Валимуҳаммад ибн Жонибек султон
Босма

(?- 1611-й. 27-август)

Аштархонийлардан бўлган Бухоро хони (1605-1611). Акаси Боқимуҳаммадхон даврида Балх ноиби (1599-1605). Боқимуҳаммад вафотидан сўнг Бухоро тахтига ўтқазилган. Валимуҳаммадхондан сўнг Балх ҳокими бўлган Надрмуҳаммадхон бошлиқ маҳаллий амалдорлар Имонқулихонни Бухоро тахтига ўтқазиш учун Валимуҳаммадхонга қарши фитна уюштирганлар. 1611-йилнинг баҳорида Валимуҳаммадхон Имонқули ва Надрмуҳаммадхонлар билан бўлган курашда енгилгач Имомқулихон Бухоро хони деб эълон қилинган. Валимуҳаммад эса икки ўғлини олиб Эрон шоҳи Аббос ҳузурига қочиб борган. Амирлар Боқимуҳаммадхоннинг ўғли Имомқулихонни тахтга ўтқазганлар. Валимуҳаммад Аббос ёрдамида Мовароуннаҳрни қайтариб олишга ҳаракат қилган. Тарихчи Муҳаммад Юсуф мунши ,,Тарихи Муқимхоний” асарида ёзишича, шоҳ Аббос Имомқулихонга қарши курашиш учун Валимуҳаммадхонга 80 минг кишилик қизилбошлилар қўшинини берган. Бироқ Самарқанд атрофидаги Боғи Шамолда бўлган жанг (1611-йил август)да Имомқулихон ғалаба қозонган, Валимуҳаммад асир олиниб қатл этилган.