Абдулҳамид Чўлпон. Улуғ ҳиндий (1925)
Босма

«Шу нарсани юрагим дук-дук уриб туруб ёздим» десам ё ишонасиз, ё ишонмайсиз.

Лекин, юрагим «шамол теккан япроқдай қалтирайдир...» Бир хил завқ — «нашъа» билан қалтирағон юрагим, бутун танимни силкитадир ва қўлим ҳам шу орада енгилгина чайқалиб турадур. «Бу нимадан келди?» десангиз, англатай:

Шу сўзларнинг энг юқорисида «Улуғ ҳиндий» деб қўюбмен-ку, ана ўша улуғ зот, яъни Робиндранат Тагўр деган киши, ёшроқ вақтларида бутун дунёнинг энг баланд тоғларидан бўлган Ҳимолаянинг ҳайбатли ёнбағирларида отаси билан бирга саёҳат қилиб юрган экан. Ўша вақтларда ҳам ниппа-ниназин (яъни балодек) шоир бўлғон бу буюк зот ҳеч нарса ёза олмабдир. Шундай улуғ Ҳимолаянинг кўклар билан ўпишган чўққиларида, тун қоронғисидан ҳам қалин ўрмонлар қўйнида, шундай катта шоир бир оғиз нарса дея олмаса, биргина шеър парчаси ёза олмаса-я? Муни қаранг! Ўз тирикчилигига оид китобида ўзи шундай деб ёзғондан кейин танғирқаб — ҳайрат ёқасини ушлаб қолдим...

Русчага таржума қилиниб, босилғон асарларининг кўпини ўқуб ўтганимдан кейин, шу улуғ ва қийматбаҳо одамни ўз элимга танитмоқчи бўлдим. Шу ният билан қўлимға неча маротаба қалам олғон бўлсам, ҳаммасида ҳам қалтироқ босди, тўхтадим... Фақат, менингча, у қалтироқ босишларнинг ва у юрак қалтирашларининг «сирри» ҳам шу орада билинди, шундайким:

— Ҳинд доҳийсининг Ҳимолая тоғларида ҳеч нарса     ёза олмаслиғи у тоғнинг жуда ҳайбатли, азамат ва улуғ бўлуб ақлни шошириб қўйишлиғидан бўлса, менинг у азим зот тўғрисида ҳеч нарса ёза олмай қалтироқланишим ҳам у одамнинг Ҳимолая тоғлари қадар ҳайбатли ва улуғ бўлишидан келган экан!

Эски адабиёт билан янги адабиётнинг ўртасида қолғон шарқли ёш чинакам чучмал бир вазиятдадир. Эски адабиёт бир ширин, янгиси яна ширин, ғарбники тағин —яна ширин. Қайси биттасига кўпроқ берилсин? Бири биридан ширин ахир!

Бизнинг ўзбеклар учун ҳали ҳозирға у хил чучмаллик йўқ. Нимага десангиз, ўзбеклар эскидан — ҳеч сабабсиз — аразлағон, хафа; янгига — эндигина суқулиб кирмоқда У адабиёт майдонида янгиликка нисбатан: ёш бола гўдак, чақалоқ, эскиликка нисбатан: етим, кимсасиз; беспризорный, ўзбошли! Журъат қилиб: «йўлсиз» деб юборайин деймену, қўрқамен; негаким бошлаб... ўзим йўлсиз!

Ўзимнинг йўлсизлиғимдан бир оз сўзлаб ўтайин: Навоий, Лутфий, Бойқаро, Машраб, Умархон, Фазлий, Фурқат, Муқимийларни ўқиймен: бир хил, бир хил, бир хил!

Кўнгил бошқа нарса яигилик қидирадир: Боту, Ғайратий, Олтой, Ойбек, Жулқинбойларни ўқиймен, қувонтирадир холос! Улар менинг учун ёнғон чироқлар бўлса ҳам менинг эртам учун! Авлоний, Тавалло, Сиддиқий, Ҳакимзодаларни ўқумаймен, ўқумаймен, мени шу ҳолға солғон ўшалар!..

Нечун очилдп кўзим. Қайда кетди уйқуларим?..»

Тўқайдан тортиб Қави Нажмигача — татар адабиётини, Ҳодийдан тортиб Жаводга қадар Озарбайжон адабиётини (Ҳусайн Жовидни ажратиб олиб қолдим!), Номиқ Камолдан Али Сайфи (А. Сайфи) га довур усмонли адабиётини ўқуймен: ё — ортиқ янгилик, ғарблиқ, ё ортиқча шарқлилик! Фақат усмонличадан Ризо Тавфиқнинг баъзи бир янги шакл билан эски руҳда айтган суфийларча шеърларини ўқуймен; шуларга дурустгина қонамен; ундан кейин Яҳё Камолнинг «Саъдобод» руҳида баъзи нарсалари. Фақат — улар шу қадар озки... Ана шу вазиятда экан, ҳалиги улуғ зот менга йўлуқди. Шундан кейин чинакам қондим!

Қўлим қалтираса ҳам, юрагим ўйнаса ҳам, қудратим етмаса ҳам ўша «Шарқ ва Ғарб ўртасидаги олтун кўпрук»ни элимга танитмоқчи бўлдим. Мундан ортиқ бир нарса демак, чинакам, қўлимдан келмайдир. Менинг қўлимдан келгани: у муборак одамнинг баъзи бир нарсаларини наср билан русча орқали таржума қилиб бериш бўлди. Шу ҳам — катта гап.

Қўйида унинг «Ўроқ ой» деган асаридан учта шеърнинг таржумаси босилди. У шеърлар тўғрисида фақат шунигина айта оламанким, улар ёш бола, яъни гўдак аҳволи руҳиясини кўрсатишда бир-бирлари билан пойга қўйишадирлар. Шуларни ўқудим, қайтиб-қайтиб ўқудим, ундан кейин Ҳожи Ражабнинг Шукур ва Ҳабиб деган кичкина-кичкина болалари билан гаплашдим ва бирга-бирга... ўюн қилишдим! Шунда билдимким, ўшаларнинг ҳар бири: бир Тагўр, бир улуғ Ҳиндий!


________________

Улуғ ҳиндий. — «Маориф ва ўқитғувчи» журналининг 1925 йил 7—8 қўшма сонида чоп этилган.

Рабиндранат Тагўр — (Тҳакур Рабиндранатҳ — 1861—1941) — машҳур ҳинд адиби. Қатор шеърий ва насрий китоблар, романлар муаллифи. 1913 йилда «Бахшида қўшиқлар» шеърий китоби учун Нобель мукофотига сазовор бўлган.

Ҳимолая тоғи — Ҳиндистон, Хитой, Непал ва Покистон давлатлари ҳудудида жойлашган ер юзидаги энг баланд тоғ тизмалари. Ҳимолая — санскритча «қорлар макони» демакдир.

Умархон — Қўқон хони (1811—1822) Нодирабегимнинг эри, Амирий тахаллуси билан ғазаллар битган, девон тартиб берган. Унинг хонлик даврида Қўқон адабий муҳитида жонланиш сезилади.

Фазлий — Фазлий Намангоний (18 аср охири, 19 аср бошлари), шоир, адабиётшунос. Умархон даврида Қўқон сарой шоирларига бошчилик қилган. Бир гуруҳ муаллифлар иштирокида 1821 йил «Мажмуаи шоирон» тазкирасини тузган. Ўзбек ва тожик тилларида ёзган ғазал, туюқ, муҳаммаслари баёз ва мажмуаларда сақланиб қолган.