Маҳмудхўжа Беҳбудий. Танқид – сараламоқдур (1914)
Босма

ТАНҚИД – САРАЛАМОҚДУР

Мажалла ва жаридаларнинг катта бир хосияти танқид, яъни сараламоқдур. Саррофлар ақчани, тужжорлар матоъни саралаганидек, муҳаррирлар ҳам умумий ҳол ва маишатға тааллуқ нимарсаларни саралайдурки, бошқа сўз ила «танқид» аталур. Масалан, янги мактаб ва муаллимлари ва анда ўқулатургон китобларни маънан тафтиш этиб, андаги нуқсонларни баён этмоқ танқиддур. Таарруз ва душманлик эмас. Агарда шахсиятға тўқунмаса. Аммо бир муаллим ё мударрис ва муҳаррирни ишидан, шахсиятидан халойиқға зарар келса, андан ҳам баҳс ва танқид ёзмоқ шахсий бўлмайдур.

Танқид янги ёзилган китоб, жарида ва мажаллаларға-да жорий ва нофеъдур. Масалан, бир муҳаррир ва ё муаллимни саҳвини ва ўз хизматиға бепарволигини ва лозим қоида ва тартибларға амал қилмай, оммаға зарар келтургонини танқид этмоқ боиси ислоҳ бўлур. Бизни Туркистонда янги мактаблар хейле бордур. Янги рисола хейле босилиб турубдур. Жаридаларға мақола ва шиорлар ўқулуб турубдур, Аммо ҳануз танқид давриға етушганимиз йўқ. Иттифоқо, танқид шаклинда бир нимарса ёзилса, бизларға қаттиғ тегар. Ёзганларимизни бузуқлиги ва фикримизни хатолиги, ишимизни ноқислигини бирор киши кўрсатса, аччиғимиз келур. Ва ул одамни душман кўруб, шахсидан нафрат ва фикриға норозилик баён этармизки, бул бизни янгидан ишға бошлаганимиздан, бошқа тил ила ноқислигимиздандур.

Биз эскиларни айблаймизки, аларға ислоҳдан сўзласак, чидай олмайдурлар. Аммо ўзимизнинг мақтаб, рисола, таҳрир ва маслакимизни бир киши танқид этдими, чидай олмаймиз, диққат ила мунаққид сўзини тингламаймиз, Мунаққид бизни тўғримизға минг сўз ила баёни муддао этар экан, биз они ичиндан ўн сўзини номаъқул топиб, юзиға урармиз. Ва ёинки важҳсиз онинг сўзини радду ўзиға эътироз этармиз. Агарда ул десаки, ман сизға бир минг калима насиҳат ё танқид сўйладим, дуруст, ўн калимаси сизға бежо эканки, қайтиб олдим, 990 калимасиға на дерсиз?

На жавоб берармиз! Танқидни кўтаролмаганимизға тўғриси, ҳануз танқидға лойиқ бўлмаганимизни мисоли. Кафказли сайёҳ Муҳаммад Саййид афанди Туркистон мактаблари тўғрисинда «Оила ва мўътабаран иқбол» жаридасиға танқид ёзиб эдики, анинг жавоби ялғуз қуруқ бир эътироз (прўтест) бўлди. Аммо онинг ёзғаниға жавоб тушмас. Иккинчи, «Адаб ва тарбият» унвони ила яна сайёҳ мазкур «Ойна»нинг 27—28—29—30 рақамларинда мактаб тўғрисинда воқеъи далиллари ила баъзи нимарсалар ёздики, мўътабар «Садойи Туркистон» рафиқимиз 11-ададинда Муҳаммад Саййид афанди мақолаларини хилофи адаб ва тарбия деб они ёзилғониға соҳиби мақола ва идораға изҳори норизолик айтиб, мазкур мақолаларни «аҳамиятсиз» дер. Ҳамда «муаллимларнинг хотирин қолдирув» бўлармиш. «Ойна» камоли эҳтиром ила «Садойи Туркистон» рафиқимизға арз этарки, мазкур мақолалар бошдан охирғача аҳамиятсизми? Агарда аҳамиятлиги бўлса, илтифотға олмаганлариға таассуф этармиз. Ва мақола ичидан икки-уч хати мизожға номувофиқ тушган учун афуларини тилаймиз. Такроран, айтармиз: биз ҳануз танқидға лаёқат пайдо этганимиз йўқ. Яна қадима касалларимиздан - «норизо», «хотири қолмасуну...» иллатлари ҳануз кетган йўқ.

Муҳаммад Саййид афанди таъбиринча, мундай кетаберса, «қиёматдан минг йил сўнгра-да, Туркистонға тараққий йўқ». Агарда, «хотир қолмасун» қоидаси маслак тутулса, матбуотдан қалам тортмоқ керак. Чунки ҳақиқий матбуот ҳеч кимни хотириға қарамас. «Хотир қолмасун» касали биз мусулмонларни барбод этди.

Умумий ҳоллардан баҳс қилиндими? Мутлақ ҳар бир масалаға бир неча кишини хотири қолур. Ислоҳи мадорис ва дорулқазо десангиз, уламони хотири қолур. Ислоҳи расм базм десангиз, авомни хотири қолур. Ислоҳи савомеъ десангиз сўфи, шайху эшонларни хотири қолур. Ислоҳи фойдахўрлик ва тижорат десангиз, бойларни хотири қолур. Энди ислоҳи макотиби жадида дейилганда, муаллимларни хотири қолса, бас муҳаррирлар учун сукутдан бошқа иш қолмайдур.

Шуни-да айтмоқки, Муҳаммад Саййид афандидан ёинки идорадан биргина «баъзи» калимаси маат-таассуф қолибдурки, бу баъзи важҳдан баъзи муаллим афандилардан идора афу истар.

Боқи: Муҳтарам «Садойи Туркистон»ға салом.

«Ойна» журнали, 1914 йил, 32-сон, 621623-бетлар.