан тойган Чанкайши ҳукумати ҳозирги шароитда Шинжонгни ўз қўлида сақлаб қолиш учун, Иккинчи жаҳон урушида ғалаба қозониб, қудрати янада ошган қўшни Совет Иттифоқи билан ҳар қандай муросага боришга тайёр эди. Совет ҳукумати буни билганлиги сабабли, Хитой томонга Урумчидаги бош консули Савельев орқали Шинжонгдаги воқеаларга ўз муносабатини билдиради. Унда кўрсатилишича: “Шинжонгда юзага келган вазиятнинг ечими, асосан, генерал Жанг Жежунг таъкидлагандай, Хитой-Совет дўстлик муносабатига ва миллий масала ечимига боғлиқдир. Уни Хитой — Совет муносабатини дипломатия йўли билан яқинлаштириш, дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш орқали амалга оширса бўлади.

Лекин миллий масалага алоҳида эътибор бермоқ лозим. Совет ҳукумати пантуркистларнинг Хитой давлати таркибидан ажралиб чиқиш ҳаракатини қатьий қоралайди. Ҳар қандай давлатдаги оз сонли миллатлар ўзларининг ватанларидан ажралиб чиқиб, ҳаргиз порлоқ истиқбол йўлига эришолмайди. Ўз ватанидан бўлиниб чиқиш учун бўлаётган ҳозирги уринишлар оз сонли миллатлар учун фақат зиён келтиради.

Шу сабабдан ўлка ҳукуматига Маъсуд афанди каби одамларнинг раис бўлиб туришига биз норозимиз. Агар бу масала “мақсад”га мувофиқ ҳал қилинса, ҳозир Шинжонгда юзага келиб қолган бир қанча ички масалаларни жиддий ҳал қилиш имконияти туғилади. Биз генерал Жанг Жежунгнинг бу йўналишдаги сай-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз. Агар лозим топилса, илгаридаги каби Или тараф билан бевосита кенгаш олиб бориш учун икки томонни яраштириб қўйиш воситачилигини ҳам ўз зиммамизга оламиз. Бу вазифани бажариш Ғулжадаги консул зиммасига топширилди” — дейилади.

Шинжонгни қўлда тутиб туриш учун ўрисларнинг ғашига тегмай, улар билан келишиб ишлаш зарурлигини тушунган генерал Жанг Жежунг таклифига кўра Гоминдан ҳукумати Маъсуд афандини ўлка раислигидан бўшатиб, Бурҳон афандини унинг ўрнига тайинлашга қарор қилади. Маъсуд афанди гоминданчилар кутган жойидан чиқмади. У киши имкониятдан фойдаланиб, биринчидан, туркчилик ғоясига содиқ ҳаракатлари билан Хитой давлатининг бутунлигига хавф сола бошлаган эди, иккинчидан, унинг ўрисларга очиқ қарши ҳаракати энди тикланиб келаётган Хитой — Совет муносабатлари яхшиланишига хизмат қилмади.

Ўрисларнинг эътирозини ҳисобга олиб, яна бир қатор ўзгаришлардан кейин, Жанг Жежунг Или тарафга: “Сизлар қарши бўлган Маъсуд афандини ўрнидан олдик, энди Урумчига келинглар, биргалашиб ишлаймиз...” каби таклифни қилади. Бунга жавобан Аҳмад афанди гуруҳи Урумчида юз берган ўзгаришларни ижобий баҳолайди ва ҳозирги ўзгарувчан вазиятда Бурҳон афандидек одамнинг ўлка раиси вазифасини эгаллаб туриши ўзлари учун зарарсиз деб билади. Улар Бурҳон Шаҳидийни билимли, бой тажрибага эга бўлган, энг асосийси, жоҳил мутаассиб киши эмас, деб баҳолайдилар. Бунинг яна бир ижобий томони, Бурҳон афандининг хитойлар ичидаги илғор фикрли, демократияга мойил одамлар билан танишлиги ва улар билан тил топишаолишидир, дейди улар.

Лекин Хитой ичидаги ҳокимият учун гоминданчилар ва коммунистлар ўртасида узоқ давом этиб келаётган қонли уруш Совет Иттифоқининг ёрдами билан коммунистлар фойдасига ҳал бўлаётган вақтда, Аҳмад афанди гуруҳининг ўлка гоминдан ҳукумати таркибида бирга ишлаши советлар манфаатига мос эмас эди. Чунки Шинжонг масаласи ҳам буюк давлатлар келишувида коммунистлар фойдасига ҳал бўлган эди. Шу сабабли бу таклиф қабул қилинса, келажакда қўшимча ташвишлар юзага чиқиши эҳтимолдан холи эмас эди.

Бундан ташқари, Алихонтўра бошчилигида амалга оширилган инқилобнинг миллий мустақиллик ғоясига хиёнат қилингандан кейин ўтган давр ичида ўлкада юзага келган нотинчлик, иттифоқсизлик, вилоятларда, ҳатто армия ичида содир бўлаётган норозиликлар Аҳмад афанди ва унинг сафдошлари қарашларида Совет ҳукуматига муносабатни ҳам ўзгартира бошлаган эди. Бундай ҳолатни кўздан қочирмайдиган совет “мутахассис”лари уларга ишончини йўқота бошлайди. Шу сабабли, совет “маслаҳатчи”лари Урумчидаги Янги ҳукумат таркибида ишлаш режасига очиқдан-очиқ қарши чиқмаса ҳам, бир қанча шартлар қўйишни уларга тавсия қилади.

Талабларнинг асосийлари: Шинжонгга инқилоб даврида ички Хитойдан келтирилган ўн минглаб аскарларни ўлкадан олиб кетиш; етти вилоятда қамалган илғор фикрли кишиларни дарҳол озодликка чиқариш; бунга сабабчи бўлган ҳарбий амалдорларни жавобгарликка тортиш; бирлашган ҳукуматнинг амалий ҳуқуқдоирасини чекламаслик кабилар эди. Булар дарҳол амалга оширилиши мумкин эмас эди. Шу боис Советнинг ғаразли маслаҳати, босими остида ўлка халқининг манфаати йўлида бирга ишлаш, миллий бирликни тиклаш имконияти иккинчи бор ҳам қўлдан кетади.

Уч вилоятда русларнинг ғаразли манфаати бўлмаганда, балки ўз раиси атрофида бирлашиб ишлаган ўлка ҳукумати мағлубиятга юз тутган Гоминдан ҳукуматидан маҳаллий халқучун бир қанча миллий эркинликларни олиш, жумладан, имтиёзли муҳториятга эга бўлиш эҳтимоли бўлармиди? Негаки, Гоминдан ҳукумати ҳар доим ўз чиқишларида давлат отаси ҳисобланган Сун Ятсиннинг “Уч миллий маслак” таълимотидаги “Оз сонли миллатларга ўзини-ўзи бошқариш ҳуқуқи берилади", дейилган тамойилга амал қилинади, деб кўп марта очиқ таъкидлаган эди-да. Афсус, тақдирда тескари ёзилган бўлса, бандаси нима ҳам қилар эди!

1949 йилда ички Хитойда коммунистлар ҳокимияти тахтини эгаллаган қизил аскарлари билан уларнинг сиёсий раҳбарлари ғарбга — Шинжонг ўлкасига ҳам етиб келади. Ўлкадаги вазиятни тўла ўз назорати остида ушлаб турган Совет ҳукумати келажакда Шарқда социалистик лагернинг мустаҳкам қўрғони бўлади, деган умидда — янги коммунистик давлатни қутлаб, унга Шинжонг ўлкасини туҳфа қилади.

Қадимдан бу икки катта қўшни империялар оз сонли, ўз давлатига эга бўлмаган уйғурларга ўхшаган миллатларнинг тақдирини ўз хоҳиш-ихтиёри манфаатлари асосида ҳал қилиб келгани маълум. Ҳатто Шарқий Туркистон уч вилоятида Алихонтўрадан кейин ҳокимият тепасига ўзлари қўйган, умр бўйи советларга фидойи бўлиб, садоқат билан хизмат қилган Аҳмаджон Қосимий ва унинг сафдошларини ҳам улар сурбетларча алдайдилар.

Урумчига келган янги тузум эгалари бўлмиш Қизил хитойлар ҳокимиятни силлиқ, ҳеч қандай қаршиликсиз, ўзаро келишув асосида қабул қилиб олади. Бу вазиятда Шинжонгдаги ишларни узоқни кўзлаб тартибга солган, керакли одамларни ўз жойига қўйган, буюк ягона Хитой давлатчилиги мафкурасига ҳамиша содиқхизмат қилиб келган генерал Жанг Жежунгнинг роли катта эди. Бу “сиёсий тулки” номини олган киши ўз ғоясига содиқ ҳолда ғалаба қозонган коммунистлар ҳукумати хизматига ўтади.

Унинг маслаҳати ва “раис” Бурҳон Шаҳидийнинг ёрдами орқали янги ҳукумат ўлкада ўз тартибини тез ва осон ўрнатади. Биринчи бўлиб, ўлкадаги икки юз мингдан ортиқ гоминдан аскарлари қуролсизлантирилиб, ишлаб чиқариш қурилиш армияси шаклида қайта тузилади. Узоқни кўзлаган янги Пекин раҳбарияти режасига биноан ички хитойдан яна шунча сонли аёл-қизлар кўчириб келтирилиб, оила қуриш орқали уларни шу ерда илдиз орттириш, ерлаштириш ишлари жадаллик билан амалга оширила бошлайди.

Шу билан Алихонтўра қайғуриб “Ўз Ватанида мустақил бўлмаган кичик миллатлар келажакда қора аждаҳога ютилиб кетади”, деб башорат қилган жараёнга биринчи қадам ташланган эди. Халқ ғамини ўйлагандек кўринган бу ёлғончи-алдамчи коммунистлар, керак жойда қурол кучи билан ҳамда фойда-зиёнини тўғри тушунмаган, виждонсиз, қора-қуров нодонлардан фойдаланиб, динсизлик-худосизликка асосланган ҳокимиятни ўлканинг етти вилоятида ўрнатади. Бу йўқсуллар тузумини қабул қилмаган, унга қарши бўлган Урумчи ва бошқа шаҳарлардаги билимли, истеъдодли, миллатсевар, ватанпарвар миллий зиёлилар, нуфузли кишилар ҳар хил уйдурма баҳоналар билан яна қамалади, отилади, оғир ишларга жўнатилади. Фақат айримларгина ўзга юртларга ҳижрат қилиш имконини топадилар. Шулар қаторида бўлган Исо Юсуф Алптегин, Муҳаммадамин Буғро, Пўлат Қодирий каби буюк инсонлар умр бўйи Ватандан ташқарида Шарқий Туркистон халқининг озодлиги, миллий мустақиллиги учун курашиб келганлар.

Уч вилоят халқи мустамлака зулмига қарши қон тўкиб инқилоб қилган, мустақил давлат қуриб, озодликнинг ширин таъмини татиган, мудроқ, ғафлат уйқусидан уйғонган халққа нисбатан, Қизил хитойлар ўзгача сиёсат юргазадилар. Ғулжага етиб келган ваколатли Хитой комиссарлари биринчи навбатда вазиятни яхшироқ ўрганиш учун бу ерда мустаҳкам ўрнашиб олган ва лаганбардорлик билан ўзининг дўстона муносибатини ҳар қадамда билдириб турган Совет консулхонаси, “2-дом” ва бошқа идораларнинг “махсус” ходимлари, “маслаҳатчи”лари билан учрашадилар. Улар хўжайинларининг ўзаро келишганидан мамнуният билан бу ердаги вазиятга алоқадор барча маълумотларни мукаммал билдирганидан ташқари, миллий кадрларнинг, обрўли шахсларнинг тўлиқ рўйхатлари, улар ҳақида йиллар давомида йиғилган маҳфий маълумотларни ҳам тўла топширадилар.

Лекин бунга қаноат қилмаган Қизил комиссарлар азалдан Хитой халқи ва ҳукуматига содиқ бўлиб келган “фидоий”лар, янги ҳокимият эгаларига мансаб таъмасида ўз садоқатларини шошилиб изҳор қилмоқчи бўлганлар, ўзларини моддиюнчи, компартия ва Мао ғояларининг изчил муҳлислари деб таништирганлар билан ҳам алоҳида-алоҳида учрашувлар ва суҳбатлар ўтказадилар. Улар бу йиғилган ахборат, маълумот ва материаллар асосида бўлиб ўтган инқилоб ҳақида, бу ердаги Аҳмад афанди бошлиқ ҳозирги раҳбарият, Советларнинг таъсири тўғрисида етарлича маълумотга эга бўладилар.

Йиллар давомида Гоминдан ҳукумати билан тинчлик ва мухторият масаласида музокараларда тобланган, Алихонтўра қўл остида ишлаб миллий ҳиссиёти уйғонган Аҳмад афанди ва унинг маслакдошларининг миллий масалага нисбатан қарашлари ва муносабатлари тўғрисида аниқ маълумотлар тўплайдилар. Уларнинг хулосаси шуни кўрсатадики, бу ердаги раҳбарият Шинжонгни янги Хитой ҳукумати таркибида Совет Иттифоқидаги республикаларга ўхшаш республика бўлишини истайдилар. Номи “Уйғуристон” бўлишини ва ундан келиб чиқадиган ҳақ-ҳуқуқларга эгалик қилишини ҳоҳлайдилар. Бу ҳоҳиш-истакларни Уч вилоят раҳ-барияти Хитой вакиллари билан бўлган бир қанча учрашувларда тарихан асослаб қатъият билан изҳор қиладилар.

Бундай муносабат Қизил комиссарлар учун кутилмаган муаммо бўлади, чунки Хитой коммунистларининг ҳам ягона бир бутун давлат таркибида кичик миллатларга республика мақомини бериш ниятлари йўқ эди-да!

Ўз мақсадига эришиш йўлида ҳар қандай усуллардан фойдаланиш мумкин деган тамойилга амал қиладиган совет “мутахассис”лари ўзлари бошлаб қўйган бу ишни ими-жимида саранжонлаш ниятида яна бир разилликка қўл уради.

1949 йили сентябр ойида Пекинда бўлиб ўтадиган умумхалқ сиёсий маслаҳат Кенгашида Шинжонг ўлкасидан вакил бўлиб қатнашишга Ғулжадан Аҳмаджон Қосимий бошлиқ уч вилоят раҳбарияти таклиф қилинади. Бутаклифни марказнинг Шинжонг масаласига бўлган катта эътибори, деб тушуниш лозимлигини билдирган Ғулжадаги Қизил комиссарлар ва совет “махсус” ҳодимлари унга жиддий тайёргарлик кўриш маслаҳатини берадилар. Бунинг учун улар ҳар қандай ёрдамга тайёр эканликларини ҳам билдиришади. Натижада Пекинда Шинжонг масаласи юзасидан қилинадиган докладни тайёрлашга киришилади. Ҳатто бу ишга ўзларининг ташаббуси билан “Шинжонгшунос” ҳисобланадиган Совет дипломатларидан бири бўлган собиқ вице-консул Василий Борисов ҳам жалб қилинади.

Бу киши хитой коммунистлари Шинжонгга кириб кела бошлаганда Ғулжада яна пайдо бўлиб қолган эди. У Шарқий Туркистон уч вилоят инқилобида Совет Иттифоқининг ваколатли вакили бўлиб иштирок этган, ўз ҳукумати номидан уни қўллаб-қувватлаб, ўқ-дори, қурол-яроқ, аскарий куч билан ёрдам қилишни Алихонтўрага ваъда берган кишиларнинг бири эди. Бу садоқатли “ижрочи” Гоминдан ҳукумати билан “тинчлик битими” имзолангандан кейин дарҳол кўздан ғойиб қилинган бўлса ҳам, янги Хитой ҳукумати олдида совет манфаатларини ҳимоя қилиш, Совет — Хитой дўстлигини мустаҳкамлаш учун яна жалб қилинган эди. Василий Борисов уч вилоят раҳбариятинингтузилаётган янги Хитой давлати таркибида Шинжонг ўлкаси камида олий муҳторият мақомига эга бўлиши керак, деган фикрини ҳам билар ва уни қўллаб-қувватлар эди.

Натижада анча катта ҳажмга эга бўлган баённома - доклад тайёрланади. Унда уйғур давлатчилигининг тарихий асослари, уйғур халқининг асрлар давомида мустамлака зулмига қарши олиб борган миллий озодлик курашлари, ички ва ташқи душ-манларнинг ўзаро тил бириктириб, уйғур миллатининг ҳаққоний манфаатлари, ҳақ-ҳуқуқлари доимо сотилиб келинганлиги ишончли далил-исботлар билан баён этилади. Докладнинг асосий хулосасида уйғур халқи бир бутун демократик Хитой давлати таркибига иттифоқдош республика ёки олий муҳториятга эга бўлиб кириши, ўз она Ватанига ҳаққоний равишда ворислик қилиши, дунёдаги барча эркин халқлар қатори тинчликда хотиржам яшаш истаги борлиги тантанали равишда қатъият билан билдирилади.
Кўп тортишув, муҳокамалардан ўтиб, тасдиқланган ва хитой тилига таржима қилинган бу докладнинг мазмуни, албатта, янги Хитой ҳукумати вакилларига ёқмайди. Уларнинг режаларига, марказдан олган кўрсатмаларига, Совет томони билан юқори доирада қилинган келишувларга Шинжонг масаласининг бундай қўйилиши зид эди. Уйғур миллатининг тақдири умумий мафкура, ягона содиалистик тузум, Совет — Хитой дўстлиги йўлида қурбон қилинган бўлиб, бошданоқ, уни ҳал қилиш янги Хитой ҳукуматининг ички иши, деб эътироф этилган эди. Ерли халқ кўзи олдида ўзларини даҳлсиз қилиб кўрсатиш ниятида хитой коммунистлари “ўзинглар пиширган овқатни ўзларинг енглар”, дегандай зарда қилиб муаммони ҳал қилишни яна Советлар томонига юклайди. Номуссиз, виждонсиз сариқ иблис бу вазифани ҳам ҳеч иккиланмай ўзларига хос совуққонлик билан ҳал қилади.

Бу пайтга келиб Совет ҳукумати Шинжонг масаласидаги ўз мақсадларини амалга ошириб бўлган эди. Биринчидан, ўзининг ёш атом энергетикаси учун сувдай зарур бўлиб турган Шарқий Туркистон ўлкасининг Олтой ва Тарбағатой вилоятларидаги конлардан шиддат билан йиллар давомида ташиб йиғилган радиактив уран рудалар заҳираси атом бомбасини саноатлаштириб ишлаб чиқариш учун етарли миқдорда йиғилган эди. Иккинчидан, совет қуроли ва ёрдами билан Осиё қитьасидаги энг йирик Хитой давлатида ҳокимият тепасига коммунистлар келтирилди. Келажакда содиалистик тузумнинг Осиё мамлакатлари бўйлаб ёйилиши учун бу катта замин эди. Совет Иттифоқи бошчилигида Шарқий Овропа ва Осиё қитъасини қамраган ягона содиалистик лагер шаклланмоқда эди. Учинчидан, ўзлари ясаган ташқи Мўғулистон давлатини янги Коммунистик Хитой ҳукумати тан олишга мажбур этилди ва Совет — Хитой чегарасидаги узун ҳудудда ҳар эҳтимолга қарши ўзига содиқ буфер давлат тикланди.

Бу эришилган натижалар эвазига ва келажакда маслакдошлар биргаликда амалга оширадиган “буюк” мақсадлар йўлида Шарқий Туркистон ўлкаси, уйғур миллатининг миллий мустақиллик кураши, озодлиги, инсоний ҳақ-ҳуқуқпари қурбон қилинди. Сталин ва унинг ҳамтовоқпари виждонсизларча инсоний ахлоқнинг оддий меъёр, приндип ва мезонларига хиёнат қилдилар. Совет ҳукуматининг маҳфий қарорида: “Шинжонгда кейинги йилларда “махсус” ташкилотлар томонидан олиб борилган барча ишлар тугатилсин, уч вилоят халқи ихтиёрий равишда янги коммунистик Хитой давлатиниг таркибига кириши таъминлансин, Совет — Хитой дўстлик муносабатлари мустаҳкамлансин”, деб кўрсатма берилади.

1949 йил август ойининг охирларида Пекинга умумхалқ сиёсий маслаҳат Кенгашида Шинжонг халқи номидан иштирок этиш учун Аҳмаджон Қосимий бошлиқ делегадия Ғулжадан жўнаб кетади. Делегадия таркибига унинг раиси Аҳмаджон Қосимий, Миллий армия қўмондони генерал-лейтенант Исҳоқбеқ Мононов, Олтой вилояти волийси генерал-майор Далелқон Суғурбоев, хансу миллатининг вакили сифатида Абдукарим Аббосов, таржимон-котиб Абдурашид Иминов, адъютант майор Ғани Каримов бошлиқ тўрт нафар муҳофазатчи ходимлар ва бошқалар киради. Жами 11 киши, бошқа манбаларга биноан 17 киши. Делегадияни кузатиб бориш вазифаси Ғулжадаги Совет вице-консули Василий Борисов зиммасига юкланади.

Ҳайратланарли ҳол шундаки умумшинжонг халқи делегадияси таркибига ўлка ҳукуматининг Урумчидаги аъзоларидан бирор киши киритилмаган эди. Бу ҳолат делегадия аъзоларини сергаклантириши керак эди-ку! Пекин улар Урумчидан вакиллар таклиф қилинмаганини ўзгача ғурур билан ўзларининг Пекин олдидаги обрў-эътибори баландлигидан деб тушунадилар.

Совет ҳукуматининг таклифига биноан делегадия Пекинга Совет Иттифоқи орқали учишлари керак эди. Лекин Олмата аэропортидан кўтарилган самолёт Пекинга етиб келмайди. У Иркутск атрофида ҳавода ҳалокатга учрайди ва барча делегадия аъзолари ҳалок бўлишади. Мана шундай шафқатсиз усул билан ўз қинғир ишларинингбажарувчилари, гувоҳдари гумдон қилинади. Бу Совет маҳсус ташкилотларининг навбатдаги разил тадбирларидан бири эди. Маълумотларга кўра, бу фожиа тафсилотлари шу кунга қадар маҳфий сақланмоқда.

Ғулжадаги совет консули бу ерда қолган ҳукумат аъзоларидан Сайфиддин Азизийни 3 сентябр куни ўз олдига таклиф қилиб, Москвадан шошилинч олинган қуйидаги маънодаги телеграммани рус тилида ўқиб эшиттиради: “Аҳмаджон Қосимий бошлиқ делегадия учиб кетаётган Ил-12 русумли самолёт Иркутск устидан ўтаётганида об-ҳаво кескин ёмонлашиб, ўз бошкдрувини йўқотгани учун, бахтга кдрши, тоққаурилади. Самолёт ичидаги 17 та делегадия аъзолари ҳалок бўлади”. Бу фожиа сирлари шу қисқа тушунтириш билан кифояланади.

Шарқий Туркистон уч вилоят раҳбарияти ихтиёрий равишда ҳокимиятни хитой коммунистларига топширмагани учун Сталин томонидан шундай усул билан ўлим жазосига маҳкум этилади. Жаҳон жамоатчилиги кўз олдида бу усулни ишонарли қилиб кўрсатиш учун улар ҳатто ўзининг содиқ мутахассис жосус-дипломатини ҳам бирга қурбон қилади. Дарҳақиқат, мақсадга эришишда иймонсиз, виждонсиз коммунистлар учун барча усуллар яхшидир.

Шундан кейин сентябр ойининг ўрталарида Пекинга умумхалқ сиёсий маслаҳат Кенгашининг биринчи сессиясига етиб келган Сайфиддин Азизий ва Бурҳон Шаҳидий бошлиқ янги делегадия Шинжонг халқининг ихтиёрий равишда коммунистик Хитой давлати таркибига кириши тўғрисидаги ҳужжатларни сўзсиз имзолайдилар. Шунинг эвазига Мао дзедун Сайфиддин Азизийни Шинжонг ўлка ҳукуматининг раиси этиб тайинлайди.

Натижада, Алихонтўра ташаббуси, бошчилиги асосида ташкил топган Миллий армия тарқатилади; миллатсевар, Ватанпарвар улуғларимиз таъқибга учрайди, қамалади ёки чет элларда паноҳ топадилар. Бепоён Шарқий Туркистон ўлкаси Қизил хитойларга ўлжага қолади. Ички Хитойдан чумолидай ёпирилиб кела бошлаган коммунистлар ва уларнинг сон-саноқсиз қуролли қўшини ерли халқни темир исканжага олиб, итоатгўй маҳкумларга айлантира бошлайди. Бу жараённи кўриб, билиб турган қалбида миллий ҳиссиёти бор бугунги авлод кўзларида нам бўлмаса ҳам, қалбида йиғлаб келмоқда...

Увайсхон Шокировнинг "Алихонтўра Соғуний" китобидан

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин