Саналар
28.03.2024
Баннер
Темур тузуклари (4)
PDF Босма E-mail

ЎРУСХОННИ БАРТАРАФ ҚИЛИШ ВА ДАШТИ ҚИПЧОҚНИ БОСИБ ОЛИШДА ҚИЛГАН КЕНГАШИМ

[Дашти Қипчоқ] хони Тўхтамиш хонлик талашиб Ўрусхондан енгилиб, менииг паноҳимга қочиб келган эди. Унинг билан қўшин юборсаммикин, ё ўзим борсаммикин деб турганимда Ўрусхоннинг элчиси келиб қолди. Кенгашиб, элчининг кўнглини овлаб, [сўнг] кетишига рухсат беришни, ўзим эса Дашт томон юзланиб, элчининг кетидан лашкар жўнатишни мўлжалладим, токи элчи хотиржамлик билан бўлган воқеалардан Ўрусхоннинг мажлисида баён қилсин, эртаси куни менинг қўшинларим қўққисдан уларнинг устига бостириб борсин.
Ўйлаганимдек иш тутгандим, тадбирим тақдирга тўғри келди. Ўрусхон элчиси бўлган воқеаларни сўзлаб бераётган пайтда, менинг қўрқмас лашкарим фавжлари ногаҳон келган балодек Ўрусхон устига ёпирилдилар. Ўрусхон қаршилик кўрсата олмай, қочишни ихтиёр қилди. Дашти Қипчоқ мамлакати менга бўйсунди.

ГИЛОН, ЖУРЖОН, МОЗАНДАРОН, ОЗАРБАЙЖОН, ШИРВОН, ФОРС ВА ИРОҚ МАМЛАКАТЛАРИНИ ЗАБТ ЭТИШ БОБИДА ҚИЛГАН КЕНГАШИМ

Ироқ аҳблисининг музаффарийлар ва турли тоифадаги ҳукмдорлар зулмидан шикоят қилиб ёзган аризалари қўлимга тушгач, Ироққа юриш тадоригини кўришга жазм қилдим.
Шу вақт хотирамга бу мамлакатларнинг подшоҳлари иттифоқ бўлиб,, «менга қарши урушга кўтарилсалар-чи? Демак, жангга шай бўлиш лозим!» — деган фикр келди. Амирларим ҳам жанг қилайлик деб маслаҳат бердилар. Ўзим эса буларни бирма-бир ром этган ҳолда бўйсундириш, итоатга келмаганларини эса жазолаш лозим, деган қарорга келдим.
Менинг паноҳимга келган биринчи одам Мозандарон ҳокими Амир Али бўлди. У менга пешкаш жўнатиб, мактубида «Биз ҳазрати Али авлодидан бўлган бир жамоамиз. Шу ерда қаноат қилиб кун кечираётибмиз. Бу ерни олсангиз қуввату кучингиз ортар, «Кечиб юборишингиз тақвога яқинроқ ишдир»,—деган гаплар битилган эди. Мен Мозандарон ҳокимининг бу мурожаатини яхшиликка йўйдим. [У ерни ўзларига қолдирдим] ва Гилон, Журжонга қараб йўл олдим. У ўлканинг ҳокимлари менга бўйсунмагач, қаҳрли қўшиним фавжларини уларнинг устига юбордим, ўзим эса Ироққа лашкар тортдим.
Исфаҳонни забт этдим. Исфаҳон аҳолисига ишонч билдириб, қалъасини ўзларининг қўлига топширдим. Улар бўлса исён кўтариб, мен тайинлаган доруғани аскарларимдан уч минг одам билан бирга тиғдан ўтказдилар. Мен ҳам Исфаҳон аҳолисини қатли ом қилиш ҳақида буйруқ бердим.


ФОРС ПОЙТАХТИ (ШИРОЗ)НИ ВА ИРОҚНИНГ ҚОЛГАН ҚИСМИНИ ЗАБТ ЭТИШ БОБИДАГИ КЕНГАШ

Широзни музаффарийларга қолдириб, Исфаҳонда эса уч минг одамимни тайинлаб, ўзим Тўхтамишхонни дафъ этиш учун Дашти Қипчоққа лашкар тортиб борганимда, Исфаҳон аҳолиси доруғани ўлдирди. Шу вақтнинг ўзида Широз аҳолиси ҳам менга бўйсунмай қўйган эди. Шу сабабли, уларни жазолаш мақсадида яна Ироққа юриш қилишга тайёрлана бошладим. Саксон минг отлиқ аскар тўпладим. Лекин бу катта қўшин билан бир йўла Ироқ ўлкасига кирсам, у ерга сиғмай қолиши мумкинлигини мулоҳаза қилиб, лашкаримни фавжларга бўлиб, уларни Ироқ мамлакатини босқин қилишга бирин-кетин юборишни фикрладим. Шу қарорга келиб, лашқаримни уч фавжга бўлдим ва ўзимдан олдинда боришни тайин қилдим. Ироқнинг ҳар ер-ҳар ерида тўпланган ғаним аскарларининг ҳаммаси тарқалиб кетди. Сўнг Широз устига қўшин тортдим. Шоҳ Мансур Жанг майдонида мен билан тўқнашиб, жазосини топди.

ТЎХТАМИШХОНГА ШИКАСТ ЕТКАЗИШ ҚИЛИНГАН КЕНГАШ

Лашкарларим беш ой давомида Тўхтамишхоннинг ортидан қувиб юргани сабабли кўпинча оч қола бошладилар. Чунончи, бир неча кун бошбалмоқ ўти, ов гўшти, саҳро паррандаларининг тухуми билан кун кечирдилар. Қўшиним бундай оғир аҳволга тушиб қолганини эшитган Тўхтамишхон фурсатдан фойдаланмоқчи бўлди ва чумолию чигирткадан ҳам кўп аскари билан устимизга ёпирилиб келди ва мен билан тўқнашди. Менинг аскарларимнинг очликдан тинкаси қуриганди. Тўхтамишхон аскарлари эса, тўқ ва осуда эдилар. Фарзандларим ва набираларим ҳузуримга келиб, тиз чўкиб, мен учун жон фидо қилишга тайёр эканликларини билдирмагунларича, саркардаларим, ва аскар бошлиқларим жанг қилишга рўйхушлик бермадилар. Шу пайт Тўхтамишхоннинг байроқдори мен билан тил бириктирди — уруш бошлаганимда ва икки томон қўшини юзма-юз келганда, байроқдор байроғини тубан қилиши ҳақида у билан келишиб олдим. Амирларим ва нўёнларим, фарзандларим [ва набираларим] олдимга келиб, тиз чўкканини эшитгач, жасурлиги тутиб, қўрқмай жангга кирдилар. Шунда мен амирзода Абу Бакрни саккиз минг отлиқ билан ҳировул этиб тайинладим. Савашу чопиш қизишиб, жангу жадал ўти кўкка кўтарилганда, [лашкарларга] чодирлар тикиб, таом тайёрлашга киришишни буюрдим. Худди шу пайт Тўхтамишхоннинг байроғи тубан бўлди ва Тўхтамишхон саросимага тушиб қолди. У Жўчи улусини талон-торожга ташлаб, жанг майдонига орқа ўгириб қочди.

ДОРУССАЛОМ (БАҒДОД) НИ ВА ИРОҚИ АРАБНИ ЗАБТ ЭТИШ ТЎҒРИСИДАГИ КЕНГАШИМ

Ироқи ажам ва Форсни забт этганимдан кейин, қутб ул-ақтоб пиримдан менга «Араб ва Ажам Ироқининг буюк қаҳрамонига [тангри таоло] Ироқи араб билан Ироқи ажамни тортиқ қилди», деган мазмунда мактуб келди.
Бағдодни забт этиш учун даставвал султон Аҳмад Жалоирий ҳузурига Бағдод волийси лашкарининг қай аҳволда эканлиги, юриш-туриши, қудрати ҳақида маълумотлар олиб келиш учун элчи юборишга келишилди. Элчи Бағдоддан менга: «Султон Аҳмад икки кўзли бир бўлак гўшт экан», деган мазмунда хат юборди. Мен тангрининг иноятига суяниб, [Бағдод устига] қараб юрдим ва тез фурсатда Бағдодга етиб бордим. Султон Аҳмад жалоир қолишдан қочмоқни афзал кўриб, Карбало томонга қараб қочди. Шу билан доруссалом Бағдод менга бўйсунди.

ТЎХТАМИШХОННИ ЙЎҚОТИШ УЧУН ҚИЛГАН КЕНГАШИМ

[Тўхтамишхон мендан енгилиб] Жўчи улусини талон-торожга ташлаб, ўзи қочган эди. Кейинроқ менинг йўқлигим фурсатидан фойдаланиб, Дарбанд ва Ширвон орқали Озарбайжонга кўп сонли лашкар юбориб, фитнаю фасод кўтарди, Бу вақтда мен ҳар иккала Ироқни ҳам эндигина забт этиб бўлгандим. Тўхтамишхонни йўқотиш учун беҳисоб лашкар билан Дарбанд йўли орқали яна Дашти Қипчоққа юришни маслаҳат кўрдим.
Юриш олдидан кўрик қилиб, лашкарим қаергача бориб етишини билмоқчи бўлдим. Қарасам, тўрт фарсанг масофада лашкарларим саф тортиб турарди. Тангри таолога шукр келтирдим. Сўнг Темур дарёсидан ўтиб, Дашти Қипчоқнинг элу улусига ушбу мазмунда ёрлиқлар йўлладим: «Кимки менга келиб қўшилса улуғлайади, кимки мен билан курашмоқчи бўлса йиқилади».
[Ҳижрий] 797 [милодий 1394—95] йилда Дашти Қипчоққ кирдим ва узоқ шимолида ястаниб ётган ерларигача бордим. Менга қарши бўлган Жўчи эл-улусини хароб қилиб, ўзимга тобеъ этдим. Бешинчи ва олтинчи иқлим вилоятлари, улуслари ва қалъаларини забт этдим ва ғалабаю зафар қучиб ортимга қайтдим.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин