Чингизхон айғоқчилари
Босма

Ўз ватандошларининг қиёфаси ва феъл-атвори хорижий юртларга чиқиб айғоқчилик қилишга ярамаслигини яхши англаб етган...

Ўрта асрлар ҳарбий айғоқчилик жадал ривожланган даврга айланди. Хуфёна маълумотларга эга бўлиб, "фаол тадбирлар" олиб борган ўша замон саркардалари жуда катта куч-қудрат ва илғор ҳарбий техника соҳиби бўлган душман устидан ҳам осонгина ғалабага эришганлар. Тарихий адабиётларда Чингизхон аскарларини ўта ёввойи, ваҳший истилочилар сифатида тасвирлашади. Улар камчиликни ташкил этишига қарамай, ўз йўлида учраган ҳар қандай тўсиқни, қишлоқва шаҳарлар кулини кўкка совуриб кетаверган. Чингизхон лашкарлари ана шу жиҳати билан ҳам кўп сонли рақибларининг кўнглига ғулғула солиб, уларни даҳшатга туширган.

Дарҳақиқат, унинг қўшинлари саноқли даражада оз бўлса ҳам, аксарият ҳолларда душман устидан зафар қуча олган. Чунки мўғул аскарлари ўта интизомли бўлиши билан бирга, улар фаолияти ҳам яхши йўлга қўйилган. Лекин Чингизхоннинг ҳамиша ғолиб бўлишига шу омиллар етарли бўлган дейсизми?
Йўқ асло. Бундан ташқари, унинг саркардалик салоҳиятини юксалтирган бошқа жиҳатлари ҳам мавжудки, уни эътиборга олмай иложингиз йўқ. Хўш, ушбу жиҳат нима экан?
Бу нарса, унинг армиясида айғоқчилик (разведка) хизматининг яхши йўлга қўйилгани эди. У душман томоннинг ҳарбий имкониятларини, сиёсий вазиятини яхши билмай туриб, уларга қарши қўшин тортиб бормасди. Шунингучун ҳам Чингизхон ўз салтанатида расмий равишда "туршу-улч"—айғоқчилик мансабини жорий этган. Шунингдек, у душман томон айғоқчиларини кузатиш хизматини ҳам ташкил қилган ва уларга Мўғуллар қўл остидаги ерларда қўлга тушган бундай кишиларни қаттиқ қийнаш ҳуқуқини берган.
Буюк саркарда ташқи айғоқчиликка алоҳида эътибор қаратган. Ўз ватандошларининг қиёфаси ва феъл-атвори хорижий юртларга чиқиб айғоқчилик қилишга ярамаслигини яхши англаб етган Чингизхон, ўзига содиқ чет эллик гумашталарини ёллаган. Бунинг учун у биринчи навбатда Буюк Ипак Йўли орқали маҳсулот ортилган карвонларни бошқариб борувчи савдогарларнинг кўнглига қўл солган. Улар орасидан ўзига хизмат қилувчи содиқ кишиларни саралаб олишнинг уддасиан чиққан. Хитойдан Олд Осиё ва Европага сафарга чиққан карвон савдогарлари белгиланган манзилдан қайтишда улар орасидан мўғулларга хизмат қилувчи хос кишилар Чингизхонга ўзлари борган юртлар ҳақида қимматли маълумотлар олиб келишарди. Масалан, улар маълум бир ҳудуднинг географик ўрни, жойлашуви, йўллари, аҳолиси, ҳарбий истеҳкомлари ва ҳоказолар хусусида бўларди. Энг ишончли деб топилган айғоқчиларга алоҳида аҳамиятга молик шахс сифатида пайза— унвон бериларди. Нозиктилла шаклига эга белги олган бундай хорижлик айғоқчилар ҳамиша Чингизхон салтанати ҳимояси остида бўларди. Пайзани кўрсатган кишига мўғуллар ҳукмронлигидаги ҳар қандай ҳудуд ҳукумати зарур ёрдам беришга мажбур эди. Агар лозим бўлса, уларга керакли миқдорда озиқ-овқат, от-улов, йўлбошловчи ва ҳатто тилмоч ҳам бериларди. Шахсан Чингизхон томонидан йўлга қўйилган ташқи айғоқчилик хизмати, буюк ҳоқоннинг ҳарбий юришларида кўплаб зафар келтирди.
"Махсус хизмат"нинг бундай муҳим аҳамиятини, Чингизхоннинг энг яхши айғоқчиларидан бири бўлмиш хоразмлик бой савдогар Маҳмуд Ялавоч мисолида яққол кўриш мумкин. Чингизхон унинг айғоқчилик хизматлари, яъни у келтирган аниқ маълумотларга таяниб 1220-1221 йилларда Хоразм давлатини босиб олишга муваффақ бўлди.
Мўғул истилосига қадар Хоразм жуда катта улкан қудратга эга мустақил давлат эди. Қарийб йигирма йил давомида (1200-1220) ўзига хос йирик салтанатни Хоразмшоҳ Муҳаммад Алоуддин бошқарди, давлат ҳудудини мунтазам равишда кенгайтириб борди. Қўлга киритилган аллақайси ғалабасидан кейин унинг номи расмий ҳужжатларда "Искандари-дуюм"—"иккинчи Искандар" (Александр Македонский) деб қайд этила бошланди. Хоразм давлати ҳудуди кўпмиллатли эди. Шаҳар ва қишлоқлари обод бўлиб, улар атрофи мустаҳкам деворлар билан ўраб олинганди. Давлатнинг салкам ярим миллион қўшинли армияси ва Жалолиддин (шоҳнинг хушламаган ўғли), Темур Малик (Ҳўжанд ҳокими) каби тажрибали саркардалари бор эди. Аслида, Чингизхон аввалига Хоразм давлати билан урушмоқчи бўлмаган. Ҳеч бўлмаганда, бу ишни у бирмунча кечроқ амалга оширмоқчи бўлган. У ҳатто ўз элчилари орқали Муҳаммад Алоуддин Ғарбнинг енгилмас ҳукмдори сифатида тан олишни билдиради. Ўзини эса Шарқнинг буюк хоқони деб айтади.
Чингизхоннинг бу давлат устига қўшин тортиб келишига, кучли Хоразм ҳарбий истеҳкоми жойлашган чегара шаҳар—Ўтрорда юз берган воқеа сабаб бўлади.
Кунларнинг бирида Хитойдан Мўғулистон орқали Ўтрорга 500 туядан иборат карвон келади. Савдогарлар жуда ноёб моллар келтиришади. Тилла буюмлар, ёқут ва олмос, нафис Хитой чинни буюмлари, ҳарир ипак матолар шулар жумласидандир. Улар бу молларни нисбатан анча арзон баҳоларда сотиб, бошқа тижоратчиларнинг харидорларини ўзларига жалб этиб олишади. Бундан кўзланган мақсад кейинчалик ҳам доимий мижозга эга бўлиш эди. Шунингдек, бу савдогар ва сарбонлар тижорат ишларига мутлақо алоқаси бўлмаган маҳаллий аҳоли вакиллари билан шаҳар мудофаасига жалб қилинган қўшин микдори, истеҳком деворлари тузилиши каби масалалар хусусида суҳбатлар қуришарди...
Шаҳар коменданти Инолчиқ Қоирхоннинг мазкур карвончиларни айғоқчиликда гумон қилишга тўлиқ асослари бор эди. Шу боис уларнинг барчаси асирга олиниб, зиндонга ташланади ва бир кишигина қочиб кетишга муваффақ бўлади ва у Мўғулистонга; эсон-омон етиб келиб, карвончилар билан бўлиб ўтган воқеани шахсан Чингизхоннинг ўзига етказади. Бу пайтга келиб мусодара қилинган моллар сотиб юборилади, савдодан тушган маблағнинг асосий қисмини Хоразмшоҳ ўзига олади.
Чингизхон ушбу масалани битта шарт асосида тинч йўл билан ҳал қилишга тайёр эди. Яъни, у карвончиларни гумдон қилиш ташаббускори Қоирхонни ўзининг ихтиёрига беришини сўраб элчи юборади. Агар Хоразмшоҳ унинг ушбу талабига рози бўлганида балки икки буюк салтанат ўртасида бу даражада қонли тўқнашувлар, ҳунрезликлар содир бўлмасди. Бироқ Чингизхоннинг куч-қудратига, ҳарбий салоҳиятига етарлича баҳо беришни ўзига эп кўрмай, уни заррача менсимаган Муҳаммад Хоразмшоҳ мўгул элчилари бошлиғини ўлдиради, унинг ҳамроҳларини эса ўлар ҳолга келгунича калтаклатади.
Шу билан кифояланмай, уларни мамлакат чегарасидан ташқарига чиқариб, соқолларини куйдиришади. Бу ҳол элчилар учун ўлим даражасидаги таҳқир ва ҳақорат эди.
Ўз-ўзидан маълумки, Чингизхон қўл остидаги кишиларга нисбатан ўтказилган бундай зулмга шунчаки кўз юмиб кетавермасди, албатта. Бунинг устига, у ўзининг кўпсонли айғоқчилари орқали Хоразм "иши" хусусида батафсил маълумотларга эга бўлибгина қолмай, мамлакатдаги мавжуд тартиб-қоидалар, қўшиннинг ҳарбий ҳолати, сиёсий вазият тўғрисида ҳам тўлиқ тасаввур ҳосил қилиб улгурганди. Ман-манлик ва кибр дардига мубтало бўлган Муҳаммад Хоразмшоҳ эса мўғуллар борасида ҳеч қандай маълумотга эга эмасди. У йўл-йўлакай эшитган хабарларига таяниб, бу саҳройилар ҳарбий санъатни унчалик яхши билмайди, деб ўйларди. Шарқона қилиб айтадиган бўлсак, Хоразмшоҳ "Ўзингни эр билсанг, ўзгани шер бил», деган халқ нақлини бутунлай унутди. Унинг феъл-атворидаги бундай салбий хусусият ўз бошига чексиз кулфатлар келтирди. Ўзини Худонинг ердаги сояси деб юрган шоҳ саройи мўғуллар томонидан шармандаларча енгилди.
Чингизхон кутилмаганда жадаллик билан Ўтрорга бос тириб келди. У шаҳарни ОСОН- ЛИКча ишғол қилиб, ер билан яксон этди, асирларнинг қони бамисоли дарё бўлиб оқарди. Инолчиқ Қоирхон ғайриинсоний мақомдаги ўлим ҳукмига маҳкум қилинди, яъни унинг томоғига эритилган кумуш қуйдирди.
Хоразм лашкарлари сон жиҳати-дан мўғул қўшинларидан икки-уч баробар устун эди. Аммо, Муҳаммад Хоразмшоҳ ҳимоя мудофааси борасида тайинли қарорга кела олмай, қўрқоқлик қилди. Бунинг ўрнига у ўз лашкарларини алоҳида-алоҳида бўлиб юбориб, қўшин ўртасида парокандаликни вужудга келтирди.
Истеҳком қалъаларига ўрганмаган мўғуллар уларни ёриб ўтолмай, овора бўлгач, яна чўлга қайтиб кетади, деб ўйлаб катта хатога йўл қўйди. Таассуфки мўғуллар ортга қайтмади. Улар ўз гумашталари воситасида душман томоннинг ички вазияти тўғрисида мунтазам равишда тезкор маълумотлар олиб туришарди. Бу эса ўз навбатида кенг кўламда жанг олиб бориш имконини яратди. Қайси шаҳарга қай томондан ҳужум қилишни белгилаб олиш, дастлаб қаерга тошотар қуроллар, девор йиқитувчи қурилмалар етказиш кераклигини аниқ-лашда асқотарди. Айғоқчилар келтирган ҳуфёна маълумотларга таяниб иш кўрган мўғуллар кўпгина жойларда осонгина ғалабага эришарди. Хоразм аскарлари орасида эса бундай тезкор иш юритувчи "маҳфий хизмат» деярли йўлга қўйилмаганди.
Алалоқибат енгилмас ҳисоблан-ган Хоразм салтанати босқинчилар ҳужумидан кейин бир йил ўтиб ер билан яксон бўлди, инқирозга юз тутди. Кўплаб обод шаҳарлар вайрон қилинди, айримлар ер юзидан мутлақо супуриб ташланди. Аҳоли қул қилинди, кўпчилиги қириб ташланди. Миллионлаб кишилар устидан ҳукмронлик қилган Муҳаммад Алоуддин Хоразмшоҳ Каспий денгизининг Обескун номли мўъжазгина оролчасида яккаланиб қолди ва ўз жонига қасд қилди. Айни шу дамда у атиги бир неча малайлари билан қолганди, холос.
Мўғуллар ишғол этилган вилоятларга айғоқчи савдогар Маҳмуд Ялавоч ҳоким этиб қўйилди. Кейинчалик у Чингизхоннинг иккинчи ўғли Чиғатой билан тортишиб қолади. Натижада Ўрта Осиёдан бутунлай чиқиб кетишга мажбур бўлади. Аммо туғма қобилиятли ушбу айғоқчини ранжитишмайди. Чунки у Чингизхоннинг Хоразм давлатини босиб олишида беқиёс хизмат кўрсатганди. Шу боис уни Пекин шаҳар губернатори лавозимига ишга қўядилар. Ялавоч то умрининг охиригача, яъни 1254 йилга қадар мазкур вазифада ишлади. Ўзининг ашаддий айғоқчилик, хоинлик фаолиятини савдогарлик касби билан ниқоблаб яшаган Маҳмуд Ялавоч ана шундай шахс эди. Чингизхоннинг буюкҳоқон бўлиши, улкан мўғул салтанатини бунёд этишида асосий аҳамият касб этган омиллардан бири, бу унинг ўз армиясида махсус айғоқчилик хизмати тизими йўлга қўйилгани ва бу масалага алоҳида эътибор қаратганидадир. Табиийки у ўз саркардаларининг фаолиятида айғоқчилик хизматидан фойдаланмай туриб, бунча кўп ютуқ ва шон-шуҳратга эриша олмасди.

Рус тилидан Раҳмон ҚОДИР таржимаси