Қонли ва оғир-қайғули кунлар
Босма

«Бир минг сарт бир ўрис солдотининг этиғининг пошнасиға арзимайдир» (Фарғона губернатори Иванофнинг сўзи)

Биринчи жаҳон уруши даврида чор Россияси катта талафотлар кўради. Ҳукумат бу талафотни тугатиш учун ўзига қарам чет ўлкалар аҳолисини мажбуран сафарбар қилади. 1916 йил 25 июнда подшо Николай II нинг «Империядаги бегона халқлар эркак аҳолисини ҳаракатдаги армия районларида ҳарбий иншоотлар ва шунингдек, давлат мудофааси учун зарур бўлган бошка ҳар қандай ишларга жалб қилиш» фармонига Сибир, Урта Осиё ва Гуржистондан 19 ёшдан 43 ёшгача бўлган 400 минг киши мардикорликка олиниши мўлжалланади. Сафарбар этилганларнинг 250 мингини туркистонликлар ташкил қилиши керак эди. Бу фармон неча ўн йиллардан буён истибдод зулмида кун кечираётган ўлкамиз аҳлининг қаҳр-ғазабини янада жўштириб юборди. Натижада, Туркистонда мардикорчиликка қарши бир қанча қўзғолонлар бўлиб ўтган. Минглаб кишиларнинг бегуноҳ қони тўкилган бу ғалаёнлар ҳақида эса биз хира тасаввурга эгамиз. Лутфулла Олимийнинг қуйида чоп этилаётган мақоласи бу масалани бироз ойдинлаштиради, деган умиддамиз. Уни ЎзФА Шарқшунослик институтининг илмий ходими Тешабой Зиёев нашрга тайёрлаган.

1916 йил июль ойларида, рўза вақти, кунлар иссиғ, ҳар ерда иш, дала жонланғон, пахталар чопиладир, бедалар ўриладир, қовунлар узиладир, бозорда қийматчилик бошланғон, халқни очлиқ даҳшати қўрқутмоқда, деҳқонларнинг энг яхши отлари подшоҳ ҳукумати томонидан олинғон. Ҳар ерда очлиқ аломатлари кўринадир.
Худди ана шу жойда халқнинг оғзида ғивир-шивир сўзлар:
— 19 ёшдан 40 ёшғоча мусулмонларни аскарликка олар эмиш.
— Йўқ. Аскарликка эмас, мардикорга олар эмиш. Рўзномада шундай ёзилибдир. Халқ орасида ҳаяжон, бутун фикр шу масала устида йўнатилган. Баъзи кишилар ўз ўғлининг оёғини синдириб аскарликка (мардикорликка) яроқсиз қилмоқчи, баъзилари агарда ҳукумат рўйхатга олмоқ учун келса, рўйхатчининг қорнига пичоқ солмоқчи.
Пичоқлар, тешалар, болталар, ханжарлар қайралған. Мачитларда, хонақоҳларда йиғи-сиғи, оналарнинг бағри қон, кўзлари ёшли.
Подшоҳ учун бошланғон урушнинг охири кўринмайди. Қийматчилиқ, жабр-зулм, миллий қисинқилиқ, халқнинг бутун тилаги ҳар нечук бўлсада, подшоҳ хукуматининг оғдорилиши. Бунинг устига «подшоҳ ҳазратлари»нинг «фармон олий»лари: «Урушнинг орқасидоғи ҳар хил қора ишларини ўташ учун Туркистонда 19 ёшдан 43 ёшгача бўлғон барча эркак зоти сафарбарликка чақирилсин!»
Кўп ўтмасдан 19 ёшдан 43 ёшғача бўлғон кишиларнинг рўйхати бошланди. Шунинг билан бирга халқнинг юрагига 30 йилдан бери подшоҳ истибдодига қарши ҳозирлонғон исён оловланди, ҳар ерда ташвиқот:
— Подшоҳ энг аввал отларимизни олиб пиёда қолдирди, бизни кучсизлантирди. Энди 19 ёшдан 43 ёшгача бўлғон бутун йигитларимизни олиб, бизни бутунлай битирмакчи. Мамлакатимизни ўрис унсури билан тўлдирмоқчи!
Буни зиёлилар сўзлайди. Имомларнингда бир фикри бор:
— Мусулмонларнинг душмани бўлғон подшоҳ бизнинг наслимизни қурутиб, ислом динини йўқотмоқчи.
Эртага рўйхат бошланади... деган хабарга халқ мана бу хилда жавоб берадир:
— Биз рўйхат қилдирғоли қўймаймиз. Подшоҳга болаларимизнинг тирноғинида бермаймиз!
Тонг отди; бу кунги иссиғлиқ бошқа кундагиларга қарағонда иссироқ. Шамол ҳам йўқ. Қушлар ҳам сайрамайдилар. Бу дунё аллақандай даҳшатлар кутадир.
Ана пристаф, мингбошилар, палисалар маҳаллага халқни рўйхат қилиш учун чиқдилар, лекин маҳаллаларда, уйларда ёш болалар, қари хотинларгина қолғон; ёш кишилар ҳаммаси ҳукуматга қарши кураш учун бир жойга тўплонғон. Ҳамманинг ёнида пичоқ, болта, ханжар ва бошқа ўқсиз қуроллар.
Йиғилғон халқ орасида сўфийлар, зокирлар ҳам бор, улар зикрисамоъ билан халқнинг диний ҳаяжонини ортдирадирлар.
Мана ҳозир халққа қарши солдотлар, милтиқлар, пулимутлар келадир. Лекин халқ қўрқиш даражасидан ўтган.
Ҳоким томонидан буйруқ:
—Тарқалинглар!
Халқ жавоб беради:
— Сен солдотларинг ва пулимутларинг билан кет, сўнгра биз тарқаламиз.
Кўпда ўтмади. Эллик мингдан ортиқ халққа қарши пулимутлар ва милтиқлардан отиш бошланди. Халқ бошда ўлганига қарамасдан пулимутни қўлга киритишга уриниб кўрса-да, ундан ёмғир сингари ёғилиб турғон ўқлар халқни яқиниға келтирмади. Пичоқлар милтиқ билан пулимутга қарши кураша олмади. Халқ енгилди. Халқ қочди. Солдотлар, палисалар уларни орқасидан қувлаб бориб кўрган жойда отти, чопди, майдонда, кўчаларда йигитлар, чоллар, ўспиринлар қонларга бўялиб ётадир. Икки қат хотунларнинг қоринлари устида подшоҳ солдотларининг найзаси санчилиб турадир. Йиқилғон гўдакларнинг қизил лаблари кўкарган, ёш қизларнинг кесилган бошларидаги қора сочлари юзларига ўралиб, уларнинг бетларини қонхўрларнинг кўзларидан сақлайдилар. Ярадорларнинг инграган товушлари яқинда оқиб шовуллаб турғон сувга қўшилиб оқадир. Шаҳар қон ичида. Халқ қилар ишини билмайдир. Майдонга чиқмоқ учун қўлида қурол йўқ.

Л. Олимий, Фарғона

1916 йил мардикор олиш воқеаси Туркистон ерлик халқини қанчалиқ ғазабга келтирган бўлса, ерлик халққа қарши подшоҳ ҳукумати ҳам шунчалик заҳрини тўккан эди. Осишлар, кишанга солишлар, қамашлар қолғони йўқ. Зулмнинг энг қўполлари ишлатилмай қолмади. Ҳаммаси бўлди. Сувратда: Тошкент туманидаги кентлардан бири ҳукуматга қарши исён кўтарганларнинг осиб ўлдирилгани тасвир этиладир. Капустиёнский фото-архиви

Мақола юқорисида. 1916 йил мардикор олиш воқеасида ҳукуматга қарши энг қоттиғ отилиб чиққан жой — Жиззах тумани эди. Энг кўп жабр кўрган ҳам Жиззах бўлди. Сувратда: подшоҳ ҳукуматига қарши исён кўтарганлар кишанларга солинган ҳолда қийноқ ва азоб амрини кутиб турадирлар. Капустиёнский фото-архиви