Саналар
28.03.2024
Баннер
Ҳожи Муин. Форсча алифболар тарихи (1926)
PDF Босма E-mail

Туркистонда усули жадид мактаблари учун форсча-тожикча рисолалар ёзиш фақат Самарқандда бошланадир. 1903нчи йидда Самарқандда янги мактаблар очила бошлаши билан баробар унга мувофиқ тожикча китобларга эҳтиёж сезилди. Бу вақтда мундай китоблар йўқлиғидан Тотористонда босилғон баъзи бир форсча рисолаларни олдириб қўлланишға мажбурият кўрилди. Булар эса: «Бадъ ул-маориф», «Сад панди Луқмони ҳаким», «Насиҳат ул-ҳукамо» ва «Таржимали гўзал насойиҳ» каби нарсалар эди. Зарурлиқ вақтида баъзи мактаблар «Саводхон» (Алифбо), «Аввал ун-назофа» ва «Бадъ ул-амони» каби тоторча китобларни ҳам вактинча дарс жадвалига киргиздилар.

Мана шундай эҳтиёжларни кўзда тутиб, янги мактаблар учун форсча китоблар ёзиб босдирғувчи Васлий ва ундан кейин Беҳбудий бўлди.

Мен мунда ёлғиз форсча алифболарни ёзиб ўтмакчи бўламан.

1. «Баён ул-ҳуруф»

Бу алифбо Васлий томонидан 1904нчи йилда ёзилиб, китобчи Қори Абдурауфнинг харжи билан тошбосмада фақат бир мартаба минг дона босилди. Қирқ бет миқдорида бўлғон бу рисоланинг 18 саҳифаси алифбо, бошқаси ақоид ва амалиёти исломиядан иборатдир. Мунда кўпрак ҳуруф ва сўзларнинг турли ҳаракатлар билан қандай ўқилиши кўрсатилгандир. Бу асар ҳар жиҳатдан жуда ноқис ва ярамас бир ҳолда чиққан бўлса-да, китоб қаҳатлиғи вақтида баъзи мактабларнинг дардига даво бўлғон эди.

2. «Асбоби савод»

Бу алифбо 1905нчи йилда Беҳбудий томонидан тузилиб, 1906нчи йилда ўз масорифи билан тошбосмада икки минг дона босилди. Рисола қирқ бетликдир. «Асбоби савод»нинг бош тарафидаги дарс ва ҳуруф тузилиши Олимжон Борудийнинг «Саводхон» алифбосига ўхшайдур. Бу алифбода бошлаб, ҳуруфи ҳижонинг ҳаммаси ёлғиз ҳолида ва сўнгра бирдан уларнинг турли шакллари кўрсатилгандир.

3. «Раҳнамои савод»

Мунинг ёзғувчиси Ҳожи Муин ва ношири муаллим Абдуқодир Шакурийдир. 1908нчи йилда тошбосмада фақат бир қатла икки минг беш юз дона босилди. Юзи 36 саҳифаликдир.

Бу алифбонинг бошида ҳарфлар тадрижий суратда кўрсатилиб, сўз ва жумлалар ҳам мад усули (чўзғи) билан ёзилғон. Мунда энг аввал форсча ҳарфлар тадрижий йўл билан айри ёзилиб, сўнгра арабча ҳарфлар кўрсатилганлиги учун ўша вақтда усули жадид душманлари: «Жадидлар ўз китобларидан арабча ҳарфларни чиқариб ташлабдурлар», деб халқ орасида иғво тарқатғон эдилар.

4. «Раҳбари мактаб»

«Раҳнамои савод» тартибида чиққан бу алифболарнинг тузғувчи ва босдирғувчиси муаллим Раҳматиллазодадир. Бу алифбо 1913нчи йидда тошбосмада икки минг дона босилғон. Мунинг охирида бирмунча енгил манзумалар ҳам бор. Юзи 36 саҳифадир.

«Раҳбари мактаб» алифбоси ўктабр инқилобиғача тузатилиб, уч қатла босилиб чиққан.

Ўктабр ўзгаришидан кейин бу кунгача чиққан форсча алифболар:

5. «Баҳори дониш»

Бу алифбо Самарқанд вилояти маориф идорасининг сипориши билан мусташриқ Вияткин томонидан ёзилғон. 1918нчи йилда фақат бир мартаба йигирма минг дона босилғон. Юз олтмиш тўрт бетдан иборатдир.

Бу ҳам «Ўртоқ» алифбосидек бузуқ ёзилғонлиғи учун мактабларимиз ундан керагича фойдалана олмадилар.

6. «Соли нахустин»

Мунинг ёзғувчиси Самарқандда Саидризо Ализода бўлиб, ношири Турон маориф комиссарлигидир. Бу алифбо 1920нчи йилда биринчи дафъа беш минг дона босилғон эди. Яна 24-25нчи йилларда икки қатла босилди. Учинчи босилишида анчагина тузатидди. Мунинг охирғи ношири Абдуқаюм Қурбийдир.

7. «Мифтоҳ ут-таълим»

1922нчи йилда тошбосмада бир дафъагина беш минг дона босилғон бу алифбонинг тузгувчиси мирзо Муҳаммад Самадзода (Собит) бўлиб, ношири Туркистон давлат нашриётидир. 57 бетдан иборат бўлғон бу алифбонинг йигирма бети муаллимлар учун қўлланма бўлса-да, ўзи жуда қийин равишда тузилгандир.

8. «Алифбои забони тожик»

1924нчи йилда бу алифбо Нисор Муҳаммад томонидан ёзилиб, Ўрта Осиё давлат нашриётининг харжи билан бир қатла тошбосмада беш минг дона босилған. Бош тарафларида бирмунча расмлари ҳам бор. Юзи 48 бетликдир.

Бу алифбонинг таълими болалар нари турсин, катталарга ҳам қийинлиқ қиладир. Тушуниши қийин арабча сўзлари ва қоидадан ташқари иборатлари ҳам йўқ эмас.

9. «Алифбои тожик»

Бу расмли алифбонинг тузгувчилари Мазҳар Бурҳон билан Садриддин Киром бўлиб, ношири Тожикистон маориф назоратидир. Ўзи 92 бетлик бўлиб, 1925нчи йилда Масковда беш минг дона босилган. Бу алифбонинг бошларидағи дарслар мад усули (ҳаракати ҳарфия билан) ёзилғонида муваффақиятли чиқиши мумкин эди. Фақат шунга диққат қилинмабдир. Йўқса, аввалги бир неча сабоқларида ёлғиз ҳарфлар билан тузилиб кўрсатилган сўзлар жуда муносиб тушкан. Бу алифболардаги расмлардан баъзисининг остида исмлари номувофиқ ва янглиш ёзилғон (Буқаламун, офтаба каби).

10. «Раҳбари бесаводон»

Катта кишилар учун Амриқо усулида ёзилғон бу расмли алифбонинг мураттиблари Раҳматуллазода билан Ҳожи Муин бўлиб, ношири «Саводсизлиқни битирув фавқулодда комиссияси»дир.

Бу алифбо 25нчи йил охирида биринчи қатла йигирма минг дона босидди. Расмлари бир оз қўпол чиққан. Ўзи эскирак ҳуруф билан босилғон.

11. «Дабистони тожик»

Бу алифбо яқинда Саидризо Ализода томонидан ёзилғон бўлса-да, ўзи ҳали босилғон эмас.

Булардан бошқа Лоҳутий томонидан ёзилғон бир алифбо чиққан бўлса ҳам уни кўрмадик.

«Маориф ва ўқитғувчи» журнали, 1926 йил, 7—8-сон

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин