Хоразмшоҳлар давлати
Босма

Амударёнинг қуйи ўзанидаги кейинчалик Хива хонлиги пайдо бўлган ҳудудда жойлашган Хоразм суғорма деҳқончиликнинг фаровон ўлкаларидан саналарди. Саҳро ва чўллар уни ташқи оламдан узиб қўйган эди, бу ҳолат эса Хоразмга узоқ вақт мобайнида мустақил сиёсат юритиш имконини берди. Хоразм Ислом тарихида ҳижрий 93 йилдан, Қутайба ибн Муслим етакчилигидаги араб фотиҳлари кириб келганидан эътиборан тилга олина бошлади.
Ҳижрий тўртинчи асрда Амударёнинг сўл соҳилидаги Гурганж (Урганч) шаҳри катта иқтисодий ва сиёсий аҳамият касб этди. Ўша пайтда у Сибир ва Русия жанубидан чўллар орқали келадиган карвон йўлларининг сўнгги бекати эди. Маҳаллий Маъмунлар сулоласи ҳижрий 385 йили Африғийларни ағдариб, ўзига “хоразмшоҳлар” унвонини олди. Аммо Маъмунийлар ҳкумронлиги узоқ давом этмади ва Хоразм расман Сомонийлар қўл остида қолди. Ҳижрий 408 йили Маҳмуд Ғазнавий Хоразмни ўз салтанатига қўшиб олишга қарор қилди ва Маъмунийлар ҳукмронлиги ниҳоясига етди. Тахминан йигирма йилча Хоразмда ғазнавий ҳокимлар ҳукмронлик қилишди. Ҳижрий 432 йили Исмоил Хандон ибн Олтинтош ҳокимлик қилган вилоят ўғуз ҳукмдорларидан, Сирдарё соҳилидаги Жанда шаҳри ҳокими Шоҳ Малик қўлига ўтди, аммо ўша йилиёқ Шоҳ Маликни салжуқийлар ағдариб ташлашди ва Хоразмга ўз ҳокимларини тайинлай бошлашди.
Ҳижрий 470 йиллар атрофида Ануштегин Жарчой Хоразм ҳокими этиб тайинланди. У салжуқийлар султони Маликшоҳ саройида ҳаммомлар назоратчиси вазифасида эди. У салжуқийларнинг ғазнавийларга қарши урушида иштирок этди. Урушда одинига салжуқийлар мағлубиятга учрашди, кейинчалик эса, зафар қозонишди. Бунда Ануштегиннинг хизмати катта эди. Султон Маликшоҳ миннатдорчилик рамзи сифатида унга Хоразм ҳукмронлигини топширди. Ануштегин Хивада ўз вазифасини бажаришга киришди ва умри охиригача ҳокимлик қилди.
Ҳижрий 490 йили у вафот этганидан кейин ҳокимият қисқа муддатга турк волийларидан Экинчи ибн Қўчқор қўлига ўтди. Кейинроқ вилоят ҳокимлигига Ануштегиннинг ўғли Қутбиддин бош бўлди. У тадбирли киши эди, шу боис салжуқийлар султони Берка Яруқ уни Хоразм ҳокимлигида қолдириб, уни шоҳ унвони билан шарафлади. Хуросон устидан назорат салжуқийлардан Санжар қўлига ўтгач, у ҳам Қутбиддиннинг ваколатини тасдиқлади.
Унинг ҳукмронлиги даврида Мовароуннаҳрда Самарқанд ҳокими мусулмон динига тўғри келмайдиган ёвузликларни қилди. Шунда у қўлга олиниб, қозилар маҳкамасига тортилди ва ўлим жазосига ҳукм қилинди.
Ҳижрий 521 йили Қутбиддин ўрнини унинг ўғли Отсиз эгаллади. У бошда отаси сиёсатини давом эттирди, кейинчалик эса салжуқийларга қарамликдан қутилишга интила бошлади. Султон Санжар уни тахтдан четлатди, аммо кўп ўтмай Отсиз Хоразм устидан ҳукмронликни қайта қўлга олди. Ҳукмронлигининг охирги йилларида у қудратли подшоҳга айланди, унинг ҳукмронлиги Форс ва Хузистондан ташқари мусулмон дунёсининг бутун шарқий ўлкаларига ёйилди. Отсиз вафотидан кейин ҳижрий 551 йили унинг ўғли Ил-Арслон ҳокимиятга келди. Унинг ҳукмронлиги даврида давлат чегаралари аста-секин кенгая борди, Хоразм осойишта ва гуллаб-яшнаган диёрга айланди. Хоразмшоҳлардан Ил-Арслон ҳижрий 567 йили вафот этди.
Ҳукмдор вафотидан кейин тахтга унинг норасида ўғли Султоншоҳ Муҳаммад ўтирди. Унинг онаси ўғли номидан мамлакатни бошқарди. Лекин ўша йилиёқ Муҳаммаднинг акаси Алоуддин Текеш Хоразмда ҳокимиятни қўлга олди. Ҳижрий 590 йили салжуқийларнинг Ироқдаги давлатини тугатди, сўнгги салжуқий султон Тўғрул Иккинчи ўлдирилди.
Ҳижрий 596 йили Текеш ўрнини унинг ўғли Алоуддин Муҳаммад эгаллади. 605 йили у Ҳиротни эгаллади ва ғурийлардан Ғиёсиддин Маҳмуд билан жанг қилди. Маҳмуд мағлубиятга учраб, ўлдирилди. Шундан кейин Муҳаммад Мовароуннаҳр шимолидаги Хатига бостириб бориб, маҳаллий қабилаларга қақшатғич зарба берди. 611 йили у Кирмон, Мижрон, Синдни эгаллади, 612 йили эса Ғазнани қўлга киритди.
Ўз давлати чегараларини хийла кенгайтириб олган Алоуддин Муҳаммад Ислом оламида бир вақтлар салжуқийлар эгаллаган мартабага даъвогар эди. У халифа Насрдан алоҳида мақом талаб қилди, бироқ у Муҳаммаднинг талабини қондиришдан бош тортди. Шунда Муҳаммад ўз мамлакатида аббосий халифа Наср номини хутбага қўшиб ўқишни тақиқлади, шиаликни қабул этганини эълон қилди ва Али ибн Абу Толиб авлодларидан бирини халифа деб тан олди. Шундан кейин у халифа Насрга қарши юриш бошлади, бироқ Бағдодгача етиб боролмай, ортига қайтди.
Айнан Алоуддин Муҳаммад олдинига мўғул савдогарларни, кейинроқ Чингизхон элчиларини ўлдиришга фармон бериб, мўғулларнинг бостириб киришига сабабчи бўлди. Шу сабабдан мўғуллар босқини бошланиб кетди ва бу нафақат хоразмшоҳлар давлати, балки бутун Ислом оламига катта фожиага айланди. Алоуддин Муҳаммад мўғулларни тўхтатиб қололмади ва улар Хуросонга бостириб киришди. Хоразм шоҳи Каспий денгизидаги ороллардан бирига қочишга мажбур бўлди ва ҳижрий 617 йили ўша ерда вафот этди. Унинг ўғли ва меросхўри Жалолиддин Мангуберди ҳам у билан қочди, Орадан икки йил ўтиб Хоразмга қайтиб келди ва мўғуллар билан жанг қилди. Аммо мағлубиятга учради ва қолган-қутган аскарлари билан Ҳиндистонга қочди. Бу гар мўғуллар уни таъқиб қилишга тушди ва Жалолиддин аскарларидан кўпи Ҳинд дарёсида чўкиб кетди.
Кейинчалик Жалолиддин Мангуберди Хоразмга қайтиб, Гурганжни эгаллади. У барча мусулмон ҳукмдорларни мўғулларга қарши бирга жанг қилишга чорлади, аммо улар саркарда даъватига жавоб қилишмади. Шуни ҳам айтиб ўтиш керак, Жалолиддининг ўзи укаси Ғиёсиддин, аббосий халифа, Кирмон ҳокими ва туркманлар билан душманлик кайфиятида эди.
Орадан кўп ўтмай, Жалолиддин яна мўғуллардан енгилди ва яна қочишга мажбур бўлди. У ҳижрий 629 йили Курдистонда бир деҳқон томонидан ўлдирилди. Хоразмшоҳлар ушбулар эди: Алоуддин Отсиз (521/1127-551/1156); Абул Фатҳ Ил-Арслон (551/1156-567/1172); Алоуддин Текеш (567/1172-596/1200); Алоуддин Муҳаммад (596/1200-617/1220); Жалолиддин Мангуберди (617/1220-629/1231).

Ойдин Ориф ўғли АЛИЗОДА,
фалсафа фанлари доктори (Боку).