Саналар
22.10.2017
Баннер
Махдуми Аъзам (1463/64-1542)
PDF Босма E-mail

Мовароуннаҳрлик аллома, йирик диний ва сиёсий арбоб, Нақшбандия тариқатининг раҳнамоси ва назариётчиларидан бири Махдуми Аъзамнинг тўлиқ исми — Саййид Аҳмад Хожаги ибн Саййид Жалолиддин Косоний Даҳбедийдир. У Фарғона водийсининг Косон шаҳрида таваллуд топган. Косонийнинг отаси Қорахонийлар (840— 1212) сулоласига мансуб султонлардан Бурҳониддин Қилич (XI аср) авлодларидан бўлиб, онаси эса Косон саййидлари оилаларига мансуб эди.

Махдуми Аъзам илк таълимни Косон мактабларидан бирида олган. Сўнг Ахсикатда, Хожа Муборак мадрасасида ўқишни давом эттиради. Косонийнинг домласи Мулла Зиё ўз шогирдининг аъло даражадаги қобилиятини эътиборга олиб, унга «илм уз-зоҳир» (оддий, умумий илмлар)дан яхши таълим беради ва шу билан бирга «илм ул-ботинни чуқур ўргатади. Чунончи, ёш Аҳмад устозининг раъйига кўра таниқли сўфий шоирлардан Жалолиддин Румийнинг (1207— 1273) «Маснавий маъновий» деб номланган машҳур девонини қайта-қайта ўқиб, ундаги чуқур фалсафий фикрларни «қалб кўзлари» билан кўриб, англаб олишга ҳаракат қилади.

Мадрасани битиргач, Аҳмад Косоний Шайх Мир Саййид Алига шогирд тушади. Мир Саййид Али янги шогирдини билимини синаб кўриш учун қийин-қийин саволлар беради. Аҳмад Косоний саволларга тўлиқ жавоблар қайтаради. Шогирдининг билимидан мамнун бўлган шайх: «Энди мен сенга эмас, балки сен менга устоз бўлдинг», деган экан. Яна бир неча кундан сўнг Шайх Али шогирдига бундай деган экан: «Шош вилояти томон йўл олки, ул вилоятда замонимиз қутби Муҳаммад Қози бордур; Хожагон (Нақшбандия) тариқати корхонасининг бутун ишлари ул жавонмарднинг қўлларидадур». Мухаммад Қози (ваф. 1516) машҳур Хожа Аҳрор (1404—1490) шогирди ва ўз замонида Нақшбандия тариқатининг раҳбари эди. У Хожаги Аҳмадни шогирд қилиб олади ва тез орада ўзига халифа этиб тайинлайди. Манбаларга қараганда, Махдуми Аъзам ўша чоғларда (тах. 1491-92 йиллар) устози билан Ҳиротга сафар қилиб, у ерда таниқли аллома ва шоир Абдураҳмон Жомий билан бир неча бор учрашиб суҳбатлашади.

Олти ойлик сафардан сўнг Мовароуннаҳрга қайтгач, Махдуми Аъзам устози билан Тошкентга келади. 1503 йилда Бухоро шаҳрининг ҳокими Муҳаммад Султон (1500-1504) таклифи билан Бухорога кўчиб боради. Орадан бир оз вақт ўтгач, Махдуми Аъзам Муҳаммад Қози рухсати билан Ахсикатга қайтади ва бу ерда мустақил ваъзхонлик қилиб, Нақшбандия тариқатини тарғиб этишга астойдил киришади.
Муҳаммад Қози вафотидан сўнг, Нақшбандия тариқатининг барча мовароуннаҳрлик шайхлари Махдуми Аъзамни «пешвойи тариқат» (тариқат пешвоси) сифатида эътироф этишди. Тез орада Махдуми Аъзамнинг шуҳрати бутун Мовароуннаҳр ва унинг атрофидаги қўшни мамлакатларга ёйилди.
Айнан ўша кезларда буюк шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Бобур Махдуми Аъзамнинг эътиборини қозониш мақсадида унга Хожа Аҳрорнинг «Рисолайи волидия» асарини туркий тилга ағдариб, Ҳиндистонда битилган ўз рубоийлар девони — «Девони Бобур»га қўшиб юборади. Афтидан «Бобурнома»да бу ҳодиса асарнинг бизгача етиб келмаган (1509-1520 йиллар воқеалари зикри) қисмида тавсиф қилинган. Бироқ Мирзо Бобурнинг мазкур девонида Махдуми Аъзамга бағишланган рубоийлар ҳам учрайди:

Дар ҳавойи нафси худи мо умри зоъи кардаим,
Пеш аҳлуллоҳ аз афъали худ шармандаим.
Як назар ба мухлисони хастайи дил фармон ки, мо
Хожаги (Аҳмад) ро мондаим ва Хожагиро бандаим.

Мазмуни:

Нафсимиз ҳавасларида умримизни нобуд қилдик, Энди аҳлуллоҳ (сўфийлар) олдида қилиқларимиз
учун шарманда бўлдик. Биздай хастаи дил мухлисларингга бир назарингни ташлаки, биз Хожаги (Аҳмад)ни ташлаб кетган бўлсак-да, лек биз унинг бандаларимиз.

Ўз навбатида Махдуми Аъзам Мирзо Бобурга бағишлаб «Бобурия» рисоласини ёзиб Ҳиндистонга жўнатади.

Тахминан 1524-25 йилларда Махдуми Аъзам Кармана ва Миёнқол ҳокими Жонибек султоннинг таклифига биноан Карманага кўчиб келган эди.

Тез орада шайбоний султонларидан Убайдуллоҳхон (1504-1539), Искандархон (ваф. 1583), Балх ҳокими Кистин Қаро султон ва бошқалар Махдуми Аъзамни ўзларининг руҳий пири деб биладилар.

Махдуми Аъзамнинг илмий мероси бой бўлиб, у тасаввуф назарияси ва амалиёти, хусусан, нақшбандия таълимотини янада ривожлантириш соҳасида баракали фаолият кўрсатди. Унинг қаламига мансуб 30 дан ортиқ рисола маълум бўлиб, «Асрор ун-никоҳ» («Никоҳ сирлари»), «Ганжнома», «Рисолат ун-самъиййатун» («Самоъ рисо-ласи»), «Баёни зикр» («Зикр баёни»), «Рисола-и силсила-и Хўжагон» («Хўжагон силсиласи»), «Шарҳи ғазали Убайдий» («Убайдий ғазалига шарҳ»), «Меърож ул-ошиқин» («Ошиқлар меърожи»), «Рисола-и Нақшбандиййа», «Рисолат ун-вужудиййатун» кабилар шулар жумласидандир. У ўз асарларининг кўп қисмида уламолар, сўфий шайхлар ва давлат арбоблари орасидаги муносабатлар хусусида тўхтаб ўтган ва тариқатнинг сиёсий фаолиятига тўла асос бор эканлигини исботлаган. Хожаги ачиниб ёзганидек, у яшаётган замонда вилоят ҳокимлари шахсий манфаатларини биринчи ўринга қўйиб, ҳокимият талашиш билан банд эдилар, тинимсиз ҳарбий ҳаракатлар эса халқ аҳволини янада оғирлаштирарди. Шундай мураккаб сиёсий ва иқтисодий вазиятда Махдуми Аъзам ўз обрўйидан фойдаланиб фитнабозликка майли бўлган вилоят ҳокимларини «Улуғ Хожа Аҳрор каби иноқлик дастурхони атрофига йиғиб, бир-бирларига сулҳ қўлларини узатишга ундади».

Пайғамбаримиз: «Амирларнинг яхшиси олимларни, олимларнинг ёмони эса амирларни зиёрат қилади» ҳадисига Хожаги Косоний қуйидагича шарҳ беради. «Агар амирни зиёрат қилувчи уламо доно танбеҳлар воситаси билан давлатда адолатлик, эзгулик, фуқаролар орасида осойишталик ва барқарорлик ўрнатишни мақсад қилиб олса, бундай олим аслида мазкур (зиёрат этилган), амир эса зоъир (зиёрат этувчи) деб ҳисобланади» («Зубдат ус-соликин ва танбеҳ ус-салотин» рисоласидан).

Махдуми Аъзамнинг тасаввуф таълимотига оид фикрлари Нақшбандия назариясига асосланган. Алломанинг фикрича, Нақшбандия тариқати уч зарурий қоидага бўлинган:
1) Иҳвон (биродарлик). Яъни, тариқат аъзолари хатти-ҳаракатларида ҳамдард, ҳамнафас ва ҳам-фикр бўлишлари лозим;
2) Макон (ўрин, мавқе). Ҳар бир толиб муршидининг насиҳатларига амал қилиб, баркамолликка интилмоғи лозим ва шу жараёнда тариқат аъзолари орасида ўзига муносиб мавқе соҳиби бўлиб, ўз мартабасига лойиқ иш қилмоғи керак;
3) Замон. Агар маълум бир замоннинг халқлари ва қавмлари орасида зиддият ва ихтилофлар пайдо бўлса, булар тариқат биродарларини қарама-қаршиликларга келтирмаслиги лозимдир. Аммо Махдуми Аъзам фикрича, ушбу қоидалар қаторига яна бир муҳимини қўшмоқ даркор — Хон. Яъни, тариқат фаолиятининг самаралари халққа етиб бориши учун, сўфий тоифаларининг муршидлари амирлару султонларга яқинроқ бўлмоғи керак. Асосий мақсад бу ерда шуки, давлатда осойишталик, барқарорлик, фуқароларни ҳалол меҳнат билан тирикчилик қилишларига барча қулай шароитлар мавжуд бўлса, ундай ҳолда сўфий шайхлар давлат арбобларини қўллаб-қувватлайдилар.

Махдуми Аъзам асарларининг энг тўла мажмуаси ЎзР ФА Шарқшунослик института хазинасида сақланмоқда. Аллома фикрлари ва дунёқарашларига асосан Ғаззолий (1058—1111), Ибн Араби (1165-1240), Хожа Муҳаммад Порсо (1348—1420) ва бошқа таниқли файласуф сўфий олимларнинг асарлари таъсир қилган. Махдуми Аъзам Нақшбандия таълимоти ва умуман тасаввуф фалсафасини ўз замонига мослаштирган ҳолда янги ғоялар билан бойитди.

«Мирот ус-сафо» («Софлик ойнаси»), «Асрор ун-никоҳ» рисола-сида Ибн Арабининг «Дунё азалий (илоҳий) мавжудотнинг ойнавий акси» мавзуидаги назариясига қуйидагича шарҳ берилган: Мутлақ ва азалий мавжудотни дарвеш юрагининг кўзгусида инъикос этиши мумкин. Махдуми Аъзам эса: «Ҳар бир инсон юрагида бундай кўзгу мавжуд, аммо уни ғофиллик занги босган. Зангни йўқотиш учун инсон тариқатга киришиб, руҳий камолотга интилиши лозимдир»,— дейди.

Яна бошқа қатор рисолаларида («Одоб ус-соликин», «Одоб ус-сиддиқин») буюк аллома Нақшбандия таълимотида мурид — мур-шид муносабатлари борасида ҳам ўзига хос фикрларни илгари сурган. Унинг фикрича, шу тариқат одобу қоидаларида мурид ва шайх мунособатлари ўзаро ҳурмат-иззат асосида қурилмоғи лозим. Шу билан бир қаторда мурид (солик) Аллоҳга восил бўлиш йўлидаги тўсиқларни осонроқ енгмоқ учун ўз пирига тўла бўйсуниши керак.
Махдуми Аъзам фикрича, тариқат аъзолари халққа яқин бўлиб, унинг дардлари ва эҳтиёжларига қайғудош бўлса ҳам тариқатга, ҳам ҳалққа фойдалидир. Шу борада Махдуми Аъзам қуйидагича тушунтириш берган: «Толиб (ҳақиқат изловчи) учун унинг Аллоҳ йўлида қилган ибодатлари фақат халқ билан бўлган алоқа ва суҳбатларида самарали бўлиши мумкинким, агар ул номард бўлса, мард бўлур, мард бўлса, ширмард бўлур ва агар ширмард бўлса, фардмард (тенги йўқ мард) бўлғай» («Зубдат ус-соликин»).

Махдуми Аъзам Нақшбандия назариясига яна бошқа ислоҳотлар киритди. Жумладан, Нақшбандия шайхларидан биринчилар қаторида жаҳр зикри, самоа ва шунга ўхшаш тасаввуф маросим тартиблари шариатга хилоф эмаслигини исботлади ва ҳатто уларни маълум бир даражага етган шогирдлари орасида тадбиқ этди. Бундай ислоҳотларнинг ягона мақсади — «Нақшбандия тариқатини турк (ўзбек) ва тожиклар учун бир хил қилиб, яқинлаштиришдир». Алломанинг гапига қараганда, Хожагон тариқати «ўзида кўз кўрмаган ва қулоқ эшитмаган тариқатларни мужассамлаган ва шу сабабдан уни тариқатлар сараси ва тузи, ёхуд «силсилат уз-заҳаб» (олтин занжир) деб аташ мумкин.

Махдуми Аъзамнинг таржимаи ҳоли ва фаолияти яқин шогирдлари томонидан бир неча асарларда ёритилган. Улардан: Муҳаммад Шаҳри Сафойи ал-Котибнинг «Анис ат-толибин» («Ҳақиқат изловчиларнинг яқин дўсти»), Дўст Муҳаммад Фолизкорнинг «Танбият уз-заллин вал-музиллин» («Йўлдан адашган ва адаштирувчиларга танбеҳлар»), Дўст Муҳаммад ибн Наврўз Аҳмад ал-Кеши ал-Косо-нийнинг «Силсилат ус-содиқин ва анис ул-ошиқин» («Садоқатли-лар силсиласи ва ошиқлар дўсти») каби асарларда энг тўлиқ ва ишончли маълумотларни учратишимиз мумкин. Шу манбалар асосида тузилган Махдуми Аъзамнинг тўлдирилган таржимаи ҳоли ҳам маълумдир. 1617 йилда Абул-Бақо ибн Баҳоуддин ибн Махдуми Аъзам томонидан тузилган «Жомеъ ул-мақомат» деб номланган асар шулар жумласидандир.

Махдуми Аъзам ёзган рисолаларга махсус битилган шарҳлар кам бўлса-да, аммо бу асарларнинг тариқатнинг сўнгги ХVI-ХХ аср бошларида битилган назарий адабиётларга катта таъсири бўлган.

Нашқбандия тариқатининг таниқли назариётчиси Бадриддин Кашмирий (ваф. тах. 1620) ўзининг қатор асарлари («Раузат ар-Ризвон», «Раузат ул-жамол»)да Махдуми Аъзам рисолаларидан фойдаланган. Унинг асрдоши Нақшбандия ва Яссавия тариқатларининг буюк намояндаси, назариётчиси ва тарғиботчиси Султон Аҳмад Хазиний ал-Ҳисорий асарларида ҳам Махдуми Аъзам баён этган фикрларга кенг шарҳлар битилган. Маълумки, Хазиний 1567—68 йилларда ҳажга сафар қилиб, сўнг умрининг охиригача Усмонийлар салтанатига қарашли улкан шаҳар ва вилоятларда (Сурия, Қоҳира, Истанбул) яшаб, ўша ерларда Махдуми Аъзам ғояларини тарғиб этди.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин