Шайбоний Бурҳон султон фожиаси
Босма

Шайбонийларр сулоласи (XVI аср) Бухоро тарихида ўз ўрнига эга. Сулоланинг Бухорода ҳукмронлик қилган саккиз вакилидан фақат учтасининг – Убайдуллахон (1533-1539), Абдулазизхон (1539-1549), Абдуллахон (1557-1598) номларини эъзоз билан тилга олиш мумкин. Улар даврида Бухоро йирик сиёсий, маданий марказга айланди. Қатор обидалар қад ростлади, шаҳар шуҳрати ортди. Шайбонийлардан Пирмуҳаммадхон, Муҳаммадёр султон, Бурҳон султон, Абдулмўминхон каби соҳиби тожлар ҳукмронлик даврида эса (Искандархон бундан истисно) аксинча, ўзаро тож-тахт талашишлар, якка ҳукмронлик даъвоси, бир-бирига оқибатсизлик авж олди.
Тож-тахтга кучли меҳр қўйган шайбонийлардан бири Бурҳон султон эди. У 1551-1557 йилларда Бухорони бошқарди. Бурҳон султон шайбоний Убайдуллахоннинг невараси, яъни Муҳаммад Раҳим султоннинг ўғли эди. Лекин у бобоси сингари салмоқли ишларни амалга ошира олмади, ҳукмронлик даври Бухоро тахти даъвогарлари билан мунтазам курашларда ўтди. Ўша даврда Бухоро аҳлининг маънавий раҳнамоси, Нақшбандия тариқати пешвоси Хўжа Ислом Жўйборий (1493-1563) марҳаматига ҳам сазовор бўла олмади. Ўрта аср тарихчилари Бурҳон султон ҳукмронлик даврини алоҳида бир изтироб билан ёзиб қолдирганлар.

1549 йил Бухоро ҳукмдори Абдулазизхон вафот этгач, шайбонийлар ўртасида Бухоро тахти учун кураш бошланиб, қарийб икки йилча давом этди. Бу орада Пирмуҳаммадхон Балхдан от суриб келиб, Бухорони эгаллади. Лекин уни узоқ ушлаб тура олмади. Ниҳоят 1551 йил Бухоро тахти Муҳаммадёр султон ва Бурҳон султонларга насиб этди. 1551-1554 йилларда Бухорода қўшҳокимиятчилик ҳукм сурди, яъни Бухорони икки шайбонийзода Муҳаммадёр султон ва Бурҳон султонлар бошқаришди. Ҳар жиҳатдан ноқулай бўлган бундай бошқарув усули узоқ давом этмаслиги муқаррар эди.
Уч йил ўтгач, икки ҳукмдор ўртасидаги пинҳона хусумат Бурҳон султон фойдасига интиҳо топди. Шу давр мобайнида Бурҳон султон тарафдорлари орта бориб, уни Муҳаммадёр султонга қарши қайрай бошладилар. «Бир шаҳарда икки ҳукмдор нима қилади, тож-тахт сизга ярашади» каби сўзлар билан уни якка ҳукмронликка даъват этдилар. Ниҳоят, Бурҳон султон 1554 йил бир гуруҳ тарафдорлари ҳамроҳлигида Бухоро Аркига қилич яланғочлаб кириб, Муҳаммадёр султонни қатл этди ҳамда шаҳарнинг якка ҳукмдорига айланди. Лекин орадан уч йил ўтиб бу қилмиши ўзига қайтишини, ўзини бундан ҳам оғирроқ қисмат кутаётганини билмасди.
Бурҳон султон учун Бухорони ушлаб туриш осон бўлмади. Бухоро даъвосини қилган шайбонийзодалардан Саййид султон, Наврўз Аҳмадхон, Абдуллахонлар ҳужумига бардош беришга тўғри келди. Саййид султон ва Наврўз Аҳмадхонлар ҳужум қилганда эса, Балхда турган Абдуллахонга ёрдам сўраб мурожаат қилди ва бунинг эвазига унга Бухорони топширишини ваъда қилди. Абдуллахон бу таклифни қабул қилиб Бухоро томонга қараб от сурди. 1555 йил июнъ ойида Бурҳон султон бир гуруҳ аркони давлатлар, номдор савдогарлар ва бошқа табақалар ҳамроҳлигида Шаҳри Ислом мавзеида Абдуллахонга пешвоз чиқиб, унга Бухоронинг калитини топширди. Ўзи эса Қоракўл томонга юзланди ва бир муддат шу ерда турди. Орадан 15 кун ўтгач, Абдуллахонга нисбатан хоинлик йўлига ўтиб, итоат ҳалқасидан чиққанлигини эълон этди ҳамда Бухорони қайта қўлга киритиш учун кураш бошлади. Ромитан қалъасига беркиниб олиб, қаттиқ қаршилик кўрсатди. Бирор натижага эриша олмаган Абдуллахон Бухорони ташлаб, Майманага қараб йўл олди. Бурҳон султон эса Бухорони эгаллади .
У Бухорода ҳукмронлик қилган йилларда ўзи учун кучли ижтимоий қатлам ярата олмади. Хўжа Ислом Жўйборийга нисбатан эса ихлоси йўқ эди. Ҳатто бир бор Хўжа Ислом султондан қаттиқ ранжиб Хоразмга кетиб қолди. Лекин Бурҳон султон қилган ишига пушаймон бўлиб, уни яна Бухорога олиб келди.
1556 йил баҳорида Абдуллахон Бухорони эгаллаш тараддудини кўра бошлади. Бундан воқиф бўлган Бурҳон султон энди собиқ мухолифи Наврўз Аҳмадхонга ёрдам сўраб мурожаат қилди. Наврўз Аҳмадхон икки минг кишилик қўшин ҳамроҳлигида. Бухоро томонга юзланиб, Дурбай мавзеига келиб тўхтади ва шу ерда Бурҳон султон билан музокара бошлади. Учрашув пайтида Бурҳон султон Наврўз Аҳмадхонни кўпдан-кўп совғалар билан сийлади. Бунинг эвазига Наврўз Аҳмадхон Бурҳон султоннинг ўзига нисбатан тутган ғанимлик йўлини, бевафолигини кечирди. Шундан сўнг улар иттифоқ бўлиб Абдуллахон қўшинларига қарши кураш бошладилар. Лекин бўлиб ўтган тўқнашувлардан бирор натижа чиқмагач, урушувчи томонлар жанг ҳаракатларини тўхтатдилар. Бухоро яна Бурҳон султон қўлида қолди .
Лекин 1557 йил ёзида Бухоро яна Абдуллахон томонидан қамал этилди. Бурҳон султон учун энди ҳаёт-мамот жанги бошланди. Қамал узоққа чўзилавергач, Бурҳон султон ўз маҳрамлари билан кенгашиб, Абдуллахондан сулҳ сўрашни ва бу ишда Хўжа Исломни воситачи қилишни режалаштирди. Хўжа Исломнинг Бурҳон султонга хайрихоҳлиги йўқ эди. «Маноқиб саъдийа» қўлёзма асарида қайд этилишича, Хўжа Ислом ўз ёрон ва маҳрамлари ҳузурида: «Бурҳон султонни Бухоро тахтидан четлаштирмасам пушти падаримдан бўлган эмасман» деган экан. Хўжа Исломнинг Бурҳон султонга бўлган хусумати қанчалик кучли бўлмасин, у фуқаро осойишталигини таъминлаш зарурлигини чуқур англаб, иккала томонни муросага келтиришга бел боғлади ва Бурҳон султон таклифини қабул қилди. «Равзат ар-ризвон» қўлёзма асари маълумотларига кўра, Бурҳон султон Хўжа Исломдан Абдуллахон олдига бориб сулҳ сўрашни илтимос қилганда у шундай деган экан: «Мусулмонлар осойишталиги учун ораларингда сулҳ тузмоқчимиз. Сулҳни қабул қилмасанг Хўжа Баҳоуддин Нақшбанд пирларига гирифтор бўласан». Шундай деб кўрсаткич бармоғини худди найзадек қилиб Бурҳон султоннинг бўйнига қўйди, сўнг Бухоронинг Мозор дарвозасидан чиқиб Абдуллахон қароргоҳига равона бўлди. Абдуллахон ҳузурига келиб сулҳ тузишга кўндирди. Эрта саҳарда Бурҳон султоннинг ўлдирилганлиги тўғрисида хабар тарқалди. Хўжа Ислом музокара олиб бориш учун Абдуллахон ҳузурига келган пайтида қушчи уруғидан бўлган Мирза Ака-бий деган киши Бурҳон султон олдига бориб, уни турли йўллар билан алдаб ўз уйига келишга кўндирди ва уйига олиб келиб калласини танасидан жудо қилди. Ҳукмдорнинг кесилган боши бир неча муддат Арк дарвозаси тепасига осиб қўйилди. Кейинчалик найзага илдирилиб, Абдуллахон олдига олиб келинди ва унинг оёғи остига ташланди . Бу воқеа 1557 йил шаъбон ойининг жума куни содир бўлди, Бурҳон султон кимнинг махфий буйруғи билан ўлдирилганлиги тўғрисида тарихий манбаларда аниқ маълумот учрамайди. Лекин ҳукм қанчалик шафқатсиз бўлмасин, у адолатли эди. Зеро, Бурҳон султон қатлидан сўнг ҳокимиятни эгаллаган Абдуллахон Бухоро тарихида янги даврни бошлаб берди.

Ҳалим Тўраев.
Бухоро Давлат университети доценти,
тарих фанлари номзоди