Саналар
28.03.2024
Баннер
Мовароуннаҳрни маҳв этган хато
PDF Босма E-mail

XXI асрда Хоразмшохлар давлати дунёнинг энг бой давлати эди. Бугунги Эрон, Покистон, Афғонистон ва Ўрта Осиёнинг каттагина худуди бу давлат чегаралари ичида қолиб кетарди. Буюк давлатнинг буюк ташвишлари бўлишини Муҳаммад Хоразмшох биларди...

Буюк Ипак йўли Хоразмшоҳлар хазинасига жуда катта даромад келтирадиган манба бўлган. Хитой, Ҳиндистон, Олд Осиё, Рус ерлари ҳатто Ғарбий Европадан савдогарлар савдо-сотиқ марказига айланиб улгурган Марв, Бухоро ва Самарқандга кўплаб ташриф буюрарди. Самарқанд ярим миллиондан ортиқ аҳолига эга йирик шаҳарга (ўша замонларда Париж ва Лондон аҳолиси нари борса 30-40 мингга зўрға етган) айланиб улгурган, бозорида дунёнинг турли бурчакларидан келтирилган маҳсулотлар кўп эди.
Шунингдек, у Ислом дунёсида илм-фан ва маданият маркази сифатида шуҳрат қозонган эди. Иқтисодий жиҳатдан ҳам жуда бақувват бу юртнинг кетма-кет муваффақиятли юришлар натижасида сарҳадлари анча кенгайиб, деярли бутун Европа ҳудудига тенг келар эди. Салб юришлари даврида Франция, Германия, Англия каби ўлкаларнинг умумий қўшини 50 минг кишидан иборат бир пайтда Хоразмшоҳ ихтиёрида жуда яхши қуролланган 500 минг зирҳли қўшин шай турарди.
Бир куни шоҳга нохуш хабар келади. Эътиборсиз кўринган бу хабар ҳукмдорни ўйлантириб қўйди. Шарқда 3000 км узоқликда янги бир куч пайдо бўлганди. Бу куч насл-насабининг тайини йўқ, чодирларда яшовчи кўчманчи мўғуллар қироллиги эди.
Бу ярим ёввойи қабилаларни 1206 йили ўзини «хонлар хони» деб эълон қилган Чингизхон (Темучин) бирлаштирган эди. У қўшини билан Шимолий Хитойнинг бой вилоят ва шаҳарларини забт этиб улгурган эди. Қорахитойлар Қушлуқ бошчилигида Чингизхонга қарши исён кўтарганда Хоразмшоҳ қорахитойларни яширинча дастаклаш билан мўғуллар давлатини парчалаб ташламоқчи бўлади. Чингизхон 20 минг кишилик қўшин жўнатиб қаттиққўллик билан исённи бостиради. Қорахитойлар исёни бостирилгач, Хоразмшоҳ жиддий ташвишга тушади.
Ўша кезлари Муҳаммад Хоразмшоҳнинг онаси Турконхотун ўз атрофига қанғли-қипчоқ зодагонларидан ҳукмдорга қарши фитна гуруҳи тўплаб, тахтни эгалламоқчи бўлади. Сарой аҳли орасида ҳукмдорнинг обрўси кун сайин тушиб борар эди. Савдогарлар қиёфасида Ўрта Осиёга келиб кетаётган мўғул жосуслари қалъа, дарё кечувлари ва вилоят ҳокимлари ўртасидаги муносабатларни яхшилаб ўрганиб чиқадилар. Хоразм лашкари сони ва жойлашган ерлари ҳақидаги аниқ ва қимматли маълумотлардан кейин Чингизхон узоқ ўйлаб, Ўрта Осиё юришига тайёрланиш учун фармон беради. 100 мингдан сал кўпроқ қўшини бўлган Чингизхон нима сабабдан бундай нозик қарорга борган эди? Буни қуйидаги сабабларда кўриш мумкин:

1. Хоразмшоҳлар давлатида марказий ҳокимият билан вилоят ҳокимлари ўртасида бирлик йўқ эди (кўп вилоят ҳокимлари Турконхотуннинг қабиладошлари бўлган).
2. Саркардалар ичида ўзига қарши гуруҳ вакиллари борлигидан шубҳаланган Хоразм ҳукмдори қўшинни бир неча қисмга бўлиб, мамлакатнинг турли томонларига ҳар хил баҳоналар билан жўнатиб юборган эди.
3. Чингизхон тарихда биринчи бўлиб қўшинни ўнлик, юзлик, минглик ва ўн минглйк қисмларга бўлиб чиққан эди.

Бу усул жанг мобайнида аниқ бир қисмни қийинчиликсиз бошқариш имконини яратди. Чингизхон фақат қайси бўлинмани жангнинг қайси қисмига бориши кераклигини, қайси қисм ёлғондан чекиниши, ёки қайси қйсм душман қўшинига орқадан зарба бериши лозим эканини бир оғиз гап билан тушунтира оларди. Ҳар бир мўғул жангчиси жанговор тартибда ўз ўрнини аниқ билган. Деярли 100 фоиз суворийлардан ташкил топган қўшин жангга ўз ўнлиги билан бирга кирган. Агар ҳарбий қисмдагилар чекиниб, бир қисм аскарлар асирга тушса, қочиб келганларнинг барчаси биродарини жанг майдонида ташлаб қочгани учун қатл этиларди. Шу сабабдан мўғул қўшинида деярли чекиниш бўлмаган.

4. Шимолий Хитойни қўлга киритган Чингизхон қўшинини Хитойнинг илғор техник қуроллари - манжаниқ, нафтандоз ва замбараклар билан қайта жиҳозлаган эди. Унинг қўшинига Хоразмшоҳлар давлатининг қалъа деворлари тўсиқ бўлолмасди.
5. Кўпинча Чингизхон лашкарни икки зарбдор қисмга бўларди. Бири жанг қилаётганда иккинчиси ҳордиқ чиқарар, кейин эса ўрин алмашиниш орқали душманга дам олиш, кучларни қайта ташкиллашга фурсат берил-мас эди.
6. Чингизхон ўз қўшинининг тезкорлигига қаттиқ ишонар эди. Душман мўғул лашкарини олти кундан кейин етиб келишини кутаркан, уларни икки-уч кунда қаршиларида кўргач жиддий саросимага тушиб қоларди.

1218 йили Чигизхон Урганчга кўп миқдорда қимматбаҳо моллар ортилган 500 туя ҳамда 450 мусулмон савдогардан иборат жуда катта савдо карвони ва элчиларини жўнатади. Карвон Урганчга етиб бормай чегара шаҳри Ўтрор ҳокими Инолчиқ томонидан талон-тарож қилинади. Урушга ҳар томонлама таиёргарлик кўрган мўғуллар ҳукмдорига Ўрта Осиёнинг бой ва обод вилоятларига бостириб кириши учун бир баҳона етишмаётган эди холос. У қимматбаҳо моллар ортилган карвонни соқчиларсиз, золим ва очкўз ҳокими билан танилган Ўтрор орқали жўнатилишини олдиндан режалаштирган эди.
Чингизхон Муҳаммад Хоразмшоҳ ҳузурига Ибн Кафрож Буғрони элчи сифатида юбориб Хоразм маъмурларидан ҳисобланган Ўтрор ноибининг хатти-ҳаракатидан норозилигини, Инолчиқни туттириб, унинг ихтиёрига жўнатишини талаб қилади. Қабул қилиб бўлмас бу талабларни эшиттан Муҳаммад Хоразмшоҳ элчини ўлдиришни, у билан бирга келган икки мулозимининг соқол-мўйловини қириб, шармандаларча қайтариб юборишни буюради. Шу билан элчилик алоқалари узилиб, уруш бошланади.
Шарқий Туркистон ва Еттисувда пайдо бўлган уруш таҳликасига қарши чора-тадбирлар кўриш учун дарҳол тайёрланиш зарур эди. Хоразм давлатида қамал қуроллари ва уларни ишлатишни яхши биладиган моҳир сарбозлар кўп эди. Уруш узоқ муддатга чўзилгудек бўлса ҳам мудофаачилар учун етарли даражада озиқ-овқат ва ем-хашак мавжуд эди. Аскарларнинг умумий сони жиҳатдан шубҳасиз Хоразмшоҳ бирмунча устунроқ ҳам эди. Афсуски, подшоҳ билан саркардалар ўртасида мавжуд ихтилофлар аввал бошданоқ бундай устунликдан фойдаланишга имкон бермади. Ҳарбий кенгашда улар ўртасидаги ихтилоф яққол намоён бўлди. Кенгашда душманга зарба беришнинг ягона режасини якдиллик билан белгилаб олиш ўрнига фикрлар бўлиниб кетди. Хива вакили саркарда Шаҳобиддин Хивакий бор қўшинни Сирдарё бўйига тўплаб, мўғулларни қарши олиш, узоқ йўлдан толиқиб келаётган душманга ўзини ўнглаб олмасдан туриб, янги куч билан тўсатдан зарба бериш ҳақида ягона тўғри фикрни баён қилади. Бироқ Хоразмшоҳ бундай маслаҳатни қабул қилмайди. Чунки у ўзининг олий лашкарбошилари бўлган қипчоқ саркардаларига тамоман ишончсизлик билан қарар эди. Ҳарбий кенгашда бўлажак урушда мудофаа тактикасини қўллашга қарор қилинди. Хоразмшоҳ мўғулларнинг асосий зарбаси Мовароуннаҳрнинг маркази - Зарафшон водийсига қаратилса керак деб ўйлаган эди. Шунинг учун ҳам Самарқанд ва Бухоро шаҳарларини мустаҳкамлашга буйруқ берди. Самарқанднинг ташқи деворини қайта қуриш мақсадида шаҳар аҳолисидан ҳатто бир йил ичида уч марта хирож йиғилди. Шунга қарамай Хоразмшоҳ мудофаага тайёр эмас эди.
1219 йилнинг кузида Чингизхон 200 минглик қўшин блан Хоразмшоҳга қарши юриш бошлади. Шаҳарлар мудофаасига бўлиб юборилган тарқоқ лашкар тезкор ва шавқатсиз душман томонидан бирин-кетин қириб ташланади. Дастлабки зарба Ўтрорга берилади. Чингизхон қўшинни бир неча қисмга бўлиб, турли йўналишларда юриш бошлайди. Бир вақтнинг ўзида мўғул лашкари бир неча шаҳарни қамал қилиб забт этади.
Аҳоли орасида «мўғулларни енгиш имконсиз, яхшиси жангсиз таслим бўлсак, бизларга шафқат қилишади», деган ваҳимали гаплар тарқатила бошланди. Душманга жангсиз таслим бўлган Зеринуқ, Нур қалъалари ва Ўзган шаҳри талон-торож қилинади. Қаршилик кўрсатган бир неча шаҳар аҳолиси бутунлай қириб ташланади. Баъзи шаҳарларда эса қуролланган аҳоли қиличдан ўтказилиб, қолганлари қул қилиб сотилади.
Шаҳарларнинг бирин-кетин таслим бўлгани ҳақидаги хабарлардан эсанкираб қолган Муҳаммад Хоразмшоҳ ваҳимага тушиб, ҳокимият жиловини қўлдан чиқариб юборади. Чингизхон моҳир қўмондони Субутайга сара жангчилардан иборат 20 минг кишилик лашкари билан Муҳаммад Хоразмшоҳнинг калласини олиб келиш вазифасини юклаганидан хабар топгач, ортига қарамай қочади. Бу «қувлашмачоқ» Хуросон, Эрон орқали давом этади. Охири Муҳаммад Хоразмшоҳ тахтдан воз кечиб, Каспий денгизи жанубидаги Ашура оролига қочиб боради. Шу оролда у руҳий касалликдан вафот этади.
Тахт вориси Жалолиддин Мангуберди, Хўжанд ҳокими Темурмалик, Урганч аҳолиси орасида обрўи баланд шайх Нажмиддин Кубролар мўғулларга қарши мудофаани тиклашга қанчалар уринмасинлар фурсат қўлдан бой берилган эди. Турконхотун ва қипчоқ лашкарбошилари тайёрлаётган навбатдаги фитнадан хабар топган Жалолиддин Урганчни ҳам тарк этиб, Хуросонга кетади. Моҳир саркарда сифатида танилиб улгурган Жалолиддин Парвона даштида Шики Хутуху Нўъённи 45 минг кишилик аскари билан қириб ташлайди. Жангдан кейин ўлжа тақсимлашда лашкарбошилар ўртасида келишмовчилик келиб чиқиб, қўшин парчаланиб кетади. Фурсатдан фойдаланган Чингизхон Жалолиддин устига қўшин бошлаб келади. 1221 йилнинг 25 ноябрида Ҳинд дарёси бўйидаги жангда Жалолиддин Чингизхон қароргоҳига бостириб киради. Чингизхонни муқаррар ўлимдан ёрдамга етиб келган «кешик» деган сара қўшин қутқариб қолади. Мағлубиятга учраган саркарда онасининг олдиндан қилган васиятига кўра рафиқаси, онаси ва болаларини дарёга ташлашга амр этади. Ўзи эса 4 минг кишилик аскари билан Ҳинд дарёсининг нариги қирғоғига ўтиб олади (дарёнинг бу жойи ҳозирда «от сакраш» деб аталади). У Эрон ва Кавказда кучли давлат тузмоқчи бўлади, лекин ҳар иккала жойдаги илк ғалабадан кейиноқ ўлжа тақсимлаш масаласида келишмовчиликлар сабабли қўшин тарқалиб кетаверган. Жалолиддин 1231 йили вафот этгунча мўғулларга қарши курашини давом эттиради.
Мўғуллар истилоси оқибатида Мовароуннаҳр ва Хоразмнинг гавжум ва кўркам шаҳарлари харобазорга айланди. Самарқандни ичимлик суви билан таъминлаб турувчи ягона сув иншоот - Қўрғошин новаси ва қалъа деворлари (кейинчалик Амир Темур томонидан тикланган), Марв воҳаси суғориш тармоқларининг бош тўғони - машҳур Султонбанд бузиб ташланди. Самарқандликлар 1750-1800 йил давомида ота-боболари яшаб келган ўз она шаҳарларини тарк этиб чиқиб кетишди. Марв аҳолиси эса сувсизлиқдан қуриб бораётган қишлоқларни ташлаб, ўзга ерларга бориб жойлашди. Воҳа кимсасиз даштга айланди. Урганч сувга бостирилиб, батамом вайрон этилди. Зироатчи аҳолининг кескин камайиб кетиши оқибатида деҳқончилик таназзулга юз тутди. Юз минглаб моҳир ҳунарманд ва усталар Мўғулистонга ҳайдаб олиб кетилди. Осиёнинг ҳеч бир ўлкаси мўғул босқинини Жайхун ва Сайхун оралиғидаги вилоятлар каби даҳшатли даражада ҳис этмади. Чунки бу жангари кўчманчилар Мовароуннаҳрда юксак ҳунармандчилик, ички ва ташқи тижорат ҳамда суғорма зироатчилик билан касб этилган асосли идора усулини биринчи марта кўрдилар. Талон-торож, зўрлашга бўлган чанқоқларини илк бор шу ерда қондирдилар.
Асрлар давомида Хитой ва Ҳиндистондан Улуғ Туркистон орқали Кичик Осиё ва Европа томон кесиб ўтган машҳур «Ипак йўли» мўғуллар босқини даврида бутунлай барҳам топди. Бу даврда илм ва маърифатга етказилган жароҳат ҳам оз бўлмади.
Бу босқинда Ўрта Осиё аҳолисининг 75 фоизи қиличдан ўтказилган эди. Биргина нотўғри берилган қарор сабабли Хоразмшоҳлар давлати барҳам топди. Урта Осиё тараққиёт борасида бир неча юз йилга ортга қайтди. Қизиқарли бир факт: мўғуллар бутун тарих давомида бир марта - Чингизхон ҳукмронлиги даврида босқинчилик урушлари олиб боришган экан холос.
Агар Хоразмшоҳлар салтанати мудофаани тўғри ташкиллаштирганда XIV асрнинг 70-йилларигача давом этган истило ҳам бўлмас эди. Рус халқи 1480 йилгача мўғулларга бош эгмаган, марказий Европанинг қоқ ўртасидаги Вена шаҳри (ҳозирги Австрия республикаси пойтахти) мўғул лашкари ҳужумидан дағ-дағ титрамаган бўларди. Шу биргина хато сабабли миллионлаб одамнинг ёстиғи қуриб, йирик маданият марказлари вайрон қилинди.

Каримжон МАМАЖОНОВ

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин