Саналар
19.11.2017
Баннер
Тошкент Бобур тақдирида
PDF Босма E-mail

Заҳириддин Бобурнинг Тошкент шаҳрига доир қарашлари унинг тож-тахт учун кураш ва яшаш даври билан бевосита боғлиқ. "Бобурнома"даги 1502-1503 йиллар воқеалари тасвирида жами 21 марта Тошкент номи зикр этилади, фақат икки марта 1510 ва 1528 йиллар воқеалари баёнида Бобур шахсиятига дахлдор бўлмаган ҳолда - тарихий жой номи тариқасида келтирилган.

"Бобурнома"нинг дастлабки саҳифалари 1494 йил воқеалари, Фар­ғона вилоятининг тасвири билан бошланади. Муаллиф Исфара вилояти ҳақида сўз юритар экан, Мовароуннаҳрнинг Шайбонийхон томонидан эгалланиши тарихига тўхталади: "Муҳаммад Шайбонийхон Султон Маҳмудхон била Олачахонға шикаст бериб, Тошканд ва Шоҳрухияни олғон маҳалда, ушбу Сўх била ҳушёр кўҳпоялариға келиб, бир йилға ёвуқ танқислиқ била ўткариб, Кобул азимати қилдим".

Ушбу тарихий далилда биз икки муҳим фактга дуч келамиз. Бу воқеадан олдинги Бобурнинг Тошкент ва унинг хонликлари билан бўлган муносабати заминида, аниқроғи, шаҳар Шайбонийхон томонидан забт этилгунга қадар Тошкент шаҳрига хон бўлган Бобурнинг она томонидан қариндошлари ҳамиша унга паноҳ бўлганлар.

Темурийлар салтанати даврида Тошкент ва Шоҳрухия шаҳарлари 1506 йилга қадар Чиғатой хонлари тасарруфида бўлган. "Ўшал фурсаттин тарих тўққуз юз секкизгача Тошканд ва Шоҳрухия вилояти Чиғатой хонларининг тасарруфида эди, - деб ёзади Бобур. - Бу фурсатта мўғул улусининг хон ва султонлиғи Юнусхоннинг улуғ ўғли, менинг тағойим Султон Маҳмудхонда эди. Умаршайх мирзонинг оғаси, Самарқанд подшоҳи Султон Аҳмад мирзо ва мўғул улусининг хони Султон Маҳмудхон, чун Умаршайх мирзонинг бадмаошлиғидин мутазаррир эрдилар, бир-бирлари билан иттифоқ қилиб, Султон Аҳмад мирзо Султон Маҳмудхонни куёв қилиб, мазкур бўлғон тарихда, Хўжанд суйининг жануб жонибидин Султон Аҳмад мирзо ва шимол тарафидин Султон Маҳмудхон Умаршайх мирзонинг устига черик торттилар".

"Бобурнома"да темурий шаҳзодалар билан боғлиқ сарой аёлларининг саодатли, аммо кўпинча аянчли тақдирларига оид маълумотларга дуч келамиз. Уларнинг бир қисми Тошкент хонлиги ва, умуман, Тошкент шаҳри тақдири билан ҳам боғлиқ. Бу таҳликали воқеалар, зодагон аёлларнинг тақдиру қисматига молик воқеалар, юқорида қайд этганимиздек, Тошкент шаҳри турли султон ва шоҳларнинг қўлидан қўлига ўтганлиги заминида вужудга келганлигини кўрамиз. Заҳириддин Бобур ушбу маълумотларни отаси Умаршайх мирзонинг аҳли аёли зикрида келтириб "ўзгалардин кичик бир қизнинг улуғ Султон Нигорхоним эдиким..." деб бошлаб, Султон Нигорхонимнинг мардона хусусияти, ўктамлиги ҳақида фикр юритади. У сарой аҳлининг ҳеч биридан сўрамасдан, билдирмасдан Тошкентга паноҳ излаб келади ва ниятига эришади. Бироқ, тақдир уни кўп сарсон-саргардон қилади. Бобур бу масалага ҳам холис ёндашади: "Султон Маҳмуд мирзо ўлгандин сўнг ўғлини олиб, ҳеч кимга хабар қилмай, Тошканд­ға оғалариға бориб эди. Бир неча йилдин сўнг Адик Султонғаким, Чингизхоннинг улуғ ўғли Жўжи нас­ли қозоқ султонларидиндур, бердилар. Хонларни Шайбонийхон босиб Тошканд ва Шоҳрухияни олғонда ўн икки мўғул навкари била қочиб Адик Султонға борди. Адик Султондин икки қизи бўлди, бирини Шайбонийхон султонлариға, яна бирини Султон Саъидхоннинг ўғли Рашид Султонға берди. Адик Султондин сўнг қозоқ улусининг хони Қосимхон олди... Қосимхон ўлгандан сўнг хоним Кошғарға, Султон Саъидхон қошиға келди".

Албатта, Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик тарихидаги ҳар бир лаҳза, ким шаҳарга бош бўлганию, ким уни салтанатдан айиргани илм учун ҳам, тарих илми билан қизиқувчилар учун ҳам муҳим деб биламиз. "Бобурнома"да Султон Аҳмад мирзо - темурий султонлардан бирининг номи тез-тез тилга олинади, муаллиф у ҳақда асосан ижобий фикр билдиради. Бобурга Султон Аҳмад мирзо амаки бўлиб, у муайян муддат Тошкент ва Сайрамни Бобурнинг отаси Умаршайх мирзога беради. Бобур Султон Аҳмаднинг уруш ва муҳорабаларини ёритар экан, унинг Тошкент ва унинг атрофида бу шаҳарни эгаллаш, ўз тасарруфига киритиш учун кўп жангу жадаллар бўлгани, улар олиб борган курашларни қуйидагича тасвирлайди: " Яна бир мартаба Тошканд навоҳисида, Чир суйининг ёқасида Султон Маҳмудхон била... бир-бирига боқмай бузулдилар, кўпрак черик эли Чир суйида ғарқ бўлдилар."

1497 йилдан бошлаб Заҳириддин Бобур тақдири билан Тошкент хонлигида юз берган воқеалар бир-бирига боғланиб борган. Фарғона ва Самарқанд тахтидан ноумид бўлган, авваллари бу икки стратегик жиҳатдан муҳим шаҳарга эгалик қилиш ниятида бўлган Бобурнинг умиди узилиб, энди ўзи Тошкентдаги хон додалари кўмаги, ҳарбий ёрдамига муҳтож бўлиб қолади. Бироқ, ҳамма жойда Бобурга нисбатан душманона муносабатда бўлган шахслар бу ерда ҳам унга қарши иш олиб бордилар. Шу йиллари Бобур Хўжандда вақтинча паноҳ топганида ғанимлари унинг яқин кишиси Халифани ундан йироқ тутиш мақсадида фитна гаплар қиладилар ва Бобур кўнглига жуда яқин бўлган бу дўсти, маслаҳатчисини бош­қа шаҳарга эмас, айнан Тошкентга боришини маъқул кўради. Бунинг устига бош вазир даражасидаги шахс - Қосимбекни ҳам Тошкентга жўнатиб, масалани ижобий ҳал этиш, Андижонга бориш йўлларини қидиради. "Бобурнома"даги бу тарихий воқеалар айнан Тошкент хонлиги ва унинг атрофидаги жойларда ўтган: "Хўжандқа келгач, баъзи мунофиқшева эллар Халифани менинг эшигимда кўра олмадилар. Муҳаммад Ҳусайн мирзони ва баъзиларни барий қилдилар. Халифаға Тошканд сари рухсат берилди. Қосимбекни Тошкандга хон қошиға юбориб, Андижон устига юримакни истидъо қилинди. Хон ҳам черик тортиб, Оҳангарон жулғаси била келиб, Кандирлик добонининг тубига тушганда мен ҳам Хўжанддин бориб хон додамни кўрдим. Кандирлик добонини ошиб Ахси тарафиға тушулди".

Заҳириддин Бобур бошқа темурийзодалардан фарқ қилган ҳолда, бобоси Амир Темур салтанатини бор бўй-басти билан қайта тиклаш, унга раҳбарлик қилиш мақсади билан ўспиринлигидан ёниб яшаган, Бобур Тошкентга - хон додасига ёрдам бериш мақсадида ҳаракатга тушар экан, "чун салтанат дағдағаси ва мулкгирлик доияси бор, бир қатла, икки қатла иш юримаган била боқиб ўлтуруб бўлмас. Андижонға юримак хаёли била кўмак тилай, Тошкандға хон қошиға бордим".

Матнга эътибор берайлик: Бобурнинг Андижон тахтига эришиши Тошкентдан етадиган кўмакка боғлиқ бўлиб турибди. Бобур Тошкент хонидан олган кўмакдан кейин "Хўжандта таваққуф қилмай, ўта чиқиб, илғаб, Кандибодомни сўл қўлга қўюб келиб, кеча била шоту қўюб Насух қўрғониниким, Хўжандтин ўн йиғоч йўлдур, Кандибодомдин уч йиғоч, ўғурлаб олдук", дер экан, нақадар шиддат билан қўшимча ҳудудларни тасарруфига қўшишга интилганини кўрамиз. Мазкур матндаги "таваққуф қилмай", "ўта чиқиб", "илғаб", "сўл қўлда қўюб", "кеча била шоту қўюб" каби сўз ва иборалар Бобурнинг мақсади сари шошиб интилгани, унда мулкгирлик ҳисси жўш урганлиги, бунинг боиси - Тошкент хонидан олган ёрдами эканлигини англаймиз.

"Бобурнома"да Заҳириддин Бобур уни қадам-бақадам таъқиб қилиб юрган Аҳмад Танбалнинг кишиларидан қочиб турли юртларда бориб қолар экан, бу дафъа довон ошиб Масчоҳга келади: "Яна добон ошиб Масчога келдук. Хотирға кечтиким, мундоқ тоғдин тоғқа алохон ва аломон, вилоятимиз йўқ, еримиз йўқ, турмак бетақрибдур, хон қошиға Тошкандга-ўқ боралинг".

У "Бизга қурбон ийди Шоҳрухияда бўлди. Бетаваққуф ўтуб, хон қошиға Тошкандга бордим" дер экан, кўнглига ҳеч нарса сиғмаганини кўрамиз. Бобурнинг Тошкент хони билан бу галги учрашуви олдинги кўришганларидан фарқ қилган. Ўша даврнинг одатига кўра, шоҳ, султон, бекларнинг ҳузурига борган киши агар шеър ва адабиётга тааллуқли шахс бўлса, бу арбоблар номига битилган шеър, фахрия, қасидалар ёзиб тақдим этиши расм бўлган. Бобур ҳам тошкентлик хон додасига бир рубоий ёзиб тақдим этган. Бу рубоийнинг мазмунида хонга нисбатан на мадҳ, на таъриф-тавсиф бўлмасдан, унда, аксинча, рубоий муаллифининг юқоридаги мушкул аҳволи, ғарибликда чеккан уқубатлари ва бу ночор аҳволдан озурдаланганлик руҳи бор. Бундан ташқари, Бобур бу рубоий билан ўзининг шеъриятдаги дастлабки қадамлари кучини синаган; иккинчидан, хон додасининг шеър билиш қобилиятини шеършунос сифатида ҳам баҳолаганки, бу жуда муҳим: "Бизга қурбон ийди Шоҳрухияда бўлди. Бетаваққуф ўтуб, хон қошиға Тошкандга бордим. Бу рубоийни айтиб эдим, маъмул қофиясида тараддудим бор эди. Ул маҳалда шеър мусталаҳотиға мунча татаббуъ қилмайдур эдим, хон хуштаъб киши эди, шеър айтур эди, агарчи сару сомонлиқ ғазали камроқ эди, бу рубоийни хонга ўткариб, тараддудимни арз қилдим. Кўнгул тийгудек шофий жавоб топмадим. Ғолибо, шеър мусталаҳотиға камроқ татаббуъ қилғондурлар. Рубоий будур:
Ёд этмас эмиш кишини
меҳнатта киши,
Шод этмас эмиш кўнгулни ғурбатта киши.
Кўнглум бу ғариблиқта
шод ўлмади ҳеч,
Ғурбатта севунмас эмиш,
албатта, киши".

Заҳириддин Бобурнинг Тошкентга сафари бўйича унинг хон билан қайси масалада кенгроқ музокара олиб борганлиги ҳақида маълумот жуда кам. Шунга қарамасдан, ҳар ҳолда, Тошкент хонлиги учун Шайбонийхоннинг ҳам, Аҳмад Танбалнинг ҳам душманона муносабати аниқ бўлса керакки, Бобурнинг хонга берган маслаҳати асосида хонликка қарашли Пскент ва Сомсийрак атрофида мудофаа чоралари кўрилганлиги ёш Бобурнинг ҳарбий стратегик қарашлари ўша пайтда шаклланганлигидан дарак беради.

Заҳириддин Бобурнинг Тошкентда бўлган даври, эҳтимол, унинг тафаккуридаги энг талотум пайт бўлса керак. Чунки "Бобурнома"да "Охир мундоқ саргардонлиқтин ва бу навъ бехонумонлиқтин жонга еттим. Дедимким, мундоқ душворлиқ била тирилгунча, бош олиб йитсам яхши. Бу навъ хорлиқ ва зорлиқ била эл билгунча, оёғим етганча кетсам яхши. Хитойга бормоқни жазм қилдим" деса, қуйироқда фикри яна ўзгаргани, Тошкентга нисбатан осойишта жойда ўзининг келажагини қайси юрт ва давлатлар билан боғлашни ўйлагани, хаёллари бир-бирини инкор этувчи режалар билан чалкашиб кетганини анг­лаймиз. Унинг бир қарорга келдим деган бу режасини ҳаммадан сир тутганини, ҳатто "бу хаёлимдин ҳеч киши соҳибвуқуф ҳам қилиб бўлмас эди. Не жиҳаттинким, онамға худ мумкин эмас эрдиким, мундоқ сўзларни айта бўлғай" деб, Мўғулистон ва Турфонга боришни, шунда барча мушкулликлар, Шайбоний ва Танбал муҳорабаларидан холи бўлиши мумкинлиги ҳақида Тошкент шаҳрида туриб режалар тузади.

Ҳар ҳолда, Бобур Тошкентда кичик хонни кутиб олади ва тақдирнинг чархи Бобур томонда бўлиб Тошкент хони "Тошкандта келиб бот-ўқ Султон Аҳмад Танбалнинг устига Анди­жонға черик торттилар. Кандирлик добонининг йўли билан мутаважжиҳ бўлдилар. Оҳангарон жулғаси ета кичик хонни ва мени илгаррак айирдилар. Добондин ошиб Зиркон ва Карнон навоҳисида икки хон қатилдилар. Карнон навоҳийсида бир кун дим кўрдилар, черикларини ўттиз минг ченадилар".

Тошкент хонлигининг ҳарбий тартибларининг орасида "ўрон" - бугунги истилоҳда "парол"нинг ишлатилиш тартиби Тошкент шаҳри тарихи учун ҳам жуда муҳимлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Масаланинг муҳим томони яна шундаки, муҳорабаларни анча бошидан ўтказган, Бобур учун ҳам "Тошканд", "Сайрам" сўзларининг аскарлар орасида парол сўзи сифатида ишлатилишини эшитиш қизиқ эди. "Бобурнома"да бу манзара гарчи Тошкентда эмас, Андижон атрофида бўлган бўлса ҳам "Тошканд" атамаси парол бўлгани Тошкент шаҳри тарихини жиддий ўрганиш ва шунга ўхшаш далилларни топиб бугунги ёшлар дунёқарашини Ватанга меҳр даражасида кўтариш мумкинлигига шубҳа йўқ. Энг муҳими, ушбу ҳолатнинг иштирокчиси Бобурнинг ўзи бўлгани, Тошкент шаҳри боис Бобур ҳам буни китобида батафсил келтиргани муҳим. Мазкур ҳолат ўта қизиқарли бўлганлиги боис биз ҳам бу парчани тўлиқ келтиришни маъ­қул билдик: "Бу кайфият мундоқ экандурким, Айюб Бекчикнинг туманидин бир неча мўғул Ўшдин биздин айрилиб қозоқлиққа андижоннинг гирдиға келган экандурлар. Бизнинг черикнинг ғавғосин эшитиб, инчкалик била илгаррак келиб ўрондашурлар. Бу ўрон икки навъ бўлур: улким, ҳар қавмнинг ўрони бор, нечукким, баъзи қавмнинг ўрони "дурдона"дур ва баъзининг "тўқбой", баъзининг "лулу"; яна бир тамом черикка иш маҳалида икки лафзни ўрон қўярларким, иш вақтида учрашқонда, бири бир лафзини айтқонда, яна бир ул маъҳуд лафзни айтқай, то бу тариқ била эл ёғийдин айрил­ғай ва ўз кишисини ётдин фарқ қилғай. Ул юрушта маъҳуд ўрон алфози "Тошканд" била "Сайрам" эди. "Тошканд" деса, "Сайрам" дейилгай, "Сайрам" деса, "Тошканд". Бу орада - шўрда Хожа Муҳаммад Али илгаррак экандур. Мўғуллар: "Тошканд", "Тошканд" деб келурлар. Хожа Муҳаммад Али сирт киши изтиробта бўлур, муқобалада ул ҳам "Тошканд", "Тошканд" дер. Мўғуллар ёғий кишиси хаёл қилиб сурон солиб, таблбоз чолиб, ўқ қўярлар. Ушбу тариқ ғалат ғавғо била турмаб паришон бўлдук".

Шундай қилиб, биз "Бобурнома"да Тошкент шаҳри билан боғлиқ воқеаларнинг асар муаллифи саргузашт­лари ва Тошкент хонлигида бўлиб ўтган воқеалар, шахслар дунёқараши билан боғлиқликда таҳлил қилишга ҳаракат қилдик. "Бобурнома"нинг сўнгги саҳифаларида ҳам Тошкент ҳақида икки-уч марта сўз борса-да, улар географик атама сифатида келган ва шарҳлашга муҳтож эмас. Юқоридаги воқеадан кейин Аҳмад Танбал Тошкент хони ҳарбий юришларидан ўз кучини йўқотиб, лашкарлари орасида паришонлик бўлади ва Заҳириддин Бобур Афғонистон - Кобулга йўл олади ва у ерда мустаҳкам давлатини тузади.

Ҳасан Қудратуллаев,
филология фанлари доктори, профессор

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин