Амир Темур ва сохта халифа
Босма

Амир Темур сиймоси нафақат ўзбек халқи ўтмиши, балки бутун жаҳон тарихида ўчмас муҳр бўлиб сақланиб қолган. Соҳибқирон ўз халқини ҳамда дунёдаги бошқа мусулмонларни турли зулм-ситамлар ва озорлардан халос қилиш билан бирга ислом динига хавф солиб турган кўплаб фитна ва бидъатларни ҳам бартараф қилган. Сохта халифалик даъвоси ҳам шулар жумласидандир. Дарҳақиқат, ҳозирда дунё ҳамжамиятига хавф солиб турган сохта халифалик ўтмишда ҳам долзарб муаммо саналган. Лекин ота-боболаримиз мазкур муаммони ҳали томир отмасиданоқ ижобий ҳал қила олганлар. Хўш, улар сохта халифаликни бартараф этишда қандай йўл тутишган? Буни машҳур тарихчи Ибн Халдун[1]дан эшитамиз:

“Мен Соҳибқирон Амир Темур ҳузурида бир неча кун истиқомат қилдим. Шу вақтларда қизиқ воқеа содир бўлди. Мисрга омонлик берилган куни Миср халифаларининг наслидан бўлмиш бир киши Соҳибқиронга мурожаат билан чиқди. У аз-Зоҳир Байбарс[2] томонидан тайинланган халифа Аҳмад  ал-Ҳоким ал-Аббосий[3] зурриётларидан эди. Мазкур киши Султон Амир Темурдан инсоф қилишини ва ота-боболарининг мансаби бўлмиш халифаликни унга топширилишини талаб қилди. Шунда Соҳибқирон: “Мен бу масалани фақиҳ ва қозиларга ҳавола қиламан. Улар қандай хулосага келсалар, мен ҳам шуни сенга инсоф билан ҳукм қиламан”, деди. Соҳибқирон фақиҳ ва қозиларни чақирди. Уларнинг орасида мен ҳам бор эдим. Халифаликни талаб қилаётган мазкур киши ва биз олимлар Соҳибқирон ҳузурига йиғилдик. Соҳибқироннинг таржимони Абдулжаббор ибн Нўъмон ал-Ҳанафий[4] талабгорга шундай деди: “Бу инсоф мажлиси, гапир”. Мазкур даъвогар: “Бу халифалик бизга ва бизнинг ота-боболаримизга тегишли. Чунки саҳиҳ ҳадисда: “Халифалик дунё тургунча Бану ал-Аббосникидир”[5], дейилган.  Шу боис ҳозир Миср халифалигига энг лойиқ номзод менман”, деди. Абдулжаббор бизни бу масалага ойдинлик киритишга чорлади. Биз бир оз жим қолдик. Сўнг Абдулжаббор яна бир бор: “Бу ҳадис ҳақида нима дейсизлар?”, деди. Шунда Миср қозиси Бурҳониддин Ибн Муфлиҳ ал-Ҳанбалий[6]: “Бу ҳадис саҳиҳ эмас”, деб жавоб берди. Абдулжаббор мендан бу ҳақда сўради. Мен: “Сизлар айтганингиздек, бу ҳадис саҳиҳ эмас”, дедим. Шунда Соҳибқирон: “Ундай бўлса, нега ҳозирга қадар халифалик аббосийлар қўлида бўлган?”, деб менга савол назари билан юзланди. Мен: “Аллоҳ сизни қўллаб-қувватласин! Расулуллоҳ (с.а.в.) вафотларидан сўнг мусулмонлар ўзларига раҳбар тайинланиши шарт ёки шарт эмаслиги борасида турли фирқаларга бўлиниб кетишди. Баъзи тоифалар бу шарт эмас, деган хулосага келишган. Хорижийлар[7] ҳам шулар жумласидан саналади. Бошқа тоифа мусулмонлар эса, диний ва дунёвий ишларни бошқариб туришда мусулмонларга раҳбар лозим, деган фикрни билдиришган. Лекин бу фикрларини исботлашда турлича йўл тутишган. Жумладан, шиалар[8] васият ҳадисига суянишган, яъни Расулуллоҳ (с.а.в.) халифаликни Али (р.а.)га васият қилиб кетганлар, деган ақидага асосан, халифаликка фақат аҳли байт ҳақлидир, деб ўйлашган. Шу билан бирга, шиалар халифалик Али (р.а.)дан кейин кимга ўтганлиги борасидаги қарашларнинг хилма-хиллиги боис жуда кўп фирқаларга бўлиниб кетишган. Аҳли сунна эса, бир овоздан шиаларнинг бу васиятни инкор қилади. Уларнинг наздида халифалик ижтиҳод орқали амалга оширилади. Яъни, барча мусулмонлар (Қурайш қабиласидан бўлган) аҳли ҳақ, фақиҳ ва адолатли бир кишини танлашиб, унга ўз ишларини топшириш орқали халифани сайлашади[9]. Шиаларнинг юқоридаги ақидасига кўра, халифалик Бану Ҳанафия[10]дан Бану Аббос[11]га ўтган, яъни Абу Ҳошим Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн ал-Ҳанафия[12] халифаликни Муҳаммад ибн Али ибн Абдуллоҳ ибн Аббос[13]га васият қилган. Аббосийлар мазкур халифалик даъвосини ижро этиш мақсадида ўз даъватчиларини Хуросонга юборади. Бу ишни ўз зиммасига олган Абу Муслим[14] Хуросон ва Ироқни эгаллаб олади. Уларнинг бир гуруҳи Куфага ҳам келади ва аббосийлар даъвоси асосчисининг ўғли Абул Аббос ас-Саффоҳ[15]ни халифа этиб сайлайдилар. Сўнг аббосийлар ўз халифалигини аҳли сунна ва шиа ижмоъси асосида барпо қилишга киришади ва ўша даврда Ҳижоз ва Ироқда яшаган аҳли ҳилл ва ақд[16] га шу мазмунда мактуб ёзиб, халифалик мансаби борасида маслаҳатлашиб олишга чақиради. Ҳамма олимлар бир овоздан Абул Аббос ас-Саффоҳ халифалигига рози бўладилар. Шу йўл билан шиаларнинг Куфадаги тарафдорлари ижмо ва қон тўкиш йўли билан аббосийлар халифасига байъат қилишади. Кейинчалик халифалик Абул Аббос ас-Саффоҳнинг акаси ал-Мансур[17]га ўтади. Ал-Мансур эса, халифаликни ўз ўғлига васият қилади. Шу тарзда халифалик аҳд (валиаҳд тайинлаш) ёки замона мусулмонларининг ихтиёри билан аббосийлар сулолалари қўлига ўтади. Уларнинг охирги вакили Бағдод халифаси ал-Мустаъсим[18] бўлган. Ҳулаку халифа ал-Мустаъсимни енгиб, уни ўлдиргач, халифанинг қариндошлари ҳар тарафга тарқалиб кетади. Халифа ар-Рошиднинг авлодидан бўлган Аҳмад ал-Ҳоким бошчилигидаги бир қисми эса, Мисрга келади. Аз-Зоҳир Байбарс қўшин ва фақиҳлардан иборат аҳли ҳилл ва ақднинг ёрдами билан Аҳмад ал-Ҳокимни Мисрга халифа қилиб тайинлайди. Шу тариқа Мисрда халифалик яна аббосийлар қўлига ўтади. Бу бор ҳақиқат ва буни ҳеч ким инкор қилмаган”, деб жавоб бердим. Шунда Амир Темур даъвогарга юзланиб: “Қозилар ва муфтийларнинг сўзларини эшитдинг. Маълум бўлдики, фикримча, сен талаб қилган нарсангга ҳақли эмассан. Шундай экан, обрўинг борида жўнаб қол”, деди”[19].

Бу ҳикоянинг эътиборга молик жиҳати шундаки, халифа сайлаш масаласи Соҳибқирон Амир Темур бошчилигида Аҳли суннанинг уч мазҳаби вакиллари иштирокида кўриб чиқилган. Яъни, ҳанафий олимлардан Абдулжаббор ибн Нўъмон ал-Ҳанафий (шунингдек, Амир Темур атрофидаги барча олимлар ҳанафий мазҳабида бўлишган), ҳанбалий олимлардан Миср қозиси Бурҳониддин Ибн Муфлиҳ ал-Ҳанбалий ва моликий мазҳаби намоёндаси ва қозиси Ибн Халдун иштирокида мазкур талабгорнинг халифалик даъвоси сохта экани ошкор қилинган. Миср ўлкасида шофеъийлик мазҳаби кенг тарқалганини инобатга олсак, мазкур мунозарада шофеъий олимлар ҳам қатнашгани эҳтимолдан холи эмас. Мазкур уч уламо аҳли суннанинг аҳли ҳилл ва ақд аъзолари ичидан танлаб олинган аҳли ихтиёр сифатида масалага ойдинлик киритганлар. Ўтмишда рўй берган бу муаммо бугун яна такрорланмоқда. Ироқ ва Сурия давлатлари ҳудудида халифалик даъвоси ислом оламига раҳна солиб турган ҳамда бутун Аҳли сунна, жумладан, дунёнинг 126 та энг нуфузли дин арбоблари томонидан бу халифалик кескин қораланаётган бир пайтда ўтмишимизга назар солиб, ундан ибрат олиш муҳим аҳамият касб этади.

 

Маллабаев Абдуллоҳ

ТИУ Манбалар хазинаси

кичик илмий ходими

 



[1] Файласуф, тарихчи, ижтимоий илмлар билимдони ва тадқиқотчи олим Валийюддин Абу Зайд Абдураҳмон ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Халдун ал-Ҳазрамий ал-Ишбилий (а.р.) Воил ибн Ҳажарнинг зурриётларидан саналади. Ибн Халдун асли ишбилиялик бўлиб, 732-ҳижрий (милодий 1332) йили Тунис шаҳрида таваллуд топган. Унинг болалиги ҳам шу шаҳарда ўтган. Ибн Халдун Фос, Ғарнота, Талмисан ва Андалус шаҳарларига сафар қилган. У мазкур шаҳарларда турли мансабларда фаолият юритади. Бироқ фитначи ва туҳматчиларнинг иғвоси сабабли Тунисга қайтиб келишга мажбур бўлади. Кейинчалик Мисрга йўл олади. Уни Миср султони аз-Зоҳир Барқуқ яхши кутиб олади. Ибн Халдун Мисрда моликийлик мазҳаби бўйича қозилик лавозимида иш бошлайди. Ибн Халдун ўз она шаҳрининг миллий либосларини сақлаб қолиш мақсадида қозилик либосларини киймас эди. Кейинчалик Ибн Халдун мазкур мансабдан ҳам бўшайди ва 808-ҳижрий (милодий 1406) йили Қоҳира шаҳрида тўсатдан вафот этади. Ибн Халдун фасоҳатли, юз тузилиши чиройли, оқил ва она тилига садоқатли инсон бўлиб, адолатсизликдан нафратланиш ҳамда олий мартабалар сари интилиш унинг одати эди. Ибн Халдун султонлар олдида ҳам ўз мавқеига эга бўлган. Жумладан, Андалусга ташриф буюрганида Султон жуда шодланади ва уни кутиб олиш учун ўзининг махсус ходимларини юборади. Шунингдек, Соҳибқирон Амир Темур ҳам уни қаттиқ ҳурмат қилгани тарихий манбаларда ўз аксини топган. Ибн Халдунинг “Ал-ибар ва дивон ал-мубтада’ ва ал-хабар фи тарих ал-араб ва ал-ажам ва ал-барбар” номли асари уни жуда машҳур қилиб юборади. Мазкур асар “Тарих Ибн Халдун” номи билан ҳам юритилади. Бу асар етти жилддан иборат бўлиб, биринчи жилди “Ал-муқаддима” деб аталади ва унда ижтимоий илмлар асоси хусусида сўз боради. Ибн Халдуннинг “Муқаддима”си ҳамда унинг бошқа жилдлари француз ва бошқа тилларга ҳам таржима қилинган. Ибн Халдун “Ал-ибар” (Тарих Ибн Халдун) асарини “Ат-таъриф Ибн Халдун – муаллиф ал-китаб ва риҳлатуҳ ғарбан ва шарқан” (Китоб муаллифи Ибн Халдуннинг таржимаиҳоли ва унинг ғарб ҳамда шарққа сафари) номли фасл билан якунлаган. Мазкур фаслда Ибн Халдун ўзининг насаби, сийрати ва ўзи яшаган даврда содир бўлган воқае ва ҳодисларни баён қилади. Кейинчалик бу фаслни алоҳида китоб шаклида тасниф этган. Мана шу фаслда Ибн Халдун Соҳибқирон Амир Темурнинг Мисрни тинч йўл билан эгаллаши, одил сиёсати ва теран фикрлари ҳақида сўз юритади. Айниқса, Амир Темур ва Ибн Халдун орасида бўлиб ўтган тарих мавзусидаги суҳбат эътиборга молик. Ибн Халдун Соҳибқирон билан мунозара қилар экан, унинг тарих илми билимдони эканини эътироф этади. Шунингдек, Ибн Халдуннинг “Шарҳ ал-Бурда”, “Ал-Ҳисаб”, “Рисала фи ал-мантиқ” ва “Шифа ас-саил ли таҳзиб ал-масаил” номли асарлари ҳамда шеърлари бор. Унинг мазкур асарлари араб ва бошқа миллатга мансуб котиблар томонидан кўп марта кўчирилган. Шу билан бирга, Ибн Халдуннинг сийрати ва ижодига бағилшанган асарлар ҳам мавжуд. Муҳаммад ал-Хизр ибн ал-Ҳусайннинг “Ҳаят Ибн Халдун” асари, Лата Ҳусайннинг “Фалсафа Ибн Халдун” асари, Сатиъ ал-Ҳусарийнинг “Дирасат ъан муқаддима Ибн Халдун” номдаги икки жилдли асари, Муҳаммад Абдуллоҳ Анноннинг “Ибн Халдун: ҳаётуҳ ва туросуҳ ал-фикрия” асари, Юҳанно Қумайрнинг “Ибн Халдун” асари ва Умар Фарухнинг “Ибн Халдун” асари шулар жумласидан (Қаранг: Хайруддин аз-Зириклий. Ал-аълам – Қомус тарожим ли ашҳар ар-рижал ва ан-ниса мин ал-араб ва ал-мустаърибин ва ал-мусташриқин. Ж.3. – Байрут: Дар ал-илм ли ал-малайин, 1998. – Б. 330-331; Абдураҳмон ибн Муҳаммад ибн Халдун. Тарих Ибн Халдун. Ж.2. – Байрут: Дар Ибн Ҳазм, 2003. – Б. 5-6).

[2] Фатҳ, ахбор ва осорлар соҳиби Рукнуддин аз-Зоҳир Байбарс ал-Алоий ал-Бундуқдорий ас-Солиҳий 625-ҳижрий (милодий 1228) йили Қипчоқ юртида таваллуд топган. Кейинчалик асирга тушиб, Сивасда қул сифатида сотиб юборилган. Байбарс шу тариқа Ҳалабга, сўнг Қоҳирага келиб қолган. Қоҳирада уни Амир Алоуддин Айдикин ал-Бундуқдор сотиб олади. Нажмуддин Айюб ас-Солиҳ Қоҳирани эгаллагач, Байбарсни ўзига хос хизматкор қилиб олади ва уни қулликдан озод этади. Ас-Солиҳ унга катта эҳтиром кўрсатар, ҳатто унга Мисрдаги аскарлар отабеги унвонини ҳам беради. Музаффар Қутуз даврида Байбарс Фаластиндаги мўғилларга қарши Қутуз билан бирга жанг қилади. Кейинчалик қўшин лашкарбошлари билан тил бириктириб, Қутузни ўлдиради ва 658-ҳижрий (милодий 1260) йилда Миср ҳамда Шом салтанатини ўз қўлиги олади. Байбарс дастлаб ўзи учун “ал-Қоҳир Абул-футуҳот” лақабини танлайди, кейинчалик бу лақабдан воз кечиб, “аз-Зоҳир” лақабини олади. Байбарс шижоатли ва қаттиққўл инсон бўлган. У жангларда шахсан ўзи иштирок этарди. Унинг мўғул ва салбчиларга қарши олиб борган жанглари тилларда достон бўлган. Шунингдек, Байбарс фатҳ борасида ҳам улкан ютуқларга эришган. Жумладан, ундан олдинги кўплаб халифа ва султонлар эгаллай олмаган Навба ва Данқала шаҳарларини фатҳ қилишга муяссар бўлган. 659-ҳижрий (милодий 1261) йилда Байбарс ҳокимиятни Миср ўлкасига кўчиради. Бунинг сабаби шунда эдики, бир шахс ўзини Байбарсга аббосий халифалар зурриёти эканини исботлайди. Байбарс уни халифа этиб сайлаб, унга нафақа ажратади. Халифага минбарларда султондан олдин дуо ўқилиб, исми тангаларга зарб қилинади. Лекин унинг фақат “халифа” деган номи бор эди, холос. Амалда эса, бошқарув Байбарс қўлида бўлган. Байбарс ҳақида ривоят ва хабарлар жуда кўп. У 676-ҳижрий (милодий 1277) йили Дамашқда вафот этади. Мақбараси “ал-Мактаба аз-зоҳирия” ёнида жойлашган. Муҳаммад Жамолуддиннинг у ҳақда ёзилган “Аз-Зоҳир Байбарс ва ҳазорат Миср фи асриҳ” номли асари мавжуд (Қаранг: Хайруддин аз-Зириклий. Ал-аълам – Қомус тарожим ли ашҳар ар-рижал ва ан-ниса мин ал-араб ва ал-мустаърибин ва ал-мусташриқин. Ж.2. – Байрут: Дар ал-илм ли ал-малайин, 1998. – Б. 79).

[3] Аббосийлар хонадонининг сўнгги вакили ал-Мустаъсим Бағдодда ҳалок бўлгач, мўғиллар халифалик таркибидаги шаҳарларни эгаллаб олдилар. Натижада халифаликка номзод сулола вакиллари турли тарафга тарқалиб кетадилар. Жумладан, 659-ҳижрий (милодий 1261) йилда Халифа аз-Зоҳирнинг ўғли Аҳмад бошчилигидаги араблар Мисрга келиб қоладилар. Аҳмад Халифа ал-Мустасъимнинг амакиси ва ал-Мустансирнинг укаси эди. Ўша пайтлар Миср ва Қоҳирада Айюбийлар салтанати тугаб, ҳукуматни турклар сулоласининг учинчи вакили аз-Зоҳир Байбарс бошқараётган эди. Байбарс аббосийларни ҳурсандчилик билан кутиб олди. У саройда турли табақа вакилларини йиғиб, қози Тож Ибн Бинт ал-Ағар бошчилигида мажлис ўтказади. Қози ўзи билан бирга келган араблар гувоҳлигида  Аҳмаднинг аббосийлар сулоласининг ҳақиқий вакили эканини исботлайди ва унга Байбарс ҳамда бошқа одамлар халифа сифатида байъат қилишади ва Аҳмадга “ал-Мустансир” лақабини берадилар. Жорий йилнинг сўнггида Аҳмад ал-Мустансир мўғиллар билан бўлган жангда ҳалок бўлади. Байбарс яна бир аббосий халифа сайлаш ҳаракатига тушади. Ниҳоят насл-насаби Халифа ар-Рошид ибн ал-Мустаршидга бориб тақаладиган бир кишини топади. Унинг тўлиқ исми Аҳмад ибн Ҳасан ибн Абу Бакр Ибн ал-Амир Абу Али Ибн ал-Амир Ҳасан ибн ар-Рошид бўлиб, у билан ар-Рошид орасидаги ота-боболари халифалик мансабида фаолият юритмаган эди. Байбарс бошчилигида Миср ҳукумати Аҳмад ибн Ҳасанни расмий тарзда халифа этиб тайинлаб, унга “ал-Ҳоким” лақабини бердилар. Аҳмад ал-Ҳоким Байбарс ва ундан кейинги икки ўғиллари, сўнг ас-Солиҳ Қалавун ва унинг ўғли ал-Ашраф ва ан-Носир Муҳаммад ибн Қалавун даврида халифа бўлиб, 701-ҳижрий (милодий 1302) йилда вафот этган. Аҳмаднинг вафотидан сўнг халифалик унинг ўғли Абу ар-Рабиъ Сулаймон қўлига ўтади. Шу тариқа Мисрда аббосийлар халифалиги қарор топади (Қаранг: Абдураҳмон ибн Муҳаммад ибн Халдун. Тарих Ибн Халдун. Ж.1. – Байрут: Дар Ибн Ҳазм, 2003. – Б. 1416-1417).

[4] Абдулжаббор ибн Нуъмон ал-Ҳанафий (а.р.) Амир Темурнинг хос олимларидан бўлиб, давлатни ҳанафий мазҳабига мувофиқ тарзда бошқаришда Соҳибқиронга кўмакдош бўлган. Баъзи манбаларда унинг исми Абдулжаббор ибн Абдуллоҳ ал-Хоразмий шаклида келади. Қози Алоуддин у ҳақда шундай деган: “Мен Абдужаббор билан бир мажлисда қатнашганман. Унинг ўта зийрак ва фозил инсонлигини кўрдим. Ундан қачон туғилганлиги ҳақида сўраган эдим, у: “Қирққа кириб қолдим”, деган эди. Абдужаббор Темурланг иштирокида Ҳалаб олимлари билан музокара ўтказган. Унинг Амир Темур олдидаги мартабаси баланд эди. Мен Акмалуддиннинг “Шарҳ ал-Ҳидоя” асарини кўрдим. Абдужаббор (а.р.) мазкур асарни мутолаа қилиб, ундаги баъзи мулоҳазали ўринларни белгилаб қўйган экан”. Ибн ал-Мибрад ўзининг “ар-Риёз” асарида шундай ёзади: “Абдулжаббор фиқҳ ва ақлий илмларни яхши билар, Темурланг ҳузурида олимларни имтиҳон қилиш мақсадида музокаралар уюштириб турар эди. У 808-ҳижрий (милодий 1405) йилда вафот этган”. Ибн Арабшоҳ у ҳақда қуйидагиларни ёзган: “Бу киши, яъни Абдулжаббор Темурнинг олими ва имоми бўлиб, фазилатли олим, мукаммал фақиҳ, муҳаққиқ тадқиқотчи ва ўта диққатли усул ва жадал билимдони эди. Унинг отаси Нўъмон самарқандлик бўлиб, фуруъ ал-фиқҳ бўйича ўз замонасининг энг кўзга кўринган олимларидан бўлган. Ҳатто уни “Иккинчи Нўъмон” деб ҳам аташар эди. Кўзлари ожиз бўлишига қарамай, дарс бериш билан шуғилланган. Ўша вақтда яшаган мовароуннаҳрлик аксарият олимлар фуруъ илмини Абдулжабборнинг отаси Нўъмондан ўрганганлар. Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (а.р.) ҳам шу маълумотларни келтирган (Мавло Тақийюддин ибн Абдулқодир ат-Тамимий ад-Дорий ал-Иззий ал-Мисрий ал-Ҳанафий. Ат-табақот ас-сания фи тарожим ал-ҳанафия. Ж.4. – Ар-Риёд: Дар ар-Рифоъий, 1989. – Б. 262; Шайхулислом Ҳофиз Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Инба’ ал-ғумр би анба’ ал-умр. Ж.2. – Қоҳира: Матобиъ ал-Аҳром ат-тижория, 2011. – Б. 244). Мазкур манбаларда Абдулжаббор ибн Нўъмоннинг мўътазилий экани қайд этилган. Лекин унинг мўътазилий оқимига доир ақидавий қарашлари манбаларда ўз исботини топмаган. Абдулжабборнинг мўътазилий эканига таслим бўлсак-да, бу халифа сайлаш билан боғлиқ ушбу жараёнга асло таъсир кўрсатмайди. Зеро, Абдулжаббор фиқҳда ҳанафий мазҳабининг етук олими бўлган. Имомат ва халифа масаласи эса, фиқҳий масала бўлиб, унинг ақидага ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ҳанафий мазҳабидаги ақидага доир манбаларда имомат мавзусининг кўтарилиши унинг ақидавий масала эканини англатмайди. Чунки ўша даврда рўй берган ҳодисалар шуни тақозо этган. Абу Ҳанифа (а.р.) имомат масаласи билан боғлиқ ихтилофлар жиддий тус олаётганини ҳасобган олган ҳолда уни ақидавий масалалар қаторида санаб ўтган. Аслида, имомат ва халифа масаласининг ақидага ҳеч қандай алоқаси йўқ. Шу боис бу ўринда Абдулжаббор ал-Ҳанафий (а.р.)нинг мўътазилий экани ҳеч нарсани ўзгартирмайди.

[5] Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий (а.р.) ўзининг “Тарих ат-Табарий” асарида бу ҳадис хусусида шундай дейди: “Аббосийлар ҳаракати Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг қуйидаги сўзлари асосида авж олган: “Аббос (р.а.)ни биламан, халифалик унинг авлодларига қайтади”. Аббос (р.а.)нинг авлодлари Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг мазкур башоратларини доим кутиб ва ўзаро муҳокама қилиб юришар эди”. Лекин Шамсуддин аз-Заҳабий (а.р.) бу ҳадиснинг қанчалик ишончли ёки заифлиги ҳақида шундай ёзади: “Бу хабар саҳиҳ эмас. Лекин аббосийлар Аббос (р.а.)нинг авлодларини қаттиқ ҳурмат қилар ва суйишар эди. Ҳатто халифалик уларнинг қўлига ўтишини истар эдилар. Шу билан бирга Марвон ибн ал-Ҳакам сулоласига нисбатан қаҳр ва ғазабда эдилар. Аббосийлар бу ҳиссиётларини анча вақтгача яшириб юрдилар. Кейинчалик Хуросонда Абу Муслим бошчилигида олиб борилган зафарлар уларни тарих саҳнасига чиқишга ундади” (Қаранг: Шамсуддин аз-Заҳабий. Сияр аълам ан-нубала. Ж.6. – Қоҳира: Дар ал-ҳадис, 2006. – Б.226; Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий. Тарих ат-Табарий. Ж.4. – Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмия, 1997. – Б. 344) .

[6] Абу Исҳоқ Бурҳонуддин ва Тақиюддин Иброҳим ибн Шамсуддин Муҳаммад ибн Муфлиҳ ибн Муфриж ар-Роминий ад-Димашқий (а.р.) 751-ҳижрий (милодий 1350) йили Ромин шаҳрида туғилган ва кейинчалик Дамашққа кўчиб ўтган. У Қуръони каримни тўлиқ ёд олган олимлардан бўлиб, илк таълимни отаси Шамсуддин Муҳаммад ибн Муфлиҳ (в. 763/1361)дан олган. Шунингдек, Жамолуддин Юсуф ибн Муҳаммад ал-Мардовий (в. 769/1367), Қози Баҳоуддин Абул Бақо Муҳаммад ибн Абдулбарр ас-Сабкий (в. 777/1375) ва бошқа шу каби бир қатор таниқли олимлардан таълим олган. Ал-Алимий (а.р.) ўзининг “ал-Манҳаж ал-аҳмад” номли асарида шундай ёзади: “Бурҳонуддин Ибн Муфлиҳ (а.р.) шайх, аллома, фақиҳ, ҳофиз ва ҳанбалий мазҳаби шайхи ҳамда раиси бўлган. У илм билан шуғилланиб, кўплаб шогирдларга таълим берган, шу билан бирга фатво ва дарс бериш ҳамда мунозара билан машғул бўлган. Унинг бир қанча асарлари мавжуд бўлиб, шуҳрати ва обрўси баланд олимлардан бўлган. Бурҳонуддин Ибн Муфлиҳ (а.р.) Мисрнинг  Солиҳия ва Соҳибия шаҳарларидаги “ал-Ҳадис ал-ашрафия” номли мадрасаларда мударрислик қилган.Умрининг сўнгги дамларида Мисрга сафар қилиб, у ерда Абул Ҳарам Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Абул Фатҳ ал-Қалонисий (в. 765/1363) ва бошқа шайхлардан таълим олган. Дамашқда ҳанбалий мазҳаби бўйича қозилик лавозимида ишлаган. У фозил, етук имом ва фақиҳ ҳамда мазҳабини яхши ўзлаштирган олим сифатида танилган.  Ҳанбалий мазҳаби шайхлари у билан тугаган. Бурҳонуддин Ибн Муфлиҳ (а.р.)нинг “Фазл ас-солат ъала ан-Набий”, “Китаб ал-малоика”, Ибн Қудома (а.р.)нинг “ал-Муқниъ” асарига шарҳ, “Шарҳ Мухтасар Ибн ал-Ҳажиб”, “Табақот асҳаб ал-Имам Аҳмад”, “аз-Зуҳд ав аз-завоҳир” ва “ал-Жавоҳир” номли асарлари мавжуд. Олим умрининг сўнгги йилларида Мисрда фаолият юритган. Ибн Халдуннинг гувоҳлик беришича, Амир Темур Мисрни қамал қилганда Бурҳонуддин Ибн Муфлиҳ (а.р.) бошчилигида бир гуруҳ олимлар сулҳга рози бўлганлар. Соҳибқирон Амир Темур мазкур олимларга жуда яхши эътибор ва юксак эҳтиром кўрсатади. Натижада Бурҳонуддин Ибн Муфлиҳ (а.р.) бошчилигидаги олимлар эртаси куни Амир Темур билан Миср фатҳларида елкама-елка туриб иштирок этадилар. Бурҳонуддин Ибн Муфлиҳ (а.р.) 803-ҳижрий (1400) йилда вафот этган (Қаранг: Доктор Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ат-Тариқий.Муъжам мусаннафот ал-ҳанабала. Ж.4. – Ар-Риёд: Фиҳриса мактаба ал-Малик Фаҳд, 2001. – Б. 250-253; Абдураҳмон ибн Муҳаммад ибн Халдун. Тарих Ибн Халдун. Ж.2. – Байрут: Дар Ибн Ҳазм, 2003. – Б. 3121).

[7] Хорижийлар ислом динида илк пайдо бўлган оқим тарафдорлари бўлиб, Али ва Муовия (р.а.)лар орасида бўлиб ўтган Сиффин жангги натижасида вужудга келган. Яъни, Али (р.а.) ва Муовия (р.а.) ўз тарафларидан юборилган икки ҳакам ёрдамида келишувга (таҳким)га рози бўладилар, лекин бир гуруҳ мусулмонлар бу келишувдан норози бўлиб, Али ва Муовия (р.а.)ни куфрда айблайдилар ва алоҳида фирқа сифатида ажралиб чиқадилар. Бу ҳодиса тарихда таҳким воқеаси номи билан машҳур. Хорижийларнинг пайдо бўлиши Али (р.а.)нинг фаолияти билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам Абу Ҳанифа (а.р.) шундай деган: “Агар Али (р.а.) бўлмаганида хорижийларнинг сийратини билмас эдик”. Аҳли суннанинг эътиқодига кўра, Али (р.а.) таҳким воқеасида ўз ижтиҳоди билан йўл тутиб, тўғри қарор қабул қилган. Лекин хорижийлар Али (р.а.)ни ижтиҳодда хатога йўл қўйган деб ҳисоблаб, уни кофирга чиқарганлар. Чукни хорижийлар қуйидаги оятнинг зоҳирига суяниб: “Бас, агар улардан бири, иккинчисининг устига тажовузкорлик қилса, бас, то (тажовузкор тоифа) Аллоҳнинг амрига қайтгунича, сизлар тажовуз қилган (тоифа) билан урушингиз!” (“Ҳужурот” сураси, 9-оят), Муовия (р.а.)га қарши жанг қилиш лозим, деган ақида билан Али (р.а.)ни Қуръон буйруғига бўсунмаганликда айблайдилар. Аҳли суннанинг ақидаси бўйича эса, Али (р.а.) ёмонликни бартараф қилиш ва мусулмонларни ўзаро аҳил ва иноқ яшашларига шароит яратиш мақсадида таҳкимга рози бўлиб, мазкур оятни ҳам шу маънода таъвил қилган. Олимларнинг таъкидлашларича, хорижийлар йигирма фирқага бўлиниб кетган. Ҳар бир фирқанинг бошқаларидан ажралиб турадиган ақидавий қарашлари мавжуд. Лекин мазкур фирқаларни бирлаштириб турадиган асосий ва умумий эътиқодий омиллар ҳам мавжуд бўлиб, улар қуйидагилар: Али (р.а.) ва Муовия (р.а.)ни куфрда айблаш, Усмон (р.а.)ни кофир деб эътиқод қилиш, Жамал жангида иштирок этганларни куфрда айлаш, Али ва Муовия (р.а.) томонидан юборилган икки ҳакамни куфрда айблаш, таҳкимга рози бўлганларни, мазкур икки ҳакам ёки улардан бири тўғри иш тутган, деб ҳисоблаганларни кофирга чиқариш, золим султонга қарши бош кўтаришни жоиз деб билиш, гуноҳи кабира қилганларни кофир ҳисоблаш. Абул Ҳасан ал-Ашъарий (а.р.) охирги масалага баъзи мулоҳазаларни ҳам қўшган. Яъни, Абул Ҳасан (а.р.)нинг айтишича, хорижийларнинг наждотлар (Нажда ибн Омир тарафдорлари) Қуръон ва ҳадисда ҳадд белгиланган ёки ваъид келган гуноҳларни амалга оширганлар ўз тарафдорларини кофир санамайдилар. Чунки хорижийларнинг эътиқодича, ҳадд белгиланган ёки ваъид келган гуноҳларни бажарган хорижий фирқасига оид одамларнинг ўз номлари бор, масалан, зино қилган одам “зинокор”, ўғрилик қилган эса “ўғри” каби номлар билан аталадилар. Бу уларнинг шаръий номлари бўлиб, уларни мазкур номлардан ортиғи билан номлаш жоиз эмас. Наждотлар ўз тарафдорлари орасида кабира гуноҳ қилганларни куфрона неъматда айблайдилар, холос. Хорижийларга хос умумий хусусиятлар шулардан иборат. Саъдуддин ат-Тафтазоний (а.р.)нинг таъкидлашича, хорижийларнинг наждот фирқаси наздида халифа сайлаш вожиб эмас. (Қаранг: Абдулқоҳир ибн Тоҳир ибн Муҳаммад ал-Бағдодий ал-Исфароиний ат-Тамимий. Ал-фарқ байн ал-фирақ. – Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмия. – Б. 49-50; Аллома, муҳаддис ва фақиҳ Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қорий. Минаҳ ар-равз ал-азҳар – фи шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар. – Байрут: Дар ал-башоир ал-исламия, 1998. – Б. 200, 210; Айдарбек Тулепов. Ислом ва ақидапараст оқимлар. – Тошкент: Шарқ, 2013. – Б. 43; Саъдуддин ат-Тафтазоний. Шарҳ ал-мақосид. Ж.5. – Байрут: Дар ли ат-тибаъа ва ан-нашр, 1998. – Б. 236).

[8] Шиалар ислом динида пайдо бўлган энг қадимги фиқалардан саналади. Улар илк марта ўз сиёсий қарашлари билан Усмон ибн Аффон (р.а.) халифалигининг охирги даврларида тарих майдонига чиқадилар. Али (р.а.) даврига келиб, шиалар анча ривожланиб қолади. Уммавийлар асрига келиб, шиаларга тазийқлар кучаяди. Уммавийларнинг уларга насибатан тажовузкорона муносабтда бўлишлари шиаларнинг Аҳли байт хусусида нотўғри ақидалари янада авж олади. Уммавийлар тарафидан Али (р.а.) ва унинг фарзандларига бўлган зулмлар натижсида шиалар сони аста-секин ортиб боради. Шиаларга нисбатан “рофизийлар” атамаси ҳам қўлланилади. Шиа оқимининг вужудга келиши бевосита Ибн Сабаъ билан боғлиқ. Мулла Али ал-Қорий (а.р.)нинг фикрича, у яҳудий бўлиб, ўзини мусулмон сифатида кўрсатган ва шу йўл орқали исломни бузишга ҳаракат қилган. Мулла Али ал-Қорий (а.р.) Ибн Сабаъни насроний динига катта ўзгартириш киритган Павлусга қиёслайди. Ибн Сабаъ фитналари сабабли Усмон (р.а.) суиқасдга учрайди. Кейинчалик Ибн Сабаъ Али (р.а.)ни илоҳийлаштиришгача боради. Али (р.а.) Ибн Сабаънинг бу қилмишларидан хабар топгач, унинг ўлими учун фармон чиқаради, лекин Ибн Сабаъ қочишга улгуради. Шиаларнинг асосий ақидалари қуйидагиларда намоён бўлади: 1. Имомат. Шиаларнинг эътиқодича, имомат умматга топшириладиган умумий манфаатга эга вазифалардан эмас. Балки имомат диннинг рукни ва исломнинг асосий қоидаси саналади. Шу боис Расулуллоҳ (с.а.в.) бу вазифага бепарво қараб, умматга топширишлари жоиз эмас. Балки Расулуллоҳ (с.а.в.) уммат учун бир имомни таъйин қилишлари вожибдир. Имом кабира ва сағира гуноҳлардан маъсум саналади. 2. Али ибн Абу Толиб  (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.) тарафларидан танланган халифа саналади. У барча саҳобийлардан афзал ҳисбланади. Али (р.а.) хусусидаги қарашларда шиалар турли фирқаларга бўлиниб кетганлар. Уларнинг баъзилари Али (р.а.)ни ҳаддан ортиқ улуғласа, айримлари ўрта ва мўътадил йўлни танлаганлар. Шиаларнинг мўътадил оқимлари Али (р.а.)ни бошқа саҳобалардан афзал санайдилар, лекин қолган саҳобаларни куфрда айбламайдилар. Шиаларнинг мутаасииб гуруҳлари эса, Али (р.а.)ни пайғамбар даражасига кўтариб: “Пайғамбарлик Али (р.а.)га тушган, лекин Жаброил (а.с.) хато қилиб, Муҳаммад (с.а.в.)га олиб келган”, деган бузуқ ақидада бўладилар. Ҳатто айрим мутаассиб фирқалар Али (р.а.)ни илоҳийлаштириб: “Илоҳлик имомлар ва уларнинг фарзандларида ўрнашган. Ҳар бир имомда илоҳлик мавжуд бўлиб, бу илоҳлик ундан кейинги имомга ўтади”, деган ақидани илгари сурганлар. 3. Маҳдий. Шиаларнинг аксарияти охирги ўн иккинчи имом ўлмаган,  тирик, у қайтиб келади ва зулмга тўлиб кетган ер юзини адолатга тўлдиради, деб эътиқод қиладилар. Жумладан, сабаийлар Али (р.а.)ни, кайсонийлар Муҳаммад ибн ал-Ҳанафия (а.р.)ни, Исно ашариялар эса Муҳаммад ибн ал-Ҳасан ал-Аскарийни маҳдий деб эътиқод қиладилар. Айниқса, Исно ашариялар бу ақидага қаттиқ амал қиладилар. Улар ҳар куни шом намозидан сўнг Сардоб эшиги олдига келиб, Муҳаммад ибн ал-Ҳасан ал-Аскарийни кутадилар, унинг исмини айтиб чақирадилар. Бу ҳол юлдузлар кўрингунча давом этади. 4. Ҳалол ва ҳаром. Баъзи шиалар бузуқ ақидаларини ҳалол ва ҳаром масаласига ҳам аралаштириб юборганлар. Улар хамр, ўлимтик ва маҳрамга никоҳланишни ҳалол деб эьтиқод қиладилар. 5. Тақия. Шиалар тазийқ кучайган вақтда ўз ақидаларини яширишни вожиб санайдилар. Шиаларнинг бу фирқаси қуйидаги оятни нотўғри таъвил қилган ҳолда ўзларига далил қилиб олганлар: “Имон келтирган ва савобли ишларни қилганлар учун – агар ширкдан сақланиб, имонда ва савобли ишларда давом этсалар, сўнгра сақланиб, имон келтирсалар, сўнгра  сақланиб, (одамларга) эзгулик қилсалар еб-ичган (ҳаром) нарсаларида гуноҳ йўқдир” (“Моида” сураси, 93-оят). Аслида бу оятни қуйидагича тушунмоқ лозим: “Имон келтирган ва савобли ишларни қилганлар учун – агар ширкдан сақланиб, имонда ва савобли ишларда давом этсалар, сўнгра (май ва қимордан) сақланиб, (ҳаромни ҳаром деб) имон келтирсалар, сўнгра (барча ҳаром ва шубҳалардан) сақланиб, (одамларга) эзгулик қилсалар олдин еб-ичган (ҳаром) нарсаларида гуноҳ йўқдир”. Шиаларнинг бу фирқасининг фикрича, Қуръонда келган бу каби ҳаромга оид ҳукмлардан Абу Бакр, Умар, Усмон ва Муовия (р.а.)лар каби инсонлар назарда тутилган. Қуръондаги фарзлардан эса, Али (р.а.) ва унинг авлодлари ирода қилинган. Шуларни мулоҳаза қилган ҳолда баъзи олимлар, хусусан, европалик тадқиқотчилар шундай хулосага келганки,  шиаларнинг ақидасига бошқа динларнинг эътиқодий қарашлари ҳам хуруж қилган. Жумладан, яҳудийлар, насронийлар, форслар, буддавийлик, монавийлик каби бир қатор динларнинг ақидавий қарашлари шиаларга катта таъсир ўзтказган (Қаранг: Аллома, муҳаддис ва фақиҳ Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қорий. Минаҳ ар-равз ал-азҳар – фи шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар. – Байрут: Дар ал-башоир ал-исламия, 1998. – Б. 200, 206; Имом Муҳаммад Абу Заҳра. Абу Ҳанифа: ҳаятуҳ ва асруҳ – ороуҳ ва фиқҳуҳ. – Қоҳира: Дар ал-фкир ал-арабий.  – Б. 122-127).

[9] Халифалик масаласида исломий фирқалар бир-биридан фарқли бўлган турли қарашларни илгари сурганлар. Аҳли суннанинг ақидаси бўйича, биринчи халифа Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) ҳисобланади. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.) беморликларида Абу Бакр (р.а.)ни ўзларига ўринбосар қилиб, намоз ўқиб беришга буюрганлар. Оиша (р.ҳ.)дан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: “Расулуллоҳ (с.а.в.) беморликларида менга шундай дедилар: “Менга отангиз ва акангизни чақиринг. Мен Абу Бакр (р.а.)га бир мактуб ёзиб бераман. Чунки Мен бирор орзуманд одам: “Мен (халифаликка) лойиқроқман”, деб қолишидан қўрқаман. Аллоҳ ва мўминлар Абу Бакр (р.а.)дан бошқасини рад қиладилар”. Бу ҳадисдан кўриниб турибдики, Расулуллоҳ (с.а.в.) ўзларидан кейин Абу Бакр (р.а.)нинг халифа бўлишини хоҳлар ва мусулмонлар Абу Бакр (р.а.)дан бошқасига рози бўлишмаслигини билар, лекин мусулмонлар орасида ўзаро машварат қилиш суннат бўлиб қолиши учун буни очиқ-ойдин сўзламас эдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) мактуб билан ёзма равишда халифаликни топширмаганлар. Агар топширганларида Абу Бакр (р.а.)га топширар эдилар. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.) ўз ўринбосарини ёзма равишда эълон қилишга ҳожат йўқлигини ва барча мусулмонлар бир овоздан Абу Бакр (р.а.) номзодига рози эканлигини билар эдилар. Бу Расулуллоҳ (с.а.в.) мўъжизаларидан бири бўлиб, У зот Аллоҳнинг иродаси билан ғайбдан хабар берган эдилар. Шу боис Расулуллоҳ (с.а.в.) Аллоҳнинг иродаси ва умматнинг ихтиёри билан кифояланиб, ёзма шаклда эълон қилишдан воз кечганлар. Расулуллоҳ (с.а.в.) вафотларидан сўнг ансорларнинг барчаси Бану Соъад ҳовлисида Абу Бакр (р.а.)нинг халифалигини тан олдилар. Лекин Саъд ибн Аббода (р.а.) Абу Бакр (р.а.)га байъат қилмайди. Чунки унинг ўзи халифаликка даъвогар эди. Кейинчалик қарши тарафлар ҳам Абу Бакр (р.а.)нинг халифалигини тан олади. Али (р.а.) ўз ижтиҳод ва назарларини мушоҳада қилгандан сўнг гувоҳлар олдилда Абу Бакр (р.а.)га байъат қилади. Чунки Али (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг дафн маросимлари билан банд бўлиб, жуда қаттиқ ғамга ботган эди. Шу боис васиятларни адо қилгач, кейинроқ халифа сайлаш маросимига қўшилган. Яъни, Али (р.а.) жамоат қаторидан жой олган. Шиалар Али (р.а.)нинг бу ишини тақия сифатида қабул қилишган. Бу нотўғри ақида, зеро, Али (р.а.) жамоатдан ичида-ю ташида асло ажрамаган. Шу ҳодиса асносида ҳеч бир саҳоба: “Расулуллоҳ (с.а.в.) Абу Бакр (р.а.) ва бошқаларга ҳам халифаликни топширган”, деган сўзларни айтмаган. Илк халифа Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг очиқ-ойдин насс (ҳадислари) билан тайинланмаган, балки саҳобалар ўз ихтиёрлари билан сайлаганлар. Агар Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг бу борада равшан ҳадислари бўлганида эди, саҳобалар ўз ижтиҳодлари билан йўл тутмас эдилар. Шиалар эътиқод қиладиган васият даъвоси асоссиздир. Улар Расулуллоҳ (с.а.в.) очиқ-ойдин насс (ҳадислари) билан Али (р.а.)га мактуб (саҳифа) топшириб, уни халифа этиб тайинлаганлар, деган нотўғри эътиқоддадирлар. Агар Али (р.а.)да мазкур мактуб бўлганида уни яширмасдан ҳаммага эълон қилган бўлар эди. Ислом динида илк халифа шу тарзда сайланган. Абу Бакр (р.а.) вафотидан сўнг Умар ибн ал-Хаттоб (р.а.) халифа бўлди. Унинг халифалиги ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.) томонидан ишора бўлган эди: “Оиша (р.ҳ.)дан сўрашди: “Агар Расулуллоҳ (с.а.в.) ўзларидан кейин халифа сайлаганларида кимни тайинлар эдилар?” Шунда Оиша (р.ҳ.): “Абу Бакр (р.а.)ни”, деди. Ундан: “Абу Бакр (р.а.)дан кейинчи?”, деб сўрашди. Оиша (р.ҳ.): “Умар (р.а.)ни”, деди. Ундан яна: “Умар (р.а.)дан кейинчи?”, деб сўрашди. Оиша (р.ҳ.): “Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ (р.а.)ни”, деб жавоб берди. Сўнг шу ерда тўхтатди”. Қолаверса, Абу Бакр (р.а.) халифаликни Умар (р.а.)га расман ёзма равишда топшириб: “Мен сизларга Умар ибн ал-Хаттоб (р.а.)ни халифа қилиб қолдираман”, деган. Абу Бакр (р.а.) ҳаёти тугаб бораётганини фаҳмлагач, Усмон (р.а.)ни чақириб, Умар (р.а.)нинг валиаҳд эканини билдирувчи бир мактуб ёздиради. Мактубни ёзиб, муҳр босади ва ҳаммага эълон қилиб, саҳифада ёзилган шахсга байъат қилишга чақиради. Мусулмонлар бир овоздан: “Биз бу саҳифада номи тилга олинган шахсга, гарчи у Умар (р.а.) бўлса-да, байъат қилдик”, деб рози бўладилар. Шу тариқа Умар (р.а.) иккинчи халифа сифатида сайланади. Умар (р.а.) хоинлар томонидан яралангач, халифаликни олти улуғ саҳобий машваратига ҳавола қилиб: “Халифалик шулардан бошқасидан чиқмайди”, дейди. Улар Усмон, Али, Абдураҳмон ибн Авф, Талҳа, Зубайр ва Саъд ибн Абу Ваққос (р.а.)лардир. Мазкур саҳобалар бошқалардан кўра улуғ ва халифаликка лойиқ бўлгани учун Умар (р.а.) ишни уларга топширади. Шартга кўра, мазкур олти саҳоба ўзаро маслаҳатлашиб, кимни лойиқ деб топишса, ўша одам халифа бўлиши керак эди. Абдураҳмон ибн Авф (р.а.) халифа бўлишдан бош тортади. Қолган беш саҳоба эса, Абдураҳмон ибн Авф (р.а.)ни ҳакам сайлаб, ўзларини унинг ихтиёрига топширадилар. Ҳаммалари бир овоздан Абдураҳмон ибн Авф (р.а.) кимни танласа, ўшани халифа деб эълон қилишга келишиб оладилар. Абдураҳмон ибн Авф (р.а.) Али (р.а.)нинг қўлидан ушлаб: “Сени Аллоҳнинг Китоби, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг суннатлари ва икки шайх (Абу Бакр ва Умар (р.а.)лар)нинг сийрати билан ҳукм қилиш шарти билан волий (бошлиқ) қиламан”, дейди. Али (р.а.) эса: “Мен Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг суннатлари ҳамда ўз раъй (фикрим) билан ижтиҳод қиламан”, деб жавоб қайтаради. Сўнг Абдураҳмон ибн Авф (р.а.) Усмон (р.а.)га ҳам ҳудди шундай дейди. Усмон (р.а.) унинг гапини маъқуллаб, рози бўлади. Абдураҳмон ибн Авф (р.а.) шу тарзда иккала саҳобийга уч мартадан юқоридаги сўзларини айтади. Али (р.а.) ҳар сафар ўз жавобида қолади, Усмон (р.а.) эса Абдураҳмон ибн Авф (р.а.) таклифини қабул қилади. Сўнг Абдураҳмон ибн Авф (р.а.) Усмон ибн Аффон (р.а.)ни танлайди ва саҳобалар кўз ўнгида унга байъат қилади. Қолган саҳобалар ҳам ҳеч бир низосиз Усмон ибн Аффон (р.а.)нинг халифалигини қабул қиладилар. Зеро, Усмон (р.а.)да халифалик шартларининг ҳаммаси мавжуд эди. Али (р.а.)нинг “Ўз раъйим билан ижтиҳод қиламан”, деган сўзлари унинг Усмон ва Абдураҳмон ибн Авф (р.а.)ларга қарши эканини англатмайди, балки Али (р.а.) ўзи мужтаҳидлардан бўлиб, унинг мазҳабига кўра, мужтаҳид ўз ижтиҳодига эргашиши вожиб бўлиб, бошқа мужтаҳидларга тақлид қилиш жоиз саналмаган. Усмон ва Абдураҳмон ибн Авф (р.а.)ларнинг мазҳабига кўра эса, мужтаҳид ўзидан фақиҳроқ ва олимроқ бошқа мужтаҳидга тақлид қилиш, ўз ижтиҳодидан воз кечиб, унинг ижтиҳодига эргашиши жоиз ҳисобланар эди. Имом Абу Ҳанифа (а.р.) ҳам айнан шу фикрни олган. Учинчи халифа шу тариқа сайланган эди. Кейинчалик Усмон (р.а.) шаҳид бўлгач, мусулмонлар орасида фитна қўзғалди. Усмон (р.а.)нинг қотиллари ва фитначилар халифаликка даъвогарлик қила бошладилар. Саҳобалар бу фитнани бостириш учун Али (р.а.)га мурожаат қилиб, халифаликни ўз қўлиги олишни таклиф қилдилар. Лекин Али (р.а.) Усмон (р.а.)га уюштирилган суъиқасдни мулоҳаза қилиб, бу таклифни қабул қилмади. Сўнг саҳобалар халифаликни Талҳа (р.а.)га таклиф қилдилар, аммо у ҳам бош тортди. Саҳоблар ниҳоят Зубайр (р.а.)га ҳам шу таклифни билдирдилар, бироқ у ҳам рози бўлмади. Усмон (р.а.)нинг вафотидан уч кун ўтгач, муҳожир ва ансорлардан иборат саҳобалар йиғилиб, ислом динин сақлаб қолиш ва Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг юртлари бўлмиш Ҳижрат ҳовлиси – Мадинани ҳимоя қилиш мақсадида халифаликни қабул қилишини илтимос қилиб сўрайдилар. Али (р.а.) қаттиқ қистовдан сўнг ва ўзи ҳам бу ишнинг мусулмонлар учун манфаатли эканини англаб етгач, халифаликни қабул қилди. Зеро, Али (р.а.) ўша вақтда саҳобаларнинг энг олими, энг афзали ва халифаликка энг лойиғи эди. Буни ҳеч ким инкор қилмас эди. Саҳобаларнинг аксарияти Али (р.а.)га байъат қилдилар. Тўғри, баъзи саҳобалар Али (р.а.)га байъат қилишдан бош тортишган. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, халифа сайлаш ва байъат қилишда бутун умматнинг ижмоъ қилиши – бир овоздан қабул қилиши шарт бўлмаган. Чунки Али (р.а.) халифаликни қабул қилиб олганда Талҳа, Зубайр, Саъд ибн Абу Ваққос, Саъид ибн Зайд ва бошқа бир қатор саҳобалар Али (р.а.)га бўйсуниш ва унга ёрдам беришдан бош тортганлар. Лекин уларнинг байъатисиз ҳам Али (р.а.)нинг халифалиги дуруст бўлган. Шунинг учун ҳам умматнинг сайловга лаёқатли бўлган бир қисмининг байъати билан ҳам халифалик тайинлаш дуруст бўлган. Бу даврдаги ихтилофларнинг вужудга келишига саҳобаларнинг шахсий ижтиҳодлари сабаб бўлган. Жумладан, Али (р.а.) Усмон (р.а.)нинг қотилларига жазо бермаган. Чунки унинг ижтиҳодига кўра, улар боғий саналганлар. Боғийларнинг ҳам ўз таъвиллари ва кучлари бўлган. Улар ўз ижтиҳодларига таянган ҳолда Усмон (р.а.)нинг баъзи ишларини шариатга зид, деб қабул қилганлар ва шу сабаб билан уни ўлдирганлар. Сўнг боғийлар Али (р.а.)га таслим бўлганлар. Али (р.а.)нинг ижтиҳодига кўра, боғий адолат аҳли Имомига бўйсунса ва адолат аҳлининг мол-мулкига талофат етказиш, уларнинг қонини тўкиш ва баданларига жароҳат етказиш каби олдинги жиноятларига жазо бермаслик шарти билан Имомга таслим бўлса, Имомга бундай вазиятда мазкур боғийни ўлдириш ва уни талабгорлар (қасоскорлар)га топшириши мумкин бўлмайди. Боғийни жазолаш керак бўлган тақдирда ҳам, боғийларнинг шавкати сингач, куч-қувватлари сусайиб, бошқа фитна тарқатмасликлари аён бўлсагина, Имом боғийни жазолаши керак бўлади. Лекин Али (р.а.) халифалигида бу шартлар топилмаган, боғийлар кучли бўлиб, шуҳрати ҳам кенг тарқалган эди. Али (р.а.) мана шундай мурраккаб вазиятда ўз ижтиҳоди билан тўғри ҳукм чиқарган. Талҳа ва Зубайр (р.а.)ларнинг ижтиҳодлари ҳам зоҳиран тўғри бўлган. Улар шариатнинг зоҳирий далилларига суяниб, қасдан ва ноҳақ мусулмон қонини тўккан одамдан қасос олиш вожиб, деган ақидада ҳукм чиқарганлар. Лекин уларнинг бу ижтиҳоди хато эди. Лекин ижтиҳодда хато қилганлари боис гуноҳкор саналмайдилар. Зеро, иккиси ҳам мужтаҳидлардан бўлган. Али (р.а.)нинг ижтиҳоди эса тўғри бўлган. Мазкур саҳобалар Али (р.а.)нинг халифалигига шубҳа билан қарамаганлар, балки унинг ижтиҳодини нотўғри санаганлар, холос. Шунинг учун ҳам кейинчалик Талҳа ва Зубайр (р.а.)лар қилган ишларидан пушаймон бўлганлар. Шунингдек, Оиша (р.ҳ.) ҳам Жамал воқеасидаги ҳатти-ҳаракатларидан кейинчалик пушаймон бўлиб, рўмоли хўл бўлгунча йиғлагани тарихдан маълум. Муовия (р.а.)ни ҳам шулар қаторига қўшиш мумкин. Аммо Муовия (р.а.) ўз ижтиҳодидан қайтмай, охиригача курашган. Шунинг учун аҳли сунна олимлари унинг боғий ёки боғий эмаслигида турли фикрларни билдирганлар. Жумладан, Али ал-Қорий (а.р.) Муовия (р.а.)ни боғий деганларнинг фикрини маъқуллаган. Зеро, Расулуллоҳ (с.а.в.) Аммор (р.а.) ҳақида шундай деганлар: “Амморнинг ҳолига вой! Уни боғий гуруҳ қатл қилади”. Маълумки, Аммор (р.а.) Али (р.а.) тарафида туриб жанг қилган. Шунингдек, Али (р.а.) таҳким воқеасида ҳам тўғри ижтиҳод қилган. Бу ҳақда олдин маълумот бердик. Али (р.а.) вафотидан сўнг унинг ўғли Ҳасан ибн Али (р.а.) халифа этиб сайланади. Ҳасан (р.а.) даврида ҳам Али ва Муовия (р.а.)лар орасида бошланган можаро давом этади. Ниҳоят Ҳасан (р.а.) мусулмонларнинг тинчлиги ва бирдамлигини ўйлаб, мусулмонлар қони тўкилишининг олдини олиш мақсадида халифаликни Муовия (р.а.)га топширади. Ислом дини тарихида ҳақиқий халифалик Расулуллоҳ (с.а.в.) башорат берганларидек ўттиз йил давом этган. Жумладан, Абу Бакр (р.а.) икки йилу уч ой, Умар (р.а.) ўн йилу олти ой, Усмон (р.а.) ўн икки йил, Али (р.а.) тўрт йилу тўққиз ой ва Ҳасан (р.а.) олти ой халифалик қилган. Зеро, Саъид ибн Жумҳон (а.р.) Сафина(р.а.)дан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: “Халифалик умматимда ўттиз йилдир. Ундан сўнг подшоҳликдир”. Сўнг Сафина (р.а.) менга шундай деди: “Ўзинг ҳисобла, Абу Бакр (р.а.) халифалиги, сўнг Умар (р.а.) халифалиги, Усмон (р.а.) халифалиги ва Али (р.а.) халифалигини ҳам ҳисобла. Биз халифаликни ўттиз йил давом этганини кўрдик”. Шунда Саъид (а.р.) Сафина (р.а.)га: “Бану Умайя (уммавийлар) халифалик бизда деб ўйлашади-ку?!”, деди.  Сафина (р.а.): “Бану Зарқо (уммавийлар)” ёлғон сўзлабди. Балки улар подшоҳлардир, подшоҳларнинг ҳам энг ёмонидир”, деди. Мазкур халифаликдан мурод “хилофат ан-нубувва”, яъни Расулуллоҳ (с.а.в.) халифаларидир. Зеро, мазкур беш улуғ саҳобий ҳақиқий маънода Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ўринбосари бўлганлар. Улар суннатга амал қилишда, яшаш тарзи, муомала, ҳукм чиқариш – ҳаётнинг барча соҳасида Расулуллоҳ (с.а.в.)га эргашар эдилар. Улар подшоҳлардек тахтда ўтирмаганлар, либослари оддий фуқаронинг либосидан фарқ қилмас, таомлари амирлардек шоҳона бўлмаган. Улар Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг мукаммал халифа – ўринбосарлари эдилар. Демак, халифалик Ҳасан (р.а.)нинг ҳукмронлигидан сўнг ўз поёнига етган. Бундан шуни хулоса қилиш мумкинки, Муовия (р.а.) энг биринчи подшоҳ саналади. Муовия (р.а.) давридан бошлаб раҳбарлар подшоҳлардек ҳаёт кечира бошлайдилар. Давлат бошқаруви, ҳукм чиқариш, кийиниш тарзи ва бошқа масалаларда шоҳоналик ўз аксини топиб боради. Лекин Ҳасан (р.а.) халифаликни ўз қўли билан топширгач, Муовия (р.а.) ҳам ҳақиқий имомга айланган. Чунки Али (р.а.) вафотидан сўнг мусулмонлар иккига ажралиб қолдилар. Шомлик бир гуруҳ мусулмонлар Муовия (р.а.)ни қўллаб-қувватлаган бўлсалар, иккинчи тоифа мусмулмонлар эса Ҳасан (р.а.) халифа сифатида тан олиб, асосан Ироқда истиқомат қилганлар. Ҳасан (р.а.) отасининг вафотидан олти ой ўтгач, халифаликни Муовия (р.а.)га топширади. Демак, ҳақиқий ва комил халифалик Абу Бакр, Умар, усмон, Али ва Ҳасан (р.а.)лар фаолияти тугаши билан якун топган. Муовия (р.а.)дан кейин мутлақ халифалик бошланади. Буни Жобир ибн Сумра (р.а.)дан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисдан билиб олиш мумкин: “Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай дедилар: “Мендан сўнг ўн икки халифа бўлади ва уммат уларнинг барчасига ижмоъ қилади”. Сўнг У зот яна нимадир дедилар, менг англамай қолдим. Шунда ёнимда ўтирган бир кишидан сўрадим. У: “Уларнинг барчаси Қурайшдандир”, деди”, деб жавоб берди”. Бу Абу Довуд (а.р.)ва Имом Муслим (а.р.) ривояти, Имом Бухорий ва Имом Термизий (а.р.)лар ривоятида “ўн икки амир” ибораси қўлланилган. Баззоз (а.р.) ривоятида: “Сўнг Расулуллоҳ (с.а.в.) уйларига қайтдилар. Мен У зотнинг ҳузурига бориб: “Сўнг нима бўлади?”, деб сўрадим. У зот: “Ҳараж”, дедилар”. “Ҳараж”дан мурод қиёматдан хабар берувчи фитна ва қотилликлардир. Мазкур ўн икки халифанинг қачон ҳукмронлик қилиши борасида турли қарашлар мавжуд. Жумладан, Абул Фараж Ибн ал-Жавзий: “Бу мансабга фақат халифаликка лойиқ бўлган адолатли кимсаларгина эришади, буни тўрт рошид халифа мисолида кўрдик, бу Қиёматга қадар давом этади, Расулуллоҳ (с.а.в.) башорат берган Имом Маҳдий ҳам шулардандир”, деган хулосани берган. Яна бир ривоятда айтилишича, Дониёл (а.с.) китобида шундай ёзувлар бор: “Бу ўн икки халифа Қиёматга яқин Имом Маҳдий ваф