Иcҳоқхон Ибрат. История древнего города Ахси в Ферганской области (1913)
Босма

ИСТОРИЯ ДРЕВНЕГО ГОРОДА АХСИ В ФЕРГАНСКОЙ ОБЛАСТИ[1]

Фарғона областида қадимги замонларда пойтахт бўлуб турган Ахси ёки Ахсикент деган катта шаҳар бўлган экан. Бул кунларда мазкур шаҳарнинг ўрни ва асорати яхши маълумдур. Чунончи, Наманган уездиға тобеъ худди Наманган шаҳридин ўн беш чақирим масофада Ахси бўлустида дарё лабида бир неча қишлоқдин иборатдур. Бул хусусда таворих китоблардин мазкур Ахсикет хусусида хабар олиб, таворих учун бирор рисола тасниф қилмоқ лозимдур, яъни ул шаҳар қайси вақтда ул мартаба бино бўлган, қайси хон ва беклар ул шаҳарда ҳукумат қилган ва фуқароларни(нг) маишати қаю тариқада бўлган ва ҳам қаю вақтда нима сабаблар ила ул шаҳар вайрон ва хароб бўлган ва нима учун ул жойда ҳеч ким туролмаган. Йиқилган девор ва иморат асорати ер остиға кўмулуб қолгандурму, деб. Бул муддао бирла газет ўқуғувчи зотлардин илтимос қиламизки, ҳар кимнинг қўлида ҳар хил тарих китоб бўлуб, ул китобларда Ахси шаҳри хусусида хоҳ қисқа, хоҳ муфассал хабар бўлса, биз газет муаллифиға ёзиб юбориб, бизни хурсанд қилса, ва лекин мазкур хабар бу тариқа ёзилса, чунончи: «Ахсикет Мовароуннаҳрда Сайҳуннинг соҳил шарқисида бир қасаба эрди.

Ахсикет Мовароуннаҳрда Фарғона дохилида бир қасаба ўлуб, Сайҳун дарёсининг шимол тарафидағи қасабаларнинг бири Ахсидур. Китобларда битадурлар, чунким Асириддин[2] шоирни Асириддин Ахсикатий дерлар. Фарғонада Андижондин сўнгра мундин улуғроқ қасаба йўқдур. Андижондин ғарб тарафида тўққуз тош йўлдур. Умар Шайх Мирзо муни пойтахт қилди. Бир-икки мартаба ташқарироқдин яна жарлар солди. Фарғонада мунча берк қўрғон йўқтур.

Ахси қўрғони баланд, жар устида воқеъ бўлубдур. Иморатлари ҳам жар ёқасида эди. Ушбу тарихда, яъни 899 ҳижрийда, душанба куни ва рамазон ойини(нг) тўртида Умар Шайх Мирзо жардин кабутар мисллик учуб вафот қилди. Ўттуз тўққиз яшар эрди, валодати 860 да Самарқандда эди, Султон Абу Саид Мирзонинг 4-ўғли эди. Султон Абу Саид Султон Маҳмуд Мирзо ўғли, ул Мирзо Мироншоҳ ўғли, Мирзо Мироншоҳ Амир Темур ўғли. Умар Шайхни қабри алҳол Ахсидадур. Умар Шайх Мирзодин уч ўғил, беш қиз қолиб эди. Ўғлонларининг улуғи мен Заҳириддин Бобур эдим. Менинг онам Қутлуғ Нигорхоним Юнусхон қизи эди», деб.

Бу иборалар «Бобурнома»да худ Бобурхон сўзларидур. Яна «Бобурнома»нинг 40 ва 29-саҳифаларида ёзиладурким «Бир-икки кундан кейин Кандарлик довони ила Ахси ва Андижонға азимат қилдим. Ахсиға етиб, отамнинг мозорини тавоф қилдим. Ахсидин намози жумъани вақтида чиқиб, Бандсолур йўли ила Андижонға кирдим», деб.

«Таърихи Рашидий»да[3] ёзилганига қараганда, Ахси шаҳрининг аввал биноси мўғул хонлари тарафидин бўлуб, 890-900-ҳижрий таърихида Амир Темур авлодларидин Умар Шайх Мирзо ва Шайбонийхон авлодларидин Жонибекхонга Ахси шаҳри бир неча вақт пойтахт бўлуб, бу шаҳарда ҳукмронлик қилган эканлар. Ўшал асрларда Ахси шаҳри ғоятда ободонликда экан. Кўб замонлар Кошғар вилоятида ҳукмронлик қилиб, Абдуллахон Самарқанд ва Бухоро ва Фарғонага истило қилгандин кейин Султон Абу Саидхон кўб аскар ила Кошғарға бориб, тамом тавобиоти Кошғарни олиб, 939 йилғача ҳукмронлик қиладур.

Таърих эски Ахси маноқиби рисолаи Ҳазрат Лангар Бобо Азиздин шул тариқа ёзилибдур: «Ахсикентни аввали биносини Эрон подшоҳи Нўширавони одил бино қилган экан. 521-тарих милодийда Нўширавон ўғли Хурмуз подшоҳ Ахсини неча вақт пойтахт қилиб, анда ҳукумат суруб, сўнгра 1233 милодийда Сирдарё катта тошган вактда бир зилзила бўлуб, дарёни(нг) суви Ахсини(нг) биёбонига чиқиб кетган экан. Анда бузулуб, хароб бўлған экан. Аммоки аввалги ободлигида иморатлари икки-уч қабат хиштдин бинолари бўлуб, шаҳар ниҳояси Косонғача боруб, Косон ила Ахси ўртаси қирқ чақиримлик йўл ҳаммаси иморат, бозор бўлган экан. Ҳаттоки бир эчки Ахси томида юрмак бўлса, то Косонғача борур экан. Том устидан юруб ҳаммомлар, мадрасалар, саройлар, ер тагидан юрадургон савқи ерлари, кўб таажжублик нимарсалари ҳозир ҳам кўрунуб турадур. Ҳозирда Ахси икки ерда бўлуб, бирини Эски Ахси, бирини Янги Ахси дерлар. Яъни Янги Ахси Эски Ахси бузилгандан сўнг қолган одамлар дарёдин қочиб, Косон тарафида баландлик биёбонға иморатлар қилиб, кўб қишлоқ бўлганлар. Ҳозир Янги Ахсида ўн икки қишлоқ, Шоҳанд деган бозорлик, бир қишлоқи оила бир бўлушиб бўлган. Аммо Эски Ахси одамлари оғзидаги сўзлари кўб ажиб ва ғариб сўз сўзлайдурлар. Аларни олмай, маноқибдан ёзилди. Эски Ахсини бузулган тарихи 1030 милодийда бўлган экан. Андин буён мазкур Ахсини ҳеч подшоҳлардин ёки фуқаролардин обод қилгани йўқ. Деҳқонлар ва ўтунчилар ҳар хил нимарса топуб олурлар, чунончи, мис асбоблар ва шишалар, ҳар хил тошлар чиқадур, кўб ерлари дарёга кетгандур. Алҳолда ҳам иморатларга аксар хиштларни андин олурлар».


Туркистон вилоятининг газети, 1913 йил, №48, 23 июнь



[1] Исҳоқхон Ибратнинг «Туркистон вилоятининг газети»да эълон қилинган мақолалари, таҳририят қоидасига биноан русча сарлавҳа билан эълон қилинган. Сарлавҳалар аслиятдагича берилди.

Исҳоқхон Ибрат 1913 йилнинг июнь-июль ойларида Тошкентда бўлади ва археология жамияти томонидан уюштирилган Ахси шаҳрининг тарихига бағишланган мунозарада қатнашади. Мунозара материаллари «Туркистон вилоятининг газети»да мунтазам бериб борилади. Бу мунозара Исҳоқхон Ибрат мақоласи билан бошланади. Унинг мақоласи ушбу газетанинг 1913 йил 48, 52, 53, 55-сонларида берилган.

[2] Асириддин Ахсикатий — Абу Рашид Аҳмад ал-Ахсикатий (1073-1134), ўрта асрларда Фарғона водийсининг марказларидан бири ҳисобланган, маданият, илм-фан гуллаган Ахсикат шаҳрида дунёга келган. У шоир, насрда пешқадам, катта мударрис. У олимлар ўртасида «Зул-фазойил» («Фазллар эгаси») унвони билан машҳур бўлган. У тарих, шарҳ, тилшунослик илмларида устоз даражасига кўтарилган.

[3] «Таърихи Рашидий» — Мирза Муҳаммад Ҳайдар Дуғлатнинг (1499-1551) машҳур тарихий асари. Чиғатой хони Абдурашид (1533—1570)га бағишланган ушбу асар Кошғар, Марказий Осиё, Шимолий Ҳиндистон ва Тибет халқларининг XVI аср тарихига оид муҳим манба ҳисобланади.