Мамлуклар давридаги хонақоҳ ва зовиялар
Босма

Тасаввуфнинг тариқат сифатида шаклланиб, муассаса ҳолига келиши билан бирга аста-секин тариқатларга хос баъзи моддий унсурлар юзага келди. Тариқат аҳли йиғиладиган хонақоҳ ва зовиялар, уларнинг махсус қиёфалари, зикр ва самоъ пайтида ишлатиладиган мусиқа чолғулари шулар жумласидандир. Работ, зовия, хонақоҳ, даргоҳ каби номлар билан аталган жойлар тариқат аъзолари фаолият кўрсатадиган маскан бўлган. Баъзан бу жойлар ўша тариқатнинг номи билан бирга тилга олинади: мавлавийхона, қаландархона ва ҳоказо. Бир тариқатнинг барча масканлари ўша тариқат шайхи жойлашган хонақоҳга қарашли бўлади. Бу жой “пир уйи” ҳам дейилади. Кичикроғи зовия деб аталган. Хонақоҳ ва зовиялар жамиятда тез тарқалиб, нафақат тариқат аҳлига, балки оддий халққа ҳам таълим-тарбия, маданият ва иршод хизматини кўрсатадиган ҳар томонлама фаол бир муассасага айланди. Мадрасалар жамиятнинг олий мақом—ўзига тўқ тоифасига хизмат қилса, хонақоҳлар кенг халқ оммасининг таълим-тарбия ва иршод ўчоғи сифатида фаолият олиб борган[1].
Жомеъ ва мадрасалардан фарқли ўлароқ, хонақоҳлар содда тарзда қурилган бўлиб, бир ёки икки қаватли бўлган. Агар хонақоҳга назар ташласак, у қуйидаги бўлимлар: самоъхона, мақбара, чиллахона, ҳужралар, дарвишхоналар, саломлашув хонаси, ҳарам, омбор ва ошхона, қаҳвахона ўчоғи, қафас (муборак кечаларда келган аёллар ўтирадиган жой) , матраб (самоъ вақтида наът ва илоҳий қўшиқ айтадиган куйловчилар ўтирадиган жой)дан иборат бўлган. Саломлашув хонаси шайхнинг жойи, ҳарам эса уйи бўлган.

Айюбийлар ва мамлуклар ҳадис ва фиқҳ илмидан таълим берадиган мадрасалар қуриш билан машҳур бўлганлар ва урушда зарур бўладиган диний хамоса (машҳур шеърлар тўплами) ёдлатувчи мадрасалар ҳам қурдирганлар. Бу даврдаги хонақоҳларнинг вазифаларидан бири ғариб мусулмон кишиларга саховат кўрсатиш ва уларнинг оғирини енгил қилиш эди. Намозни улар “Байт ал-жамо‘а” деб аталувчи умумий залда ўқир эдилар[2]. Мисрдаги мутасаввифлар ҳар жума куни хонақоҳ ичида намоз ўқимай, шаҳардаги масжидлардан бирига борардилар. Улар кетаётганларида барча одамлар уларни кўргани чиқишарди ҳамда хонақоҳ шайхларининг дуоси ижобат бўлади, деган умидда дуо қилишларини сўрашарди.

Ўрта аср тарихчиси Мақризийнинг таъкидлашича, тасаввуф Мисрда XII асрдан бошлаб ривожланган, Салоҳиддин Айюбий биринчи хонақоҳни қурдирган[3]. Шундан сўнг хонақоҳ, работ ва зовиялар кўплаб қурила бошлади. Айниқса, баҳрий мамлук султонлари ҳукмронлиги даврида уларнинг сони кўпайиб, уларда суфийлар истиқомат қилишган.

Давлат арбоблари бу хонақоҳларни қуриш билан шайхларнинг эътиборини қозонардилар. Давлат ҳеч қачон хонақоҳ молидан ўз манфаатлари йўлида ишлатмас, шунингдек бошқа йўллар билан фойдаланишга рухсат бермас эди. Тарихдан маълумки, Салоҳиддин Айюбий биринчилардан бўлиб, Мисрдаги “Са‘ид ас-Суадо’” хонақоҳини қурдирган. Шундан сўнг мамлук султонлари кўплаб хонақоҳлар қурганлар: энг яхши хонақоҳлардан бири Жамоли маҳалласида жойлашган Рукн ад-дин Байбарс Жаҳонгир Мансурий қурдирган “Байбарсий” хонақоҳидир. Мақризийнинг маълумот беришича, у Қоҳирадаги энг чиройли ва кенг хонақоҳлардан бири эди. У ердаги дераза халифаликдаги энг катта дераза бўлиб, халифалар шу ерда ўтирардилар[4].

Рукниддин Байбарс 1306 йилда султонлик даражасига эришгунга қадар хонақоҳнинг ёнига ичкарига кириш учун катта работ қурдирган. Унинг ёнида ўзининг дафнига мўлжалланган 1309 йилда битказилган қубба ҳам бор эди.[5]

Байбарс келиб чиқишидан қатъи назар ажам ва араб ёш, ўрта ёш ва қариялардан иборат 400 та суфийни йиққан[6]. Работда бошпанасиз 100 та фақир, шайх, имом, муаззин, ходим ва эшикбон бўлган. Шунингдек, хонақоҳда китоблар хазиначиси ёки кутубхона қўриқчиси бор эди. Мамлуклар даврида худди ҳозирдагидек китобларни сақлаб, бир ёки бир неча ойда қайтариб берадиган ва уларнинг ўз вақтида берилиши ва йўқолмаслигига масъул шахс бўлган[7]. Кутубхонада китоблар тартиби, жилдланиши бир тизимга солинган[8].

Қуръон ўқувчи қори ёки воиз яхши овозга ва қироатга эга бўлиши керак эди. Шунингдек, котиб ал-ғайба суфийлар йўқлигида хонақоҳ хавфсизлигини таъминларди[9].

Хонақоҳларда шакар, шарбат, дори-дармон, шунингдек суфийларни даволаш учун каҳҳол (кўз табиби), сувларни алмаштириб турувчи ваққод, фаррош, йиғиб терувчи, соқий бор эди. Хонақоҳдаги бу каби вазифалар билан оддий халқдан чиққан ёшлар машғул бўлардилар. Бунинг асосий сабаби яшаш учун бошпана берилгани, иқтисодий зарур ҳожатлари қондирилганида эди.

Диний ҳаётга келсак, хонақоҳлар ичида ҳар куни шайх ўз жойида, унинг атрофида суфийлар доира шаклида ўтиришган. Шайх Қуръони каримдан баъзи сураларни ўқиган, унинг орқасидан суфийлар қайтаришган. Сўнг тиловат, истиғфор ва дуо қилиб йиғилишни тугатишган[10]. Қуббадаги пайғамбар Муҳаммад (с.а.в) ҳадисларига оид дарсларда ўқитувчи, бир неча муҳаддис ва баъзи қорилар иштирок этганлар[11]. Хонақоҳда ошхона бўлиб, ошпаз суфийлар учун овқат тайёрлаган, меъёрида таом ва унга қўшиб нон берилган. Шунингдек, рамазон ойида, Қурбон ҳайити ва ашуро кунларида ҳар йили агар хонақоҳ шайхи лозим топса, ширинликлар тарқатилган. Кунига икки маҳал овқат, қиш ва ёз фаслларида ёпинчиқ, ойига ҳар бир суфий учун 20-30 дирҳам, ҳар жума куни кийимларини ювиш учун совун ва шакар берилган. Булар уйланмаган суфийлар учун эди. Уйланганлар хонақоҳда беш вақт намоз ўқишган. Бу ернинг одатига кўра суфий махсус жойнамозда ўтирган. Қоҳирага одамлар жума куни “Са‘ид ас-су‘адо’” хонақоҳини кўриш учун келишса, намоз ўқиш учун тўғри шу ерга боришган[12].

Байбарс ўлдирилиб, ҳокимияти тугагач, Амир Носир Муҳаммад ибн Қаловун бу хонақоҳни йигирма йилга ёпган, 1325 йилда қайта очилган. 1374 йилда Нил сувининг камайиши оқибатида хонақоҳдаги иқтисодий аҳвол ёмонлашиб, ҳар бир суфийга бериладиган пул миқдори ойига етти дирҳамдан тўғри келган[13].

Носир Муҳаммад Қоҳира чеккасида “Сир ёқут” хонақоҳи[14]ни қурдирган. “Сир ёқут” 100 кишига мўлжалланган бўлиб, Мақризийнинг ёзишича, унинг яқинида жума намозини ўқиш учун масжид, ҳаммом ва ошхона мавжуд эди[15].

“Жамолия” хонақоҳи Рашид кўчасида жойлашган мамлуклар давридаги энг нодир хонақоҳлардан бўлиб, уни Амир ‘Ало ад-дин Жамолий 1329 йилда қурдирган ва 1331 йилда вафотидан сўнг шу ерга дафн этилган[16]. Бу ўша вақтдаги мамлуклар томонидан қурилган хонақоҳларнинг энг машҳури бўлган. Бу ерда ҳанафий мазҳаби толиби илмлари ҳам таълим олганлар.

Муҳаммад ибн Қаловун мактаби ёнидаги Му’аззин кўчасида “Зоҳирия” хонақоҳи жойлашган[17]. Уни Султон Зоҳир Барқуқ 1384 йилда қурдирган, у мадраса деб аталиб, таълим бериш билан бир қаторда ибодат учун ҳам мўлжалланган эди. Султон Барқуқ хонақоҳга кириш учун хонақоҳ шайхи, тўртта мазҳаб толиблари, муҳаддис, илм изловчилар келиши мумкинлиги, аср намозида Қуръони карим оятларидан ўқиш лозимлиги каби шартларни қўйган.

Мамлуклар даври хонақоҳларидан яна бири “Ал-Акмар” жомеъси яқинида жойлашган Нуриддин Али ибн Муҳаммад Маҳосин Шарабиший томонидан қурилган “аш-Шарабишия” хонақоҳидир[18].

Амир Оқбуға томонидан қурилган “Ал-Азҳар” университети яқинидаги “Оқбуғия” мадрасасининг бир қисми бўлган “Оқбуға” хонақоҳи ҳам тасаввуф тарқалишига замин яратган масканлардандир[19].

Хонақоҳлар фақирларнинг бошпанаси бўлиб, унда истиқомат қилишнинг ўзига хос қонун-қоидалари бўлган. Бу ер маърифат маскани бўлиб суфийликка даъвогар шахс фақиҳ ва уламоларнинг имтиҳонидан ўтиши керак эди[20]. Қайси тариқатга мансублигига қарамай, работга ҳар қандай одам кириши мумкин бўлган[21]. Диний ва ҳарбий соҳа вакилларини тасаввуф бирлаштирган.

Мамлуклар султонлиги даврида диний ва адабий мунозара, баҳс ва олимлар орасида фикр алмашиш учун катта шароитлар яратилган. Хонақоҳ, работ, зовияларда бўлиб ўтадиган мажлисларда фақиҳ, валий ва қозилар ҳам иштирок этишган. Бу мажлислар давомида ҳар бир қатнашувчи ўзларида юзага келган саволлар, адабий ва диний мунозаралар ва муноқашаларга жавоб топардилар[22].

Қоҳиранинг қоқ марказида жойлашган, қози Муҳиддин ‘Абд ал-Қодир Ўзбекий томонидан қурилган “аш-Шаъроний” зовияси масжид, 20 та кўзи ожиз талабани ўз ичига олган 200 га яқин суфийси бўлган мадраса, мусофирлар учун бошпана, шунингдек шайх, унинг хотини ва қариндошлари учун яшаш жойидан иборат бўлган. Зовиядан асосий мақсад совға-салом, ҳадя ҳамда турли амалдорлар юборган моддий ёрдамларни бева-бечораларга тарқатишга қаратилганди, шу билан бир қаторда у мурувват истаганларга нажот жойи ҳам эди. Шайх аш-Шаъроний бундай катта муассасани моддий жиҳатдан таъминлашга ёрдам берган. У кундалик овқат ва байрамлар ҳамда рамазон кунларида бериладиган таомларни таснифлаб ўтган[23].

Миср мамлуклари даврида хонақоҳ, работ ва зовиялар кўп бўлиб, улар тариқат ва мусофирлар учун хизмат қилган. Баъзи шайхлар тамани ёқтирмасдан, кўплари ҳатто шоҳу амирларнинг туҳфасини ҳам қабул қилмаганлар. Бироқ, кейинчалик суфийлар илгаридай “луқмаи ҳалол” тамойилини сақлаган ҳолда, саховат ва футувват ғоясини ҳам кенг тарғиб қила бошладилар. Бунинг натижасида суфий жамоалари билан сарой аҳли, ер-мулк эгалари ўртасида яқинлик юзага келди. Энди шайхлар катта-катта туҳфаларни ола бошладилар, хонақоҳ, работларга ўтказилган вақф ерлари, молу мулк кўпайди. Бу ҳол шунга олиб келдики, бир томондан текин яшашга ўрганган сохта дарвешларнинг сони кўпайиб, иккинчи томондан муҳтож одамларга ёрдам бериш, маърифат ва маънавиятни ривожлантириш учун имконият яралди.

Ниҳоят, софдил шайхлар туҳфа-инъомлар ҳисобига йиғилган маблағ ва ер-мулкни ўзига хос хайрия жамғармаси деб қараб, диндорлар учун энг зарур жойларга ишлатганлар.

Зуҳра Арипова,
тарих фанлари номзоди

[1] Усмон Турар. Тасаввуф тарихи. – Т.: Истиқлол, 1999. – Б.98—99.
[2] Ҳамза ‘Абд ал-Латиф. Ал-Адаб ал-мисрий. – Қоҳира: Мактабат ал-наҳда ал-мисрийа, 1971. – Б. 48-49.
[3] Мақризий Тақий ад-дин. Китоб ал-Маво‘из ва-л и‘тибор би зикр ал- хутат ва-л-осор. Ж.4. –Булоқ: Кастон виит, 1906-1908. – Б.274. (Бундан кейин Мақризий. ал- хутат )
[4] Ўша жойда. – Б. 49.
[5]Ўша жойда. – Б. 276.
[6] Ўша жойда, ўша бет.
[7] Амин Муҳаммад Муҳаммад. Ал-авқоф ва-л-ҳаёт ал-ижтимоийа фий Миср. – Қоҳира: Ал-ҳай’а ал-мисрийа, 1980. – Б.255-257. (Бундан кейин Амин. Ал-авқоф )
[8] Ас-Субкий, Тож ад-дин. Му‘ийд ан-ни‘ам ва мубийд ан-ниқам. – Лондон, 1908. – Б. 111.
[9] Амин. Ал-авқоф. – Б.199.
[10] Ўша жойда. – Б.213.
[11] Мақризий. ал- хутат. Ж.4. – Б.276.
[12] Моҳир Су‘ад. Масожид Миср. 3 жилдлик.– Қоҳира: Дор ал-фикр ал-арабийа, 3Жилд. – Б.170. (Бундан кейин: Моҳир Су‘ад. Масожид Миср.)
[13] Мақризий. ал- хутат. Ж.4. – Б.277.
[14] Хонақоҳ форсча сўз бўлиб, уй маъносини билдиради. Шарқ мамлакатларидан суфий фуқаролар бу ерга келганлар. Мақризий.Тақий ад-дин.Ас-Сулук фий ма‘рифа дувал ал-мулук. – Қоҳира: Дор ал-кутуб ал-мисрийа. Ж.2. – Б. 415.
[15] Ўша манба. – Б.422.
[16] У Носир Муҳаммаднинг мамлуки бўлиб, Хижозга юборилган. У вазирликнинг бошқарувчиси вазифасида ишлаган.
[17] Моҳир Су‘ад. Масожид Миср. – Б.38.
[18] Мақризий. ал- хутат. Ж.4. – Б. 279.
[19] Мақризий. ал-хутат. Ж.4. – Б.225—227.
[20] Ўша манба. – Б.228.
[21] Амин. Ал-авқоф. – Б. 219.
[22] Ўша жойда, ўша бет.
[23] Тримингэм С. Суфийские ордены в исламе. /Перевод с анг. А.А. Ставиской, под.ред. и предисл. О.Ф.Акимушкина. – М.: Наука, 1989. – Б.181.