Саналар
19.11.2017
Баннер
Пулицер очган Америка
PDF Босма E-mail

Анъанавий матбуотнинг муайян маънода "нонини яримта қилган" "сариқ матбуот" қандай юзага келганига ҳеч қизиқиб кўрганмисиз? Бугун Нью-Йорк остонасида савлат тўкиб турган машҳур "Озодлик" ҳайкали ҳомийси айнан газета эканидан бохабармисиз? Колумбия университетидаги журналистлар тайёрловчи номдор марказ ҳақида биласизми? Адабиёт, драма, матбуот, мусиқа, таълим йўналишларидаги ижодий ишларни рағбатлантирувчи нуфузли мукофотни-чи?..

Бу оламшумул ҳодисаларнинг ўзаро боғлиқлиги нимада? Эҳтимол, ҳеч иккиланмай Америка Қўшма Штатлари, дея жавобга ошиқаётгандирсиз? Бу жавоб ҳам мантиқан тўғри. Шундай бўлса-да, улар бошқа бир ном устида туташадилар. Хўш, Американи ана шундай ютуқларга "ватан" қилган ким?

Медиабизнес ихлосмандлари ҳамда хусусий матбуот эгаларининг кўпдан бери диққат марказида бўлган улкан медиа-империя охир-оқибат шиддатли рақобатга бардош бера олмади. Йўқ, гап бугунги куннинг энг катта медиа­ҳукм­рони Мердоклар ҳақида эмас. (Бу сулола фаолияти ҳамон изчил давом этмоқда.) Аксинча, сўз Сент-Луисда жойлашган "St.Louis Post-Dispatch" ва "Arizona Daily Star" каби икки йирик газета, яна АҚШ ҳудудидаги ўн икки кундалик, бир неча ҳафталик нашрларни ўз ичига олган Пулицер контсерни хусусида.

У эндиликда Мердоклар корпорацияси каби матбуот оламининг гигантлари билан беллаша олмай қолди. Шундай бўлса-да, унинг яхшигина тушумбарор "ўлжа" бўлишига ишонган "New York Times" ва "Gannett Newspapers" ("USA Today" эгалари)нинг контсернга қизиқиши катта эди. Айнан улар "Пулицер"нинг бўлажак хўжайинлари сифатида тахмин қилиниб, жамоатчилик оғзига тушишга ҳам улгурдилар. Бироқ, Американинг энг кекса ва машҳур бу даврий матбуот контсерни "Lee Enterprises" компанияси томонидан 1,46 миллиард долларга сотиб олинди. Афсонавий журналист, ношир Жозеф Пулицер асос солган ушбу контсерн қачонлардир замонавий журналистикага тамал тошини қўйган эди ва у қарийб бир аср­дан зиёдроқ вақт мобайнида авлодларининг асосий даромад манбаи бўлиб келди.

Машҳур сулола фаолиятининг барҳам топаётгани ачинарли ҳол, албатта. Венгриялик яҳудий муҳожир Жозеф Пулицер асос солган компанияга ворисликни унинг ўғли, кейинроқ эса невараси давом эттирди. Шуни таъкидлаш жоизки, уларнинг ҳар иккаласига сердаромад компания билан бир қаторда, бобосининг исми ҳам мерос бўлиб ўтган эди. 1993 йили Жозеф Пулицер III вафотидан кейин компания актсияларининг катта қисмига (49,6 фоизи) унинг 71 ёшли беваси Эмили Рауҳ-Пулицер эгалик қилади. Шундан сўнг оиланинг компаниядаги фаолияти деярли сезилмай қолди. Марҳумнинг ўғли Жозеф Пулицер IV эса, оилавий бизнесдан 1995 йилиёқ воз кечганди.

Жозеф Пулицер ўз салтанатини 1878 йили барпо этди. Ҳеч бир сулола бу қадар матбуот бизнесининг яққол тимсоли бўла олмаган. Ҳа, ўша хира кўрувчи дароз, жиззаки венгер муҳожиридан бўлак ҳеч ким! Жозеф Пулицер Уилям Рендолф Ҳёрст билан басма-бас журналистиканинг янги ва мунозарали намунасини яратди. У халқ томонидаги жамоат ишларининг фаол иштирокчиси ҳамда демократия вакили сифатида ўзини кўрсатди. Монополиялар жабрдийдалари бўлмиш меҳнаткашларни қўллаб-қувватлаб, сиёсий корруптсияни фош этишда ўз ҳиссасини қўшди. Журналистика тирикчилик учун мақбул йўл ҳисобланмаган бир пайтда Пулицер бу соҳага бўлган муносабатни, жамоатчилик фикрини бутунлай ўзгартириб юборди.

Офитсиант, подачи, ҳаммол...

Бахт ёхуд бахтсизлик Сизнинг кимлигингиз, қаэрда ва нима қилаётганингиз, нимага эга эканингиз билан эмас, балки нима ҳақида ўйлашингиз билан белгиланади.
Жозеф Пулицер

Жозеф 1847 йилнинг 10 апрелида Венгриянинг Мако шаҳрида дунёга келган. Ғалла савдоси билан шуғулланувчи отаси венгер яҳудийларидан, католик динига эътиқод қилувчи онаси эса олмон миллатига мансуб эди. Тақдир тақозоси билан улар Будапештга кўчиб келишади ва Жозеф ўша ерда хусусий мактабда таълим олади. 17 ёшида ҳарбийликка кучли ҳавас уйғониб, бирваракайига Франция, Авс­трия ва Британия армияларига ёлланишга уринади. Бироқ, кўриш қобилияти ва соғлиги заиф бўлгани учун уни ҳарбийга олмайдилар. Лекин уч бора берилган рад жавоби ҳам Пулицерни шаштидан қайтаролмади. Ўша пайтда Америка Қўшма Штатларида Гражданлар уруши кетаётган эди. Кўпчилик бадавлат америкаликлар ёлланма одамнинг ҳақини бериб, ҳарбийга чақирувдан қутулиш пайида эдилар. Жозеф ҳам Шимол ар­миясининг ана шундай кўнгилли солдатларидан бўлди. У Биринчи Нью-Йорк отлиқ полкида оддий аскар сифатида жанг­га кирди. Аммо бу бўз боланинг ўз хомхаёллари билан видолашишига кемада ўтган бир неча ой кифоя қилади. 1865 йили уруш тугагач, уни армиядан осонгина ҳайдаб юборадилар. Ўн саккиз яшар йигитчанинг нима қилишни билмай боши қотади. Жозеф олмон, франтсуз ҳамда венгер тилларида равон сўзларди-ю, аммо инглизчада оқсарди. Инг­лиз тилини билмай эса дурустроқ иш топиш амримаҳол эди. Кунларнинг бирида у ўзининг севимли "Wестличе Пост" газетасида Луизиана штатининг тамаки плантатсиясига ишчи кераклиги ҳақидаги хабарни ўқийди. Ишчилар у ерга Миссисипи орқали юборилар эди. Жозеф пул топиш умидида кемага ўтиради. Лекин шаҳардан 50 километр узоқлашганда кема капитани энди ишчига эҳтиёж йўқ деган хабарни олади. Яёв қайтишга мажбур бўлган аламзада Пулицер бу ҳақда "Wест­личе Пост" газетасига аччиқ кинояли хат ёзади. Таҳририят йигитчанинг мактубини эълон қилади. Бу - Жозефнинг газетада чоп этилган биринчи "асари" эди.

Бўлажак "Америка журна­лис­тикасининг Колумби" не ишларга қўл урмади дейсиз: подачи, офитсиант, вокзалда юк ортувчи, ҳаммол, адвокат ёрдамчиси, хуллас, тирикчилик тошдан қаттиқ деганларидек, неки қора иш бўлмасин, у барига кўнаверди. Шаҳарма-шаҳар иш қидиравериб, вабо авж олган Сент-Луисга бориб қолади ва аслаҳахона бошлиғи ўрнига ишга жойлашади. Вабодан вафот этганларни кўмиш ҳам унинг зиммасида эди. Ишдан сўнг кутубхонадан қўшимча иш олиб, бирваракайига қонунлар ҳамда инглиз тилини ўрганади. Ўша кутубхонанинг шахматхонасида унинг елкасига омад қуши қўнади. Пулицер икки ўйинчининг юришини кузата туриб, улар суҳбатига аралашади. Ўйинчилардан бири олмон тилида чиқувчи "Westliche Post" газетасининг хўжайини Карл Шуртс, иккинчиси эса, унинг муҳаррири Эмил Преториус эди. Ёш йигитчанинг тақдирини унинг шахмат ишқибозларига берган биргина жўяли маслаҳати ҳал қилди-қўйди. Улар Пулицерга газетада мухбирлик лавозимини таклиф қиладилар.

Янги ҳаёт

Орзуларни рўёбга чиқариш учун уй­ғонинг!
Ж. Пулицер

Аввалига инглиз тилини яхши билмагани ва турли миш-мишларни текширмай шошқалоқлик қилгани учун муҳаррирлардан кўп дакки еди. Ҳамкасблари эса, бу дароз йигитга ҳазиллашишдан сира ўзларини тия олмасдилар. Бироқ, бора-бора, иш уни тамоман эгаллаб олди, ўз устида тинимсиз ишлади, ўқиб-ўрганди. Кўп ўтмай у ҳар қандай ахборотни қўлга кирита олади деган олқишга сазовор бўлди. "Ҳаммага тааллуқли бўл­ган нарсани журналистлардан бўлак ҳеч ким сезмайди", дерди Жозеф ўз муваффақияти сирини очар экан. Уч йилдан сўнг чапдаст журналист сифатида у Цент-Луиснинг эътиборли жамоат арбобига айланди. 1869 йили уни ҳатто Миссури штатининг қонун чиқарувчи мажлисига сайлайдилар. Жозеф "Westliche Post" газетасида мухбирлик билан бир вақтда банклар ва банк иши бўйича қўмита котиби ҳам бўлиб ишлайди. 1870 йили қўмита раиси истеъфога чиққач, кутилмаганда Пулицер ушбу лавозимга тайинланади. Шу ерда қонунга хилоф иш тутишга тўғри келади. Қўмита раислигига 24 ёшдангина қўйиларди. Жозеф эса, ўша пайтда бор-йўғи 23 ёшда эди...

1871 йили Карл Шуртс унга "Westliche Post"нинг ҳаммуассиси бўлишни таклиф қилади. Шу орада уни Cент-Луиснинг полиция комиссари этиб тайинлашади. Пулицер энди батамом сиёсий ҳаётга шўнғиб кетади. 1872 йили президент­лик кампаниясида либерал-республикачилардан Ҳорас Грил номзодини қўллаб-қувватлайди. Бироқ, у сайловда мағлуб бўлгач, Пулицернинг сиёсий фаолияти ҳам ниҳоясига етади. Гарчи ўшанда у Демократлар партиясига қарши чиққан бўлса-да, ўзи умрининг охиригача демократлигича қолди.

Ўзгаларнинг сайловида мағлубиятга учрагач, у яна журналистикага қайтди. Лекин ке­йинроқ "Westliche Post" унга торлик қилиб қолди. 1874 йили у газета актсияларини сотиб, Вашингтон томон йўл олади. Cент-Луис кутубхонасидаги изланишлари зоэ кетмай, у адвокатлик қилиш ҳуқуқи учун имтиҳон топширади. Пулицер уч йил мобайнида адвокатлик билан бирга, "The New York Times" газетасида мухбирлик ҳам қилади. Адвокатлик унинг молиявий шароитини анча тиклаб, у вашингтонлик Кейт Девис исмли қизга уйланади. Шундан сўнг унинг турмуш тарзи мутлақо бошқача тус олди. Бир вақтлар Cент-Луиснинг хароба кўчаларида дарбадар изғиган "яҳудий тирранча", эндиликда Америка граждани, нотиқ, ёзувчи ҳамда инг­лиз ноанъанавий журналис­тикасининг асосчиси сифатида тан олинади. У маҳаллий зодагонлар муҳитига осонгина мослашиб, башанг кийинадиган, хиёбонларда от ўйнатиб, зиёфатлардан завқ оладиган бўлди. Бироқ, бундай ҳаётдан баҳра олиш кўпга чўзилмади. 1878 йили унга синиш арафасида турган "Dispatch" ҳамда "Post" газеталарини сотиб олишни таклиф қиладилар. Пулицер икки газетани бирлаштириб, уни "St.Louis Post-Dispatch" деб номлайди.

Бир инсон инқилоби

Воқелик орзуни барбод этиши мумкин. Нега энди орзу воқеликка барҳам бера олмас экан?
Ж. Пулицер

Мана, энди ўз орзусидаги газетани яратиш имконияти туғилди! Пулицер енг шимариб астойдил ишга киришади. Бир вақтнинг ўзида ҳам хўжа­йин, ҳам муҳаррир, ҳам журналист­ликни эплайди. У ўзининг журналистик суриштирувларида сиёсий фаолияти давомида таниган кишиларни фош этди, зўр ғайрат билан барча маҳаллий сиёсий кампаниялар ҳамда жанжалларга аралашди. "St.Louis Post-Dispatch" шаҳарнинг энг машҳур нашрларини ҳам ортда қолдириб, жанговар газетага айланди. Шу тариқа, журналистика саҳнасида яна бир кучли шахс пайдо бўлди. "The New York World" газетасининг муҳаррири Жеймс Уайман Барретт ўзининг "Жозеф Пулицер ва унинг олами" биографик асарида шундай ёзади: "У эрта тонгдан то ярим тунгача, баъзан ундан ҳам кечроқ ишлаб, газетанинг ҳар бир ҳарфи устида бош қотирарди".

Пулицер муштарийларини кўпайтириш мақсадида газетани шов-шувли текширувлар, аёвсиз шарҳлар билан бойитди. Журналистик суриштирувлар, давлат коррупцияси, солиқ найрангбозлари ҳамда муттаҳамларга қарши таҳририят ҳужумларини эълон қилди. Бундай чақин чиқишлар айни ўқувчиларнинг чанқоғини қондириб, натижада газета адади ҳайратомуз даражада кўтарилди.

Бироқ, кунига йигирма соатли узлуксиз меҳнат ўз таъсирини кўрсатди. Ўттиз беш ёшида кўзи кескин хиралаша бошлаган Пулицерни фақат биргина қўрқув - газета ўқий олмаслик хавфи дам олишга мажбур этарди. У 1883 йили хотини билан доктор кўрсатмасига кўра Европа сафарига отланади. Бироқ, Нью-Йоркка келганида фикридан қайтиб, молиявий танг аҳволда қолган "The New York World" газетасини сотиб олади. Соғлиғи жиддий хавф туғдираётганига қарамай, у "World"нинг ишларига кўмилиб кетади. Баррет бу ҳолатни: "Бу бир Инсон инқилоби эди", дея изоҳлайди.

"Бу улкан ва ривожланиб бораётган шаҳарда газета учун... ёруғ, катта ва чинакам демократиябоп жой бор... у барча қаллоблик ва риёкорликни фош этади; таҳқир ва жаҳолатга қарши курашади; ошкораликка хизмат қилади". (Жозеф Пулицернинг "The New York World" газетасига эгалик ҳуқуқини қабул қилиш пайтида сўзлаган нутқидан.)

Жозеф Пулицер Нью-Йорк таблоидида (кичик форматдаги газета) илк бор иллюстратсиялардан кенг фойдаланади ҳамда давомли мақолалар эълон қилади, энг асосийси, янгиликларни етказишда тезкорликни таъминлашга муваффақ бўлади. Газетанинг биринчи сонидаёқ 1 миллион доллар зиён келтирган Ню-Жерсидаги даҳшатли тўфон ҳақидаги мақола, қотилликда айбланган кишининг қатли олдидан олинган интервю берилади. Пулицер ўз журналистларидан "шов-шув ташиш"дан кўра, уни ёрита билишни талаб қиларди. Катта-катта ҳарфлар билан ёзилган: "Ўлим нафаси", "Уолл-стритдаги террор" ёки "Кичкинтой Лизанинг маҳбуби" каби сарлавҳалар ўқувчилар диққатини тортади. Пулицернинг шарофати билан "World" бош саҳифада мунтазам сиёсий карикатуралар эълон қилувчи биринчи газетага айланади. У ўрта қатламни қамраб олган оммабоп газета эди. Қолаверса, Пулицер асос солган бу янги усул кейинроқ "янги журнализм" номини олди. Ўн йил ўтгач, "The New York World" мамлакатдаги энг катта - 600000дан ортиқ нусхада чиқувчи газетага айланди.

Пулицер ўз журналистлари билан "салиб юришлари"(репортаж жанрида ёзилган таҳририят текширувлари)ни ташкил этади. Бундай "салиб юришлари"нинг энг ёрқин намунаси Нелли Блайнинг Нью-Йорк руҳий касалликлар шифохонаси ҳақида ёзган мақоласи бўлди. Шифохонага кириб олиш учун журналист ўзини шунчалик жинниликка соладики, уни текширган беш шифокордан тўрттаси "шизофрения" ташхисини қўяди. Бир неча ҳафтада "соғайиб кетган" Неллининг шифохонадаги ҳақиқий ҳолат тасвирланган репортажи "World"да босилади. Жумладан, унда касаллар совуқ хоналарда муолажа қилиниши, еб-ичишнинг тайини йўқлиги, уларга шафқатсиз муносабатда бўлишлари баён этилади. Бу мақоладан кейин мерия(ҳокимият) шифохонани қайта жиҳозлаб берди. "Салиб юришлари" ҳақида Пулицер шундай дейди: "Айнан мавҳумлик ортида жиноят илдиз отади. Уни юзага чиқаринг, ёзинг, матбуотда эълон қилинг. Эртами-кечми, жамоатчилик фикри ўзининг покловчи таъсирини кўрсатади".

"Озодлик" ҳомийси

Ўзингиз яхши кўрган нарсага эга бўлишга ҳаракат қилинг, йўқса, эга бўлган нарсангизни яхши кўришга мажбур бўласиз.
Пулицер

Франтсиядан Америкага келтиришнинг имкони топилмаётган, бугун "Озодлик" номи билан жаҳонга донг таратган ҳайкалнинг дастлабки тавсифи ҳам "World" газетасида биринчи бўлиб ўз аксини топди. Нью-Йоркнинг машҳур тимсоли бўлмиш Озодлик ҳайкали айнан Пулицернинг саъй-ҳаракати билан шаҳар бандаргоҳида қад ростлади. Ушбу ҳайкални ўрнатиш унчалик оммабоп ғоя эмасди, шу боис, ҳукумат уни молиялаштиришни рад этади. Шунда Пулицер ҳаммани аёвсиз танқид остига олади: сиёсатчиларни субсидиядан бош тортганликда, бойларни пул бермаганликда, туб аҳолини эса, бировларга орқа қилишга ўрганиб қолганликда айблайди. Зарур маблағни йиғиш учун оммавий обунани йўлга қўяди ва икки ой ичида кампаниянинг "Озодлик ҳайкалини қуриш фонди" қурилишга керакли юз минг долларни тўплайди. Ҳайкални шахсан АҚШ президентининг ўзи очади...

Пулицер ихтироларидан бири - Озодлик ҳайкали атрофидаги мўъжизавий ёруғлик гардиши бугун ҳам ёғду таратмоқда.

"Сариқ матбуот" отаси

Ижтимоий ҳаётда энг катта маънавий куч ва омил ошкоралик, ошкоралик ва яна ошкораликдир!
Бу фикр ҳам Жозеф Пулицерники.

Пулицер "The New York World" газетасини сотиб олганида унинг адади 15000 нусхадан ортмаган эди. Ўн беш йил ўтгач, 1898 йили унинг тиражи 1 миллионга етди. "St.Louis Post-Dispatch" ҳамда "The New York World" унга 20 миллион доллар миқдорида (бугунги ҳисобда 3 миллиард) даромад келтирди.

Аммо унинг муваффақиятлари ҳаммага ҳам манзур бўлавермади. Рақиблари унинг бироз танобини тортиб қўйиш учун ҳар нарсага тайёр эдилар. Бундай зарбалар ўз кучини кўрсатиб, унинг соғлигига таъсир этади. У 1890 йили 43 ёшида "World"нинг муҳаррирлигидан воз кечишга мажбур бўлади ва таҳририятга бошқа қайтмайди.

У дунёнинг энг яхши шифохоналарида даволанса-да, бу ҳеч қандай наф бермади. Бировнинг кўмагисиз бир қадам ҳам ташлолмай қолди. Устига-устак, шовқинга ўта сезгирлик касалига мубтало бўлади. Жанговар журналистнинг сўнгги йигирма йиллик умри Нью-Йоркда жойлашган ҳовлисининг товуш ўтказмайдиган бункери ва "Озодлик" номли яхтасида ўтди.

Шунга қарамай, у масофадан туриб ўз нашрларининг ҳам таҳририй, ҳам тижорий ишларини бошқаришни уддалади. 1896 йили Пулицер ва Уилям Рендолф Ҳёрст адад борасида қизғин рақобатлашади. Кучли сарлавҳалар, оламшумул янгиликлар, шов-шув кўтарувчи хабарлар, иллюстратсиялардан фойдаланиш орқали ишчилар ҳамда муҳожирлар эътиборини жалб этишга қаттиқ киришади. Газета кулгили иловаларга катта эътибор қаратади. 1895 йили мултипликатор Ричард Ф.Аутколт (1863 - 1928) чизган рангли "Сариқ бола" номли мултипликатсия тўла саҳифада чоп этилади. Лекин ўшанда бу номнинг "сариқ матбуот"га ҳеч қандай дахли йўқ эди. 1898 йили Пулицер тез ишловчи рангли босма машинасини сотиб олади ва ўз даври учун тасвир орқали таъсир этувчи ягона газета яратади. Адад устидаги жангда Пулицерга қалтис бир ҳаракат халал берди: Аутколт Ҳёрстнинг нашрларидан бири бўлган "The New York Journal"га ўтиб кетади.

1898 йили Пулицер ҳам, Ҳёрст ҳам ўз газеталарининг кучини кўрсатишга киришадилар. 16 февралда Американинг "Майн" номли ҳарбий кемаси номаълум сабабларга кўра портлаб, Ҳавана бандаргоҳида ғарқ бўлгач, уларнинг ҳар иккиси "кимўзарга" Испанияга қарши мақолалар бера бошлайдилар. "World" президент Мак Кинлийга уруш очиш тўғрисидаги даъво билан мурожаат қилади. Конгрессменлар газетадаги бу тахлит эътирозларни инобатга оладилар. Тўрт ойлик натижасиз урушдан сўнг уларнинг ҳар иккови "сариқ матбуот"чиликда айбланади ва Пулицер ўз контсептсиясидан воз кечишга қарор қилади. Эндиликда "World" материал узатишда ўзини чеклайди ва Демократлар партияси манфаатларини ёқлаб чиқади.

Гарчи Пулицер "сариқ матбуот"га қўл силтаган бўлса-да, "World" 1909 йилдаги текширувлари билан жамоатчилик ҳурматини қайта қозонади. Газета Франтсия компаниясининг Панама каналига АҚШ ҳукумати томонидан тўланган ноқонуний 40 миллион доллар ҳақидаги хабарни эълон қилади. Федерал ҳукумат "World"ни президент Теодор Рузвелт ҳамда банкир Ж.П.Морганга туҳматда айбламоқчи бўлади. Бироқ, суд айблов даъвосини бекор деб топади.

Пулицер 1911 йилнинг 29 октябрида ўз яхтасида юрак хуружидан вафот этади. Ўлимидан олдин у қайсидир маънода касбий васиятини ёздириб қўяди: "Фақат катта масъулиятгина журналистикани жамоатчилик манфаатига зид келувчи, муайян синфларнинг шахсий мақсадларига қарам бўлиб қолишдан қутқаради".

Ўлимдан кейинги ҳаёт

Мен журналистиканинг юксалиши ҳамда тараққиёти тарафдориман, умримни журналистикага бағишладим. Шуни ишонч билан айта оламанки, у кишилар маънавияти ва дунёқарашига таъсир этувчи эзгу ҳамда беқиёс соҳа. Ниятим - лаёқати ва қобилияти бўлган ёшларни бу касбга тортиш, озми-кўпми, ўзини бу йўлда синаб кўрганларга маънан юксак ҳамда закий таълим олишларида кўмак беришдир.
Жозеф ПУЛИТСEР

1904 йили Пулицер ўз васиятида 2 миллион долларни Колумбия университетига хатлаб беради. Медиа-магнат бу пулларнинг тўртдан уч қисми олий журналистика мактабини ташкил қилишга сарфланишини, қолган қисми эса, Америка журналистлари учун махсус мукофот таъсис этишга йўналтирилишини истайди. Бу билан у динамит ихтирочиси Алфред Б.Нобел (1833 - 1896) йўлини тутади.

У ёшлар юрагида учқунлаётган истак, иштиёқ профессионал даражада шакллана олиши учун замин яратиб кетди. Колумбиядаги журналистика мактаби Пулицер вафотидан бир йил ўтгач, ташкил қилинди. Ушбу мактаб бугунги кунда ҳам журналистлар тайёрловчи энг яхши марказ саналади. У яратган Фонд ҳисобига 1917 йили махсус қўмита бошчилигида Пулицер мукофоти таъсис этилди. Пулицер ўз васиятида мукофотни қандай тақдим қилиниш тартибини батафсил тавсифлаган. Хусусан, ҳар йили журналистика ҳамда адабиётнинг тўрт йўналиши, таълим соҳасининг бир йўналиши бўйича мукофот беришларини сўрайди. Унинг хоҳишига кўра, энг яхши роман, драма, АҚШ тарихига бағишланган китоб ва биографияларга алоҳида мукофот белгиланди. Ушбу рўйхатга қўшимча ёки ўзгартириш киритишни қўмита кенгаши аъзоларининг ҳукмига ҳавола этади.

1922 йилдан улар қаторига энг яхши карикатура, 1942 йилдан эса, энг яхши фотосурат учун (кейинроқ у иккига: янгилик ҳамда бадиий фотосурат йўналишларига ажралди) номинатсиялари ҳам қўшилди.

Бугун Пулицер мукофоти номинатсиялари сони йигирма биттага етди. Ҳозирда ушбу мукофотнинг нуфузи баланд. Ҳар йили қарийб уч мингга яқин даъвогар мукофот учун курашади. Иштирокчилар йил давомида АҚШнинг кундалик, якшанбалик, ҳеч бўлмаганда, ҳафталик нашрларида ўз материалларини эълон қилган бўлишлари лозим. Март ойининг бошида 77 муҳаррир, ношир, ёзувчи ҳамда педагог иштирокчиларни журналистиканинг 14 категорияси бўйича саралаш учун Колумбиядаги журналистика мактабига йиғилади. Гарчи мукофотнинг қиммати, бор-йўғи, 10000 долларни ташкил этса-да, уни қўлга киритиш учун катта кураш кетади. Айниқса, "Жамоатчилик хизмати учун" номинатсияси ғолибига алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу йўналиш совриндори олтин медал билан ҳам тақдирланади. Мукофот расман апрел ойида Колумбия университети президенти томонидан тақдим этилади. Ушбу сана Пулицернинг хоҳишига кўра танланган. Мукофотнинг асосий мақсад ва вазифаси - Америка ижодий ишларини дунё ҳукмига ҳавола қилиш.

Мана, 130 йилдан зиёдроқ Жозеф Пулицер матбуот соҳасида йўлга қўйган ўзига хос усул жаҳон журналистикасида кенг қўлланиб келинмоқда. "Сариқ журналистика" номи билан миллионлар эътиборини тортган медиа-магнат асли шунчаки ҳавойи "сариқ" шуҳратдан йироқ эди. У "сариқ матбуот"ни бугун бизнинг тасаввуримиздаги енгил-элпи мавзулар, олди-қочди маълумотлар, ахборий чиқиндилар билан эмас, балки халқ манфаатига хизмат қилувчи, жамоатчилик фикрини ўрганувчи, ошкораликни ҳимоя этувчи, адолат ва ҳақиқатни ёқловчи, жаҳолатга қарши курашувчи чиқишлар билан бойитди. У бошлаган хайрли иш - журналистика, адабиёт, таълим, мусиқа жабҳасида таъсис этилган мукофот, мана, бир
асрдирки, мамлакатнинг энг яхши маданий ютуқларини саралабгина қолмай, уларни беминнат рағбатлантириб ҳам келмоқда.

Янги иш бошлаш олдидан "Америка очишга уриниш" деган кинояли қочириқни тез-тез қўллаймиз. Мазмуни ҳаммага тушунарли... Аммо Американи дунёга қайта танитган, соҳада янги йўналишга асос солган Жозеф Пулицер каби сиймоларга нисбатан ушбу иборани ўз маъносида ҳам баралла айтиш мумкин!

Забаржад Бобожонова

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин