Абдулҳамид Чўлпон. "Яна уйланаман" (1927)
Босма

(Маскавдаги драм истудиямизнинг бу йилги ишларидан)

— Юсуфжон акам саҳнада!

— Машҳур қизиғимиз Юсуфжон ака Москвага келибдирда бирор саҳнада қизиқлиқ қилибдир. 1923 йилда бўлиб ўткан бутун иттифоқ деҳқончилиқ кўргазмасига аралошқон Юсуфжон акам ўшанда Маскав саҳнасига (тўғриси: майдонига) бир қур чиққон эди. Демак, бу янгилик бўлмайди. Янгилик шундадирким, бу чоққача қизиқ сифатида саҳна ва майдонларга чиқиб келган Юсуфжон ака, бу йил Маскав саҳнасига (саҳнасига!) муҳаррир, ёзғувчи, фожеъанавис сифатида чиқди. Бу кунги суҳбатимиз ана ўша тўғрисида.

Юсуфжон акамнинг ҳар қаерда неча йиллардан бери айтиб келган бир кулги ҳикояси бор. Унда, бир имом домланинг — номоз вақтида ғалати ҳийла қилиб маҳалладан икки йиллик ҳаққини ундириб олғонлиғи айтилади. Юсуфжон аканинг сўзлашида бир неча оғиздан ошмағон бу ҳикоя, мазмун ва мавзуи жиҳатидан қизиқ ва бойдир. Бу ҳикоянинг «авжи жойи» ғалати бир «қўрқинч» (трюк)ни кўрсатади. Режани яхши чизиб, уни бир адабий ҳикояга айлантирганда гўзал нарса чиқар эди. Мен шундай қиларман деб ўйлаб юрар эдим.

Шу йилги ўқиш мавсумида Маскав драм истудияси, машҳур Мейерхулд театри актурларидан ўртоқ Свердлинга, бир мустақил асарнинг «тузма» (постановка (Ч.) сини топширмоқчи бўлди. Таржима асарлар етарли бўлмоғонлиғидан асл (оригинал) асар қўймоқчи эдилар. Ўртоқ Свердлин, истудиянинг кўрсатиши бўйинча, менга йўлиқди. Мен унга Юсуфжон акам ҳикоясининг қисқағина мазмунини айтиб бериб эдим, маъқул бўлди ва боши-кетига кўринишлар қўшиб тезлик билан ёзиб беришга буюрди. Ана шу билан «Яна уйланаман!» деган — 3 парда 7 кўринишли асар майдонга чиқди.

Шу йил апрсль ойида ўша асар Маскавда кўпчиликка кўрсатилди. Бутун нттифоқ шўролар қурултойиға келган қийматли вакилларимиз ҳам керакли бўлакларини кўрдилар. Келгуси қиш мансумида асар Ўзбекистон пойтахтида кўрсатилса керак.

Асарнинг «катта машқи» (генерал репетитсияси)ни кўрган ўртоқ Февралский (марказий «Правда» газетасининг театршунос муҳаррири) «Правда»нинг 92 нчи сонида унинг тузмаси тўғрисида мана бундай дейди: тузмачи Л. Свердлин, испектаклда Оврупо ва ўзбек театрчилигидаги[1] унсурларни бирга тўплағон. Яъни: бир томондан Шарққа хос қизиқ ҳаракатлар берган, испектаклни рақс, ашула ва чолғилар (танбур, дутор, чилдирма, ноғора, карнай ва бошқалар) билан тўлғизғон: иккинчи томондан Шарқ халқининг ўлтириб гаплаша беришдаги «зерикдириш» таъсирларидан испектаклни қутқарғон. Лекин, гаплаша бериш ва секин қимирлашдан қочилғон вақтда албатта, жуда иҳтиёт билан қочилғон: Шарққа хос у аҳволнинг тасвирлари хали ҳам испектаклда бор. Ўртоқ Свердлин, ўзбек турмуши билан ошналиғи орқасида, турмушнинг энг қизиқ онларидан бир неча парчалар кўрсаткан (мачит олдидағи кўча, бойни ҳадим қилиш, тўй каби), сўнгра ёшларни эски урфлардан йироқлаша борғонини кесатиб ўткан.

Испектакл, режиссурлиқ жиҳатидан қарағонда, эслилик билан, қизиқ қилиниб ва шу билан бирга кўпчиликка онглашиларлиқ равишда қўйилғон. Саҳнанинг ясалиши шартли (условно) ва содда (ҳаммаси бўлиб 130 сўм кетган)».

Ўртоқ Февралский, испектаклга аралашқон актурларга айрим-айрим тўқтамасдан, умумий суратда мана бу бир неча оғиз гапни айтиб ўтади:

«Ёш актурлар жуда қизиқиб ўйнайдирлар; зўр қобилиятлари бўлғон бир неча актурларни кўргандан кейин, Шарқнинг халқ оммалари орасида қандай бой артистлик кучлари бўлғонлиғини кўрасан».

Ўзбекистонда саҳна кўрмасдан туриб, асар ва унинг тизмаси тўғрисида бундан ортиқ гапириб бўлмайди. Бу ерда шунигина айтиб ўтиш лозимдирким, ўзбек театри — ҳали ёш ва бола бўлишиға қарамасдан — турли театр маслаклари билан амалий танишишда кенг йўл билан бормоқдадир. Маскав, драм истудияси, бу ернинг театр оламига ғалвалар солғон бир ғалати оқим — Мейерхулд оқимини — ўз турмушиға олиб кўрсатмак билан, қизиқ бир тажриба ясайди. У оқимнинг биздаги йўқсуллар оммасига қандай таъсир қилиш, ёқиб-ёқмаслиғи, шу йил қишда англашиладирғон «сирлар»дан. Қўклам келди, ёз навбатда. Истудия ўктабрнинг ўн йиллиқ тўйида чинакам саҳна кўрадурғон бу асарининг «мирзоси» (муҳаррири демайман!) Юсуфжон акага, тузмачи Свердлинга, режиссур-кўмакчи Лутфулла, чолғи раҳбари Мирўнуф, суратчи Ефиминко ўртоқларға ўзининг миннатдорчилиғини билдиради.



[1] Бундаги «театрчилик» ҳаракатларнинг турмуш қонунларига эмас, театр қонунларига мувофиқ келиши маъносидадир.

Яна уйланаман — «Ер юзи» журнали, 1927 йил 23-сон.

Юсуфжон ака — Юсуфжон қизиқ Шакаржонов (1869 — 1959), машҳур қизиқчи, ўзбек халқининг ардоқли санъаткори, Ўзбекистон ССР халқ артисти.

Свердлин Лев Наумович (1901—1969) — рус актёри, СССР халқ артисти. В. Мейерхольд шогирди. 1924—1931 йилларда Москвадаги ўзбек давлат драмстудиясида театр санъати сирларидан сабоқ берган.