Саналар
29.03.2024
Баннер
«Босмачилик ҳаракати» қандай бўлган?
PDF Босма E-mail

Совет тарихшунослигида «босмачилик ҳаракати»га қарши олиб борилган кураш тарихига, яъни ғолиб томон тарихига оид кўплаб адабиётлар, тарихий асарлар бор-у, аммо мағлуб томон — «босмачилик ҳаракати»нинг ўзи тўғрисида илмий тадқиқотлар деярли яратилмади. Хорижий мамлакатларда эса бунинг акси: хорижий адабиётда «босмачилар» ҳақида хилма-хил асарлар яратилган. Шунинг учун ҳам, масалан, 1986 йилда Москвада нашр қилинган А.И.Зевелев, Ю.А.Поляков, Л.В.Шишкиналарнинг «Басмачество: правда истории и вымысл фальсификаторов» монографиясида асосан инглиз, француз, немис ва бошқа Европа тилларида чоп қилинган адабиётлар таҳлил қилинган, холос. Хорижий Шарқ халқпари тилларида «босмачилик ҳаракати» бўйича эълон қилинган асарлар эса совет историографиясида ўз ифодасини топган эмас. Ҳолбуки, Ўрта Осиёда 1918—1935 йилларда олиб борилган «босмачилик ҳаракати» тарихи фақат Ғарб эмас, балки Шарқ муаллифларининг тадқиқотлари ёки шу ҳаракат қатнашчиларининг хотиралари асосида ҳам ёзилиши керак. Айниқса, замона зайли билан ватанни тарк этиб, ўзга юртларга кетиб қолган ватандошларимизнинг эсдаликлари чуқур ўрганилмоғи лозим. Маълумки, 1927—1932 йилларда Туркияда Туркистоннинг сиёсий, иқтисодий, маданий ҳаётини ёритувчи «Янги Туркистон» журнали нашр қилинган. Бу журнал Бухоро Халқ Совет Республикаси Марказий ижроқўмининг собиқ раиси, 1922 йилда Афғонистонга, 1923 йилда эса Туркияга ўтиб кетган, Бухородаги жадидчилик ҳаракатининг пешқадамларидан бири, 1909—1910 йилларда Истамбулда ўқиган Усмонхўжа — Усмонхўжа Пўлатхўжаев томонидан ва шу кишининг муҳаррирлигида ташкил қилинган. Журнал саҳифаларида «босмачилик ҳаракати» тарихини холисона баён этувчи кўпдан-кўп мақолалар ҳам босилган. Мустафо Чўқаев томонидан Францияда нашр қилинган «Ёш Туркистон» журнали ҳам тарихимизга, жумладан, «босмачилик ҳаракати» тарихига оид кўплаб материаллар бериб борган.
Бу мавзуни ҳар томонлама тадқиқ этишда «босмачилик ҳаракати»да қатнашган кучларнинг миқдори, аҳволи, имконияти, қудрати, кураш шакли ва услублари, ғалаба қозониш ва енгилиш сабаблари, ҳарбий стратегия ва тактикаси, таниқди қўрбошиларнинг таржимаи ҳоли, ижтимоий ва диний қарашларини гавдалантирувчи асарлар етарли даражада яратилгани йўқ. Қолаверса қўрбошилар ва уларга раҳнамолик қилган дин арбобларининг халққа мурожаатномалари, совет ҳукумати вакиллари билан олиб борган музокараларига оид ҳужжат ва материаллар тарихчилар томонидан янада чуқур ўрганилиши лозим.
Мазкур ҳаракат тарихини холисона ўрганиш ва янгича баҳолаш билан боғлиқ яна бир муҳим масала бор. У ҳам бўлса Москва ва Санкт-Петербургдаги махфий архивларда сақланаётган манбалар билан танишиш ва уларни ўрганишдир. Масалан, РГАСПИ архивининг 61, 62 ва 122-фондларида РКП(б) Марказий Қўмитаси Туркистон бюроси, РКП(б) ва ВКП(б) Марказий Қўмиталарининг Ўрта Осиё бюроси, 122-фондида РКП(б) МК, РСФСР ХКС ва Бутунроссия Марказий Ижроия Қўмитасининг Туркистон иши билан шуғулланувчи комиссияси фаолиятига оид ҳужжатлар сақланган бўлиб, бу муассасалар 1919—1934 йилларда Тошкентда жойлашган ва фаолият олиб борган эди.
Россия Федерацияси Ҳарбий давлат архивининг 110, 149, 278, 238, 256, 125 ва 131-фондларида Туркистон фронти армиялари бошқармаси, Фарғона фронти 3- Андижон — Ўш жанговар группаси штаби, Закаспий фронти бошқармаси, Еттисув Шимолий фронт бошқармаси ва бошқа фронтларнинг архивлари сақланмоқда. Худди шунингдек, ГАРФ архивида ҳам Ўрта Осиё тарихига оид бир қатор архив фондлари бор. Бу архивларда 1918—1924 йиллардаги Туркистон ва Бухоро ҳукуматларининг Москвадаги мухтор ваколатхоналари, шунингдек, Ўзбекистон ҳукуматининг СССР ҳукумати ҳузуридаги Мухтор ваколатхонаси фондлари мавжуд. Санкт-Петербургдаги архивларда эса Туркистон мухторияти ҳақидаги ҳужжатлар сақланмоқда. Бу архив фондларини чуқур ўрганмасдан туриб Ўзбекистоннинг 1917— 1935 йиллардаги тарихини, хусусан, «босмачилик ҳаракати»нинг ҳаққоний тарихини яратиш маҳолдир.
Бундан ташқари, ўша давр вақтли матбуотининг катта бир қисми Москва, Санкт-Петербург кутубхоналарида, ихтисослаштирилган омборларда сақланмоқда. Масалан, Туркистонда нашр этилган шундай газета ва журналлар борки (масалан, «Туркестанский голос», «Туркестанское слово», «Щит народа», «Голос Семиречья», «Знамя свободы», «Бухоро ахбороти», «Инқилоб қуёши»), уларни Тошкентдаги кутубхоналардан топа олмаймиз. Уларнинг талайгина қисми Москвадаги Ленин номидаги давлат кутубхонасининг Химки шаҳридаги филиалида, собиқ Россия Фанлар академияси Ижтимоий фанлар илмий ахборот институти кутубхонасида сақланмоқда.
Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати архивида ҳам «босмачилик ҳаракати»ига оид материаллар борки, уларни ҳам атрофлича ўрганиш бу ҳаракат тарихини ҳаққоний яратиш ишига ёрдам бериши шубҳасиздир. Фикримиз исботи учун қуйида бу ҳаракатга бошчилик қилган кишилардан бири Носирхон тўра Саидкамолхон Тўраев ҳақидаги маълумотни келтирамиз.
Носирхон тўра наманганлик мударриснинг ўғли бўлиб, отасининг мадрасасида таҳсил кўради. Бухорода ўқийди. Сўнгра Наманганда бош мударрис сифатида бутун Фарғона водийсида катта шуҳрат қозонади. Чоризм салтанати ағдарилгандан сўнг у ижтимоий фаолият билан шуғулланиб, Наманган шаҳар думасига сайланади. 1917 йил 26—29 ноябрда Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган Ўлка мусулмонларининг IV қурултойида қатнашади ва Туркистон мухторияти ҳукумати таркибига аъзо бўлиб киради ҳамда Халқ маорифи вазири этиб тайинланади. Мухторият қонга белангач, Носирхон тўра таъқибдан қочиб, яшириниб яшайди. Аммо бир йил ўтгач, очиқ фаолиятга ўтади ва 1923 йилга қадар Наманганда «Маҳкамаи шаръия» диний бошқармасига раислик қилади.
ОГПУ ҳужжатларида ёзилишича, Носирхон тўра диний соҳада фаоллик кўрсатиш билан бирга «Миллий иттиҳод» ташкилотининг Наманган бўлимига аъзо бўлади ва бу ташкилотнинг Косон шаҳридаги тармоғини ташкил қилади. 1924 йилда Косондаги батраклар уюшмаси бойларга қарши кураш бошлаб юборганида унинг ташкилотчилиги билан деҳқонларнинг оммавий чиқишлари юз беради. 1925 йили Носирхон тўра советларга қарши фаолияти учун ОГПУ қарори билан ҳибсга олинади ва Ўрта Осиёдан чиқариб юборилади. У Оренбургда яшар экан, татар руҳонийлари билан яқин алоқада бўлади. У ўзининг кўрган-билганларини «Оренбург мактублари» эсдалигида баён этади. 1928 йил охирида сургундан қайтиб келиб, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон шаҳарларида бўлади.
20-йиллар охири — 30-йиллар бошларида Ўзбекистонда зулм, ҳақсизлик, адолатсизликка қарши «босмачилик ҳаракати»нинг янги тўлқини бошланади. «Босмачилик»ка қарши кураш баҳонасида кўплаб бегуноҳ кишилар жисмонан йўқ қилинади. Шундайлардан бири Носирхон тўра ҳам большевиклар томонидан отиб ташланади.
Фитрат 1937 йил 25 октябрда бўлиб ўтган тергов жараёнидан кейин бундай баённомани имзолашга мажбур бўлган: «Бизнинг ташкилотимиз «босмачилик ҳаракати»га катта аҳамият берган ва унга совет ҳокимиятига қарши фаол кураш олиб борувчи қурол сифатида кўпдан-кўп умид боғлаган эди. Биз «босмачилик» бўлғуси буржуа миллий давлати миллий армиясининг туғилиши, деб қараганмиз. Шунинг учун ҳам Муинжон Аминов, Ота Хўжаев (Отахўжа Пўлатхўжаев — муаллиф), Усмон Хўжанинг фаол иштирокида Файзулла Хўжаев «босмачилик ҳаракати»га бевосита раҳбарлик қилиш билан машғул бўлди. Қулоқ-миллатчилик ишлари остида ташкил қилинган «босмачилик ҳаракати»ни РСФСР ҳукумати олдидаги совет ҳокимияти принципларига қарши қаратилган халқ ҳаракати, деб билганмиз».
Ўйлаймизки, Фитрат терговчи томонидан ёзилган ва сохта фактларга асосланган бу баённомани жисмоний тазйиқ остида тасдиқлаган бўлса-да, унда «миллий иттиҳод»чиларнинг «босмачилик ҳаракати»дан кузатган мақсади умуман тўғри ифодаланган.
«Миллий иттиҳод»нинг истиқдолга эришиш мақсадида бошлаган фаолияти шунга олиб келдики, 1920— 1924 йилларда Мулла Абдулқаҳҳор, Жўра Амин, Му род Мешкоб, Митан Полвон ва бошқа қўрбошилар раҳбарлигидаги совет давлатига қарши ҳаракат бутун Зарафшон водийсини қамраб олди. Фарғона водийсида ҳам аҳвол шундай эди. Бу ҳаракат иштирокчилари хорижий давлатлар билан ҳам алоқа ўрнатдилар.
Совет даврида «босмачилик ҳаракати» номини олган, иштирокчилари эса «аксилинқилобчилар» ва «халқ душманлари» деб қораланиб келинган қуролли ҳаракат ана шу тарзда большевикларнинг Ўрта Осиё, хусусан, Ўзбекистондаги мустамлакачилик сиёсатига қарши бошланди. Шунинг учун ҳам бу ҳаракат мустақиллик даври тарихчилари томонидан Туркистонда совет режимига қарши қуролли ҳаракат ёхуд истиқлолчилик ҳаракати сифатида талқин этилиб келинмоқдаки, бу мутлақо тўғридир.
Тарихий хужжатлардан шу нарса маълумки. 1909 йилда Туркистонда 7 миллион аҳоли яшаган. Шундан 2,5 миллиони ўзбеклар, 2,4 миллиони қозоқ-қирғизлар, 1,3 миллиони тожиклар, 0,6 миллионини эса руслар ташкил этган. 1920 йилги аҳоли рўйхатига кўра, Туркистон республикасида 5 миллион 250 минг аҳоли яшаган. Демак, 11 йил ичида Туркистон аҳолиси кишига камайиб кетган. Ҳолбуки, аҳолининг табиий ўсиши чор ҳокимиятининг бошқа ўлкаларига қараганда Туркистонда юқори бўлган. Қолаверса, шу давр ичида ички Россиядан кўплаб кишилар Туркистонга кўчириб келтирилган. Шундай экан, нега бунчалик аҳоли камайиб кетган? Бунинг асосий сабаби 1916 йилги миллий- озодлик ҳаракати ва инқилобнинг дастлабки йилларида кўплаб кишиларнинг қирилиб кетишидир. Статистик маълумотларга қараганда, фақат фуқаролар уруши оқибатида чор салтанатида 1921 йилга қадар 800 мингдан зиёд киши ҳалок бўлган, шундан 200 мингдан зиёди Туркистонга тўғри келади. Қарийб 140 миллион аҳолилик мамлакатда уруш йилларида 800 минг киши ҳалок бўлган бўлса, 7 миллионлик аҳолига эга бўлган Туркистонда 200 мингдан ортиқ киши маҳв этилган. Демак, бошқа ўлкаларга қараганда Туркистонда кўпроқ қон тўкилган. Аниқ бўлмаган маълумотларга кўра, дашноқлар бандаси томонидан 1918 йил ва 1919 йилнинг биринчи чорагида чорагида Марғилонда 7 минг, Андижонда 6 минг, Наманганда 2 минг, Бозорқўрғон билан Қўқон ўртасидаги қишлоқларда 4,5 мингга яқин аҳоли ўлдирилган, азобланган. Халқнинг бу сингари даҳшатлар билан ортиқ муроса қилиши мумкин эмас эди.
Миллий истиқлолчилик ҳаракати тарихидек кенг қамровли масалани ҳар томонлама ёритиш учун шу ҳаракатнинг юзага келишига асосий сабаб бўлган Туркистон мухториятининг зўравонлик йўли билан туга- тилиши ва дашноқларнинг совет ҳокимияти номидан иш кўриб, Фарғона халқига нисбатан қилган ёвузликлари ҳақидаги ҳақиқатни аниқлаш ва юзага чиқариш муҳим аҳамиятга эга. Дашноқларнинг Фарғона водийсидаги ёвузликлари ўз даврида Туркистон ҳукуматининг айрим миллий раҳбарлари томонидан кескин фош этилган, уларнинг айримлари ўша танқидлари ҳам сабаб бўлиб 30-йилларда қатағон қилинган.
Дашноқларнинг Андижон уездида олиб борган босқинчилик ҳаракатига жавобан бошланган қуролли ҳаракат тўғрисида Турор Рисқулов бундай ёзган эди: «Босмачилар Андижон шаҳрида бирмунча муваффақиятга эришдилар, натижада 70 та милтиқ, бир неча минг ўққа эга бўлишди. Дашноқлардан иборат ҳарбий қалъа бу воқеада бутун айбни эски шаҳарликлар бўйнига юклади. Шу муносабат билан бўлинма митинги чақирилиб, Эски шаҳарни тинтиб чиқиш учун қарор қабул қилинди. Тинтув бир ҳафта давом этди. Ўғирлик, қотиллик, зўрлаш ҳодисалари содир бўлди. Тинтувдан сўнг эскишаҳарликларнинг кўпчилиги босмачиларга қўшилиб кетди.
Оқибат шу бўлдики, бир неча кундан кейин 170 кишидан иборат дашноқлар отряди босмачилар томонидан қуршаб олинди ва битта қолдирмай чопиб ташланди. Шундан сўнг аҳолини босмачиларга ён босишда айблаш бошланди. 170 кишининг ўрнига шаҳар қўмитаси раиси Салаев бошчилигида 250 кишидан иборат отряд тузилди ва Қўқонқишлоққа ҳужум қилиниб, биронта уй қолдирмай ёқиб юборилди.
Қочиб кетган қишлоқ аҳолисини 20 чақиримгача қувлаб боришди ва бирма-бир қиличдан ўтказишди. Бошқа бир отряд босмачиларга Сузоқ қишлоғи атрофида дуч келди: босмачилар қишлоққа кириб яшириндилар. Сузоқ қуршаб олинди ва аёвсиз ўққа тутилди.
Қишлоқдан қочиб, дарё бўйига яширинган аҳолига қарата ўт очилди ва бирор-бир тирик жон қолдирмай, қириб ташланди. Бир ойлар чамаси кўмилган мурдаларни итлар ғажиб ётишди.
Бозорқўрғонга борган Коновалов бошчилигидаги учинчи отряд эса, иложи борича ўз ҳаракатини сир тутишга интилди ва тахмин қилганларидек, босмачиларга дуч келгач, кутилмаганда ғойиб бўлдилар. Коновалов Бозорқўрғонда кетар экан, қўшни Никольское қишлоғи (ҳозирги Бозорқўрғон билан Асака ўртасида жойлашган қишлоқ — муаллиф) даги русларга Бозорқўрғонни босмачилардан тозалашни топширди ва бу қишлоқни Никольскоедаги рус «қулоқ»лари уч ҳафта давомида обдон «тозалашди». Аввалига, шунчаки талон-торож қилишди, сўнг ҳеч нимани сўраб-суриштирмай, эркакларни босмачиларни қўллаб-қувватлагани, болаларни эса, бир неча йилдан сўнг босмачи бўлиб етишиш мумкинлиги учун отиб ташладилар. Ниҳоят, улар аҳолига улганларни кўмиш ўчун рухсат беришди. Халқ мурдаларни олиб, диний урф-одатларни бажо келтираётганида, «қулоқ»лар такрор ҳужум қилиб, намоз ўқиётганларнинг ҳаммасини ер тишлатди... Дашноқ ва қулоқларнинг бу хил ҳаракатлари (бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин) босмачилар сафининг яна ҳам кенгайишига сабаб бўлди».
Қўрбошилар ўз сафларини мустаҳкамлаш, қурол- яроғ сотиб олиш ва озиқ-овқат билан таъминланиш учун қишлоқ аҳолисига солиқ солганлар, иродаларига бўйсунмаган кишиларни жазолаганлар. Масалан, Қозоқ қўрбоши Андижон шаҳридаги Уйлик даҳасининг элликбошиси Тўхтасинга қуйидаги талаб билан мурожаат этган: «Жаноби Исроилбек Ғозий амрига мувофиқ бой синфига мансуб аҳолидан тезлик билан 300 минг сўм тўплаб, уни мусулмон аскарлари фойдасига келтиришингизни талаб этаман. Пулни келтириш пайсалга солинадиган бўлса, қатъий жазоланасиз».
Шу даҳа оқсоқоли Мухтор охунга келган хатлардан бирида бундай дейилган: «Шошилинч тарзда ўзига тинч бойлардан исломнинг жасур лашкарларига ёрдам ва хайрия учун марказий банк ҳисобидан бир миллион сўм пул йиғиб топширишингизни буюраман...
Ислом қўшинлари бош қўмондони Шерматбек Ғозий».
Жалабек қишлоғи аминига Умрзоқ қўрбоши эса мана бу хатни йўллаган: «Шерматбек Ғозий фармонига кўра, сиз 3 кун муддат ичида қўшинлар учун 100 минг сўм тайёрлаб қўйинг. Айтилган фурсатда бажармасангиз, аёвсиз жазоланасиз. Пулни бой ва камбағаллардан мутаносиб тарзда йиғинг».
Пойтуғ ҳокими Асқар Алидан Чўнг Бағиш оқсоқолига 1921 йил 23 мартда келган хатда эса бундай сўзлар айтилган: «Ушбу билан барча элликбошиларга маълум қиламан ҳамда буюраманки, мусулмон қўшинларининг бош қўмондони баҳодир Шерматбекнинг амрига мувофиқ Мулла Абдукарим Мулла Муҳаммад Назар Охунов халқ қозиси этиб тайинланди. Шундан эътиборан у барча ишларни шариат асосида кўра бошлайди. Васиқа, никоҳ, мулк ва бошқа масалаларнинг ҳаммаси шариат асосида кўрилади. Бу ҳақда бутун аҳолини хабардор қиламанки, бундан кейин ҳамма халқ қозисига мурожаат этсин».
Бундай ҳужжатлар шундан далолат берадики, агар қуролли ҳаракат ғалаба қозонган тақдирда ҳам Ўзбекистонда замонавий дунёвий давлат эмас, балки диний қадриятлар устуворлик қилган давлат тузуми барпо этилган бўларди. Шунга қарамай, айтиш жоизки, большевизмга, совет давлатининг мустамлакачилик сиёсатига қарши кураша оладиган бошқа бирор куч бўлмагани учун бу тарихий вазифани ҳаракат раҳбарлари ўз зиммаларига олдилар.
Партия, совет ва ҳарбий ташкилотларнинг жойлардаги фаолиятларида ўта сўллик ва зўравонликка йўл қўйганликлари ҳам мазкур ҳаракатнинг авж олишига сабаб бўлди. Шу нуқтаи назардан Туркистон Халқ Комиссарлари Совети ва Фарғонада «босмачилик»ка қарши кураш бўйича тузилган «учлик»нинг раиси Қ.С. Отабоевнинг 1922 йил 25 февралда Андижон уезди масъул ходимлари билан ўтказган кенгашдаги каттагина нутқи эътиборга сазовор. У кенгашда «босмачилик»ни ҳарбий куч билан тугатиб бўлмаслигига иқрор бўлиб, тўрт йиллик кураш давомида Фарғонанинг маҳаллий шароити, турмуш тарзи, умумий ҳолати ҳисобга олинмагани, шунинг учун ҳам бу ҳаракатнинг миллий тус олганини айтиб, бундай дейди: «Босмачилар ўзларини дин ҳимоячилари ва русларнинг душмани деб эълон этдиларки, бу билан улар маҳаллий туб аҳолининг ҳурматини қозонмоқчи бўлдилар. Большевизм билан кураш олиб боришни босмачиларга оқ гвардиячилар ўргатди. Босмачилик...вақт ўтиши билан ўз жараёнида диний ва миллий тус ола бошлади».
Мазкур йиғилишда Ёқубжон Исақулов сўз олиб, бундай дейди: «Ҳарбий қўмондонликда жойлашиб олган шахсларнинг маҳаллий аҳоли турмуши ва психологияси билан таниш бўлмаслиги туфайли ҳозирги вақтгача босмачиликни тугатиш имкони бўлмаяпти. Жазо органлари бошида европалик ўртоқлар жойлашиб олганларки, улар ҳам маҳаллий аҳоли психологияси билан таниш бўлмасдан, қандайдир ярамаснинг ёлғон чақуви бўйича масъул мусулмон ходимларни судга бердилар ва ҳатто отиб ҳам ташладилар, бу эса босмачиликни тугатиш масаласида мусулмон ходимларнинг совиб кетишга сабаб бўлди».
1922 йил 12 майда Туркистон Компартияси Марказқўмининг V пленуми «Босмачилик билан курашиш ва ТКПнинг Туркистондаги навбатдаги вазифалари» масаласини муҳокама қилди. Пленум ишида РКП(б) МҚ Туркистон бюроси аъзоси С. М. Гусев, РКП(б) МҚ аъзоси Г.К.Орджоникидзе қатнашдилар. Марказқўм котиби Н.Тўрақуловнинг маърузаси бўйича муҳокамада Қ.С.Отабоев, Врачев, И. Хидиралиев, Бурнашев, Казарин, Миржамолов, Султон Хўжаев, С.И.Гусев, Юдовкин, Соловьев, Г.К.Орджоникидзелар сўзга чиқдилар. Қ.С.Отабоев ўз нутқида Фарғонадаги аҳвол сабабларини билмагунча бу масалани ҳал этиб бўлмаслигини таъкидлаб, бундай деди: «Фарғонада рўй берган воқеа босмачилик эмас, балки халқ қўзғолонидир. Босмачилик ундан олдин бўлган. Вазиятни ҳисобга олишдаги уқувсизлигимиз туфайли дастлабки йилларда «Йўқолсин бойлар, дин, шариат! Яшасин совет ҳокимияти!» каби шиорлар остида совет ҳокимияти ўрнатилди...»
Қ.С.Отабоев кимга қарши кураш олиб борилган бўлса, халқ оммаси шу «жабрдийдалар»га хайрихоҳ бўлганлиги ҳақида сўзлаб, шундай деди: «Ҳожимат эшон (собиқ авлиё) аҳоли ҳурматини қозониб, узоқ вақт давомида босмачиликни бошқаради. Бу ерда иқтисодий сабаблар бор эди: майда кустар корхоналарнинг миллийлаштирилиши, пахта заводларининг ёпиб қўйилиши натижасида бир гуруҳ ишчилар босмачилик қучоғига ташландилар. Биз ўртоқ Ленинга суиқасд қилиниши муносабати билан бойларни суиқасдликда айблаб, қамоқхоналарга ташладик. Биз аҳолининг барча нуфузли қатламларини қувиб юбордик ва босмачилик советларга қарши ҳаракат тусини олди, бутун аҳоли томонидан қўллаб-кувватланди, диний урф-одатларни ва миллатни большевиклардан ҳимоя қилишга отланди. Босмачилик билан кураш бошланган эди, аммо бу кураш уни тугата олмади. Бу ҳам босмачиликнинг ривожига янги сабаб бўлиб хизмат қилди». Кўрамизки, советлар «босмачилар»га қарши курашиш жараёнида тинч аҳолига ҳам беқиёс даражада катта жабр-зулмлар келтирди ва шунинг натижасида улар қуролли ҳаракатга кўпроқ ёрдам бердилар.
Мазкур ҳаракатнинг узоқ йиллар мобайнида давом этишининг сабабларидан яна бири совет жазо муассасаларининг фаолияти билан боғлиқ. Улар, миллий таркибига кўра, руслардан иборат бўлиб, туб аҳолининг истак-хоҳиши билан мутлақо ҳисоблашмас эдилар. Улар аҳолини бекордан-бекорга отиб, қамоқхоналарда қийнаб, ушлаб турардилар. Шунинг учун ҳам Қ.С.Отабоев ўз нутқида Туркистонда «босмачилик» маҳаллий аҳолининг ўз кучи билангина тугатилиши мумкинлигини, ЧК органларидаги Иванов, Петров каби ходимларнинг маҳаллий халққа ёт кишилар бўлганлиги сабабли уларнинг бу ҳаракатга қарши танлаган кураш усул ва услублари самара бермаслигини, «босмачилик»ка қарши курашиш учун жазо органларини, ҳарбий инқилобий кенгашларни, совет-партия муассасаларини маҳаллий ходимлар билан тўлдириш ва бу ишни уларга топшириш зарурлигини айтади.
И.Хидиралиев ўз нутқида Қ.С.Отабоевни қўллаб- қувватлаб, шундай деганди: «Ўртоқ Отабоев ўзининг қисқа маърузасида Фарғонада юз бераётган даҳшатларнинг юздан биринигина келтирди. Фарғонадаги ҳозирги аҳвол бизнинг хатоларимиз натижасидир. Авваллари пахта ва гуручнинг базаси ҳисобланган бир қатор йирик қишлоқлар эндиликда қаҳатчиликни бошидан кечирмоқда. Шунинг учун ҳам очликни кечирмоқдаларки, 20-йилда босмачилар жойлашган жойлар- дан қизил аскарларнинг овқатланиши учун озиқ-овқатларни олиб чиқиб кетиш методи қўлланган. (Шунинг учун ҳозир у ерда қаҳатчилик ҳукм суриб, ҳатто экиш учун ҳатто уруғ ҳам етишмаяпти.) Натижада биз аҳолини очликка дучор қилдик. Сўнгра шариатни ҳақорат қилиш масаласидаги номаъқулчиликларни ҳам таъкидлаш зарур, мадрасалар казармаларга айлантирилди. Босмачилар билан курашда ҳалок бўлганлар диний расмларсиз дафн қилинмоқда. Буларнинг ҳаммаси маҳаллий аҳолини ғазабга келтирмоқда. Булар маҳаллий аҳолининг нафратини уйғотмоқда, деб айтган ходимлар миллатчиликда айбланмоқдалар ва таъқиб этилмоқда. Шу боис улар совет ҳокимиятидан босмачилар томонига ўтиб кетмоқдалар...
Босмачилар билан курашиш учун тузилган маҳаллий полклар тарқатилиб юборилмоқда. Ҳаттоки ўртоқ Зиновьев босмачилар билан курашиш учун «бегона»ларга, яъни маҳаллий аҳолига биронта ҳам милтиқ бермаслигини эълон қилди... Петерс отряди тинч аҳолидан 130 кишини қилич билан чопиб ташлади, худди шундай фожеа Андижон уездида ҳам содир бўлди. Босмачилар кетганидан сўнг тинч аҳолидан 45 киши сўйиб ташланди. Петерс отряди шундай хатти-ҳаракатлари билан шуғулланаётган бир пайтда, ўртоқ Эйхманс фармонига кўра, сиёсий бўлимда маҳаллий масъул ходимлар устидан тергов ишлари олиб борилмоқда. Бундан Тошкент ҳам, Марказ ҳам хабардор. Эндиликда сиёсий ён беришлар билан ўша вақтда қилинган хатоларимиз жазосини тортаяпмиз».
Врачев Бухорода авж олган «босмачилик» ҳақида тўхталиб, бу ерда ҳаракат маълум маънода халқ қўзғолони, исёни характерига эга бўлаётганини қайд этиб, «босмачилик»нинг Самарқанд, Закаспий, Сирдарё вилоятларида ҳам ривожланиб бораётганини асослаб беради ва шундай оғир вазиятда Фарғонада хато сиёсат олиб борилаётганини танқид қилади.
Қуролли ҳаракатда минтақалар, миллий районларнинг ўзига хослиги билан боғлиқ фарқлар, хусусиятлар ҳам бўлган. Масалан, Туркманистондаги Жунаид- хон бошчилигидаги ҳаракат билан Тожикистондаги Иброҳимбек раҳбарлигидаги ҳаракатда, Фарғона водийсидаги Мадаминбек бошлиқ ҳаракат билан водийнинг қирғиз аҳолиси яшаган Муҳиддин, Жонибек қози каби қўрбошилар бошлиқ ҳаракатда талайгина миллий ва маҳаллий хусусиятлар бўлганки, буларни эътибордан четга қолдирмаслик керак. Шу билан бир қаторда советларга қарши қуролли ҳаракатда қайси минтақада бўлишидан қатъи назар кўпдан-кўп умумийликлар бўлган ҳамда курашувчи гуруҳлар бир-бирлари билан ўзаро қўшилиб кетганки, шунинг учун ҳам мазкур ҳаракатни атрофлича ўрганмай туриб унга тўғри баҳо бериб бўлмайди.
Ўйлаймизки, миллий истиқлол ҳаракати ҳақидаги янги далиллар, ҳужжатлар, материаллар, фикр ва мулоҳазалар қанчалик кўп бўлса, тарихимизнинг бу ғоят мураккаб даврини тўғри талқин ва таҳлил қилиш имконияти ҳам шунчалик кўп бўлади.

Наим Каримов

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин