Ҳусайн Бойқаронинг ўлими
Босма

Қабрни очган навкарлар ҳайратдан лол бўлиб қолишди. Улар Хуросон ҳукмдорини Ҳиротдаги ўзи қурдирган мадрасага шоҳона дафн қилиш учун муваққат қабрни очишганди. Не ажабки, мурданинг тирноқлари синиб кетган, кафан ярим ечилган, ҳамма ёқда қон доғлари қотиб қолганди. Демак, подшоҳни ҳушидан кетганда ўлди, дея тириклайин кўмгандилар. Афтидан у ҳушига келиб ўзини димиққан лаҳадда кафанланган ҳолда кўргач, бор кучи билан қабрдан чиқишга интилган. Аммо Хуросон ҳукмдори Ҳусайн Бойқарога қабрдан чиқиш насиб этмаганди.

Султон Ҳусайн Бойқаро (1438-1506) 36 йиллик Хуросон ҳукмдори, шунингдек, Ҳусайний тахаллуси билан шеърлар битган шоир, ҳукмдорлигининг илк даврида мамлакатида ободончилигу фаровонлик ишларини бошлаган, адабиёту санъат ҳомийси, ҳазрат Алишер Навоийнинг дўсти сифатида маълум.

Аммо унинг фожиаси ва қора кунлари Хадичабегим исмли гўзал аёлни канизак сифатида ҳарамига олган 1470 йилдан бошланди. Ўз ишваю нозлари билан султонни ўзига ром қилган Хадичабегим оз вақт ичида Ҳусайн Бойқаронинг хотини, малика даражасига етишди. Шунингдек, у «махди улё» унвони билан ичкиликбозликка тобора берилаётган султоннинг сиёсат тизгинини қўлига олиб, давлатнинг ички ва ташқи сиёсатида муҳим роль ўйнай бошлади.

Ачинарлиси шундаки, бутун салтанат мусулмонлари Имоми Аъзам мазҳабига риоя қилган бир вақтда, Ҳусайн Бойқаронинг завжаси, малика Хадичабегим шиаликнинг ўта мутаассиб оқими бўлган рафизия мазхабининг вакиласи эди.

Ҳатто султон маликанинг таъсирига берилиб, бутун аҳли суннат вал жамоат олдида намоздаги хутбага ўн икки имомнинг исмларини қўшиб ўқитишгаям қарор қилади. Шукрки, фожиали тугаши мумкин бўлган ҳолатни Навоий ва Жомийлар бартараф қилиб, султоннинг қарорини ўзгартирадилар.

Хадичабегимнинг бундай ҳаракатлари ва султонни тобора ўз таъсирига олиши, ҳатто Ҳусайн Бойқаронинг фарзандлари Бадиуззамон ва Музаффар Мирзо орасидаги нифоққа сабаб бўлади. Мамлакат ички низолар исканжасига тушиб қолади.

Айниқса, Навоий ҳазратларидек зот ҳам султоннинг невараси сиймосида бўлажак адолатли ва қудратли ҳукмдор сифатида Мўмин Мирзони кўриши кўпга бормади. Орзу ва умидлар сўнди. Негаки, ўн бир яшар навқирон шаҳзода ҳам Хадичабегимнинг найранг тўрида жон берди. 1497 йили малика бир гўзал қизни Ҳусайн Бойқарога рўпара қилиб, айш-ишрат пайтидаги мастлик даврида Мўмин Мирзони камон ипига тортиб ўлдириш ҳақидаги фармонга муҳр бостирди.

Ихтиёриддин қалъасида сақланган шаҳзода бобоси муҳр босган фармонни кўриб, «васиятим шулки, ишингиз битгач, бобом фармонини ўша камон ипининг бир қаричи ила боғлаб, ўзларига қайтариб беринг. Бобомга айтингки, ўз авлоди ила муросага келолмай жаллод хизматига муҳтож подшоҳ салтанати узоққа бормагай!» дея жаллодлар қўлида шаҳид бўлди.

Камон ипи билан бўғиб ўлдирилган Мўмин Мирзони ҳийлагар малика «Шаҳзода қаъла девори оша ҳибсдан қочаман дея ҳалок бўлди», деб овоза тарқатишга уринди.

Аммо сир ошкор бўлди. Бойқаро кайфи тарқаб, ўзига келгач, мудҳиш ишга қўл ургилганини англади.

Ҳусайн Бойқаронинг қора кунлари дўсти Мир Алишер Навоийнинг 1501 йилдаги ўлимидан кейин яна забтига олди. Дўстини ҳаётда ҳам ҳурмату эъзоз қилган султон улуғ шоирнинг дафн маросимига бошчилик қилди. Марҳум дўстининг қариндошларига ғоят меҳр кўргазиб, Навоий вафотининг йигирманчи кунида Сари Хиёбон майдонида катта маърака уюштирди.

Ана шундан кейин Ҳусайн Бойқаро янада оғир кунларни бошидан кечирди. Хуросонда ички низолар ва парокандалик авж олди. Бу вақтга келиб ҳаёти ва салтанатининг асл таянчи бўлган Навоийдек дўстидан айрилган, кексалик онларини шароб билан қориштириб сархуш ўтказаётган Бойқаро салтанати таназзулга учраётганди. Негаки, Мовароуннаҳрни фатҳ қилган Шайбонийхон Жайҳунни кечиб, Балхни қўлга олган, энди Ҳиротдек шаҳри азимга яқинлашиб келмоқда эди.

Айниқса, 1506 йилда жангу жадалларда Шайбонийнинг қўли баланд келиб, Бойқарони мағлубиятга учратиши аниқ бўлиб қолган эди. Шу йили зулҳижжа ойидаги, Бобо Илоҳий мавзесидаги жангда Шайбонийхон қўшини Ҳирот томон шиддат билан интилади, Бу вақтда шаробхўрликни одат қилиб олганидан Бойқаронинг ёноқларидаги майда қизил томирлар тарам-тарам бўлиб бўртиб турар, елкаси букчайиброқ қолган, буйраги ва жигари ишдан чиққан, касалманд ҳолга келиб қолганди. Натижада, бир томондан хасталиги, иккинчи томондан мағлубият аламидан Бойқаро ҳушидан кетиб, вужудида ҳам ҳаёт-мамот жанги кечарди. Оқибатда фожиа юз берди. Душман тобора саройга яқинлашаётганида, амалдорлари унинг чуқур уйқуга кетганини билмай, ўлдига чиқариб, жанг арафасида буни душмандан ҳамда ўз қўшинидан яшириш мақсадида уни шошилинч равишда дафн этдилар. Бу султон Ҳусайн Бойқаронинг энг қаро куни эди.

Умид Бекмуҳаммад