"Алпомиш" достони
Муаллиф:    08.03.2010 12:08    Босма

Ассалому алайкум, қадрли ватандошлар!
Муҳтарам меҳмонлар!
Хонимлар ва жаноблар!
Кечагина биз халқимиз озодлиги йўлида жон фидо этган миллий қаҳрамонимиз Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 йиллигини кенг нишонладик.
Бугун эса аждодларимиз бадиий даҳосининг бебаҳо ёдгорлиги - "Алпомиш" достонининг 1000 йиллиги байрамида сиз, азизлар билан дийдор кўришиб турганимдан ғоят мамнунман.
Ҳар қайси миллатнинг ўз афсонавий баҳодири, севган паҳлавони бор. Алпомиш номи ҳам бизнинг шууримизга мунис оналаримиз айтган аллалар билан кирган. Аждодлар ёди, фахру ғурури бизнинг хотирамизга Алпомиш тимсолида жо бўлган.
"Алпомиш" - ўзбекнинг ўзлигини намоён этадиган, мард ва танти халқимизнинг юрак-юрагидан чиққан, ота-боболаримиз авлодлардан авлодларга ўтказиб келаётган қаҳрамонлик қўшиғидир.
Халқимиз азалдан ўз вужуди, ўз томирида мавжуд илоҳий қудратга муносиб бўлмоққа интилиб яшади. Ўз ўғлонларини мардлик ва ҳалоллик, жасурлик руҳида, эл-юрт учун жонини ҳам аямайдиган асл паҳлавонлар этиб тарбиялаб келди.
"Алпомиш" достони бизга инсонпарварлик фазилатларидан сабоқ беради. Одил ва ҳақгўй бўлишга, ўз юртимизни, оиламиз қўрғонини қўриқлашга, дўсту ёримизни, ор-номусимизни, ота-боболаримизнинг муқаддас мозорларини ҳар қандай тажовуздан ҳимоя қилишга ўргатади.
Муҳтарам биродарлар!
"Алпомиш" достони - бутун ўзбек халқининг маънавий мулкидир. Лекин нима учун биз унинг тўйини айнан Термиз шаҳрида, Сурхон воҳасида ўтказяпмиз?
Негаки, Сурхон воҳаси, аввало, "Алпомиш" достони туғилган қутлуғ маскан. Алпомиш мана шу бепоён яйловларда, баланд тоғ дараларида гумбурлатиб от чопган, шу юртнинг зилол кўлларидан сув ичган, шу мағрур элга муносиб паҳлавон бўлиб етишган.
Шунинг учун ҳам Барчиной душманларга қарата ғурур билан: "Менинг ёрим билсанг Бойсун султони", деб айтади.
Сурхон жаҳон цивилизациясининг қадимий бешиклари - милоддан аввалги Кушон ва Бақтрия давлатларига замин бўлгани билан оламга машҳур. Воҳадаги Далварзинтепа, Холчаён, Тиллатепа, Зараутсой, Тешиктош, Фаёзтепа сингари кўҳна маконлар, у ерларда топилган археологик ашёлар кўпминг йиллик тарихимизнинг ноёб ёдгорликларидир.
Бу тупроқ азалдан илму ҳунар, ҳикмат ва санъат руҳи билан йўғрилган. Имом Ат-Термизий, авлиё Ҳаким ота каби улуғ зотларнинг ўлмас руҳи, ҳаётбахш ўгитлари баркамол авлодларни вояга етказди. Шубҳа йўқки, "Алпомиш"дек буюк обидалар, Алпомишдек мард паҳлавонлар айнан мана шундай муҳитда дунёга келади.
"Алпомиш" тўйининг Термиз шаҳрида ўтаётганида мен яна бир рамзий маъно кўраман.
Қачонки ўлкамизга жануб тарафдан ёв ҳамла қилган бўлса, Термиз унинг қаршисида метиндек қўрғон бўлиб келган. Термиз бугун ҳам она юртимизнинг жанубий сарҳадларида мустаҳкам қалъа бўлиб турибди.
Мана шу чегара ҳудудларида кўксини қалқон қилиб табиатан оғир-вазмин, аммо Ватан бошига синов тушса, жон фидо этишга ҳам тайёр ориятли халқ яшайди.
Бу довюрак ва ўктам халқнинг - Сурхон аҳлининг юрагида Алпомиш каби паҳлавонлардан мерос қолган шижоат яшайди.
Бу юртда дунёнинг кураш майдонларида кураги ерга тегмасдан зафар қозониб, ўзбек номини бутун оламга тараннум этаётган юзлаб полвонлар яшайди.
Ишончим комилки, бундай қудрат соҳиби бўлган халқни ҳеч қандай ёвуз куч енголмайди.
Ҳурматли меҳмонлар, азиз ватандошлар!
Бугун биз сизлар билан "Алпомиш" достонининг 1000 йиллик тўйини нишонлаяпмиз. Лекин бу достонда тасвирланган воқеалар юртимизнинг неча-неча минг йиллик шонли тарихидан дарак беради.
Асардаги кичик бир далилга мурожаат қилайлик. Халқимизнинг қадимий тасаввурларига кўра, ўқ-ёй - ҳокимият нишони ҳисобланган. Алпомиш етти ёшида ўн тўрт ботмон биричдан - бронзадан ясалган ёйдан ўқ отиб, "алп" деган унвонга эга бўлади. Алп дегани - ҳокимият эгаси эканини инобатга олсак, бу достон кўп асрлик миллий давлатчилигимизнинг бадиий ифодаси эканига ишонч ҳосил қиламиз.
Аслида, халқимизнинг қадимий ва шонли тарихи туганмас бир достон бўлса, "Алпомиш" ана шу достоннинг шоҳбайтидир. Бу мумтоз асарда тарих тўфонларидан, ҳаёт-мамот синовларидан омон чиқиб ўзлигини йўқотмаган халқимизнинг бағрикенглик, матонат, олижаноблик каби эзгу фазилатлари ўз ифодасини топган.
Муҳтарам юртдошлар!
Бугунги муборак айёмда биз "Алпомиш"дек сўз дурдонасини яратган, уни асрлар оша авлодларга етказиб келган ижодкор халқимиз даҳоси олдида бош эгамиз.
Бугун биз минг йиллар давомида бу достонни куйлаб, гавҳардай асраб-авайлаб, бойитиб келган, номлари бизга номаълум бўлган юзлаб халқ бахшиларининг истеъдоди қаршисида таъзим қиламиз.
Агар иложи бўлса, мен ана шу инсонларнинг номларини маънавиятимиз тарихига олтин ҳарфлар билан ёзган бўлур эдим.
Муҳтарам жамоат!
Бахши-шоирлар ўз халқининг бийрон тилидир. Улар юртимизда доимо "Бахшили эл - яхшили эл" деб улуғланган.
Бугун биз Ёдгор бахши ва Тилла кампир, Жоссоқ шоир ва Амин бахши, Шерна бахши ва Эргаш Жуманбулбул, Фозил Йўлдош ва Пўлкан шоир, Ислом шоир ва Абдулла шоир, Саидмурод Паноҳ ва Бекмурод Жўрабой ўғли, Берди бахши ва Раҳматулла Юсуф ўғли, Қодир шоир ва Шоберди бахши каби достончиларнинг номларини эҳтиром билан тилга оламиз. Уларнинг ноёб қобилияти, юксак маҳорати туфайли "Алпомиш" бор салобати ва нафосати билан яшаб келмоқда.
Бугун биз бу ўлмас асарни ёзиб олиш, нашр этиш, илмий ўрганиш, таржима ва тарғиб қилиш ишига улкан ҳисса қўшган Ҳоди Зариф, Ҳамид Олимжон, Музайяна Алавия, Мансур Афзалов каби заҳматкаш инсонларни, кўплаб хорижий олимларни ҳам миннатдорлик билан эслаймиз.

Ҳурматли юртдошларим!
Термиз - Самарқанд, Бухоро, Хива сингари халқимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини бутун дунёга намоён этган кўҳна шаҳримиздир.
Мен бугун сизларнинг ҳузурингизда шуни маълум қилишдан бахтиёрманки, биз ҳадемай Термиз шаҳрининг 2500 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаймиз. Шу маънода бугунги Алпомиш тўйи бўлажак катта тўйнинг дебочаси, десам, хато бўлмайди.
Бугун биз ўз афсонавий баҳодиримизга бўлган чексиз эҳтиром ифодаси сифатида бунёд этилган Алпомиш ёдгорлик мажмуини тантанали суратда очдик.
Кўз ўнгимизда енгилмас, жасур Алпомиш ўз уйи, ўз ёри, ўз юртини ёвуз ниятли ғанимдан ҳимоя қилмоққа шай бўлиб, шижоат ва қатъият билан қад ростлаб турибди.
Унинг тимсолида Ватанимизни ёмон кўзлардан, бало-қазолардан асрашга қодир, керак бўлса, бу йўлда жонини ҳам фидо қилишга тайёр бўлган азамат ўғлонларимиз - бугунги алпомишларнинг маънавий қиёфаси мужассам.
Мана шу фурсатдан фойдаланиб, мажмуани барпо қилишда юксак маҳорат ва санъатини намоён этган қўлигул усталарга, моҳир қурувчиларга, меъмор-муҳандисларга ўз номимдан, бутун халқимиз номидан ташаккурлар айтишга ижозат бергайсизлар.
Мен алоҳида мамнуният билан мана шундай савобли ишларимизда бизга ҳамиша хайрихоҳлик кўрсатиб келаётган ЮНЕСКО вакилларига, бугунги шодиёнамизга узоқ-яқиндан ташриф буюриб, қувончимизга шерик бўлган барча хорижий меҳмонларга чуқур миннатдорлик изҳор этаман.
Муҳтарам ватандошлар!
Йиллар, асрлар ўтади, она Ўзбекистонимизда янги-янги авлодлар вояга етади.
Ишонаман, ҳар бир авлод мана шу қаҳрамонлик достонини асраб-авайлаб келгуси авлодларга етказади.
Ишонаман, халқимиз бугунги шодиёнадан руҳланиб, қадр-қимматини янада чуқурроқ англайди, ўзининг беқиёс жасоратини, букилмас иродасини, мустаҳкам иймон-эътиқодини намоён этиб, ёруғ келажак сари қатъият билан бораверади.
Ишонаман, ҳар қайси қишлоқ, ҳар қайси шаҳар, ҳар бир хонадондан янги-янги алпомишлар дунёга келади, ватанга садоқатли, жасур ва енгилмас инсонлар бўлиб улғаяди.
Сурхон воҳасининг бетакрор табиати, Боботоғ, Бойсун, Вахшивор сингари баланд тоғлари, Олтинсой, Сангардек, Сайроб, Хонжизза каби гўзал гўшаларини бир бор кўрган одам беихтиёр бу юртга мафтун бўлиб қолади.
Бу заминда яшаб, фидокорона меҳнати билан унинг кўркига кўрк, чиройига чирой қўшаётган инсонларга, айниқса, ёш ўғил-қизларимизга менинг ҳавасим келади.
Ҳар қандай инсон бу юраги очиқ, мард ва танти, ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом одамлар билан чин кўнгилдан яқин бўлишни истайди.
Шу унутилмас, ҳаяжонли дамларда Алпомишдек баҳодирларни камолга етказган она халқимга яна бир бор таъзим қиламан.
Юртимиз осмони доим мусаффо, халқимиз ҳамиша омон бўлсин!

"Алпомиш" достонининг 1000 йиллигига баўишланган тантанали маросимда сўзланган нутқ .1999 йил 6 ноябрь