Саналар
28.03.2024
Баннер
Хўжаев Файзулла
PDF Босма E-mail

(1896-йил 1-июл, Бухоро – 1938-йил 15-март, Москва)

Давлат ва сиёсат арбоби, Жадидчилар ҳаракатининг раҳнамоларидан бири. Савдогар оиласида туғилган. Бухоро мадрасасида 2-йил таҳсил олгач, 1907-12-йилларда Москвада хусусий мактабда ўқиган. Бухорога қайт-гач, 1912-йилдан ёш бухороликлар партиясининг, 1913-йилдан партия МКнинг аъзоси бўлди. Отасидан мерос қолган катта бойликни янги усул мактаблари очишга, ёш бухороликлар сиёсий фаолиятини моддий қўллаб-қувватлашга сарфлади. 1917-йилдан бошлаб Хўжаев ва Фитрат партиянинг сўл қанотига бошчилик қилиб, Бухорода аввал конститутсион монархия, сўнгра демократик республика тузиш учун курашдилар. Ёш бухороликлар амир томонидан таъқиб қилингач, Хўжаев ва унинг сафдошлари Бухорони тарк этишга мажбур бўлишди. Хўжаев 1920-йил январда Тошкентда тузилган инқилобчи ёш бухороликлар партияси Туркистон Марказий бюроси раиси, «Учқун» газетаси муҳаррири (1920-йил апрел-сентабр)дир.
1920-йил 14-сентабрда БХСР ҳукумати - Халқ Нозирлар Шўроси тузилиб, Хўжаев ҳукумат бошлиғи қилиб сайланди. Ф. Хўжаев БХСР ташқи ишлар нозири (1920-22), ҳарбий ишлар нозири (1921-24), ички ишлар нозири (1922), БХСР Меҳнат ва мудофаа кенгаши раиси (1922-24). Шунингдек, Шарқий Бухоро Инқилобий ҳарбий кенгаши раиси (1923-24), СССР Ҳарбий-Денгиз ишлари халқ комиссарлигининг Ўзбекистон ССР бўйича расмий вакили (1925-йилдан)дир.
Ф.Хўжаев «Ёш бухороликлар» ғоялари руҳидаги дастурий ҳужжат - маромномани тузди ва нашр этди, Хўжаев раҳбарлигидаги “Инқилобчи ёшбухороликларнинг Туркистондаги марказий бюроси” ташкилоти нуфузли сиёсий кучларни ўзида ифода этмади. У Ўрта Осиёни бутунлай забт этиш ва уни бошлевиклар тўлиқ раҳбар бўлган янги давлат таркибига қўшиб олиш учун болшевикларнинг кураш воситасига айланди. Файзулла Хўжаев раҳбарлик қилган ёшбухороликларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан Бухорода тўнтариш тайёрладилар ва амир армиясини парокандалаш бўйича фаол ишлар олиб боришди ҳамда маҳаллий аҳоли орасида ташвиқот ишлари юргизишди. “Тонг” журнали ва “Қутулиш” газетасини нашр эта бошладилар.
Республика нозирлар кенгашининг раиси Файзулла Хўжаев Бухородаги жадидчилик ҳаракатида фаол иштирок этган. У ёш бухороликлар партияси раҳбарларидан бўлган. Европа сивилизатсиясини ўзлаштирган эди. Ҳукумат раислигидан ташқари ҳарбий нозир, ташқи ишлар нозири бўлган. Ёш бухороликларнинг прогрессив-демократик ғояларига амал қилган. Бухоро раҳбарияти 1921-йил март ойида қатор чет мамлакатлар ҳукуматларига йўллаган мурожаатномасида «Бухоро халқи... Ёш Бухороликлар таъсирида уйғонди», деб таъкидлади. БКПни Ф. Хўжаев «Сунъий тузилган партия», деб атади. Ф.Хўжаевнинг қатъияти билан Бухоро Чекаси тугатилди, трибуналлар, сиёсий бўлимлар томонидан фуқароларни жазога тортиш вақтинчалик тўхтатилди. Ислом дини, масжид-мадрасалар хизмати, руҳонийларнинг фаолият эркинлиги тикланди, янги қозиликлар иш бошлади. 1924-йил ёзида Ф.Хўжаев аҳолининг қашшоқлашганини эътироф этиб, бундан қутулиш тадбирларини изчил амалга ошириш зарурлигини уқтирди. Ф. Хўжаев Россия ташқи савдо бирлашмасини БХСРдан «ҳамма нарсани олишга, аммо ҳеч нарса бермасликка қодир...» деб айблади. Натижада 1922-йил баҳорида БХСРга бир қатор қурилиш материаллари, керосин, нефт, темир моллар, қоғоз, дафтар, гугурт, калишлар олиб келинди. 1924-йил май ойида Ф.Хўжаев аҳолининг турмуш даражаси пасайганини эътироф этди. Ф.Хўжаев бошлиқ Бухоро Халқ Республикаси ҳукумати қўрбошилар билан яши­рин алоқа ўрнатиб, музокара асосида тинчлик йўли билан муроса қилишга интилди. Афсуски, Ф. Хўжаев бошчилигидаги Бухоро ҳукумати таркибидаги миллий ватанпарвар кучлар (собиқ Ёш бухоролик жадидлар) билан мухолифатдаги қуролли гуруҳлар йўлбошчилари ўртасида келишув амалга ошмади. Бу тоталитар режим шароитида амалга ошиши мумкин ҳам эмас эди.
Хўжаев БХСРнинг мустақил ички ва ташқи сиёсат юритишига, иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш ва демократик эркинликларни жорий қилишга алоҳида эътибор қаратиб, Совет Россиясидан ташқари Эрон, Туркия, Афғонистон, Хитой, Озарбайжон, ХХСР, шунингдек, Германия ва Япония билан дипломатик алоқалар ўрнатган. У талабаларни хорижга жўнатиб ўқитишнинг ташаббускорларидан бири бўлган.Ўзбекистон ССР Инқилобий қўмитаси (Ревком) - Муваққат ишчи-деҳқон ҳукумати раиси (1924-йил ноябр -1925-йил феврал), ЎзССР ХКС раиси (1925-1937), СССР МИК раисларидан бири. Хўжаев ўз фаолияти давомида ўзбек халқининг иқтисодий ва маданий равнақига хизмат қилувчи тадбирларни амалга оширишга интилди. У ВКП(б) МК Ўрта Осиё бюроси ва Ўзбекистон КПМКга нисбатан мухолифат мавқеида турган “ўн саккизлар гуруҳи” (1925-йил нояб.)га хайрихоҳ бўлган. У бу гуруҳнинг расмий аъзоси бўлмаса ҳам, аслида уларнинг ғоявий илҳомчиси эди. “Қулоқ”ларни синф сифатида тугатиш сиёсатини ёқламаган. Ўзбекистонда ёппасига чигит экилиши пахта яккаҳокимлигига олиб келади, деб ҳисоблаган. Ўзбекистонда замонавий саноат иншоотлари қурилишида ташаббускор бўлган.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин