Боғдоднинг қулаши - Боғдодга йўл (1-қисм)
Муаллиф:    15.11.2017 16:44    Босма

Боғдоднинг қулаши

Муаллиф: Муҳаммад Султанов

Боғдодга йўл

1-қисм

 

Аббосийлар сулоласи ва Боғдоднинг қулаши нафақат Ислом тарихи, балки жаҳон тарихида хам энг муҳим воқеалардан бири ҳисобланади. Бунга сабаб сиёсий харитада янги куч пайдо бўлиб, бу куч дунёда ҳукмронлик қилишга даъвогар эди. Ушбу даҳшатли кучнинг пайдо бўлиши бутун дунёга, шу билан бир қаторда, Ислом оламига ҳам улкан офатларни олиб келган. Ҳижрий еттинчи асрда пайдо бўлган ушбу куч мўғуллар давлати эди. Мўғуллар ҳукмронлиги даврида Ер юзида жуда кўплаб ўзгаришлар, даҳшатли қирғинлар бўлиб ўтган. Мўғуллар ўз юришларини барча йўналишларда амалга оширганликларига қарамай, уларнинг асосий мақсадларидан бири Аббосийлар халифалиги бўлган. Мўғуллар халифаликка қарши уруш бошлаш учун стратегик режалар тузишар ва пухта тайёргарлик кўришар эди. Келажакда ушбу режалар ҳаётга татбиқ қилиниб, Боғдоднинг фатҳ этилиши кўплаб вайронагарчилик ва даҳшатли қирғинлар билан тугаган. Бундай ваҳшийликлар тарихда бўлмаган эди.

1253 йили мўғуллар ҳукмдори Мункехон Аббосийлар халифалигини забт этишни ва қўшни минтақаларда қарам давлатлар тузишни режа қилади. Боғдодга улкан юришни тайёрлаш учун 5 йил кетди. Ушбу вақт ичида Хитойдан Боғдодгача бўлган йўлнинг ўтказгич кучи оширилган бўлиб, бу мўғуллар қўшинининг йўлдан осонликча ўтишини таъминлаб берди. Шунингдек, оғир қуролларни олиб ўтиб етказиш учун оғир вазнли аравалар тайёрланган.Боғдодга олиб борадиган йўл атрофидаги барча яйловлар маҳаллий аҳолининг уй ҳайвонлари томонидан бўшатилди. Хитойдан Ироққача бўлган йўлда жойлашган барча стратегик нуқталар мўғуллар томонидан қўриқланарди.Шу орқали мўғулларнинг асосий қўшини хавф-хатарсиз манзилга етиб бориши таъминланди. Хулаго учун Ироқ ва хусусан Боғдод ҳақида тўлиқ маълумотлар етказилган эди. Шу сабабли мўғуллар Боғдод ва халифаликнинг ички вазияти, қуролли кучлари, иқтисодий аҳволи ҳақида тўлиқ маълумотга эга эди. Шунингдек, Аббосийлар давлатига таъсир ўтказиши мумкин бўлган барча одамлар ҳақида ҳам маълумотлар олинган эди. Йиғилган маълумотлар кўп йиллар давомида мўғул жосус, айғоқчилари томонидан олиб борилган жараён натижаси эди. Айрим айғоқчилар халифаликнинг амалдорлари ва вилоятлар ҳокимлари билан алоқа ўрнатишган. Бундан ташқари, мўғуллар Боғдодга юришни бошлашдан аввал христианлар Арманистони, французлар Антиохияси ва бошқа минтақага таъсир ўтказиши мумкин бўлган кучлар билан иттифоқ ва келишувлар тузганлар. Шунингдек, Хулаго бошқа Ислом олами ҳукмдорлари ва ҳокимлари томонидан мўғулларга қарам бўлишга ҳамда пассив ёрдам беришга шартлашишган. Минг афсуски, бу ҳукмдорларнинг асосий қисми буюк Салоҳиддин Айюбий авлодидан эди. Барча маълумотларни ўрганиб чиққан Хулаго аббосийлар қўшини заифлиги ва халифа Ал-Мустасимнинг заиф нуқталари ҳамда унинг имкониятларини ўрганиб чиқиб, халифаликни ва Боғдодни ҳимоя қилишга кучлари етмаслигига ишонч ҳосил қилди. Ҳижрий 654 йили Аббосийлар халифалигига юриш учун барча тайёргарликлар ниҳоясига етди. Чингизхон давридан бошлаб мисли кўрилмаган қўшин йиғилди. Фақат Боғдодни забт этиш учун 200мингдан зиёд бўлган қўшин йиғилди. Бундан ташқари, Ироқ шимолида кўп сонли мўғул қўшинлари тайёрланган эди. Буларнинг ҳаммаси Боғдодга бўлган йўлда жойлашган кўмакчи қўшинларни ҳисобга олмаганда. Бунга қўшимча қилиб захира қўшинлари, разведка ва назорат гуруҳлари ҳам шакилланган.

– Форс, Озарбайжон, Шарқий Ироқда жойлашган асосий кучлар Россиянинг Волга дарёси бўйида жойлашган мўғул қўшинлари гуруҳи ( улар Россияни забт этган, машҳур Боту қўшини бўлиб, Хулаго уларни ҳам юришга чақирган эди). Аммо Ботухон бу юришга ўзи келмасдан, уч нафар жиянларини жўнатади. Ўша даврда Ботухон ўзига қарам ерларда Олтин Ўрда давлатига асос солган бўлганига қарамай, Мункехонга бўйсунишга мажбур эди.

– Европага жўнатилган мўғул қўшини Туркиянинг шимоли Анатолияда жойлашган эди. Хулаго уларни ҳам Боғдод фатҳига қўшилишини талаб қилади. Байжо бошчилигидаги ушбу қўшин Туркиядан Ироқгача бўлган йўлда ҳеч қандай қаршиликка учрамасдан асосий қўшинга келиб қўшилади. Афсуски, мусулмон ҳукмдорлари мўғул қўшинлари ерларидан осонликча ўтишлари учун барча имкониятларни яратиб беришади, шу сабабли мўғул қўшинлари Анатолия, Мосул, Ҳалаб, Хомс ерларини осонликча кечиб ўтишади.

– Арманистон подшоҳи Хетум бошчилигидаги гуруҳ. Хулаго дўсти бўлган Арманистон подшоҳи Хетумдан ҳам қўшин жўнатишини сўраганига қарамай, Хетум ўзи бошчилик қилиб катта қўшин билан келиб Хулагога қўшилади.

– Шунингдек, Хулаго ихтиёрига 1000 нафар моҳир хитой камончиларини олади. Чунки улар оловли камон ўқларидан фойдаланиш бўйича катта тажрибага эга эдилар.

Санжар Қобил таржимаси

 

 

Янгиланди ( 16.11.2017 10:08 )