Ўрта Oсиёда миллий-ҳудудий чегараланиш
Босма

Чор Россияси томонидан босиб олинган учта хонлик ҳудуди Каспий денгизидан то ҳозирги Хитой Халқ Республикасига қадар чўзилган эди:

radikal

Гарчи мазкур учта хонлик тарқоқ бўлиб, бир-бири билан тез-тез уруш олиб борган бўлса-да, улар эгаллаган ҳудуд тарихий хариталарда ва турли муаллифларнинг асарларида умумий тарзда Ўзбек ва Ўзбекия номлари билан тилга олинган. XVI-XVIII асрларда Ғарбий Европа мамлакатлари ва Россияда тайёрланган тарихий-сиёсий ва этник хариталар ҳамда глобусларда мазкур учта хонлик эгаллаган ҳудуд Ўзбекистон деб эътироф этилган. Ана шундай хариталардан бири Nova Maris Kaspii et Regionis Usbeck («Каспий денгизи ва Ўзбек мамлакати харитаси») деб номланади. Ушбу харита Пётр I саройида хизмат қилган голландиялик картограф Абрахам Маас томонидан яратилган ҳамда 1735 йилда Нюрнберг шаҳрида чоп этилган. Мазкур тарихий харитада бутун Ўрта Осиё ҳудуди, яъни Туркистон деб аталмиш табиий-географик минтақанинг ҳудуди пушти ранг билан бўялган ва USBEK номи билан қайд этилган [Maas, 1735]:

Ҳозирги вақтда 200 дан ортиқ ана шундай харита ва глобуслар мавжуд бўлиб, уларда бутун Ўрта Осиё ҳудуди Usbek (Usbec, Usbeck, Vsbek), Usbekia (Usbechia, Uzbekiae), Ўрта Осиёнинг айрим қисмлари эса Usbek Bucharia, Usbek Bochara; Usbek Chowaresmia, Usbek Mawaralnahra, Usbek Turkistan, Usbek Turan, Usbek Tartaria, Usbek Zagatay каби номлар билан аталган. Шуни таъкидлаш лозимки, барча номлар сиёсий бирликнинг – давлат ёки мамлакатнинг номлари сифатида келтирилган.

Грециялик саёҳатчи ва картограф Василио Ватаче [Battatzis] томонидан 1730 йилда яратилган харита ҳам ўзига хос қизиқиш уйғотади. 1727-1730 йилларда у Каспий денгизи ёқасида жойлашган мамлакатлар бўйлаб саёҳат қилган ва ўз саёҳати ҳақида грек тилида ёзиб қолдирган. Кўплаб грек ва лотин ёзувлари битилган ушбу ноёб хаританинг асл нусхаси Лондондаги Қироллик География жамиятида, нашри эса Британия кутубхонасининг картография бўлимида сақланмоқда.

Ватаченинг харитасида Орол денгизидан то Помир тоғларигача бўлган ҳудуд ΘZMПЕГIΣTAN (Uzbekiae), яъни Ўзбекистон номи билан аталган. Ушбу мамлакатнинг таркибида EZMETIOΛOU (Хоразм), MПOUXAPIA (Bucharia), яъни Бухоро ва MПEΔEΞAN (Badachsan) Бадахшон вилоятлари, шунингдек XIBA (Chiva), яъни Хива, ΣAMAPKANT (Samarcanda) Самарқанд, МПАЛХ (Balch) Балх каби йирик шаҳарлар ҳамда KAPΣI (Carsi) Қарши, XOTCANΔ (Chogiand) Хўжанд, XΘNΔΘZ (Conduz) Қундуздан иборат кичикроқ шаҳарлар жойлашган. Харитада ΘZMΠEΓIΣTAN (Ўзбекистон) номи қолган барча вилоят номларига нисбатан анча йирик ҳарфлар билан ажратиб кўрсатилган, бу эса Ўзбекистон номи харитада қайд этилган барча бошқа вилоятлар орасида ўзига хос ўрин эгаллаганини ва эҳтимол бутун Ўрта Осиё ҳудудининг сиёсий маркази бўлганини билдирар эди. Usbeck ва Usbekia топонимлари XVI-XVIII асрларда қўлланилган ва грек харитасида қайд этилган ΘZMΠEΓIΣTAN мамлакатининг лотинча эквивалентларидир. Ушбу мамлакат кейинчалик Бухоро, Хива, Қўқон ва Балхда ўз марказларига эга бир қанча мустақил ўзбек хонликларига бўлиниб кетган Шайбонийлар ва Аштархонийлар давлатларининг ҳудудини ўз ичига олар эди.

XIX асрдан бошлаб Хива, Бухоро ва Қўқон хонликлари Чор Россиясининг савдогарлари ва саёҳатчилари, айғоқчилари ҳамда этнографларида ҳам катта қизиқиш уйғота бошлайди. Рус муаллифларининг асарларида ҳам Ўзбекистон деб номланган мамлакат мавжудлиги эътироф этилган. Демозин П. И., Виткевич И. В. 1835 йилда ёзилган “Бухоро хонлиги ҳақида расмий маълумот” деб номланган асарида амирлик ҳудудини Ўзбекистон ва Турон номлари билан атайди. 1835 йилга қадар ёзган Савильев Мовараунаҳрга Ўзбекистон, Ўрта Осиё ҳудудига эса Турон деб ном беради. 1843 йилда Бухоро хонлигини таърифлаган Н. Хаников Бухоро амирлиги ва ўзбек хонлари ҳукмронлиги остида бўлган қўшни ҳудудларга нисбатан Ўзбекистон терминини қўллайди. Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон номи нафақат сиёсий, балки этник атама ҳам бўлган. Бир қанча Ғарб ва рус тадқиқотчиларининг ўша даврда ёзиб қолдирилган асарларида Хива, Бухоро ва Қўқон хонликлари аҳолисининг катта қисми ўзини ўзбек халқига мансублигини таъкидлаган. Жумладан, уларнинг асарларида ўзбеклар ҳақида қуйидаги таърифлар келтирилган:

“XVI асрнинг бошида Муҳаммад Шайбоний темурийларнинг тобора заифлашиб бораётган ҳокимиятини тортиб олганидан сўнг Бухоро, Хива ва Балхда яшовчи туркий элатлар ўзбек номини қабул қилди. Шайбонийхон билан бирга келган ўзбеклар икки дарё оралиғида маҳаллий туркийларни учратди ва икки туркий қавмнинг бирлашиши натижасида ҳозирги ўзбек халқи юзага келди. Ўзбеклар – бу асосан ўтроқ ва деҳқончилик билан шуғулланувчи халқнинг номи. Улар Орол денгизининг жанубий қирғоғидан то Қумулгача ястанган кенг ҳудудда яшайди ва учта хонлик ҳамда Хитой Туркистони ҳудудидаги кўп сонли халқ сифатида қайд этилади” (Арминий Вамбери).

“Хива хонлигида ўзбеклар қарийб 336 000 минг кишини (ёки хонлик аҳолисининг 64,7 фоизини), Бухоро амирлигида эса камида 900 000 – 1 000 000 кишини ташкил этади. Ўзбеклар Самарқанд вилоятида, Сирдарё ҳамда Фарғона вилоятларининг айрим ҳудудларида, шунингдек, Хива ва Бухоро хонликларида яшовчи аҳолининг асосий қисмини ташкил этади. Мазкур хонликлар ҳудудида ўзбеклар сон жиҳатидан устунлик қилиш билан бирга ҳукмрон мавқега ҳам эгадир” (В. И. Масальский).

“Ўзбеклар, маълумки, Ўрта Осиё аҳолисининг ғоят катта қисмини ташкил этади. Бухоро амирлари фақат ўзбекларга таяниши мумкин ва ҳар доим уларга таяниб келган” (А. Д. Гребенкин).

А. И. Шевяков “Д. Шоберлайн-Энгел асари ҳақида”ги мақоласида бу ҳақда шундай дейди:

“Ўзбекистон, яъни “ўзбеклар мамлакати” этнографик тушунчаси нафақат ЎзССР пайдо бўлишидан, балки Россияда большевиклар ҳокимият тепасига келишидан бурун мавжуд бўлган. Европалик тадқиқотчилар асарларида 1917 йилдан анча илгари ҳеч қандай қўшимча изоҳларсиз ва бошқа манбаларга таянмаган ҳолда, ўзбеклар яшайдиган ҳудудлар аниқ белгилаб қўйилган ва бу ҳудудлар ҳозирги Ўзбекистон ҳудудига мос келади. Бу эса халқлар ўзининг этник мансублигини большевиклардан анча илгари англаб бўлганини англатади”.

Америкалик тарихчи олим Эдвард Оллвортнинг таъкидлашича, “советлар белгилаб берган Ўрта Осиё ҳудуди 1920 йилда илк марта расман Ўзбекистон деб номланган сиёсий-ҳудудий бирликдан анча катта минтақани ўз ичига олар эди”. Марказий Осиёнинг жануби ҳисобланган Ўрта Осиё, яъни жанубий Қозоғистондан Эронгача, шимолий Афғонистондан Шарқий Туркистонгача бўлган минтақа Марказий Осиё тарихида ўзбекларнинг ватани сифатида ифодаланган. ***

1923–24 йилларда ўтказилган маъмурий-ҳудудий чегараланишдан кўзланган бош мақсад – ўзбеклар давлатчилигига болта уриш, уларнинг минтақадаги маданий, сиёсий ҳукмронлигини йўқ қилиш эди. Аслида ўзбекларнинг таъсирини камайтиришга қаратилган тадбирлар Ўрта Осиё Чор Россияси томонидан босиб олиниши биланоқ бошланганди. 1870-80 йиллар мобайнида катта ҳудудни эгаллаган Қўқон хонлиги тугатилиб, унинг ҳудуди Россия империяси таркибига қўшиб олинди. Хива ва Бухоро хонликлари ярим мустамлака шаклида сақланиб қолган бўлса-да, уларга тегишли бўлган ҳудудларнинг катта қисми Чор Россияси таркибидаги Туркистон генерал-губернаторлиги таркибига ўтказилди.

Биринчи Жаҳон урушидан сўнг Чор Россияси ўрнида Совет давлати қарор топгач, Марказий Осиё ҳудудида қайтадан ҳудудий ўзгаришлар юз берди. 1918 йилда Туркистон генерал-губернаторлиги ўрнида Россия таркибида Туркистон Совет Мухтор Республикаси ташкил этилди. 1919 йилда Россия таркибида Қирғиз (Қозоқ) Совет Социалистик Мухтор Республикасини ташкил этилди. Ҳозирги Қозоғистоннинг ғарбини эгаллаган ушбу республика Марказий Осиёда советлар томонидан ташкил этилган энг биринчи миллий республика бўлди. 1920 йилда Қизил Армия қўшинларининг Хива хонлиги ҳудудига бостириб кириши натижасида хонлик тугатилиб, Хоразм Халқ Совет Республикаси тузилди. Шунингдек, 1920 йилда Бухоро амирлиги ўрнида Бухоро Халқ Совет Республикаси ҳам ташкил этилди.

Марказий Осиёда миллий-ҳудудий чегараланиш ўтказилгунга қадар бўлган харита:

foto2

Кўп ўтмай совет раҳбарияти Туркистон мухтор республикаси, Хоразм ва Бухоро республикаларини тарқатиб юбориб, уларнинг катта қисмини Қозоқ республикаси ва Туркман республикасига қўшиб бериш, шунингдек, уларнинг бир қисмида ҳар бир миллат учун алоҳида миллий республикалар – Ўзбекистон, Қирғизистон, Қорақалпоғистон ва Тожикистон ташкил этиш ҳақида эълон қилди. Советларнинг ҳар бир миллат учун алоҳида республика ва автономиялар ташкил этишдан кўзлаган мақсади қуйидагилардан иборат эди:

ўзбекларни яккалаб қўйиш;

ҳар бир этнос ўз тили ва маданиятини ривожлантириш учун ўз ҳудудига эга бўлиши ҳақидаги ўзига жалб этувчан таклифлар билан туркманлар, қозоқлар, қирғизлар, қорақалпоқлар ва тожикларни ўз томонига оғдириб олиш, уларни ўзбекларга қарши қайраш;

Ислом байроғи (панисломизм), ягона Туркистон (пантуркизм) ғоялари остида туб аҳолининг жипслашувига йўл қўймаслик;

совет тузумига қарши озодлик учун кураш ва босмачилик ҳаракати кенг ёйилишини бартараф этиш.

Эдвард Оллвортнинг фикрича, 1924 йилда ўтказилган миллий-ҳудудий чегараланишдан кўзланган бош мақсад, биринчи навбатда, ўзбекларнинг Ўрта Осиё халқларини бирлаштириш салоҳиятига барҳам беришдан иборат эди. Бунинг сабаби шундаки, юқорида қайд этилган халқларни бирлаштириш ғоялари бевосита ўзбеклар билан боғлиқ эди. Э. Оллворт бу ҳақда шундай дейди:

“Ўзбеклар маданий соҳада ҳам, сиёсий соҳада ҳам Марказий Осиёнинг жанубий қисмида юқори мавқега эга эди. Руслар учун ўзбеклар уч томонлама хавф солар эди. (1) Ўзбеклар Марказий Осиёнинг ўтроқ аҳоли яшайдиган минтақаларида кўпчиликни ташкил этарди ва бутун жанубий ҳудудларнинг ижтимоий ва маданий ҳаётида фаол иштирок этарди. (2) Агар ўзбеклар ўзлари яшайдиган ҳудудларда сиёсий фаолиятни давом эттираверсалар, улар минтақа ишларига бундан буён ҳам кучли таъсир кўрсатаверар эди. (3) Марказий Осиё халқларига нисбатан ўзбекларда бошқа этносларни ассимиляция қилиш имконияти катта эди. Бундай ассимиляция, пировардида, ўзбеклар яшайдиган ҳудудлар доирасини кенгайтирар ва ўзбекларнинг сон жиҳатидан салмоғини янада оширар эди.

Афтидан, бундай омиллар Россиянинг ва мустабид тузумнинг Марказий Осиёдаги миссиясига рахна солар эди. Шу сабабли ушбу масала 1917 йилнинг мартидан кейинги ўн йилликда, Ленин ва Сталин томонидан илгари сурилган Социал-демократик ишчи партиясининг мафкураси ва сиёсати янги совет ҳокимиятининг дастурига айланган кезда жуда долзарб масалага айланди. Москвадаги раҳбарлар ўзбекларнинг таъсири камайтирилса, Марказий Осиёни бошқариш осонроқ бўлишини ва барча этник гуруҳларни назорат қилиш имкониятлари кескин кўтарилишини яхши фаҳмлар эди. Шу сабабли аввал мавжуд бўлган учта субъектни тугатиб, Марказий Осиёни олтита маъмурий бирликка парчалаб ташлашни кўзловчи совет сиёсатида ўзбекларни яккалаб қўйиш бош мақсад қилиб белгилаб олинди”.

Биринчи миллий республика бўлмиш Қозоқ республикаси панисломизмга қарши қаратилган большевикларнинг илк лойиҳаларидан бири эди. “Туркистон ва Россия Империяси тақдири” асарининг муаллифи Даниель Брауэр русларнинг қозоқларга Чор Россияси давридаёқ хайрихоҳ бўлганлиги ҳақида шундай дейди: “Марказий Осиёда руслар икки хил муҳим маданий зонага дуч келди. Кўчманчи қозоқ ва қирғизлар катта ҳудудни эгаллаган бўлса, ўтроқ халқлар эса энг аҳоли зич минтақаларга жойлашган эди. Кауфман “қирғизлар” (ушбу термин одатда руслар томонидан кўчманчи халқларга нисбатан ишлатилган) “табиий ва ҳанузгача примитив принципларга асосланган ўзига хос турмуш тарзига” эгалигига ишончи комил эди. “Примитив турмуш тарзи” ёввойиликка яқин хусусиятни касб этиши мумкин эди, бироқ, унинг нуқтаи назаридан, бундай турмуш тарзи ўзида Ислом динидан ҳимоя қилувчи кучни мужассамлаштирарди. Унинг реал далил-исботларга эмас, балки батамом Ғарб ижтимоий назариясига асосланган қараши бундай қолоқ халқлар мураккаб динга эга эмаслигини англатар эди. “Кўчманчилар расман Ислом динига риоя қилади, аслида (улар) бу диндан ўзини четга олади ва муайян диний эътиқодга эга эмас”. У қандай тўхтамга келиши аниқ ва равшан кўриниб турган эди. Ислом дини дашт ҳудудларида (ҳозирги Қозоғистон ҳудудида) ҳукмронлик қилмаслиги керак. “Ушбу халқларнинг келажаги Россиянинг Туркистондаги Ислом динига нисбатан тутган сиёсатига боғлиқ”. У мустабид (колониал) сиёсат олиб бориш учун этник тафовутларни билиш зарурлигига амин эди. Амалий фаолият доирасида рус кузатувчилари қуйидаги хулосага келди: сартлар бу, энг аввало, уруғ-аймоқларга бўлинишдан воз кечган савдогарлар, ҳунармандлар ёки деҳқонлардир. Демак, Ғарб андозалари бўйича сартлар Туркистоннинг туб аҳолиси орасида энг юксак ижтимоий мавқени эгаллаган. Туркманлар, қозоқлар ва қирғизлар инсоният тараққиётининг қуйи поғонасида жойлашган кўчманчилардир. Кауфманнинг фикрича, агар кўчманчилар маъмурий-ҳудудий жиҳатдан сартларга яқин ҳудудга жойлаштирилса, улар фанатик, мунофиқ ва порахўр муллалар, ҳожилар, авлиёлар ҳамда дарвишларнинг “қурбонларига” айланади. Шу сабабли минтақа вилоятларидаги округлар ва туманларнинг маъмурий чегараларини тузиб чиқишда сартлар ҳамда қирғизларни (қозоқларни) ҳудудий жиҳатдан қатъий ажратиш бош мақсадга айланди. Кауфманнинг колониал бошқаруви (рус ҳокимияти учун адоватли бўлган) Ислом динини тийиб туриш ва туб халқларнинг ҳурматини қозониш имконини берадиган билимларга асосланган эди. Буни рўёбга чиқариш учун у биринчи қадамни ушбу ҳудуд ва унинг халқларининг ўзига хос ноёб жиҳатлари билан танишишдан бошлади. Сўнгра махсус институтлар тузилди ва Россия ҳукмронлигини ўрнатиш учун зарур бўлган сиёсат яратилди. Шундан кейин Туркистонни империянинг мустаҳкам ҳудудига айлантиришни бошлаш мумкин эди”. Қозоқ республикасини ташкил этишдан кўзланган бош мақсад – Ўрта Осиёдаги Туркистон ва Россиядаги Татаристон, Бошқирдистон, Қрим, Кавказ каби турк ўлкалари ўртасида тўсиқ бўладиган ҳудудни яратиш, Ислом байроғи остидаги ғояларнинг Туркистондан Россиянинг туркий мусулмон ўлкаларига тарқалишининг олдини олиш эди. Арне Хауген Қозоқ даштида руслар томонидан олиб борилган ўзгаришлар ҳақида шундай дейди: “Россия ҳукумати Марказий Осиёда цивилизаторлик миссиясини чекланган шаклда амалга оширди. Бир қанча рус мактаблари очилди ва, энг асосийси, маърифат йўлида газеталар чоп этиш йўлга қўйилди. Шунга қарамай, бу эҳтиёткорона ёндашув эди, чунки русларнинг кўз ўнгида Ислом дини даҳшатли фанатизмни қўзғатиши мумкин эди. Ислом дини аста-секин ўз аҳамиятини йўқотишига умид боғлаб, у назардан четда қолдирилди. Дин эътиборга олинмади ва яккалаб қўйилди ҳамда ҳар қандай ҳужум Ислом динига эмас, балки унинг ташкилий тузилмасига қаратилди. Чор ҳукумати юритган бундай сиёсат, энг аввало, Марказий Осиёнинг жанубига тааллуқлидир. Қозоқ даштларида вазият тубдан фарқ қилар эди. У ерда жанубдагига нисбатан руслар амалга оширган ўзгаришлар кучлироқ сезилар эди. Масалан, дунёвий таълим дастури Туркистонга нисбатан қозоқ даштларида анча кенгроқ жорий этилган эди. Бу тез орада интеллектуал камолотга етишишга ва қозоқ зиёлиларининг пайдо бўлишига олиб келди”.

Шунингдек Қозоқ республикасининг ташкил этилиши Ўрта Осиёдаги босмачилик ҳаракати Россиянинг Татаристон, Бошқирдистон, Кавказдаги туркий мусулмон ўлкаларга тарқалишининг олдини олар эди. Советларни миллий ҳудудий чегараланиш ўтказишга мажбурлаган сабаблар тўғридан-тўғри пантуркизм, панисломизм ҳамда босмачилик ҳаракати билан боғлиқ эди.

Арне Хоуген бу борада шундай дейди: “Ғарб нуқтаи назарига кўра, босмачилар чет эллик босқинчиларга, яъни русларга қарши миллий озодлик курашчиларидир. Боймирза Ҳайитнинг фикрича, босмачилик миллий озодлик курашчиларининг уюшган саъй-ҳаракатини ўзида мужассамлаштирган. У бунда Сталиннинг баёнотига асосланади. Сталин босмачилик ҳаракати Марказий Осиё республикаларини совет ҳокимиятидан ажратиб олишни мақсад қилган деб таъкидлаган эди. Эдвард Оллворт муайян даражада, гарчи кўтаринки руҳда бўлмаса-да, ушбу нуқтаи назарни қўллаб-қувватлайди. Иккала қарашларда ҳам босмачилик ҳаракати ва миллий-ҳудудий чегараланиш ўтказиш сиёсати ўртасида боғлиқлик мавжуд. Босмачилик ҳаракати ягона Туркистон ёки ягона Марказий Осиё учун курашни ўзида ифодалар эди, бу эса “бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил” ғояси нуқтаи назаридан ўта нозик масала саналар эди. Шубҳа йўқ, совет тузуми ва босмачилар ўртасида кечган ҳокимият учун кураш руслар ва мусулмонлар ўртасидаги кураш сифатида баҳоланар, советлар буни яхши фаҳмлар эди. 1928 йилда муҳожирликда яшаган рус олими – князь Лобанов-Ростовский миллий-ҳудудий чегараланиш большевиклар томонидан босмачилар қўзғолонига қарши кўрилган чора бўлганлигини эътироф этганди”. Қуйида Ғарб тадқиқотчилари асарларидан олинган парчалар тақдим этилади. Уларда миллий-ҳудудий чегараланиш ўтказишнинг барча юқорида қайд этилган сабабларини исботловчи далил-исботлар келтирилади.

АРНЕ ХОУГЕН. “СОВЕТ ДАВРИДА МАРКАЗИЙ ОСИЁДА МИЛЛИЙ РЕСПУБЛИКАЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ”:

Совет ҳокимияти ўрнатилгач, тез орада Марказий Осиёнинг сиёсий ҳаётига ўзбек, қозоқ ва туркман каби миллатлар ўртасидаги муносабатлар сингдирилди. Турли халқларни ўзига жамлаган империянинг ворислари сифатида большевиклар ўз ҳокимиятининг илк кунларидан бошлаб “миллат масаласига” катта эътибор қаратди ва марказий ҳукуматда бу масала билан шуғулланиш учун алоҳида вазирлик – Нарком ташкил этилди. Бундай давлат тузилмаси Туркистонда 1918 йил апрелда бўлиб ўтган Туркистон Кенгашининг V съездидан кейин Туркистон республикасида миллатлар ишлари билан шуғулланувчи алоҳида комиссариат (Туркомнац) ташкил этилганидан сўнг таъсис этилди. Ҳозирги расмий таърифга кўра, Туркомнац “Туркистон республикаси ҳудудида яшовчи барча меҳнаткаш миллатларнинг вакили ва улар манфаатларининг ҳимоячиси” бўлиши лозим эди. 1918 йилнинг июнь ойида ўтказилган Туркистон коммунистик партиясининг Биринчи минтақавий конгрессида қабул қилинган резолюцияда бутун республика бўйлаб Туркомнац органларини ташкил этиш зарурлиги қайд этилди. Бундан ташқари, резолюцияда туб аҳоли орасида совет тузуми мафкурасини тарқатиш, миллий кадрлар яратиш, яъни тарғиботчилар шакллантириш ва Қизил Армияга ҳарбий хизматга чақириш ҳамда маҳаллий тилларда коммуниктик адабиётларнинг бир қанча нашрларини чоп этиш мақсадида Туркомнац органларидан фойдаланиш лозимлиги маълум қилинди. 1918 йилнинг сентябрь ойида Туркомнац қошида турли туб аҳоли вакилларидан иборат қўмита ташкил этилди. 1919 йилнинг февралида Туркистон республикасида Миллатлар ишлари бўйича коммиссариат тўғрисидаги низом эълон қилинди. Гарчи ушбу Низом ўта муҳим бўлмаган бўлса-да, у большевиклар миллат масаласига кучли эътибор берганидан дарак беради. Миллат масаласи инқилобдан кўп ўтмай юзага келди ва уни батафсилроқ кўриб чиқиш лозим.  Туркомнац зиммасига РСФСР Миллатлар ишлари бўйича халқ комиссариатининг (Наркомнацнинг) кўрсатмалари асосида Низом билан қуйидаги мажбуриятлар юклатилди: – туб халқларнинг она тилисида совет тузуми ғоя ва мафкураларини оммалаштириш;- РСФСР Наркомнац фармонларини бажариш;- Туркистон халқ комиссариати кенгаши Маркзий Ижроия Қўмитасининг ва Туркистон Республикаси Кенгаши съездининг фармонларини бажариш;- Туркистон республикаси ҳудудида яшовчи халқларнинг маданият даражасини ва синфий онгини ошириш чораларини кўриш;- барча соҳаларда аксилинқилоб кучларга қарши курашни ташкил этиш;- миллатларнинг сони, таркиби ва иқтисодий ҳолати, мактаб ёшидаги ва мактабгача ёшдаги болалари сони, аҳоли ҳаракатланиши, унинг сони кўпайиши ва камайиши, саводхонлиги тўғрисида статистик ахборот тўплаш ва ҳоказо.   Ушбу Низом янгилангандан кўп ўтмай Туркомнац миллий ва этник мансублигига қараб қайта тузиб чиқилди, 1919 йилнинг март ойида эса унинг қошида алоҳида ўзбек, тожик, туркман, қозоқ, татар, украин ва армян миллий бўлимлари ташкил этилди. Бу совет тузуми учун ўзбек, қозоқ, туркман ва тожик каби миллий ўзига хосликлар илк кунлардоноқ муҳим аҳамиятга эга бўлганлигидан далолат беради. 1922 йилнинг июнь ойида Туркомнац тугатилди, бироқ унинг миллий бўлинмалари тугатилгани йўқ. Бунинг ўрнига ушбу бўлинмалар Туркистон республикасининг марказий қўмитасига бириктирилди. Бундай қўмита шу ондан бошлаб турли миллий бўлинмаларда ташкил этила бошланди. Қозоқ миллий филиали [Туркистон муҳтор республикаси ҳузурида] 1921 йилнинг мартида ташкил этилган эди. Унинг зиммасига “Туркистон республикасининг қозоқлар яшайдиган ҳудудлар фаровонлигини ошириш мақсадида Туркистон ҳукуматининг сиёсатини шакллантириш” вазифаси юклатилди. Шу билан бир вақтда Хоразмда ҳам шундай чоралар кўрилиб, 1921 йилда Хоразм марказий қўмитасининг туркман филиали ташкил этилди. Унинг вазифаси туркман аҳолисининг ижтимоий, иқтисодий ва маданий эҳтиёжларини махсус ўрганишдан иборат эди. Шунингдек 1922 йилда Хоразмда қозоқ-қорақалпоқ филиали ташкил этилди.

Совет ҳокимияти турли халқлар ўртасидаги муносабатларни кескин ва тез-тез низоларга олиб келади деб ҳисоблар эди. Миллий чегараланиш бошланганидан кейин Марказий Осиё халқлари ўртасидаги зиддиятлар ҳар доим совет тузуми учун миллий чегарланиш ўтказилишини ёқлашда муҳим ўрин эгаллаб келди. Совет ҳокимиятининг фикрича, Марказий Осиёнинг турли миллий республикаларга бўлиб ташланиши “минтақани ташвишга солаётган турли миллатлар ўртасидаги низоларга нуқта қўйган бўлар эди”.

Гордиенканинг фикрига кўра, Бухоро, Хоразм ва Туркистон республикалари ҳудудида яшовчи туркманлар орасида 1921–23 йилларда бир миллат вакиллари кўпчиликни ташкил этган миллий республикаларни ташкил этишга интилиш кучли бўлган. 1921 йилдан бошлаб Бухоро республикасида туркман шаҳобчаси фаолият кўрсатарди. Унинг аъзолари туркманларнинг Бухоро республикасидаги ҳолатидан норозо эди. 1923 йилнинг май ойида туркман шаҳобчаси Туркистон муҳторияти марказий қўмитасининг аъзоси бўлмиш Айтақовга қуйидаги шикоят ёзилган мактуб йўллади:

“Бухоронинг Керки, Чоржуй ва Термиз туманларидаги Амударё қирғоғида жойлашган аҳолининг катта қисми туркманлардир. Улар асрлар давомида Бухоро амирларининг жабр-зулми остида яшаб келган. Инқилобдан кейин халқ ҳокимиятни эгаллади. Бироқ республиканинг бошқа халқлари (ўзбеклар ва тожиклар) туркманлар камолоти учун чоралар кўришга тайёр эмас бўлиб чиқди. Совет давлати барпо этилишида иштирок этишни ва тегишли совет муассасаларида таҳсил олишни чин дилдан хоҳлайдиган туркман ёшлари назардан четда қолиб кетаяпти. Ўзбек ва тожиклар ушбу бўлинмаларга эгалик қилмоқда ва фақат ўз фойдалари ҳамда ютуқлари учун қайғуриш билан банд. Туркман филиалида биз нима билан шуғулланмайлик ҳеч қандай ўзгариш бўлмаяпти”.

Хоразмдаги вазият ҳам кўп жиҳатдан ўхшаш эди. Туркман халқи номидан туркман коммунистлари ўзбекларни туркманларга қайраган чор сиёсатига чек қўйиш пайти келганини билдирди. Туркман коммунистлари янги ҳокимият маҳаллий шароитларга мослашиб олиши учун туркман аҳолиси учун алоҳида вилоят ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. Миллатлараро сиёсий баҳс Бухоро ва Хоразм билан чегараланиб қолмади. Туркистон муҳториятида миллий чегараланиш ўтказилишидан аввал Марказий Осиё коммунистлари учун тафавутлар катта аҳамиятга эга эди. 1923–24 йилларда ўзбеклар ва қозоқлар, шунингдек ўзбеклар ҳамда туркманлар ўртасидаги низолар кескинлашди. 1923 йилнинг декабрида Ўрта Осиё бюроси Туркистон муҳториятининг ўттиз нафар “қозоқ меҳнаткашлари” томонидан имзоланган мактуб олди. Мактуб Рисқулов (Туркистон Халқ Комиссарлари Кенгаши раиси), Хўжанов (деҳқончилик ишлари халқ комиссари), Асфандияров (соғлиқни сақлаш бўйича халқ комиссари), Сергазиев (маърифат бўйича халқ комиссари) ва Оролбаев (ички ишлар бўйича халқ комиссари) ва бошқалар томонидан имзоланган эди. Мактубни имзолаган шахслар юқори мартабани эгаллаганликлари боис ушбу мактуб Туркистон муҳториятининг совет ҳаётида иштирок этаётган қозоқларнинг фикрини ифодалаган бўлиши лозим. Мактубнинг мазмун-моҳияти ўзбеклар Туркистон муҳториятининг бошқа халқлари устидан ҳукмронлик ўрнатиб олганлиги ҳақидаги арз-додлардан иборат эди. Муаллифлар Туркистоннинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ўзбеклар ҳукмронлик қилишидан норозилигини билдирган эди.

Бу жуда қизиқ ҳолат. Қозоқлар [ўзбекларга қарши қаратилган] ўз лойиҳасига туркманларни ҳам қўшиб олганди. “Бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил” ғояси тарафдорлари кўпинча миллий бўлинмаларнинг жорий этилиши сиёсий, иқтисодий ёки бошқа ресурслар учун турли миллий гуруҳлар ўртасида рақобатни пайдо қилганини таъкидлар эди.

“Буюк рус шовинизмидек катта хавфни ўзида ифодаламаган” маҳаллий шовинизмга урғу бераётиб, Сталин маҳаллий шовинизмни [масалан, ўзбеклар ҳукмронлигини] тегишли минтақалар ва республикаларда “совет давлатини барпо этишга” тўсқинлик қиладиган ғов сифатида таърифлаганди. У Грузия, Озарбайжон ва Бухоро республикасини энг муҳим минтақалар сифатида тилга олганди. Шунингдек Хоразм ва Туркистон республикасидаги вазиятни қайд этганди. Сталиннинг фикрича, Бухорода қуйидаги учта миллат мавжуд эди: ўзбеклар, туркманлар ва қозоқлар. У асосий миллий гуруҳ бўлмиш ўзбеклар қолган иккита гуруҳга паст назар билан қарашини, натижада туркманлар ва қозоқлар миллати туфайли камситилаётганини таъкидлаганди. Хоразмда ҳам вазият шундай эди: гўё ўзбек шовинизми туфайли республикадаги миллий озчилик бўлган туркманларга адолатсиз муносабат кузатилаётганди. 1923 йилда ўтказилган партиянинг ўн иккинчи съездида Сталиннинг маҳаллий шовинизмга қаратилган ҳужумлари барчанинг диққат-эътиборини туб аҳоли ўртасидаги миллий муносабатларга қаратиш, руслар ва рус бўлмаганлар ўртасидаги муаммоларни эса назардан четда қолдириш учун уриниш сифатида баҳоланди. Бу шунингдек рус бўлмаган коммунистларга ҳужум қилиш мақсадида кўрилган тайёргарлик бўлиб ҳам туюлди. Шу ондан бошлаб рус бўлмаган коммунистлар шовинизмда айланиб, мансабидан бўшатиб юборилиши мумкин эди.

Большевикларнинг кучсизларни кучлиларга қарши қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги баёноти айримлар томонидан уларнинг миллатини ўзбекларга қарши қўллаб-қувватлаш учун асос деб талқин қилинди. Туркман ва қозоқ коммунистлари 1923–24 йилларда бир неча марта ўзбекларнинг Марказий Осиёдаги ҳукмронлиги большевикларнинг кучсизларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги мафкурасига зид эканлигини таъкидлаб, бунга ишонтиришга уриниб кўрди. Марказий Осиё коммунистлари туркманлар, қозоқлар, тожиклар номидан ва нисбатан камроқ қирғизлар номидан тобора кўпроқ сиёсий талаблар билан чиқа бошлади. Хоразмда, Бухорода ва Туркистон республикасида туркманлар ҳамда қозоқлар ўзбеклар деб аталаётган ҳукмрон гуруҳга нисбатан ўзини заифроқ ҳис қила бошлади. Натижада туркманлар ва қозоқлар номидан тегишли республикаларда уларнинг аҳволини яхшилаш борасида бир қанча миллий талаблар ўртага ташланди. Бу талабларда мавжуд сиёсий субъектларни тарқатиб юбориш ва миллий янги субъектларни тузиш таклиф этилган эди. Туркман ва қозоқлар келтирган далилларга кўра, ўзбеклар кўп миллатли турли сиёсий тузилмаларга ҳукмрон бўлиб олганлар. Эдвард Оллвортнинг фикрича, миллий ҳудудий чегараланишнинг бош мақсади ўзбекларни Марказий Осиёнинг бошқа халқларидан яккалаб қўйиш бўлган, чунки ўзбеклар бошқа халқларни этник ассимиляция жараёнига гирифтор қиларди, бу эса ўзбек аҳолисининг кўпайишига ва ҳар бир соҳада улар иштирокининг кенгайишига олиб келар эди. Бироқ нафақат совет ҳукумати бу феноменга эътибор қаратди. “Ўзбеклар томонидан ассимиляция” қилиниши мумкин бўлган халқлар совет мафкурасидан илҳомланиб, бунга ўз миллатларини кучайтириш орқали жавоб берди. Бу ҳодиса Ленин томонидан “миллатлар ҳимояси” деб таърифланган эди. XX асрнинг 20 йилларида миллийликнинг бундай намоён бўлиши мутлақо янги ҳодиса эди ва бу кўп жиҳатдан янги совет ҳокимияти сиёсати ҳамда мафкурасининг маҳсули эди.

Бухорода 1923 йилнинг сентябрида Бухоро ҳукумати Бухоро республикаси таркибида алоҳида туркман, сўнгра алоҳида қозоқ вилоятларини ташкил этишга қарор қилди. 1924 йилнинг май ойида СССРнинг Бухородаги вакили Знаменский Ўрта Осиё бюросига «Бизнинг туркман ва қирғиз [қозоқ] меҳнаткашлари айрим ҳолларда ўзбекларни шовинизмда айблашмоқда” деб хабар йўллади.

Ўша йилнинг май ойида Хоразмда ҳам худди шундай чоралар кўрилиб, алоҳида туркман ва қозоқ-қорақалпоқ автоном вилоятлари ташкил этилди. 1924 йил апрель ойи бошида Хоразмда миллатлар масаласини илк марта кўтарган Карклин Ўрта Осиё бюросига “Биз муҳокама этиб, [Хоразмда] қирғизлар [қозоқлар] ва туркманлар учун автоном вилоятлар ташкил этишга қарор қилдик” деб хабар қилди. Бош котибга йўлланган мактубда Карклин “миллатлар ўртасидаги муносабатларни тартибга келтириш мақсадида биз Хоразмда туркман ва қирғиз [қозоқ] – қорақалпоқ автоном вилоятларини ташкил этишга қарор қилдик” деб хабар қилди.

Совет историографиясида қорақалпоқ сиёсий субъектининг ташкил этилиши тарихий зарурат ва “миллий давлатчилик ҳақидаги бир неча асрлик орзу” деб талқин қилинган. Амалиётда бу ҳам совет тузумининг қатъий илмий ёндашувга асосланган “буюк режаси” маҳсули эди. 1974 йилда чоп этилган “Қорақалпоқ АССР тарихи” асарида қорақалпоқ вилоятининг яратилиши қуйидагича таърифланган: “қорақалпоқлар совет ҳокимияти ўрнатилиши билангина ўз миллий давлатчилигига эга бўлди. Шундай қилиб, қорақалпоқ ерларини бирлаштиришдек кўп асрлик орзу-истаклар ҳақиқатга айланди”. Қорақалпоқ сиёсий субъектини яратиш бўйича билдирилган барча советча фикр-мулоҳазалар моҳиятан ана шундай эди. Бироқ ҳисоботлар бундай талқинни тасдиқловчи далил-исботлар келтира олмайди.

Айрим Ғарб олимлари учун қорақалпоқ вилоятининг ташкил этилиши миллий ҳудудий чегарланиш этник реалликка нақадар мос келмаслигининг исботидир ёки совет ҳокимияти ўз режасини рўёбга чиқариш учун энг кам имкониятдан ҳам фойдаланишга интилганининг далилидир.

1924 йилнинг бошида Хоразм республикаси раҳбарияти Хоразмда қозоқ-қорақалпоқ вилоятини ташкил этишга қарор қилди. Шунга қарамай, бу қорақалпоқлар ўтказган босим натижаси бўлгани йўқ. Аввал таъкидланганидек, Бухоро ва Хоразмда туркман субъектининг ташкил этилишига туркман озчилигининг ўз миллат учун кураши сифатида қараш зарур, айни пайтда эса қорақалпоқлар номидан миллий талаблар ўртага ташланмади. Миллатлар юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазалар, афтидан, миллий чегараланишгача бўлган даврда қорақалпоқларга жиддий таъсир кўрсатмаган. Хоразмда 1924 йилнинг бошида қозоқ-қорақалпоқ вилояти кўпроқ бошқа йирикроқ гуруҳларга нисбатан шундай усул татбиқ этилганлиги муносабати билан тузилган эди. Бундан ташқари, бу кўп жиҳатдан Ўрта Осиё бюроси фаолиятининг маҳсули эди. 1924 йилда кейинроқ Хоразм ҳукумати Хоразм республикасини миллат принципи бўйича тузиб чиқиш режасини қабул қилди. Бироқ бунда асосий мақсад республика таркибида миллий вилоятлар ташкил этиш эмас, балки марказий совет ҳокимиятини қаноатлантириш эди.

Шу билан бир вақтда Хоразм ҳукумати Хоразм республикаси миллий чегараланиш режасига дучор қилинмаслиги ҳамда Туркистон республикасининг Амударё вилояти [ҳозирги Қорақалпоғистон Республикаси] Хоразм республикасига қўшиб берилиши лозимлигини маълум қилди. Ушбу вилоятда асосан қорақалпоқлар яшаши туфайли Амударё вилоятининг Хоразм билан қўшилиши миллий бирлашув сифатида қаралиши мумкин эди.

1961 йилда чоп этилган Беннигсен ва Лемерсье-Келькеженинг мақоласига кўра қорақалпоқларни ўзбеклар ва қозоқлардан ажратишга асослар кам бўлган:

“Улар [қорақалпоқлар] шевасидан бошқа ҳеч бир жиҳати билан – на тарихий урф-одатлари билан, на ижтимоий ва маданий анъаналари билан ўзбек ва қозоқ қардошларидан фарқ қилмайди. Уларнинг маданий урф-одатлари ўзбек ва қозоқ урф-одатларининг оралиғида жойлашган”.

Хоразм республикаси миллий чегараланишдан бўйин товлаганда кўпчилик қорақалпоқлар, ҳам коммунист бўлган, ҳам коммунист бўлмаган қорақалпоқлар Амударё вилояти Хоразм республикаси билан бирлаштирилишини қўллаб-қувватлади.

Хоразм ҳукумати миллий чегараланишни ёки Хоразм республикасининг тугатилишини бошқа қўллаб-қувватламаслиги ҳақида Ўрта Осиё бюросига маълум қилганида улар ўз мақсадларига эътиборни тортмоқчи бўлди. Албатта, Хоразм ҳукумати уларнинг миллий чегараланиш лойиҳасидан бош тортаётганини марказий совет ҳокимияти маъқулламаслигини жуда яхши англаб етарди. Шунга қарамай, афтидан, улар чегараланиш бўйича бундай рақобат совет ҳокимиятнинг шахтини туширишига умид қилган. Бу эса хоразмлик коммунистларда совет ҳокимиятининг бирдан-бир мақсади аслида турли миллий сиёсий тузилмаларни ташкил этиш эканлиги ҳақида тасаввур уйғонганлигидан дарак беради.

Бироқ совет ҳокимияти учун Хоразм республикасини, унинг ички тузилиши қандай бўлишидан қатъи назар, миллий чегараланиш лойиҳасидан четда қолдириш номақбул эди. Совет ҳокимияти томонидан ўтказилган босим натижасида Хоразм ҳукумати 26 июлда миллий чегараланиш ўтказилишини тўлиқ қўллаб-қувватлаши ҳақида резолюция қабул қилди. Хоразм ҳукумати Хоразмни бутун сақлашдан бошқа маъни йўқлигини, туркманлар ва ўзбеклар яшайдиган вилоятлар тегишли миллий республикаларнинг бир қисмига, қорақалпоқлар яшайдиган ҳудуд эса алоҳида миллий автоном вилоятга айлантирилиши лозимлигини маълум қилди.

Шу лаҳзадан эътиборан Хоразм республикаси тарқатиб юборилиши ҳамма учун аниқ ва равшан бўлиб қолди. Хоразм қисмларга бўлиб ташланиши очиқ-ойдин бўлиб қолганидан кейин вазият ўзгарди. 1924–25 йилларда Амударё вилоятида Оргбюро котиби бўлган А. Досназаров қорақалпоқ коммунисти деб аташимиз мумкин бўлган етакчи шахс эди. Досназаров ва унинг қорақалпоқ ҳамфикрлари Ўрта Осиё бюросига қорақалпоқлар билан боғлиқ мактубларни йўллай бошлади ва уларнинг мазмун моҳияти қуйидагича эди: “миллий ҳудудий чегараланиш ўтказилиши муносабати билан, шак-шубҳасиз, қорақалпоқлар учун ҳам автоном вилоят ташкил этиш зарур”. Қорақалпоқлар воқеаси қирғизларникига ўхшаш эди. Афтидан, миллий чегараланишга қадар қорақалпоқлар орасида националистик кайфиятлар ва фикр-мулоҳазалар кузатилмаган. Аксинча, миллий ҳудудий чегараланиш лойиҳаси қорақалпоқларда миллий талаблар пайдо бўлишига олиб келди.

Туркистон республикасида миллий хусусиятларга кўра маъмурий-ҳудудий ўзгаришлар олдинроқ бошланди. 1921 йилда Каспийорти вилояти туркман вилоятига айлантирилди. Айрим ҳудудларнинг бор-йўғи номи ўзгарган бўлса ҳам бу ўта муҳим аҳамиятга эга эди. Бу ҳудудий сиёсий тузилмаларни ташкил этишда географик мансублик эмас, балки этник мансублик асосий принцип бўлганлигини билдирар эди. 1922 йилнинг апрелида Туркистон марказий қўмитаси Еттисув ва Сирдарё вилоятларининг ҳудудларини тоғли вилоятга айлантириш орқали алоҳида қирғиз вилоятини таъсис этди. Бухоро республикасида ҳам воқеалар шундай ривожланди. 1921 йилда туркман миллий филиали ташкил этилди, 1923 йилнинг охирига келиб эса маркази Чоржуйда бўлган туркман вилояти ташкил этилди.

Совет историографиясига кўра, бундай чоралар Лениннинг миллатлар ўз тақдирини ўзи белгилаши лозимлигини назарда тутувчи сиёсатини аста-секинлик билан рўёбга чиқариш томон қўйилган табиий қадамлар эди. Ушбу маъмурий ўзгаришлар совет тузуми томонидан ана шундай тарзда тушунтирилган. Аслида бу прогматик ёндашувнинг бир қисми бўлгани ҳақиқатга яқинроқ.

Советлар тарқатган фикрга кўра, “миллий ҳудудий чегараланиш Марказий Осиё аҳолиси талабларининг маҳсули ва уларнинг миллий давлатчилик ҳақидаги кўп асрлик орзу-умидларининг рўёбга чиқиши” бўлган. Эдвард Оллворт, бошқа тарафдан, Ғарб олимлари орасида кенг тарқалган фикрга қўшилади. Унга кўра, ушбу тилга олинган “маҳаллий истаклар” миллий чегараланиш лойиҳасини гўё маҳаллий ташаббус сифатида кўрсатиш мақсадида Москва томонидан сохталаштирилган. Э.Оллворт ҳудудларни ажратиш миллий ҳудудий чегараланиш стратегиясининг бош мақсади бўлганлигини ва бу аслида ўзбекларга қарши қаратилганлигини таъкидлайди. Оллвортнинг фикрича, ўзбеклар Марказ учун ўзгача хавф уйғотар эди. Марказий Осиёнинг интеграциялашувига олиб келиши мумкин бўлган кучлар ўзбеклар билан боғлиқ эди: улар географик жиҳатдан минтақанинг катта қисмига ёйилганди ва бошқа халқларни этник ассимиляция жараёнига жалб қилиш учун катта сиёсий ресурсларга эга эди. Бундай ассимиляция охир-оқибат минтақанинг интеграциялашувига олиб келиши мумкин эди, бу эса совет ҳокимиятини таъсири кучлироқ бўлган ўзбекларни Марказий Осиёнинг бошқа халқларидан ажратиш мақсадида миллий ҳудудий чегараланиш ўтказишга ундади. Оллвортнинг фикрича, миллий чегараланиш тўлалигича Москванинг лойиҳаси бўлган ва маҳаллий аҳолининг, айниқса ўзбеклар яшайдиган минтақалар аҳолисининг кескин қаршилигига учраган. Жон Шоберлайн эса “миллий республикалар ташкил этилаётганда ушбу янги миллий республикалар билан боғлиқ нуфузли тузилмаларда ўз мартабасини ошириб олиш имкониятини фаҳмлаган Марказий Осиё раҳбарларининг бир қисми большевиклар томонидан ёлланган эди” деб таъкидлайди.

1923 йилнинг охирида ва 1924 йилнинг бошида Ўрта Осиё бюроси томонидан Марказий қўмитага берилган ҳисоботлар турли ташаббуслар чинакам миллий талаблар сифатида баҳоланганлигини кўрсатади. Россия коммунистик партияси Марказий қўмитасининг 1924 йил январь ойи бошидаги маърузасида Карклин туркман коммунистлари, шунингдек коммунист бўлмаган туркманлар томонидан талаблар кучаётганлиги ҳақида қуйидагиларни маълум қилди: “Туркманлар ишлари билан таниш бўлганимдан буён туркман меҳнаткашлари, партия аъзолари, шунингдек партияга аъзо бўлмаганлар орасида Туркистон ва Бухоро республикаларининг туркманлар яшайдиган ҳудудларини бевосита РСФСР билан боғлиқ автоном [туркман] республикасига айлантириш истаги кучайиб бормоқда. Туркманлар уларга нисбатан [ўзбеклар] адолатсиз муносабатда бўлаётганидан, уларга кам эътибор бераётганидан, уларни маҳаллий ишларга камроқ жалб этаётганидан қаттиқ нолимоқда. Ўртоқ Отабаев туркман автономияси масаласи Ўрта Осиё бюросида кўтарилишини талаб қилмоқда”. Ўз таклифларида туркман коммунистлари қуйидагиларни билдирган эди: “Туркманларни фақат сиёсий ва маъмурий чоралар билан тинчитиш мумкин. Сиёсий жиҳатдан туркманлар ўз тақдирини ўзи ҳал қилиш ҳуқуқига эга бўлиб, ўз минтақасига эга бўлиши керак. Шунингдек туркманлар Хоразмни бошқаришда тенг ҳуқуққа эга бўлиши лозим”.

1922 ва 1923 йилларда Хоразм республикасининг туркман конференциялари республика ҳукуматига туркман вакилларини қўшиш ва туркманлар яшайдиган вилоятларни мустақил вилоятга айлантириш зарурлигини бир неча бор таъкидлади. Бундан ташқари, улар Туркистон республикасининг туркманлар яшайдиган вилоятларини [Хоразмдаги туркман вилоятлари билан] бирлаштириш зарурлигига урғу берди. Ниҳоят 1924 йилнинг апрелида туркман вилояти ташкил этилди. Туркман миллий талаблари Хоразм билан кифояланиб қолмади. 1923 йилнинг сентябрида Бухоро туркманларининг тўртинчи конференцияси Бухоро республикаси ҳукуматидан туркманлар яшайдиган ҳудудларда алоҳида маъмурий вилоят ташкил этилишини сўради.

1923 йилнинг октябрида ўтказилган тўртинчи Бухоро конференциясида бу талаб қондирилди. Унга кўра “Чоржуй ва Қарши вилоятларининг туркман аҳолиси туркман ижроия қўмитаси томонидан бошқариладиган алоҳида маъмурий вилоятларга бириктирилди”. Туркманлар талабларини муҳокама этиб, коммунистик партия 1923 йил декабрь ойи охирида қуйидаги хулосаларга келди: “Туркман аҳолиси орасида туркман халқи учун алоҳида ҳудудий тузилма ажратиш истаги мавжудлиги боис Ижро этувчи бюро бу масалани муҳокама этиш зарур деб ҳисоблайди”. Муҳокама жараёнида туркман вилоят қўмитаси Россия коммунистик партиясининг Марказий қўмитасига ва Ўрта Осиё бюросига Бухоро республикасининг туркманлар яшайдиган туманларини бирлаштириш ва СССР таркибида мустақил миллий республика ташкил этиш сўралган талабни йўллади. Туркман қўмитаси этник нуқтаи назардан туркман шаҳарлари йўқлигидан ниҳоятда ташвишланди.

Шу асосда туркманлар Хоразм шаҳарларидан бири, ҳатто ушбу шаҳарда ўзбеклар кўпчиликни ташкил этса-да, туркман республикаси таркибига берилиши кераклигини таъкидлади. Тошҳовуз (Дашавуз) шаҳари ана шундай шаҳар эди. Ушбу шаҳар ўзида туркман-ўзбек чегара туманини ва минтақанинг туркман аҳолиси учун муҳим шаҳар марказини ифодалар эди.  Туркман қўмитаси бўлғуси республикани бошқариш учун шаҳарлар зарурлигига урғу берди ва Айтақов шундай деди: “Дашавузсиз туркман республикаси ҳеч қандай марказга эга бўлмайди.  Бу марказ сифатида хизмат қилиши мумкин бўлган ягона шаҳардир. Шаҳар аҳолиси 10 000 дан ортиқ ўзбеклардан иборат бўлса-да, биз Дашавуз шаҳри туркман республикаси таркибига берилишини сўраймиз”. Тошҳовуз шаҳрининг туркман республикаси таркибига киритилиши Москва бошқармаларида қабул қилинган ўзбошимча қарорлар маҳсули бўлиб қолмади. Бу модернизациялаш режасининг бир қисми эди. Ҳудудий қўмита аъзоларидан бири қуйидаги фикрларни билдирди: “Тошҳовуз шаҳри аҳолиси фақат ўзбеклардан иборат.

Шу сабабли айримларнинг фикрича, шаҳарни Туркманистон таркибига қўшиш мумкин эмас. Бундан ташқари, улар туркманлар ва ўзбеклар ўртасида қадимдан қолган адоват бундай қарор қабул қилиниши номақбул бўлади деб айтяптилар. Шунга қарамай, туркманларни ўз томонимизга оғдириб олиш ҳамда тинч меҳнат қилишга ва маданий ҳаёт кечиришга мажбурлаш учун улар шаҳарларга эга бўлиши керак, уларда эса Тошҳовуздан бошқа шаҳар йўқ. Хоразм туркманларининг марказини белгилаш учун Тошҳовуз шаҳрини туркманларга бериш керак. Мен ўзбек ҳам эмасман, туркман ҳам эмасман, бироқ бу менинг фикрим”. Ўзбек қўмитаси диққат-эътиборини Амударёнинг ўнг қирғоғида жойлашган Чоржуй минтақасидаги Фароб туманига қаратди. Туркман қўмитаси ҳам Фароб туманига даъво қилаётган эди ва қизиғи шундаки, Ҳудудий қўмита бу масалани Тошҳовуз масаласидан фарқли тарзда ҳал қилди. Фароб тумани борасида у ёки бу республикаларнинг маъмурий, сиёсий ёки иқтисодий келажагидан келиб чиққан ҳолда туманни ўзбек ёки туркман республикалари таркибига киритиш зарурлиги ҳақидаги таклифлар янграмади. Баҳс туман аҳолисининг шунчаки фуқаролиги билан боғлиқ масала устида эди. Иккала қўмита ҳам уларнинг миллий гуруҳи Фароб туманида кўпчиликни ташкил этишини таъкидлади. Охир-оқибат Фароб тумани Чоржуй минтақасининг қолган қисми билан бирга туркман республикаси таркибига киритилди. Нима учун?

Ҳеч бир қўмита ўз даъвосидан воз кечмаганлиги туфайли Ҳудудий қўмита раиси Зеленский Фароб аҳолисининг миллий таркибини аниқлаш учун комиссия тузишни таклиф қилди. Туркманлар тарафи бунга ҳожат йўқлигини, 1923 йилда Бухоро республикасида туркман вилояти ташкил этилганда ишончли маълумотлар тўпланганлигини маълум қилди. Ушбу маълумотлар ўз даъвосини қўллаб-қувватлашини билган туркманлар ўша материалдан фойдаланишни тавсия қилди. Этнографик тадқиқотларнинг якунини фаҳмлаган Файзулла Хўжаев материални қаттиқ танқид остига олди ва бу масалана яна бир марта ҳал этиш зарурлигини таъкидлади.

Бундай қарама-қарши нуқтаи назарлар асосида қўмита овоз беришни таклиф қилди. Биринчи вариант янги тадқиқотлар ўтказишдан, иккинчи вариант ишни 1923 йилги материал асосида ёпишдан иборат эди. Охирги вариант танланди ва қарор қабул қилиш учун уч нафар аъзодан иборат қўмита таъсис этилди (Отабаев туркманлар тарафидан, Файзулла Хўжаев ўзбеклар тарафидан ва Карклин Ўрта Осиё бюросидан). Натижада Фароб туркман республикасига таркибига қўшилди. Советча усул билан чегараларни аниқлашнинг ушбу иккита мисоли биз учун нимани англатиши мумкин? Ҳеч бўлмаганда, ушбу иккита мисол чегараларни аниқлашда турли вазиятларда турли принципларга таянилганлигини кўрсатиб беради. Фароб масаласида миллатга таяниб чегараланиш ўтказилди. Тошҳовуз шаҳрига келсак, иқтисодиёт ва бошқарув билан боғлиқ далил-исботлар ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Умуман олганда, туркман ва ўзбек республикалари ўртасидаги чегарани аниқлаш нисбатан муаммосиз бўлди. Ўзбеклар ва қозоқлар, шунингдек ўзбеклар ва қирғизлар ўртасидаги чегараларни аниқлаш катта низо ҳамда баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Ушбу халқлар ўртасидаги чегарада жойлашган туманлар туркман-ўзбек миллий чегараланиши жараёнида ажратилган туманларга қараганда этнографик нуқтаи назардан мураккаброқ эди.

Табиийки, бундай вазият Фарғона водийсида кузатилди. Бу ерда ўзбеклар ва қирғизлар бир-бирига зид талаблар билан чиқди. Чегарани аниқлашда ушбу минтақанинг муҳим пахта ресурслари катта иқтисодий аҳамиятга эга эди. Кўпинча даъволар водийнинг Қўқон, Фарғона, Андижон, Ўш ва Наманган шаҳарларига тааллуқли бўлди. Қирғизларнинг ушбу мунозаралар чоғидаги ёндашуви юқорида туркманлар қўллаган усулларга ўхшаш эди. Ўзбеклар яшайдиган ҳудудлар ўзбекларнинг ўз этнографик чегаралари ва ижтимоий-иқтисодий ҳаёт тарзига мос келар эди, бунга қарши қирғизлар этнографик нуқтаи назардан уларда бирорта ҳам шаҳар йўқлигини эътироф этиб, туркманлар каби улар ҳам алоҳида сиёсий субъект шаҳар марказларисиз бўлмаслигига урғу берди.  Ўзбеклар ва қирғизлар ўз таклифларини тақдим этганларида улар ўртасидаги тафовут катта эди.  Ўзбеклар томони, умуман олганда, қирғизлар кўпчиликни ташкил этмаган шаҳарни қирғиз вилояти таркибига киритиш зарурлигини эътироф этди. Бироқ амалиётда эса улар бунинг оқибатларини қабул қилишни хоҳламас эдилар. Ўзбек қўмитаси ҳар бир шаҳарни алоҳида-алоҳида кўриб чиқиб, уларнинг аҳолиси асосан ўзбеклар эканлигини таъкидлаб, барча ушбу шаҳарлар ўзбек республикаси таркибига киритилиши кераклигини маълум қилди. Хусусан, улар қирғизларнинг Андижон шаҳрига даъволарини қабул қилмади. Андижон шаҳри иқтисодий муҳим аҳамиятга эга бўлганлиги боис иккала томон учун ўзига хос қизиқиш уйғотди. Қўқон шаҳри билан бир қаторда Андижон шаҳри Фарғона водийсининг асосий иқтисодий маркази эди, бу эса баҳс-мунозараларда яққол ўз изини қолдирди.   Ўзбек қўмитаси Фарғона водийсида жойлашган шаҳарлар устида баҳс юритар, қирғиз қўмитаси эса айрим шаҳарлар қирғиз халқи ва бўлажак қирғиз республикаси учун муҳимлигини таъкидлашда давом этар эди. Жумладан, қирғизларнинг диққат-эътиборини Ўш шаҳридан кўра кўпроқ Андижон шаҳри ўзига жалб қилди. Шунга қарамай, чегаралар ўрнатилгандан кейин Андижон шаҳри Фарғона водийсининг кўпчилик бошқа шаҳарлари каби ўзбек республикаси таркибига киритилди, шу билан бир вақтда Ўш шаҳри қирғиз вилоятига қўшиб берилди (у вақтда ҳозирги Қирғизистон ҳудуди республика эмас, балки қирғиз вилояти деб номланган).  Ўзбеклар ва туркманлар ўртасида миллий чегараланиш ўтказилганда, ўзбекларнинг Тошҳовуз шаҳри туркман республикасига қўшиб берилишига қаршилик кўрсатганини айтмаса, бундай маҳаллий реакциялар умумий олганда кузатилмаган эди. Фарғона водийсида ўтказилган миллий чегараланишга келсак, бу ерда вазият бутунлай бошқача бўлди. Бу ерда Ўрта Осиё бюроси кўплаб мурожаат ва эътирозлар қабул қилиб олди. Бундай мурожаатлар ўз ерлари қирғиз вилояти таркибига қўшиб берилаётганлигидан норози бўлган аҳоли томонидан юборилган эди. Улар ушбу мурожаатларда уларнинг ерлари ўзбек республикаси таркибига киритилишини талаб қилиб чиқди. Барча илтимослар Ўш, Марғилон, Андижон ва Жалол-Обод каби аҳоли пунктларидан келиб тушди. Кўпчилик шикоятлар муайян туман ёки вилоят “фуқаролари” номидан тақдим этилган эди. Шунингдек айрим мурожаатлар қишлоқ жойлардан ҳам юборилди. Уларнинг қаерга мансублигидан қатъи назар бундай илтимослар, одатда, кўпчилик томонидан имзоланганди. Мурожаатларнинг бирида имзолар сони 2 000 дан ортиқ эди. Муайян ҳудудни қирғиз вилоятига эмас, балки ўзбек республикаси таркибига киритиш зарурлиги борасидаги мурожаатлар ҳар доим ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитларга асосланди. Бундай турдаги мурожаатлардан бири 1924 йилда Марғилон уездининг Ичкилик волости аҳолиси номидан Туркистон муҳторияти ҳукуматига юборилди:  “Ўш уезди фуқароларидан биз Марказий Осиёда миллий ҳудудий чегараланиш ўтказилиши ҳамда алоҳида ўзбек, қирғиз ва тожик республикалари ташкил этилиши ҳақидаги хабарларни эшитдик. Ушбу мурожаатни имзолаш билан биз, яъни 2 250 нафар Ичкилик волости фуқаролари Туркистон Марказий Қўмитасидан бизни ўзбек республикаси ҳудудида жойлашган Марғилон уездида қолдиришингизни сўраймиз. Ўнлаб йиллар давомида биз қишлоқ хўжалиги билан шуғулланиб келганмиз, орамизда бошқа касб эгалари йўқ. Бундан ташқари, биз бир-биримизни ўзбек ва қирғизга ажратмаймиз, биз бир оиладек яшаймиз. Бизнинг иқтисодий ҳаётимиз ҳар жабҳада ўзбеклар билан боғлиқ. Шуларни эътиборга олган ҳолда биз Туркистон Марказий Қўмитаси бизни ўзбек республикасининг Марғилон уездида қолдириш ҳақидаги илтимосимизни қондиради деб умид қиламиз”.   Марғилоннинг бошқа (Найман) уездидан олинган шундай илтимос билан бирга Туркистон ҳукумати қуйидаги изоҳлар ёзилган мурожаатни Ўрта Осиё бюросига юборди: “[Ичкилик ва Найман волостларида яшовчи] қорақирғиз [қирғиз] деҳқонлари улар Марғилон уездидан ажратилиб, қорақирғиз [қирғиз] вилояти таркибига қўшилишдан қатъий бош тортмоқда”. Бундай ташаббуслар Ўш, Андижон ва Жалол-Обод шаҳарларида ҳам кузатилди. Миллий республикалар ва вилоятлар ташкил этилаётганлигини танқид қилмай, ушбу арзгўйлар уларнинг ўтроқ турмуш тарзи ва қишлоқ хўжалиги билан бандлиги уларнинг этник гуруҳини ўзбек республикаси таркибига киритиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади. Андижон уездининг Бозорқўрғон вилояти фуқаролари қуйидагиларни баён қилди: “Биз асосан қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчи жамоамиз. Орамизда қорақарғизларга [қирғизларга] ўхшаш кўчманчилик билан шуғулланувчилар йўқ ва иқтисодиётимиз ўзбекларники билан узвий боғлиқ. Ҳудудий қўмита бизни у ёки бу республика (ўзбек ёки қорақирғиз [қирғиз] республикаси) ҳудудига киритиш масаласини кўтарган экан, бизни биринчи республика ҳудудига киритишларини сўраймиз”.

Ижтимоий-иқтисодий тузилмалар ва миллий гуруҳлар ўртасидаги ўхшашликлар орасида ўшлик ўзбекларнинг қуйидаги мазмундаги биргина мурожаати эътиборни ўзига тортади:  “Ҳозирги вақтда шаҳарда ўзбеклар қирғизлардан анча кўп. Шу сабабли биз ушбу шаҳар ўзбек республикаси таркибига киритилишини сўраймиз”. Бундай ҳар хил мисоллар Фарғона водийси ҳудудий чегаралиш ўтказиш учун мутлақо мос келмаслигини ва фақат миллий чегараланишгина кишиларни ўз миллатига мурожаат қилишга мажбур қилганлигини кўрсатиб бермоқда. Ўзбек ва қирғиз қўмиталари бўлғуси чегаралар ҳақида ўз таклифларини тақдим этганларида бир неча банд юзасидан низо келиб чиқди. Улар асосан Ҳудудий қўмитада ўтказилган мунозаралар орқали ҳал этилди. 20 август куни Ҳудудий қўмита иккала қўмита ўртасида махсус маслаҳат мажлиси ташкил этди. Унда томонлар барча низоли туманларни муҳокама этди. Бир-бирига зид арзномалар бирин-кетин кўриб чиқилди ва иккала томон тарафидан қабул қилинган лойиҳа яратилди. Биринчидан, учрашувда иккала қўмита учун мақбул бўлган Наманган, Марғилон ва Қўқон уездларининг чегаралари тасдиқланди. Иккинчидан, сўз шунингдек Андижон ва Ўш уездлари ҳақида ҳам борди. Бу ерда музокаралар чоғида иккала томон айрим талаблардан воз кечди. Бундай муроса натижасида ўзбек республикаси ва қирғиз вилояти ўртасида чегара тузилди. Шундан кўп ўтмай Ҳудудий қўмита ушбу лойиҳани қабул қилди ва Карклин Сталинга қирғиз вилояти чегаралари билан боғлиқ масала бўйича тўлиқ келишувга эришилганлиги ҳақида мамнуният билан хабар етказди.

Фарғона водийси миллий белгилар бўйича ҳудудий чегараланиш ўтказишга умуман мос келмасди. Аслида 1923 йилнинг охирида Фарғонадаги коммунистлар Туркистон муҳториятига унинг таркибида Фарғона автоном вилоятини ташкил этиш илтимоси билан мурожаат қилган эди. Эдвард Оллвортнинг фикрича, бу ташаббус “эҳтимол Ўрта Осиёда муайян миллат номи билан аталмайдиган давлат тузилмасини сақлаб қолишга қилинган туркистонликларнинг сўнгги интилиши” эди.

***

Айримлар қозоқлар ва ўзбеклар ўртасидаги курашни шубҳа остига олиши мумкин, бироқ ҳақиқат шуки, асосий кураш қозоқлар ва ўзбеклар номидан олиб борилди. Сергазиевнинг фикрича, вазият жуда танг эди ва кескин чоралар кўрилишини талаб қиларди. У 1923 йилда миллий ҳудудий чегараланиш жараёнида рўёбга чиқарилган қуйидаги таклифни ўртага ташлади: “Ҳар ким бу масалани дарҳол ҳал этишни режалаштирмоқда ва мен энг яхши усулни – Туркистонни иккита республикага – ўзбек ва қозоқ республикасига бўлишни таклиф қиламан. Буни зудлик билан амалга ошириш зарур деб ўйлайман, чунки масъул ходимлар давраларида кўтарилган қозоқ-ўзбек масаласи халқ орасида оғир оқибатларга, ҳатто қисқа муддатли қон тўкилиши ёки қирғинга олиб келиши мумкин”. Буни қандай талқин қилиш лозим? Ўрта осиёлик коммунистларнинг миллатга асосланган сиёсий тузилмаларни ташкил этишга доир бундай талаблари ва хоҳиш-истаклари чинакам талаб ва хоҳиш-истаклар эдими? Ёки бу талаблар совет ҳокимияти томонидан сохталаштирилганмиди?

Бундай миллий талаблар, энг аввало, туркманлар ва қозоқлар номидан кўтарилди. Биринчидан, қозоқлар Туркистон АССР ҳудудида яшовчи қозоқларни Қозоқ АССР билан бирлаштиришни ёки “Катта Қозоғистонни” ташкил этишни талаб қилиб чиқди. Иккинчидан, Туркистоннинг қозоқ аҳолиси учун алоҳида сиёсий субъект ташкил этиш ғояси мавжуд эди. Шунингдек қирғизлар номидан ҳам талаблар янгради. Бироқ ўзбеклар ва тожиклар номидан миллий талаблар миллий чегараланишга қадар бўлган даврда кўзга ташланмади.   Кўпчилик ҳолларда турли ҳудудлар ёки этник гуруҳлар учун кечган курашда ўзбеклар бир тарафдан, қозоқ, туркман ёки қирғизлар бошқа тарафдан иштирок этди. Тожиклар дастлаб бундай низоларга жалб этилмади. Бу тожиклар миллий чегараланиш жараёнидан четда қолиб кетганидан дарак бермайдими? Менимча йўқ. Гарчи Ҳудудий қўмитанинг тожик бўлинмаси нисбатан кеч ташкил этилган бўлса-да, тожиклар ўз сиёсий субъектини ташкил этишга доир баҳс-мунозараларда қатнашди. Имомов, Хожибоев ва Саиджонов тожиклар вакиллари этиб тайинланди. Бошқа тарафдан эса тожик бўлинмаси даставвал Файзулла Хўжаев томонидан тузилган тожик вилояти режасини қабул қилди холос. Тожикистон республикаси миллий чегараланиш жараёнида таъсис этилган субъектлар орасида энг ночор, иттифоқдош республикалар орасида эса энг қашшоқ республикага айланди. Хўжанов [қозоқ миллатчи коммунисти] бунга қуйидагича изоҳ берди: “Тожик миллий марказлари ўзбек республикаси таркибида қолиб кетаяпти. Алоҳида тожик миллий вилояти эса тоғли ва бориш қийин бўлган туманлардан ташкил топган… Агар бундай вилоятга зарурат бўлса, нима учун Тожикистон чегарасини ичкарироққа, масалан Самарқанд вилоятига қадар тортиш мумкин эмаслигини тушуниш қийин. Самарқанд вилояти тожиклар учун анча бой ерларни тақдим этган бўлар эди… Менимча бу масала етарлича пухта тайёрланмаган, лекин тожик оғайнилар тожик вилояти фақат тоғли ҳудудлардан ташкил этилганлигини билдирувчи қарордан жуда мамнун кўринади”.  Тожик қўмитасининг аъзоларидан бири Имомов тожик вилояти “асосан тоғли дўнгликлардан” таркиб топганлигини, бироқ улар “бу масалани ўзбеклар билан келишиб бўлганликларини” қайд этди. Эътиборлиси шундаки, тожик масаласини тожиклар ўзлари эмас, балки қозоқлар кўтариб чиқди. Тожик қўмитаси эса лойиҳани қаршиликсиз қабул қилди, бу эса тожик масаласи ўзига хос бўлганидан дарак беради.

Шунга қарамай, бир неча йил ўтгач вазият бутунлай ўзгарди. 1924 йилда ўзбек-тожик чегараланишига розилик берган шахсларнинг кўпчилиги 1929 йилда анча кескин тожик националистик нуқтаи назарини билдирди. 1924 йилда миллий чегараланишни бирорта ҳам қарши сўз билдирмай қабул қилган тожиклар энди тожик республикасининг чегараларини умуман рад этди. Тожик миллатчилари Тожикистон АССР ўзбек республикаси таркибидан чиқарилишини талаб қилди. Бу талаб 1929 йилда рўёбга чиқарилди. Бундан ташқари, улар ҳудудларни қайтадан бўлиб чиқишни ва қуйидаги ҳудудларни тожик республикаси таркибига ўтказиб беришни талаб қилди: Хўжанд вилояти, Самарқанд шаҳри ва Эски Бухоро, шунингдек Сурхондарё вилоятининг шимолий қисми. Шубҳасиз, бу талабларни қондириш мураккаб эди. Тожик республикасига ён бериш Ўзбекистон томонининг норозилигига сабаб бўлар эди. Ёлғиз Хўжанд вилояти 1929 йилда тожик республикасига берилди, қолган барча сўралган туманлар Ўзбек Совет Социалистик Республикаси таркибида қолдирилди. Ўзбекистон таркибидан Хўжанд вилоятининг чиқарилиши ва Тожикистон таркибига ўтказилиши ушбу қарама-қарши томонлар ўртасидаги муроса эди.

Аввал келтирилган “ўттиз нафар қозоқ меҳнаткашлари” томонидан Ўрта Осиё бюросига юборилган мактубда биз қозоқларнинг ўзбекларга қарши қаратилган миллатчилигига гувоҳ бўлгандик. Миллий ҳудудий чегараланиш жараёнида фаол иштирок этган Хўжановнинг [қозоқ миллатчи коммунистининг] шиддатли курашида бундай қозоқ-ўзбек дихотомияси ҳар доим мавжуд бўлган ва бу ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий ва маданий хусусиятларни касб этган [дихотомия – бир-бирини тўлиқ истисно этувчи фикрларга бўлинадиган тушунча]. Бундан ташқари, Хўжановнинг ўзбек-қозоқ дихотомияси маданий жабҳани – дин ва кундалик турмушни ҳам қамраб олар эди. Хўжановнинг хулосаларидан бирига кўра, қозоқ маданияти “Ғарб” маданиятини эслатарди, бу эса қозоқлар диндор ўзбекларга нисбатан дунёвий маданиятга эга бўлганлигини англатар эди.

Хўжановнинг ўзбеклар ва қозоқлар ўртасидаги тафовут ҳақидаги қарашида ҳар доим уч карра дихотомия мавжуд бўлган: мазлум ва эзилган кишидан фарқли ўлароқ золим ва эксплуататор, секуляризмдан фарқли равишда диний бағритошлик ва, эҳтимол, фанатизм, ниҳоят, Шарқ маданиятидан фарқли Ғарб маданияти. Совет ҳокимиятининг мурувватига сазовар бўлишга интилаётгандек кўринган қозоқларнинг шикоят қилишини кузатиш мароқли эди, чунки Хўжанов қозоқлар борасида келтирган барча хислатлар инқилобни уюштирган тузум томонидан жуда юқори баҳоланар эди. Ўзбеклар ва қозоқлар ўртасида миллий чегараланиш ўтказиш анча катта муаммоларни туғдирди. Бу турли баҳс ва низоларга олиб келди ҳамда Ҳудудий қўмита ўз фаолиятини икки халқ вакиллари ўртасидаги душманлик кайфияти билан суғорилган муҳитда олиб борди. Албатта бу иккала халқ вакиллари ўртасида манфаатлар ва ресурслар учун кечган сиёсий кураш эди. Қозоқлар ва ўзбеклар турли этник гуруҳларнинг миллий мансублигини аниқлаш мақсадида баҳс олиб борди. Қурамалар, турклар, қашғарликлар ва муайян даражада сартлар ана шундай этник гуруҳлар жумласига киради. Ушбу гуруҳлар орасида қурамалар ўзининг сони туфайли энг муҳими эди. Бу масала Ҳудудий қўмитада ўзбеклар ва қозоқлар ўртасида шиддатли баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Чегара масаласи кўтарилгани сайин ўтроқ халқ ва кўчманчилар ўртасидаги тафовут тобора катта аҳамият касб эта бошлади. Қурамаларни ўзбеклар деб ҳисоблаш кераклигини исботлашда ўзбеклар томони диққат-эътиборни ижтимоий-иқтисодий мезонга қаратди. Ҳудудий қўмитада қурамалар масаласи бўйича бўлиб ўтган кўпчилик баҳс-мунозараларда ўзбеклар томони бир неча марта қуйидаги асосни таъкидлади: “Қурамалар қўчманчи эмас, ўтроқ деҳқонлардир, улар қозоқлар билан эмас, балки ўзбеклар билан узвий боғлиқ”. Ўзбеклар томони қурамаларнинг тили ва шажарасини ўрганиш ҳам қурамалар ўзбеклар деб хулоса қилиш мумкинлигига урғу берди. Улар қурамалар ассимиляция жараёнининг ўртасида турганлигини ва қурамаларнинг кўпчилиги ўзбекларга айланганлигини таъкидладилар.  Қозоқлар томони ассимиляция фикрини рад этди. Бунинг ўрнига улар илк шарқшунослар каби қурамалар ўзларини қайси халққа мансуб деб билишига камроқ эътибор бериб, “қурамалар аслида ким бўлганлигини” исботлашга уриниб кўрди.

Масалан, улар кўпинча қурамалар асли қозоқлар бўлганликларини ва “қурама” сўзи қозоқча сўз эканлигини тез-тез ажратиб кўрсатди. Шунингдек улар қурамалар ва қозоқлар ўртасида яқин тарихий алоқалар мавжудлигига урғу берди. Қурамалар ҳозирги вақтда ўзларини қайси халққа мансуб деб билишидан қатъи назар улар тарихий нуқтаи назардан қозоқларнинг аждодларидир дея таъкидлашди. Шунга қарамай, қурамалардан бирорта садо чиққанини тасдиқловчи ҳужжатни учратмадим. Бундан ташқари, йирикроқ гуруҳлар (масалан, сартлар) устида баҳс юритилганда ҳам бундай акс-садо янграмади. Агар [ўзбеклар ва сартлар ўртасида] бундай тафовут мавжуд бўлганда биз бундай садони эшитган бўлар эдик деб ҳисоблайман. Нима бўлганда ҳам бундай садо қашғарликлар (уйғурлар) масаласида қулоққа эшитилди. Қурамалар масаласида бўлгани каби ўзбеклар ва қозоқлар қашғарликлар/уйғурлар уларнинг миллатига мансублигини таъкидладилар. Бироқ бунда ўзбеклар ва қозоқларнинг даъволари жавобсиз қолмади.

Ўрта Осиё бюроси қашғар совет ёки партия меҳнаткашларидан бир қанча мактублар олди. Уларда уйғурлар бошқа халқлар ўртасида кечаётган кураш жараёнида “ўйинчоққа” айланиб қолаётганидан норозилигини билдирган эди. Сартлардан ҳам “сарт” халқини ифодалашни талаб қилувчи овозлар бўлгани йўқ. Шунга қарамай, сартлар масаласи миллий чегараланиш вақтида ўзбеклар ва қозоқлар ўртасида кечган кураш жараёнида муҳокама этилди. Ўзбеклар сартлар ва ўзбеклар бир халқ эканлигини таъкидларди, айни вақтда қозоқлар кучли ўзбек бирлиги юзага келишидан хавфсираб, бунга қаршилик кўрсатарди. Сартларнинг алоҳида этник гуруҳ эканлиги ёки ўзбеклардан фарқ қилиши юзасидан бирорта ҳам “сартлардан” арз бўлмади. Аслида сартлар ва ўзбеклар ўртасидаги тафовутлар борасидаги баҳс-мунозаралар вақтида билдирилган далил-исботлар учинчи томондан, хусусан қозоқлардан келиб тушди.

Ингеборг Балдхауфнинг фикрича, рус этнографлари, тарихчилари ва мутахассислари томонидан фойдаланилган “сарт” термини ушбу термин билан аталган халқ томонидан нотўғри ном деб эътироф этилди. Бу миллий чегараланиш вақтида Файзулла Хўжаев томонидан 1924 йил апрелда Ўрта Осиё бюросида билдирилган қуйидаги нуқтаи назарга мувофиқ келар эди: “Янги сарт халқи пайдо бўлаяпти деб эшитдим. Олимлардан ушбу терминнинг келиб чиқиши ҳақида сўраганимда улар менга ушбу сўз руслар билан бирга келганини ва у “сариқ ит” маъносини англатишини айтди. Демак, сартлар миллат ҳисобланиши мумкин эмас”.

Шунга қарамай, қозоқлар томонидан фойдаланилган далил-исботлар қизиқдир. Миллий мансубликни муҳокама этиш чоғида қозоқлар ташқи кучлар одамларни ўзининг ҳақиқий миллатини яширишга ва қўрқувдан ёки қулайлик учун ўзларини ўзбеклар деб ҳисоблашга мажбур қилганлигини тез-тез такрорлади. Қозоқларнинг фикрича, Бухоро республикасидаги қозоқлар, шунингдек бир қанча бошқа гуруҳлар билан шундай ҳолат юз берган. Марказий Қўмитага юборилган мактубда Бухоро республикасининг қозоқ қўмитаси аъзолари “бугунги кунгача қозоқлар жазога дучор бўлишдан қўрқиб ўзларини қозоқ деб атамай келди” деб шикоят қилди. Бир қанча ҳолларда қозоқлар ўз номини ўзгартиришга сабаб бўлиши мумкин бўлган, айниқса бу ўзбекларнинг сонини кўпайишига олиб келадиган ташқи омилларни қайта-қайта такрорлашдан толмади. “Сартлар” борасида бунинг тасдиғи йўқлиги қозоқлар учун унчалик муҳим эмас эди.

Сартлар хусусида ўз номини ўзгартириш учун ҳеч бир сабаблар кўрсатилмади. Бунинг ўрнига қозоқлар “сартларни” ўзбеклар билан тенглаштириш тарихий воқеликка мос келмаслигини ва бундай ҳодиса сунъий эканлигини таъкидлади. Энг асосийси, қозоқлар томони диққат-эътиборни тарихга қаратиб, ўзининг ҳақ эканлигини исботлашга уринди. Ҳудудий қўмитада улар қуйидагиларни таъкидлади:

“Аниқ ўзбек халқи мавжуд эмас. Ўзларини ўзбеклар деб атайдиганларнинг ҳаммаси ҳам аслида ўзбек эмас… Ўзбеклар қишлоқ аҳолиси бўлган, шаҳарликлар эса сартлар деб аталган. 1920 йилга қадар шаҳарликлар ўзбеклар билан бир халқ бўлмаган, лекин тахминан шу даврда шаҳарлик аҳоли ўзбек номидан фойдалана бошлаган… Демак, ўзбек халқи мавжуд эмас, бу шунчаки ном. Иккита халқ мавжуд – сартлар ва ўзбеклар”.

Ўзбеклар томони сартлар ва ўзбекларни эндиликда ажратиб бўлмаслигини қайд этди: “Бизнинг ишимиз тарихни титкилаш эмас. Энди “сартларни” алоҳида миллат сифатида фарқлашнинг умуман имкони йўқ. Ўтмишда инсонлар ўзларини ким деб аташидан қатъи назар ҳозирда улар ўзларини ўзбек деб ҳисоблайдилар. Айримлар биз сартларни сартлар, ўзбекларни ўзбеклар бўлишига имконият беришимиз керак деб айтаяпти. Бироқ сартларни ўзбеклардан ажратиш беъманиликдир ва бунинг имкони йўқдир”.

Қозоқлар томони, умуман олганда, ўзбеклар келтирган далил-исботларни тасдиқлади. Қозоқлар аввал сартлар деб номланган этник гуруҳлар ўзларини ўзбеклар деб атай бошлаганини инкор этмади. Қозоқларнинг асосий нуқтаи назари “сартлар ўзларини ким деб атамасин, улар сарт бўлиб қолаверади” дейишдан иборат эди.

Тошкент шаҳри ўзбеклар ва қозоқлар ўртасида катта жанжалга сабаб бўлди. Иккала томон ҳам Тошкент шаҳрига катта эътибор берганлигининг ажабланарли жойи йўқ, чунки бу шаҳар иқтисодий ва маъмурий нуқтаи назардан энг муҳим марказ бўлган. Ўзбеклар ва қозоқлар Тошкент шаҳри ва уезди уларнинг республикаларига қўшиб берилишини талаб қилди. Бу масала юзасидан музокаралар олиб бориш учун имконият йўқ эди ва Тошкент учун кураш миллий чегараланиш жараёнини, хусусан Ҳудудий қўмита ишини анча мураккаблаштирди. Иккала томон туркман-ўзбек ва ўзбек-қирғиз миллий чегараланишида қўлланган далил-исботлардан фойдаланди.

Бош масала Тошкентда қайси миллат яшашида эди. Қозоқларми ёки ўзбеклар? Қозоқлар томони Тошкент шаҳри миллий нуқтаи назардан “деярли тўлиқ ўзбеклар яшайдиган шаҳар” эканлигини тан олишар эди. Бунинг ўрнига туркманлар Тошҳовуз шаҳрига, қирғизлар Фарғона водийсидаги шаҳарларга даъво қилганида кузатилганидек қозоқлар диққат-эътиборни шаҳар атрофидаги аҳолига тортди. Қозоқлар томони қуйидаги далил-исботларни келтирди: “Тўғри, бугун Тошкент шаҳрида кўпроқ ўзбеклар яшайди ва эҳтимол шаҳар аҳолиси деярли тўлиқ ўзбеклардан иборатдир. Бироқ шу билан бир вақтда Тошкент шаҳри қозоқ аҳолиси яшайдиган вилоятлар ва уездлар учун марказ саналади. Ушбу минтақанинг [Туркистон муҳториятидаги Сирдарё вилоятининг] мансублиги тўғрисида қарор қабул қилаётганда фақат шаҳардаги аҳолини эмас, балки бутун минтақанинг этнографик таркибини эътиборга олиш зарур. Шунга асосланган ҳолда биз Тошкент шаҳри қозоқ республикаси таркибига киритилишини сўраймиз”.

Чегарага оид баҳс-мунозараларда туркманлар тарафи ҳам, қирғизлар тарафи ҳам иқтисодий далил-исботлардан фойдаланган эди. Қозоқлар тарафи диққат-эътиборни фақат иқтисодий жиҳатларга тортиш билан кифояланмади. Улар қозоқ республикасининг маданий эҳтиёжларига ҳам тўхталди. Қозоқ қўмитасининг маърузасида Қозоқ АССРнинг Туркистон Марказий Қўмитасидаги вакили Тошкент қозоқ халқи учун улкан маданий аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб, Тошкентга “қозоқ Самарқанди” деб баҳо берди. Кейинги баҳс-мунозараларда қозоқлар шу жиҳатга кучлироқ урғу берди. Қозоқларнинг фикрича, агар Тошкент қозоқ республикаси таркибига берилмас экан, қозоқ аҳолисининг иқтисодий жиҳатдан энг кучли ва энг маданиятли қисми қозоқларнинг қолган қисмидан ажралиб қолади, чунки “халқ ҳанузгача миллий шаклланиш босқичида турибди”. Қозоқлар учун бу шунчаки имкон қадар кўпроқ ҳудудни қўлга киритиш бўлмаган.

Туркистон муҳтор республикаси ҳудудида яшовчи қозоқларнинг қозоқ автономияси билан бирлаштирилиши бўлғуси қозоқ республикаси ҳудудини тубдан ўзгартириб юборар эди. Қозоқ АССР Марказий Қўмитасининг етакчиси Мендешев “Ақ жол” газетасидаги мақоласида қозоқ республикасини Тошкентсиз бошсиз танага қиёслаганди.   Халқнинг “қолоқлиги” қўл келадиган далил бўлиши мумкинлигига шубҳа йўқ ва қозоқлар Тошкент учун курашда бу усулни бир неча бор ишга солди. Уларнинг наздида совет миллий сиёсати илғорроқ бўлган ўзбеклардан кўра қолоқроқ бўлган қозоқларни қўллаб-қувватлашини назарда тутар эди. Қуйидаги фикр диққатни тортади: “Бу масалада кучли сарт халқига нисбатан минтақадаги энг қолоқ халқ – қозоқ халқига ёрдам бериш керак. Бу совет миллий сиёсатини рўёбга чиқаришнинг ягона йўлидир”.

Шунга қарамай, бу илтимос Тошкент учун кечган курашда самара бермади. Қозоқлар ўз даъволарида қозоқ республикасининг иқтисодий ва маданий эҳтиёжига урғу берган бўлса, ўзбекларнинг Тошкент шаҳри борасидаги даъволари анча оддий бўлиб, фақат миллат масаласига асосланган эди. Хожибоев ўзбекларнинг нуқтаи назарини ифодалаётиб, қуйидагиларни таъкидлади: агар 96 000 ўзбек ва атиги 172 нафар қозоқ яшайдиган Тошкентдек шаҳар ўзбек республикасининг таркибига киритилмаса, бутун миллий чегараланиш ғояси бемаънилик бўлади. Чегараларни “чизишда” Тошкент шаҳри ноёб ҳодисани ўзида ифодалайди.

Умумий қоидага кўра, Ўрта Осиё бюроси Ҳудудий қўмитанинг қарорини, Марказий Қўмита эса Ўрта Осиё бюросининг қарорини тасдиқлар эди. Тошкент шаҳри масаласида илк марта марказнинг [Москванинг] аралашуви қуйироқ даражаларда бўлиб ўтган муҳокамаларни бўлиб қўйди. Узил-кесил қарор Ҳудудий қўмита чақирилишидан олдин қабул қилинганди ва қўмита қарор қабул қилишига ёки муаммони муҳокама этишга ҳеч қандай эҳтиёж қолмаганди. Тошкентни муҳокамасиз ўзбек республикаси таркибига киритиш ҳақидаги қарор қозоқлар орасида катта норозиликка сабаб бўлди. Туркистон коммунистлар партияси Марказий Қўмитасининг 1924 йил 30 июнда бўлиб ўтган ялпи мажлисида Хўжанов Сиёсий бюронинг қарорини танқид остига олди ва бу аввал берилган ваъдаларга зид эканлигини таъкидлади. Қозоқларнинг эътирози партия ёки давлат органларининг конвенцияси билан чекланиб қолмади.

Карклин Сталин ва Рудзутакни Тошкент уездида яшовчи қозоқлар Туркистон МҚ ҳудудида намойиш ўтказганлиги ҳақида хабар қилди. Ўрта Осиё бюроси Тошкент борасида қабул қилинган қарорга жавобан юздан ортиқ отлиқ оломон тўпланганлигини хабар қилди. Карклин “кимдир намойиш уюштириб, йўл-йўриқлар берган бўлиши керак” ва буни уюштирганлар партиянинг қозоқ аъзолари орасида бўлиши керак деб тахмин қилди. Бундан ташқари, Карклин Тошкент бўйича қабул қилинган қарорга қарши имзолар ва мактублар тўплаш бўйича кенг тарғибот ишлари олиб борилаётганлигини қайд этди. Юзлаб ва баъзидан минглаб имзолар билан тасдиқланган мурожаатлар Москвага юборилди. Тошкент шаҳри очиқ муноразасиз, бугунги куннинг тилида айтганда, “ўзбекларга туҳфа этилганлигини” қандай талқин қилишимиз лозим? Қозоқлар тарафи Тошкент шаҳрининг Ўзбекистон ССР таркибига берилиши сабабини сўраганида қуйидагича қисқа ва оддий жавоб олди: “Тошкент шаҳри шунчаки ўзбек шаҳри бўлганлиги боис ўзбек республикаси таркибига киритилмоқда. Шаҳар аҳолисининг мутлақ кўпчилиги ўзбеклардир”. Бундай жавоб тўлиқ изоҳ бўла олмайди.

Миллат принципига урғу берилмаган бир қанча ҳолларни кузатдик. Масалан, Тошҳовуз ва Ўш шаҳарларини олайлик. Ўзбеклар ва қозоқлар ўртасидаги ҳолатда ҳам бошқа мисолларга дуч келишимиз мумкин. Чимкент ана шундай мисоллардан бири эди. Барча томонлар Чимкент шаҳри миллат ва этнография нуқтаи назаридан ўзбек шаҳри эканлигини эътироф этса-да, мазкур шаҳар қозоқ республикасининг таркибига қўшиб берилди. Ўзбеклар тарафи “Чимкентни қозоқларга қолдиришга” розилиги уларнинг Тошкент учун қатъий курашга бел боғлаганлигини назарда тутади. Тошкентга даъво қилаётиб, улар қозоқларга Чимкентни таклиф қилди. Бунда ўзбеклар ўзининг “сахийлигига” урғу берди. Буни инобатга олган ҳолда Тошкент этнографик таркиби туфайли ўзбек республикасининг таркибига ўтказилганлиги ҳақидаги изоҳни ишончли деб бўлмайди. Аслида қозоқлар тарафи бундай изоҳни қабул қилмади ва турли принциплар қўлланилганлигидан шикоят қилди.

Нима учун совет ҳокимияти нуқтаи назаридан Тошкент шаҳрини қозоқ республикаси таркибига эмас, балки Ўзбекистон ССР таркибига киритиш мақсадга мувофиқ эди? Большевиклар тузуми уларнинг Марказий Осиёдаги ваколатлари, айниқса миллий чегараланишга қадар совет давлатига расман қўшиб олинмаган Бухоро ва Хоразмдаги ваколатлари чекланганлигини яхши тушунар эди. Қозоқ республикасида эса совет ҳокимияти 1920 йилда ўрнатилган эди ва уларнинг ҳокимияти у ерда мустаҳкам эди. Шу сабабли совет ҳокимияти Тошкент шаҳрини ўзбекларга беришни маъқур деб топди. Совет ҳокимияти ўз ҳокимияти заиф бўлган республикада [ўзбек республикасида] имкон қадар кучлироқ мавқега эга бўлишни хоҳлар эди. Советларнинг фикрича, Тошкент шаҳрисиз ўзбек республикаси бўлмасди, ўзбек республикасиз эса миллий ҳудудий чегараланиш ўтказилмасди.

***

Э. ОЛЛВОРТ. ҲОЗИРГИ ЎЗБЕКЛАР.

МИЛЛАТЛАРНИ ТАДҚИҚ ЭТИШ (1990 йил):

Ўша вақтдаги кузатувчи “этник хусусиятларга асосланган ҳудудий чегараланиш лойиҳаси Бухоронинг ўзидан келиб тушаяпти” деб қайд этган бўлар эди. Бироқ миллий чегараланиш жараёнини гўё маҳаллий ташаббус сифатида кўрсатиш учун Бухоронинг маҳаллий раҳбарияти Москва томонидан сайланганди. Марказий Осиёни этник маъмурий бирликларга бўлиб ташлаш бўйича очиқ-ошкора ва расмий қадамлар 1924 йилнинг 25 февралида Бухоро Коммунистик партияси Марказий Қўмитасининг Ўрта Осиёни этник хусусиятлар асосида бўлиш вақти келганлиги ҳақидаги баёнотидан бошланди.

Ушбу Бутун Бухоро Конгресси халқларнинг турмуш тарзи ва иқтисодий ҳолатидаги фарқларга шама қилиб ва улар ўртасидаги низолардан келиб чиқиб, миллатларни белгилаб берди. Бу жадидлар ислоҳотлар ўтказаётган даврда Марказий Осиё муаммосини ҳал қилиш мақсадида руслар ва уларнинг вакиллари томонидан олиб кирилган зўравонлик эди.

Бухорода ўша вақтда коммунистлар етакчиси бўлган Файзулла Хўжаев 1924 йилда “Марказий Осиё республикаларининг мавжуд сиёсий чегаралари сунъийдир” деб таъкидлаганди. “Бу чегаралар, – дейди у, “ушбу республикаларда яшовчи ҳар бир элатни ноҳақ равишда бир-биридан ажратиб ташлайди”. У халқларнинг бундай тарзда бир-биридан ажратилишини “Марказий Осиё элатлари орасида сунъий равишда адоват қўзғатиш” дея таърифлаганди.

Коммунизм амалдорлари этник низолар қўзғатилиши билан боғлиқ айбловларга қўл силтаб, ўрта осиёликларнинг маҳаллий халқлар ўртасида мавжуд бўлган муносабатларга асосланган ва бир миллат номи билан аталмайдиган давлатларни тузиш мақсадида қилган саъй-ҳаракатларини йўққа чиқарди. Туркистондаги ва Марказий Осиёнинг бошқа туманларидаги воқеаларнинг тирик говоҳи бўлган Аҳмад Заки Волидий (Тўған) 1920 йилларнинг бошида у ва бошқалар Хоразмда миллатлараро муносабатларни уйғунликда сақлаш учун самарали иш олиб борганликларини қайд этган эди. “Бироқ руслар [Хоразмда] туркманлар ва ўзбеклар ўртасида адоват уруғини сочиш ўз манфаатларига мос келишини яхши билар эди” деб таъкидлаганди у. Аҳмад Заки Волидий 1919–1920 йилларда бошқирд инқилобий қўмитасининг раҳбари бўлган ва Марказий Осиёдаги тадбирларда ҳам иштирок этган.

Россия ва унинг Марказий Осиёдаги агентлари 1917 йилдан кейин туркманлар ва қозоқлар орасида ўзбеклар билан аввалги сиёсий-маъмурий бирликларда ҳамкорлик қилишни ва бирга ҳаёт кечиришни давом эттирмаслик кайфиятини уйғотишга ҳаракат қилганига шубҳа йўқ. Бу 1920 йилларнинг бошидан бошлаб Москвада ва Марказий Осиёда ғайриўзбек сиёсатчиларининг саъй-ҳаракатларида яққол кўзга ташланади. Туркистон ва Хоразмда саводсиз қозоқ ишчи ва мардикорларининг сара съездларини чақириш орқали улар халқлараро бидъатларни қўзғатиб, Марказий Осиёдаги этник ишлар билан боғлиқ йирик маданий ва сиёсий масалалар ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаган юзлаб ана шундай шахсларни ўзбекларга қарши гижгижлади. Бу тез орада этник низолар келиб чиқишига сабаб бўлди. Бундай сиёсат олиб бораётган ҳокимият бутун минтақа бўйлаб этник гуруҳларни бўлиб ташлаш режасини амалга ошириш мақсадида халқлараро фуқаролик ва шахсий ҳуқуқларни таъминлаш ғоясини кўтариб чиқди. Марказий Осиёнинг турли минтақаларида яшовчи этник гуруҳ аъзоларидан этник тафовутларни аниқлаш ва улар ўртасида чегараларни белгилаш зарурлиги ҳақида даъволар келиб тушди. Бундай бўшлиққа тез орада Лениннинг депутатлари етиб келди. Уларнинг миссияси асосан ўзбекларни Марказий Осиёнинг бошқа халқларидан ажратиб, уларнинг совет ҳокимияти учун хавфли бўлган фаоллигини бартараф этишдан иборат эди.

Миллий ҳудудий чегараланиш режаси билан боғлиқ энг катта низолардан бири 1924 йилнинг август-сентябрь ойларида Тошкент воҳаси ва Тошкент шаҳри устида келиб чиқди. Бу низода совет ҳокимияти вакилларидан кўра кўпроқ қозоқлар Москвага катта хизмат кўрсатиб берди. Қозоқ ва ўзбек ҳудудлари ўртасидан белгиланган янги чегара чизиқлариидан бири Тошкент шаҳрининг ёнидан ўтганди. Қозоқлар хиралик билан Тошкент шаҳрини қўлга киритишга интилди. Ушбу чегара низоси воҳада яшовчи ўзбекларда ватанпарварлик руҳини қўзғатди. Улар қозоқлар билан қаттиқ ва узоқ рақобатлашди. Қозоқлар “сартларга” Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти берилишига олиб келадиган қарор қабул қилинишига барча жабҳада кураш олиб борди.

Халқларни бир-биридан ажратишни назарда тутувчи Россиянинг талаби айрим совет тарихчилари айтганидек, жанубдаги халқларга фойда келтиришни эмас, балки ўзбекларни яккалаб қўйишни ҳамда Маркснинг миллатлар назариясини тасдиқлашни кўзлар эди. Шунингдек руслар ўзларининг этник бир хиллигини бошқалар тан олишларини хоҳлар эди. Бу, уларнинг фикрича, Шарқда ҳам ички, ҳам ташқи соҳада этник сиёсий ривожланишнинг ягона моделига айланар эди. Қуйидаги учта ҳолат этник чегараланишга кучли қаршилик кўрсатилганлигини тасдиқлайди. Бундай қаршилик кўпинча сартлар ёки ўзбеклар сифатида маълум бўлган халқ яшайдиган минтақаларда бирин-кетин кузатилди. 1923 йилнинг охирида Туркистон муҳториятининг жануби-шарқий қисмида Ўрта Осиёни бўлиш масаласига қарши фикрлар янгради. Унда турли халқлар яшайдиган Фарғона вилояти делегатлари 1924 йилнинг 1-8 январь кунлари бўлиб ўтган Туркистон муҳторияти Кенгашининг йигирманчи съездида аҳоли зич бўлган бутун Фарғона водийсини ўз ичига оладиган “автоном Фарғона вилояти”ни ташкил этишни талаб қилиб чиқди (у вақтдаги Фарғона вилояти Россия таркибидаги Туркистон АССР ҳудудида жойлашганди ва Қирғизистон ҳудудининг бир қисмини ҳам ўз ичига оларди). Улар ушбу съезддан кейин бевосита Туркистон коммунистик партиясининг раҳбариятига, шунингдек Марказий Қўмита қошидаги Ўрта Осиё бюросининг қароргоҳига мурожаат қилди. Бюро бунга қуйидаги тарзда жавоб қайтарди: “Фарғонани фарғоналик ўртоқлар таклиф этганидек ҳозирги шаклда қолдириш ва автоном вилоятга айлантириш хатодир”. Ушбу рад жавобида ўзбекларнинг минтақадаги интеграцион салоҳиятига путур етказишни кўзлаган энг муҳим сабаблар эмас, балки иккинчи даражали сиёсий сабаблар – масалан, коммунистик партиянинг кўпроқ бир миллатли республикаларни ташкил этиш сиёсати сабаб қилиб кўрсатилди.

Бундай жавоб фарғоналиклар шижоатини қайтармади. Олти ой ўтгач Қўқон газеталари Ўрта Осиёни қайта ташкил этиш бўйича янги ғояни таклиф қилди.

Россиянинг миллий ҳудудий чегараланиш режасига бўйин эгиш ўрнига қўқонликлар ўз шаҳрини миллий республиканинг пойтахти қилиб белгилашни таклиф қилди, негаки “ўзбек хонларининг пойтахти яқин-яқингача Қўқон шаҳрида жойлашган эди”. Қўқон шаҳрида Бухоро ва Тошкентдан фарқли равишда тожиклар, руслар ва бошқа туркий бўлмаган халқлар яшамас эди. Қўқон шаҳри минтақадаги мустақиллик кайфияти кучли бўлган шаҳар эди ва кўпинча (1850, 1876, 1898, 1917-1918, 1919 йилларда) рус ҳарбийлари ва кўрилган сиёсий чора-тадбирларга қаршилик кўрсатган марказ вазифасини бажарган эди. Ушбу мантиқий таклиф чиппакка чиқди, чунки Туркистон ҳудудининг бир қисмида асосан ўзбеклар яшайдиган иттифоқдош республиканинг ташкил этилиши этник жиҳатдан бир хил бўлган аҳолининг жипслашиши натижасида ушбу субъектни мустаҳкамлар эди. Москванинг нуқтаи назари бўйича, афтидан, тожиклар кўпчиликни ташкил қилган Самарқанд ёки руслар талай бўлган Тошкент янги ҳудудий бўлинмани [ўзбек республикасини] бошқариш учун мос келадиган шаҳар эди. 1924 йилнинг мартида миллий чегараланиш бўйича иккинчи ва жиддий қарама-қаршилик бу сафар Хоразмда кузатилди. Хоразм республикаси Марказий қўмитасининг Ижро этувчи бюроси мамлакатни этник белгилар бўйича бўлиб ташлаш режасидан расман бош тортди. Хоразм аввалги асрларда кузатилганидек Россия ҳамласига яна дош берди. Шундай қилиб, 1924 йилда ҳам Хоразм ғанимнинг зарбасига чап берди. Москвада Россия коммунистик партияси Марказий қўмитасининг Сиёсий бюроси 1924 йил 12 июнь куни Хоразм республикаси турли миллатлардан иборат Марказий Осиёдаги ягона субъект сифатида қолдирилишини тасдиқлади. Бироқ 1924 йилнинг 26 июль куни тозалаш ва босим ўтказилгач, Хоразм республикасининг Марказий Ижро этувчи қўмитаси ўзининг аввалги қарорини бекор қилди (бу қарор хато деб эътироф этилди) ва Москвадаги юқори турувчи органлардан [аввалги] қарорни қайта кўриб чиқишларини ўтиниб сўради. Россия Марказий Қўмитасининг Сиёсий бюроси дарҳол Хоразм республикасини “этник тенглик ва бир хиллик” принципи бўйича бўлиниши лозим бўлган субъектлар тоифасига киритди. Фарғона автоном республикасини ташкил этиш таклифи ва хоразмликларнинг қаршилиги, эҳтимол, Ўрта Осиёда муайян миллат номи билан аталмайдиган давлат тузилмасини сақлаб қолишга бўлган туркистонликларнинг сўнгги интилиши эди. Ушбу интилишларнинг йўққа чиқарилишида Бутунроссия коммунистик партиясининг Ўрта Осиё бўлинмалари бевосита иштирок этди.

Россиянинг Марказий Осиёни миллий хусусиятларга кўра бўлиш қарори юзасидан яна бир норозилик Орол денгизига яқин жойда жойлашган Чимбойда, Чимкент уездининг Амударё деьтасида кузатилди. У ерда яшовчи аҳоли миллий чегараланиш натижасида ўз маданияти хароб бўлишидан хавфсирар эди, чунки миллий чегараланиш лойиҳаси уларнинг ўзига хослиги устидан ҳукмронлик қилиш учун қозоқлар ва қорақалпоқларга юридик имконият яратиб берар эди. Коммунизм барпо этувчилар бу шахсларни миллатчиликда, синфий душманликда ва ҳоказоларда айблади, улар борасида Фарғона ва Хоразмдаги “адашган” коммунистларга нисбатан қўлланилган чоралардан ҳам қаттиқроқ чоралар кўрилди.

Миллий ҳудудий чегараланиш принципига қарши чиққан ўрта осиёликлар минтақадаги мавжуд давлатлар тарихан юзага келганини, туркий халқларнинг уйғунлиги юксакроқ даражадаги жипсликни шакллантирганини ҳамда Ислом дини аҳоли бирлигини мустаҳкамлаганини таъкидлади. Бундай даъволарни рад этиш учун Москванинг Ўрта Осиё республикаларидаги вакиллари Сталиннинг миллатлар таснифига асосланган ҳолда Европача-Марксча усулда жавоб қайтарди.

Қозонлик татар сиёсатчи Саид Султон Галиев (1880-1939) Шарқнинг, шу жумладан Марказий Осиёнинг бутун мусулмон ва/ёки туркий аҳолиси Россия ва Европа коммунистик субъектларидан айри ҳолда ягона социалистик уюшмага бирлаштирилишини қўллаб-қувватлаганида Сталин унга бутун вужуди билан қаршилик кўрсатди. Султон Галиевнинг режалари, шубҳасиз, Марказий Осиёнинг туркий мусулмон аҳолисини ҳам ўз ичига олар эди ва бош котиб Султон Галиевга у коммунистик партияда ирқий-диний гуруҳлар ҳақида бошқа нутқ сўзлай олмаслигини маълум қилди. 1923 йилда Сталин Марказий Осиёда бўйсунмас ва маданий жиҳатдан бир-бири билан боғлиқ аҳолини бирлаштирадиган федерациялар ташкил этилишига қаршилик кўрсатиб, яна бир бор ўзининг ҳийла-найрангини ишга солди.

***

КАМОЛ АБДУЛЛАЕВ.

“ШИНЖОНДАН ХУРОСОНГАЧА” (2009 йил):

Панисломизм ва пантуркизм каби ғайри совет лойиҳалар туғдираётган потенциал хавфнинг олдини олишни мақсад қилган совет раҳбариятининг интилиши – милий ҳудудий чегараланиш ўтказилишининг бош сабабидир. Совет раҳбариятининг мақсади “Бухоро”, “Туркистон” ва “Хива” каби номларни эсдан чиқариш эди, чунки бу номлар минтақа аҳолисининг сиёсий содиқлигини ифодаловчи ва туб аҳоли орасида қонуний деб ҳисобланувчи давлат рамзлари эди. Кўп миллатли ва полиэтник Туркистон, Бухоро ва Хива давлатлари ўрнида Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон автоном совет республикаси (Ўзбекистон таркибида), Қорақалпоқ автоном вилояти ва Қорақирғиз вилояти каби миллий совет социалистик республикалари ташкил этилди.

Миллий-ҳудудий чегараланиш ХI асрдан бери Ўрта Осиёда танҳо ҳукмронлик қилиб келган туркий сулолаларни тиклаш режаларини йўққа чиқарди. Энг асосийси, у пантуркизмга қақшатқич зарба берди.

Туркий бирдамлик миллий республикаларга бўлиб ташланишидан ташқари минтақада ягона туркий бўлмаган республика – Тожикистон пайдо бўлди.

Сталин национал-коммунистларнинг Ўрта Осиёда ягона Турк республикасини яратиш талабига хилоф равишда туркий халқлар бирдамлигига нифоқ солиш ва совет тузумига зид бўлган ягона турк давлатига қарши курашиш мақсадида “орийлар ҳудудини” ташкил этди.

1924 йилда ўтказилган миллий ҳудудий чегараланишнинг оқибатлари ана шундан иборатдир. Миллий чегараланиш ғояси Марказ томонидан лойиҳалаштирилди ва амалга оширилди. Ўрта Осиё халқлари “Октябрь фарзандлари” деб эълон қилинди ҳамда бундан буён ўзининг қарор топиши учун большевиклар ва руслар олдида қарздор эди. Шошма-шошарлик билан белгиланган чегаралар ва советларнинг бундан буёнги сиёсати тожиклар, ўзбеклар ва бошқа халқларни тинч қўшнилардан муросасиз рақибларга айлантириб қўйди. Иқтисодиёт марказлаштирилган ва халқ хўжалиги тақсимланган шароитда минтақанинг миллий намоёндалари тақчил ресурслар ва Кремлнинг лутфига сазовар бўлиш учун бир-бирлари билан жиддий курашга киришди. 1924 йилда Тожик республикаси ташкил этилиши билангина тожикларда бирлашиш ғояси билан суғорилган миллатпарварлик шаклланди. Айнан ўшанда таркибида талайгина собиқ жадид пантуркистлари бўлган Тожикистон раҳбарияти Хўжанд округи, Бухоро, Самарқанд ва айрим бошқа ҳудудларга даъво билан чиқиб, Ўзбекистон ССРга ҳудудий эътирозларини билдирди. Қарийб 10 йил давом этган миллий ҳудудий чегараланиш чоғида большевиклар минтақанинг халқлари ўртасида низо уруғини сочиш ҳамда янги пайдо бўлган республикаларда чексиз ҳокимиятга эга бўлиш мақсадида чегараларни нотўғри белгилади, анклавлар, баҳс-мунозарали участкаларни ташкил этди. Бундай сиёсат Қадимги Римнинг “бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил” усулига ўхшар эди ва айни вақтда Хитойнинг Шинжон ҳудудида юритилаётган “варварларни варварлар ёрдамида бошқар” сиёсатини эслатар эди.

Манба