«Шамоллаб қолма қўзичоғим!»
Босма

Одамзот турфа феълли бўлганидек, қушлар ҳам бири-бирига ўхшамайдиган турфа хил характерга эга. Масалан, майнадай беобрў, ноинсоф қуш йўқ. Бир пайтлар илмий тадқиқотлар ўтказиш учун Мўлтон шаҳридан олиб келинган бу қушлар ҳаддан ташқари кўпайиб, ҳамма жойда ҳукмронликни қўлга олди, ноёб турдаги қушларнинг кўпларини қириб юборди. Олашақшақ каллайи саҳардан шақиллаб дилни хуфтон қилади, пойлаб туриб ҳовлилардан жўжаларни, ҳатто мушук боласини чангалига илдириб қочади.

Яна какку деган қуш бор. У ўз тухумини бошқа қушларнинг уясига қўйиб чиқади. Тухум очиб чиққан какку боласи биринчи галда ёнидаги жиш болаларни уядан улоқтириб ташлайди. Овсар қушлар битта боласи қолганига ҳам шукур қилиб, уни ўлиб-тирилиб боқади. Какку боласи улғайгач, уясини бузиб ташлаганидан кейин уни тарк этади.

Революцияга мойил бўлган шахслар ҳам какку қушга ўхшайди. Улар какку бегона қушнинг уясига тухумини ташлаб кетганидай, оддий халққа ўз ғояларини тиқиштирмоқчи бўладилар, гапга чечан ва ўта қобилиятли бўлганликлари туфайли бу вазифаларини боплаб уддалайдилар. Мана, ниҳоят бегона уяга революция тухуми қўйилди, энди ҳаммаёқни алғов-далғов қилиб юборадиган какку боласи дунёга келади.

Какку боласи сал жонланганидан кейин «Биз билан бўлмаганлар-бизнинг душманларимиз!» қабилида иш кўради, қатағон, сургун, хунрезликлар авжига чиқади, революция номи билан оммавий қурбонликлар келтирилади. Шундан кейин халқ революцияни боқа бошлайди, меҳр билан парвариш қилади. Революциянинг эса халққа тупургани бор, унинг каллаварамлигидан фойдаланиб, ўзига хизмат қилдиради, хоҳлаган одамини халқ душманига айлантириб, халқнинг номидан иш кўради. Охир-оқибатда, революция халқни боши берк йўлга тақаб, какку қушдай хонавайрон қилиб кетади. Бу пайтда революция руҳида шаклланган майналар-қотиллар, осийлар, мурдор ва жоҳиллар ҳамма жойда ҳукмронликни қўлга олади. Улар революция анъаналарини давом эттириб, унинг номи билан турли фитналар уюштирадилар. Ҳур фикрли инсонларни таъқиб қиладилар, халқ номидан уларнинг шаънини булғаб, ҳаётига нуқта қўядилар.

Ўртада олашақшақ аҳён-аҳёнда ўзининг зуғумларини кўрсатиб туради, хунук шақиллаб, жўжа ва мушук болаларини олиб қочаверади. Халқ буларнинг ҳаммасини кўриб туради ва революция мажбурияти онгига ўралашиб қолганлиги туфайли ўзини улуғвор тутишга мажбур бўлади. Зеро, бу кайфият фақатгина халкқа хос бўлган хислат.

1919 йилда Халқ комиссарлари кенгаши йиғилишида Ленин «Темир Феликс»га «Қамоқхоналарда энг ашаддий контрреволюционерлар қанча?» — деб ёзилган қоғозча узатади. Дзержинский савол рўпарасига «1500» деган рақамни қўйиб, қоғозчани Ленинга қайтаради. Доҳий бурнини тортиб, рақамдан кейин + белгисини ясайди ва Темир Феликсга беради. Қоғозчани олган Дзержинский секингина ўрнидан туриб, йиғилишдан чиқиб кетади. Эртасига шўро қамоқхоналаридаги барча маҳбуслар англашилмовчилик туфайли отиб ташланганлиги маълум бўлади. Халқ айбдорни жазолашни талаб қилиб туриб олади. Шунда доҳий бор-йўғи Дзержинскийга берилган қоғозчадаги рақам рўпарасига «ўқидим» деган маънода + белгисини қўйганлигини, революция йўлида билиб-билмай қилинган хатолар ҳам уни сақлаб қолиш мақсадига қаратилганлигини айтиб, яна уларнинг ишончини қозонади ва бу гал ҳам сувдан қуруқ чиқади.

Большевизм захм эмас, шунинг учун пролетариат доҳийси қанча уринмасин, бу касалликни бутун дунёга юқтиролмади. Ундан ҳукмронликни мангу қўлда тутиб туришни жон-дилидан истаган майналар-революциянинг сассиқ кекиришлари қолди холос. Грузин ёзувчиси Нодар Жиннинг «Устоз ёки Иосиф ижод этган инжил» романида Лаврентий Берия Молотовга қўнғироқ қилиб, Иосиф Гришашвили деган халқ шоири «Шамоллаб қолма қўзичоғим!» номли шеърий тўпламида ҳар бир қўзичоқ учун қайғуришини, шунга қарамай, ўзи қўзи гўштини маза қилиб ейишини айтади. Берия нима демоқчи? Халқ-қўзичоқ. Жонкуяр-доҳий. Лекин у қўзи гўштини маза қилиб ейди.

Африкадаги қабилалардан бирида сардорни ўн йилга сайлашар экан. Агар сардор яхши ва меҳрибон бўлса, уни етти йилдан кейин ҳосилдорлик мавсумида ейишар экан. Нега ейишади? Африкаликлар анойи эмас, сардор революция қилиб қўймасин, деб шундай қилишади. Уларга инқилоб эмас, осойишталик керак. Шунинг учун ҳар етти йилда истиҳола қилиб ўтирмасдан сардорларини еяверишади. Шундай қилишмаса, сал жонланган сардор какку боласи бегуноҳ жиш болаларини янчганидай уларни янчиб ташлаши мумкин.

Шўро империяси тарқаб дунёни қайтадан, маданий кўринишда тақсимлаш савдоси авж олиб кетган бир даврда какку, майна ва олашақшақларнинг ҳушёрлиги ошди, улар бегона қушлар уясини очиқчасига, безбетларча ишғол қилиш ҳаракатига тушди. Ҳатто баъзи қушларнинг уяларига тухум қўйиб, бола очдириб олди. Энди какку болалари уянинг ҳақиқий эгаларини маҳв қилиб, нафсини қондиради, эрта-индин уни ҳам хонавайрон қилиб, яна навбатдаги қурбонни тузоғига илинтириш учун учиб кетади.

Бу шоирнинг ҳар бир қўзичоққа жони ачишидай ва шунга қарамай, роҳатдан кўзи шақшайиб, қўзи гўштини ҳузур қилиб ейишидай гап. Шундай ҳолат рўй бермаслиги учун беандиша каккуларнинг бегона қушлар уяларига тухум қўйиш ва бола очиришига барҳам бериш, майна ва олашақшақлар қўлига ҳукмронлик тизгинларини тутқазмаслик ўз уйимизни, хонадонимизни асрашнинг муҳим шартларидан биридир. Шамоллаб қолма, қўзичоғим!

Нурилло ОСТОН