Аврангзеб Оламгир– Ислом дини тарғиботчиси
Муаллиф:    17.04.2017 16:00    Босма

 

Бобурий ҳукмдорлардан Аврангзеб Оламгир номи билан бутун дунёда машҳур бобурий ҳукмдор ва саркарда, Ислом динининг фаол тарғиботчиси, тақводор инсон сифатида танилган.

Абу Музаффар Муҳйиддин Муҳаммад (Биринчи Оламгир ҳам дейишади) милодий 1618 йилнинг 4 ноябрида (баъзи маълумотларда 24 октябрда) Ҳиндистоннинг Гужарот вилоятидаги Доҳад шаҳрида туғилган. У Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг авлодларидан Шоҳжаҳон ва унинг рафиқаси Мумтоз Маҳал бегимнинг ўғли эди. Форсча “Аврангзеб” сўзи “тож-тахт безаги” маъносини билдирса, “Оламгир” эса “оламни забт этувчи” маъносидадир. У жуда эрта Қуръонни тўлиқ ёд олди, болалигидаёқ ҳадис ва фиқҳ илмини ҳамда араб, турк, форс, ҳинд тилларини чуқур ўрганди. 1658 – 1707 йилларда Ҳиндистоннинг ярмини эгаллаган, тарихга “Буюк мўғуллар салтанати” номи билан кирган бобурийлар давлатига салкам ярим аср ҳукмдорлик қилди. Тарихчиларнинг якдил фикрига кўра, унинг ҳукмронлиги “салтанат тарихидаги олтин давр, энг олий чўққи” бўлди. Ислом оламида ҳанафий фиқҳининг қомуси ҳисобланган “Фатавойи Оламгирия” асари бевосита унинг ташаббуси ва раҳбарлигида тасниф қилинган. Россияда нашр этилган “100 буюк қўмондон” китобидан Амир Темур ва Аврангзебгина жой олган. Аврангзеб 1707 йилнинг 3 мартида тўқсон ёшида вафот этган.

 

Аврангзебнинг отаси – Ҳиндистонда Бобуршоҳ асос солган сулоланинг учинчи ҳукмдори Акбаршоҳнинг невараси бўлмиш Шоҳ Жаҳон, онаси – машҳур малика Мумтоз Маҳал эди. Аградаги машҳур Тож Маҳал ёдгорлиги ана шу малика шарафига қурилган. Эр-хотиннинг тўрт ўғли бўлган: Доро Шукуҳ, Шоҳ Шужоъ, Аврангзеб ва Мурод Бахш.

Шоҳ Жаҳон анча заковатли ва зийрак учинчи ўғлининг таълими ҳақида жиддий қайғуриб, бунинг учун юртдаги энг машҳур олим ва устозларни саройга таклиф этади. Бола саккиз ёшида Қуръони каримни ёд олади, ҳадис ва фиқҳ илмларидан чуқур таҳсил олади. У расмий давлат тили бўлган форсчадан ташқари араб, ҳинд-урду, бобокалонлари тили бўлмиш турк (чиғатой) тилларини пухта билиб олади. Катта бобоси Бобур каби адабиётга катта меҳр қўйган, ўзи ҳам ғазаллар битиб турарди. Аврангзеб хаттотликка ҳам қизиқиб, бу соҳада ҳам анча ютуқларга эришади, араб хатининг настаълиқ ва шикста усулларида моҳир хаттотлардан қолишмасди. Унинг хаттотлик санъати намуналари ҳозиргача сақланиб қолган.

Бола саройдаги ҳашам, мол-дунё ва мансаб фитналарига қизиқмас, аксар вақтини китоб мутолааси ва ҳарбий санъатни ўрганиш билан ўтказарди. У қурол ишлатиш ва ҳарбий маҳоратини оширишда ҳам катта натижаларга эришиб, бу нарса унинг кейинчалик бошлаган ҳарбий юришларида ниҳоятда қўл келди. У кейинроқ Марказий Осиё ва Қандаҳорга қилган юришларида, Гужарот ва Деккон ўлкасининг тўрт вилоятида ҳокимлик қилиб турган пайтларида ҳарбий соҳада катта тажриба орттирди ва унинг бу тажрибаси салтанат тахти учун олиб борган курашларида унинг фойдасига ишлади. Илоҳий муқаддарот гўё уни улкан салтанатнинг доно ва жасур ҳукмдори бўлиб етишишига замин тайёрлаётган эди.

Аврангзеб ўсмирлик чоғиданоқ, ҳали тахтга чиқмай туриб Бобурийлар салтанатидаги ўз ўрнини топишга уринган шаҳзода эди. 1636 йили, у энди ўн саккизга кирганида отаси Шоҳ Жаҳон томонидан маркази Аврангобод шаҳри бўлган Деккон вилоятига ҳоким этиб тайинланади.  1645 йили Шоҳ Жаҳон ўғлини аввал Гужаротга, сўнгра Балх ва Бадахшонга ҳоким қилиб жўнатди. 1652 йили отаси Шоҳ Жаҳон Аврангзебни яна Декконга қайтарди, у яна Деккон вилояти ҳокими этиб тайинланади ва бу вазифада 1657 йилгача қолади.

Отасининг Ислом дини талабларига хилоф ўлароқ шон-шуҳрат, ҳашам ва исрофга ўчлиги ҳам ота билан фарзанд орасида келишмовчиликка сабаб бўлади. Ҳукмдорнинг севимли хотини Мумтоз Маҳал шарафига Аграда ҳашаматли мақбара – Тож Маҳални қурдиргани ҳам Аврангзебга ёқмади. У бунчалик маҳобатли мақбара қурилишини давлат хазинасини совуриш, катта исрофгарчилик деб атаб, бунинг Исломга зид эканини айтади. Бунинг устига  Шоҳ Жаҳон Тож Маҳалдан ташқари ўзи учун яна бир муҳташам мақбара қуриш тараддудида эди. Бу эса давлат хазинасини батамом бўшаб қолишига ҳамда салтанатнинг барбод бўлишига олиб келиши тайин эди. Авранг¬зеб бобурийлар салтанатини сақлаб қолиш ва уни ҳар томонлама тараққий эттириш йўлида отасига қарши боришга мажбур бўлади. Аврангзебнинг ҳокимлиги бобурийлар салтанатининг ниҳоятда кенгайган даврига тўғри келди. Салтанат бутун Ҳиндистон ҳудудини эгаллаб олган, жанубда Пеннар ва Тунгабхадра дарёларигача ястаниб ётар, шимолда эса Кашмир ва афғонларнинг Кобул ва Ғазна ерларини қамраган эди. Фақат Қандаҳор форсларнинг қўл остида эди.

Тахт учун ҳал қилувчи жангларнинг бири 1658 йилнинг 29 май куни Агра яқинидаги Самугарҳда бўлиб ўтади. Катта ака Доронинг эллик минг кишилик ўрдуси (армияси) икки укасининг ўрдусига қарши жангга киради. Бу муҳорабада Аврангзеб ва Мурод тўла ғалаба қозонишади.

Ушбу жангда Доронинг ўн минг тарафдори ҳалок бўлди, унинг ўзи эса Панжобга қараб қочди. 1658 йилнинг ёзида Аврангзеб Аграга кириб борди ва бу вақтда хаста бўлган отасининг тахтига ўтириб, ўзини бобурийлар салтанатининг подшоҳи Абул Музаффар Муҳйиддин Муҳаммад Аврангзеб Баҳодир Оламгир Подшоҳи Ғозий деб эълон қилади.

Барча ғанимларини даф қилиб бўлганидан кейин Аврангзеб тахтга мустаҳкам ўрнашиб олди ва салкам эллик йил улкан салтанатни адолат билан моҳирона бошқарди. Иқтидорли саркарда, тадбирли раҳбар, бошқарувнинг миридан-сиригача яхши билувчи бу ҳукмдор айни пайтда қаттиққўл ҳам эди. У айниқса шариат талабларига қатъий риоя этилишини талаб қилар, бу борада муросага боришни асло истамас эди. Ёшлигидан камтар, ҳашамлардан узоқда яшашга ўрганган Аврангзеб тахтга ўтирганидан бошлаб то умрининг охиригача бу одатини тарк этмади. У шароб ичмас, мол гўшти емас, фақат сув ва камбағал кишилар ейдиган арпа нони билан кифояланарди. У қуруқ ерда ухлар, оддий кийинар, кўпинча рўза тутиб юрар эди. Тарихчилар унинг саройида қимматбаҳо олтин ва кумуш идишлар мутлақо бўлмаганини ёзишади. Ҳукмдор ахлоқ масаласида ўта муросасиз бўлиб, иродаси кучли бўлгани учун ҳеч қачон ўз аъёнлари ва маликаларнинг таъсирига берилмасди. Харажат қилишда ўта тежамкор, ҳатто хасис бўлган Аврангзеб сахийларча садақа-эҳсон улашар, ўз жангларини эътиқод учун урушга айлантирган эди.

Аврангзеб Оламгирнинг тақводорлиги, яъни Аллоҳдан қўрқиши унинг фаолиятида ҳар қадамда кўриниб турарди. Мамлакатда Аллоҳ таоло ҳаром қилган майпарастлик, гиёҳвандлик, қимор ўйнаш каби ишларга чек қўйилди. Мамлакатда унинг ҳукмронлигидан олдин урф бўлган зарб қилинажак танга пулларга Қуръони карим оятларини ўйиб ёзиш одатидан воз кечилиб, бу иш тақиқланди. Фаҳш ишларнинг олдини олиш мақсадида эрсиз аёлларга эрга тегиш, акс ҳолда мамлакат ҳудудидан чиқиб кетиш талаби қўйилди. Саройда ғайридинларнинг ҳозиргача нишонланиб келинган турли маросимларини, шу жумладан ҳукмдорнинг туғилган кунини тантана қилишни ўтказишга барҳам берилди. Ҳатто у Акбар давридан буён урфда бўлган ҳиндларнинг миллий кийимини кийишни ҳам тарк этди.

Шунингдек, аҳоли орасида шаръий аҳкомларни бажариш, шариат тақиқлаган ишлар билан шуғулланмасликларини текшириб, назорат қилиб турувчи махсус лавозим – муҳтасиблик таъсис этилди. Муҳтасибларга чексиз ҳуқуқлар, жумладан шариат талабларини бузувчиларни жазолаш ҳуқуқи берилди.

Аврангзеб масжид ва мадрасалар, хонақоҳларни таъмирлаш, янгиларини қуриш ҳақида фармон бергани ҳолда ғайридинларнинг бутхоналари ва мактабларини таъмирлаш, янгиларини қуришни тўхтатиб қўйди. 1679 йилдан бошлаб мусулмон бўлмаган ҳиндлардан жизя (мусулмон мамлакат ҳимоясида яшаётган номусулмонлардан олинадиган жон солиғи) ундириш, уларнинг муқаддас қадамжоларини зиёрат қилганлари учун қўшимча солиқ тўлашлари тартиби жорий қилинди.

Мусулмон савдогарлардан тижорат молининг беш фоизи миқдорида олинадиган солиқ бекор қилингани ҳолда ғайридин савдогарлар учун бу солиқ тури сақланиб қолди. Солиқ, закот йиғувчи идораларда мусулмон бўлмаган кишиларнинг ишлаши тақиқлаб қўйилди. 1688 йилдан бошлаб эса мансабдор ғайридинларнинг тахтиравонда ва чиройли отларда юришлари ҳам чеклаб қўйилди. Бундай тадбирлардан кутилган мақсад, уларнинг ҳақ-ҳуқуларини чеклаш эмас, балки маҳаллий ҳиндларни мусулмон бўлишга ундаш эди. Айни пайтда Ислом динига ўтишни истаган ҳиндларга катта имтиёзлар ҳам белгилаб қўйилган эди: уларга лавозимлар, катта миқдорда пул, ер-мулк, нафақа ва бошқалар бериладиган бўлди.

Ҳукмдор давлатни бошқаришда дин олимлари ва арбобларига таянган ҳолда иш олиб борди. У кундалик фаолиятини, ҳар бир тадбирини, бошлаган ислоҳотларини Ислом шариати талабларига мувофиқ бўлиши ҳақида қайғурар, беқиёс ҳокимиятга эга бўлган подшоҳлигидан динни тарғиб қилишда фойдаланар эди. Ўз навбатида динга кенг йўл очилиши, унинг аҳкомларига қатъий риоя этилиши мамлакат равнақига, давлатни одилона бошқаришга катта имкониятлар очиб берарди.

Аврангзебнинг дин йўлидаги хизматлари бу билан чекланмайди. Оламгир мусулмонларнинг бош шаҳарлари Маккаи мукаррама, Мадинаи мунаввара, бошқа табаррук марказларни доимо қўллаб-қувватлаб турди, ионалар берди. Ўша пайтларда Аврангзеб бошчилигидаги салтанат дунё мусулмонларининг ишончли таянчларидан бири сифатида хизмат қилди.

Олимлардан бири шундай ёзади: “Ҳиндистондаги бобурийлар сулоласидан бўлмиш ҳукмдор Аврангзеб Оламгир ўзининг Аҳли суннат ва жамоа эътиқодига ва ҳанафийлик мазҳабига мустаҳкам амал қилиши билан танилган эди. У ўз қизи Зебуннисо бегимни ҳам худди шундай тарбия қилгани аниқ. Ана шу Зебунннисо “Зеб ат-тафосир” Қуръони каримнинг форс тилидаги бир неча жилдли тафсирини ёзган”.

Бобурий подшоҳларнинг ҳукмронлиги даврида салтанат ҳукмдорларининг динга муносабати борасида 1658 – 1707 йиллар мобайнида тахтда бўлган Аврангзеб Оламгир алоҳида ўрин тутади. Аврангзеб ёшлигидан ўта тақволи, художўй, гуноҳ ишлардан тийилган, адолатпарвар мусулмон эди. Бошқа ҳукмдорлар саройларида бир неча хотин, ўнлаб канизакларни сақлагани ҳолда унинг хотинлари сони шариатдаги тўрт нафардан ортмаган, биттагина канизак сақлаган. Аврангзеб ибодатга қаттиқ эди, намозларини канда қилмас, рамазон ойи рўзасини тутар, нафл ибодатларга ҳам вақт ажратар эди. Ҳиндистонлик тадқиқотчи Сри Шарманинг ёзишича, Марказий Осиё ўлкаларига қилинган ҳарбий юришлардан бирида бўлиб ўтган шиддатли жангда муҳораба рози қизғин паллага кирган пайтда отдан тушиб, пешин намозини адо қилган ва сўнг яна отига миниб, жангга кириб кетган.

Аврангзеб ўз салтанатида барча соҳаларда Ислом шариатига мувофиқ иш юритилиши имкониятларидан усталик ва тадбир билан фойдаланди. Унгача жамият ҳаётининг бирор соҳасида савол туғилиб қолгудай бўлса, муфтийларга мурожаат қилинар, кўп ҳолларда бир масалада уларнинг фикри турлича ҳам чиқиб қолар эди. Ана шунга барҳам беришда, шаръий фатволарни ўзлаштиришни янада осонлаштиришда барча фатволарни бир китобга жамлаш, уларни тасниф ва таҳқиқ қилиш эҳтиёжи туғилди. Бу ишни ҳукмдор ўз зиммасига олди. Аврангзеб Оламгирнинг кўрсатмасига биноан мамлакатнинг қирқдан ортиқ салоҳиятли фиқҳ олимлари ҳанафий мазҳабининг фатволарини саралаб, тўрт жилдли тўпламни тузиб чиқишди. Ҳиндистонда “Фатавои Оламгирия”, ундан ташқарида “Фатавои ҳиндия” номи билан машҳур бўлган фатволар тўплами ана шу тарзда юзага келди. Ҳанафий мазҳабининг ўзига хос бу фиқҳий қомуси Низомуддин Бурҳонпурий (Шайх Низом) бошлиқ йигирма тўрт нафар олим томонидан Қуръон, Суннат, ижмоъ ва қиёсга мувофиқлиги текшириб чиқилди. Тўпламни яратишда тўрт гуруҳга бўлиниб ишланган: аввалги тўртдан бирига Шайх Важиҳиддин, иккинчи қисмига Шайх Жалолиддин, учинчи қисмига Қози Муҳаммад Ҳасан, охирги бўлагига Мулла Ҳамид Жунпурий бошчилик қилган ҳамда Шайх Низом раҳбарлиги ва муҳаррирлигида муваффақиятли тугатилган. Шундан кейингина Аврангзеб мазкур китобни барча амалдорларга тарқатиб, бундан кейин барча давлат ва қозилик ишларида ана шу фатволарга қатъий риоя қилишни, Ислом шариати талабларининг ҳар қандай бузилишига қарши кураш олиб боришни топширди. Шу тариқа мамлакатда хийла илдиз отган хамр ичиш, қиморбозлик ва фаҳш ишлар каби иллатларга шариат талабларига биноан кураш олиб боришга киришилди. Шунингдек, Ислом шариатига зид бўлган айрим солиқлар ҳам бекор қилинди. Бу тадбирлар салтанат ҳудудида яшаб турган минг-минглаб аҳоли томонидан кенг қўллаб-қувватланди. Кейинчалик  “Фатавои Оламгирия” арабчадан урду тилига таржима қилиниб, 1889 йили Лакнавда нашр қилинди. Бу асар Ҳиндистон ва Байрутда ҳам бир неча бор нашр этилагн. Мазкур китобнинг бир неча нусхаси Ўзбекистон кутубхоналарида ҳам сақланмоқда.

Ҳамиша Аврангзебнинг ёнида юриб, унинг ҳар бир қадами ва ишига шахсан гувоҳ бўлган Муҳаммад Мустаъидхон Соқий ўзининг “Маъосири Оламгирий” (Оламгирнинг хайрли ишлари) хотира китобида улуғ салтанат раҳбарининг ажойиб фазилатлари ҳақида гўзал сатрларни ёзиб қолдирган: “Онҳазрат саодаттаъблик тақозоси билан динни ривожлантиришда камоли қатъиятлик хислатига эга эдилар. Исломнинг беш биноси омилкори Имоми Аъзам – Абу Ҳанифанинг ҳаниф мазҳабини жорий этдилар ва мустаҳкамладилар. Таҳорат сувидан ажралмас, ширинсухан ҳамда бошқа вақтда иш ва саломлашиш борасида мулойимсўз эдилар. Фарз намозларини масжидда, масжид бўлмаган жойда жамоа билан, барча суннатлари, нафл ва мустаҳабларини итоаткорлик-бўйсунган ҳолда адо этардилар. Ой ва қуёш ҳисобидаги кўп кунларда ҳамда ҳафтанинг пайшанба, жума, душанба кунларида рўза тутиб, жума намозини жомеъ масжидида барча мўмин-мусулмонлар билан биргаликда ўқир эдилар. Муборак кечаларда тунни бедор ўтказиб, Аллоҳнинг дин ва давлат равнақини орттирувчи файзи нуридан баҳраманд бўлардилар. Ниҳоятда ҳақиқатпарастлик юзасидан кечалари давлатхона масжидининг мақсурасида Аллоҳ дўстлари билан суҳбатда бўлардилар. Хилватда асло тахтга қарамаганлар...

Муборак рамазон ойини рўза тутиш билан ўтказиб, то ой охирига қадар суннатни адо этиш, камол топтириш, Каломуллоҳнинг хатми ва то туннинг иккинчи қисмига қадар солиҳлар ва фузалолар билан биргаликда жамоага Қуръони каримни тушунтириш билан шуғулланганлар. Суҳбат сўнггида масжидда эътикоф қилардилар. Муқаддас хотирда ҳаж қилиш расм-одатини ижро этиш тўла-тўкис ва кераклигича зуҳур топган эди... Салтанат даврида икки Ҳарами шариф мувожирларига гоҳ йилда, гоҳ икки-уч йилда катта маблағлар юбориб турдилар...

Асло ношаръий кийимларни киймаганлар ва кумуш-олтин зеб-зийнатлардан мутлақо фойдаланмаганлар. Муқаддам манзил ҳисобланмиш саройда ҳеч вақт бирор ғийбат ва фисқу фасод ҳамда ёлғондан иборат ношоиста сўз сўзланмаган ва мунаввар макон – сарой хизматкорлари агар арз қилинган пайтда сўзда ғийбат аралашса, уни ажойиб иборалар билан таъбирласинлар, деб ўргатилган эдилар. Ҳар куни икки-уч маҳал девони адл ва додда очиқ чеҳра ва мулойимлик билан туриб, адолат даргоҳига ҳеч бир монеъсиз тўда-тўда бўлиб келиб турувчи ҳамда Онҳазратнинг ниҳоятда диққат билан эшитишидан ҳеч бир қўрқув ва ҳадиксиз ўз мақсадларини арз этувчи адолатталабларга одиллик бахш этардилар...

Хайр-саховат, марҳамат, лутф-карам шу даражада амалга ошиб содир бўлдики, ўтган султонлар, подшоҳлардан бунинг ўндан бири ҳам воқеъ бўлмаган эди. Ва муборак рамазон ойида олтмиш минг рупия ва бошқа ойларда бундан бироз камроқ пул ҳақдорларга юбориб туриларди. Ожиз ва мискинлар таомланиши учун дорул-хилофат (пойтахт) ва бошқа шаҳарларда кўпдан-кўп таомхоналар мавжуд эди. Қаерда мусофир ва сайёҳлар қўнадиган работ ва саройлар йўқ бўлса, дарҳол пайдо қилинди. Салтанатдаги масжидларни таъмирлаш учун файзасар саройдан имом-хатиблар, муаззинлар тайинланди, шунга кўра бу ишлар учун катта маблағ ва кўп олтин-зарлар сарф этилди. Ушбу улкан мамлакатнинг барча шаҳар-қишлоқларидаги фозиллар, мударрисларни вазифаларига яраша кундалик маош, ер-сув билан таъминлаб, толиби илмларга юқори даражадаги маиший ҳолат ва воситаларни белгилаб қўйган эдилар...

Онҳазратнинг касби камолларидан бири Тангри ато қилган ҳолатга зийнат бахш этиб, тафсир, ҳадис ва фиқҳдан иборат диний илмларни ўрганиш эди. Ҳужжатул-ислом Муҳаммад Ғаззолий ва бошқа улуғ шайхларнинг китобларини доимо мутолаадан ўтказар эдилар. Ул художўй ҳоқоннинг улуғ фазилатларидан яна бири Мулки аллом Аллоҳ таоло Каломи ҳифзини ривожлантириш эди. Агар давлат ва иқболнинг дастлабки ҳолатида шарофатли Қуръоннинг баъзи бир сураларигина зўр диққат билан хотир томонидан қироат қилиниб ёд олинган бўлса, Аллоҳ Каломининг тўла ёд олиниши салтанат тахтига ўтирилганидан сўнг амалга оширилди ва бутун жаҳду жадал ҳамда шоҳона азм билан шарофатли хотирда нур сочиб жилоланди...

Дунё ва халқлар танлаган ул шоҳ латиф ахлоқининг мазмуни таҳрир кўламига сиғмайди ва баёнининг чегараси ниҳоятда поёнсиздир. Ақли-заковати буткул ноқис мендай фақирга ул ҳар қандай мақтовга сазоворни таъриф этиб тушунтириш қаёқда дейсиз?!”

Аврангзеб Оламгирнинг ўзи гўзал фазилатлар, юксак ахлоқ ва комил маърифатга сазовор бўлибгина қолмай, зурриётларини ҳам Қуръон ва суннатга мувофиқ тарбия этиб, камолга етказган эди. Аврангзебнинг турли аёлларидан беш ўғли ва беш қизи бор эди. Уларнинг бари мақтовли хислатларга эга подшоҳзодалар ва иффат сиоҳибаси бўлган бегимлар бўлиб тарбия топишганди.

Сўнгги буюк темурий саркарда – Аврангзеб Оламгир салкам эллик йиллик ҳукмронликдан сўнг 1707 йили 89 ёшида Аҳмадобод шаҳрида вафот этди. У Аврангобод яқинига дафн этилди. Кейинчалик унинг жасади Давлатободга кўчирилиб, ҳашамдор мақбарага эмас, мармар лавҳ қўйилган оддийгина қабрга қўйилди.

Аврангзеб ўлими олдидан ўғилларига шундай васиятни ёзиб қолдирди: “Мен бу дунёга якка келдим ва якка кетмоқдаман. Ўзимнинг кимлигимни ва нималар қилганимни ҳам билмайман. Сарф қилинган кунлар ўз ортидан фақат надоматлар қолдирди. Мен ҳеч қандай давлат бошқарувини туза олмадим, раъият ҳақида ғамхўрликни ҳам таъминлай олмадим. Ниҳоятда қимматли ҳаёт бефойда нарсаларга сарф бўлиб кетди”.

Шундай қилиб, Аврангзеб Оламгир Ҳиндистон минтақасида улкан салтанатга асос солган бобокалони Заҳириддин Муҳаммад Бобурдан бир юз эллик йил кейин тахтга ўтирган бўлса, ушбу сулола Аврангзебдан кейин яна бир юз эллик йил ҳукмронлик қилди. Аврангзеб вафотидан кейин унинг ўғиллари бобурийлар салтанатига ҳукмронлик қилишди. Аммо улар салоҳият ва тадбирда оталарига ўхшамагани учун бир-бири билан кураш олиб борган турли феодал гуруҳларнинг қўғирчоқ ҳукмдорларига ҳамда ожиз гумашталарига айланиб қолишди. Бу пайтларда инглиз мустамлакачилари бой ва гўзал бобурий салтанатни қўлга киритиш мақсадида маккорона хатарли “ўйин”ларини бошлаб юборишган эди.

Аҳмад МУҲАММАД

P. S. Муаллифнинг “Аврангзеб Оламгир – бобурий ҳукмдор ва маърифат ҳомийи” рисоласи нашрга тайёрланмоқда.

Янгиланди ( 17.04.2017 16:17 )