Амир Темур давлат байроғи
Босма

Қадимий давлатлар каби Амир Темур давлатининг ҳам ўз рамзи, яъни байроғи бўлган. Шу масала юзасидан тарихий манбалар ва илмий асарларда қизиқарли, айни чоқда, мунозарали маълумотлар учрайди. Испания элчиси Руи Гонсалес де Клавихо Самарқандга қилган сафарида биринчи бор 1404 йил 29 август куни Шаҳрисабздаги Оқсаройни кўришга муяссар бўлади. Шунда у саройда қурилиш ишлари ҳали тугамаганлиги, хон қабулхонаси пештоқининг ўрта қисми ва икки чеккасида нур таратаётган қуёш фонида шер тасвирланганини кўради. Элчи буни Самарқанд ҳукмдори тамғасидаги тасвир деган хулосага келади. Аммо бу каби тасвирни XV аср бошларига оид миниатюраларда ҳам кўриш мумкин. Ана шу миниатюралардан бири Петербургдаги М.Е.Салтиков-Шчедрин номли халқ кутубхонасида сақланади. «Шоҳ овда» деб номланувчи ушбу миниатюра Абдураҳмон Жомийнинг 1549 йилда кўчирилган «Силсилат аз-заҳоб» номли асарининг охирги бетига жойлаштирилган. Бу сурат олимлар томонидан ўрганилиб 1461 йили чизилган, деган хулосага келинган. Мутахассислар фикрича, бундаги тасвирда XV аср бошларида шаҳзодалардан Мирзо Улуғбек ёки Халил Султон томонидан уюштирилган овдан бир кўриниш акс эттирилган. Композициянинг марказида отларда виқор билан ўтирган шаҳзодалар ва уларнинг аъёнлари, орқа планда эса саросимада қолган тоғ жонзотлари миниатюрага эътибор билан қаралганда, унинг тепадаги бурчагида байроқ қўтарган одам қоматини ғира-шира кўриш мумкин. Байроқ дастасининг узунлиги уни узоқлардан кўзга ташланиб туришлигини таъминлаш билан овчиларни бир-бирларидан ажраб узоклаб кетган тақдирларида ҳам тезликда қайта тўпланишлари учун мўлжал вазифасини ўтаган бўлиши шубҳасиз. Бундай хабарчи байроқлар жанг олиб борилаётганда ҳам қўлланилган, аскарлар қайси ерда жанг олиб бораётганларидан қатъи назар, уни кўздан қочиришмаган. Миниатюрада тасвирланган байроқ ҳам кўриниши ва ундаги тасвирлар мазмунига кўра айнан байроқдор томонидан олиб юрилган ва доимо Амир Темур қароргоҳида қўриқланган бош байроқ - давлат байроғи деб таърифланмоғи ҳақиқатга яқиндир. «Шоҳ овда» асари билан танишган олимлар фикрича, байроқ дастасининг узунлиги беш метрдан кам бўлмай, учига найза кўринишидаги металл мослама, унинг тагига эса мусулмонликнинг рамзи бўлмиш ярим ой ҳамда туркий халқларда анъанага айланган тўзиган кўринишдаги қўтос думи, уларнинг тагига эса учбурчак шаклли оқ мато тортиб бириктирилган бўлиб, унда геральдика ҳолатида турган шер ва унинг орқасида нур сочаётган қуёшнинг бир қисми тасвирланган.
Байроқ ҳақида мулоҳаза юритадиган бўлсак, унинг ҳажми, ранги, тасвирларининг мазмуни каби бир қатор муаммоларга дуч келамиз. Миниатюрадаги байроқ учбурчак шаклида бўлиб, бу шаклни бошқа манбаларда ҳам кўриш мумкин. Лекин матонинг оқ рангда бўлишлиги (туркийларда оқ ранг муваффақият, ғалаба, омад рамзи, оқ кўйлак мотам белгиси) шубҳалироқ. Темурийлар даври меъморий ёдгорликларига, кулолчилик санъати буюмларига назар ташлайдиган бўлсак, тиниқ мовий рангга бўлган эътибор яққол кўзга ташланади.
Келтирилган мисол ва мулоҳазалардан келиб чиқиб, таърифланаётган байроқ Темурийлар давлатининг асосий рамзларидан бири — бош байроқ вазифасини ўтаган. Унинг дастаси йўғон ва узунлиги 4-5 метрдан кам бўлмаган ҳолда, ҳарбий тўқнашувлар даврида муҳим роль ўйнаган. Байроқнинг учбурчак кўринишдаги матосининг ранги, фикримизча, мовий рангда бўлганлиги мантиқан тўғридир. Француз тадқиқотчиси Люсьен Кэрэннинг маълумотига кўра, Амир Темур Тўхтамиш устига юришларидан бирида: «Салтанат пойтахтини тарк этар экан, Амир Темур ўзининг одатдаги шоҳ туғини кумуш аждарҳо тасвири туширилган қора рангли янги байроқ билан алмаштирди», деб ёзган. Бу маълумотнинг қанчалик тўғрилиги бизга қоронғи. Шунингдек, адабиётлардаги маълумотлар бўйича фикрланса, Амир Темур байроғида учта ҳалқа тасвирининг берилиши ҳам мантиқан тўғри эмас. Амир Темур байроғидаги зарҳал иплар билан тикилган тасвирларга келсак, бундай тасвирлар Темурийлардан аввалги ва кейинги даврларга оид ёдгорликларда кўплаб учраса-да (масалан, VII-VIII асрлардаги Чоч тангаларида қоплон, XIV асрдаги Олтин Ўрда хонлари тангаларида, XV асрдаги Самарқанд тангаларида, Шаҳрисабздаги Оқсарой пештоқидаги, XVII асрдаги Шердор мадрасаси пештоқидаги тасвирларда нур сочиб турган қуёш фонида ён томони билан турган шер), миниатюрада тасвирланган жонзот гарчи олимлар томонидан «шер» деб таърифланишига қарамасдан, уни бошқа жонзот тасвири деб қабул қилиш даркор деб ўйлаймиз. Тасвирда шер эмас, аксинча, чап ёнига ишонч билан назар ташлаган ҳолда оҳиста одимлаётган бўрисифат жонзот акс эттирилган. Унинг қулоклари шерникига ўхшаш япалоқ ва тўмтоқ эмас, аксинча, учли, узун ва тикка, гўё ҳар бир шовқинга эътиборини қаратган ҳолда аста қадам ташлаб, атрофни кузатаётгандек. Унда Шердор мадрасасидаги шернинг важоҳатини ва биронта ожиз жонзотга нисбатан тажовузни кўрмаймиз. Бунинг устига, бу тасвирдаги одам қиёфасида тасвирланиб, ўзининг 9 та тўғри чизиқдан иборат заррин нурларини таратаётган кўринишдаги қуёш тасвири Шердор мадрасаси пештоқидаги ва Темурийлардан кейинги байроқлардаги каби жонзотнинг орқа тарафида эмас, аксинча, олди тарафида тасвирланган. Бу ерда қуёшнинг барча жонзотлардан улуғлиги ўз аксини топган. Тасвирнинг устки ва пастки очиқжойларида Амир Темурнинг кенг маънога эга бўлган «Куч — адолатда», «Адоват эмас — адолат енгади» каби ўгитлари аксини топгани шубҳасиздир. Чунки кейинги даврларга оид байроқлардаги «Мен қонун асосида ҳаракат қиламан», «Кўмак Аллоҳдандир» каби ҳикматли сўзлар фикримизга асос бўла олади. Тасвирдаги жонзотга келсак, унинг қиёфасини ўзиёқ, бўри эканлигига шубҳа туғдирмайди. Шунингдек, ёзма манбаларнинг шоҳидлигича, туркий халқларда бўрига эътиқод ва унга сиғиниш қадимий одатлардан бўлиб, унга халқ оғзаки ижоди ва достонларда куйланиб келинган. Мазкур маълумотларга асосланиб, Амир Темурнинг байроғида шер тасвирининг бўлганлиги мантиқан тўғри эмас. Бунинг устига Чингизхоннинг шахсий муҳрида йўлбарс тасвири бўлганлиги ҳам унинг авлодларига қарши кураш олиб борган Амир Темурни нафратлантирган бўлиши керак. Шуларга кўра, у ўз аждодларининг тотемга содиқ қолиб, давлат байроғига бўри тасвирини туширишни маъқул топган.
XIV аср охири - XV аср бопгларида тўла мустақиллик рамзи сифатида қабул қилинган ва янги мазмун кашф этган Давлат байроғи Амир Темур саройи тепасида ҳилпираб турган. Матодаги бўри ва заррин нурларини таратиб турган қуёш тасвири билан гўё Амир Темур устингдан қуёш ёрқин нурларини мангу сочиб туришини истасанг, бўри каби сергак, довюрак ва қийинчиликларни бартараф эта оладиган бўлишинг керак, деган ғояни шггари сургандек. Байроқдаги тўққизта майда ва битта йирик чизиқлар билан Амир Темур: «Давлат ишларининг тўққиз улуши кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улуши эса қилич билан бажо келтирилур», демоқчи бўлади.

Ўткир АЛИМОВ