Саналар
27.03.2024
Баннер
Амир Ҳайдар ибн Шоҳмурод
PDF Босма E-mail

(1800-1826)

Манғитлардан бўлган Бухоро амири. Унинг ҳукмронлик йилларида мамлакатда нотинчлик ҳукм суради, яъни марказ ва вилоятлар ҳамда кечагина вилоят мақомида бўлган, лекин эндиликда алоҳида сиёсий бирлик - хонликка айланган Хива ва Қўқон билан қарама-қаршиликлар авжига чиқади ва мамлакатда ҳар 3-6 ойда узлуксиз ички урушлар ва қўзғолонлар бўлиб турган. Миёнкол, Шаҳрисабз, Карки, Марвдаги маҳаллий кучлар яна ўз бошимчалик қила бошлаганлар. Чунончи, Марвни бошқариб турган Динносирбек (амирнинг укаси) Хива хони Элтузар кўмагига ишониб, бош кўтаради. Амир Ҳайдар учун бу ниҳоятда ҳавфли ҳолат эди. Чунки, бу шунчаки бир вилоятнинг марказга бўйин эгмаслиги эмас, балки расмий сулола намоёндасининг минтақадаги рақиблардан – хиваликлар билан тил бириктириб, олий тахтга қарши ҳаракати эди. Шунинг учун ҳам Амир Ҳайдар унга қарши лашкар тортади. Динносирбек бас келолмай Машҳадга қочади. Шоҳмурод даврида бўлганидек Амир Ҳайдар Марвни эгаллагач, маҳаллий аҳолининг бир қисмини Зарафшон водийсига кўчиртириб, бу ерга туркманларни ўрнаштиради.
Бухородаги ички зиддиятлардан Хива хонлиги бундан кейин ҳам фойдаланишга кўп уринган. Хусусан Динносирбекка ёрдам бериш баҳонасида Бухоро амирлиги ҳудудига кириб борган Элтузархондан сўнг 1821-1825-йиллари Амир Ҳайдар Миёнколда хитой-қипчоқлар исёнини бостириш билан овворалигида Хиваликлар Чоржўй ва Марвга ҳарбий юриш уюштирадилар. Хиваликлар хатто Марвни забт этишга ҳам муваффақ бўлганлар. Бунгача ҳам амирликнинг Шарқий қисмида анча йўқотишлар ва ўзгаришлар бўлган. Масалан, Қўқон ҳукмдорлари 1805-йили Хўжандни, 1809-йили Тошкентни, 1816-йил эса Туркистонни ишғол этиб, хонлик доирасига киритадилар. 1806-1813-йиллари Ўратепа, 1806-йили Жиззахга, 1821-йили Самарқандга таҳдид солганлар. Хуллас, Амир Ҳайдар ҳукмронлиги анча таҳликали бўлиб, марказий ҳокимият қудрати сусайган.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин