Аза ва мотам масъаласи
Босма

Биз мусулмонларда ўлганда аза қилмоқ надур?!
Жидду жаҳд ила дейингизлар, можаро қилмоқ надур?!

Аввалги мисрадан жавоб махфий қолмасинки, бу ерда азо лафзидан истилоҳий маъноси муроддир. Чунончи, замона аҳли билади: Аҳли ислом ва аҳли иймондан бир киши ўлса, унинг ҳурматдошлиги учун уч кунгача аза тутмоқ, башарти жоҳилият расму русумларини тутмасдан аза тутмоқ эркакларга жоиздир. Шу сабабданки, унинг жойи Ислом намозгоҳидан бўшади, баракат ва хайрлари тугади, анвойи ибодатлари вужуд оламидан кўтарилди, номаи аъмоли ёпилди. Унинг реҳлати сабабли мусулмонлар ададига нуқсон етди. Шу сабабдан маҳзун ва ғамнок бўлишликка рухсат бор, албатта. Чунончи, “Канз ул-ибод”да шундоқ дейилган. Бу хилдаги хафагарчилик мақталгандир. Зеро, бу ҳақдаги асарлар ва хабарлар шунга далолат қилгусидир.
Агар шу тариқада масжидда ёки бир жойда ўтирсалар рухсатлар бор. Чунки, Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом Жаъфар ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Равоҳа, Зайд ибн Ҳориса каби саҳобаларнинг шаҳид бўлгани хабари етганда, масжидга бориб қайғуга чўмиб ўтирдилар. Халқ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга таъзия билдириш учун келар эдилар. Бу ҳақда “Шарҳи Сафар ас-саодат”да Муҳаддис Абдулҳаққ Деҳлавий тўхталганлар.
Аммо, эшик олдида ўтирмоқ, кўчаларда саф боғлаб турмоқ жоҳилият русумларидан бўлиб, манҳий ъанҳудир, ундан қайтарилгандир. “Ажойиб ул-муҳиммот”да бу хилдаги ишларни ақбаҳи қабойиҳ, қабиҳликларнинг энг қабиҳи тарзида зикр қилинган. Хуллас, маййит азаси учун мункар ишларни қилмасдан, бидъатларга йўл қўймасдан ўтирмоқ мамнуъ эмасдир.
Аммо, афсуски, расму русум балосига ҳамма мубталодир, ёйилган бидъатларга гирифтор.
Билмоқ керакки, мусибат етган кишиларга таъзия билдирмоқ, тасаллий бермоқ Ислом ҳуқуқлари жумласидандир, бу суннат эрур. “Ширъат ул-ислом” да келтирилган ҳадиси шарифда:
من عزّى مصابا فله مثل أجره
“Кимки мусибат етган дамга таъзия билдирса, унинг савоби каби савобга нойил бўлур”.
“Канз ул-ибод”да эса мана бу ҳадис зикр этилган:
حقّ المسلم على المسلم ان يعزّيه اذا أصابته مصيبة
“Мусулмоннинг бошқа мусулмон тепасидаги ҳаққи унга бир мусибат етган вақтда унга таъзия билдирмоқдир”.
Таъзиянинг маъноси эса мусибатзада кишига тасаллий бермоқ, уни сабрга чорламоқдир. Унга яхши панд-насиҳатлар қилиб, бу хусусда собит бўлган улуғ ажру савоблар ваъдасини билдирмоқдир. Чунончи, ояти карима:
انّما يوفى الصابرون أجرهم بغير حساب
“Шак йўқки, сабрлиларга ажру савоблари ҳисобсиз тўла ва мукаммал берилур”.
Бунга ўхшаш оят ва ҳадиси шарифларда баён қилинган ҳикматлардан айтиб, уни сабрлироқ бўлишга даъват этгай. Энг яхшиси, Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Муоз ибн Жабал разийаллоҳу анҳунинг ўғли вафот этганда юборган таъзияномаларидир. Унинг умумий мазмуни бундай:
بسم الله الرحمن الرحيم. من محمّد رسول الله الى معاذ ابن جبل، سلام عليك. اما بعد: فانّ اموالنا واولادنا وأهالينا من مواهب الله تعالى الهنيئة ومن العوارية المستودعة. نتمتع بها الى أيام معدودة ثمّ يقبضها الى اجل معلوم وقد كان ابنك من مواهب الله الهنيئة وعواريه المستودعة قد متعك به فى سرور وغبطة ثم قبضه الى اجر وحسنة فلا تجزع فيحبط جزعك اجرك فانه لو كشف عن ثواب مصيبتك لصغرت عليك مصيبتك فتنجز موعود الله بالصبر. والسلام
“Меҳрбон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман. Аллоҳнинг элчиси Муҳаммаддан Муоз ибн Жабалга. Саломун алайка!
Аммо баъд: Албатта бизнинг молларимиз, болаларимиз, аҳлларимиз Аллоҳ таолонинг қутловли ҳадияларидан ва омонат қўйилган нарсаларидандир. Улардан биз маълум кунларгача фойдаланиб турамиз. Сўнг эса маълум муддатда уларни қайтиб олади. Ўғлинг ҳам Аллоҳнинг бахтиёр ҳадияларидан ва омонат қўйган нарсаларидан эди. Сен ундан шодлик ва ҳусни ҳол ила баҳраманд бўлдинг. Сўнг уни ажру ҳасаналар билан олиб қўйилди. Бас, шундай экан, сабрсизлик қилма! Сенинг сабрсизлигинг, бетоқатлигинг савобингни кетказиб қўяди. Агар сен мусибатинг савобини билганда эдинг, сенинг мусибатинг кичиклигини кўрар эдинг. Аллоҳнинг ваъдаларини сабр билан тугатар эдинг, қарши олар эдинг. Вассалом!”.   
“Иҳё ал-улум ад-дин”да Ҳужжат ул-ислом ҳазратлари шундай ривоят қиладиларки, Ҳазрати Аббос разийаллоҳу анҳу вафот қилганларида, бир аъробий унинг ўғиллари, яъни Абдуллоҳнинг ёнига таъзия учун келди ва бу қитъани ўқиди:
اصبر نكنّ بك صابرين فانما
صبر الرعية بعد صبر الرأس
خير من العباس أجرك بعده
والله خير منك للعباس
Бу байтнинг маъноси шуки, сен эй Абдуллоҳ, сабр қилгил. Токи бизлар ҳам сендан ибрат олиб, собир бўлайлик. Бас, шак йўқки, раиянинг сабр қилмоғи катта ва бош бўлгувчи кишининг сабр қилмоғи сўнгидан бўлур. Сенга Аббосдан кўра яхшироқдур, унинг, яъни мусибатнинг кетидан келадиган ажру савоблар. Аллоҳ таоло эса сендан кўра Аббосга яхшироқ ва меҳрбонроқдир.
Шундан сўнг Ҳазрати Ибн Аббос разийаллоҳу анҳу деган эдилар: “Ҳеч ким менга мана бу аъробийдан кўра яхшироқ таъзия билдирмади”.
Савол байтларининг матлаъсининг иккинчи мисраси: “Жидду жаҳд ила дейингизлар, можаро қилмоқ надур?!” бўлиб, унинг жавоби ушбудир:
“Убудият иқтизоси истибор эрур”, яъни, бандалик мақомига муносиб амал ғоят сабру қарор қилмоқдир. Шундайки, ботинда ҳеч бир кариҳлик, изтироб пайдо бўлмасин, зоҳирда эса бетоқатлик асари сезилмасин. Камоли ризодан банданинг пешонаси тиришгани ҳеч бир ҳолатда билинмасин. Чунки, шикоят, қўрқинч, бесабрлик бандалик иддиъосига зиддир.
Фақиҳ Абул Лайс раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг “Танбиҳ ул-ғофилин” асарларида Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Аллоҳ таоло энг аввал лавҳ ул-маҳфузида ёзган нарса бундай бўлган:
انى انا الله لا اله الا انا ومحمد رسولى. من استسلم لقضائى وصبر على بلائى وشكر لنعمائى كتبته صِدّيقا وبعثته يوم القيامة مع الصديقين ومن لم يستسلم لقضائى ولم يصبر على بلائى ولم يشكر لنعمائى فليتخذ الها سوائى
“Шак йўқки, албатта мен илоҳман! Мендан ўзга илоҳ йўқ! Муҳаммад эса менинг расулимдир! Кимки менинг қазойимга таслим бўлса, балойимга сабр қилса, неъматларимга шукр қилса, уни сиддиқ деб ёзаман ва қиёмат кунида сиддиқлар билан бирга тирилтираман. Кимки қазойимга таслим бўлмаса, балойимга сабр қилмаса, неъматларимга шукр келтирмаса, мендан бошқа илоҳни тутсин”.
Бошқа ривоятда: “Мендан бошқа Раббни қидирсин ва менинг осмоним остидан чиқиб кетсин”, деб келтирилган.
Истисломнинг маъноси таслим бўлмоқ, Аллоҳ таолонинг қазосига ва ҳукмига бўйин сунмоқдир. Шикоят ва бесабрлик натижаси ажрнинг кетиши, савобдан маҳрум қолишдир.
Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий айтадилар: “Мусибат ўзи биргинадир. Ҳар қачон банда шикоят ва бесабрликка мубтало бўлса, мусибати икки ҳисса бўлур”. Яъни, мусибатга бериладиган ажру савоб ҳам қўлдан кетади. Бундай маҳрумликнинг ўзи катта мусибатдир.
“Тариқаи Муҳаммадия”да Имом Табаронийдан ривоят келтирилган. Ибн Аббос разийаллоҳу анҳумо айтадилар: “Бир кимсанинг моли ёки ўзига мусибат етса, бас, ўша кимса уни ўзгалардан яширса, ҳеч кимга шикоят қилмаса, шу кишининг Аллоҳ таолога ҳаққи бордурки, уни мағфират айласин”.
Яна “Мишкот ул-масобиҳ”да “Маййитга йиғлаш бобида” Анас разийаллоҳу анҳудан ривоят келтирилган: Ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кетаётса, бир хотин қабр олдида йиғлаб ўтирган экан. Унга: “Аллоҳ таолодан қўрқгил ва сабр қилгил!” дедилар. У хотин Ҳазратни танимасдан: “Мендан йироқ бўл. Менга етган мусибатни сен қаердан билар эдинг” деди. Унга бу насиҳат қилган зотнинг кимлигини айтдилар. У хотин пушаймон бўлиб, саодат эшиги, каромат остонасига бош уриб келди, узр баён қилди. Унга энди узр айтишдан нима фойда, асл ҳақиқат будир:
انما الصبر عند الصدمة الأولى
Яъни, сабрнинг энг мўътабар ва мақбули, унга ажру савоб бериладигани мусибатнинг аввал келишида, биринчи зарбада, зўрлиги вақтида бўлганидир. Ишнинг охирида чор-ночор сабр қилишнинг нола тўфони, оҳнинг шуъласи пасайган пайтда бўлишининг фойдаси йўқ.
Яна ўша китобда Абу Усома разийаллоҳу анҳумодан ривоят келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам деганлар: Аллоҳ таоло айтур: “Эй Одам фарзанди, агар сабр қилсанг, мусибат аввалида ўзингни савоб умидида ғайри машруъ амаллардан ва номақбул сўзлардан сақласанг, сен учун жаннатдан бошқа савобга рози эмасман!”.
Бас, шундай экан, бандалик мақомида сабру таслим ва ризодан ўзга чора йўқдир. Бунга иймон ва иҳтисоб (ихлос) вожибдир. Токи: “Албатта Аллоҳ сабрлилар билан биргадир” ояти каримасининг ҳукми билан биргалик мартабасига мушарраф бўлгай. Мусибат етган кишига: “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун” деб истиржоъ айтмоқлик суннатдир. Яна “Ло ҳавла ва ло қуввату илло биллоҳил ъалиййил ъазим” калимасини кўп айтгай. Шунда у ажру савобга нойил бўлгай, Аллоҳ таоло унга мусибат ишини осон қилиб, сабру сабот бергай. “Ширъа” ва унинг шарҳларида шу тариқа келган.
Аммо, фақат кўздан ёш оқмоқлик, маҳзун бўлиш раҳмат ва шафқат аломати бўлиб, мамнуъ ва мазмум эмас. Яъни, қайтарилган ва ёмонланган эмас. Бу бобда ҳадиси шарифлар кўпдир. Ҳадис имомлари уларнинг саҳиҳлигига иттифоқ ҳам қилганлар. Шу жумладан, Анас разийаллоҳу анҳунинг ривояти ҳам бор. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дилбанд фарзандлари Саййид Иброҳим вафот қилган вақтда ул Ҳазратнинг муборак кўзларидан ёш оқди. Саҳобийлардан Абдурраҳмон ибн Авф буни кўриб: “Ё Расулуллоҳ, сиз ҳам мусибатдан йиғлайсизми!?” деди. Шунда унга дедилар: “Бу раҳмат асаридир”, дедилар-да, марҳамат қилдилар:
انّ العين تدمع والقلب يحزن ولا نقول الا ما يرضى ربّنا وانا بفراقك، يا ابراهيم، لمحزونون!
“Албатта кўз ёшланади, қалб эса маҳзун бўлади. Фақат Парвардигоримиз рози бўладиган сўзларнигина айтамиз. Биз, эй Иброҳим, сенинг фироқингга маҳзунмиз!”.
Шунингдек, Усома ибн Зайд ва Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳумлардан қилинган ривоятлар ҳам шу маънодадир. Ҳадис ва фиқҳ уламолари уларни ҳам кўп марта зикр қилганлар. Бу ерда мана шунчаси кифоя қилади.

Соч ёзиб, ўздин кетиб, кўкка етуруб навҳалар,
Садр айлаб, “ҳой-ҳуй” бирла наво қилмоқ надур?

Сочни ёзиб юбормоқ, уни юзга тушириб қўймоқ, сочларни юлмоқ, юзларни тирнамоқ, кўкракка, тиззага шаппатиламоқ, ёқани йиртмоқ, юзни қора қилмоқ – бунга ўхшаш бўлмағур амаллар, қабиҳ одатларнинг барчаси залолатга кетган умматлар, жоҳилларнинг расму русумлари бўлиб, шаръи шариф ва дини латиф ҳукмига кўра ҳаром ва оғир гуноҳдир. Бундай қилиқларни фақатгина ҳақиқий нодонлар, ҳаққоний жоҳилларгина қиладилар. “Мишкот ул-масобиҳ”да Абдуллоҳ ибн Масъуддан бир ривоят келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай демишлар:
ليس منا من ضرب الخدود وشقّ الجيوب ودعى بدعوى الجاهلية
“Мусибат етган вақтда юзга урадиган, ёқаларини йиртадиган, жоҳилият сўзларини айтиб нола қиладиган кимса бизлардан эмасдир!”
Юқоридаги ҳадиснинг саҳиҳлиги иттифоқийдир. Яна Абу Мусо Ашъарий разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расул алайҳиссалом бундай деган эканлар:
انا بريئ ممن حلق وصلق وخرق
Яъни, мусибатда сочини юладиган, навҳа билан овозини баланд кўтарадиган, ёқасини пора-пора қиладиган кимсадан мен безорман!
Баъзилар “солақа”ни юзга урмоқ, деб маъно бермишлар.
“Шарҳи Сафар ас-саодат”да Муҳаддис Абдулҳаққ Деҳлавий ҳам шу тарзда келтирганлар. Имом Суютий “Жомиъ ус-сағир”да Имом ал-Бухорийнинг “Китоб ал-адаб ал-муфрад”ларидан ривоят қилурларки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам деганлар:
شعبتان لا تتركهما أمّتى: النياحة والطعن فى الأنساب
Яъни, жаҳолат ва залолат кунларидаги мункарот дарахти шохларидан икки шох қолгандир. Уларни умматим ҳам тарк қилолмас. Унинг бириси, ўликка йиғламоқ ва зорий қилмоқ бўлса, яна бири, насабларга таъна қилмоқдир.
“Тариқаи Муҳаммадия”да ҳам шу маънодаги ҳадис ривоят қилинган.
Юзни қора қилмоқ шариатда суратни ўзгартирмоқдир. Бу мутлақо жоиз эмас. Муслага (асл яратилишни ўзгартиришга) ўхшаш бўлиб қолади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аксар хутбаларида одамларни мусла қилишдан қайтарган, жоҳилият амаллари дер эдилар.
Аҳар бир ақлли, бошида ҳуши бор одам биладики, бу каби ишлар энг қабиҳ амаллар, шариатни менсимайдиганлар қилиғи, фақатгина мажнун-девоналар қилмишидир. Бунинг натижаси, самараси савоб ва ажрни йўқотиш, қазойи илоҳига норози бўлиш, Худо яратган суратни ўзгартириш, Малик ва Ваҳҳобнинг ғазаби ва қаҳрига мубтало бўлишдир.

“Сизни кўп кўрди Худойим...”, деб хотунлар йиғлашиб,
“Бор ишонған тоғим эрдинг...”, деб бино қилмоқ надур?

Бу сўз, яъни, буни Худо кўп кўрди, деб йиғламоқ залолати маҳза ва жаҳолати ботиладир. Чунки, бундай дейишлик Борий таоло ва тақаддас, ъазза шаънуҳу ва жалла султонуҳунинг ҳазрати покига ҳасад сифатини итлоқ қилмоқ ва жаноби қудсийға бу замимаи раддийани нисбат қилмоқдир. Бунинг ёмонлиги барчага маълум, қабоҳати жумлага равшан бўлса керак. Бунақа беҳуда гапларни гапирмоқдан сақланмоқ барчага вожибдир. Бошқаларни ҳам бундай нарсалардан манъ қилмоқ, айтгувчини тавба ва истиғфорга буюрмоқ лозим. Аллоҳнинг ўзи асрасин!
Фиқҳ китобларининг “Алфози куфр” бобларида аза вақтида юқоридаги сўзларга ўхшаш нарсаларни айтмоқнинг овибати ҳақида батафсил сўз юритилган. “Суянган тоғим эдинг”, “Ишонган боғим эдинг” каби маййитга нисбатан айтиладиган гап-сўзларнинг ҳам асли ботил бўлиб, бузуқ ақидадан дарак беради. Бундай гаплардан гўё айтгувчининг бор-йўқ кулли эътимоди ўша ўлиб кетганга экан.
“Мишкот ул-масобиҳ”да Имом Термизийнинг Абу Мусо Ашъарий разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятлари келтирилади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг бундай деганларини эшитдим, дейдилар: “Қачонки, маййитнинг ўлганидан сўнг изидан қолган одамлари “Вой тоғим...”, “Вой саййидим...” ва бунга ўхшаш сўзларни айтиб йиғлашар экан, Аллоҳ таоло икки фариштани муаккал, вакил қилгай. У икки фаришта ўша ўликнинг кўкрагига таънаю дашномлар билан ургайлар. “Сен шундай эдингми?”, яъни, уларнинг суянган тоғлари эдингми, фалон-фалонлари эдингми?, деб азоб бергайлар.
“Таълиқ алмумажжад шарҳи Муваттои Имом Муҳаммад” асарида Абу Мусо Ашъарий разийаллоҳу анҳудан ҳадис келтирган. Буни Имом Аҳмад ҳам марфуъ ҳадис тарзида ривоят қилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтурлар: “Маййит тирикнинг унга йиғламоғи билан азоб қилинур. Қачонки, навҳагар, йиғлагувчи: “Во ъазудоҳ! Во носироҳ!” деб, яъни, “Вой менинг қувват берувчим! Вой менинг ёрдамчим!” (“Белимнинг қуввати, кўзимнинг нури”), каби сўзлар айтиб йиғласа, ўликни тортиб, тирилтиргайлар ва “Сен унинг қувват берувчисимисан, нусрат берувчиси эдингми?!” дея азоб бергайлар.
Хуллас, юқоридаги каби сўзлардан ўликка бир навъи азоб ва зажрлар бўлар экан. Демак, унга кўп йиғламоқ дўстлик эмас, балки душманлик бўлади.
Яна “Мишкот ул-масобиҳ”да Муғира ибн Шуъба разийаллоҳу анҳудан ривоят келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам демишлар:
من نيح عليه فانه يعذب بما نيح عليه يوم القيامة
“Кимгаки ўлганида йиғланса, бас, у қиёмат кунида ўша йиғланган нарсаси сабабли азобланур”. Бу ҳадиснинг исноди саҳиҳлигига иттифоқ қилинган.

Неча хотун-қиз кўрунг, ташлаб тобутға ўзларин,
“Кош, ман ўлсам!”, деб анга жон фидо қилмоқ надур?

Ушбу тўртинчи байт ҳам юқорида ёзилган сўзлар каби беҳуда ва жоҳилиятнинг энг ботил амалларидандир. Зеро, умр ва ажал муқаддара, яъни ўлчаб берилгандир. То ажали етмагунча ҳеч ким ўлмайди. Муҳлати етгандан сўнг эса бир муддат ҳам, бир сония ҳам кечиктирилмайди. Бунга Аллоҳ таолонинг мана бу ояти қатъий далилдир:
اذا جآء أجلهم لا يستأخرون ساعة ولا يستقدمون
“Қачонки уларнинг ажаллари келса, бир лаҳза ҳам кечиктирмайдилар, илгари ҳам қилмайдилар”.

Чиқса эркаклар ўлукни кўтариб тобутини,
Эргашиб, қочмай хотунлар оҳу во қилмоқ надур?

Ушбу бешинчи байтнинг мазмуни шуки, унда эркаклар ўликни уйдан чиқариб кетаётганларида, қиз ва хотинлар бошларини очиб, эркакларга аралашиб, қарсак чалиб, бақириб йиғлаб, ажнабий ва номаҳрамлардан қочмай оҳ-воҳ қилганлари сўралмоқда.
Бунга жавоб: Бу ишлар ҳаммаси гуноҳ. Шаръи шариф ва дини латиф ҳукмига кўра ҳаром ва саййиот жумласидандир. Хотинлар ўзларини номаҳрамлардан, бегоналардан сатр қилмоғи фарз бўлиб, уни тарк қилиш билан осия, гуноҳкор бўлурлар. Ҳамда шарм-ҳаё сифатларидан айрилиб, узоқлашиб, беҳаё-бешарм бўлгайлар. Бу мункир ишни қилганлари учун эса мустаҳиқи ғазаб ва уқубат бўлурлар. Эркаклар ҳам ниҳоятда эҳтиёт бўлиб, бундай вақтда аёлларни тартибга чақириб, хотинлар билан эркакларнинг аралашиб кетишига йўл қўймасликлари, ўлик эгаси ва зарурий кимсалар ўликни олиб чиққайлар. Ҳамма ўликни кўтариб чиқишга ўлик ётган жойга киравермагайлар.

Яъни, ким ўлса, ани отин етаклаб қабриға,
Укки пардин отни бошиға жиға қилмоқ надур?

Мазкур олтинчи байтда баён бўлган иш, яъни, отнинг бошига жиға тақиб, қабристонга етаклаб олиб бориш ҳам бўлмағур расмлардандир. Жаҳолатнинг юксаклиги, аҳмоқликнинг бениҳоялиги шунга далолат қилади.

Уч кун ўтмасдин хотун-қизлар либосин бошқалар,
Йил-ўн икки ой кийим-бошни қаро қилмоқ надур?

Уч кун ўтар-ўтмас қиз-хотинлар либосларини ўзгартириб, узоқ муддатлар бош-оёқ қора кийиб ёки бошқа бир хил рангдаги кийимлар кийиб юрадилар. Бу нарса Шориъ алайҳиссалом, яъни, Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан қатъий қайтарилган ҳаром ишдир. Фақатгина хотин киши эри ўлгандан сўнг иддаси ўтгунча зийнатларини тарк қилиб, улуғ неъматдан айрилиб қолганига аза тутиб ўтиради, холос. Хушбўйлик ҳам ишлатмайди.
“Муваттои Имом Молик”да ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
لا يحلّ لامرأة تؤمن بالله واليوم الآخر ان تحدّ على ميّت فوق ثلاث ليال الا على زوج
Ҳадисда келган “иҳдод” маъноси зийнатланиш ва хушбўй атирлар сепишни тарк қилишдир. Хотин киши эри ўлганида никоҳ неъматининг завол бўлганлиги учун ўзига зийнат бермасдан, хушбўйликларни истеъмол қилмасдан иддага ўтиришидир.
Мазкур ҳадиси шарифнинг маъноси шуки, Худой таолога иймон келтирган, қиёмат кунига ишонган хотинга уч кундан ортиқ аза тутмоқ ва тарки зийнат қилмоқ ҳалол эмас. Яъни, мўъмина бўлиб туриб ҳам бу ишни қилмоғи ҳаромдир. Фақатгина эри учун унинг ўлганида иддаи мавт ўтгунча тарки зийнат қилиб, хушбўйликларни истеъмол қилмасдан, гулли ва рангин либослар киймасдан ўтириши лозимдир.
Аммо, хотин киши ҳаққида ҳам бунга такаллуф қилиб, тағйири либос билан бош-оёқ қаро киймак шариат китобларида йўқ, бу жоҳилият замонларидан қолган одатдир.
Хотиндан бошқа кишига, хоҳ ота-онаси бўлсин, хоҳ оға-иниси бўлсин, хоҳ фарзандлари-ю амма холалари бўлсин, хоҳ қавму қариндоши бўлсин, уч кундан ортиқ аза тутмоқ, тарки зийнат қилиб ўтирмоқ, хушбўйликлардан, атир-упалардан ўзини тортиб ўтирмоқ шариатга хилофдир. Яна тағйири либос қилиб, қора кийиб ўтириши мутлақо мамнуъдир.
Шунингдек, “ад-Дурар”нинг ҳошияси “ал-Ғурар”да келганки, мункар ишларни, бидъатларни қилмасдан уч кунгача аза тутмоққа ҳадис китобларида рухсат борлиги зоҳир бўлади. Аммо, фақиҳлар, хусусан, мутааххирийн уламолар ҳадиси шарифларни ўрганиб чиқиб, аза тутмагани маъқулроқ, дейдилар. Бироқ, аҳодиси шарифаларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Жъфар ибн Абу Толиб, Зайд ибн Ҳориса, Абдуллоҳ ибн Равоҳалар вафот қилганларида масжидда ўтирганлари, одамлар ул зотга таъзия билдирганлари зикр этилган. Ибн Обидийн раҳимаҳуллоҳ “Радд ул-муҳтор”да Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидда ўтирганларидан мақсад ва муддао таъзия учун эмас эди, дейди ва масжидда таъзия учун ўтирмоқ макруҳдир, деган. Энг яхшиси шуки, дафндан сўнг ҳар ким уйига кетгай. Ўлик эгаси ҳам ўз иши билан машғул бўлгай. Мутааххирийн уламоларнинг далиллари мусибатни яшириш ҳақидаги ҳадисдир. Имом Суютий ҳазратлари “Жомиъ ус-сағир”да ривоят қилади:
من كنوز البرّ كتمان المصائب والأمراض والصدقة
Яъни, банда мусибатларини, касалликларини, қилган садақаларини бошқалардан яшириши ва махфий тутиши яхшилик хазиналари жумласидандир. Булар бир гўзал жавоҳирлар бўлиб, Аллоҳ таолонинг олдига нафис захиралар каби бориб туради. Бу банданинг Аллоҳ таолога нисбатан камоли ихлоси ва ҳусни адабидир. Бу сидқ мақомидаги иш бўлиб, сиддиқлар аломатидир.

Садрму яхши ва ё ҳаққиға Қуръон ўқимоқ?!
Мунча бидъатларга ўзни мубтало қилмоқ надур?

Бу садрдан мурод жоҳилиятдан қолган амаллардан бири бўлиб, навҳагар, йиғлоқи хотинлар айланиб, қичқириб айтимлар айтиб йиғлайдилар. Бу замонамизда ҳам тарқалган одатлардандир. Баъзи эркаклар ҳам чақириб-бақириб, айланиб, ўликнинг таъриф ва тавсифини қилиб, ҳар хил байтлар ўқиб, вовайло қилурлар. Жоҳилият айтимларини айтиб чақирувчи киши ҳақидаги ҳадис ўшалар ҳақидадир. Бу иш ва қилмишлар ниҳоят даражада қораланган, шариат ҳукми билан қаттиқ манъ қилинган.
Навҳа қилувчининг ўзи, унинг атрофида туриб, розичилик билан эшитгувчилар лаънатга сазовор, уқубатга гирифтордирлар. Хабарда бундай келган:
انّ النياحة من عمل الجاهلية ولا تحضروا ولا تسمعوا نائحة فانّ النائحة والمستمع اليها فى لعنة
“Ширъа”да келган ушбу хабарнинг маъноси будир: “Албатта овоз чиқариб, қичқириб йиғлаш жоҳилият одатларидандир. Йиғи мажлисларига ҳозир бўлманглар, уларни эшитманглар ҳам. Бас, шак йўқки, йиғлагувчи хотин ва уни эшитгувчи лаънатдадирлар”.
Имом Муновийнинг “Кунуз ул-ҳақоиқ” асарида келган:
النائحة ملعونة من تخرج من بيتها حتى ترجع
“Йиғлагувчи хотин уйидан чиққанидан то қайтиб келгунича лаънат қилингандир”.
Аммо, Қуръон ўқимоқ, садақа бермоқ ва унинг савобини ўлганга ҳадия қилмоқ шаръий иш ва маъқул, мустаҳсан амалдир. Шариатнинг улуғ олимларидан нақл қилинганки, бу амалларнинг савоб ва самараси ўликка манфаатли ва фойдалидир. Уларнинг муҳтожлик вақтида, ғарибликларида фойда етказиш, эҳсон қилиш, дуои фотиҳа ва садақалар билан ёрдам бериш яхши, мақталган ишдир. Азобнинг енгиллашишига, савобларнинг кўпайишишига сабаб бўлади. “Ўз гуноҳинг учун ҳам, мўъмину мўъминалар гуноҳи учун ҳам истиғфор айтгин!” амрига дохил бўлади. Ўликлар учун садақалар бермоқ ҳақида келган ҳадиси шарифлар ниҳоятда кўп. Шоҳ Рафиъ уд-дин муҳаддис Деҳлавий “Ажойиб ул-муҳиммот”нинг дуо ва садақа фаслида бунинг манфаати кўп эканлиги борасида муфассал баён қилинган.
Аммо, бу ерда икки нозик жиҳат ҳам бор. Қуръон ўқитмоқ учун аввалги уч кун ичида жамият ҳосил қилиб, зиёфатлар, дастурхонлар ташкил қилиш макруҳдир. Ёки қабр бошига дастурхонлар қилиб, қориларни жамъ қилиб Қуръон ўқитсалар ҳам макруҳдир. Агар меросхўрлари ичида сағирлари бўлса, қолдирилган молдан шу тариқа садақа ва хайротлар қилиш асло жоиз эмас. Агар катталар ўз улушларидан садақалар қилса, ҳеч зарари йўқ.

Бас, йигирма, қирқу йил ошиға ер мулкин сотиб,
Бору йўқдин ажраб, ўзни мосиво қилмоқ надур?
Яъни, бир мискин ўлукиға кетар бир қанча пул,
Ўлгани етмазми, ортуқча жафо қилмоқ надур?

Мазкур икки байтдаги ҳолатлар – ярамас одатлар, аччиқ бидъатлар бўлиб, бу муслмон халқи унга мубталодирлар.
Ажабо, фаразан, юз тарки фарз бўлса, юз тарки вожиб бўлса, ҳеч кимнинг ғами йўқдир! Парволарига ҳам келмайди! Аммо, шу номуборак одатдан, шум бидъатдан бирон-бир нарсаси тарк бўлса, қаттиқ уётга қолгандек бўладилар. Ўзларича ору номусга қоладилар. Бу ишлар жоҳилиятдан қолган расм-русумлардир. Фарз қилинган закотларини, фожиб бўлган садақларни ҳеч қачон тўла ва мукаммал адо қилмаслар, аммо, бундай номашруъ ишларни адо қилишдан, исрофларга йўл қўйишдан ўзларини тўхтата олмаслар.
Исрофга йўл қўймаслик ҳақида, меросхўрлар орасида сағирлар бўлса, уларнинг улушига хиёнат қилмаслик тўғрисида гап кетганда, фиқҳ китобларимизда келтирилган бир масъалага диққат қаратиш лозим. Ғассол ўликни, маййитни юваётганда бир лунги билан унинг авратини ёпиш учун, киндиги остидан тизза остига етадиган мато билан ёпиб ювиш зикр этилади. Бироқ, маййитнинг меросхўрлари орасида сағир-етим бор бўлса, аврати ғализасини, қўпол аъзосини ёпиши кифоя қилади, дейилади. Бу ўша сағир молига, улушига эҳтиёткорлик билан қилинган муомаладир.

Навбаҳор ўлса, қизил, оқ гул кўтариб қабрига,
Тўрт тарафга санчибон саҳву хато қилмоқ надур?

Мавлавий Абдулҳайй Лакнавий ўз фатоволарида мазкур байтдаги масъала борасида ҳам сўз юритган. Унда яшил барг, ёки гул ёки буларга ўхшаш нарсаларни қабрга қўймоқ суннатми ёки мустаҳабми, деган савол ўртага ташланган. Унга мусанниф бундай жавоб берган: Фуқаҳолардан баъзилари бу ишларни мустаҳаб деб ёзганлар. Шу далил биланки, Пайғамбар алайҳиссалом икки қабр олдидан ўтдилар. Қабр эгалари азобда эканлиги маълум бўлди. Шунда, ҳўл новдани олиб, иккига бўлиб, уларнинг ҳар қайсисини ҳар бир қабрга санчиб қўйдилар. Шунда Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:
يُخفف عنهما العذاب ما لم يبسا
Яъни, модомики бу иккиси қуримаса, қабр эгаларининг азоблари енгиллаштирилур.
“Канз ул-ибод”да Имом Ғаззолийдан мана бу тарзда фатво келтирилган:
وضع الورد والرياحين على تصوّر حسن لانه ما دام رطبا يسبح ويكون للميت بتسبيحه انس ولهذا كان النبى عليه السلام غرس غصنا فى قبر انسان وقال رفع الله عن صاحبه العذاب ما دام هذا الغصن رطبا وكان النبى عليه السلام مرّ بقبرين فقال عليه السلام فيهما عذاب يسير فأخذ بجريدة اى غصن من نخل وشقها بنصفين وغرز فى كلّ واحد منهما فقال يخفف عنهما العذاب ما لم يجفا
“Гул ва райҳонлар қўйиб қўйиш чиройли тасаввур ҳосил қилади. Чунки, улар модомики, ҳўл бўлиб турар эканлар, тасбиҳ айтурлар. Уларнинг тасбиҳларидан маййит учун хурсандлик ва шодлик бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳиссалом бир инсоннинг қабрига шохча суқиб қўйдилар ва дедилар: “Модомики бу шохча ҳўл турар экан, бу қабр соҳибидан азоб кўтарилади”. Пайғамбар алайҳиссалом икки қабр олдидан ўтдилар ва дедилар: “Бу иккови енгилроқ бўлса-да, азобланиб ётибдилар”. Кейин хурмонинг бир шохчасини олиб, иккига синдирдилар. Ҳар қайсисини икки қабрга суқиб: “Модомики бу икки шохча қуримас экан, улардан азоб енгил қилинур”, деб марҳамат қилдилар.


Коса сув устина бир чўп қўйиб қирқ кунғача,
Келса арвоҳи ўтурсун, деб рижо қилмоқ надур?

“Ажойиб ул-муҳиммот”да ва “Дақоиқ ул-ахбор”да келган ривоятларга қараганда, руҳ жасаддан чиққанидан сўнг бир йилгача ўз уйи атрофига келиб туради. Кимлар унинг ҳаққига дуои фотиҳа қилишини кузатади. Бу маънодаги гап-сўзлар Шоҳ Валийуллоҳ Деҳлавий ҳазратларининг “Ҳужжатуллоҳил болиға” асарида ҳам зикр этилган.
Хуллас, маййит қабрда денгизга ғарқ бўлган каби бўлади. Унга дўстлари, ақраболари ўзларининг дуолари, садақалари билан мадад беришлари, йўқлашлари даркорки, маййит шунга кўз тутади. Маййит номидан нофила намозлар, Қуръон тиловати, умра тавофи, ҳар қандай хайр-эҳсонлар қилинса, жоиздир. Мавлавий Шоҳ Рафиъ уд-диннинг “Ажойиб” асарида келишича, Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳуга васиййат қилиб дебдирлар: “То тирик экансан, менинг номимдан ҳар йилда қурбонлик қилгайсан!”. Бир ўринда ул зоти шариф бирор маййитнинг номидан ҳаж қилинса, ҳисобга ўтишини баён қилганлар.
Аммо, авом ва жоҳилларнинг косани сувга тўлдириб, анга чўп қўйиб қўядилар ва қирқ кунгача арвоҳ келиб шунга қўнади, деган гаплари ботил ва беҳудадир. Арвоҳ сув ичмайди. Агарда сув ичадиган бўлса, чанг босиб турган косадаги эски сувни асло ичмайди, чунки, ариқ ва анҳорларда оқиб турган тоза сувлар кўпдир.
Бу қилиқлар жоҳиллик ва аҳмоқлик аломатидир. Аллоҳ ўзи бизни асрасин!

(Ўратепали Мулла Фархон махдум Жавҳарий)

Ушбу мақола “ал-Ислоҳ” журналининг 3-жилдида 1917-йил, 1-март, 5-сони 775-778-бетларида ва 15-март, 6-сони
803-806-бетларида ҳамда 1-апрель, 7-сон, 824-832-бетларида эълон қилинган.
Биз унинг охиридан (831-бетда) фақат 12 сатрини қисқартириб бердик.  
Ҳамидуллоҳ Беруний